×
Ушбу рисола «Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан таржима қилинган бўлиб, унда жума намози, фазилати ва аҳкомлари баён қилинади.

    Жума намози ва аҳкомлари

    «Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Солиҳ ибн Ғоним Садлон

    —™


    Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий

    Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

    صلاة الجمعة وأحكامها

    مقتبس من كتاب "رسالة في الفقه الميسر"

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. صالح بن غانم السدلان

    —™

    ترجمة: أبو جعفر البخاري

    مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

    Жума намози

    А) Жума кунининг фазилати

    Жума — энг афзал ва буюк кунлардан бири бўлиб, Аллоҳ таоло уни бу умматга хослади ва у кунда тўпланишни машруъ қилди. Бунинг ҳикмати эса, мусулмонлар ўртасида ўзаро танишув, ҳамкорлик ва меҳрибонлик ҳукмрон бўлишидир. Жума куни — ҳафталик байрам ҳамда қуёш нур сочган кунларнинг энг яхшироғидир.

    Б) Жума намозининг ҳукми

    Жума намозини ўқиш, Аллоҳ таолонинг қуйидаги қавлига кўра, фарздир:

    ﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ﴾

    «Эй мўминлар, қачон жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» (Жумъа: 9).

    Жума намози икки ракаатдир.

    Жума намози учун ғусл қилиш ва (масжидга) эрта бориш суннатдир.

    В) Жума намози кимларга фарз бўлади?

    (Жума намози намозга бормасликка) бирон узри бўлмаган, ҳур, балоғат ёшига етган ҳар бир эркак мусулмонга фарздир.

    Г) Жума намозининг вақти

    Жума намозини заволдан илгари ўқилса ҳам раво бўлсада, заволдан кейин ўқиш афзалдир. Чунки, заволдан кейинги вақт — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча жума намозини ўқиган вақтдир.

    Д) Жума намози нима билан адо бўлади?

    Жума намози урфда «кўпчилик» деб номланган жамоат билан адо этилади.

    Е) Жума намозининг раво бўлиш шартлари

    Жума намозининг раво бўлиш шартлари бешта бўлиб, улар қуйидагилардир:

    1- Вақт(нинг кириши).

    2- Ният.

    3- (Намозхонга нисбатан) муқимлик ҳолатида жума намозининг пайти келиши.

    4- Урфда «кўпчилик» дея номланган сондаги одамларнинг йиғилиши.

    5) Жума намозидан илгари Аллоҳга ҳамду санолар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар, Қуръондан оятлар ва тақво қилишга васиятларни ўз ичига олган ва тўпланганларнинг кўпчилиги эшита оладиган даражада товушли икки хутбанинг қилиниши.

    Имом хутба қилаётган пайтда гапириш, одамларнинг елкаларини ёриб ўтиш, ҳаромдир.

    Жума намозини ўқиган одам, пешин намозини ўқимайди. Имом билан бир ракаат ўқиган одам, жума намозига етган бўлади. Агар (жума намозининг) ундан кўра (яъни, бир ракаатдан) озроқ қисмига етган бўлса, пешин намозига ният қилиб, (пешин намозининг) тўрт ракаатини ўқийди.