×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Ақида бу - мислсиз куч; – Ким Оллоҳнинг динини сақласа, Оллоҳ уни сақлайди; – Бузиш осон, қуриш қийин; – Ноумид бўлмаслик; – Дунё ишларида ўзидан пастроқ кишиларга, дин ишларида эса ўзидан юқорироқ кишиларга қараш; – Ҳақни таниган кишига фидойилик енгиллашади; – Ҳеч нарсага беписанд қарамаслик; – Мўъминлар хусусида яхши ўй-фикрда бўлиш.

 Исломий ақида сояси остидаги ҳаёт менга шундай ўргатди 02

 Ақида бу - мислсиз куч

Азизлар, ҳозирги кундаги ҳолимиз қандай?

У ёқда бўлаётган ишлардан жигарлар тилка-пора бўлади. Масжидул Ақсо гуёки ислом умматига хитоб қилаётгандек: “Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми? Қани, Салоҳиддинлар борми? Умарлар борми?”. Бироқ, бу нидони эшитадиган на қулоқлар ва на унга жавоб берадиган юраклар бор:

Умматнинг собиқ шон-шарафин эсга олдим  Кўзларимдан уйқу қочди, бўлдим беҳуш  Ўлкаларда ислом ҳолига назар солдим  Типирчилар, гўё қаноти кесилган қуш  Биз бошқарган қўллар бугун бизни бошқарар  Биз эгалик қилган ҳалқлар бизга ҳукмрон  Ўтмишидан ибрат олган нечук бошқалар  Порлоқ тарих унутдик биз, ҳолимиз вайрон Ғарб ортидан юрдик истаб маърифат ва нур,  Афсус: ёмонга эргашсанг қароси юқар  Рум денгизин ҳатлаб ўтган араблардан сўр  Кеча шу ерда эдилар, бугун йўқ улар

Мана сизга яна бир мисол: Аллоҳга иймон келтирган жасур мусулмон йигит Алп Арслон. Жанглардан бирида қолган қўшини билан пойтахти Хуросонга қайтаётган Алп Арслон хабари Константинопол императори Румонусга етиб келади. Рим императори унга қарши уруш қилиш учун олти юз минг жангчидан иборат қўшин ҳозирлайди. Аллоҳга қасамки, улар қўрқинч, заифлик ва хорликка тўлиб тошган қалблар билан бу қўшинни жамлаган эдилар.

Бу хабар Арслонга етиб келади. Бу пайтда унинг “Ла илаҳа иллаллоҳ” йўлида жанг қиладиган ўн беш минг аскари бор эди. Қаранг, таққосланг: олти юз минг аскар ўн беш минг аскарга қарши жанг қилиш учун келмоқда. Яъни, бир киши қирқ кишига қарши жанг қилмоғи керак.

Бу жисмоний қувватми?

Йўқ, шубҳасиз бу ақида қувватидир ва бу қувватнинг ўзи кифоядир, азизлар.

Арслон қўшинига назар солди; Қўшин жангдан ниҳоятда толиққан, ичида кўплаб ярадор ва жароҳатланганлар бор. Устига устак, узоқ масофа юриш қўшин тинка мадорини қўритган эди. Арслоннинг боши қотди. Нима қилсин? Юртига бостириб келаётган душман қўшинини ўз ҳолига ташлаб қўйсинми? Оқибат, бу қўшин унинг мамлакатига кириб, ҳамма ёқни вайрон қилсинми? Ёки ўз қўшини ҳаётини хатарга солиб, ўн беш минглик аскари билан олти юз минглик қўшинга қарши чиқсинми?

Бир оз ўйга толган Арслонни бирдан иймон кучи ларзага солди, машаққатли дамларда ўз самарасини беражак ақида юзага чиқди. У ўз чодирига кириб кийимларини ечди, баданига хушбўйликлардан суртиб кафан кийди. Сўнгра қўшин олдига чиқиб уларга шундай хитоб қилди: “Кўриб турганингиздек, ислом катта хатар остида турибди, мусулмонлар ҳам шундай. Мен борлиқдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси тугатилишидан хавотирдаман”. Сўнгра баланд овозда: “Исломга ёрдам берадиган борми? Исломга ёрдам берадиган борми?” - дея жар солди. Сўнгра шундай деди: “Мана мен хушбўйланиб, кафанимни кийиб олдим. Кимки жаннатни истаса мен сингари кийиниб олсин. Токи ўлгунимизча, ёхуд “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси юксалгунига қадар бу калимани ҳимоя қилиб жанг қилайлик”.

Кўп ўтмай ислом қўшинининг барчаси кафан кийиб олади. Ён-атрофни маййитга сепиладиган хушбўйлик ҳиди тутиб кетди. Жаннат шабадалари эсиб, ҳамма ёқда “Аллоҳу акбар! Эй Аллоҳнинг чавандозлари собитқадам бўлинглар. Эй Аллоҳнинг чавандозлари, отларга мининглар” деган ҳайқириб акс-садоси янгради.

Ла илаҳа иллаллоҳ! Кафан кийган қўшинни эшитганмисиз?!

Жангга киришдан олдин маҳшаргоҳда кияжак либосини кийиб олган қўшинни эшитганмисиз?!

Бир вақтнинг ўзида ўн беш минг мусулмондан маййитга сепиладиган хушбўйлик ҳидини ҳидлаганмисиз?!

Жанг майдони сари йўл олган ва қиёматда сур чалинган кунда ана ўша жанг майдони устида қайта тирилишига ишончи комил бўлган мукаммал бир қўшинни хаёлингизга келтирганмисиз?!

Икки қўшин тўқнаш келади. Улардан бири Аллоҳга иймон келтириб, У бирла учрашишга муштоқ бўлса, бошқа бири эса Аллоҳга куфр келтирган ва Аллоҳ билан учрашишни севмайдиган жамоат эди. “Аллоҳу Акбар” ҳайқириқлари янгради, ҳар бир мўъмин киши олға интилар экан, гўё унинг ҳолати “Мендан рози бўлишинг учун Сен сари шошилдим, эй Парвардигорим” [Тоҳа: 84], - дер эди. Жанг майдонида танадан жудо бўлган бошлар учиб, қон жилғалари пайдо бўла бошлади. Жанг асносида жарчи суюнчли овозда жар солди: “Римликлар мағлубиятга учради, уларнинг қўмондони Румонус асирга олинди!”.

Аллоҳу Акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ! Аллоҳ ваъдасига содиқ бўлди ва Ўз қўшинига ғалаба берди: (Шунда) Аллоҳга рўбарў бўлишларига ишонадиган зотлар: «Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир», дедилар” [Бақара: 249].

Аллоҳнинг қўшинидан жуда кўплари ҳалок бўлдилар. Биз уларни шаҳидлар деб умид қиламиз. Қўшиндан қолган кишилар йиғлар эдилар. Улар қўлга кирита олмай қолган ўлжалар учун йиғларми эдилар? Йўқ, осмонни устунсиз кўтарган зотга қасамки ундоқ эмас! Аксинча, улар ўзларини Аллоҳга сотганларидан кейин кафанларини ечишга мажбур бўлганлари учун йиғлар эдилар. Мусулмонлар қўмондони эса узоқ йиғлади. У Аллоҳга беҳисоб ҳамду-санолар айтди. Ҳеч қандай куч-қудрат бас кела олмайдиган ақида ила Аллоҳга йўлиққунга қадар Аллоҳ йўлида жиҳод қилди. Ва ниҳоят жон бериш вақти келганида шундай дер эди: “Оҳ, ушалмаган орзулар, эришилмаган истаклар ва ҳасрат ила жон таслим қилаётган жон”. У қиличлар сояси остида шаҳид бўлишни орзу қилган эди. Бироқ, Аллоҳ таоло унинг тўшакда жон беришини хоҳлади.

 Ким Аллоҳнинг динини сақласа Аллоҳ уни сақлайди

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, кимки Аллоҳнинг динини сақласа, Аллоҳ уни сақлар экан. Кимки Аллоҳнинг буйруқларига амал қилса, қайтарган нарсаларидан четланса ва Аллоҳ кўрсатган ҳудудлардан нари ўтмаса Аллоҳ уни сақлар экан.

Кимки бошини ва боши ўз ичига олган кўз, қулоқ ва бурун сингари ташқи ҳис аъзолари ва ички ҳис аъзоси бўлмиш тафаккурини, шунингдек қорни ва қорнига боғланган юрак, қўл-оёқ ва аврати каби аъзоларини гуноҳ ишлар йўлида ишлатишдан сақласа Аллоҳ уни сақлагай.

Кимки хурсандчилик ва фаровонлик вақтида Аллоҳнинг динини сақлаб Унга итоат қилса, қийинчилик дамида Аллоҳ уни сақлайди.

Кимки ёшлигида Аллоҳга итоат қилса, Аллоҳ уни қувватини йўқотган кексалик чоғида Ўз ҳифзу-ҳимоясига олади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибон- ларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Мана сизга бир мисол: улуғ олим, зоҳид муҳаддис ва тақводор фақиҳ Имом Авзоий ҳазратлари. Кунлардан бирида Аббосийлар ҳукмдори Абдуллоҳ ибн Али Димашққа бостириб кириб ўттиз олти минг мусулмон аҳолини қатл қилади. Сўнгра Бани Умайя масжидига отлари билан кириб масжидни оёқ ости қилгач, керилганча: “Қани, менинг бу қилган ишимни инкор этишга ким журъат қила олади?” - дейди. Одамлар: “Имом Авзоийдан бошқа ҳеч кимсани журъат қилади деб ўйламаймиз”, - дейдилар.

Шунда Аббосийлар ҳукмдори Авзоийни ҳузурига чақиртиради ва кимдир уни чақиришга боради. Авзоий бошига имтиҳон ва синов келганига ишонч ҳосил қилади. У бу имтиҳонда ё нажот топиши ва бу нажот ортида ҳеч қандай муваффақиятсизлик йўқлиги, ёки бу имтиҳонда муваффақиятсизликка юз тутиши ва бу муваффақиясизлик ортида ҳеч қандай нажот йўқ эканига қатъий амин бўлади.

Хўш, бу имом нима қилди? Имом Авзоий ғусл қилди, баданига хушбўй нарсаларни суртиб кафанини кийди ва кафан устидан кийимларини кийиб олди. Шундан сўнг қўлига ҳассасини олган Авзоий хурсандчилик ва кенгчилик вақтида Унга итоат қилган Зотга юзланиб шундай деди: “Эй хорланмас куч-қувват, иззат Эгаси! Эй мустаҳкам Суянчиқ! Эй қўшини мағлубиятга учрамас, авлиё-дўстлари енгилмас Зот! Сен Ўзинг менга кифоясан. Сен кимга кифоя экансан, Ўзинг унга етиб ортирсан. Аллоҳ менга кифоя қилувчи ва нақадар яхши сақловчидир”.

Шундан сўнг Аллоҳ таоло билан боғланган Авзоий худди шер сингари ўша ҳукмдор ҳузурига йўл олди. Бу пайтда Аббосийлар ҳукмдори вазирларини сафга тизган, Авзоийни қатл қилиш ва унинг қалбига қўрқув солиш учун ҳузурида иккита (ошланган) терини тўшаб қўйган эди. (Ўша замонларда бировни саройда қатл қилинмоқчи бўлинса бу каби терини тўшаб қўйилардики, қатл қилинган одамнинг қонлари саройни булғатмасин. Тери тўшалганини кўрган одам оқибати нима эканини дарҳол англаб оларди. Бу ерда бирмас икки тери тўшалган. Тарж). Бу ҳолатни ҳикоя қилган Авзоий шундай дейди: “Халифанинг ҳузурига кирдим. Қарасам, қиличлар яланғочланган, тери тўшалган. Ишлар мен тахмин қилгандан анча зиёда. Мен ичкарига кирдим. Аллоҳга қасамки, мен ўша лаҳзаларда кўз ўнгимда фақат Раҳмоннинг Аршини ва жарчининг: “Бир гуруҳ жаннатда ва бир гуруҳ дўзахда”, - дея жар солаётганинигина тасаввур қилдим.

Аллоҳга қасамки, кўз олдимда халифа худди пашшадек кўринди. Аллоҳга қасамки, мен унинг саройига кирганимда жонимни Аллоҳга сотиб бўлган эдим. Мени кўрган халифанинг ғазабдан пешонаси тиришди.

“Авзоий дегани сенмисан?” - деди у.

— Одамлар менинг Авзоий эканимни айтадилар. Шунда халифа:

“Биз оқизган қонларга нима дейсан?” Мен айтдим:

“Бизга фалончи фалончидан, у фалончидан ва у сенинг бобонг Ибн Аббосдан ва Ибн Масъуд, Анас, Абу Ҳурайра ва Оиша розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилиб айтиб беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Мусулмон кишининг қони учта хислатдан бирини содир этиши сабабидангина тўкилиши ҳалол бўлади: (бу хислатлар унинг) уйланган эркак ёки эрга теккан аёл зинокор бўлиши, бир инсонни қатл қилгани эвазига унинг қатл қилиниши, яъни қасос сабабидан қатл қилиниши ва динини тарк қилиб муртад бўлган, (мусулмонлар) жамоатидан ажралган киши бўлишидир”.

Шунда халифа худди илон оғзини катта очиб, тилини чиқариб ҳамла қилмоқчи бўлганидаги каби ижирғанди. Халифанинг важоҳатини кўрган атрофдаги одамлар қон сачрашидан эҳтиёт бўлишиб кийимларини кўтардилар. Мен ҳам қилич бевосита бўйнимга тушсин дея салламни кўтардим. Халифа бўлса мени яна саволга тутди:

“Биз талон-тарож қилган мана бу уй-жойлар ва тортиб олган мол-мулкларга нима дейсан?”. Мен айтдим:

“Аллоҳ таоло ҳали қиёматда сени қандай дунёга келтирган бўлса ўшандай барча нарсалардан холи қилади. Сўнгра сендан каттаю-кичик ва майда-чуйда нарсалар ҳақида савол-жавоб қилади. Бордию бу нарсалар ҳалол бўлса ҳисоб-китоб қилинажаксан, агар ҳаром бўлса уқубатга дучор бўлурсан”.

Халифанинг пешонаси ғазабдан баттар тиришди. Атрофдаги вазирлар қон сачрашидан эҳтиёт қилиб яна кийимларини кўтардилар. Мен ҳам қилич тўғридан-тўғри бўйнимга тушсин деб салламнинг пешини кўтардим. Халифа бўлса ғазабдан томирлари бўртиб чиқди ва бир оз туриб менга: “Чиқ, кет”, - деди.

Мен халифанинг олдидан чиқдим. Аллоҳга қасамки, Парвардигор мени иззат-ҳурматимни янада оширди”.

Имом Авзоий бутун умри давомида, то Аллоҳ таолога йўлиққунга қадар Унга итоат қилиб яшаган эди.

Кейинчалик, Авзоийнинг вафотидан кейин унинг қабри яқинидан ўтган ўша Аббосийлар ҳукмдори қабр олдида туриб шундай деган эди: “Аллоҳга қасамки, ер юзида ҳеч кимсадан мана шу қабрда дафн қилинган кишидан қўрққанчалик қўрқмас эдим. Аллоҳга қасамки, мен уни кўрганимда шундоққина олдимда шерни кўргандек бўлур эдим”.

Авзоий Аллоҳга қаттиқ боғланган, хурсандчилик ва мўл-кўлчилик пайтларида Аллоҳнинг динини сақлаган эди, Аллоҳ уни қийинчилик пайтида сақлади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибон- ларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Эй азизлар! Бизни келажакда иззат ва ер юзида ҳукмронлик қилиш босқичи кутаяптими ёки синов босқичи кутаяптими, биз буни билмаймиз. Биз енгиллик берилган пайтда ўзимизни гуноҳлардан сақламоғимиз, Аллоҳнинг динини, У белгилаган ҳудудларни сақламоғимиз, буюрган нарсаларни бажариб, қайтарган нарсалардан тийилмоғимиз керак. Ўшанда Аллоҳ таоло бизни қийинчилик ва синов ўринларида Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрайди. Зеро синов келмаслигининг чораси йўқ: “Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!” [Анкабут: 2].

Асвад Ансий Яманда пайғамбарлик даъво қилган ярамас, сеҳргар ва золим бир киши эди. Унинг атрофида “Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи гуруҳ” деб номланувчи бир жамоат ташкил қилиш ва Аллоҳнинг динига даъват қилувчи кишиларни қатл қилиш мақсадида ўғри ва йўлтўсарлар тўпланишган эди. Улар мусулмонлардан қанчасини сўйиб, қанчасини ўтда кўйдириб, яна кимларнидир юртларидан қувғин қилиб ва айрим мусулмонларнинг иззат-номусига теккан эдилар. Оқибат, одамлар динларини асраш мақсадида турли томонларга қочгандилар. Ана шундай қийноқларга дучор бўлган мусулмон даъватчилардан бири Абу Муслим Хавлоний роҳимаҳуллоҳ бўлган эди. Ансий уни қийноқларга солди. Бироқ, у худди Фиръавн сеҳргарлари сингари собитқадам қолди. Уни ўз даъватидан буришга ҳаракат қилди. Лекин Абу Муслим: “Мени яратган Зотга қасамки, мен асло бу даъватдан тўхтамайман”, - деди: “Бизлар ҳаргиз ўзимизга келган аниқ ҳужжат-мўъжизани ва бизларни яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Бас, қиладиган ҳукмингни қилавер. Сен фақат мана шу дунёдагина ҳукм қилурсан” [Тоҳа: 72].

Ансий катта оломонни йиғди ва уларга қарата шундай деди: “Агар бу даъватчингиз ҳақ бўлса, у ҳолда Ҳақ унга нажот бергай. Аксинча, ундай бўлмаса, у ҳолда кўрасизлар”.

Шундан сўнг ниҳоят катта олов ёқишга буюрди ва даҳшатли олов ёқилди. Абу Муслим роҳимаҳуллоҳни келтириб қўл ва оёқларини боғладилар. Сўнгра уни палахмонга ўтқиздириб, алангаланиб турган олов устига улоқтирдилар.

Айтишларича, бу олов шунчалик даҳшатли эдики, олов алангаси ва тафтининг баландлигидан унинг устидан учиб ўтган қушларнинг қанотлари куйиб олов ўртасига йиқилар эди. Палахмонда отилган Абу Муслим ҳавода учар экан ёлғиз Аллоҳни зикр қилди ва унга илтижо қилиб: "Ҳасбияллоҳ ва ниъмал вакил" “Аллоҳнинг Ўзи менга кифоя ва У нақадар яхши асрагувчидир”, - деди. Даҳшатли олов ўртасига тушаётган Абу Муслимни кўрган мусулмонларнинг юраклари қинидан чиқаёзди, аламдан қалблар эзилди. Бирдан олов аста секин ўча бошлади. Қарасалар, олов қўл оёқларини бўшатган, кийимлари куймаган, оёқяланг Абу Муслим табассум қилганича чўғ устида юрар эди. Буни кўрган золим Ансий эс-ҳушини юқотди. Бошқалар ҳам мусулмон бўлишидан қўрқиб, уларга таҳдид солиб қўрқита бошлади. Абу Муслим эса Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари олдига йўл олди. Масжиди набавийга етиб келиб у ерда икки ракаат намоз ўқиди. Абу Муслимнинг ҳикоясини эшитган Умар розияллоҳу анҳу унинг олдига келиб:

“Абу Муслим сизмисиз?”

— “Ҳа” - деди Абу Муслим.

“Оловга улоқтирилган ва Аллоҳ таоло оловдан қутқарган киши сизмисиз?”

“Ҳа” - деди у яна. Шу пайт Умар розияллоҳу анҳу Абу Муслимни қучоқлаб йиғлади ва шундай деди: “Менга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматида худди Иброҳим алайҳиссаломга қилинган нарса қилинган кишини кўрсатган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”.

Абу Муслимни сақлаган ким? Шубҳасиз, уни сақлаган Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдир! У Аллоҳнинг динини сақлаган эди, Аллоҳ уни сақлади: “Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлаувчидир ва У зот меҳрибон- ларнинг меҳрибонроғидир” [Юсуф: 64].

Мана сизга яна бир мисо, Ибн Тулун Миср волийларидан бири бўлган. Қадимдан Миср халқи золим ҳукмдор кетидан золим ҳукмдорга дучор бўлиб келмоқда. Барча жойлардаги биродарларимизнинг бошига тушган кулфат- ларни кеткизишини Аллоҳ таолодан сўраймиз.

Азизлар, бу ҳукмдор ўша мамлакатда ўн саккиз минг мусулмонни ёстиғини қуритган. Уларни шундай бир тарзда ўлдирганки, бу услуб энг ваҳший қатл қилиш турларидан ҳисобланади. Ибн Тулун уларни озиқ-овқат ва сувсиз қолдирган, натижада улар очлик ва сувсизликдан ўлганлар. Буни эшитган зоҳид Абул Ҳасан роҳимаҳуллоҳнинг кўзидан уйқу қочди. Ахир, ўз биродарларининг қийноқларга солинганини эшитсаю, уларга ёрдам бериш учун бормаса. Қандай ҳам бормасин, ҳолбуки, бундан илгари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Энг афзал жиҳод – золим ҳукмдор ҳузурида айтилган ҳақ сўздир”, - деганларини эшитган бўлса?!

Абул Ҳасан Ибн Тулуннинг олдига борадилар ва унга қарата: “Мусулмонлар қонини тўкишда Аллоҳдан қўрқ”, - дейди ва уни Аллоҳнинг интиқомидан огоҳлантирадилар. Бу гапларни эшитган Ибн Тулуннинг ғазаби қайнайди ва уни зиндонбанд қилишга ва бир шерни уч кун овқат бермай оч қолдиришга буюради. Уч кун ўтгач барча одамларни бир жойга йиғади. Абул Ҳасан билан уч кундан бери овқат емаган шерни олиб келинади. Ундан ўзга ҳақ илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳ билан боғланган бу зот ўрнидан туриб намоз ўқий бошлайдилар. Уч кун оч қолган шерни унга қарата қўйиб юборадилар, у киши томонга отилиб боради, унинг яқинига келади-ю, бирдан тўхтаб қолади ва унга қараб, уни ҳидлай бошлайди. У ҳидлар экан оғзидаги сўлаклари Абул Ҳасаннинг қўлларига тушарди. Унинг қўлларида кўплаб жароҳатлари бор эди. Золим ҳукмдор ҳам, йиғилган оломон ҳам қаттиқ даҳшатга тушадилар. Шу дам уч кундан буён оч қолган шер орқасига қайтади.

Бу зотни бундай таҳликали ҳолатда ким сақлади? Албатта уни — кенгчилик пайтида Унинг динини сақлайдиган бандаларини Ўз ҳифзу-ҳимоясида асрагувчи Аллоҳ сақлади. Шундан кейиноқ ўз устозлари билан учрашган шогирдлар узтозларидан сўраган эканлар: “Эй Абул Ҳасан, шер сизга ташланганида дилингиздан нималар кечди?!” Абул Ҳасан бунга жавобан шундай деган эканлар: “Аллоҳга қасамки, мен сизлар ўйлаган нарса ҳақида ўйламадим ва сизлар қўрққан нарсадан ҳам қўрқмадим. Аксинча, мен Аллоҳга муножот қилиб турар эканман, таҳоратимни бузиб қўйишидан хавотир олиб, ичимда шернинг сўлаги покми ёки нажосат эканлигида ўйлар эдим”.

Бундай инсонлар Аллоҳнинг динини унга амал қилиш билан сақлаган эдилар, Аллоҳ уларни сақлади. Агар банда Аллоҳ билан мустаҳкам боғланса, Унинг динига риоя қилса, сўнгра осмонлар ва ердаги барча нарсалар унга қарши қанча ҳийла-найранг ишлатмасинлар, албатта Аллоҳ унга ечим ва енгиллик ато этади.

Эй Аллоҳ, бизларни олдиларимиз ва ортларимиздан, ўнг ва чап томонларимиздан ва устларимиздан сақлагин. Эй Аллоҳ, оёқ остимиздан ҳалокат келишидан Ўзинг паноҳ беришингни сўраймиз.

 Бузиш осон, қуриш қийин

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, бузиш жудаям осон, қуриш эса жуда қийиндир. Юз йиллар давомида қурилган шаҳар, қишлоқ, қаср ва ҳовлиларни бир лаҳзада бузиш мумкиндир.

Асрлар оша барпо қилинган одоб-ахлоқ, қадрият ва маънавий намуналарни саноқли кун ва кечаларда яксон қилиш мумкиндир.

Нима дейсизлар, азизлар, агар мингта қурувчининг ортида битта бузувчи бўлса бино қад кўтарадими? Йўқ, асло! Бино қад кўтармайди. Энди айтингларчи, агар қурувчи битта, бузувчи мингта бўлса нима бўлади?!

Мен ўйлайман: минг қурувчи бас келолмас бир бузувчига

Нима дейсиз, бир қурувчи ортидаги минг бузувчига?

Воситаларнинг аксари бузувчи, (ойнайи- жаҳон, радио, интернет, қўлтелефон ва ундаги дарстурлар назарда тутилмоқда. Тарж.) жамиятнинг айрим аъзолари бузувчи, кўчалар бузувчи ва клублар бузувчидир. Бу бузувчи омилларга таққосланганда қурувчилар жуда оз. Лекин шунга қарамай, ҳақ юксалади, ботил эса пасайиб боради. Ахир, эгри таёқнинг сояси тўғри бўлармиди?!

Бу кунингдан ўлганинг яхши, гар кўзи очиқни етакласа кўр

Адашиб қоқилиб кетмоғинг аниқ, гар сенга йўл кўрсатса сўқир

 Ноумид бўлмаслик

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, киши ноумид бўлмаслиги, тушкунликка тушмаслиги, аксинча, амал қилмоғи, Оллоҳнинг динига даъват қилмоғи, натижага шошилмаслиги, самарасини кўрадими ёки йўқми уруғ сочмоқлиги керак экан. Демак, инсон умидсизланмаслиги керак:  “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Аллоҳнинг раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур” [Юсуф: 87], “Парвардигорининг фазлу раҳматидан фақат гумроҳ кимсаларгина ноумид бўлурлар” [Ҳижр: 56].

Азиз биродар, Нуҳ алайҳиссаломнинг қиссасини бир мушоҳада қилиб кўринг. У зот қавмини узоқ муддат даъват қилди: уларни кеча-ю кундуз, махфий ва ошкора даъват қилди. Бироқ, унинг даъвати уларнинг қочишини зиёда қилди, холос:  “Улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар” [Нуҳ: 7]. Даъват тўққиз юз эллик йил давом этди. Шунга қарамай унга жуда озчилик иймон келтирди. Айтишларича, камида ўн икки, кўпи билан саксон киши иймон келтирди. Бу дегани ўртача ҳар саксон беш йилда, ёхуд ҳар ўн икки йилда бир киши иймон келтирди деганидир. Бироқ, Нуҳ алайҳиссалом ноумид бўлмади, ноумид бўлиши мумкин ҳам эмас эди.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда шундай дейдилар: (Қиёмат кунида)  баъзи пайғамбарлар (ўзига иймон келтирган) биргина киши билан келади, айримлари икки киши, яна бошқалари бир жамоат билан ва бошқа бир пайғамбар (унга кимса иймон келтирмагани боис) якка ўзи келади”.  Пайғамбарлар ноумид бўлмаганлар. Уларнинг барчаларига Оллоҳнинг саловот ва саломлари бўлсин!

Ўтмишда яшаб ўтган қишлоқ аҳли, (Антокия қишлоғининг аҳолиси)га бир назар солинг: Оллоҳ таоло уларга иккита пайғамбар юборади. Улар бу икки пайғамбарни ёлғончига чиқарадилар. Оллоҳ таоло бу икки пайғамбарни қўллаб-қувватлаб учинчи пайғамбарни юборса, қишлоқ аҳли уни ҳам ёлғончига чиқарадилар. Биргина қишлоққа учта пайғамбар юборилса-я! Сўнгра улар ичидан ёлғиз ҳақ илоҳ Оллоҳга иймон келтирган бир даъватчи чиқади. Қишлоқ аҳли уни ҳам дарҳол ўлдирадилар. Хўш натижа нима бўлди? (Лекин жохил қавм Ҳабиб ан-Нажжорнинг сўзларига қулоқ солмасдан уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (Аллоҳнинг амри билан жаннатга киритилиб, у жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим ҳам мени Парвардигорим мағфират қилганини ва мени иззат-икромли кишилар- дан қилганини билсалар эди” [Ёсин: 26-27].

Азизлар! Жажжи бир ҳашарот ҳисобланмиш чумоли қишга озуқа бўлиши учун ёз бўйи меҳнат қилиб дон-дун йиғади. Ёмғир ёғиб инига сув кирганида, бу дон-дунларни моғорламаслиги учун инидан чиқариб офтобга ёяди. Сўнгра қайтадан уни инига ташийди. Чумоли деворга чиқиш учун ҳаракат қилади, бироқ пастга йиқилади. Сўнгра яна ҳаракат қилади ва яна йиқилади. У то деворга ўрмалаб чиқмагунча икки, уч ва тўрт бор ҳаракат қилаверади. Наҳотки, биз мана шу жажжи бир ҳашарот сингари бўла олмасак, азизлар?!

Сабр-матонат ва ишонч билан динда имом ва пешволикка эришилади.

Оллоҳ таоло шундай дейди: “Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига; тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!” [Ғошия: 18-20]. Сўнгра Оллоҳ таоло бу оятлардан кейин нима демоқда, эътибор беряпсизми?: “Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат бир панд-насиҳат қилувчидирсиз, холос” [Ғошия: 21]. Гўёки, Оллоҳ таоло Унинг динига даъват қилган кишилардан мўъминлар учун туянинг сабри, осмоннинг юксаклиги, тоғларнинг собитқадам- лиги ва ернинг хокисорлигини олишлигини хоҳлаётгандек. Мўъмин киши умидсизлик нима, тушкунлик нима билмаслиги керак.

 Дунё ишларида ўзидан пастроқ кишиларга, дин ишларида эса ўзидан юқорироқ кишиларга қараш

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики,  инсон дунё ишларида ўзидан пастроқ кишиларга назар солиши лозим ва бу нарса унга Оллоҳнинг берган неъматларига беписанд бўлмасликни ўргатар экан. Охират ишларида  эса инсон ўзидан кўра юқорироқ инсонларга назар солиши, уларнинг саъй-ҳаракатидек ҳаракат қилмоғи, шояд шу орқали солиҳ кишилар сафига қўшилмоғги ва имкон қадар ҳеч кимсага нисбатан ичида гина-кудурат сақламаслиги, ҳасад қилмаслиги лозим экан. Бир киши Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ тўғрисида шундай дейди: “Оллоҳга қасамки, мен ўз ўртоқларимга унинг душманлари ва рақибларига қилган муомаласини қилишни орзу қиламан. Оллоҳга қасамки, мен унинг биронта рақиби ҳаққига баддуо қилганини кўрмадим. Аксинча, уларнинг ҳаққига дуои хайр қилар эди. Кунлардан бирида энг катта рақибларидан бирининг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни етказиб, суюнчи сўраб келдим. Шунда у мени жеркиб берди ва мусибат чоғида айтиладиган “Инна-а лиллаҳи ва инна-а илайҳи рожи-у-ун”, “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” зикрларини ёд қилиб маййитнинг уйига йўл олди. Унинг фарзандларига таъзия изҳор қилиб шундай деди: “Мен сизларга отангиз ўрнидаман, истаган нарсангизни сўрайверинглар”. Хонадон аҳли бу сўздан бағоят хушнуд бўлдилар, Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳаққига дуо қилишиб, унга ўз миннатдорликларини билдирдилар. Гўёки уларнинг ҳолатидан: “Сизга ўхшаганини ҳали кўрмадик”, - деган сўзни илғаш қийин эмас эди:

Одамларга яхшилик қил, қалби сенга бўлур қул

Инсон борки яхшиликла қўлга кирур, яхши бил

Мартабаси олий киши ўзгага кек сақламас

Етишолмас юксакликка ғазаби тез, ярамас

Хўш, қалбида гина-кудурат, кек сақлаган кишилар нима фойда кўрдилар? Ёхуд ҳасадгўй инсонлар нима кўрдилар? Улар қийинчилик ва машаққатдан бошқа нарса кўрмадилар. Ўзларининг зиёнларига қуруқ гуноҳ орттиришдан бошқа нарса кўрмадилар. Оллоҳга қасамки, улар Оллоҳ таоло бирон бандага инъом этган бирон неъматни қайтара олмайдилар. Воажаб, ҳасад деганлари бунчалар адолатли бўлмаса?! Ҳасад аввало ҳасадгўйнинг ўзидан бошлаб уни ўлдиради:

Сабр қил ҳасадгўй озорига

Унга қотил - сен кўрсатган сабр

Олов каби ўзин ўзи ер

Топилмаса егани ўтин

 Ҳақни таниган кишига фидойилик енгиллашади

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, кимки ҳақни таниса, унга фидойилик енгиллашади. Оқибат, бундай киши ҳаётнинг ўткинчи матолари ва зеб-зийнатларидан ўзини устун тутади. Чунки у Қудратли Подшоҳ ҳузуридаги барча қулайликлари муҳайё қилинган жаннатлар ва анҳорлардаги мангу ва абадий роҳат-фароғатни кутиб яшайди. Оллоҳ таоло ундан ирода қилган нарсани ўз шаҳвати ва лаззатларидан устун қўяди. Оллоҳ таоло ундан талаб қилган нарсани кўзи ва қалбига лаззат бахш этадиган барча нарсалардан устун қўяди. Шундай қилиб, дунё ва охиратда саодатли бўлади. Айрим хабарларда келишича, Оллоҳ таоло шундай дейди: “Иззатим ва Улуғворлигимга қасамки, Менинг хоҳишимни ўзининг хоҳишидан устун қўйган бирон банда йўқки, албатта Мен унинг ғам-ташвишини озайтираман, унга пароканда бўлган нарсаларини жамлаб бераман, қалбидан фақирликни суғуриб олиб, бойликни унинг кўз олдига қўяман ва барча тижоратчилар ортидан унга атаб тижорат қиламан”.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобийларидан бири ташқи қиёфаси хунук бир инсон эди. Бироқ, Оллоҳ таоло унга кучли иймон берган, ташқи қиёфасининг хунуклиги унга зарар бермас эди. Бу киши уйланишни хоҳлаб бир қанча тагли-тугли хонадонларга қизларини сўраб борди. Бироқ, қайси қизнинг қўлини сўрамасин ташқи қиёфаси хунуклиги ва бўйи пастлиги сабаб қизлар унга турмушга чиқишни исташмас ва хонадон соҳиблари унга рад жавобини беришар эди. Шу боис бу саҳобий одамлардан шикоят қилиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди:

- Эй Расулуллоҳ! Оллоҳга иймон килтирган ва сизни тасдиқлаган киши жаннатга кириб ҳури ийнларга уйланиши ростми?

- Ҳа.

- Унда нега асҳобларингиз менга қизларини бермайдилар?

-  Фалончининг уйига бориб Расулуллоҳ қизларингизни сўраяптилар дегин.

У ансорлардан бўлган бир кишининг уйига бориб эшикни тақиллатди. Уй эгаси чиққач унга салом бериб: “Расулуллоҳ қизларингизни сўраяптилар”, - деди. Уй эгаси: “Қандай яхши, бу қандай хурсандчилик! Қизимизни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга бермасак бошқа кимга берамиз! Бундан бошқа шарафли насабни қаердан ҳам топар эдик”, - деди. Шунда ҳалиги саҳобий: “Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизларингизни менга сўрадилар”, - деди.

“Оллоҳнинг ўзи бир ёққа бошлар!”- деди уй эгаси ва хотини билан маслаҳат қилиш учун ичкари кирди. Хотинига хабар берган эди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қизимизни сўрабдиларми? Қандай яхши, бу қандай хурсандчилик!”, - деди хотини. “Бироқ, фалончига сўрабдилар”, - деди эр ва унинг номини тилга олди. Буни эшитган хотин иккиланиб шундай деди: “Абу Бакр, Умар ёки Усмонга сўрасалар бўлмасмиди? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундан бошқасини топмабдиларми?”.  Хонадоннинг Оллоҳ хоҳиши- ни ўз нафсининг лаззат ва шаҳватларидан устун қўювчи тақводор, ибодатли ва зоҳида қизи бу гапларни эшитиб турган эди. Қиз ота-онасининг олдиларига чиқди.

—   “Нима гап?” - деб сўради улардан.

—   “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сени фалончига сўрабдилар”.

—   “Сизлар нима дейсизлар?”

—   “Ўйлаб, маслаҳатлашиб кўрамиз”, - дедилар ота-онаси.

—   “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг амрини қайтарасизларми?! Оллоҳ таолонинг мана бу сўзига нима дейсизлар, ахир:  “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди” [Аҳзоб: 36]. Мени унга топшираверингиз. Зеро, Оллоҳ таоло мен хор қилмайди”, - деди қиз.  Бу гапларни эшитиб турган саҳобий, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузуларига бориб, бўлган гапни  у зотга айтиб берди. Бундан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб, шодланиб қизнинг ҳаққига дуо қилдилар. Шундай қилиб, бу қиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларига мушарраф бўлди. Айтишларича, бу аёлга шунчалар мол-дунё келар эдики, у бу мол-дунёнинг қаердан келганини билмас эди.  

Бу икки ёш бир ёстиққа бош қўйган биринчи кечада жарчи жар солиб: “Эй Оллоҳнинг чавандозлари, жиҳодга отланинглар!” - дея одамларни жиҳодга чорлай бошлади.

Шу жойда бу саҳобий ўйланиб қолди: нима қилсин? Никоҳнинг биринчи кечасида зеб-зийнатга бурканган хотини ёнида бўлсинми, йўқса Оллоҳнинг жарчисига жавоб берсинми? Ва ниҳоят, хотинини ташлаб, ҳури ийнларни ихтиёр қилиб жиҳодга отланди. Жанг тугагач Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам асҳобларини бирма-бир суриштирдилар. “Кимлар сафимизда йўқ?” - дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам. Саҳобалар: “Фалончи, фалончи ва фалончилар орамизда йўқлар”, - деб бир қанчаларни санадилар. Саҳобалар янги уйланган мазкур саҳобийни тилга олмадилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Бироқ, мен биродарим Жулайбибни кўрмаяпман, қани, мен билан юринглар, уни шаҳидлар орасидан излаб кўрамиз”, - дедилар. Улар бу саҳобийни излаш учун бордилар ва уни етти мушрикни ўлдириб кейин ўзи шаҳид бўлган ҳолатда топдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни билакларига ётқизиб, юзларидаги тупроқни артдилар. “Еттита мушрикни ўлдириб, сўнгра ўзи шаҳид бўлибди. У мендан ва мен унданман. У мендан ва мен унданман.  У мендан ва мен унданман”, - дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам.

Бу киши охират учун нима тақдим қилди? Оз нарса тақдим қилди, бироқ жуда кўп нарсаларни қўлга киритди.

Мана сизга яна бир мисол: Шайх Ҳомид роҳимаҳуллоҳ Шом диёри машойихларидан бири, тақводор ва диёнатли киши эди. У кишининг акаси вафот қилгач, кунлардан бирида акасининг илми ва диёнатини мақтаб тилга олди. Одамлар ундан акасининг фарзандлари ва унинг хотини ҳақида сўрадилар. “Дарҳақиқат, акамнинг хотини ва фарзандлари бошқа уйга кўчиб ўтдилар. Оллоҳга қасамки, биз билан бир манзилда яшасаларда, ўн икки йилдан бери уни кўрганим йўқ. Фақат уйдан кўчиб кетаётганида кўрдим. Ўшандаям орқасини ўгириб туриб бизга салом берган эди”, - деди шайх Ҳомид. Буни қарангки, янгаси у билан бир ҳовлида яшаган. Шунга қарамасдан унга бурилиб қарамаган, у билан бирга ўтирмаган. Чунки у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эрнинг қариндошлари ўлимдир, (яъни эрнинг ака-укаси, амаки-тоғалари сингари эрнинг қариндошлари билан хотин кишининг аралашиб юриши натижасида улар ўрталарида одатда  нохўш ва ножўя ишлар содир бўлиши билан инсонни ҳалокатга элтиши мумкин), - деганларини билар эди. Бу киши ўз замонасида қозилар раиси бўлиш ўрнига масжид хатиби бўлишни афзал билган эди.

Абу Лубоба исмли саҳобий бир етим бола билан бирга икковларининг боғлари ўртасидаги бир хурмо дарахтидан фойдаланиб турар эдилар. Етим бола бу хурмо дарахти унга тегишли эканини даъво қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жойни кўздан кечириш учун бордилар. Қарасалар, хурмо саҳобий Абу Лубобанинг боғида жойлашган экан. Шунинг учун хурмо дарахтини Абу Лубобаники деб ҳукм қилдилар. Бу ҳукмдан кейин етим боланинг кўзларидан ёш оқди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам чиқарган ҳукмларини ўзгартиришлари мумкин эмас эди. Чунки у зотнинг ҳукмлари ҳақ ва адолатдан иборат эди. Бироқ Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мусобақа эълон қилиб, Абу Лубоба розиёллоҳу анҳуга қарата: “Хурмо дарахтини етимга берасанми? Сенга буни эвазига жаннатда мевали бир хурмо шодаси берилади”, - дедилар. Абу Лубоба бунга рози бўлмади. Зеро, у бўлиб ўтган воқеадан дарғазаб эди. Ахир, ҳақ унинг тарафида бўлсаю, қандай қилиб бу етим бола ундан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилади?! Мажлисда ана шундай орзуни излаб юрган киши Абу Даҳдоҳ розиёллоҳу анҳу бор эди. Абу Даҳдоҳ деди: “Эй Расулуллоҳ! Агар мен унинг хурмо дарахтини боғим эвазига сотиб олсам ва уни етимга берсам, менга жаннатда мевали бир хурмо шодаси бўладими?”. “Ҳа, сенга мевали хурмо шодаси бўлади”, - дедилар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам. Абу Даҳдоҳ Абу Лубоба розиёллоҳу анҳунинг ортидан бориб: “Ўша хурмо дарахтингни бутун боғим эвазига менга сотасанми?”, - деди. “Сотдим сенга ўша дарахтни. Уни деб мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилинган дарахтда менга яхшилик йўқ”, - деди Абу Лубоба розиёллоҳу анҳу. Абу Даҳдоҳ боғига борди ва хотини Умму Даҳдоҳ ва болаларини чақирди: “Боғдан чиқинглар, жаннатдаги бир мевали хурмо шодаси эвазига бу боғни Оллоҳга сотдик”, - деди Абу Даҳдоҳ розиёллоҳу анҳу. Айтишларича, боғдан чиқаётганларида айрим болаларининг қўлида баъзи ҳўл хурмолар бор бўлган. Шунда Абу Даҳдоҳ: “Биз буларни Оллоҳга сотдик”, - дея уларни қўлидаги хурмоларни боқ ичига улоқтирган экан. 

Боғини ташлаб чиққан Абу Даҳдоҳ бу билан кифояланмади. Жони ва қонини Оллоҳ йўлида қурбон бўлишидан бошқа нарсани жаннатга эваз бўлишига рози бўлмади. Уҳуд жангида қўшин ичида туриб жанг қилди. Маълумки, бу жанг ниҳоясида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолатлари оғир бўлган: юзлари жароҳатланган, қозиқ тишлари синган эди. Ота-оналаримиз у зотга фидо бўлсин. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам мана шундай оғир лаҳзаларда ҳам асҳобларини унутмадилар. Асҳобларини кўздан кечирар эканлар, Абу Даҳдоҳга дуч келдилар. Унинг юзларидаги тупроқни артар эканлар: “Оллоҳ сизни раҳмат қилсин! Ҳозир Абу Даҳдоҳ учун жаннатда қанчадан-қанча осилиб турган мевали хурмо шодалари бор”, - дедилар. Хўш, Абу Даҳдоҳ нима зиён кўрди? У тупроқ, бир неча хурмо дарахтларидан ажралди, холос. Бироқ, бунинг эвазига эни ер ва осмонларга тенг келадиган жаннатни қўлга киритди. Бу шубҳасиз, буюк зафар, буюк ғалабадир. Кимики ҳақни билса, уни таниса фидойиликлар унга енгил бўлиб қолади.   

 Ҳеч нарсага беписанд қарамаслик

Ақида сояси остидаги ҳаёт менга шуни ўргатдики, қанчалик оз бўлмасин ҳеч нарсага беписанд бўлмаслик лозим экан. Аксинча, инсон таълим олмоқлиги, меҳнат қилмоқлиги, имкон қадар давомли ишламоқлиги керак экан. Амалларнинг энг суюклиси оз бўлсада давомлисидир. Озни озга қўшилса кўпаяди. Зеро, сел томчилар йиғиндисидан иборатдир:

Бугун озгина, эрта яна шунча

Бармоқ учи бирла йиғилар билим

Шу йўсинда ҳосил бўлади ҳикмат

Зеро, томчилардан пайдо бўлур сел

 хусусида яхши ўй-фикрда бўлиш

Ақида сояси остидаги ҳаёт мега шуни ўргатдики, киши мўъминлар тўғрисида яхши ўй-фикрда бўлиши, имкон қадар улардан содир бўлган сўз ёки ҳатти-ҳаракатларни яхшиликка йўймоғи лозим экан. Мана бу хулқ чинакамига фақат мўъмин кишилардагина учрайдиган хулқдир:  “Унга (ёмонликни яхшилик билан дафъ қилиш хислатига) фақат сабр-тоқатли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур” [Фуссилат: 35].

Маълумки, “Бўҳтон воқеаси”да Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг номуслари: хотинлари Оиша розиёллоҳу анҳога зино билан тўҳмат қилинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ва мўъминлар бир ой давомида оғир синов ва кулфатларни бошдан кечирдилар. Абу Айюб розиёллоҳу анҳу етти қават осмон устидан Оиша розиёллоҳу анҳонинг поклиги тўғрисидаги хабар келишидан олдин хотини Умму Айюбнинг олдига келиб:

-Эй Умму Айюб! Агар сен Оишанинг ўрнида бўлганингда Оиша розиёллоҳу анҳо айбланган ишни қилишинг мумкинмиди?

-Оллоҳга қасамки, йўқ!

-Оллоҳга қасамки, Оиша сендан ва бутун олам аёлларидан яхшироқдир.

-Эй Абу Айюб! Агар сиз  Софвоннинг ўрнида бўлганингизда Софвон  айбланган ишни қилишингиз мумкинмиди?

-Оллоҳга қасамки, йўқ!

-Оллоҳга қасамки, Софвон сиздан яхшироқдир.

Мўъминлар тўғрисида яхши ўй-фикрда бўлишлик - бу фақат мўъминларгина сифатланадиган хулқдир. Ҳаттоки “Бўҳтон воқеаси”нинг жабрланувчи қаҳрамони узоқ вақт йиғидан тўхтамаган, аламдан қалби эзилган Оиша розиёллоҳу анҳо Ҳассон розиёллоҳу анҳуни сўкаётган кишини эшитганида шундай деган эди: “Уни тинч қўйинглар, ахир у:

“Менинг отам, онам ва номусим

Муҳаммаднинг номуси олдида қалқондир”, - демаганмиди?!”. Ҳолбуки, Софвон розиёллоҳу анҳу “Бўҳтон воқеаси”га аралашиб қолган ва Оиша розиёллоҳу анҳо ҳақида гап қилган кишилардан бири эди.

Ҳаёт менга шундай ўргатди.