Ислом динининг гўзал қирралари ҳақида мухтасар битиклар
Бу материал ... таржима қилинган
Категориялар
Full Description
- Ислом динининг гўзал қирралари ҳақида мухтасар битиклар
- Ислом динининг гўзал қирралари
- Биринчи мисол
- Иккинчи мисол
- Учинчи мисол
- Тўртинчи мисол
- Бешинчи мисол
- Олтинчи мисол
- Еттинчи мисол
- Саккизинчи мисол
- Тўққизинчи мисол
- Ўнинчи мисол
- Ўн биринчи мисол
- Ўн иккинчи мисол
- Ўн учинчи мисол
- Ўн тўртинчи мисол
- Ўн бешинчи мисол
- Ўн олтинчи мисол
- Ўн еттинчи мисол
- Ўн саккизинчи мисол
- Ўн тўққизинчи мисол
- Йигирманчи мисол
- Йигирма биринчи мисол
Ислом динининг гўзал қирралари ҳақида мухтасар битиклар
Шайх Абдурраҳмон ибн Носир
ас-Саъдий
Таржима: Исмоил Муҳаммад Яъқуб
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
Ислом динининг гўзал қирралари
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз ва тавба қиламиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, якка Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
Аммо баъд...
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Ислом дини динлар ичида энг мукаммали, энг афзали, энг олийси ва энг улуғидир. У Аллоҳ таолонинг мутлақ комил Зот эканига ва илму ҳикматининг чексиз эканига гувоҳлик берадиган, шунингдек пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳақ-рост пайғамбари эканига ва хоҳиш-ҳавосидан гапирмайдиган содиқ ва масдуқ зот эканига гувоҳлик берадиган кўплаб фазилат, камолот, салоҳ, раҳмат, адл ва ҳикматларни ўз ичига олган. Демак, Ислом дини Аллоҳнинг мутлақ комил, ягона эканига ва пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ пайғамбар эканига энг катта гувоҳдир.
Ушбу битикларни ёзишдан мақсадим, илмим етганича бу улуғ диннинг гўзал қирраларини очиб беришдир. Чунки, менинг илм ва билимим гарчи, бу дин ўз ичига олган улуғворлик, гўзаллик ва мукаммаллик кўринишларини тўла ёритиб беришдан қосир ва қаламим уларни батафсил баён қилиб бериш у ёқда турсин, мўъжаз шаклда шарҳ қилиб беришдан ҳам ожиз бўлса-да, инсон ўз ожизлиги туфайли бир нарсани бус-бутун ва тўлалигича идрок қилолмаса, туб-тубигача ва мутлақ асосигача етиб бориши имкони бўлмаса, ундан ўзи билган миқдордагисини ҳам баён қилмасдан тарк қилиши лойиқ эмасдир. Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ортиқ нарсага таклиф қилмайди,
“Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинг-лар" (Тағобун: 16).
Боиси, ушбу илмни ўқиб-ўрганишда бир неча фойдалар бор. Жумладан:
— Мавзулар ичида энг улуғи ва энг шарафлиси бўлмиш ушбу мавзуга қўл уриш энг афзал солиҳ амаллардан бўлиб, уни ўрганиш, у ҳақда баҳс юритиш, тафаккур қилиш, уни ўрганишга олиб борадиган ҳар бир йўлга қадам қўйиш, банда машғул бўладиган энг яхши ишлар жумласидан, бунга сарфлаган вақти эса фақат ўз фойдасигадир.
— Аллоҳ ва Расули неъматларни таниш ва уларни сўзлашга буюрган, бу ҳам энг катта солиҳ амаллардан. Шубҳасиз, бу мавзуда баҳс юритиш Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган энг улуғ неъматини — ундан ўзга ҳеч бир дин Унинг ҳузурида мақбул бўлмайдиган Ислом динини — эътироф этиш, у ҳақда сўзлаш ва тафаккур қилиш бўлиб, уни сўзлаш Аллоҳга шукр бажо келтириш ва бу неъматни яна ҳам зиёда бўлишини талаб қилиш демакдир.
— Одамлар иймон ва унинг камоли жиҳатидан жуда катта тафовутли бўлади. Банда бу динни нақадар кўпроқ ва чуқурроқ билгани, уни нақадар кўпроқ эҳтиром қилгани, унга нақадар кўпроқ берилгани ва у билан нақадар кўп баҳри дили очилгани сайин, шунчалар иймони комилроқ ва ишончи соғломроқ бўлиб бораверади. Шубҳасиз, у иймоннинг барча асл-асослари ва пойдеворларига далил-ҳужжатдир.
— Исломнинг ҳар бир соғлом ақл ва саломат табиат эгаси қабул қиладиган гўзал қирраларини шарҳлаб бериш Ислом динига энг катта даъватлардан биридир.
Агар ушбу диннинг даъватига унинг ҳақиқат-ларини шарҳ қилиб берадиган ва унинг фойдаларини халқларга баён қилиб берадиган кишилар бош-қош бўлсалар, шунинг ўзи ҳам халқларни унга жалб этишга тўла-тўкис кифоя қилади. Чунки, унинг диний ва дунёвий манфаатларга мувофиқлигини кўришади, муоризларнинг (эътироз қилувчиларнинг) шубҳала-рини даф қилишга тўғри келмасдан ва мухолиф-ларнинг динларига таън етказишга эҳтиёж бўлмасдан туриб зоҳиру ботинлар ислоҳ бўлади.
Зеро, Дин ўз табиатига кўра, унинг қаршисига отилаётган ҳар қандай шубҳаларни бартараф қилишга қодир. Сабаби, у очиқ-равшан баёнларга ва иймону ишончга этувчи далил-ҳужжатларга бойдир.
Бу диннинг ҳақиқатларидан баъзиларини очиб берилса, шунинг ўзи уни қабул қилинишига ва бошқа динлардан афзал саналишига жуда катта сабаб бўлади.
Билингки, Ислом динининг гўзал қирралари унинг барча масала-ю далил-ҳужжатларида, унинг усули-ю фуруъларида, шариат илмлари ва аҳкомлар далолат қилган нарсаларда, коинот ва жамиятшунослик илмлари далолат қилган нарсаларда кўринади. Мақсадимиз шуларнинг барини қамраб олиш ва уларга чуқур киришиш эмас, чунки бу жуда кўп вақт ва кенг шарҳлашни талаб қилади. Мақсадимиз фақатгина бошқа масалаларга улардан далил олинади-ган ва ичкарироқ киришни истаганлар учун у билан эшикни очиладиган фойдали масалаларнигина зикр қилиш бўлиб, улар усул, фуруъ, ибодатлар ва муомалотларда кенг тарқалган мисоллардир.
Шундай қилиб, Аллоҳдан мадад сўраб, Ўзи ҳидоят қилишини ва билдириб қўйишини, Ўз фазлу карами хазиналаридан бизнинг аҳволларимизни тузатадиган ва сўзу ишларимизни тўғрилаб қўядиган нарсаларни биз учун очиб беришини умид қилган ҳолда сўзимизни бошлаймиз:
Биринчи мисол
Ислом дини қуйидаги ояти каримада зикр қилинган иймон асослари устига қурилган:
“Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва асботга (асбот — Бану Исроилнинг ўн икки уруғидан бўлган пайғамбарларга) нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Раббиларидан ваҳий қилинган нарсаларга иймон келтирдик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз Аллоҳга бўйсунувчилармиз" (Бақара: 136).
Аллоҳ таоло бандаларига амр этган ушбу улуғ асослар барча набий ва расуллар унга иттифоқ қилган асослар бўлиб, улар энг улкан илму маърифат ва эътиқодларни — Аллоҳ пайғамбарлари тилида Ўзини сифатлаган барча васфларга иймон келтиришни ва Унинг розилиги йўлида ҳаракат қилишни ўз ичига олгандир.
Асл-асоси Аллоҳга иймон, самараси эса фақат У яхши кўрадиган ва рози бўладиган барча ишларда ҳаракат қилиш ва буларнинг барини Аллоҳ учун холис қилиш бўлган диндан кўра ҳам гўзалроқ, улуғроқ ва афзалроқ дин бўлиши мумкинми?!
Пайғамбарларга ваҳий қилинган барча нарсаларга иймон келтиришга, уларнинг рисолатларини тасдиқ-лашга, улар Раббилари ҳузуридан келтирган ҳақни эътироф этишга, иймонда улар ўртасини ажратмас-ликка ва уларнинг барчасини Аллоҳнинг ҳақ-рост пайғамбарлари ва Унинг холис омонатдор бандалари, деб ишонишга буюрган бир динга қарши ҳеч бир эътироз ва айблов отилиши ақлдан эмасдир.
У ҳар бир ҳақиқатга буюради, ҳар бир тўғриликни эътироф этади, Аллоҳнинг пайғамбарларига қилган ваҳийларига суянган диний ҳақиқатларни ўрнатади, фойдали ақлий ва фитрий ҳақиқатларга йўлдош бўлади, ҳақни ҳеч қачон рад қилмайди, ёлғонни тасдиқламайди, ёлғон асосида ботилни ривож-лантирмайди.
У ўзидан аввалги барча динларга муҳайминдир (яъни, уларда мавжуд бўлган ҳақ-рост сўзларни тасдиқловчи, уларга киритилган бузилишларни баён қилиб берувчи ва уларнинг баъзи ҳукмларини бекор қилувчидир).
У яхши ишларга, улуғ ахлоқларга, бандалар учун манфаатли бўлган нарсаларга буюради, адлу инсофга, фазлу марҳаматга, хайру маъруфга тарғиб қилади, зулм, тажовуз ва ёмон ахлоқлардан қаттиқ қайтаради.
У пайғамбарлар татбиқ қилган ҳар қандай камолот хислатлари борки, барчасини тасдиқлаган ва ўрнатгандир, шариатлар чорлаган диний ва дунёвий манфаатлар борки, барчасига тарғиб қилгандир, бузуқ ва нотўғри ишлар борки, барчасидан қайтарган ва четланишга буюргандир.
Хулоса шуки, фақат шу диннинг ақидалари билангина қалблар покланади, руҳлар ислоҳ бўлади, улуғ ахлоқлар ва гўзал амаллар фақат улар билангина қарор топади.
Иккинчи мисол
Исломдаги иймондан кейинги энг катта ибодатлар намоз ўқиш, закот бериш, Рамазон рўзасини тутиш, Байтул Ҳаромни ҳаж қилишдир. Ушбу улуғ ибодатларни ҳамда уларнинг жуда катта фойдаларини, улар тақозо қиладиган, Аллоҳ розилигига ва Унинг дунёю охиратдаги ажру мукофотларига эришиш учун саъй-ҳаракат қилиш ҳақида бир фикр юритиб кўринг.
Намозда бўлган Аллоҳга ихлос, Унга бутун вужуд билан юзланиш, сано, дуо, хузуъ ҳақида ва унинг иймон дарахтига нисбатан ўрни худди боққа қараб, уни парваришлаб ва суғориб туриш мақомида эканини тааммул қилинг. Агар намознинг бир кеча-кундуз давомида такрорланиб туриши бўлмаганда, иймон дарахтининг барглари сўлиб, танаси қуриб қолган бўлур эди. Лекин, у намоз билан суғорилиб тургани туфайли давомий равишда кўкариб, янгиланиб туради. Намоз ичидан жой олган, ҳаммасидан ҳам каттаси бўлмиш Аллоҳнинг зикри билан машғул қилишига, яна унинг фаҳшу мункардан қайтарадиган бир ибодат эканига қаранг.
Закот ҳукмига ва унда бўлган саховат ва жўмардликдек улуғ зотлар ахлоқига ва тубан кимсалар хулқ-атворидан узоқликка боқинг, берган неъматлари учун Аллоҳга шукр қилиш, молни ҳиссий ва маънавий кирланишлардан асрашни кўринг, яна закотда бўлган, халқларга эҳсон, муҳтожларга мурувват ва уларнинг эҳтиёжларини ўташ ҳақида тафаккур юритиб кўринг. Зотан, закотда бечораҳол муҳтожларнинг ҳожатини даф қилиш бордир, унда жиҳодга ва мусулмонлар учун зарурий бўлган умумий эҳтиёжларга ёрдамланиш бордир. Унда фақирлик ва фақирларнинг хуружини даф қилиш бордир, унда Аллоҳнинг берадиган эвазига ишонч, савобидан умидворлик, У ваъда қилган нарсани тасдиқлаш бордир.
Рўзада эса Аллоҳни яхши кўриб ва Унга яқинлашиш умидида нафсни ўзи суйган ва ўрганиб қолган нарсаларини тарк қилишга ўргатиш бор, нафсларни азму қарор ва сабру матонатга одатлантириш ва чиниқтириш бор. Яна унда ихлос сабабларини кучайтириш ва Унинг муҳаббатини нафс севгисидан устун қўйиш бор. Шунинг учун ҳам рўза Аллоҳ учун бўлди, уни бошқа барча амаллар ичидан Ўзига хослади.
Ҳажда эса, Аллоҳнинг розилигини талаб қилиб ва Аллоҳга меҳмон бўлиш илинжида, Унинг уйида ва Унинг ҳовлисида Унга ялиниб, ёлвориб илтижо қилиш иштиёқида пул-мол сарфлаш, машаққатларни кўтариш, хатар ва қийинчиликларга дуч келиш бор. Аллоҳнинг Ўз бандаларига ва Ўз уйининг меҳмон-ларига ёзиб қўйган дастурхонлари бўлмиш ушбу машоир (ибодатлар тўплами)даги хилма-хил ибодатларда мужассам бўлган Аллоҳни ғоят улуғлаш, Унга тўла-тўкис бўйинсуниш кўринишлари бор. Набийлар, расуллар, сафийлар ва мухлис зотларнинг аҳволларини эсга олиш, улар билан иймонни қувватлаш, уларнинг муҳаббатига қаттиқ боғланиш бор. Ҳажда яна, мусулмонлар ўртасида ўзаро танишув, сўзларининг бирлашуви, уларнинг хос ва ом манфаатларида иттифоқ қилишлари каби санаб адоғига етиб бўлмас фойдалар борки, албатта буларнинг ҳаммаси ҳам диннинг энг гўзал кўриниш-ларидан ва мўминларга ҳосил бўлувчи энг улуғ фойдаларидандир. Бу сўзлар мухтасар тарздаги бир ишора ва танбеҳ учундир, холос.
Учинчи мисол
Шориъ (шариат соҳиби)нинг бирлашиш ва аҳилликнинг вожиблиги борасидаги буйруқ ва тарғиблари, Унинг тарқоқлик ва ихтилофдан қайтариқ ва огоҳлантиришлари — ушбу улкан асл-асос теграсида Китоб ва Суннатда жуда кўп нусуслар (ояту ҳадислар) келган. Озгина ақли бўлган ҳар қандай киши бу ишнинг манфаатини билади, унинг ортидан келувчи диний ва дунёвий манфаатларни ва у билан даф бўладиган зарар ва мафсадаларни англайди.
Яна махфий эмаски, ҳақиқат маънавий куч-қудратнинг асоси-пойдевори, унинг марказий ўқидир. Маълумки, мусулмонлар Исломнинг илк даврларида диний истиқомат устида бўлган эдилар, ҳолатлари дурустликда бўлиб, иззату қудратда ҳеч ким уларга ета олмаган бир ҳолда эдилар. Чунки, улар мана шу асосни маҳкам ушлаган, уни ўз динларининг руҳи эканига аниқ ишонган ҳолларида ҳаққи-рост амалга оширган эдилар.
Бунинг баёни ва изоҳини қуйидаги мисол яна ҳам зиёда қилади:
Тўртинчи мисол
Ислом дини раҳмат, барака ва эҳсон (яхши амал қилиш) динидир, у одамзотга фойда етказишга чорлайди. Бу дин ўз ичига олган раҳмдиллик, чиройли муомала, яхшилик қилишга даъват ва бунинг акси бўлган барча нарсалардан қайтариш уни зулм, тажовуз, ёмон муомала ва ҳурматларни поймол қилишдек қоронғу зулматлар ичра ёрқин нур ва зиёга айлантирди. Айни шу нарса уни илгари, у билан танишишдан олдин энг ашаддий душман бўлган кишиларнинг қалбларини унга жалб қилди ва улар унинг файзли соясида сояландилар. Айни шу нарса уни бу дин аҳлига меҳр-мурувватли қилди, ҳатто раҳмдиллик, кечиримлилик ва яхшилик қилиш уларнинг қалбларидан тошиб, тиллари ва ишларига оқиб чиқди, ҳатто душманларига ҳам ўтиб бориб, улар ҳам охир-оқибат уларнинг энг катта дўстларига айланди. Айримлари онгли равишда ва виждон ундови билан уни қабул қилдилар, айримлари эса бу динда мужассам бўлган адлу раҳмат сабабли унга бўйсундилар, унинг ҳукмларига рағбат билдирдилар ва уларни ўз динларидаги ҳукмлардан афзал кўрдилар.
Бешинчи мисол
Ислом дини ҳикмат динидир, ақл, салоҳ ва фалоҳ динидир. Бу асл-асосни эса ушбу дин ўз ичига олган, фитрат ва табиатлар қабул қиладиган ҳамда ҳақ ва тўғрилик ундови билан бўйсунадиган усулий ва фуруий аҳкомлар очиқлаб беради. Шунингдек, пойдеворининг ғоят мустаҳкамлиги, низомларининг ўта пишиқ-пухта экани ва унинг барча замон ва маконларга яроқли экани ҳам уни изоҳлаб беради. Унинг барча хабарлари ҳақ ва ростдир, ўтмиш ёки келажакдаги бирон илм унинг хабарларини бекор қиладиган ёки ёлғонга чиқарадиган бирон нарсани келтирмади, келтириши мумкин ҳам эмас. Аксинча, ҳақиқий соф илмларнинг бари уларни қўллаб-қувватлайди, шу ҳам унинг ҳаққу ростлигига энг катта ҳужжатдир.
Инсофли муҳаққиқ олимлар таҳқиқига кўра, фойдали бўлган ҳар қандай диний ё дунёвий ё сиёсий илмлар борки, Қуръон уларга ҳеч шаксиз далолат билан далолат қилгандир. Ислом шариатида ақллар маҳол санайдиган нарсанинг ўзи йўқ, аксинча унда закий ақллар ҳаққу ростлигига, фойдали ва яроқли эканига гувоҳлик берадиган нарсалар бордир.
Шунингдек, ундаги барча буйруқ ва қайтариқлар бирон зулм аралашмаган соф адолатдир. У нимага буюрган бўлса, ўша нарса тўлалигича яхшиликдир ёки яхшилиги устундир, нимадан қайтарган бўлса, ўша нарса фақат ёмонликдир ёки ёмонлиги яхшилигидан ортиқдир. Оқил инсон унинг ҳукмларини тадаббур қилгани сайин бу асл-асосга бўлган иймони зиёда бўлаверади ва унинг Ҳаким (ўта ҳикматли) ва Ҳамид (мақтовга лойиқ) зот томонидан туширилган эканини билаверади.
Олтинчи мисол
Олтинчи мисол ушбу дин олиб келган жиҳод, амри маъруф ва наҳий мункардир. Зеро, Исломдаги жиҳоддан мақсад тажовузкорларнинг ушбу дин ҳақ-ҳуқуқларига бўлган тажовузини ва унинг даъватини қайтариш устидаги адоватларини даф қилишдир ва бу энг афзал жиҳоддир. У билан очкўзлик, тамагирлик ва шахсий ғаразлар мақсад қилинмаган. Ким ушбу асл-асос ҳақида фикр юритса ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг сийратларига ва уларнинг душманлари билан ўрталарида бўлган ҳодисаларга назар солса, ҳеч шубҳасиз биладики, жиҳод энг зарурий ишларга ва тажовузкорларнинг тажовузларини даф қилиш сирасига киради.
Маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш ҳам шундай. Сабаби, бу дин ўзига эргашганлар унинг усуллари ва шариатлари устида устувор туриши билангина, унинг яхшиликнинг чўққиси бўлган буйруқларига бўйсуниши ва шарру фасоддан тийган қайтариқларидан тийилиши билангина тўғриликда бўлади. Уларнинг айримларига золим нафслари баъзи ҳаром ишларга журъат қилишни ва бажариш имкони бор бўлган вожиблардан ҳам қосирлик қилишни зийнатли қилиб кўрсатмаслиги учун ҳам ўзларига юқорида айтилган ҳолатни лозим тутишлари зарур бўлади. Бу эса фақатгина шу борадаги амр ва наҳийлар билангина ҳосил бўлади. Бу эса диннинг энг катта гўзалликларидан ва уни амалга ошириш энг зарурий вазифалардандир. Шунингдек, бунда (яъни, амри маъруф ва наҳий мункарда) дин аҳли ичидан қинғир йўлга кирганларни тўғрилаш, тарбиялаш, разил ишлардан тийиб қўйиш ва шарафли ишларга ундаш бор. Аммо, уларга – улар бу динни лозим тутганидан, унинг ҳукми остига кирганидан ва шариатларига муқайяд бўлганидан (бўйин сунганидан) кейин – тўла ҳурриятни қўллаш уларнинг ўзларига ҳам, жамиятларга ҳам, ва хоссатан шариат, ақл ва урф жиҳатидан матлуб бўлган ҳақ-ҳуқуқларга нисбатан ҳам энг катта зулм ва зарарлардан бўлади.
Еттинчи мисол
Еттинчи мисол шариатда келган олди-соттилар, ижаралар, ширкатлар ва бошқа ҳар хил муомалот-ларки, бунда одамлар ўртасида олди-бердилар нақд пулда, қарз олди-бердисида ва бошқа ўзаро манфаатли шаклларда алмашиниб туради. Комил шариат ушбу турдаги муомалаларни улар заруриятлар, эҳтиёжлар ва қўшимча эҳтиёжлардаги фойдаларни ўз ичига олгани учун ҳалол қилди ва инсонлар учун уларни мутлақ мубоҳ қилди. Бандаларга у билан ишлари ва аҳволлари тузаладиган ва ҳаётлари мустақим (тўғри) бўладиган кенг йўлни очиб берди. Шариат бу нарсаларнинг ҳалоллигида икки тарафдан розилик бўлишини, ақдлар (битимлар) аниқ маълумотларни ўз ичига олишини, ақд қилинаётган нарса ва ақд мавзуси маълум бўлишини ва унинг ортидаги шартлар ҳам аниқ-тиниқ билинган бўлишини шарт қилди. Ичида зарар ва зулм бор бўлган қимор, рибо, номаълумлик каби ҳар бир нарсани ман қилди. Ким шаръий муомалотлар ҳақида фикр юритса, уларнинг дину дунё манфаатига чамбарчас боғлиқлигини кўради, Аллоҳнинг раҳмати кенглигига ва ҳикмати мислсиз мукаммаллигига, У субҳонаҳу ва таоло бандаларига касб-ҳунар ва емак-ичмаклардан барча покизаларини мубоҳ-ҳалол қилиб қўйган эканига гувоҳ бўлади.
Саккизинчи мисол
Шариат барча покиза емак-ичмаклар, кийим-кечаклар, турмуш ва никоҳга оид ишлар ва бошқа шу каби нарсаларни ҳалол қилиб келди. Барча турдаги дон-дун, мева-чевани, денгиз жониворларининг гўштларини мутлақо, шунингдек, қуруқликдаги ҳайвонлар гўштларидан тоза-пок бўлганларини шариат Соҳиби ҳалол қилди. Булардан динга, ақлга, баданга ё молга зарар келтирувчи ҳар қандай хабис-нопок нарсалардан бошқасини ман қилмади. Нимани мубоҳ қилган бўлса, Унинг эҳсонидан ва динининг гўзал кўринишларидандир. Нимани ман қилган бўлса, у ҳам Унинг эҳсонидан ва динининг гўзал кўриниш-ларидандир. Чунки, У уларни фақат ўзлари учун зарарли бўлган нарсалардан тўсди. Қолаверса, эҳсон ҳикмат ва манфаатга ҳамда зарарларни риоя қилишга тобедир.
Шунингдек, шариат Соҳиби ҳалол қилган турмуш ва никоҳга доир ишлар, бандага кўнгли тусаган аёллардан иккита, учта ва тўрттага никоҳланишни ҳалол қилгани ҳам – бунда ҳар икки тарафнинг фойдаси борлиги ва ҳар икки тарафнинг зарарини даф қилиш борлиги учун – бу диннинг гўзал кўринишларидандир. У бандага тўрттадан ортиқ озод аёлни никоҳида жамлашга рухсат бермади, чунки бунинг ортидан зулм ва адолатсизлик келиши хавфи бор. Шу билан бирга, ушбу мақсад (яъни адолат) рўёбга чиқиши учун зулм хавфи ва аёл хусусида Аллоҳнинг ҳад-ҳудудларини адо этолмаслик хавфи бўлган тақдирда фақат битта хотинга чекланишга тарғиб қилди. Турмуш қуриш ва никоҳланиш энг катта неъматлардан ва заруриятлардан бўлгани каби, инсон табиатан ўзига мувофиқ келмаган кимса билан яшаши хавфи бўлганидан танг ҳолатда ва қаттиқ қийинчиликда қолишга мажбур бўлганда талоққа рухсат бериши ҳам худди шундай (неъматлардан ва заруриятлардандир).
“Бордию эр-хотин ажралиб кетсалар, Аллоҳ иккаласини ҳам Ўзининг кенг карами билан беҳожат қилиб қўйгай". (Яъни ҳар иккисига ҳам аввалги турмушидан яхшироқ эр ёки хотин насиб этиши мумкин) (Нисо: 130).
Тўққизинчи мисол
Аллоҳ ва Расули халқларга шариат қилган салоҳ, хайр, эҳсон, адл, инсоф, зулм қилмаслик каби ҳуқуқлар бўлиб, улар ота-оналар, фарзандлар, қарин-дошлар, қўшнилар, дўстлар ва ҳамкорлар (ишдаги шериклар), эр-хотиннинг ўзаро ҳақлари каби У вожиб ва шаръий қилган ҳақ-ҳуқуқлардир. Булар бари фитратлар ва соф ақллар яхши санайдиган, улар билан ўзаро алоқалар комил бўладиган, ҳақ эгасининг ҳоли ва даражасига қараб маслаҳат ва манфаатлар ўзаро алмашинадиган зарурий ҳамда қўшимча ҳақ-ҳуқуқлардир. Улар ҳақида қанча кўп фикр юритсангиз, уларда шунча яхшиликни ва эзгуликни кўраверасиз, сиз учун айни шу шариат ҳар икки дунё саодатига кафил бўлишига гувоҳлик берадиган ом ва хос манфаатларни, дилларнинг улфатлашувини, тўкис бахтли ҳаётни топаверасиз. Ва бу ҳуқуқларни дин ва дунё ишларида инсонларнинг кўнгилларини бир-бирига жалб қилувчи, ўртадан буғзу адоват ва нафратни йўқотувчи тўкис ёрдам ва ҳамкорликлар ҳосил қилган ҳолда замонлар, маконлар, ҳолатлар ва урфлар билан ҳамоҳанг ҳолда юришини, фойда ва манфаатларни ҳосил қилишини кўрасиз. Бу жумлалар манба ва масдарларидан чуқур текшириш ва ўрганиш билан билинади.
Ўнинчи мисол
Шариатда келган, вафот этган кишининг мол-мулки ва қолдирган нарсаси бошқа қўлга ўтиши, мол-мулкни меросхўрлар ўртасида тақсимлаш кўриниш-ларидир. Аллоҳ таоло бунинг остидаги ҳикматга мана бу сўзлари билан ишора қилган:
“Улардан қайси бирлари сизлар учун фойдаси тегувчироқ эканини билмайсизлар" (Нисо: 11).
Шунинг учун Аллоҳ таоло мерос тақсимотини (бандага) кимнинг фойдаси тегувчироқ экани борасида Ўзининг илмига мувофиқ тарзда ва банда одатда ўз молини (ўлимидан сўнг) кимнинг қўлига ўтишини яхши кўрганига ва унинг яхшилиги ва фазлига кимни лойиқроқ, деб билганига мувофиқ кўринишда қўйди. Ва уни соғлом ақллар чиройли, деб гувоҳлик берадиган тартибда тартиблади. Агар фаразан У ишни одамларнинг райларига, нафси ҳаволарига ва хоҳиш-истакларига топшириб қўйсайди, бунинг ортидан халаллик, бузилиш, тартиб-низомнинг йўқолиши ва нотўғри танлов сабабли фавзо (анархия)га ўхшаш нарса келиб чиққан бўларди. Шариат соҳиби банда учун ўзининг молидан охиратига манфаатли бўлган ўринларда яхшилик ва тақво йўлларига бирон нарсани васият қилишини (машруъ) қилди ва буни ворисдан бошқага учдан бир ва ундан камроқ миқдорга чеклаб қўйди, токи Аллоҳ таоло одамлар учун турмуш ва тирикчилик воситаси қилиб қўйган ишлар улар дунёдан ўтганларидан кейин ақли ва диёнати қосир кимсалар қўлида ўйинга айланиб қолмасин. Аммо жисмлари ва ақллари соғлом бўлган ҳолдаги аҳволларида эса, қашшоқлашиб ва ҳеч вақосиз қолишдан қўрқувлари уларни кўпинча ўзлари учун зарарли деб билган нарсаларга пул-мол сарф қилишдан тўсувчи бўлади.
Ўн биринчи мисол
Шариат келтирган ҳадлар — жиноятларга бериладиган жазолар ва уларнинг жиноят турларига қараб турлича бўлишидир. Боиси, жиноятлар ҳамда Аллоҳнинг ҳақ-ҳуқуқларига ва бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовузлар тартиб-интизомни бузадиган ва дину дунёга халал етказадиган (издан чиқарадиган) энг катта зулмлардандир. Шариат Соҳиби жиноятлар ва (ўзганинг ҳақ-ҳуқуқига) журъатлар учун унга қўл уришдан тийиб қўядиган ва унга қадам қўйишни камайтирадиган қатл, қўл кесиш, дарралаш ва турли таъзирлардан иборат жазоларни ўрнатди. Уларнинг барчасида бор бўлган хос ва ом манфаатлар орқали оқил инсон шариатнинг гўзаллигини ва ёмонликларга қарши кураш ва уларни даф қилиш фақат шариат Соҳиби жиноятларнинг катта-кичиклиги ва кўп-озлигига қараб белгилаб қўйган шаръий ҳадлар (жазолар) билангина мумкин бўлишини билади.
Ўн иккинчи мисол
Бир инсоннинг тасарруфи агар ўзига ё бошқаларга зарар келтирувчи бўлса, уни ўз молини тасарруф қилишдан ман қилиб қўйишга бўлган шаръий буйруқ бўлиб, мажнун, сағир, ақлсиз ва шу кабиларни молининг тасарруфидан ман қилиниши, шунингдек, қарздорни қарз эгалари фойдасини кўзлаб, молини тасарруф қилишдан тўсиб қўйилиши каби. Буларнинг бари шариатнинг гўзал кўринишлариданки, манфаат-лар майдонида тасарруфотларни тартибга солиш учун ва бандаларни фақат фойдали ва зарарсиз тасарруф-ларга ҳаракат қилишга йўллаш учун айрим ҳолларда инсонни аслида мутлақ тасарруф қилишга ҳақли бўлган ўз молини тасарруфидан ман қилди, тасарру-фининг зарари фойдасидан кўпроқ ва ёмонлиги яхшилигидан каттароқ бўлган пайтда шариат Соҳиби унга тўсиқ қўйди.
Ўн учинчи мисол
Шариатда келган, у билан ҳақ-ҳуқуқ эгаларининг ҳақларини ҳужжатлаштириладиган васиқаларнинг машруълиги. Бу эса у билан ҳақларни тўла-тўкис талаб қилиб олинадиган ва ўзаро тониб юборишларни тўсадиган ва у билан ўртадан шак-шубҳалар кўтарила-диган гувоҳлик қоғозлари, шунингдек гаров, кафиллик, зоминлик каби ҳужжатлардирки, зиммасида ҳақ бўлган кишидан ҳақни тўлатиб олиш имконсиз бўлиб қолганда ҳақ эгаси ўша васиқаларга мурожаат қилади. Бунда мавжуд бўлган ҳар турли манфаатлар, ҳақ-ҳуқуқларни муҳофаза қилиш, муомалаларни кенгайтириш ва уларни адлу инсофга қайтариш, аҳволларнинг ўнгланиши, муомалаларнинг тўғрила-ниши кабиларнинг борлиги ҳеч кимга махфий эмасдир. Васиқалар бўлмаганда эди, муомалалардан жуда катта қисми издан чиқиб кетган бўларди. Бинобарин, улар васиқа эгасига ҳам, зиммасида ҳақ бўлган кишига ҳам ҳар томонлама фойдалидир.
Ўн тўртинчи мисол
Шариат Соҳиби тарғиб қилган, қарз бериш, ориятга бериш (бирор буюмни вақтинчага бериб туриш) каби яна бир турдаги эҳсонки, эгасига Аллоҳ ҳузурида ажр ва одамлар ҳузурида маъруф (яхши мақтовни) келтиради, кейин унга молининг айни ўзи ёки бадали қайтиб ҳам келади. Ушбу турдаги фойда ўз эгасига ҳеч қандай зиён етмаган ҳолда келган энг катта фойдалардан бўлди. Албатта, бунинг ичида масолиҳу манфаатлар, ҳожатларнинг ўталиши, кулфатларнинг аритилиши, яхшиликлар ҳосил бўлиши каби саноқсиз ва ҳисобсиз яхшиликлар бор. Мол ўз эгасига қайтиб келади, ваҳоланки бу орада у Раббидан жуда катта ажру савобларга эришиб олган ва биродарига нисбатан эҳсон ва чиройли амални қилиб олган бўлади. Ундан ташқари, бунинг ортидан хайру барака, кўнгиллар ёришиши, дўстлик ва муҳаббатнинг пайдо бўлиши каби нарсалар ҳам келади. Энди, эгаси шундоқ (эвазсиз) бериб юборадиган ва унга қайтиб келмайдиган эҳсонга келсак, унинг ҳикматига ишора юқорида закот ва садақотлар ҳақидаги гаплар ичида ўтди.
Ўн бешинчи мисол
Шариат Соҳиби хусуматларни ажрим қилиш, муаммоларга ечим бериш ва даъволашаётган икки кишининг қай бири ҳақ эканини исботлаб бериш учун асос сифатида тузиб қўйган усул ва қоидалар. Булар урфга ҳам тўғри келадиган, фитратларга ҳам мувофиқ келадиган, адолат ва далил-ҳужжат устига қурилган усуллардир. Зотан, шариат Соҳиби бирор нарсани ёки ҳақлардан бирон ҳақни даъво қилган ҳар бир киши зиммасига далил-ҳужжат келтиришни юклади, агар у ўзининг томонини оғирлаштирадиган ва даъвосини қувватлайдиган далил-ҳужжатни келтирса, унга ўзи даъво қилган ҳақ собит бўлади. Агар қуруқ даъводан бошқа ҳеч нарса келтира олмаса, даъвога тортилаётган шахс бу даъвонинг нотўғрилигига қасам ичади ва ортиқ ундан ҳақ талаб қилинмайди. Шариат Соҳиби далил-ҳужжатларни нарсаларнинг даражаларига кўра қилди ва (далил-ҳужжатларни) очиқлаб берувчи қариналарни (қўшимча белги ва аломатларни) ва одамлар ўртасида давомий жорий бўлиб турган урфни ҳам баййиналардан қилди. Баййина — ҳақни очиб берадиган ва унга йўллайдиган ҳар бир нарсанинг умумий исмидир. Шубҳалар бўлганда ва иккала хасм тенг келиб қолганда ҳар бир даъво ишига муносиб келувчи адолатли келишув йўлини муаммо ва низоларнинг ечимига йўл қилди. Зулм аралашмаган, бандаларни Аллоҳнинг маъсиятига тортмайдиган ва улар учун фойдали бўлган ҳар қандай йўлга – агар у хусуматларни ажрим қилишга ва жанжалларни бартараф этишга восита бўлса – тарғиб қилди. Ва бунда кучли ва заифни, бошлиқ ва тобени барча ҳуқуқларда тенглаштирди, тарафкашлик қилмаслик ва адолат йўлини тутиш билан даъволашаётган томонларни рози қилди.
Ўн олтинчи мисол
Шариатнинг шўрога буюриши ва мўминларнинг диний ва дунёвий, ички ва ташқи барча ишлари ўзаро шўро асосида эканини мақташидир. Оқиллар бу улкан асл-асоснинг истиҳсонига (одамлар учун яхшилик ва қулайлик эканига) иттифоқ қилганлар, уни мақсадларга эришиш, тўғриликка етишиш ва адолат йўлига йўлланиш учун воситаларнинг энг яхшиси ва ҳолатларнинг энг дурусти, деб қабул қилишга ва унинг унга амал қилувчи халқлар учун барча яхшиликларга эришишдаги энг илғор йўл эканига иттифоқ қилганлар. Одамларнинг илму маърифатлари қанча зиёда бўлса, мафкуралари қанча кенгайса, бунга (яъни шўрога) бўлган эҳтиёжнинг шиддатини ва миқдорини шунча билаверадилар. Мусулмонлар Исломнинг илк даврларида бу асл-асосни диний ва дунёвий ишларига татбиқ қилишгани боис ишлар тўғрилик устида, ҳолатлар тараққиёт ва юксалишда бўлган. Қачонки ушбу асл-асосдан бурилиб кетишгач, динларида ҳам, дунёларида ҳам таназзулга кетишда давом этдилар, охир-оқибат кўриб турганингиз ҳолга етиб келдилар. Агар бу ва бошқа асл-асосларда динларига мурожаат қилишсайди, албатта нажот топган ва зафар қозонган бўлардилар.
Ўн еттинчи мисол
Бу шариат ҳам диннинг, ҳам дунёнинг ислоҳини олиб келди, у руҳ ва жасад манфаатларини жамлаб келди. Бу асл-асос борасида Китоб ва Суннатда кўп нарсалар бордир. Аллоҳ ва Расули ҳар икки ишни адо этишга тарғиб қилади, бу иккисидан ҳар бири иккинчисини қўллаб-қувватлайди ва бир-бирига ёрдам беради. Аллоҳ таоло халқларни Ўзининг ибодати учун ва Унинг ҳуқуқларини адо этиш учун яратди ва уларга ризқу рўзларни кенг-мўл қилди. Унинг ибодатига ёрдамланишлари учун ва ҳамда ички ва ташқи ҳолатлари шу билан тикланиши учун уларга ризқ сабабларини ва тирикчилик йўлларини кўп ва турли-туман кўринишларда қилди. Фақат руҳнигина озиқлантириб, жасадни бепарво ташлашга буюрмади. Шунингдек, У лаззатлар ва нафс шаҳватлари билангина машғул бўлишдан қайтарди, қалб ва руҳ манфаатларини кучайтиришга буюрди. Бу эса, қуйидаги бошқа бир асл-асос билан ойдинлашади:
Ўн саккизинчи мисол
Шариат илм, дин, бошқарув ва ҳукмни бир-бирини қўллаб-қувватловчи ва дастакловчи қилди. Илм ва дин бошқарувни тўғри йўлга солади, салтанат ва ҳукмлар унга бино бўлади. Давлат бошқаруви ҳаммаси илм ва дин билан чамбарчас боғлиқдир ва айни шу нарса ҳикмат ва сироти мустақиймдир, салоҳ, фалоҳ ва нажоҳдир. Қаердаки дин ва салтанат бир-бирига боғлиқ ва бир-бирига ёрдамчи бўлса, ўша ерда ишлар тузук ва ҳолатлар тўғри бўлади. Қаердаки бу иккиси бир-биридан ажратилса, низомга халал етади, унинг салоҳи ва ислоҳи йўқолади, тарқоқлик юзага келади, қалблар бир-биридан узоқлашади, одамларнинг ишлари таназзулга учрайди. Буни шу ҳам қувватлай-дики, албатта илмлар қанча кенгайса ва маърифатлар қанча хилма-хил бўлса, ихтиролар қанча улкан ва кўп бўлса, улардан ҳеч бири Қуръон далолат қилган нарсаларга зид келмайди, шариат келтирган нарсага қарши бўлмайди. Шариат эса ақллар маҳол санайдиган нарсани келтирмайди, аксинча фақатгина соғлом ақллар яхши деб гувоҳлик берадиган ёки ақл уни умуман ё муфассал равишда билолмайдиган нарсани келтиради. Бу эса яна бошқа бир мисол бўлишга лойиқдир:
Ўн тўққизинчи мисол
Албатта, шариат ақллар маҳол санайдиган ва саҳиҳ илм рад қиладиган нарсани келтирмайди. Бу эса Аллоҳ ҳузуридан келган нарса (дин) муҳкам (аниқ-тиниқ), собит (ўзгармас), ҳамма замон ва маконга яроқли эканига энг катта далиллардандир. Ушбу мухтасар жумлалар борлиқдаги жамики ҳодисаларни ва ижтимоий илмларидаги ҳодисаларни чуқур ўрганиш ва яхши текшириш орқали ва уларни – агар тўғри ҳақиқатлардан бўлса – шариат келтирган нарсаларда татбиқ қилиш орқали батафсил равишда билинади. Бас, шу билан шариатнинг барча нарсани баён қилиб берган экани ва катта-ю кичик бирор нарсани қолдирмасдан, ҳаммасини ҳисобга олгани маълум бўлади.
Йигирманчи мисол
Душманлар Исломга қарши чор атрофдан тиш қайрашларига, қаттиқ қаршилик кўрсатишларига ва унга нисбатан маълум мавқифда туришларига қарамасдан, Исломнинг фатҳлари ғайриоддий тезликда кенгайиб борганлиги, кейин у эҳтиром қилинган ҳолда қолганлиги ҳолатига қисқача назар солиш. Сабаби, ким бу диннинг манбаига назар солса ва унинг Араб ярим ороли аҳолисининг қалбларини улар ўртасидаги тарқоқлик, адовату нафратларнинг кўплиги ҳолида қандай улфат қилганига ва узоқ-яқиндагиларини бирлаштирганига, адоватларни кетказганига ва улар ўрнига иймоний биродарликни ўрнатганига назар солса...
Кейин улар Ер юзини қитъама қитъа фатҳ қилишга илгарилаб кетдилар, бу қитъалар бошида энг кучли халқлар, энг улкан ва энг қудратли мамлакатлар, лашкар сони ва қурол-аслаҳа жиҳатидан энг қудратли бўлмиш Форс ва Рум халқлари бор эди, динлари фазли, иймонлари қуввати ва Аллоҳнинг ёрдами ва мадади билан ўша икки империяни ва улар ортидагиларни фатҳ қилдилар, ҳатто Ислом ернинг машрқу мағрибларига етиб борди. Бу эса Аллоҳнинг ояту аломатларидан, динининг бурҳон-ҳужжатларидан ва пайғамбарининг мўъжизаларидан бўлди. Шу билан халқлар унга онгли равишда ва кўнгил хотиржамлиги билан, ҳеч қандай мажбурликсиз ва зўрликсиз гуруҳ-гуруҳ бўлиб кирдилар.
Ким мана шу ишга умумий суратда бир назар солса ва бу ҳақда фикр юритиб кўрса, албатта бу унинг қаршисига ботил – ҳар қанча қудратли бўлмасин ва шавкати зўр бўлмасин – тура олмайдиган бир ҳақ эканини билади. Ва буни билиш учун жуда катта ақл керак эмас ва бу билиш зарурий бўлган нарсалардандир, унда инсофли одам шак-шубҳа қилмайди. Бизнинг бу гапимиз ушбу аср ёзувчиларидан бир тоифаси айтаётган гапга қарши ўлароқки, фикрий мағлубият уларни ислом душманлари фикрларига тобеликка олиб бориб қўйган, шундан улар Исломнинг тарқалиши ва мислсиз футуҳотлари фақат моддий ишларга қурилган, деб гумон қилиб қолишган, уни ўз хато гумонлари билан таҳлил қилишган. Уларнинг таҳлилига кўра, бу фатҳлар сабаби кисролар давлати ва румликлар давлати заифлигига ва араблардаги куч-қудратга қайтади.
Буни шунчаки бир тасаввур қилиб кўришнинг ўзи ҳам унинг ботиллигини исботлашга кифоядир. Йўқса, араблардаги қайси куч-қувват уларни улкан ва қудратли ҳукуматлар у ёқда турсин, ўз даврида барча халқлардан мутлақо улкан ва қудратли, сон (армия) жиҳатидан ҳам, қурол-яроғ жиҳатидан ҳам энг кучли халқларга қарши туриш у ёқда турсин, ўша даврдаги кичик ҳукуматлардан бирига қарши курашишга лойиқ қила оларди?! Улар ўшаларнинг барчасини тирқиратиб ташладилар, ўша зўравон подшоҳлар ҳукмлари ўрнини Қуръоннинг ва диннинг адолатли ҳукмлари эгаллади ва уларни ҳар бир инсофли, ҳақни истовчи киши чиройли қабул қилди.
Жуда катта масофада тарқалган ушбу фатҳларни фақат арабларнинг моддий ишлардаги устунлиги билангина тафсир қилиш мумкинми?! Бу гапни фақат Ислом динини айблашни истайдиган кимсаларгина ёки ҳақиқатларни ўрганмаган ҳолда, душманларнинг сўзларидан таъсирланиб қолган кишиларгина айтади. Кейин, бу дин унинг бошига пайдар-пай балолар ёғилиши, душманларнинг уни таг томиридан суғуриб ташлашга аёвсиз ташланишларига қарамасдан ўзини сақлаб қолиши ва оёқда тик қолиши ҳам унинг мўъжизаларидан ва унинг Аллоҳнинг ҳақ дини эканига аломатлардандир. Агар унга душманларнинг адоватини ва зўравонларнинг зулму туғёнларини даф қилишга етарли куч-қудрат мададкор бўлганида эди, Ер юзида ундан ўзга дин қолмаган, халқлар уни ҳеч мажбурликсиз ва зўрликсиз қабул қилган бўлар эди, чунки у ҳақ диндир, фитрат динидир, салоҳ ва ислоҳ динидир. Лекин, аҳлининг қосирлиги, заифлиги, тарқоқлиги, душманларининг улар устига қаттиқ босимигина уни юришдан тўхтатиб қўйди, ла ҳавла ва ла қувват илла биллаҳ.
Йигирма биринчи мисол
Ислом дини фойдали саҳиҳ ақидаларга, руҳ ва ақлни покловчи улуғ ахлоқларга, аҳволларни ислоҳ қилувчи амалларга, усули ва фуруъида далил-ҳужжатларга, бутпарастлик ва махлуқотларга боғланишни улоқтиришга, динни Раббул оламийнга холис қилишга, ҳис ва ақлга зид ҳамда фикрни гангитувчи хурофот ва уйдирмаларни тарк қилишга, мутлақ салоҳга, ҳар қандай шарру фасодни даф қилишга, адолатга, ҳар қандай зулмни кўтариб ташлашга ва барча турдаги камолотларни ривожига тарғиб қилишга бино қилингандир. Бу жумлаларнинг тафсилотига киришсак, гап узайиб кетади. Озгина илму маърифати бор инсон унинг тафсилотига жуда осон ва очиқ-равшан кўринишда йўллана олади. Биз ушбу мухтасар калималар билан кифояланамиз, зеро улар усул ва қоидаларни ўз ичига олганки, у билан Исломнинг камоли, азамати ва ҳар бир нарсанинг ҳақиқий ислоҳи билинади. Тавфиқ Аллоҳдандир.
Ушбу битиклардан 1364 ҳижрий сана жумодул-увло ойининг илк кунларида фориғ бўлинди.
Пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар бўлсин.
Абдурраҳмон ибн Носир ас-Саъдий
1437 ҳижрий сана рабиул-охир ойи 14-куни (24.01.2016)