×
Тавҳид ақидаси китобининг ушбу бўлимида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобалари ҳақларида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида сўз юритилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобалари ҳақларида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар

БЕШИНЧИ БОБ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва аҳли байтлари ҳамда саҳобалари ҳақ-ларида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар баёни

Бу боб қуйидаги бўлимларни ўз ичига олади:

Биринчи бўлим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайтарилганлик ва у зотнинг манзилатларининг баёни ҳақида.

Иккинчи бўлим: У зотга итоат қилиш ва эргашиш вожиблиги ҳақида.

Учинчи бўлим: У зотга саловот ва салом йўллаш-нинг вожиблиги ҳақида.

Тўртинчи бўлим: Аҳли байтларининг фазли, улар хусусида жафосиз ва ғулувсиз лозим бўладиган нарсалар ҳақида.

Бешинчи бўлим: Саҳобаларнинг фазли ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида, саҳобалар ўртасида юз берган ишлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли ҳақида.

Олтинчи бўлим: Саҳобаларни ва ҳидоят имом-ларини сўкишдан қайтарилганлик ҳақида.

БИРИНЧИ БЎЛИМ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва улуғлашнинг вожиблиги, у зотни кўкларга кўтариб мақташдан қайта-рилганлик ва у зотнинг даражалари баёни ҳақида

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севиш ва улуғлаш вожиблиги:

Банда энг аввал Аллоҳ азза ва жаллага муҳаббат қўйиши вожиб бўлади ва бу энг улуғ ибодат турлари-дандир. Аллоҳ таоло айтади: «Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари кучлироқдир» (Бақа-ра: 165).

Чунки, У Зот зоҳиру ботиндаги барча неъматларни бандаларга марҳамат қилган тарбияткунандадир. Аллоҳ таолога муҳаббатдан сўнг У Зотнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббат-лари вожиб бўлади. Зеро, у зот Аллоҳга даъват қилди-лар, Аллоҳни танитдилар, шариатини етказдилар ва ҳукмларини баён қилиб бердилар. Мўминлар эришган дунё-ю охират яхшиликларининг ҳаммаси у зот орқали ҳосил бўлди. Бирор киши у зотга итоат қилмай ва эргашмай туриб жаннатга кира олмайди. Ҳадисда айтилганки: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули унга бошқа барча нарсадан кўра суюкли бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, Аллоҳ куфрдан қутқарганидан сўнг яна куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Мутта-фақун алайҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муҳаббатлари Аллоҳ таолонинг муҳаббатига тобеъ ва у билан чамбарчас боғлиқдир. У зотга хос муҳаббат қўйиш ва бу муҳаббатни Аллоҳдан бошқа барча маҳбубларнинг муҳаббатидан муқаддам қўйиш вожиб экани у зотнинг қуйидаги ҳадисларидан маълум бўлади: «Сизларнинг бирортангиз мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча иймонли бўлмайди» (Муттафақун алайҳ).

Ва ҳатто мўмин киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўзидан ҳам севимлироқ бўлиши вожиб экани ворид бўлган. Умар ибн Хаттоб розиял-лоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра суюклисиз» деганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сенга ҳатто ўзингдан кўра ҳам суюм-лироқ бўлмагунимча (иймонинг комил бўлмайди)», дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Энди сиз менга ўзимдан кўра ҳам севимлироқ бўлдингиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ана энди (тўғри бўлди), эй Умар», дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бундан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат Аллоҳдан бошқа барчанинг муҳаббатидан муқаддам туриши лозим. Зеро, бу Аллоҳга бўлган муҳаббатга боғланиб кетади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ учун яхши кўрилади. У зотга бўлган муҳаббат мўминнинг қалбида Аллоҳга бўлган муҳаббатнинг зиёда бўлиши билан зиёдалашади, камайиши билан камаяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат у зотни улуғлаш, ҳурматларини жойига қўйишни, у зотга эргашишни, сўзларини ҳамма халқ-ларнинг сўзларидан муқаддам қўйишни ва суннат-ларини улуғлашни тақозо қилади.

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Инсон-га нисбатан ҳар қандай муҳаббат ва улуғлаш фақатгина Аллоҳга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ортидан келмоғи лозим. Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ҳам у зотни пайғамбар қилиб юборган Зотга бўлган муҳаббат ва улуғлаш ичига кириб, уни тўлдиради. Зотан, умматлари Аллоҳни севганларидан у зотни ҳам севишади, у зотни Аллоҳ улуғлагани учун улуғлашади, ҳурматлашади. Демак, бу Аллоҳнинг муҳаббатидандир, Аллоҳнинг муҳаббати тақозосидандир.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга маҳобат ва муҳаббат туширди. Шунинг учун бирон-бир инсон зоти бошқа инсонлар қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан асҳоблари қалбида ўрнашган муҳаббат, ҳайбат ва улуғликка эга бўлган эмас. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Исломга кирганидан кейин айтадики, илгари ҳеч кимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёмон кўргандек ёмон кўрмасдим, мусулмон бўлганимдан сўнг ҳеч ким менга у зотдан кўра севимлироқ ва ҳурматлироқ бўлмай қолди. Агар сизларга у зотни сифатлаб бериш мендан сўралса, буни қилолмаган бўлардим, чунки мен у зотга эҳтиромим кучлилигидан кўзларимни тўлдириб қарай олмас эдим.

Урва ибн Масъуд Қурайшга айтган эди: «Эй қавм, қасам ичиб айтаманки, мен Кисро, Қайсар ва бошқа подшоҳлар ҳузурида бўлганман. Бирон-бир подшоҳни асҳоблари уни Муҳаммаднинг асҳоблари Муҳаммадни улуғлашларича улуғлаганини кўрмадим. Аллоҳга қасамки, уни ҳурматлаганларидан юзига тик боқмай-дилар. Агар тупурса тупиги ерга етиб бормай, улардан бирининг кафтига тушади-да, уни юзларига ва кўкрак-ларига суртадилар. Агар таҳорат қилса, ортган сувини талашиб кетадилар» (Жалоул афҳом: 120-121-с).

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтовларида ғулув ва итроъдан (кўкларга кўтариб мақташдан) қайтарилганлик:

Ғулув – ҳаддан ошиш маъносидадир. Аллоҳ таоло: «Динингизда ғулув кетмангиз (яъни ҳаддингиздан ошмангиз)(Нисо: 171) деган.

Итроъ – ҳаддан ташқари ва ёлғон аралаштириб мақташдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусла-рида ғулув кетишдан мурод – у зотни бандалик ва пайғамбарлик мартабасидан юқори кўтариш ва улуҳият хусусиятларидан биронтасини у зотга нисбат бериш билан – масалан, дуо қилиш, мадад тилаш ёки номларига қасам ичиш билан – ҳаддан ошишдир.

У зот хусусларида итроъдан мурод – ошириб-тошириб ва кўкларга кўтариб мақташдир. У зот ўзлари бундай қилишдан қайтариб айтганлар: «Мени насро-нийлар Ибн Марямни кўкларга кўтаргани каби кўкка кўтариб мақтаманглар! Мен бир бандаман холос. «Аллоҳнинг бандаси ва расули» денглар» (Муттафақун алайҳ). Яъни, мени ёлғон мақтовлар билан мақтаманг-лар, мени мақташда худди насоролар Ийсо алайҳис-саломнинг мақтовларида ғулув кетиб, уни илоҳ деб даъво қилишганидек ҳаддан тажовуз қилманглар. Мени Роббим нима билан сифатлаган бўлса, шу билан сифатланглар, «Аллоҳнинг бандаси ва элчиси» денг-лар.

Асҳобларидан бири у зотга: «Сиз бизнинг саййиди-мизсиз» деганида: «Саййид Аллоҳ таборака ва таоло-дир» деганлар. «Сиз энг афзалимиз ва энг улуғимизсиз» дейишганда: «Одатда ўзингиз айтадиган сўзларни айтаверинглар, шайтон сизларни ўз йўлига юргизиб юбормасин», деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Одамлар: «Эй Расулуллоҳ, эй энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг ўғли, саййидимиз ва саййидимизнинг ўғли!» деб мурожаат қилганларида у зот: «Эй одамлар, одатий сўзингизни айтаверинглар, шайтон сизларни алдаб қўймасин, мен Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбари Муҳаммадман. Мени Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзи қўйган даражадан юқори кўтаришларингизни истамай-ман», деганлар (Аҳмад ва Насоий ривоятлари).

У зот халқлар ичида мутлақ энг афзали ва энг улуғи эдилар. Шундай бўлса-да, ўзларини «Сиз саййидимиз-сиз, сиз энг яхшимизсиз, сиз энг афзалимизсиз, сиз энг улуғимизсиз» каби сўзлар билан мақташларини ёқтирмадилар, асҳобларини у киши ҳақларида ғулув кетишдан ва ортиқча лаганбардорликдан узоқлатиш учун ва тавҳидни ҳимоя қилиш учун шундай қилдилар. Ўзларини банда эришадиган мартабаларнинг энг олийси бўлмиш иккита сифат билан сифатлашга йўлладилар, бу сифатларда ғулув ҳам, ақидага хатар ҳам йўқ эди, у икки сифат – «Аллоҳнинг бандаси ва Расули» деган сифатлар эди. Ўзларини Аллоҳ азза ва жалла ўрнатган мартабадан юқори кўтаришларини истамадилар. Бироқ эндиликда кўп одамлар у зотнинг бу қайтариқларига хилоф қилишди, у зотга дуо қиладиган, мадад тилайдиган, номлари билан қасам ичадиган, Аллоҳдан бошқасидан сўраш мумкин бўлмайдиган нарсаларни у кишидан сўрайдиган бўлдилар. Мавлудларда, қасидаларда ва нашидларда қилаётганлари каби, Аллоҳнинг ҳаққи билан Расули-нинг ҳаққини ажрата олмайдиган бўлдилар.

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг манзилат (даража)ларини баён қилиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ мақтаган сўзлар билан мақтаб, манзилатларини баён қилишнинг, Аллоҳ у зотни у билан муфаззал этган даражаларини зикр қилишнинг ва шундай эътиқод қилишнинг зарари йўқ. У зотнинг Аллоҳ тарафидан берилган олий манзилатлари бор, Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, халқлари ичидаги мутлақ энг яхши ва энг афзал кишисидирлар. У зот барча одамларга, инсу жиннинг ҳаммасига Аллоҳнинг расулидирлар, пайғам-барларнинг энг афзали ва энг сўнггисидирлар, у зотдан кейин пайғамбар келмайди. Аллоҳ у зотнинг қалб-ларини кенг-мунаввар қилиб қўйган, зикрларини юксалтириб қўйган, у зотнинг амрларига хилоф қилганларга хорликни битган, у зот Аллоҳ таоло тарафидан ваъда қилинган мақоми маҳмуд (мақтовли ўрин) эгасидирлар: «Шоядки, Роббингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, умматларингизни шафоат қиладиган) мақомда тирилтирур» (Исро: 79). Бу мақом бутун пайғамбарлар ичидан ёлғиз у зотнинг ўзларига хос мақомдир, у зот халқларнинг Аллоҳдан энг қўрқувчироғи ва тақволироғидирлар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ҳузурларида овозларни кўтаришдан қайтарган ва у зот ҳузурларида овозларини пасайтирувчи кишиларни мақтаган:

«Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғам-барнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг пай-ғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни, тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад), албатта (сизнинг аҳли аёлларингиз истиқомат қиладиган) ҳужралар ортидан туриб сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимса-лардир. Агар улар то сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча (сизни чақириб безовта этмасдан) сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлур эди. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Ҳужу-рот: 2-5).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: Бу оят-ларда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қиладиган муомалаларида қилишлари лозим бўлган ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш, овозларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг овозларидан кўтармаслик каби ишлар хусусида одоб берди. Аллоҳ таоло у зотни бошқа одамлардек, исмлари билан: «Эй Муҳаммад» деб чақиришни ман қилди, у зотни фақат рисолат ва нубувват сифатлари билангина: «Ё Расулул-лоҳ», «Эй Аллоҳнинг пайғамбари» деб чақирилиш лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй мўминлар), пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангизлар (яъни у зотни ҳурмат-эҳтиром билан «Эй Аллоҳнинг пайғамбари», деб чақиринглар)» (Нур: 63). Аллоҳ субҳанаҳунинг Ўзи ҳам у зотга: «Я айюҳан-набий», «Я айюҳар-росул» деб хитоб қилган.

Аллоҳ таоло ва фаришталари у зотга саловот йўл-лаб туради, Аллоҳ таоло бандаларини ҳам саловот айтишга буюрган: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою саловот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Лекин, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовлари учун Китобу Суннатдан далилсиз бирон муайян вақт ва ҳолатни хослаб ажратилмайди, мавлудхонлар қилаётганидек, у зотнинг туғилган кунлари деб даъво қилинадиган бир кунни мақтовлари учун хослаш мункар бидъатдир.

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат-ларини улуғлаш, унга амал қилиш вожиб деб эътиқод қилиш, суннат – таъзимлаш ва амал қилиш вожиблиги жиҳатидан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради, чунки у Аллоҳ таоло тарафидан ваҳийдир, деб эътиқод қилиш ҳам у зотнинг ўзларини улуғлаш жумласига киради. Аллоҳ таоло айтади: «Ва у ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм: 3-4).

У зотнинг ҳадисларини шубҳа остига қўйиш ёки шаънини пасайтириш ёки ривоят йўллари ва санадларини саҳиҳ ёки заиф деб санаш ё маъноларини шарҳлаш фақатгина чуқур илм ва ҳофиза эгаси бўлган зотларгагина жоиз бўлади. Ҳозирги даврга келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида жоҳилона журъат билан сўзлов-чилар кўпайган, хусусан ҳали таълимнинг дастлабки босқичларида бўлган ўспирин ёшлар тарафидан бу иш кўпроқ содир бўлади, улар бир неча китоблар кўрган бўлиб, ўзларича ҳадисларни саҳиҳ ва заифга ҳукм қиладиган, ровийлар шаънида илмсизлик билан фикр билдирадиган бўлганлар. Бу уларнинг ўзларига ҳам, умматга ҳам катта хатардир. Шундай экан, Аллоҳдан қўрқсинлар, ўз ҳадларини билсинлар.


ИККИНЧИ БЎЛИМ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ва эргашишнинг вожиблиги ҳақида

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш у зот буюрган нарсани қилиш ва қайтарган нарсани тарк қилишни вожиб қилади ва бу «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деган шаҳодатнинг талаби ҳамдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло у зотга итоат қилишимизни кўп оятларда буюрган. Гоҳо у зотга итоат Аллоҳга итоат калимаси билан ёнма-ён келади. Масалан, Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни, мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).

Бу каби оятлар кўп. Гоҳо алоҳида суратда ҳам буюради:

«Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди» (Нисо: 80).

«Ва пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд раҳ-матга эришсангизлар» (Нур: 56).

Гоҳо расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган кимсаларга ваъид (таҳдид) оятлари келади. Аллоҳ таоло айтади:

«Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63).

Яъни, қалбларига куфр, мунофиқлик, бидъат каби фитналар етиши ёки дунёда аламли азоб бўлмиш қатл этилиш, жазо, қамоқ ёки шу каби тезкор уқубатлар етиши мумкин. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишни ва эргашишни банданинг Аллоҳ муҳаббатига эришишига, гуноҳлари мағфират этилишига сабаб қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсан-гиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).

Шунингдек, у зотга итоат қилишни ҳидоят, осий бўлишни залолат деб атади:

«Агар унга бўйинсунсангиз, ҳидоят топурсиз-лар» (Нур: 54).

«Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Аллоҳ бундай золим қавмни хидоят қилмас» (Қасас: 50).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотда умматлари учун гўзал намуна борлигини хабар берди:

«(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21).

Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу ояти карима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўзларида, амалларида, барча ҳолатларида намуна қилиб ушлаш-даги катта аслдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таборака ва таоло «Аҳзоб» кунида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сабру тоқатларини, чидам ва матонат-ларини, жиҳодларини, Робби азза ва жалладан кенглик-ёруғлик кутишларини ўрнак ва намуна қилиб олишга буюрди. Қиёмат кунигача у зотга Аллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин».

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Расулга ва унга эргашган-ларга итоат қилишни Қуръоннинг қирққа яқин ўрнида такрор-такрор келтирди. Инсонлар Расулуллоҳ ва унинг издошлари олиб келган нарсага емоқ-ичмоққа муҳтож бўлгандек муҳтождирлар. Чунки емоқ-ичмоқсиз дунёда ўлим вужудга келади. Расул ва унинг издошларига итоатсизлик билан эса доимий азоб ва бахтсизлик вужудга келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ибодатларни адо қилишда ўзларига эргашишга ва уларни ўзлари адо қилаётган кайфиятда адо қилишга буюрдилар:

«Менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек намоз ўқинглар» (Имом Бухорий ривояти).

«Мендан ҳаж ибодатларингизни ўрганинглар» (Имом Муслим ривояти).

«Ким бизнинг амримиз бўлмаган ишни қилса, у рад қилингандир» (Муттафақун алайҳ).

«Ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас» (Муттафақун алайҳ).

Ва бошқа ҳадислар борки, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга буйруқ ҳамда у зотга қарши чиқишдан қайтариқлар бордир.


УЧИНЧИ БЎЛИМ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар йўллашнинг шаръийлиги ҳақида

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловоту саломлар айтишни у зотнинг ҳақларидан қилди ва умматга у зотга саловот ва салом айтишни машруъ қилди. Аллоҳ таоло айтади:

«Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою саловот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Аллоҳ таолонинг саловоти фаришталар ҳузурида у зотни мақташи, фаришталарнинг саловоти дуо, инсонларнинг саловоти истиғфор айтишдир (Бухорий Абул Олиядан зикр қилган).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятда бандаси ва набийсининг Ўз ҳузуридаги – малаъул аълодаги манзилатидан хабар берди. Яъни, Аллоҳ у кишини муқарраб фаришталар ҳузурида мақтайди, фаришталар у кишига саловот йўллайдилар, сўнг Аллоҳ таоло юқори ва қуйи олам аҳлининг мақтови жам бўлиши учун қуйи олам аҳлини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва салом йўллашга буюрди.

«Саломлар айтинглар!» маъноси – Ислом саломи билан салом беринглар, демакдир. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтилса, саловот ва салом баробар айтилиши керак, биттасига чекланиб қолмаслик лозим. Яъни, фақат «соллаллоҳу алайҳи» дейилмайди ва фақат «алайҳиссалом» ҳам дейилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини баробар айтишга буюрди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтмоқлик баъзи ўринларда матлуб ва зарурий бўлиб, вожиб ёки суннати муаккада ҳисобланади.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Жалоул афҳом» китобида саловот айтишнинг 41та ўрнини келтиради ва биринчи ўринни ушбу сўзлар билан бошлайди: «Саловот айтишнинг энг муҳим ва энг таъкидлироғи намозда ташаҳҳуддан кейинги саловот бўлиб, мусулмонлар унинг шаръий эканига ижмоъ қилишган, вожиб эканида ихтилоф қилишган». Сўнг қунут дуосининг охирида, жума, икки ҳайит ва истисқо намозлари хутбаларида, муаззинга жавоб айтгандан кейин, дуо пайтида, масжидга кириш ва чиқишда, у зотнинг номлари зикр этилганда каби ўринларини айтиб ўтади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва салом айтиш ўринларини айтиб ўтгач, бу саловотлардан ҳосил бўладиган самараларни зикр қилади ва улардан 40тасини санаб ўтади (Жалоул афҳом: 203-с).

Жумладан:

Ø Бу билан Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниш бор;

Ø Бир марта саловот айтганга Аллоҳ таолодан 10 саловот ҳосил бўлади;

Ø Дуо қилишдан олдин саловот айтса, ижобатига умид бўлади;

Ø Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга васила сўраш билан саловот йўлласа, у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатига эришишига сабаб бўлади;

Ø Саловот йўллаш гуноҳларнинг кечирилишига сабаб бўлади;

Ø Саловоту салом айтувчига Пайғамбар соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг жавоб қайтариш-ларига сабаб бўлади.

Ўша улуғ пайғамбарга Аллоҳнинг саловоту салом-лари бўлсин.


ТЎРТИНЧИ БЎЛИМ:

Аҳли байтнинг фазли ва улар хусусида жафо ҳам қилмай, ғулув ҳам кетмай эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида

Аҳли байт – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг садақа ейишлари ҳаром бўлган хонадон аҳли бўлиб, улар Алий оиласи, Жаъфар оиласи, Ақил оиласи, Аббос оиласи, Ҳорис ибн Абдулмуттолиб авлоди ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ва қизларидир.

Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй пайғамбар) хонадо-нининг аҳли, Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос» (Аҳзоб: 33).

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ «Тафсир»ида ёзади: «Қуръонни тадаббур қилган киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳам мазкур оят остига киришлари ҳақида шак-шубҳа қилмайди, чунки аслида гапнинг оқими улар ҳақида бормоқда. Шунинг учун кейинги оятда: «(Эй пайғамбар аёллари,) уйларингизда Аллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни пайғамбар ҳадислари)дан иборат тиловат қилина-диган нарсаларни зикр-тиловат қилинглар!» (Аҳ-зоб: 34) дейилади. Яъни, Аллоҳ таборака ва таоло сизларнинг уйларингизда Ўз Расулига нозил қилаётган Китоб ва Суннатга амал қилинглар (Қатода ва бошқалар тафсирига кўра), бутун инсонлар орасидан фақат сизларга хосланган бу неъматни зикр қилинглар, зотан ваҳий бошқаларнинг эмас, айнан сизларнинг уйингизда тушмоқда. Оиша Сиддиқа бинт Сиддиқ розияллоҳу анҳо улар ичида ушбу неъматга энг лойиқроқ ва бу хусусда улуши энг кўп ва бу умумий раҳматдан хосланганроқдирлар. Чунки, бу зотнинг тўшакларидан бошқа бирон аёлнинг тўшагида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил бўлган эмас. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар».

Аҳлус-сунна вал-жамоа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларини яхши кўради-лар, дўст тутадилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг улар хусусида қилган васиятларини ёдда тутадилар: «Аҳли байтим хусусида сизларга Аллоҳ(дан қўрқиш)ни эслатаман» (Имом Муслим ривояти).

Аҳлус-сунна уларни яхши кўрадилар ва ҳурмат қиладилар. Чунки, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва ҳурматлаш жумласидандир. Фақат шарти шуки, улар худди аждодлари бўлмиш Аббос ва унинг авлоди, Алий ва унинг авлоди каби суннатга эргашувчи, динда мустаҳкам турган бўлиш-лари керак. Аммо, суннатга хилоф қилган ва динда барқарор бўлмаган кишиларни гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, дўст тутиш жоиз эмас.

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтга нисбатан мўътадил ва инсоф билан муносабатда бўладилар, улар ичидан динда мустаҳкам турувчи кишиларни дўст тутадилар, суннатга мухолиф бўлган ва диндан четланган кимсалардан гарчи аҳли байтдан бўлсалар-да, воз кечадилар. Зеро, ундай кимсаларнинг аҳли байтдан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндошларидан бўлишлари то динда барқарор бўлмагунларича уларга ҳеч қандай фойда бермайди.

«Ва яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндош-уруғларини чорлаб, уларга шундай хитоб қилдилар:

«Эй Қурайш жамоаси – ёки шунга ўхшаш сўз – ўз жонингизни қутқариб олинг, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмутталиб, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарса-ни сиздан тўса олмайман. Эй Расулуллоҳнинг аммаси София, мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Фотима бинт Муҳаммад, молимдан истаганингча сўра, бироқ мен Аллоҳнинг азобидан бирон нарсани сендан тўса олмайман» (Имом Бухорий ривояти).

Яна ҳадис шариф борки: «Қай бир кимсани амали (саодат даражасига етишда) кечиктирган бўлса, насаби уни тезлата олмайди» (Имом Муслим ривояти).

Аҳлус-сунна вал-жамоа аҳли байтнинг баъзилари хусусида ғулув кетиб, уларни гуноҳдан мутлақ пок деб даъво қиладиган рофизийлардан ҳам, ҳақ йўлда бар-қарор бўлган аҳли байтларга адоват қиладиган, уларга таъна-маломат тошлари отадиган носибийлардан ҳам, аҳли байтни Аллоҳга восита қиладиган ва уларни илоҳлаштирадиган бидъат ва хурофот аҳлидан ҳам ўзларини пок деб биладилар.

Аҳлус-сунна бу ва бошқа хусусларда мўътадил манҳаж ва тўғри йўл устидадир. Улар аҳли байт ва улардан бошқалар ҳақида ҳаддан ҳам ошмайдилар, беписандлик ҳам қилмайдилар, жафо ҳам қилмайдилар, ғулув ҳам кетмайдилар, ғулув кетувчилардан ўзларини пок санайдилар. Амирул мўминийн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўзи ҳақида ғулув кетган кимсаларни тириклай ўтга ташлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо уларни ўлдиришни қўллаб-қувватлади, бироқ ўтда ёндириш ўрнига қилич билан қатл қилиш тарафдори бўлди. Алий розияллоҳу анҳу ғулувчиларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Сабаъни ўлдириш мақсадида излатганида у қочиб яширинди.


БЕШИНЧИ БЎЛИМ:

Саҳобаларнинг фазилатлари ва улар хусусида эътиқод қилиш вожиб бўлган нарсалар ҳақида, саҳобалар орасида вужудга келган ишлар хусу-сида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли ҳақида

Саҳобадан мурод кимлар? Улар хусусида қандай эътиқод қилиш керак бўлади?

Саҳоба – саҳобий сўзининг кўплиги бўлиб, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўришган, у зотга иймон келтириб, мўмин ҳолида ўлган кишидир. Уларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамсуҳбат бўлганлик, бирга жиҳод қилган-лик, у зотдан шариатни қабул қилиб, ўзларидан кейин-гиларга етказганлик хусусиятлари билан умматнинг энг афзали, даврларнинг энг яхшиси деб эътиқод қилиш вожиб бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг улуғ Китобида мақтаб, шундай дейди:

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадам-лари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатли-дирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сужуд қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофир-ларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Таврот-даги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлаган-дир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз новдасида тик турган, деҳқонларни лол қолдира-диган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкла-ридан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳо-жирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожир-лардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансор-лар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни севарлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллиги-дан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» (Ҳашр: 8-9).

Бу оятларда Аллоҳ субҳанаҳу муҳожир ва ансорларни мақтади ва уларни яхшиликлар сари шошилувчи пешқадамлар деб сифатлади ҳамда улар-дан рози эканлигини, уларга жаннатларни ҳозирлаб қўйганлигини хабар берди. Уларни ўзаро бир-бирларига меҳрибон, кофирларга нисбатан қаттиққўл деб, рукуъ ва саждалари кўп, қалблари пок ва иймону тоат белгилари билан танилиб турадилар, деб сифатла-ди. Уларни кофир душманларни ғамга солишда Ўз пайғамбарига шерикликка танлаганини айтди. Шу-нингдек, муҳожирларни ўз ватанларини, мол-дунё-ларини Аллоҳ учун, динининг нусрати учун, Аллоҳнинг фазли ва розилигини умид қилиб тарк қилдилар ва шунда содиқ қолдилар, деб сифатлади. Ансорларни эса ҳижрат ва нусрат ҳовлиси соҳиблари ва содиқ иймон аҳли деб сифатлади, уларнинг муҳожир биродарларига бўлган муҳаббатларини, муҳожирларни ўзларидан афзал кўрганликларини ва уларга нисбатан ҳамдарду хайрихоҳ бўлганликларини, бахилликдан саломат бўлганликларини васф қилди ва шу билан нажотга эришганликларининг хабарини берди. Бу айтиб ўтилганлар уларнинг умумий фазилатларидан баъзиси бўлиб, муҳожиру ансорлардан ҳар бирининг баъзиларини баъзиларидан афзал қилиб турадиган мартабалари, хос фазилатлари бор ва бу уларнинг Исломга, жиҳодга, ҳижратга ошиқишларига қараб ўлчанади. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

Саҳобаларнинг афзали тўрт халифа – Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумдирлар. Сўнг жаннат хушхабари берилган ўн киши – мазкур тўрт халифа ва Талҳа, Зубайр, Абдурраҳмон ибн Авф, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Саид ибн Зайддирлар розияллоҳу анҳум ажмаийн.

Муҳожирлар ансорлардан, Бадр ва Ризвон аҳллари-дан афзалдирлар. Макка фатҳидан илгари Исломга кириб, жанг қилганлар Фатҳдан кейин Исломга кирганлардан афзалдир.

Саҳобалар ўртасида воқеъ бўлган фитна ва жанглар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг тутган йўли

Фитна сабаби:

Яҳудлар Исломга ва мусулмонларга қарши тил бириктиришди, улардан бири Яман яҳудларидан бўл-миш Абдуллоҳ ибн Сабаъ исмли маккор ва ифлос бир кимса ўзини мусулмон қилиб кўрсатиб, мусулмонлар ичида хулафои рошидийннинг учинчилари Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қарши кин-адоват ва заҳар пуфлай бошлади, унинг зиддига туҳматлар ёғдира бошлади. Унинг сўзларига алданган фикри тор, иймони заиф, фитнани яхши кўрадиган кимсалар унинг атро-фида тўпландилар. Тил бириктирув халифаи рошид Усмон розияллоҳу анҳунинг мазлум бўлиб ўлдири-лиши билан ниҳоя топди. Унинг ортидан мусулмонлар орасида ихтилоф келиб чиқди. Мазкур яҳудий ва унинг издошлари ташаббуси билан фитна авж олди, охир-оқибат саҳобалар орасида уруш келиб чиқди.

Таҳовия шориҳи айтади: «Олимларнинг айтиш-ларича, рофизийликнинг аслини мақсади Ислом дини-ни йўқ қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантириш бўлган зиндиқ мунофиқ келтириб чиқарган. Абдуллоҳ ибн Сабаъ ўзини мусул-мон кўрсатиб, ўз макри ва ифлослиги билан худди Булис насронийлик динига қилганидек Ислом динига путур етказишни истади. У ўзини художўй қилиб кўрсатди, амри маъруф, наҳий мункар қилувчи бўлиб кўринди. Охири бориб Усмон розияллоҳу анҳуга фитна уюштириш ва ўлдириш ишига харакат қилди. Кейин Кўфага келиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришиш учун Алий розияллоҳу анҳу хусусида ғулув қилиш ва унга мадад беришни изҳор қилди. Бу нарса Алий розияллоҳу анҳуга етиб боргач, у киши уни ўлдирмоқчи бўлдилар. Шунда у Қирқийсга қочиб кетди. Бу хабар тарихда машҳур».

Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Усмон розиял-лоҳу анҳу ўлдирилгач, қалблар бирлаша олмай қолди, қайғу ғамлар улканлашди, ёмонлар ғолиб бўлиб, яхшилар хор бўлди. Фитна чиқара олмай юрганлар ҳаракатга тушдилар. Яхшилик, ислоҳни яхши кўра-диган кишилар уни барпо қилишдан ожиз бўлиб қолдилар ва амирул мўминийн Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга байъат бердилар. Дарҳақиқат, у киши ўша пайтда халифаликка энг лойиқ ва бошқалардан кўра афзалроқ эди. Аммо, қалблар тарқоқ, фитна олови ёқилган эди, сўзлар бир-бирига тўғри келмас, жамият издан чиққан, халифа ва яхши инсонлар ўзлари мақсад қилаётган барча яхшиликларга имкон топа олмасдилар. Кўпчилик бўлиниш ва фитнага аралашиб кетди ва бўлар иш бўлди».

Алий ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасидаги урушга аралашган саҳобаларнинг узрларини баён қилиб, яна шундай дейди: «Муовия халифалик даъво қилмаган, у Алий билан жангга кирганида унга халифа сифатида байъат берилмаган ва халифа сифатида жангга кирмаган, халифаликка лойиқ ҳам эмасди. Буни Муовия ҳам, унинг тарафдорлари ҳам эътироф этишар-ди. Муовия ва тарафдорлари Алий ва унинг тараф-дорларига қарши уруш бошлаш ва уларга ғолиб бўлишни ўйламаган ҳам эди. Бироқ, Алий розияллоҳу анҳу ва у кишининг асҳоблари у кишига итоат қилиш ва байъат бериш лозим, чунки мусулмонлар учун фақат битта халифа бўлиши керак деган фикрда эдилар ва Муовия ва унинг тарафдорларини у кишининг итоатидан ташқарида ҳисоблаб, уларни ягона халифага итоат қилдириш ва жамоатни сақлаб қолишни ўз вазифалари деб кўрдилар, бу вазифани адо қилиш мақсадида уларга қарши жанг қилиш фикрида бўлдилар. Муовия ва унинг тарафдорлари эса, Алийга итоат қилиш бизга вожиб эмас, агар бизга қарши уруш очилса, биз мазлум ҳолда урушга кирамиз, чунки Усмон билиттифоқ мазлум бўлиб ўлдирилди, унинг қотиллари Алийнинг лашкари ичида, улар шавкат ва қудрат соҳиби, агар биз тийилсак улар бизга ҳам зулм ва тажовуз қилишади, Алий эса худди Усмонни ҳимоя қила олмаганидек бизни ҳам улардан ҳимоя қила олмайди, биз бизнинг ҳақимизда инсоф қилишга қодир бўлган халифага байъат қилишимиз лозим, дейишар-ди».

Саҳобалар орасида урушлар келтириб чиқарган фитна ва пайдо бўлган ихтилофлар хусусида аҳлус-сунна вал-жамоанинг фикри икки ишда умумлашади:

Биринчи иш: Улар саҳобалар орасида вужудга келган нарсалар ҳақида гапиришдан тўхталадилар ва у ҳақда баҳс юритишдан тийиладилар, чунки бундай ҳолатларда сукут сақлаш омонлик йўлидир ва айтадилар:

«Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Эй Роббимиз, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).

Иккинчи иш: Саҳобаларнинг камчиликлари ҳақи-да ривоят қилинган сўзларга бир неча тарафлама жавоб айтилади:

Биринчи: Бу сўзлар орасида душманлар уларнинг обрўларини тўкиш учун тўқиб чиқарган ёлғонлар мавжуд.

Иккинчи: Бу сўзларга қўшиб юборилган, камайти-рилган, яъни аслидан ўзгартирилиб ёлғонлар киргизил-ган, шу боис уларга эътибор берилмайди.

Учинчи: Бу сўзлар ичидан тўғри бўлганлари ҳам – улар эса жуда оз – улар бунда маъзурдирлар. Чунки, улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодлари ортидан ё тўғри топган ё эса хато қилган бўлиб чиқадилар. Чунки, бу ижтиҳод қилинадиган ўринлардан бўлиб, агар мужта-ҳид тўғри топса икки ажрга, хато қилса бир ажрга эга бўлади ва унинг хатоси кечирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар ҳукм қилувчи ижтиҳод қилиб, тўғри топса, унга иккита ажр, ижтиҳод қилиб, хато қилса, унга битта ажр бўлади» (Муттафақун алайҳ).

Тўртинчи: Саҳобалар ҳам инсон, шахс сифатида хато қилишлари мумкин. Улар шахсларга нисбатан гуноҳдан пок эмаслар. Лекин улардан содир бўлган нарсаларга бир неча каффоратлар бор:

— Тавба қилган бўлишлари. Тавба ҳар қанча гуноҳ-ни ўчириб юборади. Бу ҳақда далиллар келган.

— Агар улардан бирор хато содир бўлган тақдирда ҳам, уларнинг ўша хатонинг кечирилишига олиб келадиган фазилатлари, хусусиятлари бор. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур» (Ҳуд: 114).

— Уларга бошқаларга нисбатан кўп яхшиликлар ато этилган. Фазлда ҳеч ким уларга тенглаша олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва сал-ламнинг сўзлари билан собит бўлганки, улар энг яхши аср кишилари, улардан бирларининг бир мудд қилган садақаси бошқаларнинг Уҳуд тоғича қилган садақаларидан ортиқроқ (Мутта-фақун алайҳ). Розияллоҳу анҳум ва арзоҳум ажмаъийн.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бутун аҳлус-сунна вал-жамоа ва дин имомларининг ҳаммалари саҳобалардан биронтасини, энг яқинларини ҳам, собиқийнларини ҳам, бошқаларини ҳам маъсум – гуноҳдан пок деб эътиқод қилмайдилар. Балки улар ҳам гуноҳга тушиб қолишлари мумкин. Аллоҳ таоло улар-ни тавба сабабли кечиради, даражаларини кўтаради ва гуноҳларни ўчирувчи яхшиликлар ёки бошқа сабаблар билан кечиради. Аллоҳ таоло айтади:

«Рост Қуръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салоту вассалом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) – ана ўшалар тақводор зотлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни жаннатда) ўзлари хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир. Зеро Аллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини ўчириб, қилиб ўтган энг чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар» (Зумар: 33-35).

«Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Роббим, мени Сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга муваф-фақ этгин ва Ўзинг мен учун зурриётимда ҳам яхшилик қилгин (яъни фарзандларимни ҳам аҳли солиҳ бандаларингдан қилгин). Албатта мен Сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонлардандирман», деди. Ана ўшалар шундай зотлардирки, Биз улардан қилган энг чиройли амалларни қабул қилурмиз ва жаннат эгалари қаторида уларнинг ёмонлик гуноҳларидан ўтиб юборурмиз» (Аҳқоф: 15-16)». (Мажмуъул фато-во: 35,69).

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг душманлари фитна вақти-да саҳобалар орасида келиб чиққан ихтилоф ва жангу жадални уларни камситиш ва ҳурматларига тил теккизишга сабаб қилиб олдилар. Баъзи замондош ёзувчилар ҳам бу хабис йўлни тутиб, ўзлари билмаган нарсалари ҳақида вайсашади. Ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари орасида гўё ҳакам қилиб олиб, нодонлик билан, ҳеч қандай далилсиз равишда улардан баъзиларини тўғриликка, баъзиларини хатокорликка ҳукм қилишади, шарқ-шунослар ва уларнинг думлари бўлмиш ғаразли кимсалар сўзини такрорлашади. Айрим саёз билимли ёш мусулмонларни ўзларининг улуғ умматлари тарихи-га ва асрларнинг яхшиси бўлган салафи солиҳлари тарихига нисбатан шубҳага соладилар, Исломни айблашни ва мусулмонларнинг бирлигини бўлиб ташлашни истайдилар, салафи солиҳларга эргашиш ва Аллоҳ таолонинг: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Эй Роббимиз, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10) деган сўзларига амал қилиш ўрнига бу умматнинг охиргилари қалбига ав-валгиларга нисбатан адоват солишни кўзлайдилар.