×
“30 одимда фарзанд тарбияси” номли китобнинг ушбу бўлимида “еттинчи ва саккизинчи одимлар” бўлган болажонларга доимо далда бериб, қизиқтирмоқ ва уларнинг хаёли тасаввурларини муносиб томонга йўналтириш ҳақидаги мавзуларни ўз ичига олади.

30 одимда фарзанд тарбияси

7, 8 - одимлар

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

2014 - 1436

ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء
على العمل لهذا الدين

الخطوة «7 - 8»

« باللغة الأوزبكية »

سالم صالح أحمد بن ماضي

مترجم: أبو عبد الله الشاشي

2014 - 1436

 Болажонларга доимо далда бериб, қизиқтирмоқ

Болажонлар илк болалик даврларида мақтов ва олқиш сўзларга ўч бўладилар. Шунингдек, бундай сўзларнинг болажонларнинг руҳиятларига ва яхши ишларга киришишларига ажойиб, ҳайратомуз таъсири бор. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам диний масалаларда саҳобаларни тарбия қилиш услублари шундай бўлган эди.

 Яхши ишларни қилишга киришишда далда бериш ва қизиқтиришнинг аҳамиятига доир қисса:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг олдига чиқдилар ва уларни жиҳодга ундаб шундай дедилар:

“Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, бугун ким сабр-матонат билан, савоб умид қилиб, орқага чекинмасдан олға қадам босиб душман билан жанг қилса ва ўлдирилса, Оллоҳ уни албатта жаннатга киргизади”.

Буни эшитган Бани Салама ўғилларидан бўлган Умайр ибн Ҳумом: “Бай-бай! Мен билан жаннатга киришим орасида бор-йўғи анавиларнинг мени ўлдиришлари бор бўлса-я?!” деди ва қўлидаги еб турган хурмоларни улоқтирди-да, қиличини олганича (жанг майдонига кириб) душман билан олишиб кетди, ҳатто ўлдирилди. Оллоҳ уни раҳматига олсин ва ундан рози бўлсин”.[1]

2) Хансо деган саҳобия аёл Қодисия жангидан олдин тўртта ўғлига шундай дейди:

“Эй ўғилларим! Бўйин эгиб мусулмон бўлдингиз, ўз ихтиёрингиз билан ҳижрат қилдингиз. Ундан ўзга барҳақ маъбуд йўқ бўлган Оллоҳга қасамки, барчангиз бир хотиннинг боласи бўлишингиз қатори бир эркакнинг болаларисиз. На аслингизга тил тегиздим, на насабингизни ўзгартирдим. Шуни яхши билингларки, охират ҳовлиси фоний (дунё) ҳовлисидан яхшироқдир. Сабр қилинглар ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлинглар ҳамда доимо (жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб туринглар! Ва Оллоҳдан қўрқингизким, шунда шояд нажот топгайсизлар!

Уруш авжига чиқиб, оловини ҳар томонга сачратганини кўрганингиз он, жанг майдонига шўнғинглар ва душманнинг бошлиқларига куч ташланглар, ана ўшанда абадийлик юрти жаннатда ғаниматлару иззат-икромга эришасизлар...”

(Тўрт ўғлон жангга бордилар ва) Жанг авжига чиққан палла, бу ака-укалар ўзларини жанг майдонига отдилар ва оналарининг улар ҳақидаги гумонини рўёбга чиқарганларича бирин-кетин ўлдирилдилар...

Ўлим хабарини олиб келганлар Хансога (Оллоҳ ундан рози бўлсин) фарзандларининг ўлим хабарини келтирганларида, унинг сўзлари: “Уларнинг ўлими билан мени шарафлантирган Оллоҳга ҳамд бўлсин! Оллоҳ мени раҳмат қароргоҳи жаннатда улар билан бирга қилишини умид қиламан”, дейишдан бошқаси бўлмади”.[2]

* * *

 Саккизинчи одим

 Болажонларнинг хаёлий тасаввурларини муносиб
томонга йўналтириш

Болажонлар илк болалик даврларида воқеликда бўлмаган нарсаларни ўйлайдилар ва жуда хаёлпараст бўладилар. Шу сабабдан бизнинг вазифамиз, уларни ёлғон гапиришда айбламаслик, хаёлларини пучга чиқармаслик ва уларнинг устидан кулмасликдир. Чунки бундай ёндошишлар уларнинг шахсиятларида салбий натижалар келтириб чиқаради. Аксинча биз болажонларнинг хаёлот дунёларини исломий кутубхоналарда мўл бўлган ва уларнинг бу эҳтиёжларини қондирадиган фойдали ҳикоялар мажмуалари томонга буриб қўйишимиз керак. Шу тариқа билвосита ва айни дамда уларга ёқадиган бир услубда чиройли ахлоқлар ҳосил қилиш мумкин бўлади.

 Болажонларнинг хаёлий тасаввурларини муносиб томонга йўналтиришнинг аҳамиятига доир амалий мисол ва қисса:

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: У бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чиққан эканлар. У хонасида ўйинчоқ ўйнаб ўтирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига кириб қолдилар, шамол эсиб (ўйинчоқлар устидаги нарсани кўтариб юборди ва) Оишанинг ўйинчоқ қизларини очиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Бу нима эй Оиша?” дедилар. Оиша:

— “Қизларим!” деди. Қарасалар, ўйинчоқлар орасида иккита қаноти бўлган от ҳам бор экан, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Икки қанотли отми?” деб сўрадилар. Шунда Оиша:

“Сулаймон алайҳиссамнинг қанотлари бор оти бўлгани ҳақида эшитмаганмисиз?” деганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кулиб юбордилар, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди”.[3]

 Болажонларга бу мавзуга тааллуқли ушбу чиройли қиссани айтиб бериш мумкин:

Қуён арслонни енгди

Муҳаммад Атийя Иброший қаламига мансуб

Бу қисса ўрмонда яшаган бир арслон ҳақидадир. У ўзини кучли деб ҳисоблар, дуч келган ҳайвонни ўлдириб, ундан хоҳлаганича еб, қолганини улоқтирар эди. Уни “Ўрмоннинг қироли” дер эканлар.

Кунлардан бир кун барча ҳайвонлар бир жойга йиғилишиб, арслоннинг ваҳшийлиги ва қилаётган жиноятларига ечим топишни маслаҳат қилдилар ва бориб у билан бир иш устида келишиб олишга қарор қилдилар. Арслоннинг ёнига боришиб, уйида дам олиб ўтиришини ва ҳар куни кўнгли тусаган бир ҳайвонни ейиши учун бериб туришларини таклиф қилдилар. У эса бу иш давомий бўлиши ва кўнгли тусаган ҳайвонни ўз вақтида жўнатилиши шарти билан таклифга рози бўлди. Бордию бу шарт бузилса, чиқиб ҳамма ҳайвонларни ваҳшиёна қатл қилиши билан дағдаға қилди. Ҳайвонлар ҳам бунга рози бўлишди.

Шундай қилиб ҳайвонлар ҳар кун ораларидан бефарзанд, яшашдан умиди узилган, қари, касал, бахтиқаро бир ҳайвонни танлаб, пешин вақти арслоннинг ҳузурига жўнатишар, у ҳам ўз ихтиёри билан кетар эди. Бу одат узоқ вақт давом этди. Бир куни навбат кичкина, нимжон қуёнга келди. У ўша куни арслонга ем бўлиши керак. Шунда қуён ўзини ва дўстларини муҳаққақ бўлган ўлимдан қутқарадиган чорани ўйлай бошлади. Узун ўйлаб, якуний ечимни топди. Бу ечим ажойиб бир ҳийла эди...

Қуён белгиланган вақтдан кечикиб бориш учун атай имиллаб юрди ва пешин вақтида бориш ўрнига қуёш ботгандан кейин етиб борди. Қараса, арслон қаттиқ очқолган ва узоқ кутганидан аччиқланиб турган экан. Қуённи кўриши билан “Нимага кеч қолдинг? Ана энди овқатимни вақтида жўнатмасдан келишувни бузганлари учун ҳамма ҳайвонларни жазолайман”, деди.

Бироқ, ақлли қуён арслонга яқинлашди, ҳеч нарса демасдан бошини қуйи солганича унинг қаршисида тўхтади... Арслон қуённинг атфорида айланиб, мулоҳаза қилди-да шундай деди: “Жуссанг кичик, этинг ҳам оз экансан, менга емиш бўла олмайсан. Нима учун ҳайвонлар бундан олдин қилиб келганларидек пешинда сендан бошқасини жўнатишмади?”

Қуён одоб ва эҳтиром билан жавоб берди: “Муҳтарам саййидим! Кеч қолишимга ўзим айбдорман, бунда бошқа ҳайвонларнинг гуноҳи йўқ. Йўлда ўзини ўрмоннинг қироли деб даъво қилган ва бунда бирор кимса мен билан довлаша олмайди, деяётган бошқа бир арслонни кўрдим ва қочдим, сенинг ҳузурингга ёлғиз кечиккан ҳолда келдим”.

Қуённинг гапини эшитган арслон шундай деди: “Юр мен билан, менинг мулкимга кўз олайтирган ўша ўғрини менга кўрсат, жазо сифатида уни ўлдирайин”.

Қуён: “Ортимдан келинг, эй Саййидим! Сизга у яшайдиган маконни кўрсатаман”, деди.

Қуён арслонни ўрмондаги сув тўла чуқур қудуққа бошлаб борди. Улар қудуққа етиб келди, арслон қуённинг орқасида турарди. Қуён ҳаддидан ошган золим йиртқич мана шу ерда, деди. Арслон қудуқдаги сувга назар солди, ойдин кеча эди. Не кўз билан кўрсинки, сув юзасида баҳайбат арслон турибди. Шунда у бор овози билан икки марта ўкирди, садо овозини акс эттирди. Садо овозини эшитган нодон арслон, ўзи билан урушмоқчи бўлган арслонни жуда кучли экан деб ўйлади ва унга ҳужум қилиб, ўзини чуқур қудуққа отди ва чўкиб ўлди...

Мана шу ҳийла билан нимжон қуён кучли арслонни енгди. Қуён жуда-жуда хурсанд бўлди. Ҳайвонлар ҳам золим қирол чўкиб ўлгандан кейин, ўрмонда шоду-хуррам хотиржам яшадилар”.[4]

* * *

[1] Ал-Бидаяту ван-ниҳоя (3/276).

[2] Саййид Аффоний “Солаҳул уммаҳ” (7/174).

[3] Сунан ан-Насоий ал-Кубро (5/306).

[4] Доктор Муҳаммад Солиҳ Шантий “Фи адабил атфол” (278).