Булутлардан ўзмиш ҳимматлар
Категориялар
Манба
Full Description
- Биринчи хутба
- Инсон иродасининг турли кўринишлари
- Ҳимматнинг турлилиги ва унинг жаннат талаби ҳамда дунё талабига таъсири
- Умар ибн Абдулазизнинг ҳиммати
- Иродалар қандай юксалади
- Аллоҳга интилиш ҳиммат ошишига сабаб бўлади
- Салафлар сийратини ўқиш ҳимматни оширади
- Иккинчи хутба
- Йўргакда теккан — кафанда кетар
Булутлардан ўзмиш ҳимматлар
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Таржимон: Муҳаммад Ҳабибуллоҳ
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2014 - 1435
همم تناطح السحاب
[ باللغة الأوزبكية ]
مترجم: محمد حبيب الله
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2014 - 1435
Биринчи хутба
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ҳамду сано Аллоҳга хосдир. Биз у зотга ҳамд айтамиз, у зотдан ёрдам сўраймиз ва у зотга истиғфор айтамиз. Ўзимизнинг ёмонлик- ларимиз ҳамда амалларимизнинг ёмонликлари- дан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятласа, уни кимса йўлдан оздиролмагай, кимни йўлдан оздирса, уни кимса ҳидоятга сололмагай.
Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман, у зотнинг шериги йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир»
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди».
Аммо баъд!
Энг тўғри сўз Аллоҳнинг каломи, энг яхши йўл эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидир. Энг ёмон амал — тўқима амаллардир. Зеро барча тўқима амаллар бидъат ва барча бидъатлар залолат, залолат-ларнинг ҳаммаси дўзахдадир.
Биродарлар! Одамларнинг ўз олдиларига қўйган мақсад ва орзулари ҳар хил. Нафақат ўша мақсад ва орзулар, балки унга эришиш учун керак бўладиган ҳимматлари ҳам ҳар хил. Яъни, инсонларнинг мақсадлари ва унга эришишдаги ҳимматлари ҳар хил. Баъзи бир кишилар жуда ҳам олий мақсадлар ва юқори вазифалар ҳақида гапиришади. Лекин уларнинг қилаётган ишлари айтаётган сўзларига тўғри келмайди. Аҳли илмлар бундай кишини орзуга алданган дейишади. Зеро, орзу билан мақсадга эришиб бўлмайди. Бошқа бир турли инсонлар борки, улар гапирмайдилар. Лекин уларнинг қилаётган ишлари уларнинг нақадар ҳимматли эканларини кўрсатади. Агар улар Аллоҳ йўлида бирор ишга чақирилсалар, ҳеч иккиланмасдан, сусткашлик қилмасдан ва қийинчиликларга қарамасдан, лаббай, деб келадилар.
Демак, инсонларнинг мақсадлари ва ўз олдиларига қўйган вазифалари ҳам, шу мақсад ва вазифаларга олиб борадиган уларнинг ҳимматлари ҳам ҳар хил.
Инсон иродасининг турли кўринишлари
Қуйидаги икки кишининг мақсад ва ҳимматларини солиштириб кўринг. Бир бадавий (саҳройи) араб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўлда йўлиқиб: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ сенга берган бу мол-дунёдан менга ҳам бер! Бу мол-дунё на сеники ва на отангники», - деди. Энди Рабийъа Ибн Каъб ал-Асламийнинг ҳимматини тасаввур қилинг. У йигитча тунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳорат учун сув олиб келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Истаган нарсангни сўра!», - десалар, йигитча: «Жаннатда сиз билан бирга бўлишни», - дейди. Жаннат истаган қаердаю, қийматсиз нарсалар истаган қаерда.
Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ғаниматлар келиб қолди. У киши бу ғаниматни аҳли супа ва муҳтожлар орасида тарқата бошладилар. Абу Ҳурайра бу воқеани кузатиб турарди. У киши ҳам аҳли супадан бўлиб, ётгани жойи, кийгани кийими ва егани таоми йўқ эди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг муҳтож эканини билиб, шундай дедилар: «Эй Абу Ҳурайра, Одамлар келиб мендан бу ғаниматдан беришимни сўрашаябди. Сен ҳам сўрамайсанми?» Шунда у киши:
— Эй Расулуллоҳ! Мен сиздан битта нарса сўрайман.
— Нимани?
— Аллоҳ сизга берган илмдан менга ҳам ўргатишингизни.
— Бошқа нарса сўрасангчи?!
— Истагим шу.
Аҳли дунё ва назари паст одамлар доимо кийим-кечак, емак-ичмаклар ортидан юрадилар. Олийҳиммат кишилар эса фақат Аллоҳнинг розилигини истайдилар. Абу Ҳурайра: «Мен сиздан битта нарса сўрайман. Аллоҳ сизга берган илмдан менга ҳам ўрнатишингизни», - деди. У Аллоҳ таоло аҳли илмларни юқори мартабаларга кўтаришини биларди, бирор киши Аллоҳ таолога илм талаб қилишдан кўра афзалроқ амал билан яқин бўла олмаслигини биларди.
Аллоҳ таолога илм билан ибодат қилинади ва Унинг тавҳиди ҳам илм билан бўлади. У зотнинг барча айбу нуқсонлардан пок, улуғ экани илм билан билинади. «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур». Жаннат йўли илм йўлидир. «Ким илм истаб бир йўлга тушса, Аллоҳ таоло у кишини жаннат йўлига солиб қўяди».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: «Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам елкамдаги бир бўлак матони олдилар ва уни ўртамизга ёздилар. Мен у матода чумолининг ўрмалаб юрганини кўриб турардим. Кейин расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳадис айта бошладилар. Айтавердилар, айтавердилар, кейин менга: «Бу матони йиғиб ол!», – дедилар. Мен уни йиғиб олдим. Шундан кейин у кишининг сўзларидан бир ҳарфни ҳам унутмайдиган бўлдим». Бу ҳадисни ривоят қилган киши ҳам, беҳисоб ҳадисларни бизга нақл қилган киши ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бўладилар.
Дунё аҳли дунё талабида бўлсалар, олийҳиммат кишилар Аллоҳ таборака ва таолонинг ҳузуридаги (жаннат) талабидалар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида йиғлаб, Эй воҳ! Сафаримиз узоқ, қўлимиздаги озуқамиз эса (қилган амалимиз) оз, – деганлар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олти мингта ҳадис ривоят қилганлар ва яна сафари узоқ бўлиб, кам амал қилганларини шикоят қилмоқдалар.
Ҳимматнинг турлилиги ва унинг жаннат талаби ҳамда дунё талабига таъсири
Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳга қасамки, ҳимматлар нақадар муҳим ва улар бир-биридан нақадар фарқли! Баъзи ҳимматлар аршга осилган бўлса, баъзилари ҳожатхона атрофида айланади». Йигитлардан бир гуруҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдилар, улардан ҳар бирининг ўз истаги бор эди. Бири шафоат-ҳомийлик истаса, бошқаси молу дунё истагида ва яна бири ҳожати битишини истарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса улардан иккисининг истакларини бажардилар. Учинчиларига навбат келганда, у Пайғамбари- миз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Сиздан бир истагим бор, фақат бу ўз ўртамизда бўлсин», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу олийҳиммат йигитга қараб:
— Нима истагинг бор.
— Мен сиздан молу дунё ёки дунёвий бир ҳожат истамайман. Мен сиздан фақат бир нарса сўрайман.
— Нима нарса экан?
— Жаннатда сиз билан бирга бўлишни истайман.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга йўл кўрсатдилар ва:
— Бу тилагинг амалга ошиши учун кўп намоз ўқиб менга ёрдам бер. Чунки сен Аллоҳга ҳар сажда қилганингда, Аллоҳ таоло у сабабли сенинг даражангни бир поғона кўтаради ва шу сабабли сенинг бир гуноҳингдан ўтади.
Ҳимматлар инсонни ҳаракатга келтиради. Фалончи билан тугунчининг фарқига бир назар солинг! Нимага фалончи жуда қаттиқ совуқда иссиқ жойини ташлаб, Аллоҳнинг жарчисига (муаззинга) лаббай, деб ижобат қилади. У ўз парвардигори таборака ва таолонинг жарчисига қулоқ солиб, шаҳвати ва жойини ташлашига уни нима ундади?! Айни пайтда тугунчи Аллоҳнинг жарчиси «Намоз уйқудан афзал!», – деб жар солганини эшита туриб, ўрнидан тура олмади, ҳолбуки, у намозга чиқмаслиги сабабли мунофиқлар сафига қўшилиб қолишини яхши билади. Фалончини ҳаромдан бир сўм ҳам олмайдиган, тугучини эса ҳалолданми ё ҳаромдан еяётганига эътибор бермайдиган қилиб қўйган нарса нима? Унисини тоат қилишга нима ундамаоқдаю, бунисини тоатдан нима тўсиб қўймоқда? Унисини нима ҳаромдан тийиб қўймоқдаю бунисини ҳаром ишларни қилишига солиб қўйяётган нима? Бу жаннатдан бошқасини эваз бўлишига рози бўлмайдиган олий ҳимматлардир! Шунинг учун ҳам Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Умр жуда ҳам қимматбаҳо, уни жаннатдан бошқасига алиштирма!» Инсонлар икки турли бўлади, учинчиси йўқ: «Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор». Улар бир-бирларидан фарқлидирлар. Айтилган сўздан кўра қилинган ишниннг таъсири каттароқ. Бир мураббий фарзандларидан бирига айтган экан: «Сенинг асосий ғаминг асло еб-ичиш, турар жой ва уйланиш бўлмасин. Булар нафснинг ғами, қалбнинг ғами қаерда қолади? Ҳақиқий ғаминг – сени ғамга солган нарсадир. Шундай экан сенинг ғаминг Аллоҳнинг розилиги ва охират ҳовлисидаги саодатмандлик бўлсин!»
Умар ибн Абдулазизнинг ҳиммати
Умар ибн Абдулазиз олий ҳиммати билан қандай қилиб улуғлар сафига қўшила олгани ҳақида сўров бўлди. У ўзининг қисқа халифалик даврида Хулафои Рошидинларнинг бешинчиси бўла олди. Унинг халифалиги икки йил, беш ой ва бир неча саноқли кунлар давом этган, холос. Лекин у шу вақтда қанча нарсани амалга оширгани Аллоҳга аён. Одамлар ўзаро бир-бирларидан сўрашади, қандай қилиб Умар Ибн Абдулазиз бунчалик ишларни амалга ошира олди? Жавоб шу эдики, у ҳар бир қадамини Ёлғиз Аллоҳ учун деган ниятда ташлаган. Ўз ҳаётини Аллоҳ таборака ва таоло учун бахшида қилган эди. Шу сабабдан бир ўзи қисқа вақт ичида, узоқ йиллар мобайнида бир қанча қавмлар қила олмаган ишларни рўёбга чиқарди. У киши амир бўлишидан илгари аёли Фотимага: «Эй Фотима, менинг ўч нафсим амирликни истаябди», – дер эди ва амир ҳам бўлди. Амир бўлганидан кейин ҳимматлари юксалиб кетди ва аёлига: «Эй Фотима, менинг ўч нафсим халифаликни истаябди», – деди ва халифаликка ҳам эришди. Барча мусулмонларга, қирқдан ортиқ ислом диёрларига амир бўлди. Ер юзининг шарқию ғарби у кишининг қўл остида, у кишига тобе бўлди. Халифа бўлганидан кейин ҳиммати янада юксалди ва аёлига: «Эй Фотима, менинг ўч нафсим жаннатни истаябди”, – деди ва жаннат сари интилиб, жаннат учун амал қилди. Ҳайит куни жон чиқиш вақти яқинлашганда одамларни ҳузуридан чиқиб кетишга буюрди. Улар чиқдилар ва кимнингдир ушбу оятни ўқиганини эшитдилар: «Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилувчи кишиларникидир». Аллоҳ унинг ажрларини мўл қилиб берсин. Унинг мақсади пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек ягона эди: «Ким ғамларни битта ғам — охират ғами — қилса, Аллоҳ таоло унинг дунё ва охират ғамларини аритади».
Иродалар қандай юксалади
Мақсаднинг аниқ бўлиши ҳимматнинг кучайишига сабаб бўлади.
Энди сиз мендан қандай қилиб ҳиммат кучайтирилади, деб сўранг. Авваламбор, биз ҳаётимиздаги асосий мақсадни аниқлаб олишимиз ҳамда ҳаётимизнинг қадр-қимматини билмоғимиз даркор. Кўпчилик одамларнинг тириклиги худди ўликлик кабидир. Улар бор бўлгандан кўра йўқ бўлганлари яхшироқ. Улар на ўзлари учун ва на динлари учун ва на уммат учун бирор бир иш қилган эмаслар. Улар ҳайвонлар каби еб-ичиб, яшаб юрибдилар. Мана шу уларнинг қайғулари, мана шу уларнинг ҳаётлари. Олийҳиммат кишиларнинг эса ўз олдиларга қўйган мақсад-вазифалари бор. Уларнинг мақсадлари Аллоҳнинг сўзигина юксак, кофир кимсаларнинг сўзларии эса қуйи бўлишидир. Шу мақсад йўлида яшаб, шу йўлда жонларини берадилар. Агар мақсад аниқ бўлса, йўл равшан бўлади.
Эй олийҳиммат киши, шуни ҳам билгинки, йўлда тўсиқлар ва қоқилиш ҳам бўлади. Агар одам «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» оятининг маъно-сини билса, бу тўсиқлардан ўта олади. Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар мўмин киши тоғ олдида туриб, шу тоғни жойидан кўчираман, – деса, Аллоҳнинг изни ила кўчириб юборади». Агар юксак ҳимматли, қалбига иймон мустаҳкам ўрнашган киши тоғни талқон қиламан, – деса, агар у «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» оятининг маъносини билса Аллоҳнинг изни ила у тоғни талқон қилади. Шуни ҳам билгинки – Аллоҳ сени ўз паноҳига олсин – бу дунёда қилиш имкони йўқ фақат иккитагина иш бор:
• Биринчиси: Кавний ишларни ўзгартириш. Аллоҳ таоло Қуёшни шарқдан чиқаради. Биз уни ғарбдан чиқара оламизми? Бунинг иложи йўқ.
• Иккинчиси: Шаръий ишларни ўзгартириш. Аллоҳнинг динини ўзгартириб ёки алиштириб бўлмайди. Аллоҳ таоло пешин намозини тўрт ракаат қилиб фарз қилган. Биз уни уч ёки беш ракаат қила оламизми? Бўлиши мумкин эмас.
Шу иккаласигина бўлиши мумкин эмас. Бу иккисидан бошқа ҳар қандай нарсанинг иложи бор. Ҳаёт сўқмоқларида борар экансан, «иложсиз» деган сўз фақат ожиз кишиларнинг қомусида бор эканлигини унутма. Билгинки, энг осон амалга ошадиган нарса муваффақият- сизликдир. Йўлингда тўғаноқлар бор эканини ва сен «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» оятининг маъносини билсангина улардан ўта олишингни билиб олишинг зарур. Лекин сен йўлингда давом этар экансан, ким учун амал қилаётганингни аниқлаб ол! Аллоҳ учунми ёки бошқаси учунми? Мақсадинг охират саодатими ёки дунёми? Мақсадинг Раҳмоннинг жаннатими ёки ўткинчи дунё ва ундаги ноз-неъматларми? Йўлингни ва ким учун амал қилаётганингни аниқлаб ол!
Аллоҳга интилиш ҳиммат ошишига сабаб бўлади
Аллоҳнинг китобига яқин бўлиш ҳимматни оширади. Саҳобаларни Қуръон тарбиялаган эди. Бугун биз Қуръондан қанчалик узоқ эканимиз ёлғиз Аллоҳга аён. Дин душманлари бизни мусиқа, телевизор ва ҳар хил каналлар билан алдаб қўйдилар. Уларнинг мақсадлари бизни устуворлигимиз ва қувватимиз манбаидан тўсиш. Бу манбамиз ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Мен сизларга шундай нарсани қолдираяпманки, агар сизлар уни маҳкам ушласанглар, мендан кейин ҳаргиз адашмайсизлар; Аллоҳнинг китоби ва менинг суннатим».
Жазоир мустамлака қилинди. Мустамлака Жазоир аҳолисининг устидан ўнлаб йиллар мобайнида қора булут каби соя солиб келди. Ваниҳоят душманлар ўзларини бу диёрлар ва унинг аҳолисига тўлиқ ҳукмрон бўлдик, – деб ўйлаган бир вақтда, бирдан эркаклару аёллар ҳатто ёш болалар қўлларига Қуръонни баланд кўтариб, кўчаларни тўлдириб: «Биз ҳаёт эканмиз, жиҳод қилишга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилганмиз», – деб айтиб чиқдилар. Улар бу кучни қаердан олдилар? Уларга бу руҳ қаердан келди? Қуръондан келди. Агар биз Аллоҳ таборака ва таолонинг китобига қайтсак, бизнинг кучимиз ҳам, руҳимиз ҳам қайтиб келади.
Душманларнинг бугунги кундаги энг асосий мақсадлари бизни «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб, уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду-сано эгаси томонидан нозил қилинган» бу азиз китобдан узоқлаштириш. Жаннат тўғрисидаги оятларни ўқинг, дўзах тўғрисидаги оятларни ўқинг-чи, қани ҳиммат кучаймас эканми?! Ушбу оятни яхшилаб тааммул қилиб кўринг: «Магар Аллоҳнинг покиза бандалари бордирки; Ана ўшалар учун маълум ризқ; (ҳар турли) мевалар бўлур. Ва улар ноз-неъмат боғларида сўрилар устида бир-бирларига рўбарў ўтирган ҳолларида ҳурмат-иззат кўрувчидирлар. Уларга оқар чашмадан ичувчилар учун лаззат бўлган оппоқ (шароб) косалари айлантириб турилурки, у (шароб)да маст қилувчи – ақлдан оздирувчи нарса бўлмас ва улар ундан маст бўлмаслар. Яна уларнинг олдиларида кўзларини (бегоналарга қарашдан) тиювчи, гўё яшириб қўйилган (оппоқ) тухумдек (заҳаланмаган) оҳу кўзлар бўлур. Бас улар (яъни аҳли жаннат) бир-бирларига қараб савол-жавоб қилурлар. (Шундай суҳбатларнинг бирида) улардан бири дсди: «Менинг бир дўстим бор эди. У (менга) «Ростдан ҳам сен (ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилишимизни) тасдиқ этувчиларданмисан? Бизлар ўлиб, тупроқ ва суякларга айланиб кетган вақтимизда ҳақиқатан ҳам (қайта тирилтирилиб) жазолангучимизми?» дер эди. (Сўзловчи ҳаёти дунёда охиратни инкор қилган дўсти ҳақидаги ҳикояни тугатгач, жаннатдаги биродарларига): Сизлар (ҳам мен билан бирга ўша дўстимнинг дўзахдаги ҳоли нима бўлганига) қаровчимисизлар?», деди. Сўнг ўзи қараб уни дўзахнинг ўртасида кўргач деди: «Аллоҳ номига қасамки, дарҳақиқат сен мени ҳам ҳалок қилаёзган эдинг. Агар Парвардигоримнинг неъмати (яъни ҳидояти) бўлмаса эди, албатта мен (сен билан бирга дўзахга) ҳозир қилинувчилардан бўлур эдим. (Қани менга айтгин-чи) бизлар фақат биринчи ўлимимиздан бошқа ўлувчи эмас эканмизми?! (Бир марта ўлганимиздан сўнг тирилиб) азобланувчи эмас эканмизми? Албатта мана шу (аҳли жаннат етадиган неъматлар) улуғ бахтнинг ўзидир. Бас, амал қилувчилар мана шундай (мангу бахт саодат) учун амал қилсинлар! Мана шу яхшироқ зиёфатми ёки заққум дарахтими? Ҳақиқатан Биз уни (яъни Заққум дарахтини) золим кимсалар учун фитна қилиб қўйдик».
И з о ҳ. Дўзахда Заққум дарахти бўлиши ҳақида сўзланганида кофирлар «Дўзахда қандай қилиб дарахт ўссин, ахир дўзахнинг ўти уни куйдириб юбормайдими?», деганлар. Шунинг учун юқоридаги оятда кофирлар Аллоҳ таолонинг қудратига шак келтирганлари учун у дарахт тўғрисида зикр қилинганида, ақллари бовар қилмай фитнага дучор бўлишлари уқтирилди.
Дарҳақиқат, у дўзах қаърида ўсадиган бир дарахтдир. Унинг мевалари (хунукликда) худди шайтонларнинг бошларига ўхшар (шундай экан унинг мазасини сўрамай қўявер). Бас улар (яъни дўзахилар) албатта ундан еб, қоринларини тўлдирувчидирлар. Сўнгра албатта уларга (Заққум меваларининг) устига аралаштирилган қайноқ сувдан мажбуран ичирилур. Сўнгра уларни яна дўзах азобига қайтарилур (яъни қайноқ сув уларнинг бутун ички аъзоларини куйдириб битганидан сўнг, энди дўзах ўти уларнинг баданларини куйдирур). Албатта улар ўзларининг ота-боболарини йўлдан озган ҳолда топдилар. Энди ўзлари ҳам уларнинг изларидан чопмоқдалар».
Бундай оятлар ҳимматни оширмаса, унда ҳимматни нима оширади?! Агар нафслар жаннатга муштоқ бўлмаса, унда нимага муштоқ?! Агар нафс дўзахдан қочмаса, бундай оятларни тинглаганида нима қилади?! Ҳимматни жаннат ва дўзах оятлари олий қилади.
Салафлар сийратини ўқиш ҳимматни оширади
Ҳиммат — салафи солиҳларнинг сийрати- ни ўқиш билан олий бўлади. Мен сенга уларнинг кучлилари ёки соғломлари ҳақида эмас, узрли бўлган касаллари ҳақида айтиб бераман. Уларнинг бу узрлари Аллоҳ таборака ва таолонинг розилигига етишларига монеълик қилмаган. Абдуллоҳ Ибн Умму Мактум кўзи ожиз, узрли киши эди, лекин у қалби билан нурни кўра олди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: «Уйим узоқда, йўлда эса зараркунанда ҳашоратлар кўп, мени масжидга етаклаб келадиганим йўқ», – деди. У учун уйида намоз ўқишига барча шаръий сабаблар муҳайё эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
— Азонни эшитасизми?
— Ҳа.
— Унда мен сиз учун узрни кўрмаяпман.
Шундан кейин у бу кўзи ожиз одам жамоат намозидан бирор марта қолмади ва бирор марта бомдод намозига ҳам ухлаб қолмади. Нега кўзи кўрадиган кишилар ухлаб қоладилар?! Куч-қуввати бор кишилар нима учун жамоат намозига чиқмайдилар?! Нимага соғлом кишилар дангасалик қиладилар?! Кўзи ожиз бўла туриб азонга лаббай, дер эди. У киши эмас, қасамки, қулоғи эшитиб, кўзи кўра туриб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаган киши ҳақиқий кўрдир. Аллоҳга қасамки, одамлар Аллоҳнинг тўғри йўлини йўл тутганларини кўра туриб, уларни у йўлдан тўсган киши ҳақиқий кўрдир. Бу кўзи ожиз саҳобийнинг ҳиммати фақат беш вақт намозни ўз вақтида адо қилишга чекланиб қолган деб ўйлаябсизми? Осмонлар ва ер раббига қасамки, ундай эмас. Умар разияллоҳу анҳу Шом юртларига чиқиш учун қўшин ҳозирлаганида у киши ҳам уруш кийимларини кийиб, ҳозирланиб чиқди. Шунда Умар разияллоҳу анҳу у кишига қарата: «Эй Ибн Умму Муктум, қаерга отландингиз? Ахир Аллоҳ сизнинг узрингизни қабул қилганку. Аллоҳ таоло: «(Жиҳодга чиқмай қолишдан) кўзи ожиз кишига хараж-танглик йўқдир», – демаганми?» — деди. Шунда у олий ҳиммат билан жавоб берди:
— Мени шаҳид бўлишдан қайтарасизми, эй Ибн Хаттоб?
— Душманга нима ҳам қила олардингиз?
— Мусулмонларнинг сонини кўпайтириб тураман.
У қўшин билан бирга чиқди. Қўшин саф тортганида – мен орқа сафда тураман, мени камон ўқи ва найзалардан ҳимоя қилинглар, – демади. Аксинча, ўзиниг олий ҳиммати ва содиқ нияти билан жанг ўртасида турди ва: «Мен бугун сизларга байроқни кўтариб тураман», – деди. Байроқни кўтариш масъулияти қанчалигини биласизми? Байроқни ботирлар- гина кўтаради, байроқни кўтаришга яроқли кишиларгина кўтаради. Бу байроққа нима ёзилганини биласизми? Унга «Ла Илаҳа Иллаллоҳ» – деб ёзилган. Кўзи ожиз саҳобий туриб: «Мен сизларга байроқни кўтариб бераман», – деди. Кўр у эмас, Аллоҳга қасамки, сен билан мен кўрмиз.
Олий ҳимматли кишилар ҳаётларининг қийматини билганлари учун уни Аллоҳ таборака ва таолонинг йўлида сарфлаганлар. У «Ла Илаҳа Иллаллоҳ» байроғини жанг майдонида кўтариб турар экан, бунинг баҳоси қиммат эканини ҳам яхши билар эди. У байроқни йиқитиш учун душманлар тарафидан ўзининг асосий нишон эканини билар эди. Байроқ унинг қўлидан тушмади. Чунки у олий ҳимматли эди. Шу кун қуёш ботиши билан жанг ниҳоясига етди. Улар Ибн Умму Мактумни изладилар. Қарасалар, у киши табассум ила байроқни бағрига босиб, жон берган экан. Ўша куни Аллоҳ таоло мусулмонларга улкан нусратни берди.
Бу одам нима учун чиққан эди? Мана шу «Ла Илаҳа Иллаллоҳ» байроғини олий қилиш учун чиққан эди. У қиёмат куни қандай ҳолатда қайта тирилади? У саноғини Аллоҳдан бошқаси билмайдиган тумонат кишилар ичида шу байроқни кўтариб қайта тирилади. Аллоҳ ҳаққи, менга айтингларчи, Аллоҳ таоло бутун халойиқни тўплайдиган ўша кунда бу байроқни кўтарган кишилар қанча бўлади? Бу байроқ учун яшаганлар қанча? Бу байроқ йўлида ўзларини фидо қилганлар қанча?
Аллоҳим бизни ҳам улар жумласидан ва улар билан бирга қил! Аллоҳим бизга Ислом билан нусрат бер ва ислом нусратига бизни сабабчи қилгин, ё Роббал оламин! Аллоҳ таоло менга ҳам, сизларга ҳам Қуръондан фойда олишни насиб қилсин. Ундаги оятлар ва ҳикматли эслатмалардан фойдалантирсин. (Ушбу сўзларни айтар эканман, Аллоҳ таолодан мени ҳам сизларни ҳам барча гуноҳларимизни кечиришини сўрайман! Сизлар ҳам Аллоҳга истиғфор айтинглар! Зеро у зот кечиримли ва раҳмли зотдир).
Иккинчи хутба
Йўргакда теккан — кафанда кетар
Аллоҳнинг берган яхшиликларига ҳамд бўлсин. Бизни тўғри йўлга бошлагани учун шукрлар бўлсин. Аллоҳнинг ёлғиз ўзидан бошқа илоҳ йўқ эканига у зотни улуғлаб гувоҳлик бераман. У зотнинг шериги йўқ. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг бандаси ва у зотнинг розилигига чақирувчи элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳим у зотга, у кишининг аҳлига, саҳобалари ҳамда ёру биродарларига саловат ва саломларинг бўлсин.
Аммо баъд....
Азизларим, мен ўзимга ҳам сизларга ҳам Аллоҳдан тақво қилишни насиҳат қиламан. Аллоҳдан қўрқинглар, эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳга қайтадиган кундан қўрқинглар!
Билингки, ким бир нарсага ёшлигида одатланса, қариганда ҳам ўшандек қолади. Ким ёшлигида тоат-ибодатда бўлса, қариганида ҳам тоат-ибодатда бўлади, ибодатда вафот этади ва Аллоҳнинг изни ила ибодат қилган ҳолида қайта тирилади. Зеро, амалларнинг охиргиси эътибор қилинади.
Мен сизларга Аллоҳнинг тоатида тарбия топган бир одам ҳақида сўзлаб бераман. У одам ёшлигини, балки бутун умрини Аллоҳнинг розилигига биғишлаган. Ўлимига қадар ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини Аллоҳ таолонинг розилиги учун сарфлаган. Тўққиз-ўн ёшидан бошлаб азонга муҳаббати бўлган, азон айтишни севган. У ёшлик чоғида гоҳ-гоҳида масжид муаззинидан азон айтишга изн сўраб турар ва муаззин ўрнига азон айтар эди. Ўн икки-ўн уч ёшларга етганида масжид муаззини азон айта олмай қолди ва бу болакай ёши кичик бўлишига қарамасдан азонга муҳаббати бўлгани боис муаззин қилиб тайинланди. Ёшлигиданоқ мунтазам азон айтди, масжидга муҳаббат қўйиб, азон айтиб, ҳар куни «Аллоҳу Акбар. Аллоҳу Акбар». – деб такрорлаб ёшлигини ўтказди. Кексайгунига қадар азонни тарк қилмади.
Аллоҳ ҳаққи менга айтингларчи, у давомий азон айтар экан, неча марта такбираи таҳримага етишди экан? Қанча вақт азон билан иқомат орасида Аллоҳга дуо қилиб, ёлворди экан? Қанча вақт Қуръон ўқиб ўтирди экан? Қанча вақт жаннат боғларида ўтирди экан?
Ота бўлди, лекин азонни қолдирмади. Мол-дунёси ва болаларнинг тарбияси уни азон айтишига, «Ла Илаҳа Иллаллоҳ» ва «Аллоҳу Акбар» дейишига тўсқинлик қилмади. Қари чол бўлганида ҳам бу ишини қолдирмади. Одамлар унинг азонига қараб оғиз очиб, оғиз ёпардилар. Чунки у азонга энг қаттиқ қизиққан ва энг вақтида айтадиган киши эди.
Иликларидан мадор кетиб, юриши оғирлашган қария бўлганда ҳам масжидга боришни ва азон айтишни қолдирмади. Фарзандлари ҳам унинг соясида ва қарамоғида тарбия топиб, оталари каби масжидга муҳаббат қўйиб улғайдилар. Зеро, қуш инида кўрганини қилади.
Узоқ йиллардан кейин бу одамнинг оиласи ва болалари у киши тарбия топган, униб-ўсган ва ҳаётини ўткзган масжидидан узоққа кўчиб ўтдилар шу боис беш вақт намозга бориб-келиб азон айтиш қийинлашиб қолди. Шунда бу одам фарзандларига: «Мени бомдод намозида масжидга олиб бориб, хуфтондан кейин олиб келинглар», – деди. Узоқ йиллар шу ҳолатда давом этди. Бомдоддан хуфтонгача Аллоҳнинг уйида Қуръон ўқиб, зикр қилиб, Аллоҳ таборака ва таолонинг уйига хизмат қилиб ўтирди.
Касаллиги оғирлашгани туфайли уйда ўтириб қолди ва узрли кишилар сирасига кирди. Ҳар қачон азонни эшитса йиғлар ва неча маротаба «Аллоҳу Акбар» ва «Ла Илаҳа Иллаллоҳ» деганини эслар эди.
Кунларнинг бирида пешин намози бўлганида бу киши ўзини енгил ҳис қилди ва болаларидан уни масжидга олиб боришларини илтимос қилди. Ғусл қилди, хушбўйланди, энг яхши кийимларини кийди ва масжидга барвақт, азон айтилишидан олдин борди. Муаззиндан азон айтишга изн сўраб, изн олди. Узоқ узилишдан кейин яна азон айтди. У гўзал кунларда неча маротаба бу абадий чақириқни айтганини эслаб, йиғлаб-йиғлаб, «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар... Ла Илаҳа Иллаллоҳ» – деб азон айтди.
Азон кетидан азон дуосини ҳам айтиб бўлгач, Аллоҳ учун икки ракъат намоз ўқиш мақсадида бироз ортга тисарилди. Намозни бошлаб, рукуъ қилди, сажда қилди ва шу унинг охирги саждаси бўлди. У саждадан бошини кўтармади. Парвардигорининг ҳузурига Унга сажда қилган ҳолда йўл олди. Азонни севиб яшади ва азонни айтиб бўлиб дунёдан ўтди. Шу йўлда ўсиб улғайиб, шу йўлда кексайиб, шу йўлда жон берди.
У азонни, намозни, масжидни, Қуръонни, дуони, тасбеҳни, такбирни ва таҳлилни севар эди. Мен билан сиз нимани севамиз? Улар Аллоҳни севгандилар, Аллоҳ ҳам уларни севди. Улар Аллоҳ розилиги йўлида жонларини бердилар, эвазига Аллоҳ таоло уларнинг оқибатларини гўзал қилди. Зеро, олий ҳимматлар ва содиқ ниятлар билан нимани истасангиз шунга етасиз.
Эй йигит, амал қилиб қол! Сенинг куч-қувватинг бор. Эй қария, амал қилиб қолинг, сизнинг вақтингиз кам. Умрлар бизга номаълум, ажаллар эса белгиланган. Тез кунда ҳаммамиз экканимизни ўрамиз. Ҳимматингиз сизни ё жаннатнинг юқори даражаларига, ё жаҳаннам- нинг тубига олиб боради.
Аллоҳдан олий ҳиммат ва розилигига етишга ёрдам сўранглар. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мен дуоларнинг энг гўзали ва энг фойдалисини ўйлаб кўриб, у — Аллоҳнинг розилигига етишга ёрдам сўраш эканини билдим». Шундай экан эртаю кеч «اللهم أعني على ذكرك وشكرك وحسن عبادتك». «Аллоҳим сени зикр қилишга, сенга шукр қилишга ва сенга гўзал ибодат ибодат қилишга менга ўзинг ёрдам бер», – деб такрор-такрор дуо қилинг.
Аллоҳим, бизнинг нафсларимизга тақво-сини бергин ва уларни ўзинг покла. Зеро, сен уларни энг яхши покловчисан.
Аллоҳим, бизга иймонни суюкли қил ва уни қалбимизга гўзал қилиб кўрсат! Бизга куфр, фисқ ва осийликни ёмон қилиб кўрсат. Ё раб, бизни тўғри йўлдагилардан қил.
Аллоҳим, бизга ҳақни ҳақ қилиб кўрсат ва унга эргашишни насиб айла. Ботилни бизга ноҳақ қилиб кўрсат ва ундан сақланишни насиб айла.
Аллоҳим, бизни ички ва ташқи, барча фитналардан ўзинг сақла.