×
Ушбу мақолада Пайғамбаримизнинг хавф намозида тутган йўллари қандай бўлганлиги қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

Пайғамбаримизнинг хавф намозидаги суннатлари

«Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

هدي النبي صلى الله عليه وسلم في صلاة الخوف
مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

د. أحمد بن عثمان المزيد

—™

Таржима: Абу Абдуллоҳ Шоший

Таҳрир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

مراجعة: أبو محمد علي البخاري

 7- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
хавф-қўрқув намозида тутган йўллари
[1]

1- Душман қибла билан мусулмон қўшин орасида бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозда қуйидагича йўл тутар эдилар: Мусулмон қўшинни орқаларига икки саф қилиб жойлаштирар ва намозни бошлар эдилар. Ул зот алайҳиссалоту вассалом такбир айтар, жамоат ҳам ҳаммаси такбир айтиб намозни бошлар, сўнгра биргаликда рукуъ қилиб, рукуъдан турар, кейин эса ул зот алайҳиссалоту вассаломнинг орқасидаги биринчи сафдагилар ул зот билан бирга сажда қилар, орқа сафдагилар эса душманга юзланиб турар эдилар. Ул зот алайҳиссалоту вассалом ва биринчи сафдагилар иккинчи ракаатга турганларида, орқа сафдагилар икки саждани қилиб ўринларидан турар ва биринчи сафнинг фазилатини қўлга киритиш ҳамда ул зот алайҳиссалоту вассалом билан иккинчи ракаатда бирга сажда қилиш шарафига муяссар бўлиш учун биринчи сафдагиларнинг жойига ўтардилар. Биринчи сафдагилар эса уларнинг ўрнига ўтардилар. Рукуъ қилганларидан кейин иккала сафдагилар худди биринчи ракаатда қилган нарсани қилардилар. Ул зот алайҳиссалоту вассалом ташаҳҳуд учун ўтирганларида, орқа сафдагилар икки саждани қилиб ташаҳҳудга етишиб олар ва ҳаммалари бирга салом бериб намозни тугатар эдилар.

2- Душман қибла тарафдан бошқа томонда бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан қуйидагича йўл тутар эдилар: Мусулмон аскарни икки гуруҳга ажратар, бир гуруҳ ул зот алайҳиссалоту вассалом билан бирга намозни бошласалар, иккинчи гуруҳ душманга қараб турар эдилар. Биринчи гуруҳ ул зот алайҳиссалоту вассалом билан бир ракаат намоз ўқиганидан кейин намоздан айрилиб, иккинчи гуруҳнинг ўрнига борсалар, иккинчи гуруҳ буларнинг ўрнига келиб, ул зот алайҳиссалоту вассалом билан бирга иккинчи ракаатни ўқишар эди. Сўнгра ул зот алайҳиссалоту вассалом салом берардилар. Имомнинг саломидан кейин ҳар бир гуруҳ қолган бир ракаатини қазо қилиб ўқиб олардилар.

3- Баъзан эса қуйидагича йўл тутар эдилар: Икки гуруҳдан бири ул зот алайҳиссалоту вассалом билан бирга бир ракаат намоз ўқир, сўнгра иккинчи ракаатга турар ва шу ракаатни қазо қилиб ўқиб олишарди. Бу пайтда ул зот алайҳиссалоту вассалом ҳали ҳам қиёмда, рукуъ қилмаган бўлар эдилар. Бу орада иккинчи гуруҳ келиб, ул зот алайҳиссалоту вассалом билан бирга иккинчи ракаатни ўқишар, ул зот алайҳиссалоту вассалом ташаҳҳудга ўтирганларида улар туриб бир ракаатни қазо қилиб ўқиб олишар эди. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом эса уларни ташаҳҳудда кутиб турар, улар ҳам ташаҳҳудни ўқиб бўлганларидан кейин бирга салом бериб намозни тугатар эдилар.

4- Баъзан эса қуйидагича йўл тутар эдилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки гуруҳдан бири билан икки ракаат намоз ўқиб, салом билан тугатар, сўнгра иккинчи гуруҳ келар ва улар билан ҳам икки ракаат намоз ўқиб, салом бериб тугатар эдилар.

5- Баъзан эса қуйидагича йўл тутар эдилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки гуруҳдан бири билан бир ракаат намоз ўқир эдилар, улар намоздан чиқар ва ҳеч қандай қазо ўқимас эдилар.

Иккинчи гуруҳ келиб, ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир ракаат ўқир ва ҳеч нарсани қазо қилмас эдилар.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракаат, улар эса бир ракаатдан намоз ўқиган бўлардилар.

[1] Зодул Маод (1/510).