×
Аллоҳ таоло Ўзининг севимли бандаларининг Ердаги ҳаётлари қай тарзда ўтишини, Аллоҳ ҳузуридаги бандаликларининг сифатлари қандай эканини биз мусулмонларга баён этади.

Раҳмоннинг суюкли бандалари

وَعِبَادُ الرَّحْمَـنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الأَرْضِ هَوْناً وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الجَاهِلُونَ قَالُواْ سَلاَماً * وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّداً وَقِيَاماً * وَالَّذِينَ يَقُولُونَ رَبَّنَا اصْرِفْ عَنَّا عَذَابَ جَهَنَّمَ إِنَّ عَذَابَهَا كَانَ غَرَاماً * إِنَّهَا سَآءَتْ مُسْتَقَرّاً وَمُقَاماً *

    “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда оғир-босиқлик билан юрадиган, жоҳиллар хитоб қилиб қолса, уларга чиройли муомала қиладиган, тунларини Раббилари учун саждада ва қиёмда ўтказадиган зотлардир. Улар: “Эй Раббимиз, биздан жаҳаннам азобини буриб юборгин, зеро, унинг азоби шаксиз ўз аҳлига қаттиқ ёпишгувчидир”, дея илтижо қиладиган инсонлар. Албатта жаҳаннам маскан ва манзилгоҳларнинг энг ёмонидир”. (Фурқон сураси, 63-66-оятлар).

    Аллоҳ таоло бу оятларда Ўзининг севимли бандаларининг Ердаги ҳаётлари қай тарзда ўтишини, Аллоҳ ҳузуридаги бандаликларининг сифатлари қандай эканини баён этади.

    Муфассир Саъдий ёзадилар: “Аллоҳга бандалик икки хил бўлади: Биринчиси – Аллоҳнинг рубубиятига бандалик. Бунда барча халойиқнинг – мусулмоннинг ҳам, кофирнинг ҳам, яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам иштироки баробардир. Чунки уларнинг ҳаммалари Аллоҳнинг бандалари бўлиб, У томонидан парвариш қилинадилар, бошқариладилар.

{إِن كُلُّ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ إِلاَّ آتِي الرَّحْمَـنِ عَبْداً}

    “Осмонлару Ердагиларнинг барчаси Раҳмоннинг ҳузурига қул бўлиб келгусидир!” (Марям сураси, 93-оят).

    Бандаликнинг иккинчи хили Аллоҳнинг улуҳияти, ибодати ва раҳматига тааллуқли бандаликдир. Бу Аллоҳнинг пайғамбарлари ва авлиёларининг бандаликларидир. Бу оятда мақсад қилинган бандалик мана шудир. Шунинг учун Аллоҳ бу бандаликни Ўзининг “Ар-Раҳмон” исмига изофа қилдики, бу нарса (солиҳ) бандаларнинг мана шу ҳолатга Унинг раҳмати туфайли етишганларига ишорадир. Шунинг учун Аллоҳ уларнинг сифатлари энг комил сифатлар эканини, таърифлари энг юксак таърифлар эканини баён қилди. Аллоҳ ана ўша бандаларни мана бундай таърифлади: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда оғир-босиқлик билан юрадиган, жоҳиллар хитоб қилиб қолса, уларга чиройли муомала қиладиган зотлардир”. Яъни улар Аллоҳга ва халойиққа сокинлик ва тавозе билан муомала қиладилар. Бу уларнинг Аллоҳга ҳам, бандаларга ҳам оғир-босиқлик билан, камтарлик билан муносабатда бўлишларини билдиради”.

    Табарий ёзадилар: “Раҳмоннинг бандалари ерда ҳалимлик, осойишталик ва босиқлик билан, кибрланмасдан ва кеккаймасдан, бузғунчиликка берилмасдан ва Аллоҳга маъсият қилмасдан юрадилар”.

    Оятдаги يَمْشُونَ عَلَى الأَرْضِ – “ерда юрадилар” иборасининг замирида инсонларнинг йўлда қадам босиб юришлари ҳам, ер юзида ҳаёт кечиришларию унда амалга оширадиган ишлари ҳам, одамлар билан борди-келди муносабатлари ҳам ифодаланган. (Қуртубий).

    Ибн Касир айтадилар: “Улар ерда зўравонлик, катталик ва кибр билан эмас, балки осойишталик ва босиқлик билан юрадилар... Бундан мурод худди касал одамлардек бўлиб юриш ёки ўзини сунъий равишда сипо кўрсатиш учун риёкорлик қилиш эмас... Ривоят қилинишича, Умар разияллоҳу анҳу секин-секин юриб кетаётган бир йигитни кўрдилар ва унга қараб: “Сенга нима бўлган, касалмисан?” дедилар. У: “Йўқ, эй амирулмўминийн”, деб жавоб берди. Умар дарраларини юқори кўтариб, йигитни шахдамроқ юришга буюрдилар”.

    Яна Саъдий тафсирларида ўқиймиз: “(Раҳмоннинг суюкли бандалари) жоҳиллар хитоб қилиб қолса, уларга чиройли муомала қиладиган зотлардир”. Яъни жоҳиллар андишасизлик билан гап гапирсалар, солиҳ бандалар уларга жавоб қайтарган пайтларида гуноҳдан сақланган ҳолда ва жоҳилларга жоҳилча муомала қилишдан ўзларини тийиб туриб жавоб қайтарадилар. Бу таърифлар уларнинг ниҳоятда ҳалимликлари, ёмонлик қилганларга ҳам яхшилик билан жавоб қайтаришлари ва жоҳилларни кечириб юборишларига қарата айтилган мақтовдир. Бу сўзлар уларни бундай даражага эришишлари учун сабаб бўлган ақлларининг етуклигига Аллоҳдан юборилган олқишдир”.

    Суюкли бандаларнинг кунлари мана шундай хулқу одоб ва ажру савоблар билан ўтади. Тунлари эса одам боласи ўтказадиган кечаларнинг энг яхшиси бўлади:

    “(Улар) тунларини Раббилари учун саждада ва қиёмда ўтказадиган зотлардир”. Улар кечалари Раббиларига ихлос билан, ўзларини Унинг ҳузурида хор тутиб кўп намоз ўқийдилар. Улар: “Эй Раббимиз, биздан жаҳаннам азобини буриб юборгин”, яъни “бизни жаҳаннамга олиб борувчи ишлардан сақлаш билан ҳамда азобга гирифтор қилувчи гуноҳларимизни кечириш билан биздан дўзах азобини даф этгин”, деб дуо қиладилар.

    “Зеро, унинг азоби шаксиз ўз аҳлига қаттиқ ёпишгувчидир”. Худди қарз берган одам қарздорнинг кетидан қолмасдан таъқиб қилгандек, жаҳаннам азоби ҳам ўзига керакли кимсани асло тинч қўймайди.

“Албатта жаҳаннам маскан ва манзилгоҳларнинг энг ёмонидир”. Бу сўзлар Раҳмоннинг бандалари томонидан Раббиларига тазарру сифатида айтилади ва бунда уларнинг Раҳмонга ниҳоятда муҳтож эканликлари, жаҳаннам азобини кўтаришга ҳеч ҳам тоқатлари етмаслиги арз қилинади. Бу зикрларда Аллоҳнинг уларга қилган миннатини эслатиш борким, зеро, оғир кулфатни даф этишнинг аҳамияти ўша кулфатнинг кўлами ва даҳшатига яраша бўлади. Ундай кулфатнинг воқе бўлиши бениҳоят оғирдир ва ундан қутулиб қолиш билан эришиладиган хурсандлик ҳам шубҳасиз улкандир. (Саъдий).

    Аллоҳнинг каломидан ҳосил қилинадиган хулосалар:

1. Энг меҳрибон Зот Раҳмоннинг хос бандалари халққа бағри кенглик ва олийжаноблик билан билан, Холиққа қўрқув ва муҳаббат билан муомала қиладилар. Оқибатда дунёда мўминларнинг, Охиратда Аллоҳнинг эҳтиромига мушарраф бўладилар.

2. Инсон йўлда юрганда ўзига бино қўйиб, кеккайиб юриши ҳаромдир. Шошиб ҳам кетмасдан, имиллаб ҳам қолмасдан ўртача суръат билан юриш – Пайғамбар суннатлари.

3. Жоҳиллар беодоблик билан сўз қотганда улар билан тенглашиш, ўчакишиш мусулмон одамга ярашмайди. Бундай пайтда инсон ўз ҳурматини сақлаган ҳолда вазиятни тўғри баҳолаб, ҳикмат ва босиқлик билан таъсирли сўз айтиши, чиройли насиҳат қилиши жоиз.

4. Қалбида жаҳаннам ташвиши ва жаннат умиди бор бўлган бандалар тунларини бир маромда ором ва кетма-кет уйқу билан ўтказавермайдилар. Одамлар ухлаган пайтда таҳажжуд намозлари ўқишга одатланадилар.

5. Жаҳаннам азобидан қўрққан банда доимо ундан паноҳ сўраб, Аллоҳга ёлвориб юради.