30 одимда фарзанд тарбияси “21-24 - одимлар”
Категориялар
Full Description
- Йигирма биринчи одим
Эркин қўймоқ - Йигирма иккинчи одим
Уни яхши дўстга ошна қил! - Йигирма учинчи одим
Ўзига ишонадиган бўлсин! - Йигирма тўртинчи одим
Даъватчи қилиб етиштирмоқ
30 одимда фарзанд тарбияси (21-24 - одимлар)
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء على العمل لهذا الدين الخطوة
«21-24»
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
سالم صالح أحمد بن ماضي
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Йигирма биринчи одим
Эркин қўймоқ
Ота-оналар фарзандларига қайсидир жиҳатдан эркинлик беришлари керакки, уларнинг юриш, югуриш, гапириш, бирор нарсага тирмашиш, ерни қазиш каби ҳаракатларни қилишга эҳтиёжлари бордир. Тинмаслик, яъни кўп ҳаракат қилиш ҳар бир болада бўлган болалик ғаризаси-эҳтиёжидир. Бу ҳаракатлар болажонларнинг жисмонан соғлом бўлишларида ҳамда ақл-заковотларининг етук бўлишида ўта муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун бу ғаризани чегаралаб қўйиш нотўғридир.
* * *
Йигирма иккинчи одим
Уни яхши дўстга ошна қил!
Инсон ҳамсуҳбат, улфат бўлишни яхши кўрувчи табиатда яратилган. Шу сабабдан киши дўстлашиб суҳбатлашадиган, шодлигу қайғусини бўлишидиган ҳамдарди бўлишини хоҳлайди ва бунга эҳтиёж сезади.
Дўстликнинг болажонларнинг шахсиятларини шаклланишида катта аҳамияти бор. Ота-боболаримизнинг қуйидаги гапи бежиз эмас: “Менга дўстингнинг кимлигини айт, мен сенинг кимлигингни айтаман”.
Бу борада бир шоир шундай дейди:
Кишини ўзини эмас, дўстини сўр,
Зеро ҳар дўст, дўстидан ўрнак олар.
Демак, ота-оналар фарзандларини яхши, тоза муҳитга қўйишлари керакки, у яхши инсон бўлиб етишсин. Чунки ўртоқларнинг бир-бирларига ўзини тутишда, юриш-туришда катта таъсири бордир. Шу сабабдан фарзандимизнинг ўртоғини одоб-ахлоқли, диндор бўлиши жуда муҳимдир. Уларнинг ота-оналарини танишимизнинг ўзи фарзандларимизга муносиб дўст бўлишига етарли эмасдир. Балки бу дўстликнинг шаръий алоқаси бўлиши лозим.
Яхши дўстнинг аҳамиятига доир қисса ва амалий мисол:
1. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Яхши улфат билан ёмон улфатнинг мисоли худди атир сотувчи (аттор) билан (темирчининг) босқонига дам урувчи (темирчи)га ўхшайди. Атир сотувчи ё атиридан сизга ҳадя қилади, ё ундан сотиб оласиз, ёки ҳеч бўлмаса ундан хушбўй ҳид топасиз. Босқонга дам урувчи эса, ё кийимингизни куйдиради, ё эса ундан бадбўй ҳид топасиз”.[1]
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Салмон билан Абу Дардони бир-бирларига биродар қилиб қўйдилар. Бир куни Салмон Абу Дардонинг зиёратларига келиб, (у зотнинг хотинлари) Умму Дардони эскириб кетган кийимда кўрдилар. Салмон: “Сенга нима бўлди?” деганларида, Умму Дардо: “Биродаринг Абу Дардонинг дунё билан иши бўлмай қолган”, деди. Кейин Абу Дардо келиб, Салмонга овқат ҳозирладилар. Ва: “Сен еявер, мен рўзадорман”, дедилар. Салмон: “Сен бундан емагунингча мен ҳам емайман”, деганларидан кейин, Абу Дардо ҳам ундан едилар. Қачонки, кечаси бўлганида Абу Дардо (намоз ўқиш учун) ўринларидан турдилар. Салмон унга: “Ётиб ухлагин”, дедилар. Абу Дардо ухладилар. Сўнгра Абу Дардо яна (намоз ўқиш учун) ўринларидан турдилар. Салмон: “Ухлагин”, дедилар. Кечанинг охири бўлганида Салмон: “Энди тургин”, дедилар. Ва икковлари бир бўлиб намоз ўқишди.
Кейин Салмон Абу Дардога: “Албатта сенинг устингда Раббингнинг ҳамда нафсинг ва аҳлингнинг ҳаққи бордир. Сен барчасининг эгасига ўз ҳаққини бергин-да”, дедилар. Абу Дардо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб, бўлиб ўтган нарсаларни зикр қилганларида, у зот: “Салмон тўғри айтибди”, дедилар”.[2]
3. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ шундай марҳамат қилади:
“Олимнинг зиёни ҳамсуҳбатларининг йўқлигидир. Жоҳилнинг зиёни ақлининг калталигидир. Энг зиёнкор эса, нодон билан дўст бўлган кишидир”.[3]
4. Саълукий шундай дейди:
“Одамларни рози қилиш, қилиб бўлмайдиган даражада қийин бўлса, Оллоҳнинг розилигига эришиш, тарк қилиб бўлмайдиган даражада осондир. Биз оғир дамлар учун яқин дўстларга муҳтожмиз”.[4]
* * *
Йигирма учинчи одим
Ўзига ишонадиган бўлсин!
Ота-оналар назорат остида фарзандларини ўз юмушларини ўзлари бажаришларига одатлантириб, ўзларига бўлган ишончни ҳосил қилишларида ёрдам бермоқлари лозим. Бу борадаги йўл қўйиладиган хатолардан бири, ота ёки она фарзандлари уларсиз ҳам ўзлари қила оладиган ҳар бир ишни уларга айтиб туриши, қилиб беришидир. Бунинг бир қанча кўнгилсиз оқибатлари бор, улардан аҳамиятлироқлари қуйидагилар:
1. Эҳтиёжларини бажаришда ота-онага суяниб қолиш.
2. Бу нарса уларнинг ялқов ва тантиқ бўлиб улғайишларига олиб келади. Чунки кўнгиллари нимани тусаса, у нарса машаққатсиз, тер тўкишсиз олдиларида муҳайё бўлиб келган.
3. Бу ҳолат воқеий ҳаётга ҳам тўғри келмайди. Чунки у, ҳаётда жон куйдириб, ғайрат қилмагунича истаган нарсасини қўлга кирита олмайди.
Ўзига ишонишнинг болажонлар шахсиятини шаклланишидаги аҳамиятига доир қисса ва амалий мисол:
1. Зубайр ибн Аввом етим эди, унинг онаси Софийя ўғли Зубайрни қаттиқ урар эди. Софийяга: “Уни ўлдириб қўясанку!”, дейилганда, шундай жавоб берган эди:
Уни одобли бўлсин деб ураяпман,
Ва яна қўшинга бош бўлсин деб.
Қиссадан ҳисса: Зубайр ибн Аввомнинг онаси Софийя, ўғлини ўзига ишонадиган ва шижоатли, жасур бўлиб етишиши учун қўлидан келганича ҳаракат қилган.
2. “Муҳожирлар Мадинага келганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдураҳмон ибн Авф билан Саъд ибн Рабиъни ака-ука тутинтирдилар. Саъд Абдураҳмонга: “Мен ансорларнинг бадавлатиман, кел, сенга молимнинг ярмини берай, яна менинг икки аёлим бор, уларни кўр, ёққанини менга айт, уни талоқ қилай, иддаси ўтиб бўлганидан кейин, унга уйланасан”, деди.
Абдураҳмон: “Оллоҳ сенга, аҳлинга ва молинга барака берсин! Менга бозор қаердалигини кўрсатиб қўй!”, деди. Унга Бану Қайнуқоъ бозорини кўрсатиб қўйишди. Абдураҳмон бозордан қайтаркан, фойдасига бир оз пишлоқ ва озгина ёғ олиб қайтди”. [5]
Қиссадан ҳисса: Абдураҳмон ибн Авф пул топиш, ризқ талаб қилишда ўзига ишонди ва истаган нарсасини қўлга киритди.
* * *
Йигирма тўртинчи одим
Даъватчи қилиб етиштирмоқ
Фарзандимизнинг кўнглига Оллоҳ таолога даъват қилиш руҳини жойлаштирайликки, ўзидан нур ва зиё таратадиган жажжи даъватчи бўлиб етишсин. Нимага ундай бўлмасинки? Зеро порлоқ тарихимизда Оллоҳга даъват қилишда катта рол ўйнаган ёш болаларнинг ёрқин мисоллари етарлича бордир.
Мана ўша ёрқин мисоллардан бири:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин, Мадинада Ислом ёйилди. Уларнинг ичида мушрик ҳолда ўз динида қолганлар ҳам бор эди. Улардан бири Амр ибн Жамуҳ эди. Унинг ўғли Муоз Ақабада қатнашиб, Расулуллоҳга байъат берган эди.
Амр ибн Жамуҳ Бану Саламанинг улуғлари ва аслзодаларидан бири эди. Аслзодалар одатига кўра, уйида “Манот” номли ёғочдан ясалган бир бут сақлар ва уни худо билиб, улуғлар ва пок тутарди..!
Бану Салама йигитлари: Муоз ибн Жабал ва Амрнинг ўғли Муоз билан бирга мусулмон бўлиб, Ақабада қатнашган бир гуруҳ йигитлар кечаси яширин тарзда Амрнинг ўша бутини олиб, уни Бану Саламанинг ахлат ташланадиган чуқурига юз тубан улоқтирдилар. Тонг отгач, (бутини жойида топмаган) Амр: “Шўрингиз қурсин, илоҳимизга бу кеча ким тажовуз қилди?”, деб, уни излай бошлади.
Бутни топганидан сўнг, уни ювиб, тозалаб, хушбўйлар сурди. Кейин: “Оллоҳга қасамки, ким сенга шундай қилганини билиб қолсам, уни расвосини чиқараман”, деди. Кеч кириб Амр уйқуга кетганида ҳалиги йигитлар яна бутни олиб кетиб аввалгидек қилишди...
Бу иш кўп марта такрорланди. Бир куни Амр бутини яна ташланган жойидан чиқарди, ювиб тозалади ва унга хушбўйлар суртди. Сўнгра қиличини олиб келиб, унинг бўйнига осиб: “Оллоҳга қасамки, мен бу ишни ким қилганини билмайман, агар сенда бирор хайр бўлса, ўзингни ҳимоя қил, мана бу қилич сен билан бўлсин”, деди.
Кеч кириб Амр ухлаганидан сўнг, йигитлар яна бутни олдига боришди. Қилични бўйнидан олиб, ўлиб ётган бир итни олиб келиб, унга қўшиб боғлашди, кейин уни Бану Саламанинг ахлат ташланадиган чуқурларидан бирига улоқтиришди.
Амр ибн Жамуҳ тонг отгач, тавоф этадиган бутини турган жойида топа олмади. Чиқиб, қидира кетди. Ва ниҳоят уни ўша чуқурда ўлик ит жасадига боғланган, юз тубан ётган ҳолатда топди. Амр бутини бу ҳолда кўриб, кўзи очилди. Қавмидан мусулмон бўлганлар унга Исломни тушунтирдилар ва у Исломни қабул қилди ва яхши бир мусулмон бўлиб ўтди”.[6]
* * *
[1] Муслим ривояти (2628) “Солиҳ кишилар билан ҳамсуҳбат бўлишнинг мустаҳаблиги ва ёмонлар билан ҳамсуҳбат бўлишдан узоқ бўлиш ҳақидаги боб”.
[2] Бухорий ривояти, Китабу абад (6139).
[3] Сияру Аъламин-нубала (17/42).
[4] Сияру Аъламин-нубала (17/208).
[5] Бухорий (3780), Фатҳул Борий (7/486).
[6] Ҳаятус-саҳаба (1/214).