×
Ушбу мақолада катта ширк турларидан бўлган таваккулдаги ширк ҳамда сабабларни ушлашлик билан таваккул қилиш орасидаги муносабат баён қилинади.

    ТАВАККУЛДАГИ ШИРК

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Шайх Саидаҳмад Самарқандий

    —™


    Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

    الشرك في التوكل

    الشيخ سعيد أحمد السمرقندي

    —™

    مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

    Таваккул сўзининг луғавий маъноси “суяниш ва ишини ўзгага ҳавола қилиш" демакдир. Таваккул қалб амали. Таваккул қилиш ёлғиз Аллоҳга қаратилиши лозим бўлган энг улуғ ибодат турларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз" [Моида: 23].

    Аллоҳдан бошқага таваккул қилиш бир неча турга бўлинади:

    1. Аллоҳдан бошқаси қодир бўлмайдиган ишларда Ундан ўзгага таваккул қилиш. Ғалаба, бало-офатлардан сақлаш, ризқ ва шафоат каби эҳтиёжларни қондиришда ўликларга, таваккул қилувчини кўрмай-диган ёки эшитмайдиган ғойиб кимсаларга ва ҳоказо тоғутларга таваккул қилиш – уларга суяниш бу турга мисол бўлади. Албатта бу диндан чиқарувчи катта ширкдир.

    2. Зоҳирий сабабларга таваккул қилиш – суяниш. Инсон бирон манфаатга эришиш ёки зарарни олдини олиш мақсадида ҳокимларга, мансабдор шахсларга ёки қўлидан иш келадиган ҳар қандай тирик шахсларга таваккул қилиши – суяниши диндан чиқармайдиган кичик ширкдир. Чунки уларга суяниш мақсадга элтувчи сабаблар қўлида бўлган зот Аллоҳни қўйиб, зоҳирий сабаблар бўлмиш шахсларга таяниш-дир.

    3. Савдо-сотиқ ва шу каби одамзотнинг қўлидан келадиган ишларда ўзгани вакил қилиш. Албатта бу тарзда ўзгага таваккул қилиш – уни ўзи томонидан вакил қилиш жоиз ишдир. Бироқ ўзгани вакил қилиш ортидан кўзланган мақсад амалга ошишида вакилга суяниш жоиз эмас, балки ишларининг юришиши ва муродининг ҳосил бўлишида ёлғиз Аллоҳга таваккул қилиши лозим. Чунки жоиз ишларни амалга оши-ришда ўзгаларни вакил қилиш – бу ҳам мақсадга элтувчи сабаб ва воситалар қабилидандир. Маълумки, сабабларга суянилмайди, балки сабабни ҳам, нати-жани ҳам яратган, сабабларни мақсадга элтувчи ва муродни ҳосил қилувчи сабаб қилган Аллоҳ таоло-гагина суянилади – таваккул қилинади.

    Зарарларни кетказиш, ризққа эришиш ва фақат Аллоҳгина қодир бўлган ишларда Унинг ўзига таваккул қилиш энг улуғ ва шарафли ибодатдир. Бундай ишларда Аллоҳдан ўзгага таваккул қилиш катта ширк саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз" [Моида: 23]. Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло якка ўзига таваккул қилишга буюрди, Унга таваккул қилишни иймоннинг шарти қилиб қўйди. Бошқа бир оятда эса Аллоҳга таваккул қилиш мусулмонликнинг шарти қилинди: “Мусо деди: “Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирар экансизлар, демак мусулмон бўлсангизлар, Унинг ўзигагина суянинглар — таваккул қилинглар!" [Юнус: 84]. Демак, ушбу оятлар шуни кўрсатадики, Аллоҳга таваккул қилмаган ёки Аллоҳдан ўзга қодир бўлмаган ишларда бирон мавжудотга таваккул қилган қабр-парастлар, хонақоҳ ва пирларга, шунингдек, турли хурофотларга сиғинадиган инсонларни иймон ва ислом сифатлари билан сифатлаб бўлмайди. Зеро, якка Аллоҳга таваккул қилиш фарздир. Аллоҳга таваккул қилиш – суяниш ибодат турларининг мағизи, тавҳид мақомларининг энг олийси ва улуғидир. Чунки таваккул мақомидан кўп солиҳ амаллар келиб чиқади. Инсон барча диний ва дунёвий ишларида Аллоҳдан бошқасини қўйиб, фақат Унинг ўзигагина суянар экан, ана ўшанда Аллоҳга бўлган ихлоси тобланади, Аллоҳ билан муомаласи дуруст бўлади.

    Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Қайси одам бирон ўзига ўхшаш инсондан умид қилган ва унга таваккул қилган – суянган бўлса, албатта умиди пучга чиқади, ундан кутган муродига етмайди…".

    Аллоҳга таваккул қилиш “Иййака наъбуду ва иййака настаъийн"[1] мартабасининг энг улуғ марта-баларидан биридир. Уч турдан[2] иборат бўлган тавҳиднинг мукаммал бўлиши Аллоҳга комил таваккул қилиш билан чамбарчас боғлиқдир. Таваккул мукаммал бўлсагина тавҳид мукаммал бўлади. Аллоҳ таоло айтади: (У) машриқ ва мағрибнинг Парвар-дигоридир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзигина бордир. Бас, сиз (ўзингиз учун) Унигина вакил – суянчиқ қилиб олинг!" [Муззаммил: 9]. Аллоҳга таваккул қилишга буюрувчи оятлар жуда кўп. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ Ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир" [Талоқ: 3].

    Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Агар мўмин бўлсангизлар фақат Аллоҳгагина таваккул қилингиз" оятини тафсир қилиб шундай дейди: “Аллоҳ таоло Ўзига таваккул қилишни иймоннинг шарти қилди. Бу дегани таваккул йўқ бўлса, иймон йўқ, демакдир. Банданинг иймони кучайгани сари таваккули кучайиб боради, иймон заифлашса таваккул ҳам заифлашади. Банданинг таваккули заифлиги унинг иймони заифлигидан нишонадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча ўринларида таваккул билан ибодатни, таваккул билан иймонни, таваккул билан тақвони, таваккул билан ислом (мусулмон-чилик)ни ва таваккул билан ҳидоятни бирга зикр қилади. Бундан маълум бўладики, таваккул иймон ва эҳсон мартабаларининг асоси ва барча ислом амалларининг негизидир. Таваккул исломдаги амаллар ичида худди танадаги бошга ўхшайди. Бошсиз тананинг қиймати бўлмагандек, таваккулсиз иймон ва амаллар ҳам тасаввур қилинмайди".

    Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Унга таваккул қилишни мўминларнинг энг кўзга кўринган сифати эканини таъкидлади. Аллоҳ таоло айтади: “Фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинганида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва Парвардигорла-ригагина таваккул қиладиган – суянадиган кишилар ҳақиқий мўминдирлар" [Анфол: 2]. Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга қалблари билан таваккул қиладилар ва Аллоҳдан ўзгадан умид қилмайдилар. Ушбу оятда ҳақиқий мўминлар эҳсон[3]http://ixlos.org/?p=3716 - _ftn3 мақомларидан бўлган уч мақом билан сифатландилар. Бу уч мақом Аллоҳдан қўрқиш, иймоннинг зиёда бўлиши ва якка Аллоҳга таваккул қилиш мақомларидир. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Аллоҳга таваккул қилиш сабаблар ортидан юриш ва мақсадга элтувчи сабаб – воситаларни қўллашга зид келмайди. Зеро, Аллоҳ таоло тамал қоида ўлароқ барча нарсани сабабларга боғлиқ равишда тақдир қилган. Ўзигагина таваккул қилишга буюрган Аллоҳ таоло айни дамда сабабларга риоя қилишга ҳам буюради. Демак, сабабларга риоя қилиш ҳам Аллоҳга тоат-ибодатдир. Негаки, Аллоҳ шу ишга буюрган. Сабабларга риоя қилиш инсоннинг ташқи аъзолари воситасида бажарилса, таваккул эса қалб билан бажариладиган амал, иймоннинг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло сабабларга риоя қилишга буюриб жумладан шундай дейди: “Эй мўминлар, душмандан эҳтиёт чораларингизни кўриб, жангга гуруҳларга бўлиниб ёки ҳаммангиз тўпланиб чиқинглар" [Нисо: 71].

    (Эй мўминлар), кофирлар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингиз" [Анфол: 60].

    “Энди қачон намоз адо қилингач, ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар" [Жумъа: 10]. Айрим уламо-ларнинг айтишларича, ким касб-ҳунар қилиш, сабабларга риоя қилиш ва умргўзаронлик учун саъй-ҳаракат қилиш бекор деса, суннатни тан олмаган, ким таваккулни бекор деса, иймонни тан олмаган бўлади.

    Имом Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда бажарадиган амаллар уч қисмдир:

    Биринчиси: Аллоҳ таоло бандаларига буюрган, дўзахдан халос бўлиш ва жаннатга кириш учун сабаб қилган тоат-ибодатлар. Бу амалларни албатта бажа-риш, унда Аллоҳга таваккул қилиш ва Ундан ёрдам сўраш шарт. Зеро, Аллоҳнинг ўзи муваффақ қилмаса, ҳидоят йўлига бошлаб, куч-қудрат бермаса тоат-ибодат қилиш имконсиз. Ким ушбу амалларни бажаришда бепарволик қилса, ҳам тақдир тақозоси, ҳам шариат тақозоси билан дунё ва охиратда азоб-уқубатга дучор бўлади. Юсуф ибн Асбот айтади: “Фақат амалигина нажот берадиган кишининг амалига ўхшаш амал қил, фақат тақдирда битилган нарсагина бошига тушадиган кишининг таваккулидек таваккул қил", дейилар эди".

    Иккинчиси: оч қолганда овқат ейиш, чанқаганда сув ичиш, иссиқдан сояланиш, совуқдан исиниш ва бошқа шунга ўхшаш дунёдаги одатий ишлар. Бундай амалларга элтувчи сабабларга риоя қилиш ҳам бандаларга вожибдир. Кимда-ким қодир бўла туриб бу ишларга эътиборсиз бўлса ва натижада баданига зарар етса, албатта жазо-уқубатга ҳақли бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло баъзи бандаларига бошқаларга бермаган куч-қувват ва имконият ато этади. Шунга кўра, инсон жисмоний қуввати, ўзига хос имкониятлари доирасида амал қилса, бунинг зиёни йўқ, албатта. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечани кундузга улаб рўза тутар, асҳобларини эса бундан қайтарар эдилар. Сўнг асҳобларига қарата: “Мен сизларга ўхшаган эмасман: албатта Раббим менга таом беради ва сув ичиради"[4], дер эдилар. Кўпгина салафи солиҳларда бошқаларда бўлмаган шундай жисмоний қувват бор эдики, улар анча вақтгача еб-ичмай юра олардилар. Демак, ким ўзининг жисмоний имконияти доирасида амал қилса ва бу нарса уни Аллоҳга тоат-ибодат қилишдан заифлаштирмаса, зиёни йўқ экан. Аммо кимда-ким ўзига ўзи қийин қилиб, танасини машаққатга солса ва оқибатда айрим фарз ёхуд вожиб амалларни бажара олмай қолса, у ҳолда унинг бу иши инкор қилинади.

    Учинчиси: аксар ҳолатларда одатий бўлган амаллар…

    Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилини-шича, яманликлар ҳаж сафарига отланар эканлар сафар учун тадорик кўрмас эдилар. Улар сафар харажатлари учун ишлатиладиган маблағ олмасдан “Биз таваккул қилувчилармиз", дер эдилар. Сафарга чиқиб, Маккага етиб келишгач эса одамлардан тилан-чилик қилишар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Ва (ҳаж қилиш учун йўлга тушишдан аввал зарур озуқа билан) таъминланиб олинг! Энг яхши озуқа (яъни ўзингиз билан бирга бўлиши лозим бўлган энг яхши нарса) Аллоҳдан тақво қилишдир" [Бақара: 197].

    Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан касб-ҳунар билан шуғулланмасдан “Мен Аллоҳга таваккул қилдим", дейдиган киши тўғрисида сўралганда шундай деганлар: “Барча одамлар Аллоҳга таваккул қилиш-лари лозим. Бироқ касб-ҳунар билан шуғулланишлари зарур. Дарҳақиқат, анбиёлар пешона тери билан кун кўриш учун мардикорлик қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр ва Умар ҳам мардикорлик қилдилар, “Ўтираверайликчи, Аллоҳ ўзи ризқ берар", демадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Ер юзида тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверинглар" [Жумъа: 10]".

    Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Бир киши деди: Эй Расулуллоҳ, туяни (кетиб қолмаслиги учун) боғлаб, Аллоҳга таваккул қилайми ёки уни бўш қўйвориб, таваккул қилайми?". Расулул-лоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “туяни (кетиб қолмаслиги учун) боғла ва Аллоҳга таваккул қил"[5]. Буларнинг барчаси таваккул билан мубоҳ ва жоиз сабабларга риоя қилиш ўртасида қарама-қаршилик йўқлигини кўрсатади. Балки кўпинча ҳам таваккул қилиб, ҳам сабабларга риоя қилиш афзал бўлади. Дарҳақиқат, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Яман аҳлидан бўлган бир жамоатни кўриб қолиб, улардан: “Сизлар кимсизлар?", деб сўради. Улар: “Биз Таваккул қилувчилармиз", дейишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу деди: “Аксинча, сизлар боқиманда-сизлар. Ҳақиқий таваккул қилувчи ерга дон сочиб Аллоҳга таваккул қилган инсондир".

    Манба: Ихлос орг веб саҳифаси

    [1] Маъноси: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз".

    [2] Тавҳид уч турдан иборатдир: 1) улуҳият тавҳиди, 2) рубубият тавҳиди, 3) исм ва сифатлар тавҳиди. Биз тавҳиднинг ушбу уч тури тўғрисида собиқ мақолаларимизда батафсил сўз юритганмиз. Батафсил маълумот учун собиқ мақолаларимизга мурожаат қилишингиз мумкин.

    [3] Эҳсон – Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш, борди-ю, банда бу даражага етолмаса, лоақал, Аллоҳ уни кўриб турганини ёдда тутган ҳолда Унга ибодат қилишдир.

    [4] Бухорий (1964) ва Муслим (1102) ривоят қилишган.

    [5] Заиф. Термизий “Зуҳд" ва “Илал"да, Байҳақий “Шуабул иймон"да, Абу Нуайм “Ҳиля"да ривоят қилишган. Баъзи уламолар ҳадисни ҳасан дейишган. Нима бўлганда ҳам ҳадис маъноси тўғри.