×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитрат, кийим-кечак, ташқи кўриниш ва безанишга тааллуқли суннатлари қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

    Пайғамбаримизнинг фитрат, кийим-кечак, ташқи кўриниш ва безанишга тааллуқли суннатлари

    «Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

    —™


    Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

    هدي النبي صلى الله عليه وسلم في الفطرة واللباس والهيئة والزينة

    مقالة مقتبسة من كتاب "هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه"

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. أحمد بن عثمان المزيد

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    23- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитрат, кийим-кечак, ташқи кўриниш ва безанишга тааллуқли суннатлари[1]

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп хушбуйланар, хушбўй нарсаларни яхши кўрар ва хушбўй нарсани рад қилмай олар эдилар. Хушбўй нарсалардан энг яхши кўргани мушк-анбар эди.

    2- Мисвок ишлатишни яхши кўрар ва рўзадор пайти ҳам, рўза тутмаган пайти ҳам тишларини мисвок билан тозалар эдилар. Уйқудан турганда, таҳорат олаётганда, намоздан олдин ва уйга кираётганда мисвокланар эдилар.

    3- У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам сурма қўярдилар ва айтардиларки: “Сурмаларингизнинг энг яхшиси исмид-сурматошдир. У кўзни равшанлаштириб, киприкни ўсти-ради” (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

    4- У зот баъзан соч ва соқолларини ўзлари тараб, парвариш қилсалар, баъзан эса Оиша тараб, тўғрилаб қўярди. Сочларини олишдаги одатлари, ё умуман олдир-масдилар, ё олдирсалар ҳаммасини олдирар эдилар.

    5- Ҳаж ва умрадан бошқа пайтлар сочларини қирдириб олдирганлари нақл қилинмаган. Сочлари ёндан қулоқни ёпадиган, орқадан елкага тушадиган даражада бўларди. Сочлари узун бўлганда қулоқ солинчакларини ёпадиган даражада бўларди.

    6- Сочни бир қисмини олиб, бир қисмини қолдиришдан (яъни, кокил қолдириб соч олишдан) қайтардилар.

    7- Айтдиларки: “Мушрикларга хилоф иш тутинглар, соқолни (ўз ҳолига қўйиб мўл) ўстиринглар, мўйлабни қисқартиринглар!” (Муттафақун алайҳ).

    8- У зот имкониятида бўлган кийимни киярдилар. Баъзан жундан, баъзан пахтадан ва гоҳида каттон (зиғирпоядан тўқилган мато)дан бўлган кийим киярдилар. Кийимлардан энг ёқтирганлари қомис[2] эди.

    9- У зот Ямандан келтирилган йўл-йўл тўн, яшил йўл-йўл тўн, жубба[3], чакмон[4], шалвар, изор, маҳси, калиш ва салла кийганлар.

    10- Саллани бир қисмини иягининг остидан айлантириб ўрар, унинг печини, яъни бир учини эса баъзан орқага тушириб олсалар, баъзан шундай ташлаб қўярдилар.

    11- У зот қора либос ва қизил ҳулла кийдилар. Ҳулла — ридо ва изордан иборат либосдир.

    12- У зот кумуш узук тақдилар. Узукнинг кўзини кафтининг ички томонига қилиб тақардилар.

    13- У зот янги кийим кийсалар, унинг отини (яъни, бу кўйлакни, чопонни, саллани деб) айтиб, шундай дер эдилар:

    (( اللَّهُمَّ أَنْتَ كَسَوْتَنِي هَذَا القَمِيْصَ، أَسألُكَ خَيْرَهُ وَخَيْرَ مَا صُنِعَ لَهُ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّهِ وَشَرِّ ما صُنِعَ لَهُ ))

    Маъноси: “Эй Аллоҳ, Сенга ҳамд бўлсин. Сен буни менга кийгиздинг. Мен Сендан унинг ва у унинг учун яратилган нарсанинг яхшилигини (яъни, уни тоат-ибодатларда ишлатишни) сўрайман. Унинг ва у унинг учун яратилган нарсанинг ёмонлигидан (яъни, уни гуноҳ-маъсиятларда ишлатишдан) паноҳ тилайман” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

    14- Кўйлагини ечишни ўнг томондан бошлардилар.

    15- У зот оёқ кийим кийишларида, соч тарашларида, таҳоратларида, бирор нарсани олиш ва беришларида ўнг тарафдан бошлашни ёқтирар эдилар.

    16- У зот акса урсалар, қўлларини ёки кийимларини оғизларига қўяр ва овозларини пастлатар эдилар.

    17- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам парда орқасидаги (бировларнинг кўзларидан асралган) бокира қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар.

    18- У зот кулгили нарсага кулар, аксар кулишлари эса табассум шаклида эди. Қаттиқ кулишлари озиқ тишлари кўринадиган даражада бўлар эди. Йиғлашлари кулиш-ларига менгзар шаклда эди. Қаҳақаҳа отиб кулмаганлари сингари баланд овозда, фарёд қилиб йиғламасдилар. Йиғлаганларида кўзларидан ёш оқар ва кўксларидан биқирлаган товуш келарди.

    [1] Зодул-маод (1/167).

    [2] Қомис одатда пахта толасидан тўқилган матодан тикиладиган узун кўйлакдир.

    [3] Узун енгли, узун чопонсифат устки кийим.

    [4] Енглари тор, ёриғи орқа томонида бўлган устки кийим бўлиб, Пайғамбаримиз уни қулай ҳаракат қилиш мумкин бўлгани сабаб сафарда ва жангларда кийганлар.