Зулҳижжанинг ўн куни фазилати ва қурбонлик аҳкомлари
Категориялар
Full Description
Зулҳижжанинг ўн куни фазилати ва қурбонлик аҳкомлари
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Баракот Аҳмад Бану Малҳам
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
فضل الأيام العشرة من ذي الحجة وأحكام الأضحية
« باللغة الأوزبكية »
بركات أحمد بني ملحم
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Биринчи хутба
Йўлни баён қилиб кўрсатиб берган, одамларнинг фойдаси ва Оллоҳнинг зарарига ҳужжат қолмаслиги учун пайғамбарларини муждаловчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган, ҳар бир ойга ўз хусусиятини берган, ҳаж ибодатини зулҳижжа ойида қилинадиган қилган, Каъбатуллоҳни қасд этиб ҳаж қилган кимсанинг гуноҳларини афв этган ва такбир садоларини янгратган кимсаларга эса улкан ажру савоблар тайинлаган Оллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Мен «Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Оллоҳнинг ҳайбат ва қувонч нуқтаи назаридан пайғамбарлик зийнатларини кийдирган бандаси ва расули» эканига шаҳодат келтираман. Оллоҳим, саййидимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга булутлар кўтарган ва қуйган ёмғирлар оғирлигича салавоту саломлар йўлла!
Оллоҳ таоло Қуръон Каримда шундай деган:
«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ(ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 1-5);
«Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Оллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Оллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).
Оллоҳнинг бандалари унутмангларки, сизлар Оллоҳ таоло пайтини марҳамат, шаънини улуғ қилган айёмдасизлар. Оллоҳ таоло Қуръон Каримда бу кунларга қасам ичиб шундай деган:
«Тонгга қасам. (Зул-ҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоқ(ракаатли намозлар)га қасам. Ўтиб бораётган кечага қасамки, (албатта кофирлар азобга гирифтор бўлурлар)! Мана шу (қасам ичилган нарсаларда) ақл эгаси учун (етарли) қасам бордир?!» (Фажр: 1-5).
Оллоҳниг бандалари, бу кунларни улуғлаш ва турли ибодатлар билан айри тутиш лозим:
«(Иш) шудир. Ким Оллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур» (Ҳаж: 32).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳга шу кунлар – зул-ҳижжанинг ўн кунлари – дан кўра суюкли бўлган солиҳ амал кунлари йўқдир», – дедилар. Саҳобалар: «Оллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам-ми?» – деб савол беришганида: «Ҳа, Оллоҳ йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ, жони ва моли билан чиққан ва уларнинг биронтасини олиб қайтмаган одам бундан мустасно», – деб жавоб бердилар» (Имом Бухорий «Саҳиҳ», ҳадис № 969; Термизий «Сунан», ҳадис № 757. Лафз Термизийники). Бошқа ривоятда эса: «У кунлари таҳлил, такбир ва ҳамдларни кўп айтингиз!» – деганлар.
Бу мазкур айёмларнинг улуғлиги, уларда қилинган солиҳ амалларнинг фазилатларига ҳатто уларнинг Оллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳам савоблироқ эканига яққол далилдир. Фақатгина бир ҳолат мустасно. Яъни, биров Оллоҳ йўлида моли ва жони билан жиҳод қилиш учун чиққан ва шаҳид бўлиб, моли тортиб олинган ҳамда ундан бирон нарсасини қайтариб келишга қодир бўлмаган (мужоҳиднинг савоби кўпроқдир).
Оллоҳнинг бандалари, «солиҳ амал» – Оллоҳ таоло суйган ва рози бўлган сўз ва амалларни ўз ичига олган исм бўлиб, мазкур айёмларнинг барчаси ёки баъзисида тутилган рўза хусусан Арафа кунги рўза, нафл ўқилган намоз, ихтиёрий қилинган садақа, Оллоҳнинг Қуръонини ўқиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни, шу кунларда қилинган Оллоҳнинг итоати, зикри, шукри, Оллоҳга чиройли бандалик, масъулиятларни адо этиш ва таъқиқлардан узоқ бўлишнинг умумий номидир.
Оллоҳнинг бандалари, ушбу айёмларни улуғлаш бир неча сабаблар туфайлидир. Шулардан:
– Бу кунлар орасида Тарвия куни бордир. Бу – ҳожилар Арафа кунида вуқуфда туриш учун тайёрланишадиган зилҳижжанинг саккизинчи кунидир. У куни ҳожилар Маккадан Минога борадилар.
– Бу кунлар ичида Арафа куни бордир. У – Оллоҳ таоло бандаларига раҳмату мағфират билан қарайдиган ва тажжаллий этиб фаришталарига фахрланадиган кундир. У кун – гуноҳлар мағфират қилинадиган, гуноҳкорлар жаҳаннамдан озод бўладиган, Арафотда турадиган бандалар билан фахрланиш кунидир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Оиша разияллоҳу анҳодан ушбу ривоят нақл қилинган: «Арафа куни каби Оллоҳ таоло ҳажаннамдан кўпроқ бандаларни озод қиладиган бошқа кун йўқдир!» (Имом Муслим, 3354).
Оллоҳ таоло яқинлашади ва фаришталарига (Арафотдаги ҳожилар билан) фахрланади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Оллоҳ таоло Арафот аҳли билан само аҳлига фахрланади ва уларга: Бандаларимга қаранглар! Ҳузуримга турли тарафлардан сочлари тўзғиб ва чангга беланиб келишибди. Мен сизларни уларни мағфират қилганимга гувоҳ қиламан!, – дейди» (Ибн Хузайма, 2840).
Арафа кунги рўза Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оллоҳдан унинг бултурги ва кейинги йил (гуноҳлари)га каффорат қилишини умид қиламан», деганларидек (бир йиллик гуноҳларга каффоратдир) (Ибн Можа, 1740).
Мазкур айёмлар Ислом рукнларини жамлаган бетакрор кунлардир. У кунларда зикр, шаҳодат, эҳсон, тавҳид, рўза, намоз ва ҳаж каби талайгина ибодатлар ва бошқа солиҳ амаллар бордир.
Ҳа, Оллоҳнинг бандалари, бу кунларнинг сони оз бўлсда, яхшилик ва эзгу амаллари кўпдир. Ҳожилар бу кунларда катта савобларга эришсалар, ҳажга кетмаганлар ҳам ҳожиларнинг маросимларига шерик бўлиб, уларнинг савобларидан маҳрум қолишмайди.
Мазкур айёмларда Оллоҳ таолони кўп улуғланади ва Оллоҳ таоло бандаларига раҳмат кўзи билан қарайди, дуоларини ижобат қилади, диний ва дунёвий ишларини осонлаштиради. Бандалар ушбу муборак кунларда Оллоҳ таолога итоат қилиб, энг бахтиёр онларини яшайдилар.
– Мазкур айёмлар ичида зулҳижжанинг ўнинчи куни – Ҳайит бор. Бу – Ҳайит айёмларининг биринчи куни бўлиб, унда қурбонлик бўғизланади. Қурбонлик бўғизлаш боён инсон учун суннати муаккададир. Айрим уламолар эса унинг вожиб эканини таъкидлаганлар. Оллоҳ таоло айтди:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик. Бас, сиз Парвардигорингиз учун намоз ўқинг ва (жонлик) сўйиб-қурбонлиқ қилинг! Албатта сизни ёмон кўргувчи кимсанинг думи қирқилгандир (яъни беному нишон йўқ бўлиб кетгувчидир)!» (Кавсар: 1-3).
Ҳайит куни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Оллоҳнинг ҳузуридаги энг улуғ кун – (Қурбон) ҳайит(и) кунидир» (Имом Аҳмад (19098); Насоий (4083 ).
Биз қурбонлик қилиш ибодати учун шукроналар келтиришимиз лозим. Чунки, қурбонлик қилиш билан Оллоҳ таолога яқин бўламиз. Қурбонлик қилиш – бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссалом суннатини жонлантириш, демакдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қурбонлик қилиш ҳақида сўралганида: «(У) бобокалонингиз Иброҳимнинг ўғлини қурбонлик қилиш билан Оллоҳнинг амрига итоат этмоқчи бўлганидаги суннатидир. Оллоҳ таоло унинг бадалига улкан қурбонликни фидо этди» – деб жавоб бердилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, қурбонлик қилиш билан бизга қандай савоб бўлади?, – дейишганида: «Унинг ҳар бир жуни ва юнги учун савоб бўлади» – дедилар (Ибн Можа ва Байҳақий ривоятлари).
Агар Иброҳим алайҳиссолату вассалом Оллоҳ ризоси учун ўғлини қурбонлик қилмоқчи бўлган бўлса, ундан кўра енгилроқ нарса – ҳайвонларни қурбонлик қилишимиз анчагина осондир. Бировимиз эса Оллоҳ таолонинг ўзи ато этган қўй ёки бошқа чорва молларини Оллоҳга яқин бўлиш учун қурбонлик қилишга қурумсоқлик қилмоқда. Ҳолбуки, унинг ҳар йили хонадони учун катта маблағларни сарф этаётганини, қурбонликка келганда эса: Қурбонлик қилсам-ми ёки йўқми? Аслида, қурбонликнинг ҳукми нима?, деб ҳайратга тушгани ва иложи борича қурбонлик қилмаслик учун йўл қидирганига шоҳид бўламиз. Бу – шайтоннинг садақа қилдирмаслик учун кириб борадиган даричасидир! Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Садақа – етмишта шайтоннинг асирлигидан чиқиб келади», – деганлар.
Ҳой Оллоҳнинг бандалари, оилангиз бюджетига қурбонлик пулини ҳам қўшиб қўйинг! У, катта савоблари бўлишига қарамай, арзимас пулга келади. Ундан эса Оллоҳ таолога тақвогина етиб боради. Оллоҳ таоло сизга берган давлат билан Охират диёрини қидиринг!
«Оллоҳга (қилган қурбонликларингизнинг) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етмас. Лекин у зотга сизларнинг тақво-ихлосингиз етар. Оллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли У зотни улуғлашларингиз учун (яъни қурбонликларингизни сўяётган пайтингизда Оллоҳнинг исмини зикр қилишингиз учун) уларни сизларга бўйсундириб қўйди». (Ҳаж: 37).
Оллоҳнинг бандалари, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссаломнинг Оллоҳ таолога итоат этиш ва ризосига умидворлик муносабатини эсланглар! Оллоҳ таолога қурбонлик сўйиш, унинг қонини тўкиш ва гўштини садақа қилиш ва ейиш билан яқин бўлинглар! Ахир Оллоҳ таоло шундай демаганми:
«(Байтуллоҳда қурбон қилинадиган) туя-молларни Биз сизлар учун Оллоҳ қонунларидан қилдик. Сизлар учун уларни (қурбон қилишда) яхшилик бордир. Бас улар (сўйиш учун) тизиб қўйилган ҳолларида Оллоҳ номини зикр қилингиз. Энди қачон ёнбошлари билан тушганларида (яъни жон таслим қилганларида), улардан(ўзларингиз ҳам) еяверинглар, (бировдан бир нарса сўрамайдиган) қаноатли кишига ва(муҳтож) тиланчига ҳам едиринглар. Шукр қилишларингиз учун Биз уларни (яъни туя-молларни) сизларга бўйсундирдик»?! (Ҳаж: 36).
«Қаноатли киши» – тиланчилик қилмайдиган камбағал, «тиланчи» эса гадойдир. Уларга едиринглар! Яъни, қурбонлик сўйишгина эмас балки зикр, тавҳид, шукр, эъзозлаш, ҳидоят неъматига иқрорлик, муҳтарам пайғамбарларимиз Иброҳим ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳима ва салламларга издошликдир!
Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадис шарифда шундай дейилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамзотнинг Қурбон ҳайити кунида қилган амаллари ичида Оллоҳ учун қон тўкиши каби севимлироғи йўқдир. У қон Қиёмат кунида шоҳлари, туёқлари ва жунлари билан келади. Қон ерга тўкилишидан илгари Оллоҳнинг даргоҳидаги жойини олади. Бас, сизлар қурбонликлар билан севининглар!» (Ибн Можа, 3126).
Пулларни қурбонлик учун сарфлаш, уларни садақа учун сарфлашдан кўра фазилатлидир. Шундай экан, Оллоҳ таолога қурбонликнинг энг яхшиси ва афзалини сўйинглар! Зеро қурбонлик, Ҳайит кунидаги энг яхши амалдир.
Оллоҳнинг бандалари, катта савобларни қўлга киритиш ва пайғамбарингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш ва издош бўлиш учун ўзингиз ва оилангиз номидан қурбонлик қилингиз! Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари, хонадони ва Уммати номидан қурбонлик қилган эдилар. Савобдаги шерикликнинг чегараси йўқдир. Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун умматлари номидан қурбонлик қилдилар!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги саҳоба битта қўйни ўзи ва сони юзтага етган бўлсада оиласи номидан сўяр эди. Ато ибн Ёсир разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонида қурбонлик қандай қилинар эди?, – деб сўрадим. У: Биров битта қўйни ўзи ва оиласи номидан сўяр ва унинг гўштидан ер ва бошқаларни ҳам едирар эди, – деб жавоб берди. (Аллома Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деган).
Ҳофиз Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Зодул маъод» китобида: «Битта қўйнинг бир киши ва унинг кўпсонли бўлсада оиласи номидан жоиз бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан эди», – деган.
Оллоҳнинг бандалари, талайгина одамлар ўзлари ва оиласини катта савоблардан маҳрум қилишиб, ўзи ёки фалончи ва фалончилар номидангина ёхуд ўзи ва оиласига бирон ажрни қўймай қурбонлик қилишади. Аслида, ҳамманинг номидан қурбонлик қилиши авлодир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзи, оиласи ва уммати номидан қурбонлик қилдилар. Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюргач шохдор қўчқорни қурбонлик учун олиб келинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: «Оиша, пичоқни беринг!» – деб: «Уни тошда қайранг!» – жумласини қўшиб қўйдилар. Мен айтганларини қилдим. Пичоқни олдилар ва қўчқорни ётқизиб: «Оллоҳнинг номи билан (сўяяпман). Оллоҳим, (буни) Муҳаммаддан, Муҳаммаднинг оиласидан ва Муҳаммаднинг умматидан қабул қил!» – дедилар ва сўйдилар. (Имом Муслим, 5203).
Оллоҳнинг бандалари, билингларки, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг чорва молларидан, яъни, туя, қорамол ва қўй бўлиши шартдир. Улар шариатда белгиланган муайян ёшга: туя – беш ёшга тўлиб олти ёшга ўтаётган, қорамол – икки ёшни тўлдириб учинчи ёшга ўтаётган бўлиши шарт. Бу иккисини етти киши шерик бўлиб сўйса уларнинг аждодлари ва кейинги наслларига савоби етаверади. Туя ва қорамолнинг етти киши номидан жоиз эканига Жобир разияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадиси дулил бўлади: «Биз Ҳудайбийяда туя ва қорамолни етти киши номидан сўйган эдик». (Ибн Можа, 3132).
Бошқа ривоятда эса шундай дейилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биздан етти кишини битта туя ва битта қорамолга шерик бўлишга буюрдилар». (Имом Муслим, 2999).
Эчки эса бир ёшга тўлиб, иккинчи ёшга ўтаётган, қўй эса олти ойлик ва ундан катта бўлиши шарт.
Қурбонликнинг шартларидан бири унинг нуқсонлардан холи бўлишидир. Унинг чўлоқлиги, кўрлиги, касаллиги ва ўта озғинлиги кўриниб турса, қурбонлик қилишга яроқсиздир. Бароъ ибн Озиб разияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам орамизда ўринларидан туриб: «Тўрт: кўрлиги, касаллиги, чўлоқлиги ва ўта озғин қарилиги кўриниб турган ҳайвонлар қурбонликка яроқсиздир», – дедилар. Мен: Мен тишида нуқсони бўлганларини ҳам суймайман, десам: «Ёқтирмаганингни қўй, бироқ, уни бошқаларга ҳаром қилма!» – дедилар. (Абу Довуд, 2804).
Қубонлик шартларидан бири, унинг шаръан белгиланган пайтда – Ҳайит намозини ўқилганидан сўнгра сўйилишидир. Уни сўйиш вақти Таширқ айёмларининг учинчи куни қуёш ботганидан сўнгра ниҳоясига етади. Ҳайит намозидан илгари қурбонлигини сўйган одам, суннатга хилоф иш қилган бўлади ва қурбонлиги бекор кетади. Унинг Ҳайит намозидан сўнгра бошқа қўйни такрор сўйиши шарт бўлади. Чунки Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Жундаб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан ушбу ривоятни нақл қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қурбонлик сўйишларига шоҳид бўлдим. (Ҳайит) намоз(и)ни ўқиб салом бергач, намозларини тугатишдан илгари сўйилган қурбонлик гўштларига кўзлари тушди ва: «Ким намоз ўқишдан – ёки: ўқишимиздан – илгари қурбонлигини сўйган бўлса, ўрнига бошқасини сўйсин! Ким сўймаган бўлса Оллоҳнинг номи билан сўйсин!» – дедилар». (Имом Муслим, 5176).
Демак, қурбонлик сўйиладиган кунлар тўрт кун: Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч Ташриқ кунларидир. Бу кунларнинг энг афзали Қурбон ҳайити кунидир. Қурбонликни кундузи ва кечаси сўйса ҳам бўлаверсада, кундузи сўйиш афзалдир.
Оллоҳнинг бандалари, қурбонлик қилмоқчи бўлган одамдан талаб қилинган, унга мустаҳаб ва раво бўлган нарсалар қуйидагилардир:
Қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг, Умму Салама разияллоҳу анҳодан нақл қилинган ҳадисга кўра сочларини қирдириши ёки қисқартириши, тирноқларини олиши таъқиқланади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «(Зулҳижжанинг) ўн куни кирса ва бировингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса сочи ва тирноғини олмасин!» («Шуъабул иймаан» 6950).
Қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг соч ва тирноқларини олиши макруҳдир. Агар зулҳижжа ойининг ўн кунлиги ичида қурбонлик қилишни нийят қилса, қолган кунлари соч ва тирноқларини олмайди. Нийят қилишдан илгари олган бўлса, гуноҳкор бўлмайди.
Ушбу таъқиқнинг ҳикмати шуки, қурбонлик қилмоқчи бўлган одам ҳожиларга баъзи маросимларда шерик бўлар экан, эҳром таъқиқлари қаторига кирган соч ва тирноқларни олдирмасликка ҳам шерик бўлади. Бу ҳукм қурбонлик қилмоқчи бўлган одамнинг ўзигагина тааллуқли бўлиб, қурбонлик қилаётган одам номларини ёд қилган оиласи ёки қариндошларига тааллуқли эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бировингиз қурбонлик қилмоқчи бўлса», дедилар. Номларидан қурбонлик қилинаётган одамлар, демадилар. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оиласи номидан ҳам қурбонлик қилдилар ва оила аъзоларига юқоридаги ҳукмни талқин қилганлари нақл қилинмади. Шунга биноан, қурбонлик қилаётган одамнинг оила аъзолари зулҳижжа ойининг ўн кунига киргач сочлари, тирноқлари ва териларининг (ёрилган жойларидаги) ортиқчаларини олишлари мумкин.
Қурбонлик қилмоқчи бўлган одам қассобликни яхши билса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олиб, ҳайвонни ўзи сўйиши суннатдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари қурбонликларини ўзлари сўяр эдилар. Зеро бу банданинг Оллоҳга яқинлашиши бўлгани боис, уни ўзи бўғизлаши авлодир. Агар қассобликни яхши билмаса сўйиш пайтида ҳайвоннинг ёнида турсин. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (қизлари) Фотима разияллоҳу анҳони қурбонлигини сўйиш онида кузатиб туришга амр қилдилар.
Қурбонликни сўйиш онида Оллоҳнинг исмини айтиш, Расулуллоҳга салавоту саломлар йўллаш, қурбонликни қибла тарафга юзлантириш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилган дуони айтиш керак. Қурбонлик сўйган одамнинг ўз қурбонлигининг гўштини ейиши раводир.
Қурбонлик икки турлидир: назр қилинган ва ихтиёрий қурбонликлар.
Оллоҳ учун назр қилган одам қурбонлигининг гўштидан ёки ёғидан ейиши ёхуд унинг жуни, териси, калласи ва юнгидан фойдаланиши ёда сотиши ҳалол эмас. Унинг гўштидан қассобга хизмат ҳақи ўлароқ бермайди. Агар ундан еса ёки сотса ёхуд қассобга хизмат ҳақи ўлароқ берса ёки ундан фойдаланса, ўрнига қийматини бериш ёхуд ўшанча нарсани садақа қилишга зомин бўлади.
Иккинчи – ихтиёрий қурбонликдан эса қурбонлик қилган кишининг ейиши жоиз ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош ўлароқ ейилса суннатдир. Унинг гўштидан сақлаб қўйиш, камбағалларга садақа қилиш, фойдаланиш мумкин бўлсада, ундан қисман бўлсада гўшт ёки ёғ ёхуд жун ёда юнг ё тери ёки калла ўлароқ сотиш мутлақо таъқиқланган. Қассобга ундан сўйгани ёки терисини шилгани учун хизмат ҳақи ўлароқ бирон нарса берилмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий разияллоҳу анҳуга: «Унинг эгар жабдуқлари ва ёпинчиғини садақа қилинг ва ун(инг гўшти)дан қассобга хизмат ҳаққи берманг», – деганлар.
Бу таъқиқ унинг гўштларини сотишга ҳам тааллуқлидир. Агар қурбонлик гўштини сотса ёки қассобга хизмат ҳаққи ўлароқ берса, зомин бўлади. Бу – нархини бериш ёки сотганича нарсани садақа қилишдир.
Қурбонликни уч қисмга бўлиш: учдан бирини ейиш ва келгуси кунлар учун сақлаш, учдан бирини садақа қилиш ва учдан бирини ҳадя қилиш мустаҳабдир. Сиз ундан садақа қилиб ажру савобни олишингиз ва еб йўқ қилишингиз мумкин.
Ҳанбалий уламоларнинг айтишича, ўлиб кетган қариндошларингиз номидан ҳам қурбонилк қилишингиз мумкин. Бу – шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ қувватлаган қавлдир. Чунки у, садақадир. Маййит номидан садақа қилиш эса, ижмоъ билан жоиздир. Агар рўза, намоз ҳамда тана ва молиявий ибодат ҳисобланган ҳажни маййит номидан қилиш жоиз экан, қурбонлик қилиш ҳам жоиздир. Чунки қурбонлик, диндаги ҳукм ва манзилат нуқтаи назаридан Оллоҳга яқин бўлишга анча яқиндир.
Иккинчи хутба
Оллоҳнинг бандалари, қурбонлик сўйишни машруъ қилиш ҳикматларидан бири, Оллоҳ таолога амрларига итоат қилиш, жумладан, қон чиқариш билан яқин бўлишдир. Шунинг учун ҳам, барча уламолар қавлига биноан, қурбонликни сўйиш унинг нархини садақа қилишдан кўра афзалдир. Қурбонлик нақадар қиммат, семиз ва тўкис бўлар экан, афзал бўлаверади. Шунинг боис саҳобалар қурбонликларини семиртиришар эди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ига илова ўлароқ келтирган осорда Яҳё ибн Саид раҳимаҳуллоҳ: Мен Абу Умома ибн Саҳл разияллоҳу анҳунинг: Биз Мадинада қурбонлик- ларимизни семиртирар эдик. Барча мусулмонлар ҳам шундай қилишар эди, – деганлари эшитганман, – деди.
Қурбонликни машруъ қилиш ҳикматларидан яна бири, бандаликни бажо келтиришга тарбиялаш, бобокалонимиз Иброҳим алайҳиссолату вассалом суннатини жонлантиришдир. Чунки у, тушида ўғли Исмоилни қурбонлик қилаётганини кўрди. Пайғамбарларнинг туши ҳақиқат ва чиндир. Уни ижро этиш лозим. Шундай қилиб, инсон Оллоҳ йўлида жон, мол ва фарзандни фидо қилишни ўрганди:
«Энди қачонки у (бола Иброҳим) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): «Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй-фикр қилишингни бир ўйлаб кўргин», деган эди. У айтди: «Эй отажон, сенга (тушингда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилгин. Иншо Оллоҳ мени сабр қилгувчилардан топурсан». (Соффат: 102).
Қурбонликни машруъ қилишнинг ҳикматларидан яна бири, ундан ейиш билан нафс ва оилага боёнлик, одамларга едириш, камбағалларга садақа қилиш ва уларни ҳам бир дам бўлсада гадойликка бўлган ҳожатларини бароридан келтиришдир. Қийматини бермай ўзининг қурбонлик қилиши, одамларга шунча имкониятлар беради.
Қурбонликни машруъ қилишнинг бошқа ҳикмати эса, Оллоҳ таолонинг неъматларига пулу қурбонлик билан шукроналар келтиришдир. Қон чиқариш эса, Оллоҳ таолога неъматлари учун шукрона келтириш воситаларидан биридир. Бу – Оллоҳ таолонинг тавҳидини эълон қилиш ва исмини тилга олиш билан бўлади. Оллоҳ таоло айтди:
«Биз (сизлардан аввалги мўмин миллатлардан ҳам) барча миллатга (Оллоҳ) уларни ризқлантирган чорва ҳайвонларини (сўйиш-қурбон қилиш) устида Оллоҳнинг номини зикр қилишлари учун қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйинсунингиз! Итоат қилгувчи зотларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).
Буларни ёддан чиқармангиз!
Оллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин!