×
Ушбу мақолада маҳси устига масҳ тортиш ҳукми, масҳ тортиш муддати, масҳ тортиш шартлари, масҳни бузувчи нарсалар, салла ва рўмол устига масҳ тортиш кайфияти, боғлам устига масҳ тортиш кайфияти каби масҳ аҳкомлари баён қилинади.

Маҳсига масҳ тортиш аҳкомлари

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

أحكام المسح علي الخفين
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: أبو محمد علي البخاري

 Таҳорат китоби.
Маҳсига масҳ тортиш аҳкомлари

Масҳ тортиш: Ўзига хос равишда маҳси (пойабзал)[1] устига масҳ тортиш билан Оллоҳга ибодат қилмоқдир.

Маҳси: Оёққа кийиладиган, тўпиқларни ёпиб турадиган ва тери ва шунга ўхшаш нарсалардан қилинган ҳар қандай пойабзал номидир.

Пайпоқ: Оёққа кийиладиган, тўпиқларни ёпиб турадиган ва пахта ва шунга ўхшаш нарсалардан тикилган ҳар қандай кийим номидир.

 Маҳси устига масҳ тортиш ҳукми:

Муғира ибн Шўъба разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Мен кечаларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. У зот (уловдан ёки пастликка) тушдилар ва таҳорат ушатиб, сўнгра келдилар. Мен ёнимдаги идишдан сув қуйиб турдим, у зот таҳорат олдилар ва маҳси(пойабзал)ларига масҳ тортдилар” (Муттафақун алайҳи)[2].

 Масҳ тортиш муддати:

1- Муқим учун бир кеча-кундуз, мусофир учун уч кеча-кундуз (маҳсиларини ечмаган бўлса) маҳсилари устига масҳ тортиши мумкин. Масҳ тортиш муддати (таҳорат билан) маҳсиларни кийгандан кейин, илк масҳ тортган пайтдан бошланади.

Али ибн Аби Толиб разияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳсига масҳ тортиш муддатини (маҳсини ечмаслик шарти билан) мусофир кишига уч кеча-кундуз, муқим кишига эса бир кеча-кундуз олароқ тайин қилдилар” (Муслим ривояти)[3].

2- Ўт ўчирувчилар ва қутқарув хизмати ходимлари сингари оммавий фалокат ва фавқулотдаги ҳолатларда ишловчилар ҳамда хабар элтувчи чопарлар каби мусулмонлар манфаати йўлида юрувчи мусофирларга маҳсини ечиб-кийиш машаққат туғдиргани боис уларга масҳ тортиш муддати қўйилмайди.

 Масҳ тортиш шартлари:

— Оёқ кийим мубоҳ, покиза бўлиши ва тўпиқларни ёпиб туриши ҳамда таҳорат билан кийилган бўлиши керак;

— Масҳ тортиш кичик бетаҳоратликдан ва мусофир ва муқим учун яроқли масҳ тортиш замонида бўлиши керак.

 Маҳсига масҳ тортиш кайфияти:

Масҳ қуйидагича тортилади: икки қўлни сувлаб, ўнг қўли билан ўнг оёғидаги маҳси (ҳар қандай тўпиқни ёпиб турувчи пойабзал)ни ёки пайпоқнинг устки қисмини оёқ бармоқлари томондан бошлаб болдирнинг пастки қисмигача бир марта силайди. Оёқнинг остки қисми ва товонга масҳ тортилмайди.

Кейин чап қўли билан чап оёғига мазкур кўринишда масҳ тортади. Масҳ тортишда ўнг оёқ чап оёқдан муқаддам қўйилади.

Кимда-ким таҳоратли ҳолида пайпоқ устидан пайпоқ кийган бўлса, энг устидагига масҳ тортаверади. Борди-ю, устидагисини бетаҳорат пайтида кийган бўлса, остидагига масҳ тортади.

Кимда-ким сафардалик чоғида бир кун маҳсисига масҳ тортган бўлса, кейин шаҳрига қайтса, муқим кишининг бир кеча-кундузлик масҳини том қилиши мумкин. Муқим киши муқимлик чоғида бир кун маҳсисига масҳ тортган бўлса, кейин сафарга чиқса, мусофир кишининг уч кеча ва кундузлик масҳини тўлиқ қилиши мумкин. (Яъни ҳар икки ҳолатда ҳам масҳ муддати янгидан бошланади.)

 Маҳсига тортилган масҳни бузувчи нарсалар:

1. Пойабзал оёқдан ечилганда.

2. Жунублик каби ғусул вожиб бўлганда.

3. Масҳ тортиш муддати ниҳоясига етганда.

Таҳоратга келсак, таҳоратни бузувчи нарсалардан бири билангина бузилади. (Яъни масҳ тортилган маҳсининг ечилиши ёки масҳ муддатининг тугаши таҳоратга таъсир қилмайди.)

 Салла ва рўмол устига масҳ тортиш кайфияти:

1- Эркак киши саллага (дўппи ҳам шу жумладан), аёл киши рўмолга эҳтиёж бўлганда масҳ тортиши мумкин, бунга (маҳсига масҳ тортиш муддатига ўхшаш) муайян вақт белгиланмаган.

Салланинг ёки рўмолнинг аксар қисмига масҳ тортилади. Булар таҳорат билан кийилган бўлиши авлодир.

Парик салла ёки аёллар рўмоли ҳукмида бўлиб, таҳоратда унга масҳ тортиш жоиздир. Ғуслда эса ечиш вожибдир. Таҳорат олишда агар машаққат туғдирмаса, парикни ечиб, асл сочга масҳ тортиш вожибдир.

Амр ибн Умайя разияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг салла ва маҳсиларига масҳ тортаётганини кўрдим” (Бухорий ривояти).[4]

2- Кичик ва катта ҳожат ҳамда уйқу сингари кичик бетаҳоратликда маҳси, пайпоқ, салла ва аёллар рўмолига масҳ тортиш жоиздир. Масҳ муддати дамларида жунуб бўлиб қолса, масҳ тортиш мумкин эмас, чунки бу ҳолатда бутун баданни ювиш шартдир.

 Боғлам устига масҳ тортиш кайфияти:

1- Шина ва боғламлар ечилгунига довур, агарда вақт узайиб кетса ҳам, жунуб бўлиб қолса ҳам, бетаҳорат қўйилган бўлса ҳам, унинг ҳамма томонига масҳ тортиш вожибдир. Агар ҳамма томонига масҳ тортиш имконсиз бўлса, бир қисмига масҳ тортиш кифоя қилади.

2- Жароҳат агар очиқ бўлса, сув билан ювишлик вожибдир. Агар ювиш зарар берса, сув билан масҳ қилинади, борди-ю, бу ҳам имконсиз бўлса, сув ўрнига таяммум қилади (яъни, сув билан эмас, тупроқ, қум каби ер жинсидан бўлган бирор нарсага қўлини уриб жароҳат устига масҳ тортади).

Агар жароҳат ёпиқ бўлса, устидан сув билан масҳ тортади, борди-ю, бу имконсиз бўлса, таяммум қилади. Мазкур икки ҳолатда ҳам таяммум таҳорат олиб бўлгандан кейин қилинади.

* * *

[1] Тўпиқларни ёпиб турадиган ҳар қандай пойабзал, араб тилида келган “хуфф” калимасига тўғри келади. Пайғамбаримиз давридаги “хуфф” деб аталган пойабзал совуқ кунларда кийилган ва ўша билан юрилган, яъни унинг устидан ҳеч нарса кийилмаган. Бизнинг ўлкамиздаги маҳсилар эса, мазкур “хуфф”ни тўлақонли ифодаламайди. (Таржимон)

[2] Бухорий (203), Муслим (274) ва бу ҳадис унинг лафзи.

[3] Муслим (276).

[4] Бухорий (205).