Жаннат васфи
Категориялар
Full Description
Жаннат васфи
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Акрам Ҳасан
Муҳаррир: Шамсуддин Дарғомий
2013 - 1434
وصف الجنة
« باللغة الأوزبكية »
أكرم حسن
مراجعة: شمس الدين درغامي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Жаннат васфи
Бандаларининг озгина амалларига сон-саноқсиз нематларини ёғдирган, Ўз китобида ғазабидан раҳматини устун айлаган, Ўз фазли ва карами ила бандаларидан хоҳлаганларини рушди ҳидоят ва тавфиқда хос этган Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсин.
Шак-шубҳасиз, аввалдаю охирда якка Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва башарият саййиди, пайғмбарлар қоиди Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи ва салламга салавоту саломлар ёғилсин.
Муҳтарам биродарлар! Бугунги суҳбатимиз жаннат ва унинг васфи борасидадир.
Жаннат ҳақида нималарни биламиз? Тўғрироғи жаннат ҳақида бизга нималар хабар берилган?
Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, одам боласининг хаёлига келмаган неъматлару лаззатлар, роҳатлару фароғатлар муҳайё қилингадир унда. Аллоҳнинг ушбу оятига қулоқ тутинг:
«Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас». Сажда сураси 17-оят.
У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган барча нарса бордир: «Сизлар у жойда (жаннатда) мангу қолурсиз». Зухруф сураси 71-оят.
Жаннатда еттита эшик бор. «Райён» номли эшикдан фақат рўзадорлар кириши ҳадисларда айтилган.
Пайғамбаримиз жаннат эшикларининг катталигини таърифлаб шундай деганлар: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, жаннат эшиклари тавақасининг ораси Макка билан Ҳажар орасичадир (Ҳажар Баҳрайндаги бир шаҳар) ёки Макка ва Бусро орасичадир (Бусро Шомдаги бир шаҳар)».
Утба ибн Ғазвон розияллоҳу анҳу айтади: «Бизга зикр қилинишича, жаннат эшиклари тавақасининг ораси қирқ йиллик масофадир. Бир кун келиб бу эшик тиқилинчдан тўлиб тошиб туради». Муслим ривояти.
Пайғамбаримиз жаннат эшикларини сифатлаб, эшиклардаги ҳалқалар ҳақида шундай деганлар: «Жаннат эшигининг ҳалқасини ушлаб, уни жангиллатиб тураман».
Жаннатлар ҳам даражага бўлиниши ҳақидаги ушбу ҳадисга қулоқ солинг: Пайғамбаримиз: «Жаннат аҳли ўзларидан юқори хоналардаги жаннатиларни худди порлаб турган йўлчи юлдузларни кўргандек кўриб туради», - дедилар. Саҳобалар сўрашди: Ё расулуллоҳ, бу анбиёлар жойими? Улардан бошқалар кира олмайдими? Пайғамбаримиз айтди: «Йўқ, бу жойлар Аллоҳга иймон келтирган ва пайғамбарларни тасдиқлаганлар жойидир». Муттафақун алайҳи.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилади: «Жаннатга биринчи бўлиб кирадиган жамоанинг юзи худди тўлин ой юзли бўлади». Бошқа ривоятда: «Бир-бирларини ушлаганча ҳаммалари баробар кирадилар», - дейилган.
Уларнинг юзлари худди тўлин ой юзли бўлади. Улардан кейингилар худди осмонда порлаб турган юлдузга ўхшатилади. Улар жаннат нози-неъматларидан тотадилар.
Дунёдан фарқли ўлароқ улар бу ерда беҳузур бўлмайдилар. Еганларини чиқариш, туфлаш, бурун қоқиш сингари ишлар жаннатда содир бўлмайди. Тароқлари олтиндан, қадаҳлари биллурдан, улардан мушки анбар ҳиди таралиб туради. Атрофларида ҳурлар парвона бўлади. Уларнинг ҳаммаси бир хил шаклда, худди Одам алайҳис-саломнинг суратида – олтмиш газли бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат нимадан қурилгани ҳақида сўрадик.
«Бир ғишти кумуш, яна бир ғишти олтиндан, лойи мушки анбар, майда тошлари марварид ва ёқутдан, тупроғи эса заъфарондир. Ким у ерга кирса, фароғатда мангу яшайди, асло маюслик, қарилик ва ўлим нималигини билмайди», – дедилар.
Имом Муслим ривоят қилган ушбу ҳадисда аҳли жаннат жаннатга кириб, ўз ўринларини олгандан сўнг уларга нидо килинади: «Доимий соғлик, боқий ҳаёт, кексаликка юз тутмас ёшлик, ғам-андуҳсиз, фароғатли ҳаёт муборак бўлсин!
Аллоҳ таолонинг куйидаги ояти ҳам бунга ишорадир: «Қилиб ўтган амалларингиз учун сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир».
Расулуллоҳ жаннатда ичкаридан ташқариси, ташқаридан ичкариси кўриниб турадиган хоналар борлигини айтганда бир аъробий: «У хоналар кимга берилади?», деб сўради. Шунда пайғамбаримиз: «Яхши гапларни гапирган, очларни тўйдирган, давомий рўза тутган ва одамлар ухлаётганда тунларни Аллоҳ учун бедор ўтказганларникидир», – деганлар.
Яна ҳадисларда мўминлар учун ёқутдан чодирлар ҳозирлаб қўйилгани, бу чодирларнинг узунлиги олтмиш газ бўлиши, мўмин киши жаннатнинг бошқа даражасидаги биродарини бориб зиёрат қилиши ҳам айтилган.
Жаннатдаги анҳорлар ҳақида билмоқчи бўлсак, ушбу оятни ўқисак бўлади:
«Тақволи зотлар учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли (сифати будир). Унда айнимас сувдан иборат анҳорлар ҳам, таъми ўзгармас сутдан иборат анҳорлар ҳам, ичувчилар учун лаззатли (ақлдан оздирмайдиган) майдан бўлмиш анҳорлар ҳам ва мусаффо асалдан иборат анҳорлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир». Муҳаммад сураси, 15-оят.
Диндош биродар, жаннат нақадар буюк ва улуғ даргоҳ!
Тупроғи миск ва зафарон, майда тошлари марварид, ёқут ва маржон, ғиштлари олтин ва кумуш, қасрлари биллуру-зумраддан, шифти Раҳмоннинг арши, турли ҳил қандиллар осиғлиқ унда, фавворалар ҳар ёнга сувларни уфурар, ипак ва ҳарирлар, битмас ва туганмас мевалар, баланд-баланд супалар, биллур қадаҳлару, зилол- зилол сувлар аҳли жаннатга муҳайё унда! Кўнгил тусаган қуш гўштлари бир лаҳзада ҳозирдир бунда!
«У жаннатларда кўзларини бегона эркаклардан тиювчи шундай ҳурлар борки, уларга илгари на инсон ва на жинлар теккан. Уларнинг баданлари тиниқлик ва силлиқликда гуёки ёқут ва маржондир». Ар-Раҳмон сураси.
Пайғамбаримиз: «Агар жаннат аҳлидан бўлган бир аёл ер юзига кўриниш берса эди, ер юзини ёритворар, ундан келган хушбўй ҳид бутун дунёни тутиб кетган бўлар эди, бошидаги рўмоли эса дунё ва дунёдаги барча нарсалардан яхшироқдир», – деганлар. Бухорий ривояти.
Яна пайғамбаримиз айтади: «Жаннатга кирган ҳар бир эркакка иккитадан ҳур қиз берилади. Ҳар бир ҳурни етмиштадан либоси бўлади. Ҳурлар суякларининг илиги либослари орасидан ҳам кўриниб туради».
Бошқа ривоятда: «Суякларининг илиги гўштлари орасидан ҳам кўриниб туради», – дейилган.
Жаннатда ғам-ташвиш, қайғу, меҳнат ва машақат, гина-кудурат, бир-бирини кўролмаслик сингари салбий сифатлар мўминлар қалбидан кўтарилади.
«Жаннатга кирган чоғларида дейдилар:бизлардан қайғуни кетказган зот-Аллоҳга ҳамд айтамиз.Дархақиқат,роббимиз мағфиратли ва шукр соҳибидир. У ў фазли билан бизларни шундай мангу турадиган диёрга туширдики,у жойда бизларга на машаққат етар ва у жойда бизга на чарчоқ етар». Фотир сураси, 34-35-оятлар.
«Улар у жойда беҳуда ва гуноҳ сўзни эшитмаслар. Фақат (бир-бирларига айтадиган) салом-салом сўзинигина эшитурлар. Парвардигори оламдан саломни эшитурлар. Уларга раҳмли Парвардигорлари томонидан салом айтилур». Ёсин сураси, 58-оят.
«Ҳар бир эшикдан уларнинг хузурларига кирган фаришталар дерлар: сабр қилиб ўтганларингиз сабабли бу ерда сизларга тинчлик бўлгай! Жаннатнинг қўриқчилари ҳам уларга салом йўллайди. Жаннатнинг қўриқчилари: Сизларга салом! Хуш келдингиз! Бас, жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда кирингиз». Зумар сураси, 73-оят.
Жаннати Аднда эса аҳли жаннат ўз ота-онаси, аҳли аёли ва зурриёти билан бирга бўлади.
«У абадий боғлар бўлиб, у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ бандалар билан бирга кирурлар». Раъд сураси, 23-оят.
Бу нематлардан ва бу бахт-саодатдан ҳам олийроқ нарса борми?!
Ҳа, жаннатда солиҳ бандаларга бериладиган нематларнинг гултожи Аллоҳнинг жамолини кўриш қолди. Парвардогори олам ўзидан ҳижобни олиб, солиҳ бандаларига тажаллий қилади. Ўзининг нури ила уларни ҳар томондан қоплайди.
Солиҳ бандалар Аллоҳнинг жамолини кўриш бахтига муяссар бўладилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтади: «Аҳли жаннат жаннатга кириб, ўз жойларини олгач, Аллоҳ таоло уларга айтади: Сизларга яна бирор нарсани зиёда қилишимни хоҳлайсизларми? Улар: юзларимизни ёруғ қилдинг, жаннатларга киргиздинг, дўзахдан паноҳ бердинг, дейишади. Шунда ҳижоб кўтарилади, Аллоҳ азза ва жалланинг жамолини кўришдан улуғроқ неъмат йўқлигини биладилар». Муслим ривояти.
Парвардигоро, ўзингдан илтижо қилиб сўраймиз, бизларнинг гуноҳларимизни афв эт, жаннатда солиҳ бандаларинг билан бирга қил, бизларга, ота-оналаримизга, аҳли аёлу фарзандларимизга Ўзингнинг улуғ жамолингни кўришни насиб айла!