×
Рўза аҳкомларига тааллуқли бўлган ушбу мақолада рўзнинг каффорати, кимларга каффорат лозим бўлиши, пайдар-пай рўза тутишнинг кетма-кетлигини бузмайдиган нарсалар, рамазон рўзасини қазосини тутишга тегишли ҳукмлар ва бошқа мавзулар баён қилинади.

Рўзанинг каффорати

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

كفارة الصيام
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

Рўзанинг каффорати

Рўзадор киши хотинини ўпиши ва мубошара қилиши:

Киши рўзадор ҳолида хотинини ўпиши, унга тегиниши ва мубошара (билвосита яқинлик) қилиши, модомики ўзини тийишига кўзи етса, унинг шаҳватини қўзғатган тақдирда ҳам, буларнинг барчаси жоиздир. Агар қўшилиб қўйишдан, Оллоҳ ҳаром қилган манийни тўкиб қўйишдан қўрқса, унга бу иш ҳаром бўлади.

Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар:

“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор ҳолида (хотинларидан бирини) ўпар, мубошара қилар эдилар. Ул зот сизларнинг ичингизда шаҳватини энг жиловлай оладиганингиз эди" (Муттафақун алайҳи).

Рамазонда кундузи жимоъ қилишнинг ҳукми:

1. Рўзадор киши истимно (манийни чиқариш) билан ёки хотини билан мубошара (билвосита яқинлик) қилиш билан маний чиқарса, рўзанинг ҳурматини тўккани учун гуноҳкор бўлади. Тавба қилиши ва каффоратсиз қазосини тутиб бериши вожиб бўлади.

2. Бир киши Рамазонда сафар қилиб, рўза тутса, кейин кундузи хотини билан қўшилса, мусофир бўлгани учун гуноҳкор бўлмайди, унга фақат қазосини тутиб бериш вожиб бўлади, каффорат лозим бўлмайди.

3. Ким Рамазоннинг кундузларида муқим бўлган ҳолида, билиб туриб, ёдида бўлатуриб жимоъ (жинсий алоқа) қилса, Рамазоннинг ҳурматини тўккани учун гуноҳкор бўлади. Тавба қилиши, қазосини тутиши ва каффоратини ўташи вожиб бўлади. Бордию мажбурланса, ёки билмаган бўлса, ёки рўза кунлари эканини унутган ҳолда жимоъ қилиб қўйса, рўзаси саҳиҳ бўлиб, гуноҳкор бўлмайди. Қазо ҳам, каффорат ҳам лозим бўлмайди. Бунда аёл кишининг ҳукми эркак кишиники билан бир хилдир.

4. Агар рўзадор киши Рамазоннинг кундузларида хотини билан икки кун ёки бир неча кун жимоъ қилган бўлса, ҳар бир кун учун қазо ва каффорат лозим бўлади. Агар бир кун ичида бир неча марта хотини билан қўшилган бўлса, ўша куннинг қазосини тутади ва битта каффорат ўташи лозим бўлади.

5. Агар мусофир киши оғзи очиқ ҳолда Рамазоннинг кундуз пайтида уйига келса, хотини узрли ҳолатда бўлмаса, у билан жимоъ қилиши жоиздир.

Рамазон кундузида қилинган жимоънинг каффорати:

Рўзанинг каффорати қул озод қилишдир. Қул топа олмаса, икки ой пайдар-пай рўза тутишдир. Бунга кучи етмаса, олтмишта мискинни таомлантиришдир. Бунда ҳар бир мискинга ярим соъ миқдорда таом беради. Агар буни ҳам топа олмаса, зиммасидан соқит бўлади.

Каффорат фақат Рамазоннинг кундузида билган, қасддан, ёдида бўлган ҳолда жимоъ қилган кишигагина лозим бўлади. Бошқа ҳолатлар билан очилган рўзанинг каффорати йўқдир. Шунингдек, нафл, қазо, назр рўзада ёки Рамазонда сафарда рўза тутган ҳолда жимоъ қилса, бунга ҳам каффорат йўқдир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, “Эй Оллоҳнинг расули! Ҳалок бўлдим", деди. “Сени нима ҳалок қилди?", дедилар. “Рамазонда хотиним билан яқинлик қилиб қўйдим", деди. “Қул озод қилишга қурбинг етадими?", дедилар. У: “Йўқ", деди. “Бўлмасам, икки ой пайдар-пай рўза тута оласанми?", дедилар. У: “Йўқ", деди. “Унда, олтмишта мискинни таомлантиришга қурбинг етадими?", дедилар. У: “Йўқ", деди.

Кейин у ўша ерда ўтириб турди. Бир маҳал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бир занбилда хурмо олиб келинди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Шуни садақа қил!", дедилар. У: “Биздан муҳтожроққами?! Унинг (Мадинанинг) икки чети орасида менинг аҳлимдан кўра эҳтиёжманд оила бўлмаса керак!", деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулдилар, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди. Кейин: “Бор, оилангга едир", дедилар" (Муттафақун алайҳи).

Рўзанинг кетма-кетлигини бузмайдиган нарсалар:

Икки ой пайдар-пай рўза тутиш каффорати борлар ёки шунга ўхшаш рўзани пайдар-пай тутиш керак бўлган ҳолатларда рўзанинг кетма-кетлигини бузмайдиган нарсалар қуйидагилардир:

— Икки ҳайит куни;

— Сафар;

— Рўзани очиш рухсат бўлган касаллик;

— Ҳайз;

— Нифос.

Рамазон рўзаси қазосининг сифати:

1. Оллоҳ азза ва жалла узри йўқларга тўловни, мусофир ва ҳайзлига ўхшаш узр эгаларига қазони, кекса ва тузалиши умид қилинмайдиган касалларга ўхшаш рўза тута олмайдиганларга фақат тўлов(фидя) беришни вожиб қилди.

2. Рамазоннинг қазосини кечиктирмасдан, кетма-кет тутишлик суннатдир. Агар вақт кам қолган бўлса, кетма-кет тутишлик вожиб бўлади. Ким Рамазоннинг қазосини узрсиз кейинги Рамазондан кейингача кечиктирса, гуноҳкор бўлади. Унга қазони тутиш, тавба қилиб, истиғфор айтиш лозим бўлади.

3. Ким Рамазон рўзасини бир қисмини ёки ҳаммасини билган, унутмаган, узрсиз, қасддан тутмаган бўлса, катта гуноҳ қилган бўлади. Қазосини тутиши лозим бўлмаслигидан нари, тутса ҳам саҳиҳ бўлмайди. Балки унга тавба ва истиғфор вожиб бўлади.

Маййитнинг зиммасидаги рўзанинг қазоси:

1. Ким Рамазон рўзасининг қазоси зиммасида қолиб вафот этган бўлса, агар касаллик ва шунга ўхшаш узрлар билан тута олмаган бўлса, қазо ҳам, фидя ҳам лозим бўлмайди. Қазосини тутишга имкони бўлатуриб тутмасдан вафот этган бўлса, унинг валийси тутиб беради.

2. Кимнинг зиммасида назр рўза, ёки назр эътикоф, ёки назр ҳаж ва шунга ўхшаган ибодатлар бўлиб вафот этган бўлса, валийси қазосини адо қилиши мустаҳабдир. Валий меросхўр демакдир. Меросхўрдан бошқалар қазосини тутиб берса ҳам жоиз ва саҳиҳ бўлаверади. Оллоҳ таоло маййитга ҳам, қазосини тутиб берганга ҳам савоб беради.

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:

“Ким зиммасида рўза бўлган ҳолда вафот этса, унинг номидан валийси тутиб беради" (Муттафақун алайҳи).

* * *