×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Мўғулларга қарши жангга тайёргарлик; – Миср ва Шомни бирлаштириш ҳаракати; – Шом амирларининг тутган ўрни; – Ҳижрий 658 йилнинг бошларигача бўлган босқич; – Миср халқининг аҳволи; –Мисрликлар ва Мамлуклар ҳаётида шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг тутган ўрни;

Мўғул татар қиссаси 20- қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Мўғул-татар қиссаси

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ўтган суҳбатимизда:

– Қутуз раҳимаҳуллоҳ ҳақида қисқача;

– Нуруддин Али ҳокимлиги даврида Мисрдаги аҳвол;

– Карак амирининг Мисрга ҳужуми;

– Сайфуддин Қутузнинг волий бўлиши;

– Сайфуддин Қутуз даврида Мисрнинг аҳволи;

– Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг саъй-ҳаракати;

– Ички вазиятнинг барқарорлашиши;

– Мусулмонларнинг бир байроғи остида жамланиши;

– Сайфуддин Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг бошқарув маҳорати кабилар мавзуимиз бўлган эди.

Мўғулларга қарши курашга тайёргарлик

Мисрда вазият тобора ижобийлашиб бораркан, Қутуз раҳимаҳуллоҳ асосий масалага қадам қўйди. Бу масала, мўғулларга қарши жангга ҳозирлик эди. Ўткир заковат талаб қилинадиган бу иш ҳикмат билан амалга оширилди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ буюкларга мос олий хулқ билан Баҳрий мамлукларнинг ҳаммасини чин маънода афв қилиш қарорини берди. У макр қилишни ўзига эп билмади. Қутуз раҳимаҳуллоҳ мухлис, Оллоҳ учун борлиғини бахш этувчи ҳамда шарт-шароитни аниқ ҳисобини олувчи киши эди. Шу йўл билан у Баҳрий мамлукларнинг қувватини қўлга киритиш тадоригини олган эди. У Оллоҳга ихлоси, уммат ва юртга бўлган муҳаббати сабаб, юрт равнақи учун бу қувватга таянишни лозим деб билди. Бу билан у ўз тахтига ҳам зомин бўлиши ҳамда Мисрда ғалаён қайта қўзғалишига ҳам сабаб бўлиб қолиши мумкин эди. Баҳрий мамлуклар билан Муъиззий мамлуклар ўртасида бундан 6 йил олдин (652 ҳ.с.) Баҳрий мамлукларнинг бошлиғи Фарисуддин Ўқтой ўлдирилганидан кейин фитналар юзага келган, подшо Муъиз Иззуддин Ойбек ва ундан кейин Шажаратуд-Дурнинг қатл қилиниши, бу фитналарнинг аланга олишига сабаб бўлган эди. Иш шу даражага етганидан Рукнуддин Бейбарс бошлиқ кўпчилик Баҳрий мамлуклар Мисрдан Шомга қочишга мажбур бўлган эди. Уларнинг орасида Шомдаги амирларни Мисрга уруш очишга тезлаганлари ҳам бўлган эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Миср тахтига кўтарилганда Баҳрий мамлукларни кечириши ва уларнинг Мисрга қайтишларини эълон қилиши жуда қалтис қарор бўлсада, айни вақтда у ҳикмат йўлини танлашга муваффақ бўлган эди.

Бу қарор Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг олий хулқ эгаси бўлгани, ўч олишга қудрати бўлатуриб ўтмишдаги душманликни унутгани, ҳамда чуқур сиёсий дунёқараш соҳиби эканини кўрсатади. Миср айни дамдаги ҳарбий кучи билан мўғуллар қаршисига чиқа оладиган ҳолатда эмасди. Баҳрий мамлуклар катта куч бўлиб, улар жуда кенг ҳарбий малака соҳиблари ва шу билан бирга кўп маъракаларда тажриба қозонган аскарлар эди. Жумладан, бундан 10 йил олдин (648 ҳ.с.) салибчилар билан бўлган машҳур жанглар: "Мансура" ва "Фарискур" жангларида улар қўшиннинг асосий қисмини ташкил қилган эди. Баҳрий мамлукларнинг Муъиззий мамлуклар билан бирлашиши, мўғулларни қарши олишга қуввати етадиган Ислом лашкарини пайдо қилар эди. Маълумингизки, бирлашиш нусратнинг энг муҳим омил ва сабаби, тарқоқлик эса мағлубият ва ўзаро фитна омилидир.

Қутуз раҳимаҳуллоҳ Шомга кетган Баҳрий мамлукларнинг ҳолати беқарорлигини яхши биларди. Улар Шомга мажбурликларидан қочиб кетган, уларнинг мулклари, қадр-қиймати ва эътибори Мисрда эди. Улар ўзларининг Мисрга қайтишлари ва бирор-бир зиён етмаслиги ҳақидаги беназир эълонни эшитишлари биланоқ, Салжуқийлар давлати, Карак, Дамашқ, Ҳалаб ва бошқа жойлардан Мисрга қайта бошладилар. Шу тариқа Мамлукларнинг янгидан бирлашишига шароит туғилди. Подшоҳ Қутуз уларни муносиб суратда, камтарона кутиб олди. Подшоҳ ўзининг мамлук эканини унутмаган эди.

Қутуз Баҳрий мамлуклар бошлиғи Рукнуддин Бейбарсни ҳам чақирди. У Баҳрий мамлуклар ичида Қутуз учун мутлақо хатарли шахс ҳисобланарди. Агар Қутуз макр, хиёнат ва сиёсий манфаатнигина кўзлаганида, уни ҳаргиз Мисрга чорламаган бўларди. Рукнуддин Бейбарс Мисрдан қочиб, Дамашққа Носир Юсуф Айюбийнинг ёнига борган эди. Носир Юсуф узоқ замонлар мўғулларга қуллуқ қилган, сўнгра шароит ўзгарганда уларга қарши жанг қилишини даъво қилган хоин эди. Рукнуддин Бейбарс унинг сафига қўшилганида, унинг мўғулларга қарши жанг қилишни эълон қилиб, уни амалга оширмасдан юрганини танқид қилди. Бироқ, Носир Юсуф унинг гапига қулоқ солмади. Мўғуллар Дамашқ сари одимлаганида, у армияси билан жанубга қочиб қолди. Оллоҳ йўлида жиҳод руҳи билан тарбия топган Бейбарс ёлғизланиб қолди, сўнгра у ҳам жанубга – Фаластинга қочишга мажбур бўлди.

Мўғуллар Носир Юсуфнинг изидан Фаластинга келганида, у армияси билан бирга Каракка, сўнгра Саҳрога қочди. Бейбарс эса, Ғазо ерларида ёлғиз қолди. У ҳар томондан яккаланиб қолган эди. Жанг қилай деса, чорасиз. У Ғазода ёлғиз, Баҳрий мамлуклар эса ернинг машриқу-мағрибига тарқалиб кетган, Миср Муъиззий мамлуклар қўлида. Ўшанда унга кенг ер тор бўлиб, жуда оғир вазиятда қолганди. Ҳолбуки, у Баҳрий мамлукларнинг каттаси, яъни мудофаа вазири манзилатида эди. Ҳозирчи, Ғазода ёлғиз! Шимолдан мўғуллар бостириб келяпти, Носир Юсуф Саҳрога қочиб қолган, Мисрдан ўзи қочиб келган. У мана шундай қийин вазиятда турганда, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг Мисрга мукаррам, азиз, қадди рост ва ўз мансабига қайтиш таклифини эшитди.

Қутуз эътиборини тортган баъзи нуқталар:

Биринчи: У Рукнуддин Бейбарсдаги юксак аскарий қобилият ва юқори даражадаги етакчилик маҳоратини ҳамда бу саркардадаги олий исломий ҳамиятни кўра олди.

Иккинчи: Бошқалардан ажралиб турувчи заковатли Бейбарсдан мўғулларга қарши жангда фойдаланди. Йўқса, бу заковат Муъиззий мамлукларга қарши хизмат қилиши мумкин эди.

Учинчи: Яна Қутуз Баҳрий мамлукларнинг Рукнуддин Бейбарсга содиқлигини яхши биларди. Бейбарс каби инсон қочоқ бўлса, Баҳрий мамлуклар бир кунмас бир кун унинг атрофига йиғилмаслигига ҳеч ким кафолат беролмасди. Унинг Бейбарсни ўз сафига қўшилишига тарғиб қилиб қадрлаши, унинг қудрати ва имкониятларидан фойдаланиши юксак сиёсий ҳикмат жумласидан эди. Бу билан у вазиятнинг барқарорлигини кафолатлади ва мўғулларга қарши бор кучни жамлаш муқобилида ички низоларларга чек қўйди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Рукнуддин Бейбарсни чақиргандан кейин, у Мисрга келди. Қутуз уни яхши кутиб олди ва вазирлар қасрига бошлаб келди ҳамда унга амирлардек муомала қилди. Унга Қалюб[1] шаҳри ва унинг атрофидаги ерларни тақдим қилди[2].

Ҳа, Қутуз ўч олишга қодир бўлсада афвни танлаб, инсонларни ўз мақомига қўйиб, сиёсий теранлик ва бирдамликда намуна бўлди. Моҳир сиёсатчи бўлиш учун фақат кўзбўямачилик, инсонларга йўқни бор, жиноятни санъат, тўғрини эгри ва шахсий манфаатга эришиш йўлида барча чиркин қабоҳатларни сиёсат, деб аташ шарт эмас. Сиёсат инсонлар манфаатини қўриб, уни ўз манфаатидан устун қилиб, уларни дунё ва охират саодатига улаштиришга уриниш демак.

Яна Қутуз, ўзига ишонган бошлиқ атрофидаги кучли шахсларни йўқотиш эмас, уларни қозониш муҳимлигини ўргатди. Бу билан у халқнинг ишончини ва муҳаббатини қозонди.

Албатта ҳозирги кунимизда афсонага айланган, аслида Ислом тарихи шодасида маржон-маржон терилган мухлис юртбошилар халқ розилиги ва уларнинг муҳаббатию, ҳурмат-этиборини қозонишнигина ўзига мақсад қилиб қўймайди. Ҳақиқий юртбоши Оллоҳ билан ўз орасини тузатишга уринади. Шунда Оллоҳ таоло у билан халқи орасини тузатиб қўяди. Бундай юртбошилар шуҳратнинг ортидан эмас, шуҳрат уларнинг кетидан юради.

Ҳа, Қутуз бу қарорларни халқ муҳаббатини қозониш учун эмас, авваломбор Оллоҳ олдидаги ўз бурчини ўташ, сўнгра халқини мўғулларнинг қора ҳужумларидан қутқариш ва уларнинг бошқа манфаатларини қўриш мақсадиди берган эди.

Оллоҳ таоло Қутуз раҳматуллоҳи алайҳга ўз раҳматини ёғдирсин! Миллатини ҳалокатдан қўриган бошқа бошлиқларни ҳам Оллоҳ жаҳаннам фалокатидан қўрисин!

Шундай қилиб, моҳир саркарда Рукнуддин Бейбарс бошлиқ Баҳрий мамлуклар Миср армиясига бирлашди. Бу иш Миср халқининг маънавияти ва руҳиятини жуда кўтарди. Баҳрий мамлукларни кечириш қарори Қутуз раҳимаҳуллоҳ ҳаётида босган энг муборак қадамларидан бири эди. Биз шу босилган қадам муқобилида у кишининг ҳар бир босган қадами эвазига Оллоҳ таоло ажр ёзишини сўраб қоламиз.

Хуллас, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг биринчи қадами – мамлакатнинг ички вазиятини барқарорлаштириш бўлса, иккинчи қадами – Баҳрий мамлукларни кечириб, уларнинг куч ва имкониятларидан фойдаланиш бўлди.

Миср ва Шомни бирлаштириш ҳаракати

Қутуз раҳимаҳуллоҳ амалга оширишга киришган учинчи масала – қўшни давлатлар билан дипломатик алоқани яхшилаш, яъни ташқи сиёсатни тиклаш амалиёти бўлди. Миср билан Шом амирликлари орасидаги алоқалар борасида бундан олдин батафсил айтиб ўтдик. Шом амирликлари бир неча бор Мисрга ҳужум уюштиришга, подшо Солиҳ Нажмуддин Айюб раҳимаҳуллоҳ даврида ўрнатилган келишувни бузишга ҳаракат қилди. Маълумингизки, Дамашқ ва Ҳалабнинг амири Носир Юсуф Боғдод маҳв этилгандан сўнг, Мисрга уруш очишида ёрдам бериши учун Ҳулагудан ёрдам сўраган эди. Мана шуларга қарамай, Қутуз раҳимаҳуллоҳ "Ўтган ишга салавот" қабилида иш тутиб, бўлиб ўтган келишмовчиликларни унутишга ва Миср билан Шом ўртасида ҳақиқий бирдамликни ҳосил қилишга ҳаракат қилди. Энг камида Шом амирликларининг бетараф бўлишига, яъни мўғуллар билан урушаётган пайтда фурсатдан фойдаланиб, ҳужум қилиб қолмасликлари ёки мўғуллар сафига қўшилмасликлари учун ҳаракат қилди.

Шом амирларининг тутган ўрни

Қутуз раҳимаҳуллоҳ Миср ва Шомнинг ўртасини бирлаштиришга қарор қилди. У Шомнинг каттаси, икки асосий шаҳар: Дамашқ ва Ҳалабнинг амири Носир Юсуф билан алоқа ўрнатишга киришди. У Шомнинг бошлиғи манзилатида эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Носир Юсуфнинг кимлигини ва ўзини ёқтирмаслигини жуда яхши биларди. Шундай бўлса ҳам, Қутуз раҳимаҳуллоҳ унга ажойиб мактуб йўллади. У мактубда гўё энг яқин кишисига хитоб қилаётгандай эди. Бу мактуб мўғуллар Ҳалабга бостириб келишидан олдин йўлланган бўлиб, Носир Юсуф билан Қутуз ўртасида мўғулларга қарши бирлашиш имконияти туғилган эди. Ўша вақтлар Носир Юсуф мўғулларга жанг эълон қилган ва Дамашқда ҳарбий лагер ўрнатган эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ ундаги хато ва камчиликлардан кўз юмиб, сафларини бирлаштиришни хоҳлади. Қутуз раҳимаҳуллоҳ Носир Юсуфнинг асосий мақсади бошқарув курсисида қолиш эканини, уни бундан бошқа нарса қизиқтирмаслигини яхши билгани ҳолда муносиб мактуб битти ва унга жўнатди. Мактубда Миср ва Шомни бирлаштириш ҳамда бунда Носир Юсуфнинг подшо бўлиши, Қутуз эса унга тобе бўлиши баён қилинган эди! Ваҳолангки, Қутуз раҳимаҳуллоҳ унга қараганда анчагина яхши саркарда ва сиёсатчи бўлиши баробарида, Миср ҳам Дамашқ ва Ҳалабдан мавқеи баланд эди. У мактубда подшо Носир билан салтанат талашмаслиги ва унга қаршилик қилмаслиги ҳамда ўзининг Миср диёридаги унинг ноиби бўлишини баён қилди. Носир қачон Мисрга келса, Миср ва Шомни бирлашиши учун дарҳол уни тахтга ўтиргизишини айтди. Бу афсонавий таклифни моддий сиёсат мезони билан ҳисоб қилувчи инсон тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Буни иймон тарозуси билан ўлчайдиган инсонларгина ҳазм қила олади.

Қутуз раҳимаҳуллоҳ Носир Юсуфнинг икки давлатни бирлаштиришда иккиланиши ёки унинг мутлақо Мисрга келишдан қўрқишини билароқ, мўғулларга қарши урушда унга мадад беришини ўртага ташлади. У Носир Юсуфга шундай деб мурожат қилди: "Бирлашишни истасанг, бирлашамиз. Бирлашмасдан мўғулларга қарши курашда ёрдам беришимни хоҳласанг, ёрдам бераман. Мақсадимиз бир. У ҳам бўлса мўғулларни тор-мор қилиш! Агар ёрдамимни ихтиёр қилсанг, хизматингдаман. Истасанг, ўзим ва аскарларим билан келажак жангда, яъни мўғулларга қарши жангда кўмакка бораман. Агар боришимдан хавотиринг бўлса, ўзинг ихтиёр қилган аскарларимни ҳузурингга йўллайман"[3]. Бироқ Носир Юсуф Қутуз раҳимаҳуллоҳ томонидан бўлган олийжаноб нидоларга ижобат қилмади ва бирлашишдан бош тортди[4]. Чунки у аслида мўғулларга қарши курашишни ният қилмаган эди. Шу сабабли қўшимча мададга ҳам эҳтиёжи йўқ эди. Мўғуллар етиб келгудек бўлса, қочиб қолишни фикр қилганди. Миллатини ҳимоя қилиш унинг хаёл кўчасидан ўтмаган эди, десак янглиш бўлмас. Кунлар ўтди, Ҳалаб ишғол қилинди ва Дамашқ таҳдид остида қолди. Носир режасига кўра Фаластинга қочиб қолди. У армияси билан Фаластинга етганида тақдирда ёзилиб, ўз вақтини кутаётган иш содир бўлди. Носир Юсуф армияси ундан ажралиб, мухлис, моҳир сардор Қутуз раҳимаҳуллоҳ сафига қўшилди. Носирнинг тахтинигина эмас, умматнинг келажагини қўриш – Оллоҳ йўлидаги жиҳод сари кетишди. Носир Юсуф сўққа боши билан Каракка, ундан сўнг Саҳрога – Урдуннинг жанубида жойлашган ал-Жафр минтақасига – кетишга мажбур бўлди. Ҳали унинг оқибати нима билан якун топишига гувоҳ бўламиз.

Носир Юсуфнинг лашкари Қутузнинг сафига қўшилиши, унинг қувватини оширди. Қутуз фақат Носир Юсуф билан дипломатик алоқа тиклашгагина чекланмади, балки Шомдаги бошқа амирликларга ҳам элчи жўнатди.

Ҳамаҳнинг амири Мансур унга ижобат қилди. Маълумингизки, Ҳамаҳ[5] мустақил амирлик эди. Амир Мансур армиясини олиб, Мисрга келди ва Қутузнинг армияси сафига қўшилди[6].

Қутуз Урдун[7]даги Карак амири Муғис Умарга мактуб йўллади. Мисрга икки марта: Боғдод ағдарилишидан олдин ва ундан кейин икки марта ҳужум уюштирган шахс шу Карак амири Муғис Умар эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ қиёматда тарозида оғир келувчи гўзал исломий хулқларнинг татбиқи қандай бўлишини кўрсатиб берди. У олдин юзага келган барча ихтилоф ва келишмовчиликлардан кўз юмди. Мусулмонлар орасида юзага келган низоларни унутди. Бироқ Муғис Умар тамошабин бўлишни афзал кўрди[8]. У Носир Юсуф тарафдорларидан бўлиб, у уруш эълон қилганда унга ижобат қилган, у Саҳрога қочиб кетгандан кейин, Карак қўрғонига кириб олган эди. У ҳам Носир ортидан юрди. Гумроҳлиги ҳақиқатни кўришдан тўсди. У Мамлукларни ёқтирмас эди. Шунинг учун Қутузга қўшилмасдан ҳодисаларни ташқарида туриб кузатиш йўлини танлади. Ғолиб ким бўлса, ўшанга қўл беришим лозим, деб билди.

Ҳимснинг амири Ашроф Айюбий Қутузга қўшилишдан кескин бош тортди ва мўғуллар билан ҳамкорликни афзал, деб билди. Ҳулагу унга Шом амирликларининг ҳаммасини мўғуллар номидан бошқарув мансабини тақдим қилди![9]

Банияс амири Саъид Ҳасан ибн Абдулазиз ҳам мусулмонларни қўйиб мўғулларга қўшилди![10] Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.

Ҳижрий 658 сананинг бошларигача бўлган босқич

Қутуз раҳимаҳуллоҳ билан бирга тарих саҳифаларини варақлаб, турган нуқтамизни бир аниқлаб олсак:

Биринчи: Мисрда ички вазият барқарор, янги ҳукумат Қутуз раҳимаҳуллоҳга содиқ эди.

Иккинчи: Ўша дамларда давлатнинг биринчи ва асосий вазифаси очиқ-ойдин, равшан эди, у мўғулларга қарши жангга қўшин ҳозирлаш.

Учинчи: Баҳрий мамлукларни афв қилиш ва уларни Мисрга омонлик билан келишларига даъват. Бу нафақат мамлукларнинг, ҳатто Миср халқининг ҳам тинч ва осойишталигига олиб келди. Баҳрий ва Муъиззий мамлукларнинг бирлашиши Миср қуролли кучлари қувватини бениҳоя оширди.

Тўртинчи: Миср армияси сафига кўплаб шомлик аскарлар қўшилди. Ҳалаб ва Дамашқ амири Носир Юсуфнинг катта сондаги армияси, амир Мансур бошлиқ Ҳамаҳ қўшини Қутуз армияси сафига кирди[11].

Булар 658 ҳ.с. / 1260 м.с.лар бошларида Мисрдаги аскарий ва сиёсий ҳолат эди. Ўша дамлар Ҳалаб, Дамашқ, Фаластин ва Ғазо мўғуллар томонидан ишғол этилди. Мўғуллар Мисрга жуда яқин келиб қолган эди. Улар Мисрдаги Сино ярим оролига атиги 35 км узоқликда эди.

Миср халқининг аҳволи

Одатда иқтисодий тангликлар халқнинг яшаш тарзи ва кундалик ҳаётига катта таъсир қилади. Албатта кунлик луқмасига зўрға етишган, бир бурда нонга зор бўлган халқ, бундай оғир ва машаққатли синовга кириши учун фақтгина ўлимдан қўрқмаган, умматини Оллоҳ ризоси учун ҳаёти эвазига бўлса ҳам қутқара оладиган инсонлар бўлиши керак бўлади. Бундай заҳматлар иймон қаршисида саодатга айланади.

Қутуз ҳукуматни ғоят қийин бир аҳволда қўлга олган эди. Ўн йил давомида юз берган тахт учун кураш, фитналар сабаб бошлиқ билан халқ орасида катта бўшлиқ ҳосил қилган эди. Тахтга мустаҳкам жойлашиш ташвишидаги юртбошилар халқ билан шуғулланишга вақт ажрата олмадилар. Алҳол, Миср халқи баҳайбат мўғул қувватини қарши олиши ва улар билан жанг қилиб, уларни енгиши мумкинлиги тасаввурга ҳам сиғмайди. Миср ҳалқи ҳам бошқа мусулмонлар сингари мўғуллардан қўрқар, мўғул лашкарини кўриш у ёқда турсин, уларнинг хабарини эшитганларида қўрқувдан титроқ тутадиган даражада эди. Мўғуллар Мисрга яқинлашган сари уларнинг қўрқувлари ва хавотирлари ортиб борарди.

Бу ҳолатда халқнинг маънавияти ва руҳиятини кўтарадиган, уларнинг ўй-фикрини ўзгартирадиган, дини, ватани, умматини ҳимоя қилиш ғурурини уйғотадиган туртки, далда лозим эди. Бу иш Қутуз раҳимаҳуллоҳ вазифалари орасида энг қийинларидан бири эди. Зеро, халқ билан қувватланмаган қўшин ҳаргиз кучли бўлолмайди. Бошлиқ ҳам, армия ҳам халққа суяниши шарт. Йўқса, нусратга эришиш амри маҳолдир. Жанг ҳақиқий суратдаги жанг бўлиши учун эркак-аёл, ёшу-қари бир тан, бир жон бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, оёққа турмоғи лозим. Бунинг учун халқ комил тайёргарлик кўриши даркор эди.

Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг олдида ўта муҳим вазифа, халқни Оллоҳ учун, Ислом дини учун жонларини фидо қиладиган мужодала руҳида тарбия қилиш эди. Бу иш ўзига яраша машаққат эди. Бироқ ўша вақтлар Оллоҳ таоло Миср халқига неъмат қилиб берган икки нарса бор эди. Бу икки нарса Қутузнинг ишини нисбатан енгиллаштирди. Бу икки бебаҳо нарса халқда топилар экан, Оллоҳнинг фазли билан гирифтор бўлган тангликдан чиқиб, янгидан ҳаракатга келиши, умматни оёққа тургизиши ва душман ким бўлишидан қатъий назар у билан кураша олиши мумкин бўлади.

Биринчи: Шаръий билим ва уламолар

Миср халқида сақланиб қолган илм ва уламолар борлиги Қутузга яхши дастак эди. Салоҳуддин Айюбий хабис Фотимийлар давлатини ағдариб, Мисрда сунний мазҳабни қарор топтиргандан буён омма инсонлар ва ҳокимлар назарида олимларнинг мавқеи баланд бўлиб келди. Маълумингизки, Шажаратуд-Дур Мисрга ҳокима бўлганида уламолар қаттиқ норози бўлган, ҳатто маликанинг ўзига ҳам инкор маъносидаги мактубларини ёзишган эди. Олимлар аёл кишининг бошлиқ бўлиши мумкинмаслигини баён қилиб, халқни унга қарши оёққа тургизган эдилар. Шажаратуд-Дур ҳам, унинг аъёнлари ҳам олимларни тинчитишга қодир бўлмаган, уларнинг ҳур фикрларига қаршилик қила олмаган эдилар. Оллоҳнинг изни билан, фақат Ўзи учун ҳақни баралла айта олган бу олимларнинг на дарслари ва на хутбаларидан манъ қилишга ҳеч ким журъат қила олмаган эди.

Шунингдек, Айюбийлар мамлукларнинг тарбия услубларида аввало диний тарбия, сўнгра чавондозлик, қиличбозлик, мерганлик каби ҳарбий билимларни беришда уламоларга эҳтиёжи бўлган эди. Бу тарбия Мамлукларга етарлича ижобий таъсир этган, натижада улар илмни ва уламоларни қадрлайдиган бўлиб улғайишган эди. Агар киши Оллоҳ ва Расулининг (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) сўзидан баҳс этса, ҳокиму- маҳкум, унинг атрофига тўпланиб, қулоқ солар эдилар.

Миср халқи динни мутлақо қадрлар ва Исломга чексиз муҳаббатли эди. Миср халқининг илм ва уламоларга нисбатан бундай юксак ҳурмати ўз юртларида одамларга таълим беришдан четлатилган олимлар учун бошпана бўлишига сабаб бўлган эди. Шу сабаб Миср ва Азҳар уламолари иши авжида эди. Азҳари шариф ўша пайтлар тамоман сунний мазҳабда бўлиб, Ислом оламининг турли ўлкаларидан олимлар оқиб келар ва Мисрда илм савияси ортишига ўз ҳиссаларини қўшар эдилар.

Мисрликлар ва Мамлуклар ҳаётида шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг тутган ўрни

Миср ҳақида сўз борар экан уни бундай равнақига ўзининг катта ҳиссасини қўшган олим Изз ибн Абдуссалом ҳақида қалам сурмай иложимиз йўқ. Илм нур бўлгани каби Мисрга нур сочган олимимиз билан қисқача танишиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман ҳамда китобхондан бу борадаги тасарруфимизга мавзудан четга чиқиш, дея баҳо бермасликларини умид қиламан.

Ўша вақтлар Мисрга келган машҳур олимлардан бири Изз ибн Абдуссалом[12] раҳимаҳуллоҳ эди. У киши Абдулазиз ибн Абдуссалом ибн Абул Қосим ибн Ҳасан ас-Суламий (асли) Мағрибий (туғилган жойига нисбатан) Дамашқий (вафот этган ерига нисбатан) Мисрий (мазҳабига кўра) аш-Шофиъий[13] бўлиб, куняси Абу Муҳаммад, халқ орасида танилган лақаблари: Иззуддин, имом Изз, Султонул-уламо, Шайхул-ислом бўлган[14]. У 577 ҳ.с. / 1181 м.с.да Дамашқда дурадгор оиласида таваллуд топган[15], яъни Қутуз раҳимаҳуллоҳ Мисрга волий бўлган кезларда 80 ёшдан ошган эди. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ улуғ олимлардан бўлиб, маломатдан заррача қўрқмай, ўз замонаси подшоҳларигача ҳақни журъатла етказиб, амру маъруф қилиб, мункардан қайтаргани учун унга "Уламолар султони", деган лақабни шогирди Тақийюддин Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ қўйган эди[16]. Дарҳақиқат, шайх ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ илмга амал қилган, суннатга қаттиқ эргашган, зарурат ҳолатида масалаларда ижтиҳод қилиш, ибодат ва ақидавий масалаларда фатво ҳамда ижтимоий ва сиёсий ишларда ҳам фатво бера оладиган буюк олим эди. Ҳатто Заҳабий раҳимаҳуллоҳ шайх ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг мужтаҳид даражасига етганлиги хабарини берган[17]. Шайх раҳимаҳуллоҳ илмни ёшлигидан эмас, 20 ёшдан кейин олишга киришган бўлсада, у нафақат ўз замони олимлари, ҳатто бутун Ислом тарихида кўзга яққол ташланувчи етук олим даражасига чиқди.

Устозлари:

1. Фахруддин ибн Асокир (620 ҳ.с. вафот этган).

2. Жамолуддин ал-Ҳарастоний (614 ҳ.с. вафот этган).

3. Сайфуддин ал-Омадий (550 - 631 ҳ.с.).

4. Қосим инб Асокир (600 ҳ.с. вафот этган).

5. Абдулатиф ибн Шайх аш-Шуюх (596 ҳ.с. вафот этган).

6. Аш-Хушуъий (597 ҳ.с. вафот этган).

7. Ҳанбал Рософий (604 ҳ.с. вафот этган).

8. Умар ибн Тобарзод (607 ҳ.с. вафот этган).

9. Шиҳобуддин Суҳрурдий (632 ҳ.с. вафот этган).

Шогирдлари:

1. Шайхул-ислом ибн Дақиқ ал-Ийд (625 - 702 ҳ.с.).

2. Аҳмад ибн Абдурраҳмон Қорофий (684 ҳ.с. вафот этган).

3. Жалолуддин Дашнавий (615 - 677 ҳ.с.).

4. Аҳмад ибн Фараҳ Ишбилий (625 - 699 ҳ.с.).

5. Шарофуддин Абу Муҳаммад Думётий (613 - 705 ҳ.с.).

6. Шиҳобуддин Абу Шомаҳ (599 - 665 ҳ.с.).

7. Тожуддин Фаркоҳ (624 - 690 ҳ.с.).

8. Садруддин ибн бинт ал-Иъазз (625 - 680 ҳ.с.).

9. Абу Аҳмад ибн Зайтун (691 ҳ.с. вафот этган ).

Шайх раҳимаҳуллоҳ бир неча шаръий билимларга оид китоблар ёзган. Жумладан, тафсир, ҳадис, сийрат, иймон, эътиқод, тавҳид, фиқҳ, усули фиқҳ, фатво ва тасарруфга тааллуқли уммат учун манфаатли бўлган ўнлаб китоблар муаллифидир.

Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ Дамашқда подшоҳ Солиҳ Исмоил Айюбий даврида яшаб, амру-маъруф наҳий-мункар[18] қилар эди. Солиҳ Исмоил Миср подшоҳи Солиҳ Нажмуддин Айюбнинг укаси бўлиб, ундан тамоман ўзгача шахс эди. У салибчилар билан ҳамкорлик қилиб, юртига хоинлик қилди. Салибчилар билан Мисрга биргаликда урушга кириш ва уларга қурол-аслаҳа сотишга ҳамда Сафад, Сайда ва Шақиф қалъа(шаҳар)ларини таслим қилишга битм тузди. Бу ҳодиса 638 ҳ.с. юз берган эди[19]. Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ подшоҳ Солиҳ Исмоилнинг бу ишини кескин инкор қилди ва минбарда хутба қилиб, подшоҳнинг бу ишини қоралади. Ислом диёрига салибийларни олиб киргани ва уларга қурол сотишга изн берганини инкор қилди. Шайх золим подшоҳга ҳақ калимани баралла айтди[20]. Бунга чидолмаган подшоҳ Солиҳ Исмоил Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳни қозилик мансабидан четлатди, хутба қилишини манъ қилди ва охири зиндонга ҳам ташлади. Маълум вақтдан кейин уни маҳбусликдан озод қилди-да, каттароқ зиндонга ташлади. Бу зиндон гапирмаслик, дарс бермаслик ва хутба қилмаслик зиндони эди[21]. Олим киши учун бундан каттароқ зиндон ҳам борми?! Сўнгра шайх раҳимаҳуллоҳ Дамашқда ҳақни айтишдан сукут қилгандан кўра динни тарқатиш учун Қуддусга кетишни лозим топди. Қуддусда бир муддат қолгач, подшоҳ Солиҳ Исмоил Қуддусга салибчилар билан бирга келди ва шайхга чопар жўнатди. Унга марҳамат кўрсатиши, ҳатто олдинги мансабига қайтаришини ваъда қилди. Бунинг эвазига олимлар султонига ўта оғир шартларни қўйди, акс ҳолда зиндонбанд қилинишини айтди. Чопар олимлар султонининг олдига келиб, "Илгариги мансабингизга қайтишингиз ва ундан зиёда нарсаларга эришишингиз учун фақатгина подшоҳга таъзим бажо келтириб, бориб унинг қўлларини ўпишингиз кифоя!" – дея хабар берди. Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ бунга "Эй нотавон! Мен унинг қўлини ўпишим эмас, у менинг қўлимни ўпишига ҳам рози эмасман! Эй қавм! сизлар тоғда бўлсангиз мен боғдаман, сизларга бало бўлган - бу кунингиздан мени саломат сақлаган Оллоҳга ҳамд бўлсин!" – дея кескин раъд жавобини берди. Шунда элчи "ундай бўлса, мен сизни қўлга олишим ва қамашим керак", деди. Шайх раҳимаҳуллоҳ унга "Сиз вазифангизни бажаринг", деди. Бундан дарғазаб подшоҳ Солиҳ Исмоил ўзининг чодирига ёнма-ён шайх учун чодир қурдириб, ўша ерда зиндонбанд қилди[22]. Олимлар султони раҳимаҳуллоҳ ўзи учун бунёд қилинган чодирли қамоқда қуръон тиловат қилар, подшоҳ Солиҳ эса, ўз чодирида уни тинглаб ўтирар эди. Кунлардан бир кун подшоҳ Солиҳ ҳузурига салибий подшоҳлар ташриф буюрдилар. Солиҳ Исмоил Айюбий уларга хушомад билан тилёғламачилик қилиб, гўё уларни рози қилмоқчи бўлгандай: "Қуръон ўқиётган одамни овозини эшитаяпсизми?" – деди. Салибий подшоҳлар: "Ҳа", – дедилар. "Бу мусулмон олимларининг катталаридан, у менинг сизларга мусулмонлар қўрғонларини таслим қилганимни инкор қилгани учун дастлаб Дамашқда қамадим ва мансабидан четлатиб, хутбадан манъ қилдим. Сўнгра Дамашқдан қувиб солдим, Қуддусга келди. Сизларни деб мана яна ушлаб, зиндонбанд қилдим", – деди. Салибий подшолар унга: "Агар бу киши насроний қиссислардан бўлганда эди, оёқларини ювиб, ундан тушган сувни ичган бўлардик!", – деб жавоб бердилар[23]. Субҳаналлоҳ!! Ҳа, олимнинг ҳурматини оёқ ости қилган подшоҳ Солиҳ Исмоил ҳатто ўзи илтифот кўрсатиб турган насронийлар томонидан ҳам бу қилмишига қораланди. Оллоҳ ҳақиқатда улуғлаётган инсонга нисбатан унинг душманлари қалбига ҳам вақор солиб қўйиши ана шундай бўлади.

Подшоҳ Солиҳ Нажмуддин Айюб 643 ҳ.с. / 1245 м.с. Қуддусни ва байтул Мақдисни озод қилганида Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳни ҳам маҳбусликдан озод қилди, сўнгра шайх Мисрга борди[24]. Подшоҳ Солиҳ Нажмуддин Айюб унга "Амр ибн Ос" номидаги масжидда имом хатиблик қилиш ва қозилик мансабини берди[25].

Мисрда подшоҳ Нажмуддин Солиҳ Айюб сотиб олган мамлуклар юқори мансабларга кўтарилган бўлиб, аксарият ишлар ўша мамлуклар томонидан бошқарилар, подшоҳдан кейинги ноиби ҳам мамлуклардан эди. Буни кўрган шайх раҳимаҳуллоҳ шариъатда қулларнинг ҳақ-ҳуқуқларини баён қилишга киришди. У қуллар ҳур кишилар устидан бошлиқ бўлолмаслиги ва уларнинг тасарруфотлари саҳиҳ эмаслиги борасида фатво чиқарди. Мамлукларнинг юқори мансабга ўтириб, ҳурлар устидан ҳукм юргизиши халқ ғазабини оширгани ортидан шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг бу фатвоси Мисрда вазиятни янада кескинлаштирди. Бундан сўнг мамлуклар шайхнинг олдига келиб, фатвони бекор қилишини талаб қилишди, ҳатто таҳдид ҳам қилдилар. Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ ҳақ калиманинг бадалига ҳеч нарсани алмаштирмади ва уларга раъд жавобини берди. Иш султон Солиҳ Айюбга етиб борди. Султон Солиҳ Нажмуддин Айюб бу фатводан ажаблана уни раъд қилди[26]. Бу ҳақдаги гап-сўзни йиғиштиринг, деди. Шунда шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ аччиқ бўлсада бу ҳақиқатга қулоқ солинмагани учун бу масъулиятни тарк қилиб, Қоҳирадан бутунлай кетишга қарор берди. Муфтий гапирган ҳар бир сўзи учун Оллоҳ ҳузурида жавоб бериши, ботилни кўриб инкор қилмагани учун сўралиши олимлар султони каби бир буюк олимга янгилик эмас эди, албатта. Олимларимиз айтганларидек фатво берувчи киши Оллоҳ номидан имзо отувчи кишидир. У истефога чиқди ва бир эшакка ўзи, бошқа эшакка аҳлини ўтқазиб, шаҳарни тарк қилар экан унга минглаб кишилар: олимлар, солиҳ кишилар, тижоратчилар, ҳатто аёллар ва болалар эргашишди. Улар: "Агар Изз ибн Абдуссалом ва у каби китоб ва суннатни қоим қилувчи, маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчи, маломатдан қўрқмасдан Оллоҳнинг йўлида юрувчи олимлар бўлмаган Мисрда хайр йўқ", дейишди[27]. Бу ўринда ҳақиқий ислом олимларининг тақвоси ва дунёдан зуҳдлари намоён бўлади, шайх раҳимаҳуллоҳнинг аҳли ва кўчи икки эшакка юк бўлгани бунга ёрқин далилдир.

Бу ҳолатдан хабар топган Султон Солиҳ Нажмуддин Айюб дарҳол унинг ортидан бориб, уни орқага қайтишига кўндирди. Фатволари кучга киришига ваъда берди. Шайх раҳимаҳуллоҳ "Дастлаб мамлук амирлар сотилади, сўнгра сотиб олган киши уларни озод қилади, агар илгари бу амирлар байтул молдан сотиб олинган бўлса, пули байтул молга қайтарилади", - деди. Бу иш мукаммал бажарилиши учун шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг ўзи унга бош-қош бўлди. У мамлук амирларни сотиш учун чақирди. Шайхнинг чақириғини эшитган подшоҳ ноиби у ким бўлибдики бизни чақириб, сўнгра сотармиш, ҳолбуки, биз ер юзининг подшоҳлари бўлсак! Оллоҳга қасамки, мана шу қиличим билан уни ўлдираман, деб шайхнинг уйи сари равона бўлди. Шайхнинг уйига келиб, эшигини қоқди, шайхнинг ўғли чиқиб, ҳаяжон билан отасининг ҳузурига кирди ва подшоҳнинг ноиби қора ниятда қиличини ялонғочлаб тургани хабарини берди. Шунда ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ: "Эй болам! Отанг Оллоҳнинг йўлида ўлдирилишга арзирмаса керак", дея подшоҳ ноибини қарши олишга чиқди. Подшоҳ ноиби уни кўргани он унинг ҳайбатидан ҳаяжонга тушиб қўли титраб, қиличи ерга тушиб кетди ва ўзи ҳам отидан тушиб, йиғлаганича "Эй саййидим! Яхши, яхши, сиз айтганингиз бўлади! Нима қилайлик?" – деди.

Шайх: "Сизларни чақиряпман, келинглар! Сўнгра сизларни сотиб, пулини мусулмонлар манфаатига сарф қиламан", – деди[28].

Амирлар бирин-кетин келишди, шайх раҳимаҳуллоҳ уларга нарх тайин қила бошлади, биридан иккинчиси, иккинчисидан учинчисини нархини баландроқ қилиб қўйди, бу ҳодисага гувоҳ бўлиб турган халқ ҳам амирларга нарх қўйишда ўз ҳиссаларини қўшдилар. Амирларнинг нархи анчагина қимматлаб кетди, сўнгра подшоҳ Нажмуддин Айюб уларни сотиб олди ва озод қилди, уларнинг пуллари байтул молга қайтарилди. Шу тариқа Мамлуклардан бўлган амирлар сотиб олинди, сўнгра озод қилинди ва ўз мансабларида қолдирилди. Шу сабаб шайх Изз ибн Абдуссаломга "Бааиъул умаро"[29] (амирлар сотувчиси) деган лақаб нисбати берилди[30].

Мисрда қабиҳ бир жаҳолат ҳолати бор эди. Миср подшоҳи ҳайит намозидан кейин Миср қалъасига келиб, тахтига ўтирар, Мисрдаги бутун амирлар, аскарбошилар ва аскарлар жамланиб, ғалати бир урф амалга оширилар эди. Яъни бу расм-русмга кўра ҳамма Миср подшосининг олдига келиб, йиқилиб ерни ўпиб ўтарди, бошқача қилиб айтганда сажда қилиб ўтарди. Буни ўз кўзлари билан кўриш учун шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ ҳайит тонгида Миср қалъласига келади, не кўз билан кўрсинки, амирлар, аскарбошилар ва аскарлар подшоҳ қаршисида ерни ўпиб ўтмоқда!! Шунда шайх раҳимаҳуллоҳ бутун амирлар, аскарбошилар ва аскарлари олдида бор овози билан қичқириб: "Эй Айюб! Оллоҳ таоло: сени Мисрга волий қилгандим, сен унда ароқларни сотилишини мубоҳ қилдингми?! – деб сўраса, Унинг ҳузурида ҳужжат топиб бероласанми? " – деди.

Султон Айюб ўзини билмасликка олиб "ээ, шундаймикан?" – деди.

Шайх раҳимаҳуллоҳ янада овозини баландлатиб: "Ҳа, фалон-фалон жойда хамр сотилади ҳамда бошқа мункар ишлар ҳам содир бўлади. Сен эса мамлакатингда неъматларга бурканиб юрибсан", – деди.

Эй Саййидим! Уларни нима қилишга ҳайронман, чунки улар отамнинг давридан буён бор" – деди султон.

Шунда Шайх раҳимаҳуллоҳ: "Сен: Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат – дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз[31], дегувчилардансан", – деди.

Шу дамда подшоҳнинг қалбига қўрқув тушди ва ароқ сотиладиган барларни ёптириб ташлади![32]

Шайх ибн Абдуссаломдан подшоҳ, унинг вазирлари, қўрбошилари ва барча аскарлари ҳузурида қўрқмай, журъатла хитоб қилгани ва подшоҳни шайхнинг ҳайбати босиб, унинг талабини ижобат қилгани сабаби сўралганда шайх раҳимаҳуллоҳ: "Подшоҳни катта дабдабада кўрдим ва ўзига ортиқча бино қўйиб кибрланмасин, дея уни пастга тушириб қўйиш керак, деб билдим", деди.

Ундан қўрқмадингизми? – дейилди. Шайх раҳимаҳуллоҳ: "Оллоҳнинг ҳайбатини ёдимга олдим, шунда подшоҳ қаршимда эътиборсиз бўлиб қолди", – деди[33]. Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ журъат, шижоат, амру-маъруф наҳий-мункар майдонида уммат тарихида зарбулмасал бўлган намоёнда олим эди.

У киши раҳимаҳуллоҳ 643 ҳ.с. / 1245 м.с.дан ҳозиргача, яъни 658 ҳ.с. / 1260 м.с.гача 15 йил давомида Мисрда истиқомат қилиб келди. Ва Мисрда ўз фаолиятини – яъни Дамашқда манъ қилинган даъватларини – давом эттирди.

Шайх Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳнинг қиссасидан маълум бўладики, ўша пайтлар Мисрда илм ва олимларнинг қадри жуда баланд бўлган. Миср халқи кучли бўлишининг асосий сири илм ва олимларнинг қадрланишида эди. Зеро, Оллоҳ йўлида қурбон бўлишни орзу қилиш каби маънавиятни халққа ҳар доим уламолар улашиб келгандир. Бу даъватни халқ онгига етиб бориши учун уламоларнинг бўлиши шарт! Агар илм, олимлар ва диннинг қиймати бўлмаса, уммат учун нусрат умиди узоқдир.

Иккинчи: Оллоҳ йўлидаги мужодала

Оллоҳ йўлидаги мужодала руҳи Миср халқининг иккинчи кучи эди. Ўша дамлар мисрликлар ҳақиқий маънода яшаш учун Оллоҳ йўлда курашиш лозимлигига иймонлари комил эди. Тахт учун кураш, фитналар авж олган, иқтисодий танглик ҳукм сурган пайтларда ҳам халқ назарида жиҳоднинг қиймати камаймаган эди.

Миср ва Шомга уюштирилган мунтазам салиб юришлари уруш руҳини мисрлик мусулмонлар онгига муҳрланиб қолишига сабаб бўлган эди. Мисрликлар доимий тинчлик бўлишини ақлларига сиғдира олмасдилар. Зеро, ҳақ аҳли билан ботил аҳлининг ўртасидаги кураш то Қиёмат давом этажаги Оллоҳ таолонинг ер юзида жорий бўлувчи қонунларидандир. Ҳақ билан ботил бор экан улар ўртасида кураш ҳеч қачон тўхтамаган. Оллоҳ таоло ҳақни зоҳир қилгунга қадар тўхтамайди ҳам.

Мисрдаги мусулмонлар Оллоҳ йўлидаги жиҳод калимасини жуда улуғлар ва ҳар доим Оллоҳ таолога боғлиқ эдилар. Салиб юришларида салибчилар доимо мусулмонлардан кўп бўлган, шу сабаб мусулмонлар жангда Оллоҳга кўпроқ ва қаттиқроқ боғланиб, унга муножот қилардилар. Бу эса ўз навбатида Оллоҳ йўлидаги жангнинг қийматини анча баланд бўлишига олиб келган эди.

Миср армияси бирор вақт шаҳар ободончилиги каби ишлар билан овора бўлмади. Улар аскарий тайёргарлик, қуролларни янгилаб бориш, ҳарбий режаларини ишлаб чиқиш, моҳир саркардаларни етиштириш ҳамда мамлакатнинг машриқу-мағрибидан ҳимоя қилиш ишлари билан банд эдилар.

Қутуз раҳимаҳуллоҳ бутун ҳаёти, ёшлиги, армия қўмондони ва Миср волийси бўлган кунларида ҳам ўз олдига қўйган мақсади Оллоҳ йўлида курашиш эди. Мўғулларнинг тор-мор бўлиши унинг кўз ўнгида гавдаланарди. Унинг Миср армиясини кучайтириши ва ички қувватларни бирлаштириш режаси қандай бўлганига ҳали гувоҳ бўламиз.

Ички қувватларни жамлаш ва ташқи алоқаларни яхшилаш қисқа бир замонда амалга ошмаслиги тайин. Тайёргарлик босқичи ҳам вақт талаб қилади. Шунинг учун уммат ҳар доим тайёр ҳолатда бўлиши лозим! Қутуз раҳимаҳуллоҳ тайёргарлик учун бир неча ойга муҳтож бўлиб турган пайтда Ҳулагунинг элчиси келди. Жанг у ўйлагандан ҳам қисқа фурсатда юз бериши кутилаётган эди. Қутуз, унинг армияси ва халқ жанг қилишни хоҳлайдими ёки хоҳламайдими йиртқич мўғуллар Мисрга бостириб келаётган ва Мисрга жуда яқин келиб қолган эди. Ўша замонлар ер юзидаги энг кучли ва катта мўғул давлати билан Мисрда яшовчи оз сондаги ва кучсиз мусулмон давлати ўртасида тўқнашув кунлари яқинлаб қолганди.

Қутуз раҳимаҳуллоҳ ўз нафсини, халқни, армияни ва уламоларни яқинда юз беражак буюк ишга қандай ҳозирлади? Бу саволга келаси дарсларимизда жавоб топамиз иншааллоҳ....

Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан Ислом уммати ичидан Қутуз раҳимаҳуллоҳ каби собитқадам рижолларни чиқаришини сўраб қоламиз. Бу сўзларни айтарканман, ўзимга ва сизларга Оллоҳ таолодан мағфират тилаб қоламан.

Валлоҳу таъала аълам....

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Рус. Кальюб.

[2] Сиржоний "Қиссатут-татар" (251, 252 - бет).

[3] Қосим Абдуҳ "Султон Музаффар Сайфуддин Қутуз" (86 - бет).

[4] Саллабий "ал-Мўғул" (350 - бет).

[5] Ёки Ҳама, "Қўрғон" деган маънони билдиради.

[6] Ғомидий "Жиҳадул мамалик" (106 - бет).

[7] Иордан.

[8] Саллабий "ал-Мўғул" (350 - бет).

[9] Саллабий "ал-Мўғул" (350 - бет).

[10] Саллабий "ал-Мўғул" (350 - бет).

[11] Сиржоний "Қиссатут-татар" (257, 258 - бет).

[12] Иззуддин Абу Муҳаммад ас-Суламий ад-Дамашқий аш-Шофиъий, Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/441).

[13] Заҳабий "Сияру Аълам ан-нубула" (3037 - р).

[14] Муҳаммад Зуҳайлий "Изз ибн Абдуссалом" (39 - б).

[15] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/441).

[16] Муҳаммад Зуҳайлий "Изз ибн Абдуссалом" (39 - б).

[17] Заҳабий "Сияру Аълам ан-нубула" (3037 - р).

[18] Яхшиликга буюриб ёмонликдан қайтариш дегани, бу истилоҳ аксар китобхонларга тушунарли бўлсада баъзи ёшларимизга бу эски терминлар ёд бўлсин, дея таржима қилмасдан айнан нутқини ёздик.

[19] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (19 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[20] Зуҳайлий "Изз ибн Абдуссалом" (176 - бет).

[21] Зуҳайлий "Изз ибн Абдуссалом" (176 - бет).

[22] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (26 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[23] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (26 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[24] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (26 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[25] Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[26] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (31 - бет) китобидан нақл қилган, "Султон Сайфуддин Қутуз ва маъракату айн жалут" (35 - бет).

[27] Саллабий "Султон Сайфуддин Қутуз" (35 - бет).

[28] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (33, 34 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом".

[29] "Бааиъул мулук".

[30] Зуҳайлий "Изз ибн Абдуссалом" (182 - бет).

[31] Зухруф: 22

[32] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (28 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом"; Шайх Муҳаммад ибн Мусо аш-Шариф "Ахбарус-салаф ас-солиҳ".

[33] Саллабий "Сафҳат матвийя мин ҳаёти султонил улама" (28 - бет) китобидан нақл қилган, Саллабий "Шайх Изз ибн Абдуссалом"; Шайх Муҳаммад ибн Мусо аш-Шариф "Ахбарус-салаф ас-солиҳ".