Зул-ҳижжа ойининг ўн куни фазилатлари
Категориялар
Манба
Full Description
Зул-ҳижжа ойининг ўн куни фазилатлари
فضل عشر ذي الحجة
] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [
Ҳамза ибн Фойиъ ал-Фатҳий
Таржимон: Ислом Нури веб саҳифаси
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2009 - 1430
فضل عشر ذي الحجة
« باللغة الأوزبكية »
حمزة بن الفايع الفتحي
ترجمة: موقع نور الإسلام
تحرير: شمس الدين درغامي
2009 - 1430
بسم الله الرحمن الرحيم
Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)!» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70-71).
Аммо баъд... Сўзларнинг энг тўғриси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг энг ёмони (динда) кейин пайдо қилинганларидир.. Ҳар бир кейин пайдо қилинган иш бадъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир..
Мусулмон биродарлар! Аксарият одамларнинг дунё ишларида ошиқишларини, дунёнинг ранг-баранг матоларига муҳаббат қўйганликларини кўрамиз, уларнинг ўткинчи дунёвий манфаатлари ортидан чопишларини, бироқ абадий манфаатлари ва нафис хазиналаридан ғафлатда эканларини кўриб, юрагимиз ачишади.
Муборак кунлар ва фазилатли соатлар яқинлашмоқда.. Бу кунларда амалларнинг савоблари бир неча баробар ортиқ бўлади, уларда даражалар кўтарилади. Бу кунлар Зул-ҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги бўлиб, Аллоҳ таоло уларнинг шаънини улуғлаш ва аҳамиятини кўрсатиб бериш учун алоҳида тилган олган: «Тонгга қасам, (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам» (Вал-фажр: 1, 2). Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳеч қайси кунда қилинган солиҳ амал ушбу ўн кунда қилинган солиҳ амалчалик Аллоҳга суюкли эмас», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳамми?» сўрашди саҳобалар. «Ҳа, Аллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам! Фақат моли-ю жони билан (жиҳодга) чиқиб, ҳеч нарсасиз қайтган киши (яъни моли ҳам, жони ҳам ўша ерда қолиб, ўзи шаҳид бўлган киши) бундан мустасно», дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу фазилатли айёмлар бизларни амалда жидду-жаҳд қилишга ва ижтиҳод кўрастишга чорлайди. Шундай экан, эй мусулмонлар, улардан фойдаланиб қолишга ва уларни солиҳ амаллар билан обод қилишга уринайлик. Мана шундай фазилатли кунлар кириб келса-ю, одамлар бундан бехабар, на яхшиликларга ошиқмай, на ёмонликлардан тийилмай, дунё билан овора бўлиб, у кунларни ғафлатда ўтказсалар, жуда ачинарли бўлади.
Инсон молини кўпайтирса-ю, амалини кўпайтирмаса, ғафлатини зиёда қилса-ю, даражасини зиёда қилмаса, фонийда ошиқса-ю, боқийга ошиқмаса!!
Одамлар ташвиши – ҳаёт ўтса бас,
Ахир эзгуликсиз ўтган умр абас!
Солиҳ амалга тенг зоди роҳила,
Тополмас ҳар қанча қидириб ҳеч кас!
Ўтиб бораётган ҳар бир соат умрингиздан бир бўлагини узиб кетмоқда, ушбу вақтларни зое қилиш ўзлигингизни зое қилиш ва ҳасратингизни орттириш демакдир.
Абул Фараж ибн ал-Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Умум халқларга боқиб, вақтларини қандай кетказаётганларидан ажабланаман. Тун узун бўлса, бефойда гап-сўзлар билан ё ишқ-муҳаббат мавзусидаги китоблар ўқиш билан, кундуз узун бўлса, уйқу билан ўтказадилар. Кун бўйи Дижлада ё бозорларда санғийдилар. Мен уларни чексиз уммонда номаълум томонга қараб олиб кетаётган кемада ҳеч нарсадан бехабар сўзлашиб бораётган кишиларга ўхшатаман. Жуда озчилик кишиларгина вужуд маъносини англаганликларини кўрдим. Улар охиратга озуқа ҳозирлаш ва сафарга тайёрланиш билан оворалар. Бироқ, улар ҳам бир-бирларидан тафовутлидирлар. Тафовутлари сабаби илмларининг камлиги ё кўплигидандир. Ғофиллари тўғри келган нарсани елкаларига ортганлар ва кўпинча хайрияти бўлмаган нарса билан қувониб юрадилар.. Қанча-қанча инсонлар йўлда қароқчига учраб, бор-будидан айрилиб қолади.. Шундоқ экан, умр мавсумини беҳуда ўтказиб юборишдан сақланингиз, фурсат ўтиб кетмасидан амалга ошиқингиз, илм ўқингиз, ҳикмат ўрганингиз, замон билан беллашингиз, нафслар билан олишингиз, озуқани кўпайтирингиз!»..
Мўмин биродарлар! Зул-ҳижжа ойининг ўн куни амалга берилиш ва ошиқиш кунлардир, зафар, саодат ва нажотга эришиш кунларидир. Бас, шундай экан, уларни қўлдан бой берманг, уларни Аллоҳ таолонинг тоат-ибодати билан бойитиб олинг.
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бахтли киши – ойлар, кунлар ва соатлар мавсумини ғанимат билган ҳамда уларда бўлган вазифа ва тоатлар орқали Хожасига қурбат ҳосил қилган кишидир. Шояд, у ўшаларда бўлган ажру-савоблардан насибадор бўлиб, саодатга эришса ва охиратда дўзах азобидан омонликда бўлса».
Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музаний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аллоҳ таоло дунё аҳлига чиқарган ҳар бир кун борки, эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги кундирман, деб нидо қилади. Ва ҳар бир тун борки, эй одамзот, мени ғанимат бил, эҳтимол мен сен учун охирги тундирман, деб нидо қилади».
Муҳтарам биродарлар! Ушбу муборак ўн кунликни тоатлар ва солиҳ амаллар билан обод қилиш мустаҳабдир. Жумладан, Зул-ҳижжанинг тўққизида (Арафа кунида) рўза тутиш суннатдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам солиҳ амаллар қилишга ундаганлар, рўза эса энг афзал амаллардан саналади. Саҳиҳ ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рўзани лозим тут, зеро унга тенг (амал) йўқ», деганлар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ: «(Ушбу кунлар) рўзасини тутиш кучли мустаҳабдир», деганлар. Аммо, авом халқда, айниқса аёллар ичида машҳур бўлган уч кунлик рўза, яъни еттинчи, саккизинчи, тўққизинчи кунларни рўзага хослаш асли-асоси йўқ ишдир. Аммо, Арафа кунининг рўзаси таъкидлангандир. Чунки, бу куннинг ўзига хос фазли бор. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилганидек, у: «ўтган йилги ҳамда йилнинг қолган қисмидаги гуноҳларга каффорат бўлади».
Такбир айтиш ҳам ушбу ўн кунликдаги суннат амалларга киради. Бу кунларда такбир (аллоҳу акбар), ҳамд (алҳамду лиллаҳ) ва таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) айтиш суннатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича: «Ҳеч бир кунларда қилинган амал ушбу кунлардаги амалдан улуғроқ ва суюмлироқ бўлмайди. Шундай экан, у кунларда таҳлил, такбир ва таҳмидни кўпайтиринглар».
Такбирни масжидларда, йўлларда, бозорларда ва Аллоҳни зикр қилиш мумкин бўлган ҳамма жойларда айтиш мустаҳабдир. Такбир қуйидагича айтилади: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, валлоҳу акбар, аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд». Такбирнинг бундан бошқа кўринишлари ҳам бор.
«Ал-муғний»да айтилади: «Қозий айтади: Азҳода (қурбон ҳайитида) такбир муқайяд (чекланган) ва мутлаққа (чекланмаганга) бўлинади. Муқайяди намозлардан кейинги такбир, мутлақи эса ҳамма ҳолатда, бозорларда ва ҳамма вақтда айтиладиган такбирдир».
Ҳозирги даврда такбир айтиш деярли унутилган суннатлардан бўлиб қолди. Ушбу ўн кунликда уни камдан-кам одам айтаётганига гувоҳ бўласиз. Аслида, суннатни тирилтириш ва ғофилларга эслатиш учун уни овоз чиқариб айтиш керак. Имом Бухорий ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Умар билан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум зул-ҳижжанинг ўн кунида бозорга чиқиб такбир айтардилар. Уларнинг такбирини эшитиб, одамлар ҳам такбир айтишарди.
Ҳаж ва умра амалларини адо этиш ҳам ушбу ўн кунликдаги амаллар сирасига киради. «Саҳиҳайн»да келган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умра кейинги умрагача ўртадаги гуноҳларга каффоратдир. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир», деганлар.
Ушбу ўн кунликда ҳар қандай солиҳ амалларни – намоз, зикр, Қуръон ўқиш, дуо, садақа, силаи раҳм, амру маъруф ва наҳий мункар қилиш каби ишларни кўп қилиш мустаҳабдир.
Ундан ташқари, қурбонлик бўғизлаш ҳам ушбу ўн кунликдаги солиҳ амаллар жумласига киради. Имкони бор мусулмон уни тарк қилиши яхши эмас.
Муҳтарам биродарлар! Аллоҳга холис тавба қилиш, гуноҳлардан астойдил тийилиш ҳам ушбу ўн кунликда ва бошқа пайтларда ҳам шошилиш лозим бўлган яхши амаллар қаторига киради. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар» (Таҳрим: 8).
«Ким тавба қилмаса, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидирлар» (Ҳужурот: 11).
Бу кунларда қилинган тавба зафар ва муваффақиятга йўлдир. Чунки, бу кунлар яхшиликлар мавсумидир, нафслар унда рўза, такбир, ҳаж, қурбонлик каби улуғ амалларга бевосита киришган бўлади. Бас, ҳаромлардан тийилиш, бировларга қилинган ноҳақ зулмлардан қутулиб олиш, ҳақларни ўз эгаларига қайтариш, фаҳшу мункардан ва шармандали ҳолатлардан узоқ бўлиш билан чин тавба қилиб қолишга шошилингиз! Аллоҳ таоло айтади: «Энди ким тавба қилиб, иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган бўлса, шоядки ана ўша (киши) нажот топувчилардан бўлур» (Қасас: 67).
Аллоҳга тавба қилиш банда учун иззат, шараф ва кароматдир, банда шу билан саодатга эришади, шу билан шодланади, шу билан фойда топади. У саодат эшикларидан катта бир эшикдир. У билан ҳасанотларга эришилади, у билан ёмонликлар тўкилади, у билан ризқ ёғилади, омад ва муваффақият давомли бўлиб, шақоват ва ғамгинлик кетади.
Имом Муслим «Саҳиҳ»ида Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади ва кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибдан (ботадиган томонидан) чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар.
Шундай экан, эй биродар, тавба, истиғфор ва кўп яхшиликлар қилиш билан Раббингизнинг тоатига шошилинг. Зеро, ғанимат пайтларда турибсиз, пайсалга солиш ва кечиктиришдан сақланинг. «Саҳиҳ Муслим»да келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй одамлар! Аллоҳга тавба қилингиз ва истиғфор айтингиз! Мен бир кунда юз марта тавба-истиғфор айтаман», деганлар.
«Саҳиҳайн»да Анас розияллоҳу анҳу ривояти билан келган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ««Аллоҳ бандасининг тавбасидан сизларнинг биронтангиз бепоён – кимсасиз чўлда туясини йўқотиб, кейин топиб олгандан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади», деганлар.
Эй мусулмонлар, Аллоҳ бандаларининг тавба қилишларидан ва Унга қайтишларидан хурсанд бўлади. Вақт борида тавба қилиб қолинг, ғафлат ва сустликдан ҳазир бўлинг!
Эй ақл кўзи очиқ бўлиб, инсон умрини, одамларнинг ҳаётларини кузатган, ўлимларига гувоҳ бўлиб, жанозаларида иштирок этган, хурсандчилик-у ғам-аламларига шерик бўлган инсон! Тавбани қачонга олиб қўйдинг?! Токай тоатдан ғофилсан?! Қачонгача маъсиятларга чопасан, тоатдан бўйин товлайсан, тавбага бўйин эгмайсан?! Панд-насиҳатлар эшитгансан, Қуръон ўқигансан, ўлимни кўргансан. Токай даъватга ижобат қилишга қайсарлик қиласан?! «Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (Таҳрим: 8).
Эй мусулмонлар! Ортимизда жуда оғир кун турибди. Ўша кунга яхшилаб ҳозирланиб олайлик. У кунда фақат икки гуруҳ – саодат аҳли ва шақоват аҳли гуруҳлари бўлади. Кимлардир саодатга эришади, яна кимлардир шақоватга юз тутади.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18)
وصلى الله على نبينا محمد وعلى آله وصحبه أجمعين وسلم