30 одимда фарзанд тарбияси “1 одим”
Категориялар
Full Description
30 одимда фарзанд тарбияси
Биринчи одим
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1436
ثلاثون خطوة عملية لتربية الأبناء
على العمل لهذا الدين
الخطوة «1»
« باللغة الأوزبكية »
سالم صالح أحمد بن ماضي
مترجم: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1436
Миннатдорчилик
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳамду сано оламлар Раббиси бўлган Оллоҳ учундир. Набийлар ва расулларнинг энг шарафлиси саййидимиз Муҳаммадга, у кишининг оиласи ва барча саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
“Ўттиз одимда фарзанд тарбияси”[1] деб номланган ҳажми кичик, бироқ маънолари улкан ушбу рисоламни тақдим қилар эканман, аввало Оллоҳ таолога шукрлар айтаман, сўнгра мени қўллаб-қувватлаб, қўлларидан келган ёрдамларини аяманган қадрли устозларим, фазилатли шайх, доктор Сулаймон ибн Фаҳд Авда ва доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон Дахийлга чин дилдан улкан миннатдорчилигимни билдираман...
Уларнинг менга берган буюк дастаклари ва менга қилган хайрихоҳликлари нафақат ушбу рисоламда, қолаверса бошқа ишларимда ҳам кўп қўл келди.
Мавломиз азза ва жалладан уларнинг дунёю охиратдаги мартаба ва манзилатларини кўтаришини ва энг яхши мукофот билан тақдирлашини сўрайман. Албатта У, дуоларни эшитгувчи ва ижобат қилгувчидир.
* * *
Тақдим
· Барча ота-оналарга;
· Барча серғайратларга;
· Қалбида дин ғамини кўтариб юрган ҳар бир кишига;
· Фозил мураббийларга;
· Жонкуяр даъватчиларга;
· Барча-барчага “30 одимда фарзанд тарбияси”ни тақдим қиламан. Сизларни Оллоҳ йўлида яхши кўрган каминадан ушбу ҳадяни қабул қилинг.
* * *
Муқаддима
Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман. У зотга, оиласи ва саҳобаларига беҳад салавоту саломлар бўлсин.
Умматимизнинг шонли тарихи ва буюк шахсларининг сийратларига назар солган ва уни чуқур мулоҳаза қилган киши, уфқда порлаган равшан ҳақиқатни — бу умматнинг азиз, улуғвор бўлиши ва халқларга раҳбарлик қилиши ягона йўл билан, у ҳам бўлса ҳаётнинг барча жабҳаларини бошқаришдаги Ислом динининг манҳажи-услуби билангина рўёбга чиққанини кўради. Биз, Оллоҳ Ислом билан азиз қилган умматмиз, гар қачон азизликни ундан бошқа жойдан ахтаргудек бўлсак, Оллоҳ бизни хор қилади.
Ҳа, дарҳақиқат Ислом уммати йўлидан адашганида ўша хорлик унинг бошига тушди. Мана мусулмонларнинг (Ислом тарихининг бугунги кунигача) бу қадар оёқ ости бўлмаган қадрсиз қонлари! Мусулмонларнинг Чеченистон, Бурма, Кашмир, Босния, Герцеговина, Фаластин, Ироқ ва Филлипинда тўкилган қонлари, бизнинг бошқа умматлар орасида қанчалар хорликка тушганимизнинг равшан далилидир...
Эй Оллоҳ! Заифлигимизни, ночорлигимизни ва бошқа умматлар олдида хўрлигимизни Сенга шикоят қиламиз. Эй раҳмдилларнинг Раҳмлироғи, Сен заифларнинг Раббисисан, Сен бизнинг Раббимизсан! Бизларни кимларга ташлаб қўйяпсан? Узоқдан бизларга ҳўмрайиб турганларгами? Ёки устимизда бошлиқ қилганинг душмангами? Бизларга ғазаб қилмаган бўлсанг, бас, қолгани бир нави. Лекин Сенинг офиятинг бизлар учун албатта яхшидир.
Сенинг зумлатларни чароғон қилган ва дунё ва охират ишларини тўғри йўлга солган Юзингнинг нури билан устларимизга ғазабинг тушишидан, ёки бизларга аччиқланишингдан паноҳ сўраймиз. Розилик ва мамнуният Сенга хосдир (Бизлардан рози бўлгин). Куч ва қудрат фақат Сендандир (Бизларнинг аҳволларимизни ўнглагин).
Севикли биродарларим!
Бу умматнинг аҳволи фақат ва фақат унинг илк насллари (Пайғамбар ва саҳобалар) ислоҳ бўлган йўл билангина тузлади ва шу йўл билангина бошқа умматларга етакчи бўла олади. Бу ислоҳотнинг илк одими эса, жамиятнинг дастлабки ғишти бўлган “ОИЛА”дан бошланиши лозим.
Болажонлар бу умматнинг чечаклари, келажак умидлари, ғамлаб қўйилган хазиналари ва пистирмада турган қувватидир. Шундай экан, бу қувватлардан ва захиралардан фойдаланишга ва уларни динни севишга, унинг учун амал ва хизмат қилишга йўллантиришга ҳарис бўлишимиз керак.
Болаларни эътибордан четда қолдирмоқ, уларни ташлаб қўймоқ ва гўёинки улар йўқдек ҳаракат қилмоқ нотўғридир. Бу, кўпгина ота-оналар ва тарбиячилар йўл қўяётган улкан хатодир. Бу рисоладаги фикрлар ва тушунчалар мана шу хато тасаввур ва тушунчаларни тўғрилаш учун қоғозга туширилди.
Бу фикрлар ва тушунчаларни фаҳмлаш ва ўзлаштириш осон бўлган, болажонларнинг савияларига, ақлий ва руҳий қобилиятларига монанд амалий одимлар кўринишида бўлишига ва ушбу динни севиб, унга хизмат қилишда йўллантирувчи бўлишига ғайрат қилдим.
Ва ниҳоят, Оллоҳ азза ва жалладан менга бу ишимда тўғри ва ҳақни кўрсатишини ҳамда хато ва адашишдан асрашини ўтинаман. Албатта У, дуоларни эшитгувчи ва ижобат қилгувчидир.
Солим Солиҳ Аҳмад ибн Мозий
Биринчи одим
Солиҳ ота ва солиҳа она
Фарзанд тарбиясидаги бу одимларнинг биринчиси, энг муҳими ва асоси, “ОТА-ОНАНИНГ СОЛИҲ БЎЛИШИДИР”. Модомики улар солиҳ бўлсалар, фарзандлар ҳам солиҳ бўлишади. Ёшларимиз оталари берган тарбияга кўра улғаядилар. Ҳолбуки тарбияда она отадан олдин туради, чунки ота оила тебратиш ташвишида юраркан, фарзандлар билан узун замон бирга бўладиган она ҳисобланади ва шу сабабдан фарзанд тарбиясидаги энг оғир юк онанинг зиммасига тушади. Болаларни Исломга меҳр қўйиб, унга амал қилиш иштиёқида улғайишлари учун бу чечакларга яроқли ва унумдор тупроқ лозим бўлади. Мана шоир Шавқийга қулоқ тутинг:
Гар етиштирсанг, она бир мактаб
Унинг қўлида етишар яхши бир миллат.
Она шундай зотки, унинг даргоҳида олимлар, даъватчилар ва паҳлавон мужоҳидлар етишадиган илк мадрасадир. Солиҳа онанинг (умр йўлдошининг) жамиятнинг барпо бўлишида ва етук шахсларни етиштиришида буюк аҳамияти бўлганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам солиҳа умр йўлдоши танлашга қизиқтирдилар ва тарғиб қилдилар:
“Аёл тўрт нарса учун никоҳга олинади: моли, насаби, ҳусни-жамоли ва дини учун. Шундай экан, диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур (барака топкур)”, дедилар[2].
Умматга уламоларни дунёга келтирсин дея олима, солиҳа аёлни танлаган киши барака топсин!
Умматга ботирларни дунёга келтирсин дея мужоҳид аёлни танлаган киши барака топсин!
Умматга даъватчиларни дунёга келтирсин дея даъватчи аёлни танлаган киши барака топсин!
Умматга иботадгўйларни дунёга келтирсин дея художўй аёлни танлаган киши барака топсин!
Барака топсин...
Шунинг учун, болаларнинг шахсиятларининг шаклланишида ва бу динга хизмат қиладиган қилиб тарбиялашда оналарнинг зиммаларига улуғ ва буюк вазифалар тушмоқда. Албатта, бу масалада оталарнинг зиммаларига тушган вазифа ҳам оналарникидан кам эмас.
Муҳим танбеҳ:
Ота-оналар айрим масалаларга, айниқса болаларнинг шахсиятларининг шаклланишида катта таъсири бўлган масалаларга эътиборли бўлишлари керак. Бу масала ота-онанинг ҳамкорликда иш олиб боришларидир. Яъни ота-она фарзандларнинг кўз ўнгида кундалик дарсларни бериб боришлари ва қуйидагиларга риоя қилишлари лозим:
1. Ота ва онанинг ҳар бири бир-бирини қадрлаши, ҳурмат қилиши лозим, айниқса фарзандлар олдида;
2. Ота-она фарзандлар олдида сен-менга бормасликлари;
3. Ота-она оила ҳақ-ҳуқуқларида пайғамбарона йўлга эргашишлари ва улардан ҳар бири ўз зиммасидаги ҳақ-ҳуқуқларга риоя қилишлари.
Болаларнинг шахсиятларининг шаклланишида ота-онанинг
солиҳ бўлишларининг аҳамиятига доир амалий мисол
Она ҳар доим муаззиннинг намозга азон айтганини эшитган заҳоти барча ишларини йиғиштиради ва фарзандларидан ҳам шуни талаб қилади ҳамда уларга “Агар биз намозни аввалги вақтида адо қилсак, Оллоҳ бизни яхши кўради”, дея ўргатади. Кейин таҳорат қилиб, намоз ўқийди.
Шу тариқа болажонлар илк болалик давридан бошлаб намозни ўз вақтида ўқишга одатланадилар. Нима учун дейсизми? Чунки улар ёшликларидан ким намозни вақтида ўқиса, Оллоҳ уни яхши кўришини ўрганганлар, шу сабабдан. Бу эса болалар осон тушуна оладиган маънолардан биридир.
Болаларнинг шахсиятларининг шаклланишида ота-онанинг аҳамиятига доир қиссалар
Исломнинг шонли тарихи бизлар учун болаларнинг ота-оналарнинг шахсиятларидан таъсирланганликларини ифодалаган намуналар ва қиссаларни ўзида мужассам қилган. Булар жулмасидан:
1) Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ота-онасининг (Оллоҳ улардан рози бўлсин) шижоатларидан таъсрлангани ва довюрак бўлиб етишгани:
Жасур ота: Зубайр ибн Аввомнинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шижоати
Лайс Абул Асваддан, у Урвадан ривоят қилади. Урва айтади: “Зубайр саккиз ёшлигида мусулмон бўлди. Кунлардан бир кун Макканинг юқори томонида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар томонидан ушланибди, деган шайтондан бўлган ёлғон хабар тарқалди. Шунда Зубайр қўлига қилич олганича остона ҳатлаб кўчага чиқди, ўшанда у ўн икки ёшда эди. Уни кўрганлар ҳайратланар ва “Қилич кўтарган болакайга қаранглар!” дер эдилар. Зубайр Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига етиб келди. Буни кўрган Пайғамбар:
— “Сенга нима бўлди, эй Зубайр?!” дедилар. Шунда Зубайр ҳолатни билдирди ва
— “Сизни ушлаб турганни қиличим билан чопиб ташлагани келдим”, деб жавоб берди”.[3]
Жасур она: Асмо бинти Абу Бакрнинг (Оллоҳ улардан рози бўлсин) шижоати
Имом Заҳабий айтади: “Абул Муҳайят ибн Яъло Таймий бизга отасидан ривоят қилиб деди: “Маккага Ибн Зубайр ўлдирилгандан уч кундан кейин кирдим, унинг жасади осилган турарди. Шу пайт Ибн Зубайрнинг новчадан келган, кўзлари аъмо, кекса онаси келди ва Ҳажжожга:
— “Суворийнинг (яъни, осилиб турган ўғлим Абдуллоҳнинг) пастга тушадиган пайти келмадими?” деди.
— “Мана шу мунофиқни назарда тутяпсанми?” деди.
— “Оллоҳга қасамки, у мунофиқ эмасди, билъакс саввом (кўп рўза тутувчи), қаввом (кечалари кўп намоз ўқувчи) яхши бир инсон эди”, деди.
— “Эй кампир, бор кет бу ердан, ақлдан озибсан!” — деди Ҳажжож.
— “Бекорларни айтибсан, Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Сақифдан каззоб (қип-қизил ёлғончи) ва ҳалокат келтирувчи (кўп қон тўкувчи икки киши) чиқади”, деганларини эшитганимдан бери эс-ҳушим жойида”, деди Асмо”.[4]
Жасур ўғил: Мазкур ота-онанинг ўғли Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) шижоати
Исҳоқ ибн Абу Исҳоқ ривоят қилади: “Ибн Зубайр ўлдирилган кун ўша ерда эдим. Аскар масжид эшикларидан унинг устига бостириб кира бошлади. Ҳар қачон эшикдан бир тўп аскар кирганда Ибн Зубайр уларга ҳамла қилиб, уларни чиқариб ташларди. Аҳвол мана шу тарзда давом этаркан, тўсатдан масжиднинг айвонларидан бири Ибн Зубайрнинг бошига қулаб, уни ағдарди. У шу ҳолида қуйидагича хиргойи қиларди:
Эй Асмо, Асмо! Мен учун йиғламагин,
Ортимда қолди шарафу диним,
Яна ўнг қўлимда тутганим кескир қиличим.”[5]
2) Фузайл ибн Иёзнинг ўғли Алининг отасидан таъсирлангани:
Оллоҳдан қўрқувчи ота: Фузайл ибн Иёзнинг (Оллоҳ уни раҳмат қилсин) Оллоҳ азза ва жалладан қандай қўрққанлиги
Муҳаммад ибн Ноҳия ривоят қилади: “Бомдод намозида Фузайлнинг орқасида намоз ўқидим. У “Ҳааққо” сурасини ўқиди ва “(Оллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дерки): “Уни ушлаб, кишанланглар!” оятига келганда ўзини йиғидан тўхтата олмай қолди...”.[6]
Исҳоқ ибн Иброҳим Табарий ривоят қилади: “Фузайлдан кўра ўзи учун хавфсираган, одамларга эса умидвор бўлган бирор кишини кўрмадим. Унинг қироати гўёинки бир кишига хитоб қилаётгандек, кишининг раҳмини келтирадиган, ёқимли, оҳиста ва дона-дона эди. Агар жаннат зикр қилинган оятга келса, уни такрор-такрор ўқирди”.[7]
Оллоҳдан қўрқувчи ўғил: Али ибн Фузайл ибн Иёзнинг (Оллоҳ уни раҳмат қилсин) Оллоҳ азза ва жалладан қандай қўрққанлиги
Абу Бакр ибн Айёшдан ривоят қилинади: “Шом намозини Фузайл ибн Иёзнинг орқасида ўқидим. Ўғли Али ёнида эди. Фузайл Такосур сурасини ўқиди: “1-2. (Эй инсонлар), сизлар то қабрларни зиёрат қилгунларингизча (яъни ўлиб, қабрга киргунларингизча) сизларни (мол-дунё) тўплаб-кўпайтириш (Оллоҳга тоат-ибодат қилишдан) машғул қилди! 3. Йўқ, сизлар яқинда (бу қилмишларингизнинг оқибатини) билурсизлар! 4. Яна бир бор йўқ, сизлар яқинда билурсизлар. 5. Йўқ, агар сизлар (дунёга қул бўлиб қолишнинг оқибати нима эканлигини) аниқ билиш билан билсаларингиз эди (унга қул бўлиб қолмас эдингизлар)! 6. Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар!”.
У “Қасамки, албатта сизлар дўзахни кўрурсизлар!”, оятини ўқиганида Али ҳушидан кетиб, юзтубан йиқилди. Фузайл шу оятда тўхтади”.[8]
Абу Сулаймон Дороний айтади: “Али ибн Фузайл Қориъа сурасини ўқишни ҳам, ҳузурида ўқилишини ҳам кўтара олмасди”.[9]
3) Ҳабиб ибн Зайднинг ота-онасидан таъсирлангани:
Фидокор она: Умму Сулаймнинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) Абу Талҳанинг ҳидоятга келишига ўзини фидо қилгани
Анасдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: “Абу Талҳа Умму Сулаймга оғиз солди. Умму Сулайм мушрикка турмушга чиқиши мумкин эмаслигини айтди...
Кейин шундай деди: “Эй Абу Талҳа! Сизларнинг бутларингизни Фалончи оиланинг қули йўниб, ясаганини ва бордию уларга ўт қўйсангиз ёниб кул бўлишини билмайсанми?”
Анас айтади: “Абу Талҳа қалбида мана шу ўйлар билан чиқиб кетди, бир муддатдан кейин яна келди-да “Сенинг таклифингни (яъни Исломга киришни) қабул қилдим”, деди. Шундай қилиб, Умму Сулаймнинг маҳри Абу Талҳанинг Исломга киришининг ўзи бўлди, холос”.[10]
Фидокор ота: Абу Талҳа Зайд Ансорийнинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ўзини Пайғамбарга фидо қилгани
Анасдан (Оллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: “Уҳуд куни одамлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофидан тарқалиб кетдилар, Абу Талҳа эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида туриб, у зотни қалқони билан ҳимоя қилди. Абу Талҳа камон ипини қаттиқ тортувчи камонкаш эди, у ўша куни икки ёки уч камонни синдирди. Шу аснода ўқ тўла садоқ (ўқдон) билан бир киши ўтиб қолди. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом унга: “Абу Талҳанинг садоғини тўлдириб кет”, дедилар.
Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга қарамоқчи бўлиб бошларини кўтардилар, шунда Абу Талҳа: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, бошингизни кўтарманг, мушрикларнинг дайди ўқи тегиши мумкин. Жоним сизга фидо бўлсин!” деди”.[11]
Шаҳид ўғил: Ҳабиб ибн Зайднинг (Оллоҳ ундан рози бўлсин) Оллоҳ йўлида жонини фидо қилгани
Ибн Касир (Оллоҳ уни раҳмат қилсин) ўзининг “ал-Бидоя ван-Ниҳоя” китобида шундай дейди: “Ҳабиб ибн Зайдни Мусайлима Каззоб ўлдирди. Воқеа шундай бўлган эди: Мусайлима Каззоб унга:
— “Муҳаммадни Оллоҳнинг расули деб гувоҳлик берасанми?” — деди. У:
— “Ҳа”, деди.
— “Ундай бўлса, мени ҳам Оллоҳнинг расули деб гувоҳлик берасанми?” — деди. У:
— “Мен эшитмаяпман”, деди.
Шунда Мусайлима унинг аъзоларини бирма-бир кесишни бошлади, у эса ўша гапидан бошқа нарсани айтмасди. Ҳабиб охири унинг қўлида жон берди”.[12]
[1] Китобнинг асл арабча номи “Саласийна хутватун амалийятун литарбиятил абнаи алал амали лиҳазад-дийн”дир.
[2] Саҳиҳул Бухорий (5090), “Никоҳ китоби”.
[3] Сияру аълам ан-нубала (1/41-42).
[4] Сияру аълам ан-нубала (2/294).
[5] Сияру аълам ан-нубала (3/377).
[6] Сияру аълам ан-нубала (8/444).
[7] Сияру аълам ан-нубала (8/427-428).
[8] Сияру аълам ан-нубала (8/443-444).
[9] Сияру аълам ан-нубала (8/445).
[10] Сияру аълам ан-нубала (2/306).
[11] Бухорий (3811), Фатҳул Борий (7/506).
[12] Ал-Бидоя ван-Ниҳоя (3/116).