30 одимда фарзанд тарбияси “25-27 - одимлар”
Категориялар
Full Description
- Йигирма бешинчи одим
Болага дин душманларини танитмоқ - Йигирма олтинчи одим
Ноумидлик муваффақиятсизлик келтиради - Йигирма еттинчи одим
Сабр-бардошли бўл!
30 одимда фарзанд тарбияси (25-27 - одимлар)
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء على العمل لهذا الدين الخطوة
«27-25»
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Солим ибн Мозий
سالم بن ماضي
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Йигирма бешинчи одим
Болага дин душманларини танитмоқ
Ўғил-қизларимизни ақллари етадиган даражада дин душманлари ва уларнинг кирдикорларидан хабардор қилмоқ муҳим ишлардандир. Бунинг бир қатор фойдалари бор, жумладан:
1- Ёмонликни ўрганиш билан ундан сақланиш ва узоқ бўлиш;
2- Болажонлар онгига Оллоҳ учун дўст ва душман тутиш масаласини сингдириш;
3- Динни ҳимоя қилиш туйғусини ошириш.
* * *
Йигирма олтинчи одим
Ноумидлик муваффақиятсизлик келтиради
Ота-оналар ноумидликни дилларига йўл топишига йўл қўймасликлари даркор. Зеро улар, зиммаларига улкан омонат (фарзанд тарбияси)ни олгандирлар. Шу сабабдан сабр-бардошли бўлишлари ва фарзандларини динга хизмат қилишларини ва яратилишларининг асосий ғояси бўлган ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, Унга бирор нарсани шерик қилмасликни рўёбга чиқарадиган тўғри исломий тарбия билан етиштириш йўлида ҳаракат қилишлари керак.
Ҳаёт кўнгилсизликлари-у азоб-уқубат билан тўладир. Абадий роҳат, боқий қароргоҳ — жаннатдадир. Дунё эса, амал қилиш ва имтиҳон диёридир. Бизлар эса, ҳисоб-китоб ва жазо ёки мукофот бериладиган диёр бўлмиш Охират диёрига қараб йўлга отланган йўловчимиз, холос. Шундай экан ноумидлик нимаси?
Ноумид бўлмасликка далолат қилувчи амалий мисол:
Оиша разияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Ё Расулуллоҳ, Уҳуд кунидан кўра ҳам оғирроқ кун бошингизга келганми?”, деб сўрадилар. “Қавмингдан жуда кўп ёмонликларга йўлиқдим. Бироқ Ақаба куни улардан етган озор энг қаттиғи бўлганди. Мен (Қурайшдан кўрган кўргуликларимдан кейин Тоифга бориб) Ибн Абдуёлил ибн Абдукулолга мени (ва ҳақ даъвомни ҳимоя қилишини) таклиф қилдим. У эса таклифимни қабул қилмади. Шу алфозда қаттиқ қайғуга чўмганимча, бошим оққан томонга (Макка сари) равона бўлдим. Мен кетиб борардим, бир вақт қарасам Қорнус-Саъалибга етиб қолибман, ўзимга келиб, бошимни кўтарсам, бир булут устимда соя бўлиб турибди. Қарасам, булут ичида (энг улуғ фаришта) Жибрийл турибди. Кейин у зот менга хитоб қилиб: “Албатта, Оллоҳ таоло қавмингизнинг сизга айтган сўзини ва берган раддияларини эшитди. Ҳамда тоғлар фариштасини хизматингизга юборди. Қавмингиз ҳақида нима мақсадингиз бўлса, буюринг, у бажаради”, деди. Кейин тоғ фариштаси мени олдига чақириб, салом берди. Сўнгра у: “Эй Муҳаммад! Сиз нимани хоҳласангиз, амрингизга мунтазирман. Агар хоҳласангиз, икки метин қояни уларнинг устига улоқтираман (улар тоғнинг остида қолиб ҳалок бўлишади), деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Йўқ, ундай қилма!) Балки уларнинг пушти камаридан Оллоҳга бирор нарсани шерик қилмай, якка Унинг ўзига ибодат қилувчи кишилар чиқиб қолиши мумкин”, дедилар”.[1]
* * *
Йигирма еттинчи одим
Сабр-бардошли бўл!
Сабр Қуръонда етмишдан ортиқ ўринда келган. Бу унинг қанчалик муҳим ва улуғ ишлигини кўрсатади. Тарбиядаги қийинчилик ва машаққатларга сабр қилмасдан туриб орзуларга етишиб, мақсадларга эришиб бўлмайди. Зеро тарбия бериш қийинчилик ва муаммолар билан тўлган узун йўлдир. Шундай экан, ота-оналар олдиларидаги вазифанинг оғир ҳамда фақат едириб-ичиришгагина чегараланмаганлиги, балки ундан-да зиёда нарсалар борлигини билишлари лозим. Шу сабабли ота-оналар сабр билан зийнатланишлари ва тарбияда сабрни ўзларига дастур қилиб олишлари лозим. Шунингдек, буни ҳар қачон солиҳ ният билан қилганда савоб олишларини ҳам унутмасинлар.
Сабрнинг аҳамиятига доир амалий мисол:
Урва ибн Зубайр роҳимаҳуллоҳ ўғли Муҳаммад билан (халифа) Валид ибн Абдулмаликнинг ҳузурига келди. Урванинг ўғли Муҳаммад ҳусндор йигит эди. Бир куни у Валиднинг ҳузурига сочи иккита кокил қилинган, безакли, жимжимадор либосда, қўлини сонига урган ҳолда кирди. Шунда Валид: “Қурайшнинг йигитлари мана шундай бўлади”, деди. Ўшанда Муҳаммадга кўз тегди ва Валиднинг ҳузуридан мудраган ҳолда чиқиб, оғилхонага йиқилиб тушди. (Оғилхонадаги) Ҳайвонлар уни шунчалар тепалаб эздики, ҳатто у ўлди.
(Бир муддатдан) Кейин Зубайрнинг оёғи қорасон (гангрена) бўлди. Валид унга табибларни чақиртирди. Табиблар (қорасон теккан оёғи кесилиши керак) агар оёғи кесилмаса, жисмининг қолган жойларига ҳам тарқалиб, ҳалок қилади, дедилар. У оёғини кестиришга рози бўлди. Табиблар оёғини арра билан аралай бошладилар, арра катта болдир суягига тақалган палла Зубайр бошини ёстиққа қўйганича ҳушидан кетди. Бир муддатдан кейин ўзига келди, юзидан тер қуйиларди. У эса тавҳид калимасини сўйлар ва такбир айтарди. Кейин кесилган оёғини қўлига олиб, у ёқдан бу ёққа айлантирди ва “Мени сенга кўтартириб қўйган Зот — Оллоҳга қасамки, мен сен билан на бир ҳаромга, ва на бир гуноҳга, ва на бир Оллоҳ рози бўлмайдиган жойда юрмаганимни Ўзи яхши билади”, деди.
Кейин уни (кесилган оёқни) ювиб, хушбўйлаб, бир парча пахта (ёки ипак) матога кафанлаб, мусулмонларнинг қабристонига кўмишга буюрди.
Урва Валиднинг олдидан чиқиб, Мадинага келганда аҳли оиласи ва дўсту биродарлари унга таъзия билдиришди. У эса “Ҳақиқатан бу сафаримизда жуда ҳолдан тойдик” (Каҳф сураси, 62), дейишдан нарига ўтмади.
Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳ бу қиссани баён қиларкан шуни қўшимча қилади: “Табиблар Урванинг оёғини кесмоқчи бўлганларида, сенга оғриқни сездирмайдиган бирор нарса ичирайлик, дедилар. У эса “Оллоҳ сабримни синаш учун менга бу балони берди. Энди мен Унинг амрига қарши чиқаманми?”, деб оғриқсизлантиришдан воз кечди”.[2]
* * *