Закот ва аҳкомлари
Категориялар
Full Description
Закот ва аҳкомлари
«Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан иқтибос
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Доктор Солиҳ ибн Ғоним Садлон
Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий
Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший
الزكاة وأحكامها
مقتبس من كتاب "رسالة في الفقه الميسر"
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
د. صالح بن غانم السدلان
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
3. Закот
— Закот аҳкомлари
— Фитр садақаси
Ислом рукнларнинг учинчиси: закот
А) Закотнинг машруъ бўлиш ҳикмати
Закотни машруъ қилинишининг қуйидаги ҳикмати бор:
1- Инсон нафсини бахиллик, очкўзлик ва таъмагирлик балосидан тозалаш.
2- Камбағаллар билан ҳамдардлик, маҳрум, мусибатли ва бечоралар эҳтиёжини қондириш.
3- Уммат ҳаёти ва саодати боғлиқ бўлган умумий манфаатларни жорий қилиш.
4- Муайян синфда чекланмаслиги ва давлатманд одам-лар ўртасидагина айланмаслиги учун молларни бойлар, савдогарлар ва ҳунармандлар қўлида кўпайишини чегара-лаш.
Б) Закотнинг таърифи
Муайян шартлар асосида, белгиланган нисоб (миқдор)га етган молдан лойиқ бўлган одамларга чиқарилиши фарз бўлган миқдор.
Закот банданинг ўзи ва нафси учун покликдир. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا ﴾
«Уларнинг молларидан уларни поклаб, тозалайдиган садақани олинг!», деган (Тавба: 103).
В) Закотнинг Исломдаги ўрни
Закот — Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, Қуръони Каримнинг кўп жойида намозга боғлаб келтирилган.
Г) Закотнинг ҳукми
Закот — «молга муайян шартлар билан эга бўлган ҳар бир мусулмон учун Аллоҳнинг фарзидир». Аллоҳ таоло уни Қуръони Каримида фарз қилди ва уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб, соғлом ёки ногирон ёхуд мажнун бўлсада ёши катта ёки кичик, эркак ёки аёлларнинг барчасидан олишга буюрдилар. Аллоҳ таоло айтди:
﴿ خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا ﴾
«Уларнинг молларидан уларни поклаб, тозалайдиган садақани олинг!», деган (Тавба: 103);
﴿ أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ ﴾
«Эй мўминлар, топган ҳалол нарсаларингиздан ва Ердан сизлар учун чиқарган нарсаларимиздан инфоқ қилинглар!», деган (Бақара: 267);
﴿ وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآتُوا الزَّكَاةَ ﴾
«Намозни тўкис адо этингиз ва закотни берингиз!», деган (Муззаммил: 20).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ислом беш нарсага асосланган: «Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир» дея шаҳодат келтириш, намозни тўкис адо этиш, закотни бериш, Уй (Каъба)ни ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутиш» (Муттафақун алайҳ. Имом Бухорий «Иймон» 8, Имом Муслим «Иймон» 16, Термизий «Иймон» 2609, Насоий «Иймон ва унинг шариатлари» 5001, Имом Аҳмад 2/93).
Закот бериш фарз бўлган мулклар
Закот бериш фарз бўлган мулклар тўрт хилдир: пуллар, чорва моллари, ер маҳсулотлари ва савдо моллари.
1) Пуллар
Пуллардан мақсад тилла, кумуш ва молиявий қоғозлар-дир.
Тилланинг оғирлиги йигирма мисқолга етса, унинг қирқдан бирини закот қилиб чиқариш фарз бўлади.
Кумушнинг оғирлиги икки юз дирҳамга етса, ундан ҳам қирқдан бирини закот қилиб чиқариш фарз бўлади.
Ҳозирги молиявий қоғозларнинг қиймати тилла ёки кумушдан бирининг нисобига етса ва бир йил ўтса закот чиқариш фарз бўлади ва унинг закоти қирқдан биридир.
2) Чорва молларининг закоти
Рухсатли саҳро ва чўлларда(ги ўтлоқларда) бир йил ёки ундан кўра кўпроқ боқилган туя, қорамол ва қўйлардан закот берилади. Соғиш ва наслини кўпайтириш мақсадида бир йил ўтиб нисобга етса, қуйидаги тартибда закоти берилади:
А) Қўйлар нисоби
Қўйлар закоти 40 тадан то 120 тагача битта қўй. 121 донадан 200 тагача иккита қўй. 201 тадан 300 тагача учта қўйдир. Ундан кейин ҳар юзта қўйда битта қўй орттирилади.
Б) Қорамоллар закоти
Қорамоллар сони 30 тадан 39 тагача битта бир ёшлик ғунажин ёки буқача закот қилиб чиқарилади. 40 тадан 59 тагача эса икки ёшлик ғунажин закот ўлароқ чиқарилади. 60 та қорамол учун иккита бир ёшлик ғунажин, сўнгра ҳар ўттизтада (30) битта бир ёшлик буқача ва ҳар қирқтада (40) битта икки ёшлик ғунажин қўшилади.
В) Туялар закоти
Туяларнинг сони 5 тадан 9 тагача битта қўй, 10 тадан 14 тагача иккита қўй, 15 тадан 19 тагача учта қўй, 20 тадан 25 тагача тўртта қўй, 25 тадан 35 тагача бир ёшлик Бинту Мухоз туя, 36 тадан 45 тагача икки ёшли Бинту Лабун туя, 46 тадан 60 тагача уч ёшлик Ҳуққаҳ туя, 61 тадан 75 тагача тўрт ёшлик Жазаъаҳ туя, 76 тадан 90 тагача иккита Бинту Лабун туя, 91 тадан 120 тагача иккита Ҳуққаҳ туя, 121 тада эса учта Бинту Лабун туя. Сўнгра ҳар қирқтада битта Бинту Лабун, ҳар элликтада битта Ҳуққаҳ қўшиб борилаверади[1].
— Агар чорва моллари — «туя, қорамол ва қўйлар» сотиш ва қийматларини кўпайтириш учун боқилаётан ва орадан бир йил ўтган бўлса, уларнинг қийматларини ҳисоблаб, ўшанга кўра қирқдан бирини закот қилиб чиқарилади.
Агар улар савдо учун боқилмаётган бўлса, закотлари берилмайди.
— Закот учун ғунажинлар берилади. Фақатгина қорамолларда буқача берилиши мумкин. Ёки Ибн Лабун (икки ёшини тўлдириб учинчи ёшга ўтган эркак туя) ёки Ҳуққ (уч ёшини тўлдириб тўртинчи ёшига ўтган эркак туя) ёки Жазъ (тўрт ёшни тўлдириб беш ёшига ўтган эркак туя) Бинту Мухознинг ўрнига берилиши мумкин. Нисобга етган туялар сонининг барчаси эркак туя бўлса ҳам эркак туяларни закот қилиб бериш мумкин.
3) Ердан олинган ҳосиллар закоти
Барча ғаллалардан ва тортиладиган ва захирага олинадиган хурмо ва майиз каби мевалардан закот бериш фарздир. Уларнинг нисоби пайғамбаримизнинг 300 соъси, яъни тақрибан 624 килограмдир.
— Агар мевалар бир турдан, масалан, хурмо бўлса, уларнинг барчасини бир-бирига қўшилиб нисоби ўргани-лади.
Ғалла ва мевалардаги фарз бўлган закот
Ёмғиргина суғорадиган лалми ерлардан олинган ҳосил-ларнинг закоти, ялпи ҳосилнинг ўндан биридир.
Қудуқ каби воситалар ёрдамида суғорилган ерлардан олинган ҳосилларнинг закоти, ялпи ҳосилнинг йигирмадан биридир.
Баъзида суғориладиган, баъзида эса лалми қолган ерлардан олинган ҳосилнинг закоти, ялпи ҳосилнинг ўн тўртдан уч қисмидир.
Дон қаттиқ бўлганида, мева эса пишганида закот бериш фарз бўлади.
Сабзавот ва мевалардан тижорат учун тайёрланган бўлса, закот берилади. Бир йил ўтган ва нисобга етган бўлса, уларнинг қирқдан бири закот ўлароқ чиқарилади.
Денгизлардан чиқариладиган марварид, маржон ва балиқ каби нарсалардан тижорат учун чиқарилган бўлсагина закот берилади. Уларнинг умумий қийматидан нисобга етган ва бир йил ўтган бўлсагина, қирқдан бири закот қилиб чиқарилади.
— Хазиналар — ерга кўмилган нарсалардир. Уларнинг оз ёки кўп бўлсаларда бешдан бирини закот қилиб чиқариш фарздир. Уни (жанг майдонида қўлга киритилган) ўлжалардек сарф қилинади. Хазинанинг бешдан тўрт қисми топган одамникидир.
4) Савдо молларининг закоти
Савдо моллари — фойда (даромад) умидида сотиш ёки сотиб олиш учун тайёрланган ер, ҳайвон, озиқ-овқат, ичимлик, ускуна ва шунга ўхшаш нарсалардир.
Савдо моллари нисобга етгач бир йил ўтса, уларнинг закотини бериш фарз бўлиб, камбағалларга фойдалироқ қилиб чиқарилади. Улардан ялпи даромаднинг қирқдан бири закот бўлади. Бу қирқдан бирини закот чиқарилаётган савдо молининг ўзидан ажратилса ҳам бўлаверади.
— Агар савдогар савдо молларидан фойда олишни эмас, ўзида бўлишини қасд қилган бўлса, мазкур моллардан закот берилмайди.
— Ҳайвонлардан туғилган насллар ва савдо моллари-нинг даромадларининг бир йили, асли нисобга етган кундан бошланади.
Закотнинг фарз бўлиш шартлари
Закот — ҳур, мусулмон, нисобга эга бўлган, мустақил мулк эгаси, (нисобидан) бир йил ўтган одамларга фарз бўлади. Ғалла-мева ва хазиналардан бир йил ўтиши кутилмайди, уларнинг закоти йиғилган ва топилган пайтда берилади.
Закотни чиқариш
А) Закотни чиқариш вақти
Закотни худди назр ва каффоратлар каби закот бериш вақти келганида шошилинч равишда бериш керак. Чунки уни бериш ҳақидаги фармон шошилишни тақозо этади. Ўшандай фармонлардан бири ушбу оятдир:
﴿ وَآتُوا الزَّكَاةَ ﴾
«ва закотни берингиз!» (Бақара: 277).
Закотни эҳтиёж ёки қариндош ёхуд қўшни сабабли кечиктиришнинг зарари йўқ.
Б) Закот бермасликнинг ҳукми
Закотни унинг фарз эканини билиб, қасддан инкор этган кимса, Аллоҳ, Аллоҳнинг расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва уммат ижмосини рад этгани боис, молининг закотини чиқарган бўлса ҳам, кофирдир. Бундай одамни тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса яхши, тавба қилмаса қатл қилинади. Закотини қурумсоқлиги ёки танбаллиги туфайли бермаган бўлса, ҳаром ишга қўл ургани туфайли, ундан закоти тортиб олинади ва ўзига ибратли жазо берилади.
Ёш бола ва телба одамнинг молидан валий (васий)си закот чиқаради.
В) Закотни чиқариш асносидаги суннатлар
1- Закотни чиқарилар экан, бошга келадиган туҳмат-лардан қутулиш учун, унинг закот эканини билдириш.
2- Закот чиқараётган одамнинг ўз закотини, лойиқ бўлган одамларга етиб бориши учун, ўз қўллари билан тақсимлаб бериши.
3- Закотни бериш асносида закот чиқарган одамнинг: «Эй Аллоҳ, бу закотни (менга) ўлжа қил ва зарар қилма!», дейиши.
4- Закотни олаётган одамнинг: «Берган нарсангиз учун Аллоҳ сизга ажру савоб берсин. Қўлингизда қолдирган (мол)ингизга барака ёғдириб, сизга уни (яъни, берган закотинингизни) покловчи қилсин!», дейиши.
5- Закот бераётган одам ўз закотини масъулиятлари зиммасида бўлмаган қариндош камбағалларга бериши.
Закот бериладиган жойлар
Закот сарф қилинадиган синфлар саккизта бўлиб, улар қуйидаги оятда зикр қилинган:
﴿ إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ ﴾
«Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, бўйинларни (қулларни) озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (яъни, жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат Соҳибидир» (Тавба: 60). Улар қуйидагичадир:
1- Фақирлар: ўз эҳтиёжларининг бир қисмини топа олмаётган одамлар.
2- Мискинлар: эҳтиёжларининг ярмини ёки ундан кўра кўпроғини топа олмаётган одамлар.
3- Садақа йиғувчилар: маош тайинланмаган ва садақа-ларни тўплаш ва қўриқлаш вазифасидаги одамлар.
4- Кўнгиллари ошно қилинганлар: мусулмон бўлишлари ёки ёмонликларидан қутулиш ёхуд иймон қувватлари ошиши ёда ўзига ўхшаган бошқа бировдек мусулмон бўлиши умид қилинган раҳбарлар.
5- Қуллар: ўз ҳуқуқларини хожаларидан сотиб олган — мукотаб қуллар.
6- Қарздорлар.
Қарздорлар икки синфдир:
1) Одамлар ўртасидаги муаммоларни тузатиш учун қарздор бўлганлар.
2) Ўзи қарздор бўлган ва тўлаш имкони бўлмаган қарздорлар.
7- Аллоҳ йўли: Аллоҳ йўлида урушаётган кўнгилли жангчилар ва даъват йўлида жонбозлик кўрсатаётган кўнгилли даъватчилар, кураш ва даъватга ёрдам берадиган ва уларга ёрдамчи ишлар.
8- Мусофир: ўз юртидан айрилган ва қайтиб кетишга маблағи бўлмаган одам.
Фитр закоти
1) Фитр закотининг ҳукми
Рўзадорнинг нафсини рўзаси асносида рўй берган беҳуда гаплар ва сўкинишлардан тозалаш ҳамда камбағалу бечораларни Ҳайит кунида тиланчилик қилишдан қутқариш — фитр закотининг ҳикматларидандир.
2) Фитр закотининг миқдори ва фитр ўлароқ чиқариладиган озиқ-овқатлар
Фитр закотининг миқдори бир соъдир. Бир соъ тўрт муддир. Бир соъ тақрибан 3 килограмдир. Фитр закоти ўлароқ ўлканинг кўп истеъмол қиладиган буғдой ёки хурмо ёхуд гурунч ёда майиз ёки пишлоқ каби озиқлари берилади.
3) Фитр закотининг фарз бўлиш ва чиқариш вақтлари
Фитр закотини бериш, Ҳайит кечаси кириши билан фарз бўлади.
Уни бериш вақти (икки турлидир):
Жоизлик вақти: фитр закотини Ҳайит кунидан бир ёки икки кун илгари бериш. Чунки, Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо шундай қилган.
Фазилатли вақти: фитр закотини Ҳайит куни тонгда Ҳайит намози ўқилгунича бериш. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини одамлар намозга чиқишларидан илгари беришга буюрганлар.
4) Фитр закотини беришлари фарз бўлган одамлар
Кундалик озиқ-овқат эҳтиёжидан ортиқчаси бўлган ҳар бир ҳур ва қул, эркак ва аёл, катта ва кичикка фитр закотини бериш вожибдир. Она қорнидаги ҳомила номидан фитр закотини чиқариш, мустаҳабдир.
5) Фитр закоти сарф қилинадиган жойлар
Фитр закотини сарф қилиш жойлари, закотларни бериш жойларининг ўзгинасидир. Фақат, фитр закотини бошқа синфлардан кўра камбағал ва мискинларга улашиш авлодир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларни бу кунда тиланчилик қилишдан беҳожат қилинг-лар!», деганлар.
[1] Бинту Мухоз: бир ёшини тўлдириб иккинчи ёшга ўтган ва онаси бўғоз бўлган урғочи туя.
Бинту Лабун: икки ёшини тўлдириб, учинчи ёшига ўтган урғочи туя.
Ҳуққаҳ: уч ёшини тўлдириб, тўртинчи ёшига ўтган ва минишга тайёр урғочи туя.
Жазаъаҳ — тўрт ёшини тўлдириб, бешинчи ёшига ўтган урғочи туя.