×
Ушбу жумаъ хутбасида қуйидаги мавзулар ҳақида баҳс юритилади: - Маҳдийнинг чиқиши; - Дажжолнинг чиқиши; - Исо ибн Марямнинг тушиши ва Дажжолни ўлдириши.

 Қиёматнинг катта аломатлари (1)

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 Биринчи хутба

Барча ҳамдлар Оллоҳга хосдир. Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимиз- нинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.

﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾

«Ҳой мўминлар, Оллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!». (Оли Имрон: 102).

﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Раббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир». (Нисо: 1).

﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾

«Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Оллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди». (Аҳзоб: 70-71).

Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Оллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир.

Сўнг ...

Бундан бир йил аввал Қиёматнинг кичик аломатлари ҳақида гапирган ва у, саккизта хутбани ўз ичига олган эди. Ўшанда Қиёматнинг катта аломатлари ҳақидаги хутбалар билан мавзуни тугаллашни айтиб ўтган эдик. Мана, ўша вақт ҳам етиб келди.

Ҳой мусулмонлар, бунга ўхшаш мавзулар ҳақида юритиладиган гаплар гоҳида баъзиларга маълум ёки такрорланган бўлсада, унинг бир қанча фойдалари бор:

Биринчидан: Ғайб мавзулари ва замона охирида содир бўладиган ҳодисалар ҳақида гапириш, гарчи маълум бўлсада, иймонни кучайтиради.

Иккинчидан: Айтилаётган барча нарса ҳаммага маълум бўлавермайди. Масалан, айримларимиз тутуннинг Қиёматнинг катта аломатларидан бири эканидан бохабар бўлсакда, унинг баъзи тафсилотларидан бехабармиз.

Учинчидан: Бу мавзуни очишдан мақсад уни фақатгина айтиб қўйишнинг ўзигина эмас. Аксинча, ундан мақсад иймонни, тавҳидни, мазкур ҳолатлар учун тайёргарликни кучайтиришдир. Бундан кўра муҳимроғи эса, бу ва бунга ўхшаш мавзуларни ҳоли ҳаётимизга боғлашдир. Оллоҳ таолодан мадад ва муваффақият тилайман.

Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Ҳузайфа ибн Асийд Ғифорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Гаплашиб турганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга нигоҳларини ташладилар ва: «Нимани гаплашаяпсизлар?» – деб сўрадилар. Биз: Охиратни гаплашаётган эдик, – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар ўнта аломатни кўрмагунингизча Қиёмат қоим бўлмайди», деб тутунни, Дажжолни, Добба (жонивор)ни, Қуёшнинг ботган тарафидан балқишини, Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни, учта: Машриқ, Мағриб ва Араб яриморолидаги Ер ютишни ва охири Ямандан чиқиб одамларни Маҳшарларига ҳайдаб борадиган оловни тилга олдилар». (Имом Муслим, 7467).

Дўстлар, Қиёматнинг катта аломатларидан биттаси пайдо бўлдими, бошқалари ҳам кетма-кет, шодага тизилгандек келаверади. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ «Муснад»ида саҳиҳ санад билан Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аломатлар ипга тизилган тошлар янглиғдир. Ип узилса бирининг орқасидан бошқалари эргашади», – дедилар. (Имом Аҳмад, 7040).

Ҳой мусулмонлар, замона охирида фасод, мункар ишлар, зулм ва адолатсизлик ёйилгач, бир киши чиқади. Оллоҳ таоло унинг қўлида бу Умматни ислоҳ қилади. Бу кишини аҳли суннат «Маҳдий» деб атайди. У – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизи Фотима разияллоҳу анҳонинг ўғли Ҳасан ибн Алий разияллоҳу анҳунинг зурриётидан бўлади. Оллоҳ таоло у билан динига етти йил қувват беради. У давр мобайнида Ер юзи (ҳозирги кунда) жабру зулмга тўлганидек адолатга тўлади, Уммат ҳаёти фаровонлашади: ўсимликлар ўсиб, ёмғирлар ёғиб, мева ва сабзавотлар кўпаяди, Умматга ҳисоби йўқ молу дунё ато этилади.

Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ: Маҳдий замонида мева-ю сабзавотлар мўл, мол-у дунё кўп, султон кучли, дин барпо, душман мағлуб, яхшиликлар эса сероб бўлади, – деди.

Аҳли суннат тасаввуридаги Маҳдий, ҳадисларда айтилганидек, Машриқ тарафдан ёлғиз ўзи эмас, аксинча, ўзи билан бирга динни илгари сурган ва дин йўлида жиҳод қилаётган забардаст мўминлар билан бирга чиқади. У халифанинг учта ўғли Каъбанинг бойликлари учун бир-бири билан жанг қилишаётган пайтда чиқади. Бу бойлик улардан биронтасига, ниятлари бузуқ бўлгани боис, насиб қилмайди. Маҳдий одамлар олдига чиқади ва унга байъат қилишади. Савбон разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бойлигингизни қўлга киритиш учун уч киши уруш қилади. Уларнинг ҳар бири халифанинг ўғилларидир. Бироқ, бойлик уларга насиб этмайди. Сўнгра Машриқ тарафдан қора байроқлар кўтарилади. Улар сизларга бошқа бирон халқ кўрмаган қирғинни қилади. – (Ровий): Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нарсаларни айтган эдилар, хотирамда қолмади – Агар уни кўрсангизлар, қор устида эмаклаб бориб бўлса ҳам, унга байъат қилинглар!» (Ибн Можа, 4084).

Маҳдий кўтариб чиқадиган байроқнинг ранги нега қора бўлади? Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: «Маҳдийга машриқлик одамлар ёрдам беришади: унинг давлати ва арконларига асос солишади. Уларнинг байроқлари ҳам қора рангда бўлади. Чунки қора, вақорли кўрсатадиган рангдир. Бундан ташқари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам байроғининг ранги ҳам қора бўлиб, номи «Уқоб» (Бургут) эди».

Ҳоким раҳимаҳуллоҳ «Мустадрак»ида саҳиҳ санад билан Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:«(Маҳдий) умматимнинг охирида чиқади. Оллоҳ уни ёмғир билан суғоради, Ер ўсимликларини ўстиради, одамлар ўртасида бойликни тенг қилиб беради, чорва ҳайвонлари кўпаяди, Уммат кучаяди. Маҳдий етти ёки саккиз йил яшайди». (Ҳоким, 8673). Бошқа ривоятда:  «Ундан кейинги ҳаётда яхшилик қолмайди»,  дейилган.

Бу, Маҳдийнинг ўлимидан кейин фасод ва ёмонликлар яна бир бор бош кўтаришини кўрсатмоқда. Алий разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисини ривоят қилди: «Замондан бир кун қолса ҳам Оллоҳ аҳли байтим ичидан дунёни жабрга тўлганидек адолатга тўлдирадиган кишини чиқаради»(Абу Довуд, 4285).

Имом Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ айтди: «Маҳдийнинг иши маълум, у ҳақда ривоят қилинган ҳадислар кўп. Ҳатто, бир-бирини қувватлайдиган даражада мутавотир. Талайгина илм аҳли уларнинг мутавотир эканини таъкидлаган. У йўллари, келиб чиқиши, ровийлари ва лафзлари билан мутавотирдир. Булар ваъда қилинган мазкур шахснинг келиши ва ишлари собит эканини кўрсатади. У – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Алавий Ҳасаний бўлиб, Ҳасан ибн Алий разияллоҳу анҳунинг зурриётидандир. Ушбу имом, Оллоҳнинг изни билан, замона охирида чиқиб, адолат ва ҳақиқатни барпо қилиб, зулму жабрни таъқиқлайди. Оллоҳ таоло унинг воситасида уммат узра адолат, ҳидоят, тавфиқ ва одамларни тўғри йўллаш учун эзгулик байроғини ҳилпиратади».

Дўстлар, рофиза (шиа)лар ҳам кутишаётган Маҳдийлари борлигини, у уларнинг охирги – ўн иккинчи имомлари Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий бўлиб, унинг Ҳасан разияллоҳу анҳунинг эмас, Ҳусайн ибн Алий разияллоҳу анҳунинг зурриётидан эканини гумон қилишади. Уларнинг тасаввурида гўё Муҳаммад ибн Ҳасан Аскарий бундан минг йил илгари беш ёшида (Ироқ музофоти) Сомаррода ер остидаги уйлардан бири (ертўла)га кириб кетган ва у, ҳануз ўша жойда яшаяпти, ўлмаган ва замона охирида чиқади. Шиаларнинг эътиқодига кўра, Муҳаммад Аскарий шаҳарларда яшасада, кўзларга кўринмасдир.

Шиалар айтаётган бу гапларнинг биронта далили ва ҳужжати йўқ ҳамда уни инсон ақли кўтармайди. Ундай тасаввур Оллоҳнинг одамзот ҳаётига қўйган қонуниятларга ҳам зиддир. Оллоҳ таоло Ўзининг ҳузурида энг қадрли бўлган пайғамбар ва расулларнинг жонини ҳам олган. Ҳолбуки, улар инсоният ўта муҳтож бўлган бандалар эди. Рофизийларнинг «Маҳдий»си эса минг йилдан буён тирик эмиш!! Бундан ташқари, унинг тирик бўла туриб шунча муддат давомида одамлардан узлат қилиши ва кўринмаслигининг сабаби нима?! Жамият ҳаёти муҳтож бўлиб турганида нега у амримаъруф ва наҳиймункар қилмади?!

Ибн Касийр раҳимаҳуллоҳ: Маҳдий машриқдаги давлатларнинг биридан чиқади, – деди. Маҳдий, жоҳил рофизий шиалар тушунишганидек ва ҳануз чиқишини кутишаётганидек, ертўладан чиқмайди! Бу ҳам, хорлик, хўрлик ва шайтоннинг ёрдамсиз ташлаб кетишининг бир кўринишидир! Зеро бунинг Қуръон ва суннатда далилу ҳужжати, соғлом ёки мақташга арзигулик мантиқий далили йўқ!

Дўстлар, айрим султонлар ҳам маҳдийликни иддао қилишган. Улар: «Биз маҳдиймиз!» дейишмаган, аксинча, ҳақиқатга иқрор бўлган, ҳақиқат билан ҳукм қилган ҳидоятдаги халифалар сингари бўлиш учун яхши ниятда айтишган. Улардан бири Аббосийлар давлатининиг халифаси – Маҳдийдир. Айрим зиндиқ ва даҳрийлар ҳам ўзларининг Маҳдий эканликларини иддао этишган. Шулардан бири Убайдуллоҳ ибн Маймувн Қаддоҳ бўлган. У, ҳижрий учинчи асрда яшаган ва бобоси яҳудий бўлган. Одамлар кўзига мусулмон кўриниб, ўзининг Маҳдий эканини иддао қилган. Натижада, нуфузи кенгайиб, зурриётлари Марокаш, Ҳижоз, Шом ўлкаларини босиб олган. Уларнинг даврида Ислом ғариб бўлган. Улар дин душманлари ва худоликни даъво қилган, ёлғондан аҳли байтга мансуб бўлиш билан ўзларини ҳимоя қилишган, аслида, даҳрий бўлиб, нуфузлари Оллоҳ таоло Салоҳуддин Айюбий раҳимаҳуллоҳ воситасида уларни ағдариб, мусулмонларни уларнинг шарридан қутқармагунича давом этган ботиний, рофизий қаромита султонлари эди.

Ҳой мусулмонлар, Қиёматнинг катта аломатларидан бири – Дажжолдир. Дажжол ким эканини биласизларми? У – куфр, залолат ва фитналарнинг манбаидир. Ҳар бир пайғамбар ўз умматини ундан ташқи кўриниши ва сифатларини айтиб огоҳлантирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса, умматини улардан кўра қаттиқроқ огоҳлантириб, унинг васфлари ва қиладиган ишларини ақлли одамлар билиши учун очиқ-ойдин баён қилганлар.

Дўстлар, инсоният ҳаётида бўлиб ўтадиган фитналар ичида Дажжол фитнаси каби бошқа катта фитна йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одам (алайҳисалом) яралганидан то Қиёматгача Дажжолдан кўра каттароқ фитна йўқдир». (Имом Муслим, 126) бошқа бир ривоятда эса: «каттароқ иш йўқдир», деганлар.

Сиз: «Нега?» – деб савол беришингиз мумкин. Чунки Дажжол одамзотдан биридир ва Оллоҳ таоло унга бошқа махлуқотларига ҳатто пайғамбар ва расулларига бермаган баъзи имкониятларни беради. Шунинг учун одамлар у билан алданишади. Унинг фитнаси каттадир. У бир одамни қатл этиб, қайта тирилтиради. Осмонга буйруқ берса, ёмғир қуяди. Ерга буюрса, ўсимликлар унади. Қуғоқчил ерга бориб буйруқ берса, конларини чиқаради. Бундан ташқари ҳайратомуз ишларни қилади: жонли ва жонсиз мавжудотлар унга ижобат қилади, одамлар мафтун бўлиб, унга эргашишади. Унга мафтун бўлиб, эргашган одам ҳалокатли зиёнкор бўлади. Оллоҳ бу фитнадан асрасин ва Ўзи мадакор бўлсин!

Балки яна қайта: Оллоҳ таоло нега бу одамга шунча имконият ва сифатларни беради? – деб сўрашингиз мумкин. Бунинг жавоби шу: Аввало, Оллоҳ таоло қилган ишидан ҳисоб бермайди! Кейин эса, уламолар, жумладан, Хаттобий раҳимаҳуллоҳ бунинг Оллоҳнинг имтиҳони ва одамларни синаши, бандалар учун фитна эканини айтиб ўтганлар. Оллоҳ таоло мени ва сизларни барча фитнадан асрасин!

Ҳурматли биродарлар, Дажжол чиқишидан илгари мусулмонлар шавкатли ва қудратли бўлишади. Кейин румликлар билан мусулмонлар ўртасида сулҳ тузилиб, муштарак душманларига уруш очиб, ғалаба қозонадилар. Кейин, мусулмонлар билан салибчилар ўртасида катта жанг бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир неча ҳадисларида бу урушнинг катта даҳшатлари, мусулмонларнинг бардошлари ва душманлари устидан ғалаба қозонишлари, Константинополни фатҳ этишиб, унинг ўлжаларини тақсимлашаётган пайтида дарғачи келиб, Дажжолнинг чиққани ҳақидаги хабарни бериши айтиб ўтилган.

Дажжол фитнасини кучайтирадиган омиллардан бири, Оллоҳ таоло унинг чиқишидан бир оз аввал бу умматни қаҳатчилик ва қаттиқ балолар билан синайди. У чиққанида эса ғайри табиий нарсаларни кўрсатиб, худоликни иддао қилади. Одамлар унинг худолигини тасдиқлаб, фитнага тушадилар.

Абу Умома разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжол чиқишидан аввал уч йил оғир бўлиб, одамлар ўртасида қаттиқ очарчилик бўлиб ўтади. Оллоҳ таоло биринчи йили осмонга буюради ва у, ёмғирининг учдан бирини ёғдирмайди. Ерга буюради ва у, ўсимлигининг учдан бирини ундирмайди. Сўнгра Оллоҳ осмонга буюради ва у, ёмғирининг учдан иккисини ёғдирмайди. Ерга буюради ва у, ўсимликларининг учдан иккисини ундирмайди. Сўнгра Оллоҳ осмонга буюради ва у, бирон қатра ёмғир ёғдирмайди. Ерга буюради ва у, ўсимликларини бутунлай ундирмайди. Кўм-кўк бирон нарса унмай, Оллоҳ хоҳлаганидан бошқа биронта ҳам туёқли ҳайвон қолмайди». Саҳобалардан бири: Ўша замонда одамлар қандай кун кечирадилар? – деб савол берганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Таҳлил, такбир, тасбиҳ ва ҳамд уларга таом ўрнида бўлади», – деб жавоб бердилар. Бу ҳадисни Ибн Можа (4077), Ҳоким ва Ибн Хузайма саҳиҳ санад билан ривоят қилди.

Ҳой мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга Дажжолни ўта аниқ тавсифлаб бердилар ва: «У – семиз, қизил рангли, боши хунук, пакана, Хузоъалик Абдулуззо ибн Қатанга ўхшаган, туғмас, ғилай», – дедилар. (Имом Бухорий, 7026).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир неча ҳадисларида Дажжолнинг ғилай эканига урғу бердилар. Чунки у ўзининг барча сифатларидан қутила олсада, ғилайликдан ҳеч қутила олмайди. Зеро кўзлар ҳаммага аниқ кўриниб туради. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ: Чунки ғилайлик олим ҳам, оми ҳам, ақлий далиллардан бехабар ҳам ҳис эта оладиган сезиларли осордир, – деди (Фатҳул Борий, 13/96).

Анас разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Юборилган ҳар бир пайғамбар ўз умматини ғилай каззобдан огоҳлантирди. Огоҳ бўлинглар, у – ғилайдир ва икки кўзи орасига «кофир» дея ёзилгандир. Роббингиз эса ғилай эмасдир», дегани ривоят қилинган. (Имом Бухорий, 7131).

Бу – Дажжолнинг бошқа сифатидир. Оллоҳ таоло унга барча имкониятларни берган бўлишига қарамай, икки кўзи орасига ёзилган, Дажжол ўчира олмайдиган ва Оллоҳ Дажжолдан ҳимоя қилган барча саводли ва саводсиз мўмин ўқий оладиган мазкур ёзув билан расво ҳам қилди.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Бу ёзув кўриниб турадиган, Оллоҳ таоло Дажжолнинг куфри, каззоблиги ва ишларининг ботиллигига қатъий аломат ва мўъжиза қилиб қўйган ҳақиқий ёзувдир. У, Оллоҳ таоло саводли ва саводсиз барча мусулмонга кўрсатиб, бахтиқаролиги ва фитналанишини хоҳлаган барча бандасидан гизли тутадиган ҳақиқий ёзувдир». (Имом муслимнинг «Саҳиҳ»ига шарҳ, 18/60).

Ҳой мусулмонлар, ушбу одамнинг одамларни ҳайратга соладиган фитналари, Оллоҳ таоло унга берган қуйидаги ишлардир:

Дажжол – Ер юзидаги Макка ва Мадинадан бошқа барча шаҳарларга кира оладиган даражада ғайри оддий суръат билан ҳаракат қилади. Макка ва Мадинага кираверишда фаришталар унга тўсқинлик қилишади. Оллоҳ таоло бу икки шаҳарни Дажжол ва вабодан ҳимоя қилиб, уларни қўриқлашни фаришталарга топширган. Унинг тўсилгандан кейинги пайтини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай ифодалаганлар: «Дажжол Сабахага қўнади. Сўнгра, Мадина тебранади ва ундаги кофир ва мунофиқлар Дажжолнинг олдига чиқиб келишади». Бу, ўша пайтда Мадинада кофирларнинг истиқомат қилишларига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: У кунда араблар қаерда бўлишади? – деб савол берилганида: «У кунда уларнинг сони жуда ҳам оз бўлади», – деб жавоб бердилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Дажжолнинг бир жойдан бошқа жойга кўчиш суръати қандай бўлиши ҳақида сўралганида: «Шамол ҳайдаб келган селга ўхшайди», – деб жавоб бердилар. (Имом Муслим, 7560).

Одамларнинг Дажжол билан алданишларига сабаб бўлган нарсалардан бири, у билан бирга жаннат ва жаҳаннамга ўхшаш нарсанинг бирга бўлишидир. Аслида, эса улар одамлар кўзига кўрингандек эмасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар кўзига олов бўлиб кўринган нарсанинг олов эмас муздек сув, муздек сувдек кўришган нарсанинг эса ҳароратли олов эканини айтиб ўтганлар. Бу эса фитнанинг қаттиқлиги туфайли, одамлар Дажжол билан бирга бўлган ҳақиқатни идрок эта олмасликлари, улар кўзлари билан кўрган нарсалар, аслида, тескари нарсаларни ифодалашини идрок эта олмайдилар.

Дўстлар, Шайтон Дажжолда истаган нарсаси – ёмонликни топади ва одамларни яна ҳам адаштириш учун унга ёрдамчи ва ҳамкор бўлади. Маълумки, шайтонлар туҳмат ва залолат билан шуғулланадиган одамларга хизмат қилишади. Ибн Можа раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан Абу Умома разияллоҳу анҳудан нақл қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжолнинг фитнасидан бири унинг саҳройига: Сен отанг ва онангга қайта жон ато этсам мен Роббинг эканимга шаҳодат келтирасанми? – дейди. У: Ҳа, дегач Шайтон унинг отаси ва онасини гавдалантиради ва улар: Ўғилчам, унга эргаш! У – сенинг роббинг! – дейишади»(Ибн Можа, 4077).

Оллоҳ таолодан мени ва сизларни ошкора ва яширин фитналардан асрашини тилайман.

Ушбу гапаримни айтиб (ўзим ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилишини Оллоҳ таолодан сўрайман).


 Иккинчи хутба

Барча оламлар Робби бўлган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин ...

Сўнг ...

Дажжолнинг чиқадиган жойига келсак, у илк ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, Хуросондаги Исфаҳон шаҳрининг теграсида яҳудийлар яшайдиган – Яҳудийя деган жойдан чиқади. Бироқ, унинг қилмишлари мўминларга Ироқ билан Шом ўртасига етиб борганида аниқ бўлади. Унинг чиққани аниқ бўлгач, биринчи бўлиб яҳудийлар севинишади. Чунки, унинг йўли билан бутун жаҳонга ҳукмрон бўлишмоқчи бўлишади. Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: «Дажжолга Исфаҳоннинг етмиш минг яҳудийси устларида тайласон билан издош бўладилар»(Имом Муслим, 124).

Тайласон, кийим тарзи бўлмаган, бироқ, елкадан ташлаб олинадиган матодир.

Бундан ташқари, Дажжолга кўплаб саҳройилар ҳам эргашади. Чунки жаҳолат уларга ёпирилган бўлади. Шунингдек, хотин-қизлар ҳам эргашадилар. Чунки уларнинг ҳоли ҳам саҳройилар кабидир. Сабаби эса, уларнинг тез таъсирланишлари ва диққатли ўйлаб кўрмасликларидир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжол (Тоифдан келган сой) Марриқанотдаги шўрҳок ерлардан тушиб келади. Унга чиқиб келганларнинг кўпи хотин-қизлар бўлади. Эркак ўзининг яқинлари, онаси, синглиси ва аммасининг олдига келиб, Дажжолнинг олдига чиқиб кетишидан қўрқиб, маҳкам боғлаб қўяди». (Имом Аҳмад (5353), саҳиҳ ҳадис).

Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Дажжол чиққач Ер юзида қанча муддат қолиши ҳақидаги саволларига: «Қирқ кун: биринчи кун бир йилдек,(иккинчи) кун бир ойдек, (учинчи) кун бир ҳафтадек, бошқа кунлари эса (оддий) кунларингиздек», – деб жавоб бердилар. Яна: Ё Расулуллоҳ, бир йилга бадал бўлган кунда бизга бир куннинг намози етарлими? – деб сўрадик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, у кунни ўлчаб олинглар!» – дедилар. (Имом Муслим, 7560).

Бу, кунлар ҳақиқатан узун бўлиб, биринчи кун бир йилдек (365 кун), иккинчи кун бир ойдек (29 кун), учинчи кун бир ҳафтадек, қолган кунлар эса оддий кунларимиздек ўтишига далолат қилмоқда. Ўша даҳшатли фитна бўлиб ўтадиган кунда саҳобалар намозни қандай ўқиш ҳақида фикр қилдилар. Унинг даҳшати шунчалар қўрқинчлики, одам ўзининг рафиқаси ва фарзандларини ҳатто ўзини ҳам унутиб қўяди. Саҳобаларни эса биринчи бўлиб намоз қизиқтирди! «Яна: Ё Расулуллоҳ, бир йилга бадал бўлган кунда бизга бир куннинг намози етарлими? – деб сўрадик ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўқ, у кунни ўлчаб олинглар!» – дедилар».

Ҳой мусулмонлар, Оллоҳ таоло бу фитна учун вақтни ўлчаб қўйган. Вақти келиб Дажжол ўлдирилгач, бу фитна тугайди. Уни замона охирида Ерга тушадиган Ийсо ибн Марям алайҳиссолату вассалом ўлдиради.

Фитна чор атрофни қамрагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳиссолату вассаломни Ерга туширади. У Дамашқ шаҳридаги Шарқий Минорага тушади ва унинг атрофида мусулмонлар бирлашади. Ийсо алайҳиссалом мусулмонлар билан бирга Дажжол томон юради. Дажжол Ийсо алайҳиссалом нозил бўлган пайтда яҳудий қўшинлари билан Қуддус томон йўл олган бўлади. Улар Қуддусда учрашадилар. Дажжол Ийсо алайҳиссаломни кўриши билан сувда эриган туз каби эриб кетади. Ийсо алайҳиссалом уни қўлидаги найза билан ўлдириб, қонини оқизади. Дажжолнинг қўшини чекинади. Мусулмонлар уларнинг орқасидан ҳужумга ўтиб, уларни ўлдиришади. Ҳатто тошлар ва дарахтлар: Ҳой мусулмон! Ҳой Оллоҳнинг бандаси, яҳудий орқамда турибди, кел, уни ўлдир! – дейди. Ғарқад бутасигина буни айтмайди. Чунки у, яҳудийларнинг дарахтидир. Малъун Дажжолни ўлдирилиши билан бу катта фитна тинади. Бу фитна давомида Умматнинг жуда кўпи ҳалок бўлади.

Ҳой мусулмонлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига Дажжолнинг фитнасидан сақланиш учун нималар қилиш кераклигини ўргатди.

Шулардан биринчиси: Гарчи банда ўзига ишонса ҳам Дажжолнинг ёнига бормаслик ва ундан қочиш. Чунки у, нима бўлишини билмайди. Имрон ибн Ҳусойн разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дажжолни эшитган кимса ундан узоқ турсин! Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, одам Дажжолнинг мўмин эканини билиб олдига келиб қолади ва унга кўрган шубҳалари туфайли эргашиб кетаверади»(Абу Довуд, 4321).

Оллоҳ таоло айрим халқларни тоғларга чиқиб кетишлари билан Дажжолдан асрайди. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Умму Шарик разияллоҳу анҳо: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар Дажжолдан қочиб тоғларга чиқиб кетадилар», – деганларини эшитганман, – деди. (Имом Муслим, 7580).

Дажжолдан ҳимоя қиладиган ишлардан бири, Макка ёки Мадина каби икки Ҳарамдан бирига кириб олишдир. Чунки Дажжолнинг Макка ёки Мадинага кириши таъқиқланган.

Дажжолдан ҳимоя қиладиган ишлардан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганларидек, Каҳф сурасининг бошланғич оятларини, бошқа ривоятда эса охирги оятларини ўқишдир. Абу Дардоъ разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каҳф сурасининг бошидан ўн оятни ёд олган киши Дажжолдан сақланган бўлади», – дедилар. (Имом Муслим, 1919).

Баъзи илм аҳллари бунинг ҳикматини: Оллоҳ таоло бу суранинг бошларида Ўзининг ёш даъватчи йигитларни ҳалок қилмоқчи бўлган золим подшоҳдан қутқарганини баён қилган. Оллоҳ таоло бу оятларни ўқиган одамни, уларни қутқаргандек қутқаради. Бу – Оллоҳ таолога қийин эмас, – дея изоҳладилар. Оллоҳу аълам.

Дажжолдан ҳимоя қиладиган нарсалардан яна бири, Дажжолнинг фитнасидан (ҳар замон), жумладан, намозда паноҳ сўрашдир. Бу ҳақда Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бировингиз ташаҳҳудни ўқиса Оллоҳдан тўрт нарсадан: Оллоҳим, мен Сенга жаҳаннам азоби, қабр қийноқлари, ҳаёт ва ўлим фитналари ҳамда Масиҳуд Дажжол фитнасининг шарридан сиғинаман! – дея паноҳ сўрасин»(Имом Муслим, 1352).

Дўстлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шунчалар огоҳлантириш ва чақириқлари бўлиши ва уларни эшитишларига қарамай, Дажжол чиққан маҳал одамларнинг кўпи фитна олови ўртасида қоладилар. Бунинг асосий омили улардаги диёнат ва иймоннинг озлигидир. Бугунги кундаги одамларнинг воқеъликлари яхшиликдан башорат бермаяпти. Дажжолдек бўлмасада бирон фитна келиб қолса уларни ўз оғушига олиб, дин ва ахлоқларини бузиб ташламоқда.

Дўстим, одамларнинг ҳоли ва уларни фитнага солган нарсаларга қаранг! Агар шаҳарнинг бирон жойида янги дўкон очилса ва у ерда гарчи хурмо сотилса ҳам, унга эҳтиёжи бўлган ёки бўлмаган одамларнинг ўша ерда тирбанд навбатда турганларини кўрасиз. Одамларни бугунги кунда матбуот (реклама) ва кўринишлар алдамоқда. Тижорий марказлар, саёҳат, сафар ҳатто айрим оддий ишлар ҳам алдамоқда. Улар ортидан оқил ва катта мансаб эгаси бўлган одамларнинг ҳам чопаётганини кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Агар одамларнинг ҳоли шу экан, бундан кўра каттароқ – Дажжол фитнаси ҳақида нима дейсиз?! Ахир, инсоният бошида бундан кўра каттароқ фитна йўқ-ку?! Агар бугунги кундаги одамларнинг диёнати, қалбларидаги иймони ва шариат аҳкомлари ҳақидаги билими шундай оддий фитналардан тўса олмас экан, фитналар кучли, диёнат ва иймон оз бўладиган Дажжол кунларида одамларнинг ҳоли нима бўлади?!

Оллоҳ таолодан хотиржамлик ва соғлик тилаймиз!

Оллоҳим, агар бандаларинг учун фитнани хоҳлаган бўлсанг, жонимизни фитналарга мубтало қилмай ол!

Оллоҳим, бизни ўз ватанимизда хотиржам қил! Уламоларимиз ва раҳбарларимизни ислоҳ айла!

Оллоҳим, эй раҳмлилар раҳимлиси, етакчилигимизни Сендан қўрқадиган, тақво қиладиган ва розилигингга эргашадиган бандалар қўлига бер!

Оллоҳим, бу умматга тўғри йўлларни кўрсат-ки, унда гуноҳкорлар хор бўлсин, савобли ишларга чорлансин, гуноҳлар таъқиқлансин!

Оллоҳим, қалбларимиз ҳидоятланадиган, тарқоқлигимиз бирлашадиган ва биздан фитналарни узоқлаштирадиган раҳматингни ёғдир!

Оллоҳим, Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлла! ... 

давоми бор...