×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръон ўқиш ва хутба қилишдаги суннатлари қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

    Пайғамбаримизнинг Қуръон ўқиш ва хутба қилишдаги суннатлари

    «Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

    —™


    Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

    Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

    هدي النبي صلّى الله عليه وسلّم في قراءة الْقُرآن وخطبته

    مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. أحمد بن عثمان المزيد

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    مراجعة: أبو محمد علي البخاري

    20- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръон қироатидаги суннатлари[1]

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг давомли ўқийдиган ва ҳеч тарк қилмайдиган маълум ҳизби (Қуръондан бир бўлими) бўлар эди.

    2- Қуръонни тартил билан ўқирдилар. Тез ва шошилиб эмас, билъакс дона-дона қилиб ўқир эдилар.

    3- Оятларни бўлиб-бўлиб ўқир ва ҳар оят охирида тўхтар эдилар. Сурани тартил билан ўқирдилар, ҳатто сура одатдагидан узун бир ҳолга келарди.

    4- Мад ҳарфларини чўзар эдилар. Масалан, “ар-роҳмаан” калимасида “маа”, “ар-роҳиим” калимасида “ҳии” каби.

    5- Қироатларини бошида Оллоҳдан қувилган шайтонга қарши паноҳ сўрар ва “аъувзу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим”, дер эдилар. Баъзан эса “Аллоҳумма инний аъувзу бика минаш-шайтонир-рожим мин ҳамзиҳи ва нафхиҳи ва нафсиҳи” (Эй Оллоҳ, мен Сендан ражим-қувилган шайтоннинг фисқу фасодидан, такаббурлигидан ва васвасасидан паноҳ тилайман), дер эдилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоятлари).

    6- Қуръонни ҳар доим: тик турган, ўтирган, ёнбошлаган, таҳоратли ва таҳоратсиз ҳолатда ўқир эдилар. Жунуб ҳолатдан бошқа бирон ҳолат у зотни Қуръон ўқишдан тўсмас эди.

    7- Қуръонни оҳангга солиб ўқир ва шундай дер эдилар:

    “Қуръонни оҳанг билан ўқимаган киши биздан эмас” (Бухорий ривояти).

    “Қуръонни товушларингиз билан зийнатланглар!” (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

    8- У зот Қуръонни бошқалардан тинглашни яхши кўрар эдилар.

    9- Қироат қилар экан сажда ояти келиб қолса, такбир айтиб, сажда қилардилар[2]. Баъзан ушбу саждаларида қуйидаги дуолардан бирини айтардилар:

    «سَجَدَ وَجْهِي لِلَّذي خَلَقَهُ وَصَوَّرَهُ، وَشَقَّ سمعَه وبصرَه بحولِه وقوتِه»

    Маъноси: “Юзим, уни яратган ва куч-қуввати билан кўз-қулоғини очган Зотга сажда қилди” (Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоятлари).

    «اللَّهُمَّ احْطُطْ عَنِّي بها وِزْرًا، واكتُبْ لي بها أجرًا، واجعلها لي عندك ذُخْرًا، وَتَقَبَّلْها مِنِّي كَمَا تَقَبَّلْتَها مِنْ عَبْدِكَ دَاود»

    Маъноси: “Эй Оллоҳ, мана шу саждам сабабли мендан бир гуноҳни ўчир ва мен учун ажр-савоб ёз. Бу саждамни ҳузурингда мен учун захира эт ва уни банданг Довуддан қабул этганинг каби қабул эт” (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).

    Ушбу тиловат саждаларидан кўтарилиш асносида такбир айтганликлари, ташаҳҳуд ўқиганликлари ва салом берганликлари у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинмаган.

    21- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хутба қилишдаги суннатлари[3]

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилсалар, худди душмандан огоҳлантирувчи киши “Душман эртаю кеч устингизга бостириб келиш арафасида”, деётган кишидек, кўзлари қизарар, овозлари юксалар ва ғазаблари ортар эди (Муслим ривояти). Айтардиларки: “Менинг (пайғамбар қилиб) жўнатилишим ва қиёмат (қоим бўлиши) мана шундайдир”, дея кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бирлаштирдилар (Муттафақун алайҳ).

    Яна айтдиларки: “Албатта сўзларнинг энг яхшиси — Оллоҳнинг китоби, йўлларнинг энг яхшиси — Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони — янги пайдо қилинганлари бўлиб, ҳар бир бидъат залолатдир” (Муслим ривояти).

    2- У зот ҳар хутбасини албатта Оллоҳга ҳамд айтиш билан бошлар эдилар.

    У зот саҳобаларига ҳожат хутбасини ўргатар эдилар:

    “Бутун ҳамд-сано Оллоҳга махсусдир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан мадад ва истиғфор сўраймиз. Нафсларимиз шумлигидан ва амалларимиз шарридан Оллоҳдан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ кимни ҳидоят қилган бўлса, уни адаштирувчи ва кимни адаштирган бўлса, уни ҳидоятловчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Оллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир”, деганларидан кейин қуйидаги уч оятни ўқирдилар:

    “Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар!” (Оли Имрон: 102).

    “Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган Роббингиздан қўрқингиз!” (Нисо: 1)

    “Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар ва тўғри сўзни сўзланглар!” (Аҳзоб: 70). (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

    3- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга барча ишларда истихора (яхшилик тилаш)ни худди Қуръондан сура ўргатганлари каби ўргатар эдилар. Айтардиларки: “Бирортангиз бир иш қилишни дилига тугса, фарз намозидан бошқа икки ракаат (нафл) намоз ўқисинда, сўнгра айтсин: «Парвардигоро, мен Сенинг илминг билан Сендан истихора этаман — яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қудрат-қодирлик тилайман. Сендан улуғ фазлинг билан сўрайман. Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билувчи эмасман. Сен ғайбларнида билувчидирсан. Парвардигоро, агар мана шу ишни — ҳожатининг номини айтади — мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатимда — ёки яқинимда ва узоғимда (дейди) — яхши эканлигини билсанг, мени унга қодир эт ва уни менга осон қил. Сўнг уни менга баракотли эт. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатимда — ёки яқинимда ва узоғимда — ёмон эканлигини билсанг, мени ундан узоқлаштир-четлат. Қаерда бўлса ҳам менга яхшиликни насиб эт. Сўнг мени бу яхшилик билан рози қил. (Бухорий ривояти).

    [1] Зодул маод (1/463).

    [2] Зодул маод (1/351)

    [3] Зодул маод (1/179).