Ҳаж ҳам тугади...
Категориялар
Full Description
Ҳаж ҳам тугади...
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Иброҳим ибн Солиҳ Ужлан
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
وقفات بعد الحج
« باللغة الأوزبكية »
إبراهيم بن صالح العجلان
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биринчи хутба
Барча нарсани ўлчаб, ҳар бир нарсадан бохабар бўлган Оллоҳ таолога ҳамдлар, берган неъматларига шукрона бўлсин дея санолар айтаман. Мен: «Ягона ва шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. У сувдан одамзотни яратиб, ўрталарида насаб ва қудачиликни жорий қилган Зот» эканига ҳамда: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Оллоҳнинг бандаси ва расули бўлиб, уни Роббиси бутун инсониятга огоҳлантирувчи ва узр қилиб юборган ва У Оллоҳ йўлига пинҳона ва ошкора чорлаган» эканига шаҳодат келтираман. Оллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига юлдузлар сўниб, Ой нурини йўқотгунича салавоту саломлар йўлласин.
Сўнг ...
Эй мўминлар, Оллоҳдан ҳақиқий қўрқингиз ва уни пинҳонаю ошкора кўздан йироқ тутмангиз! Унга бўлган бандачиликни, Уни кўриб тургандек бажо келтирингиз! Чунки сизлар Уни кўрмасангиз, У сизларни кўриб туради:
«Ғолиб ва меҳрибон (Оллоҳ)га таваккул қилинг! У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилгувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитгувчи, билгувчи зотдир». (Шуъаро: 217-220).
Мўмин биродарлар, фаришталар гувоҳ бўлган ва кўп эслатилган айёмлар ортда қолди. У кунлар мобайнида айрим одамлар гуноҳларнинг мағфирати ва Алломул ғуюбнинг розилиги билан тақдирландилар.
У кунлар ичидаги яхшилик ва эзгуликлари, фойда ва манфаатлари билан ўтиб кетди ва Ҳаж мактаби дарвозаларини ёпди. Энди қайта келмоқчи бўлганлар, умр сафарининг ҳайратомуз иймон саёҳатида янги юз, порлаган руҳ ва оппоқ саҳифа билан келадилар.
Оллоҳнинг меҳмонлари уйларига қайтдилар. Уларнинг тиллари талбияларни такрорлаб, кўзлари ёшларни қуйиб, руҳлари ибодатга ўрганиб қолган эди.
Улар Оллоҳ инъом этган лутфлар, муваффақият ва Каъбани ҳаж қилиш билан шод бўлиб қайтишди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Оллоҳнинг фазлу марҳамати (яъни, ислом) ва раҳмат-меҳрибонлиги (яъни, Қуръон) билан — мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир» (Юнус: 58).
Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлида мусулмон бўлиш учун келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни очиқ чеҳра билан кутиб олди ва Исломга кириши учун қўлларини узатди. Бироқ Амр қўлини мушт қилиб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Амр, сенга нима бўлди?» – дедилар. У: Менинг шартларим бор!, – деб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қандай шартларинг бор?» – дедилар. У: Шартим – мени кечиришингиздир!, – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Амр, Ислом, ҳижрат ва ҳаж ўзларидан аввалги нарса (гуноҳ)ларни ювиб йўқ қилиб ташлашини билмайсанми?!» – дедилар. (Бағавий «Шарҳус суннаҳ» 56).
Ўз ўлкасига қайтар экан ҳажини мукаммал қилган, зиммасидаги масъулиятни адо этган бандага муждалар бўлсин!
Эй ҳожилар, сизларга муждалар бўлсин ва Оллоҳдан умидларингизни узмангиз! Чунки сизлар Буюк Роббингиздан тилакда бўлдингиз, Саховатпеша зотдан умид қилдингиз. Ундан бирон гуноҳ мағфиратсиз қочиб қутила олмайди, У бирон марҳаматни бермай қўймайди! Оллоҳ ҳақида чиройли гумонда бўлингиз! Зеро Оллоҳнинг инъомлари умидларингиздан, эҳсонлари эса тилакларингиздан буюкдир! Амал сиёҳлари билан оқарган амал саҳифаларингизни тўлдирингиз! Ўтган ишларга салавот! Ҳаётингизни янги тонгдан бошлангиз ва унинг қолган қисмида эзгу ишларга бел боғлангиз! Унутмангларки, ҳануз ажал келмаган экан, ибодат тупроғига экин экиш мумкин:
«Энди, маросимларингизни адо қилиб бўлгач, Оллоҳни аждодларингизни эслагандек, балки ундан-да қаттиқроқ эсланг!» (Бақара: 200).
Оллоҳнинг бандалари!
Ҳаж айёмлари тугагач Ҳаж мактабидан олган айрим дарсларимиз ва ўрганган одатларимизни ёдга олсак, фойдадан холи бўлмаса керак.
Мўмин биродарлар, Ҳаж мактаби бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишни ўргатди. Чунки ўтган Ҳаж айёмлари мўминда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига бўлган боғлиқлиқни кучайтиради.
Шу боис ҳожиларнинг ҳажлари пайғамбарона йўлга биноан бўлиши учун интилишлари, сўрашлари ва малолланмасликларига шоҳид бўласиз. Бу йўлни дастуруламал қилган ва ибодати, муомалалари, ташқи ва ички кўриниши, турар-жойи ва саёҳати, уйқуси ва уйғоқлиги, қўйингки, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатига яқин бўлиб, ҳаёт йўли қилиб олиш, банда учун катта шарафдир.
Агар банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга лойиқ бўлганидек эргашса, олдида ҳидоят дарвозалари ланг очилади, устидан илоҳий раҳматлар ёғилади:
«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31).
Эй мусулмонлар, Ҳаж мактаби бизга амалнинг савоби амал сари энг яхши ундовчи эканини ўргатди. Зеро Роббиси ҳузуридаги савоблар рағбатигина бандани ҳаж йўлидаги машаққатларни чекишга ва аҳлу оиладан йироқлашишга ундади.
Чунки ҳожилар: «Оллоҳ дароҳида мақбул бўлган ҳажнинг мукофоти — жаннатдир!» дея тушундилар ва пуллари ва вақтларини сарф этдилар, хотиржам нафс ва рози бўлган қалблари билангина оғирликларни кўтардилар.
Амал савобини ҳис этиш банданинг ҳимматини оширади, танбалликни қувади, мусулмонда ҳаёти давомида солиҳ амалларга бўлган ҳирс ва унга мудом давом этишни кучайтиради.
Шунинг учун ҳам қалбида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларини чиндан ҳис этган банда бамдод намозини вақтида ўқийди:
«Офтоб чиқиши ва ботишидан илгари (бамдод ва аср) намоз(ларини) ўқиган кимса жаҳаннамга кирмайди!» (Имом Муслим, 1468);
«Сизлар Роббингизни ойдин кечаларда тўлин ойни кўргандек (аниқ) кўрасизлар. Агар офтоб чиқиши ва ботишидан илгари намоз ўқий олсангизлар, ўқинглар!» (Насоий, 460).
Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисини қалбига жо қилган банда, садақа қилишдан малолланмайди ва нафси қурумсоқлик қилмайди: «Биров ҳалол тирикчилик билан топган хурмони садақа қилса, Оллоҳ уни ўнг қўли билан олади ва бирингиз тойчоғи ёки урғочи бўталоғини парваришлаганидек парваришлаб ўстиради ва тоғдек ёки ундан кўра каттароқ бўлади» (Имом Муслим, 2390).
Иймондош биродарлар, Ҳаж мактаби бизга виждон ва нафсни ихлос, ҳушёрлик ва покдомонлик асосида тарбиялаш ва поклашни ўргатди:
«Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. (Яъни Шаввол, Зулқаъда ва Зулҳижжа ойининг ўн куни). Бас, ким шу ойларда ўзига ҳажни фарз қилса (ҳаж қилишни ният қилса), ҳаж давомида (жуфтига) яқинлашмайди, гуноҳ ишлар, жанжал-сурон қилмайди». (Бақара: 197).
Шу боис банда ҳажи асносида Роббисини улуғлаб ва ажру савобининг камайишидан қўрқиб, ҳақорат ва арзимас гуноҳлардан ҳам воз кечади. Ҳолбуки, хоҳласа гуноҳ ва хатоларни қила олади. Агар ҳаж ичига кирган бирон ибодат, масалан, тавофни олиб кўрсак, у, банданинг юрагига қўрқув ва покдомонлик асосини солади. Натижада, ҳожи Каъбатуллоҳни тавоф қилар экан, номаҳрамларга ёки ногаҳон очилиб қолган авратларга нигоҳ ташламайди. Уни бунга ундаган нарса Роббининг мақомини улуғлаши ва ибодатини булғашдан қўрқишидир. Ҳажнинг барча ибодатлари ҳожилар қалбида шундай тарбия ва покланишни қолдиради.
Ахир охиратдаги нажот ва зафар нафсни тарбиялаш ва поклаш билан бўлмайдими?!
«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди». (Шамс: 9, 10).
Ҳаж мактаби бизга итоат асосида бирлашиш эзгуликка кўмакчи эканини ўргатди. Ҳожи ўз кўзлари билан хушудаги қалблар, ёш қуйган кўзлар ва чин ёлборишларни кўрди. Барчанинг Роббиси билан машғул: бировнинг Қуръонни тиловат қилаётгани, бошқасининг дуо қилаётгани, учинчисининг намоз ўқиётгани, тўртинчисининг садақа бераётганига шоҳид бўлди. Бу манзаралар уни улардан таъсирланиш ва улардек бўлишга ундайди.
Атрофидаги одамлар ва дўстлари билан таъсирланиш, одамзотнинг табиатидир. Ўтмишда: «Табиатлар – ўғридир» дейилган. Бундан кўра ўз нафсидан гапирмаган Зот – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадислари яна ҳам тўғрироқдир: «Шахс – дўстининг динида бўлади. Бировингиз ким билан дўстлашганига қарасин!» (Имом Аҳмад, 8398).
Ҳожи биродар, ҳаж қилгач дўсту ёрларингизни бир текшириб кўринг! Мана, сиз иймон таъмини ва устиворлик лаззатини тотдингиз. Иймонли ва устувор инсонларни улардек бўлиш учун қидиринг!
Оллоҳ айёмларингизга барака берсин, бу ердаги дўстлик алоқалари яхшилик учун ва яхши нарсаларда бўлса, унинг ниҳояси нурли минбарлар, бошқача бўлса, бармоқларни пушаймонликдан тишлаш ва ҳасратдир:
«Ўлим бўлсин менга, қанийди мен фалончини дўст тутмаганимда эди, аниқки, менга эслатма — Қуръон келганидан сўнг, ўша (фалончи) мени йўлдан оздирди». (У кунда) шайтон (ҳаёти дунёда ўзига эргашган барча) инсонни ёрдамсиз қўйгувчидир» (Фурқон: 28, 29).
Иймондош биродарлар, Ҳаж мактаби бизга узоқ орзуларга берилмасликни ўргатди. Ҳожи ўз уйидан тоат ибодатларга бардошли бўлиб, Мино ва Арафотда нафсу ҳавосини шаҳватлардан сарҳисоб қилиб, кунларини ўтказди. Чунки у, ушбу айёмларнинг саноқли соатлардан иборат бўлиб, тезда ўтиб кетишини жуда яхши билади.
Ҳожининг ўз умрининг саноқли, бу дунёда туриш эса қисқа эканини билиши қандай яхши! Бу — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромларга берган тарбиянинг асосидир: «Бу дунёда ғарибдек ёки мусофирдек яша!» (Имом Бухорий (6416); Термизий (2333)).
Оллоҳнинг бандалари, бу — ҳажнинг маънавий манфаатларидан биридир. Унинг манфаатлари эса бениҳоя кўпдир. Оллоҳ таоло айтди:
«Улар ўзлари учун бўлган (диний ва дунёвий) манфаатларга шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (яъни Қурбон ҳайити кунларида Оллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (қурбонлик учун сўйиш) устида Оллоҳ номини зикр қилиш учун (келурлар)» (Ҳаж: 28).
Оллоҳ таоло менга ва сизларга Қуръон Каримни баракали қилиб, ичидаги оятлари ва Доно Зикр — Каломуллоҳ билан фойдалантирсин. Бу гапларни айтиб Оллоҳ таолодан ўзимнинг ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишини тилайман. Бас, сизлар ҳам Оллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтингиз!
Иккинчи хутба
Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Зеро Оллоҳ ҳамду саноларга лойиқдир. Салавоту саломлар Унинг танланган бандаси, шу бандасининг оиласи ва асҳобларига бўлсин.
Сўнг ...
Иймондош биродарлар!
Мана биз турли қурбат ва ибодатларнинг асосийлари билан тўлиб-тошган фазилатли мавсум билан видолашдик. Бу мавсумдан сўнгра ўзимизга келиб, шундай савол беришимиз керак: Ўтган ушбу айёмларда қилинган ибодатларнинг бизда қандай таъсирлари қолди?
Оллоҳнинг бандалари!
Амалларнинг солиҳ эканининг белгиларидан бири шуки, улар банданинг хомушлиги-ю гапиришида, хулқи-ю муомаласида, нигоҳи-ю тинглашида ўзига хос осорларни қолдиради. Зеро солиҳ амал – қилган одам ҳаётида из қолдирмаган одатий ишлардан бири эмас.
Оллоҳнинг бандалари, ўқиган одамни ҳаёсизлик ва гуноҳлардан тўсмаган намознинг қиймати борми?! Тутган одамни ёлғон ва ҳақоратли сўзлардан тийдира олмаган рўзанинг қиймати нима?! Қилган одам миннат ва озорларини қилаверса, берилган садақанинг қиймати нима?! Ибодатларни улуғламай, ҳаром нарсаларни қилишдан қўрқитмаса, қилинган ҳажнинг қиймати қоладими?!
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳасан ривоят силсиласи билан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг ушуб ҳадисини ривоят қилади: Бир киши: Ё Расулуллоҳ, фалончи жувоннинг кўп намоз ўқиши, кўп рўза тутиши ва садақалар бериши ҳақида гапирилди. Бироқ у тили билан қўшниларига озор беради, – деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:«У — жаҳаннамдадир!» – дедилар. (Ҳалиги) киши: Ё Расулуллоҳ, фалончининг оз рўза тутиши, оз намоз ўқиши ва оз садақа қилиши ҳақида айтилсада, лекин, у ҳўкизлари билан пишлоқ садақа қилиб, қўшниларига тили билан озор бермайди, – деди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ─ жаннатдадир!» – дедилар (Имом Аҳмад, 9673).
Оллоҳнинг бандалари, солиҳ амалларимизни ҳаётимизда ширинсуҳанлик, сертабассумлик, ўзаро дўстлик ва қариндошлик алоқалари, ғамхўрлик ва эҳсонга айлантирсак қандай яхши бўлар эди. Шу билан Оллоҳга бўлган итоатимизнинг осорларини ҳаётимизда кўринадиган воқеъ ва гувоҳга айлантирар ва Оллоҳ таолонинг боамал тақводор бандалари қаторидан жой олган бўлар эдик.
(Иймондош биродарлар), пайғамбарларнинг энг яхшиси, қиёмат кунидаги порлаган инсонларнинг йўлбошчиси, барча оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга яратгувчиларнинг энг устаси бўлган Роббингиз буюрганидек салавоту саломлар йўллангиз:
«Албатта Оллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).