×
Ушбу мақолада Пайғамбаримизнинг ҳаж ва умрани қандай қилганликлари ҳамда уларни бажариш асносида қилган амаллари, айтган дуо ва зикрлари қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

    Пайғамбаримизнинг ҳаж ва умрадаги суннатлари

    «Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазид

    —™


    Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

    Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

    هدْيه صلى الله عليْه وسلّم في الْحجّ والْعُمْرة

    مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. أحمد بن عثمان المزيد

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    مراجعة: أبو محمد علي البخاري

    11- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳаж ва Умрадаги суннатлари[1]

    А- Умрадаги суннатлари:

    1) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт марта умра қилдилар;

    Биринчиси: Ҳудайбийя умраси, ўшанда мушриклар у зотни (ва саҳобаларини) Байтул-Ҳаромга киритмаган эдилар, шу сабаб Ҳудайбийяда қурбонлик қилдилар, сочларини қирдириб олдирдилар ва эҳромдан чиқдилар.

    Иккинчиси: Қазо умраси. Бир йил кейин Ҳудайбийяда тамомига етказолмаган умраларини қазо қилдилар.

    Учинчиси: Ҳаж билан бирлаштириб қилган умралари.

    Тўртинчиси: Жиъронадан қилган умралари.

    2) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умралари орасида Маккадан чиқиб қилинган бирорта умра йўқдир. Умраларининг ҳаммаси Маккага кириб қилинган эди.

    3) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир йилда фақат бир марта умра қилганликлари нақл қилинган. Бирон марта бир йилда икки марта умра қилмаганлар.

    4) Умраларининг бари ҳаж ойларида бўлганди.

    5) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазонда қилинган умра ҳажга борабардир», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    В- Ҳаждаги суннатлари:

    1) Ҳаж фарз қилиниши билан кечиктирмасдан ҳаж қилишга ошиқдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат бир марта ҳаж қилдилар ва қирон ҳажи[2] қилдилар.

    2) Пешин намозидан кейин ҳаж ва умра учун ният қилиб, эҳромга кирдилар, сўнгра талбия айтдилар: «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда ван-ниъмата лака вал-мулк, лаа шарийка лак» (Муслим ривояти). Маъноси: «Парвардигоро, чақириғингга қайта-қайта ижобат қилмоқдаман ва Сенинг итоатингдаман! Сенинг шеригинг йўқ. Мен Сенинг итоатингдаман, чақириғингга ижобатдаман. Ҳамд ҳам, неъмат ҳам, мулк ҳам Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқ». Ушбу талбияни саҳобалари эшитадиган тарзда баланд овозда айтдилар ва Оллоҳнинг амрига биноан саҳобаларга ҳам талбия айтаркан баланд овозда айтишларини буюрдилар. Талбия айтишни тўхтатмадилар. Саҳобалар гоҳо баъзи калималарни қўшар, гоҳо камайтирар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни инкор қилмадилар.

    3) Эҳромга кириш асносида саҳобаларига уч тур ҳаж учун ният қилиш орасида ихтиёр бердилар. Сўнгра Маккага яқинлашганларида ўзи билан қурбонлик олиб келмаганларга ҳаж ва қирон ниятини бузиб, умра учун ният қилишларини тавсия қилдилар.

    4) Ҳажга тахтиравон устида эмас, туянинг устида бордилар. Юклари, яъни озуқа ва нарсалари тагларида эди.

    Маккага борганларида ёнида қурбонлик олиб келмаганлар ҳажларини умрага ўтказишларини ва эҳромдан чиқишларини, ёнида қурбонлик олиб келганлар эса эҳромда қолишларини қатъий буюрдилар.

    Сўнгра йўлга отландилар ва Зу-Тувога тушдилар ва Зул-ҳижжанинг тўртинчиси якшанба кунига тўғри келган кечани у ерда ўтказдилар. У ерда бомдод намозини (имомлик қилиб) ўқиб бердилар, сўнгра ўша куни ғусл қилдилар ва кундузи Ҳажун деган жойнинг тепасидаги, Макканинг юқори тарафидаги баланд тепалик (ас-санийятул-уля)дан Маккага кирдилар.

    Масжидул-Ҳаромга кириб, таҳийятул-масжид намозини ўқимасдан тўғри Байтул-Ҳаромга қараб юрдилар. Қора тош (ал-ҳажарул-асвад)нинг қаршисига келганларида уни тўлиқ тўсиб қўймаган тарзда силаб, ўпдилар. Сўнгра қора тошни ўнг, Байтуллоҳни чап томонларига олган ҳолда тавоф қилишни бошладилар. На Каъба эшигининг, на тарнов остида, на Каъбанинг орқаси ва рукнларнинг ёнида дуо қилдилар. Фақат икки рукннинг орасида «Роббанаа отинаа фид-дуня ҳасаҳ, ва фил-охироти ҳасанаҳ, ва қинаа азабан-нор», деган дуони айтганлиги ривоят қилинади. Маъноси: «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қил, охиратда ҳам яхшилик ато эт ва бизни дўзах азобидан асра». Тавоф асносида мазкур дуодан бошқа бирор зикр тайин қилмадилар.

    Бу тавофнинг илк уч айланишида рамал қилди, яъни кичик одимлар билан тез-тез юрдилар. Эҳром либосининг уст қисмини (ридони) икки учини олиб бирини бир елкалари остидан, иккинчисини устидан қилиб ташлаб олгандилар. Иккинчи елкалари ва елка камарлари очиқ қолганди.

    Ҳар сафар қора тошнинг қаршисига келганда букик дастали асолари билан ишора қилар ёки силар ва асоларини ўпардилар-да «Аллоҳу акбар», дер эдилар.

    Рукнул-ямонийни силадилар, бироқ силаш асносида уни ўзини ҳам, қўлларини ҳам ўпмадилар.

    Тавофни тугатгач, Мақомнинг ортига келиб, «Ва Иброҳим мақомини намозгоҳ тутинг» (Бақара: 125) оятини ўқигандан сўнг, Мақом билан Байтуллоҳ орасида икки ракаат намоз ўқидилар. Бу икки ракаатда Фотиҳани ва икки Ихлос сураларини ўқидилар. Улар: «Қул я айюҳал кафирун» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад» сураларидир. Намоздан фориғ бўлгач, қора тошга йўналиб, уни силаб ўпдилар.

    Сўнгра Сафо тоғи сари йўл олдилар, унга яқинлашганларида, «Албатта, Сафо ва Марва Оллоҳнинг оят-аломатларидандир...» (Бақара: 158) оятини ўқидилар ва «Оллоҳнинг биринчи айтганидан бошлайман», дедилар ва то Каъбани кўрадиган бўлгунларигача Сафога кўтарилдилар. Сўнгра Қиблага юзландилар ва Оллоҳни яккалаб, такбир айтдилар ва шундай дедилар: «Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодир. Оллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ваъдасининг устидан чиқди: бандасини ғолиб этди, гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди» (Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари). Сўнгра бу орада дуо қилди ва мазкур зикрни уч марта айтди.

    Кейин Марво сари юриб тушдилар, оёқлари водийнинг асосига тегиши билан югуришни бошладилар. Водийдан ўтгач, одатий юриш билан Марво тоғига кўтарилдилар. Буни ўрнатилган икки яшил белгининг орасида қилдилар. Саъйни юриш билан бошладилар, одамлар кўпайгандан кейин туяга минган ҳолатда тамомладилар.

    Марвога келгач, устига чиқдилар, Каъбага юзланиб, Оллоҳни яккалаб, такбир айтдилар ва Сафо тоғида қилганларидек қилдилар.

    Марвода саъйни тамомлагач, ўзи билан қурбонлик олиб келмаганларнинг барчасига хоҳ қирон ҳажи, хоҳ ифрод[3] ҳажи учун эҳром боғлаганларга эҳромдан чиқишларини қатъий тарзда буюрдилар.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ёнларида қурбонлик олиб келганлари учун эҳромдан чиқмадилар ва «Шу қилаётган ҳажимни қайтадан қилганимда, қурбонлик олиб келмас ва ҳажни умрага ўзгартирган бўлардим (яъни, таматтуъ — ҳаж ва умрани ҳар бир учун алоҳида эҳромга кириб, алоҳида-алоҳида адо этган бўлардим)», дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Сочини қирдириб олдирганларга уч марта ва қисқартирганларга бир марта мағфират сўраб дуо қилдилар.

    Маккада қолган пайтлари тарвия[4] кунигача муддатда мусулмонлар билан Макканинг ташқарисида қолган жойларида намозларни қаср қилиб (яъни, тўрт ракаатли намозларни икки ракаатга қисқартириб) ўқидилар.

    Тарвия куни чоштгоҳ вақти бўлганда ёнидагилар билан Минога қараб йўлга отландилар. Умрадан кейин эҳромдан чиққанлар уйларидан (яъни, турган чордирларидан) ҳаж учун эҳромга кирдилар.

    Минога етиб келиб, пешин ва асрни ўқидилар ва ўша ерда тунадилар. Эрталаб қуёш чиқишни бошлаган пайтда Арафотга тўғри ҳаракат қилдилар. Йўл асносида саҳобаларидан талбия ва такбир айтганлар бор эди, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни эшитдилар-у, инкор қилмадилар. Қилинишини буюрган чодирнинг Намирада қилинганини кўрдилар. Намира Арафотга кирмайди, унинг шарқ тарафидаги бир қишлоқдир. Қуёш оғгунича у ерда тўхтадилар. Кейин туяси Қасвони олиб келиниши буюрдилар ва у олиб келиниб, устига эгар қўйилди. Сўнгра Арафот ерларидан бўлган Батнул-Водийга келгунгача юрдилар, у ерга келганларида туя устида одамларга муаззам бир хутба қилдилар. Хутбада Ислом асосларини ўрнатиб, ширк ва жоҳилият асосларини буздилар, миллатлар ҳаром эканлигига иттифоқ қилган ҳаром нарсаларнинг ҳаромлигини баён қилдилар, жоҳилият ишлари ва рибосини оёқларининг остига қўйдилар, аёлларга яхши муомала қилишга тавсия қилдилар, умматга Оллоҳнинг китобини маҳкам ушлашга васият қилдилар. Сўнгра улардан у зот ҳақида гапиришларини талаб қилдилар ва уларга динни етказиб, насиҳат қилган ва вазифаларини адо этганларига Оллоҳни гувоҳ қилди.

    Хутбани тамомлагач, Билолга азон айтишини, сўнгра иқомат келтиришини буюрдилар ва пешинни икки ракаат қилиб, сиррий қироат билан ўқиб бердилар, ўшанда жума куни эди. Сўнгра Билол аср намози учун иқомат айтди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асрни ҳам икки ракаат қилиб ўқиб бердилар. У зот билан бирга маккаликлар ҳам бор эди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга намозни (яъни, пешин ва асрни учинчи ва тўртинчи ракаатларини) тўлдириб қўйишларини ҳам, жамъ қилиш (яъни, пешин ва асрни бирлаштириш)ни тарк этишларини ҳам амр қилмадилар.

    Намоздан фориғ бўлгач, туяга миниб Вақфа[5]га келдилар. Одамлар у зотни Арафа куни рўзадор эканликларида шубҳа қилганларида Маймуна онамиз бериб юборган сутни Вақфада турган ҳолларида, одамларнинг кўзлари ўнгида ичдилар.

    Тоғ бағрида қоялар ёнида турдилар. Ҳожиларни олд тарафларига қилиб Қиблага юзландилар. Ўшанда туянинг устида эдилар. Қуёш ботгунча дуо қилиб, Оллоҳга ёлвориб, ўтиниб илтижо қилдилар.

    Одамларга Урона водийсидан юқорига чиқишларини буюриб, шундай дедилар: «Мен шу ерда турдим (вақфа қилдим), Арафотнинг ҳамма томони Вақфа еридир (яъни, дуо-илтижо қилиб туриладиган жойдир)» (Муслим ривояти).

    Таом сўраётган мискин янглиғ қўлларини кўкраклари баробарида кўтардилар ва шундай дедилар: «Энг яхши дуо, Арафа кунида қилинган дуодир. Мен ва мендан олдин ўтган пайғамбарлар айтган дуоларининг энг яхшиси эса шу зикрдир: Оллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз, шериксиз. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уники ва У барча нарсага қодирдир» (Термизий ривояти).

    Қуёш ботиб, сариқлик йўқолиб, ботгани аниқ бўлгач, туяда орқаларига Усома ибн Зайдни мингаштирганларича оҳисталик билан Арафотдан тушдилар. Туянинг жиловини унинг боши эгарнинг бир учига тегадиган даражада ториб, шундай дедилар: «Эй одамлар, оҳисталик билан юринглар! Зеро яхшилик, шошилиш билан бўлмайди (яъни, қўлга киритилмайди)» (Бухорий ривояти).

    Маъзимайн йўлидан тушиб, Зоб йўлидан Арафотга кирдилар, сўнгра Анақага юрдилар. Йўлда тез ва секин юриш ўртасидаги ўртача юришда юрдилар, агар текислик учраб қолса тезроқ юрардилар.

    Йўл давомида талбияни тўхтатмасдан айтдилар. Йўлда тўхтадилар ва кичик таҳорат синдириб, енгил таҳорат олдилар, сўнгра Муздалифага боргунларича намоз ўқимадилар. Муздалифага бориб, намоз учун таҳорат олдилар ва азон, ортидан иқомат айтишни буюрдилар ва юклар туширилмасдан, туялар чўктирилмасдан олдин шом намозини ўқиб бердилар. Юклар туширилгандан сўнг буюрдилар, намозга иқомат айтилди ва азонсиз, фақат иқоматнинг ўзи билан хуфтон намозини ўқиб бердилар. Шом билан хуфтон орасида бирор-бир намоз ўқимадилар. Сўнгра тонг отгунига довур ухладилар, кечаси намоз ўқимадилар.

    Ўша кеча ой ғойиб бўлганда оилаларидан заифларига Минога тонг отишидан олдин боришларига руҳсат бердилар ва қуёш чиқмасидан олдин шайтонга тош отмасликларини буюрдилар.

    Тонг отганда бир азон ва иқомат билан бомдоднинг аввалги вақтида бомдод намозини ўқиб бердилар. Сўнгра туяларига миниб Машъарил-Ҳаромдаги Вақфа жойига келдилар. Одамларга Муздалифанинг ҳамма жойини Вақфа жойи эканини айтдилар. Кейин қиблага юзландилар, кун тоза ёришгунига қадар дуо-илтижо қилдилар, Оллоҳга ёлвордилар, таҳлил айтиб, зикр қилдилар. Сўнгра қуёш чиқмасидан олдин туяда орқаларига Фазл ибн Аббосни миндириб, Муздалифадан айрилдилар.

    Йўлда Ибн Аббосга шайтонга тош отиш учун ўзларига еттита майда тош топиб келишини амр этдилар. Кейин келтирилган ўша тошларни кафтларида ўйнатганларича «Мана шу тошларга ўхшаган тошларни отинглар! Динда чуқур кетманглар!...», дедилар (Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

    Муҳассир водийсига келганларида тезлашдилар, икки йўл орасида Катта Жамаротга олиб борган йўлдан кетдилар. Ва ниҳоят Минога келдилар. Тош отишни бошлагунга қадар талбия айтишда давом этдилар. Қуёш чиққандан сўнгра, туяга минган ҳолда водийнинг пастида туриб, Байтуллоҳни чап, Минони ўнг томонларига олган ҳолда Ақаба тошларини отдилар. Ҳар бир тошни отаркан такбир айтардилар.

    Сўнгра Минога қайтиб, одамларга етук бир хутба қилдилар. Унда одамларга қурбонлик кунининг фазилатини, ҳурматини ва Макканинг ҳурматини билдирдилар. Уларга Оллоҳнинг китоби билан раҳбарлик қилган бошлиқларига эшитиб, итоат қилишларини амр этдилар. Ҳаж маносиклари-ибодатларини ўргатдилар. Сўнгра Минодаги Манҳар-қурбонлик сўядиган жойга бордилар ва олтмиш учта қурбонлик туяни ўз қўллари билан сўйдилар. Уларни чап олдинги оёқлари боғланган, тик турган ҳолларида сўйдилар. Сўнгра юзта туядан қолганини (яъни, 37тасини) сўйишни Алийга буюрдилар ва қурбонлик гўштларини камбағалларга садақа қилишини ва қассобларга қассоблиги эвазига бирор ҳақ бермаслигини амр этдилар.

    Одамларга Минонинг ҳамма жойи Манҳар-қурбонлик сўядиган, Макканинг кўчаларини йўл ва Манҳар эканлигини билдирдилар.

    Қуронликлар сўйилиб бўлгандан кейин, сартарошни чақиртирдилар. Сартарош сочларини қириб оларкан бошларини ўнг томонидан бошлади. Олинган сочни Абу Талҳага бердилар. Сўнгра сартарош чап томонини олди. Олинган сочни яна Абу Талҳага бердилар ва «Буни одамлар орасида тақсимлаб бер!» — дедилар (Муттафақун алайҳ).

    Сочларини тагидан қирдириб олганлар ҳаққига уч марта, қисқартирганлар ҳаққига эса бир марта мағфират сўраб дуо қилдилар. Пайғабаримиз эҳромдан чиқмасларидан олдин Ойша онамиз у зотга хушбўйлик сурди.

    Сўнгра пешиндан олдин Маккага туяга минган ҳолда қайтдилар, бориб Ифоза[6] тавофини қилдилар. Ундан бошқа тавоф қилмадилар, бу тавофда саъй ҳам қилмадилар. Бу тавофда ҳам, Вадо — видолашув тавофида ҳам рамал[7] қилмадилар. Балки рамални фақат Қудум — илк келгандаги тавофларида қилгандилар.

    Сўнгра тавофни битириб, Зам-зам ёнига одамлар Зам-зам тарқатаётган маҳал келдилар. Пайғамбаримизга Зам-зам идишида Зам-зам сувини узатдилар, тик турган ҳолларида ундан ичдилар. Сўнгра Минога қатдилар ва у ерда тунадилар. Ўша куни пешин намозини қаерда ўқилганлари ҳақида саҳобалар ихтилоф қилишди. Ибн Умар Пайғамбаримиз пешинни Минода ўқидилар, деб нақл қилса, Жобир ва Ойша разияллоҳу анҳумолар эса Маккада ўқидилар, дейдилар.

    Тонг отгач, қуёш оғгунигача кутдилар, қуёш оғгач, Жамарот[8]га қараб яёв юрдилар. Хайф масжидининг ёнидаги Биринчи Жамаротдан бошладилар ва унга еттита тош отдилар. Ҳар тошни отганларида «Аллоҳу акбар», дер эдилар.

    Сўнгра Жамаротдан ўтиб, текисликка келгунларича олдинга илдамладилар. Қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, Бақара сурасини ўқиганчалик муддатча узун дуо қилдилар.

    Сўнгра Ўрта Жамаротга бориб, айни шаклда тош отдилар. Кейин водийнинг чап томонига тушдилар. Қиблага юзланиб, қўлларини кўтарганларича биринчи туришларига яқин муддат туриб дуо қилдилар.

    Сўнгра Учинчи Жамарот, яъни Ақаба жамаротига келдилар ва водийнинг ичига тушдилар. Байтуллоҳни чап, Минони ўнг томонларига олган ҳолда айни шаклда еттита тош отдилар.

    Тош отиш тўлиқ бўлиши билан ортларига қайтдилар, у ерда турмадилар.

    Тош отишни пешинни ўқимасдан олдин қилганлари, қайтганларидан сўнгра пешинни ўқиганлари кучли эҳтимолдир.

    Ҳожиларга сув тарқатгани сабаб Аббосга Минода қолинадиган кечаларда Маккада тунашига изн бердилар.

    Тош отишни икки кунда тугатишга шошилмадилар, балки Ташриқ[9] кунларининг учинчи куни ҳам тош отиб, тош отишни тўлиқ қилдилар. Пешиндан кейин Муҳассобга тўғри келдилар ва у ерда пешин, аср, шом ва хуфтон намозларини ўқиб бердилар ва бироз ухлагандан сўнг, туриб Маккага отландилар ва Видолашув тавофини кечаси, саҳар вақтида қилдилар. Бу тавофда рамал қилмадилар. Ҳайзли бўлгани учун Софийя онамизга руҳсат бердилар ва у Видолашув тавофини қилмади.

    Бу кеча Ойша онамиз укаси Абдурраҳмон билан бирга бўлиш хуррамлигини чиқариш учун Танимдан умра қилди. Ойша онамиз умрасини тамомлаганда Пайғамбаримиз йўлга чиқиш буйруғини бердилар ва ҳамма йўлга чиқди.

    [1] Зодул-маод (2/86).

    [2] Қирон ҳаж — битта эҳром билан, яъни эҳромдан чиқмасдан ҳам умра, ҳам ҳаж қилмоқ (Тарж.).

    [3] Умрасиз фақат ҳаж учун ният қилмоқ (Тарж.).

    [4] Ҳаж амалларини бошланғич куни, яъни Зул-ҳижжанинг 8-куни (Тарж.).

    [5] Ҳажда Арафот ва Муздалифада бир муддат турадиган жой (Тарж.).

    [6] Ҳажда ҳожиларнинг Арафотдан Муздалифага, Муздалифадан Минога келишлари ва Минодан Маккага қайтишлари Ифоза демакдир. Ифозадан сўнгра қилинган тавофга эса, ифозадан кейин қилингани учун Ифоза тавофи дейилади. Ифоза тавофи ҳажнинг рукнидир (Тарж.).

    [7] Ортидан саъй қилинадиган тавофларнинг илк уч айланишида кичик одимлар билан тез ва мардонавор юриш (Тарж.).

    [8] Ҳажда шайтонга отиладиган тошнинг ва бу тошлар отиладиган жойнинг номи (Тарж.).

    [9] Зул-ҳижжа ойининг Қурбон ҳайитидан кейинги 11, 12, 13-кунлари (Тарж.).