×
Сизларни бу улкан кишилар ҳаёти билан бақадриҳол таништиришда давом этар эканмиз, энди ўша "Саҳобалар ҳаёти" номли боғнинг яна бир гулшани ила, ўша улуғ, муборак карвоннинг, иймон, садоқат, фидойилик, шижоат, матонат, барча эзгу амаллар ортилган карвоннинг яна бир тенги йўқ фарди ила таништиришга ҳаракат қиламиз..

    Саҳобалар ҳаёти

    Билол ибн Рабоҳ

    ] Ўзекча [

    صور من حياة الصحابة

    بلال بن رباح

    [باللغة الأوزبكية ]

    Шокирбек

    شاكر بيك

    Риёз шаҳри, Рабва диний тарғибот идораси

    المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض

    1429 – 2008

    Билол ибн Рабоҳ


    Сизларни бу улкан кишилар ҳаёти билан бақадриҳол таништиришда давом этар эканмиз, энди ўша "Саҳобалар ҳаёти" номли боғнинг яна бир гулшани ила, ўша улуғ, муборак карвоннинг, иймон, садоқат, фидойилик, шижоат, матонат, барча эзгу амаллар ортилган карвоннинг яна бир тенги йўқ фарди ила таништиришга ҳаракат қиламиз..


    Умар ибн Хаттоб р.а. уни эслаганда "Абу Бакр бизнинг саййидимиз, саййидимизни озод қилган.." дер эдилар..
    Кимсан ҳазрати Умардек киши "саййидимиз" деб турган зот жуда улуғ бўлишида шубҳа йўқ..
    Лекин, ровийлар сифатлагандек "қоп-қора, ориқ, ўта узун бўйли, майиздек сочлари бошига ёпишиб ётган, сийраксоқол бу киши ўзларига қаратилган мақтов, олқишларни эшитишлари билан юзларини хам қилиб, кўзларини ерга қадар, ёноқларидан ёшлар думалаб: "Кечагина қул бўлган ҳабашман, холос", дейишдан бошқа гап айтмасди..
    Кечагина қул бўлган бу ҳабаш ким бўлди экан? Пайқагандирсиз, гап ҳазрати Билол ибн Рабоҳ ҳақида кетмоқда.. Бутларга қирон келтирган Ислом муаззини ҳақида кетмоқда… Бу одам иймон ва садоқат, фидойилик мўъжизаларидан бири.. Улуғ Ислом мўъжизаларидан биридир.. Ислом тетапоя бўлиб бошлагандан ҳозирга довур, балки қиёматгача мусулмон болалардан хоҳлаганингизни чақириб сўранг, ўша заҳоти жавоб беришади, худди Исломдаги улуғ икки халифа Абу Бакр ва Умарни билганидек..
    Хоҳ Мисрда бўлсин, хоҳ Покистон, хоҳ Малайзия, хоҳ Хитой..
    Ёки Америкада бўлсин, ёки Европа, ёки Россия..
    Ироқ, Сурия, Туркия, Эрон, Судан.. Тунис, Жазоир, Мағриб… Африка чангалзорлари ичида бўлсин, ё Осиё тепаликлари устида… Хуллас мусулмонлар яшаётган қайси диёрга бориб, хоҳлаган болани чақириб ўша юқоридаги саволни берсангиз: "Болакай, менга қара, Билол ким? Биласанми?" десангиз, "Ҳа, пайғамбаримиз муаззини, динингдан қайтасан, деб эгаси қайноқ тош билан азоблаганда "Аҳад, Аҳад" деб турган қора кишида", деб жавоб беради..
    Ислом ато этган бу инъомнинг кўрсангиз, номининг тилларда достон, асрлар узра тарқалиб, азон исми билан унинг исми қоришиб кетганини кўрсангиз, билингки, худди шу Билол Исломдан илгари бир ҳовуч хурмо эвазига эгасининг туясини боқиб юрадиган қулдан бошқа ҳеч ким эмасди..! Ислом бўлмаганида шу зайлда беқадр ҳаёт кечириб, гумномлигича ўлиб кетган, номидан асар қолмаган бошқа миллионлаб қуллар сингари бунданда ному нишон қолмаган бўлур эди..
    Лекин Иймон туфайли унда жўш урган фидойилиги, иймон келтирган улуғ Дини туфайли Ислом улуғлари, улкан, покиза зотлари ичида баланд мартабага эга бўлди.. Дунёда қанчадан қанча мартаба, бойлик, мансаб эгаси бўлганлар ўша ҳабаш қул эришган улуғ, ўчмас номнинг ўндан бирига, балки юздан бирига ҳам эришолмадилар…! Оддий кишиларни қўятурайлик, тарих қаҳрамонларидан аталмиш кўпчилик машҳурлари Билол эришган шуҳратни қўлга киритолгани йўқ..
    Одамлар ўша вақтларда, ҳозирги жоҳилият тарқалган кўп ерларда ҳам, Африканинг қаеригадир мансуб бўлган, Билолга ўхшаган, ҳатто ўзининг ҳаётига ўзи ҳукмрон бўла олмайдиган, сотиб олган эгасининг бир моли ҳисобланмиш бир қул, эгасининг мол-қўй, чорвалари ичида кун кечирадиган бир қарол бирор нарсага қодир эмас, ҳеч нарса қила олмайди, деган ўйда эдилар..
    Бу киши эса ўша ўй-хаёлларни тўзғитиб юбориб шундай иймонга эришдики, бошқалар бундай иймонга эришиши амри маҳол эди.. Устига устак мусулмон бўлиб, пайғамбарга эргашган барча қурайш зодагонлари орзу қиладиган "пайғамбар ва Исломнинг илк муаззини" деган шарафли номга эга бўлди..
    Билол… ибн… Рабоҳ…
    Келинг, бу учтагина калима ўзида жамлаган улуғ саҳобанинг ҳаётига бирров назар ташлаб ўтайлик..

    * * *

    У қоралар уммати ҳисобланмиш ҳабаш диёридан.. Фалакнинг гардиши билан Маккадаги Қурайш зодагонларидан ҳисобланмиш Бани Жумаҳ қабиласидаги чўрилардан биридан дунёга келди..
    Кунлари бошқа қуллар куни каби кўримсиз, бесамара ўтар, на бугунида бир нарса қила олар, на эртасига умид билан қарарди..
    Одамлар Маккада "Муҳаммад хабари"ни қўлма-қўл қилиб, оғиздан оғизга кўча бошлаган пайтда унинг ҳам қулоғига бу янги хабар чалинган, эгаларининг, уларникига келадиган меҳмонларнинг гаплари орқали, айниқса, унинг ва ўша қабиланинг бошқа қулларининг хожаларидан бири бўлган Бани Жумаҳ саййидларидан бири бўлмиш Умайя ибн Халаф оғзидан анчагина нарса эшитган эди.. Умайянинг бу янги пайғамбар ҳақида ғазаб, нафрат билан дўстларига, қабиладошларига гапираётганлигининг кўпинча гувоҳи бўлар, бир йўсин, бир ритмда кетаётган ҳаётига бу хабарнинг янгилик бўлаётганини қалби сезиб турар, уларнинг ғазаб, таҳдид, адоватга тўла гаплари орасида Муҳаммаднинг ростгўй, покиза, амонатлилигини гапиришиб, ҳайрон бўлган ҳолда: "Муҳаммад бирор ёлғон ҳам сўйламаган киши эди, сеҳргар десак, сеҳргар эмас, жинни дейлик десак, жиннига ўхшамайди, нима бўлганда ҳам бу олиб келган нарсасига ҳеч ҳам йўл қўйиб бўлмайди, одамларни бу динга киришдан қайтариш керак", дейишаётганини кўриб юраги ҳаприқиб қўярди..
    Ҳа.. Мушриклар у зот ҳақида, амонат, вафоси, мардлиги, ахлоқи, покизалиги, ақлли киши эканлиги ҳақида сўзлашар, нега бу даражада адоват қилишаётганини яширмас ҳам эдилар.. Ота-боболарининг динлари, шунча асрлар бўйи бу орқали тўпланган, ибодат, расм-русумлар маркази бўлган диний пешволик мартабаси кетиб қолишидан қўрқишар, устига устак, "нега айнан Бани Ҳошимдан пайғамбар чиқаркан" деган ҳасад уларни қамраб олган эди..


    * * *

    Бу воқеалар, ҳолатларни яқиндан кўриб юрган Билолга бир куни Оллоҳ нури етиб, покиза қалби, беғубор руҳига тараладида, Росулуллоҳ га бориб ўзининг иймонини эълон қилиб, мусулмон бўлади..
    Унинг мусулмон бўлгани бир пасда барча ерга тарқаб, эгаларининг, хожаларининг ҳам қулоқларига етмай қолмайди..
    Бу хабардан уларнинг кибру ҳаво билан шишган бошлари гир айланиб, ғуруру менсимаслик ила осмонга кўтарилган бурун катаклари кенгайиб кетади! Кимсан Бани Умайя қабиласининг арзимас, бир пулга қиммат қоравой қулларидан бирининг мусулмон бўлиши уларнинг оппоқ юзларига қоп-қора оёғини қўйиш билан тенг бўлиб, шармандаю шармисорлик эди!!
    Чексиз ғазабга минган Умайя ёрилиб кетмаслик учун тишини тишига босганча: "Майли… Бугун кун ботиши билан бу нонкўр қулнинг исломи ҳам ботади.." деб хириллар эди..
    Лекин ҳеч қачон Билолнинг ислом қуёши ботмади, балки бир кун келиб, барча Қурайш бутлари ботиб кетди, бутпарастлар ҳомийлари ботиб кетди.!

    * * *

    Билол эса, фақат Исломгагина эмас, бутун башарият учун шараф бўладиган ишни қилди..
    Буюк киши сифатида, улуғлар қаторида энг қаттиқ, мудҳиш азобларга дош берди.
    Бу билан гўё Оллоҳ таоло "башаранинг қора бўлиши тананинг қул бўлиши ўз иймонини топган, Раббига маҳкам боғланган, ўз ҳақини ҳимоя қилган Руҳ иродасини ҳеч ҳам бука олмайди, унинг азаматини йиқа олмайди" деётгандек эди..
    Билол бу матонати билан замонасидаги, балки барча замондаги кишиларга "виждон эркинлиги, қалб ҳокимиятини олтин тўла ерга ҳам, азоб тўла ерга ҳам алишиб бўлмайди" деган дарсни ўтаётган эди..
    Динидан қайтиш учун, қаноатини ўзгартириш учун қайноқ чўғ устига қўйилсада, бош тортди…
    Дарҳақиқат, тенги йўқ тарбиячи бўлмиш Муҳаммад а.с. ҳамда улуғ Ислом - эгасига қул бўлган бу нотавон ҳабашдан қалб дахлсизлиги, виждон эркинлигини ҳимоя қилиш борасида бутун башариятга узтоз бўлса арзийдиган бир кишини етиштирдилар..
    Саҳро темирдек, ҳаво мисдек қизиб, жаҳаннамга айланган вақтда Билолни олиб чиқиб, кийимларини ечган ҳолда чўғдай қизиб турган қайноқ тошлар устига ётқизишар, кейин бир неча киши бир бўлишиб ёниб турган бир харсангни кўтариб келишиб, кўкрагига босиб қўйишар эди..
    Бу азоб ҳар куни такрорланар, узоқдан гувоҳ бўлганларнинг раҳмлари келиб юраклари сувдек оқиб турар, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмас эди.. Азобнинг қаттиқлигидан уни азоблаб турганларнинг баъзи бирлари ҳам таъсирланиб кетган эди.. Охирда улар олиҳаларини бир мартагина яхши сўзлар билан тилга олса қўйиб юборишларини айтиб, ялинишга тушишди.. Улар шундайича қўйиб юборишса, Қурайш зодагонларидан "ээ ўла, қулидан енгилипти" деган иснодга қолишдан қўрқар эдилар..
    Лекин шу биргина, оғиз четидан чиқиб кетадиган сўзни ҳам Билол айтишдан бош тортар, ўрнига ўзининг кейинчалик мангуликка айланган машҳур сўзини такрорлар эди:
    Аҳад… Аҳад..
    Жаллодлари бир ўдағайлашар, бир ялинишар, "Лот билан Уззониям айт" дейишар, у: "Аҳад.. Аҳад…" дейишдан нарига ўтмас эди..
    Улар тағин зуғум била: "Биз айтгандек айт" дейишса, ажойиб киноя билан, чақиб олувчи истеҳзо ила: Тилим айланмайди, дер эди!!

    * * *

    Билол ўша қаттиқ азобда тегирмон орасида қолган дондек пастидану устидан қайноқ тошлар исканжасида кеч киргунча қолар, кун қайтгач, уни турғизишиб, бўйнига арқон боғлаб шаҳарга олиб қайтишар, ҳолдан бутунлай толган Билолни ёш болаларига топширишиб, Макка кўчалари бўйлаб судраб юришга буюрар эдилар.. Билол эса, ўзининг покиза хиргойиси бўлмиш "Аҳад, Аҳад"ни тилидан қўймас эди..
    Тун ўз қоронғилик пардаси билан барча томонни ўраб олгандан кейин ҳам гўё улар ўзларининг Билол билан "савдоларини пиширмоқ" учун унга:
    - Эртага олиҳаларимиз ҳақида бир яхши сўз айтгин, раббим Лот Уззо дегин, тинч қўяйлик сени, қайтиб сенга бир сўз демайлик. Ахир биз ҳам азоблашдан чарчаб кетдик! Азобни гўё биз кўраётгандек!, деётгандек бўларди..
    У эса бош чайқар, "Аҳад, Аҳад" сўзини такрор ва такрор айтар эди..
    Бундан ёрилиб, ёниб кетган Умайя ибн Халаф унга мушт туширар, қичқириб:
    - Эй бахтиқаро қул! Не кўргилик бўлдинг бизга! Лот билан Уззога қасамки, сени қулларга ҳам, саййидларга ҳам баб баравар ибрат қилмасамми!! дер эди.
    У эса иймонли мўъмин сифатида, улуғвор бир покизалик билан тағин:
    "Аҳад... Аҳад.. " дер эди..
    Шунда унга ачинган киши ролини бажарувчи киши қабила ичидан чиқиб, юзларида қайғу аломати кўриниб, яна ўша "савдо"га қайтар, Умайяга қараб:
    - Қўйсангчи, Умайя, мана мен ҳам Лот билан Уззога қасам ичиб айтаманки, бугундан бошлаб Билолни азобламайсан.. Нима, Билол бегонами? Ўзимиздан бўлса, онаси жорияларимиздан, чўриларимиздан бўлса.. Билол ҳам ўзининг мусулмон бўлиши билан Қурайш олдида бизнинг гапга қолиб, масхара бўлишимизни истамайдику, тўғрими? дерди.
    Билол маккор, алдоқчи юзларга боқар экан, юзига табассум югуриб, оппоқ тишлари тонг нуридек ярқираб кетар, уларни жунбушга келдирадиган ўта хотиржамлик билан яна:
    "Аҳад.. Аҳад" дер эди..
    Тағин чошгоҳ вақти келиб, тағин туш пайти яқинлашар, Билол яна ўша қайноқ тошлар томон судраб олиб кетилар, ундан ҳеч бир садо чиқмай, улкан сабот ва тенгсиз матонат, сабр ила яна азобни қаршилар эди..
    Бир кун улар олдига Абу Бакр бориб:
    - Наҳотки "Раббим Оллоҳ" деган кишини ўлдирсаларингиз! дейдида, Умайяга ўгрилиб:
    - Ма, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни, кишанларини еч! дейди.
    Умайя гўё чўкиб кетаётган кишига қутқарув кемаси келса қанчалик қувонса, шунчалик хурсанд бўлиб кетади.
    Абу Бакрнинг бу таклифини эшитар экан ростдан ҳам юқоридаги ҳолатга тушган эди. Чунки, уларнинг Билолни бўйсундиришга умидлари заррача қолмаган, тижоратчи кишилар бўлганликларидан ўлиб қолгандан кўра бировга сотганимиз маъқул эди, деган фикрга бориб қолган эдилар.
    Улар Абу Бакрга сотган заҳотиёқ уни озод қилди, Билол ҳам энди эркин, озод кишилар қаторидан ўрин олди.
    У Билолнинг қўлтиғидан тутиб озодлик томон етаклар экан, Умайя унга қараб:
    - Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардиме! деди.
    Абу Бакр бу сўзлар замирида нималар яширинганини англаб етди, бу алам билан айтилган пичингга жавоб қайтармаса ҳам бўлар эди. Лекин ўз биродари бўлган, ҳозиргина қулликдан озодлик томон қадам қўйган кишининг ҳурмати қай даражада эканлигини билдириш учун Умайяга қарата шундай деди:
    - Оллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деб турганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!!
    Шу гапларни айтар экан, дўстини етаклаб Росулуллоҳ томон унга ушбу севинчли хабарни етказиш учун ошиқди. Ушбу кун мусулмонлар учун байрамдек бир кун бўлди.

    * * *

    Росулуллоҳ ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишиб, у ерда жойлашганларидан сўнг, пайғамбар намозга азон айтишга буюрадилар..
    Ҳар куни беш маҳал намозга чақириб, уфқлар оша такбирларию таҳлиллари тарқаладиган бахтли киши ким бўлса экан...?
    Бу киши ҳазрати Билол бўладилар.. Ҳа.. Ўн уч йил илгари қийноқда қолиб қайноқ тошда азоб тортар экан: "Аҳад.. Аҳад.. Аллоҳ яккадир.." деб нола қилган зот бугун ўша Аллоҳ яккадир деб айтган ноласини "Аллоҳу акбар", "Аллоҳ Буюкдир" ҳайқириғига улайдиган киши бўладилар..
    Унга пайғамбар назари тушиб, ушбу муҳим вазифага лойиқ деб топилган эди..
    У ўзининг соф, жарангдор, ёқимли, ширали овози билан юракларни иймонга тўлдириб, қулоқларга ажиб бир оҳанг инъом бағишлар эди:
    Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
    Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
    Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
    Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
    Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
    Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
    Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
    Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
    Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
    Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
    Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
    Ла илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ)


    * * *

    Мусулмонлар билан Қурайш ўртасида уруш оёққа туради... Бўлиб ҳам анча кескин, ўша давр урушларига мос, бошлар сапчадек узиладиган, қўллар кесилиб, оёқлар қирқиладиган аёвсиз жанг бошланади.. Ўша жангда, Исломнинг аввалги ғазоти бўлмиш бадр жангида Билол ҳам қатнашиб, қаҳрамонларча жанг қилади..
    Ушбу урушда Қурайш ўзининг энг аслзодаларини, жигарбандаларини урушга ташлаган, барча зодагонлар ўз ҳалокатли чоҳларига ўзлари қадам қўйган, ўз қабрлари томон ўзлари қадам босиб келган эдилар.
    Билол хожаси бўлган, уни ваҳшийларча азоблаган Умайя ибн Халаф урушдан қолмоқчи бўлган, лекин уни бир воқеа урушга чор-ночор чиқишга мажбур қилган эди:
    Яқин дўсти бўлган Уқба ибн Абу Муъайт унинг уришдан қолмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб қўлига атир-упалардан бири (аёллар ишлатадиган пардозлардан бири) ни олиб келиб, уни ва атрофида ўтирган қавмини ҳайрон қолдирганича Умайя олдига тап этиб ташладида:
    - Ўўв Абу Али, мана шуни ишлатавер, энди сени эркак эмас, хотин десак ҳам бўлаверади, деди!!!
    Умайянинг ўз қавми олдида қандай аҳволга тушганини сўрамай қўяверинг.. У аччиқ ва уятдан бир оқарган, бир кўкарган, бир қизарган, охирда қорайиб қулоғи шанғиллаб, тили ҳам калимага айланмай қолган эди.. Ва ниҳоят, бироз ўзига келиб:
    - Олиб келган нарсанг ҳам қуриб кетсин... Ўзинг ҳам қуриб кет..!! дея олган эди..
    Шундай қилиб оёғи тортмасада андиша ва уятнинг зўридан ночор урушга чиқди..
    Тақдирнинг ажиб ўйинлари, сир-асрорлари, баланд-пастликлари борда...
    Уқба ибн Абу Муъайтнинг ўзи Умайяни Билол ва Билол сингари бечораларни азоблашга ундар эди..
    Бугун эса айнан шу Уқба Умайянинг ҳалокати бўладиган, ўзининг ҳаб қабристони ҳисобланмиш Бадрга чиқишга ундаб ўтирибди..
    Уни юқоридагидек тезламаганда Умайя урушга бормаслиги турган гап эди.. Лекин.. Ҳикматли зот Аллоҳ амрини қилиб бўлган... Умайя чиқсин.. Зеро, у билан Оллоҳ бандаларидан бири орасида ҳали тугалланмаган бир масала бор.. Орани очиқ қилиш вақти етди.. Жазо бергувчи ҳаргиз ўлмагай.. Қандай нарса қилган бўлсанг ўшандай жавоб оласан.. Экканингни ўрасан..!!
    Кечагина бегуноҳ бандаларни, ҳимоячиси йўқ бечораларни аёвсиз калтаклаб, қамчи ўйнатган Умайя бугун ўша бечоралардан бири қўлида, одам ўрнида кўрмайдиган бир киши зарбаси остида жон беради... Билол қўлида ўлим топади.. Яқиндагина ўша қўлларни занжирда тутиб, суғурилиб кетгунча судраган, қўл соҳибини мисли кўрилмаган азоблар билан қийноққа солган эди..
    Уруш бошланиб қиличлар, камонлар, найзалар ишга кирган, атрофни қичқириқлару чанг тўзон тутиб кетган, кимлар ўлиб, кимлар ярадор бўлган эди.. Умайя ҳам қолган мушриклардан қолишмай мусулмонларга иложи борича кўпроқ талафот етказишга интилар, ҳаёт ширинлигини ҳар лаҳзада ёдлаб жон ҳолда қилич сермар эди.. Шу зайлда урушнинг ниҳоясини кута бошлади.. Уруш дами пасайиб бошлаган вақтда пайғамбар издошларидан бири, Умайяни яхши танийдиган, Умайя ҳам яхши биладиган Абдураҳмон ибн Авфни кўриб қолдию қувониб кетди.. Урушнинг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлаётганини ўз кўзи билан кўриб турган Умайя жонини сақлаб қолиш умидида Абдураҳмоннинг қўлига асир бўлиб тушишни таклиф қилиб ундан илтимос қилди..
    Абдураҳмон ҳам унинг бу ҳийласидан хабари йўқ "майли" деб кўнди.. Уруш ҳали давом этар, аввалги шиддатида бўлмаса ҳам, қиличлар ярқираши, камон ўқлари визиллаши, найзалар шувиллаши эшитилиб турар эди.. Йўлда кетишар экан, Умайяни Билол илғаб қолдида:
    - Куфр боши Умайя ибн Халафми?!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай.. деганча қичқириб келиб, қилич сермаб доим кибр ва мақтанчоқлик ила бурни осмонда бўлган бошни сапчадек узиб ташламоқчи бўлди..
    Шунда уни Абдураҳмон тўхтатар экан:
    - Билол, ахир бу менинг асирим, деди.
    Асир? Қанақасига асир бўлсин? Уруш ҳали тугагани йўқку.. Қанақасига асир бўлсин ахир.. Ҳозиргина мусулмонлар жасадларини тилка қилган қиличидан қон томиб турибдику..
    Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди..


    Davomi bor...