×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Носир Юсуфнинг жиҳодга даъвати; – Ҳулагунинг Ҳалабга йўналиши; – Ҳалаб шаҳрининг қамал қилиниши; – Майяфариқин шаҳри ишғоли; – Ҳалабнинг таслими ва Ҳалаб қалъасининг ишғоли;

Мўғул татар қиссаси 15- қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Мўғул-татар қиссаси

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ўтган суҳбатимизда:

– Баъзи мусулмон амирларнинг мўғулларга яқинлашуви;

– Майяфариқин шаҳри қамали;

– Майяфариқиннинг ёрдамсиз қолишининг сабаблари;

– Майяфариқин қамалида Носир Юсуф Айюбийнинг тутган ўрни;

– Носир Юсуф билан Ҳулагунинг алоқасини ўзгариб қолиши;

– Ҳулагунинг мактуби каби мавзуларни зикр қилган эдик.

Носир Юсуфнинг жиҳодга даъвати

Носир Юсуф бутун ҳаётида бир бўлсада хаёл кўчасидан ўтмаган қарорга келди, бу қарор мўғулларга қарши жиҳод қилиш даъвоси эди. У тахтида арзимаган муддат қолиши эвазига барча нарсани сотишга тайёр ҳамда дин ва ақийдани ҳимоя қилмайдиган, муруъатсиз ва ғурурсиз инсон эди. Унинг жиҳод аҳлидан эмаслигини ҳамма яхши биларди, шунинг учун унинг жиҳодга даъвати кулгули эди. Лекин бу иш амалий суратда содир бўлди. Носир Юсуф "Оллоҳу акбар", деб ёзилган байроқни баралла кўтарди ва давлатига ўрнатди.

У халқини –замирида тожу-тахт бўлган– жиҳодга тарғиб қила бошлади. Илгари Байтул Мақдисни Франция қироли Людовик IX га таслим қилиш эвазига Мисрга қарши урушда ёрдам беришини кофирлардан сўраган шу Носир Юсуф эди[1]. Боғдоднинг ишғолида ёрдам қўлини мўғилларга чўзган[2], Майяфариқин амири Комил Муҳаммадни ёрдамсиз қолдирган, ҳатто озиқ-овқатни улашишдан ҳам ожизлик қилган[3], сал олдин Мисрга уруш очишида Ҳулагунинг ёрдамини кутган шахс айнан Носир Юсуф эди[4]. Шундай ярамас тарихга эга бўлган киши жиҳод эълон қилди. Бу жуда ажабланарли иш эди. Дарҳақиқат, у ёмон хулқи, бузуқ ақийдаси ва бефаҳмлиги билан инсонлар орасида танилган эди. Баъзиларнинг Оллоҳ таоло шундай одам билан Исломга ўз нусратини беришини фикр қилмоқлари ғирт аҳмоқликдир,

"Зеро, Оллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди"[5]

Баъзи ҳиссиётга берилганлар Носир Юсуфнинг чақириғига ижобат қилиб, унинг байроғи остида жанг қилмоқ учун келишди. Лекин тарих ва воқеълик унинг ва унга ўхшаганларнинг душман қаршисига келганда, маърака майдонида озгина турар турмас, ҳатто жанг бошланишидан олдин жангни ташлаб қочиши турган гаплигини хулоса қилади. Бу қизиққонли инсонлар вақти соати келганда қўлтиқларидан тарвузлари тушиб, ҳафсалалари пир бўлади. Шунинг учун ақлларини ишлатишлари лозим эди. Бошлиқлари жуфтакни ростлаб қолганида умидларининг пучга чиқиши, уларнинг катта хатолари эмас, балки Носир Юсуф ва у кабилар жиҳод байроғини кўтаролади, деб эътиқод қилишлари уларнинг энг катта хатолари эди. Зеро, жиҳод исломнинг энг олий чўққисига олиб чиқувчи ибодатдир. Унга фақат ва фақат ҳақиқий рижолларгина содиқлик билан даъват қила оладилар. Шу сабабдан жиҳод даъвати қулоқларга чалинса, унга чақирувчи инсонга бир назар солиш фойдадан холи бўлмайди.

Алқисса, Носир Юсуф жиҳод эълон қилди ва ҳарбий лагерини Дамашқнинг шимолидаги Барза деган қишлоққа қурди. У ҳарбий лагерни Ҳалабга қуриши мақсадга мувофиқ эди. Чунки Ҳалаб ҳали унинг қўлида ва Майяфариқиннинг ёнида бўлиб, мўғуллар Майяфариқинни ишини битириб, кейин Ҳалабга кириши муқаррар эди. Аммо у ҳарбий лагерини жуда узоққа жойлаштирди. Бу гўё унинг борди-ю Ҳалаб мўғуллар томонидан ишғол бўлса, Дамашқдан ҳам қочиб қолишга улгуриши учун қилган режаси эди. Алҳол, Ҳалаб Дамашқдан 300 км узоқликда бўлиб, жуфтакни рослаб қолишга етарли масофа эди. Носир Юсуф тайёргарликка киришди ва атрофидаги амирликларни мўғулларга қарши бирлашишга чорлаб чопарлар йўллади.

Ал-Карак амирлигининг амири ал-Муғис Фатҳуддин Умарга одам жўнатди[6]. Ал-Карак ўлик денгизи[7]нинг шарқ томонида, ҳозирги кундаги Урдунда жойлашган минтақадир. Ал-Карак мустақил амирлик бўлиб, унинг амири фақат ўз нафсига муғис-ёрдамчи эди. Умар –разияллоҳу анҳу–га бирор жиҳатдан ўхшамасди. Носир Юсуф каби гоҳо мўғуллар билан урушиб, гоҳида улар билан келишадиган; баъзида салибчилар билан курашиб, баъзан улар билан ҳамкорлик қиладиган инсон эди.

Сўнгра Носир Юсуф ҳеч кимнинг хаёлига келмаган яна бир амирга, яъни Миср амирига мўғулларга қарши ёрдам беришини сўраб элчи юборди[8]. Ҳолбуки, бундан олдин у Ҳулагудан Мисрни фатҳ қилишида кўмакчи бўлишини сўраган, лекин ундан рад жавобини олган эди[9]. Энди эса, ўз фойдасини кўзлаб Миср амиридан мўғулларга қарши курашда ёрдам сўраяпти. Унга жавобан, Миср ҳокими ноиби Музаффар Қутуз –раҳимаҳуллоҳ– "Агар сен менинг ёрдамимни ихтиёр қилган бўлсанг, мен аскарларим билан сенга ёрдам учун бораман. Борди-ю, менинг боришимдан хотиржам бўлмасанг, ҳузурингга ўзинг хоҳлаган аскарларни жўнатаман", – дея мактуб йўллади[10].

Мўғуллар ва насронийлар ўртасидаги алоқа

Ҳулагу Шоҳа қишлоғидан Эрондаги Ҳамадон шаҳрига қайтди. У ерда Ўрта Шарқ минтақасидаги ҳарбий ишларни идора қилувчи марказий бошқарма бор бўлиб, Боғдоддан 450 км узоқликда жойлашган эди. Ҳулагу янги босқич учун қоғозларни тартиблаш, ловуллаб турган долзарб Ўрта Шарқ минтақаси масаласини ҳал қилиш ва келажак ойларда юзага келиши мумкин бўлган ҳодисаларни таҳлил қилишга киришди. У бу жараёнда қуйидагиларни кўролди:

Биринчи: Мўғулларнинг насронийлар билан алоқа қилиши, унинг қувватини зиёда этишини англади. Ҳулагу бу алоқаларни янада кенгроқ кўламда мустаҳкамлашга муҳтожлик сезди. Исломий намуналар амир Комил Муҳаммад ва унга ўхшаган келажакда чиқувчи исёнчиларни бостириш ва уларнинг танобини тортиб қўйиш учун мўғуллар бир томондан насронийларнинг қувватига эҳтиёжи бўлса, иккинчи жиҳатдан уларнинг малакасига ва учинчи тарафдан эса, Шом эгаллангандан кейин у ердаги ишларнинг бошқарувида насронийларнинг ўзларига муҳтожлиги бор эди. Шу сабаб мўғуллар насронийларнинг дўстлигини комил суратда сотиб олишни хоҳлади. Ҳулагу Арманистон подшоси Ҳайсумга, Гуржистон подшосига ва Антиохия амири Буҳмандга ҳадиялар ва мукофотлар тақдим қилди.

Иккинчи: Майяфариқин амирлигининг қамали Ҳулагунинг ўғли Ашмут томонидан давом этаётган, Комил Муҳаммад ҳар қанча жасорат ва матонат кўрсатмасин, қуршовнинг қаттиқлиги сўнгги ҳукмнинг ўқилганидан далолат эди. Камига, қамалда Арманистон ва Гуржистон қуролли кучлари ҳам иштирок этаётган ва бирорта мусулмон амирликлари бу қамални бузиб, Майяфариқин мусулмонларига ёрдам қўлини чўзмаётган эди. Буларни кўрган Ҳулагу Майяфариқин қамалидан кўнгли хотиржам бўлди.

Учинчи: Ҳалаб ва Дамашқнинг амири Носир Юсуф Айюбий билан Ҳулагу ўртасида адоват учқунлари пайдо бўлган ва Носир Юсуф Дамашқнинг шимолида жиҳодий ҳарбий лагер ҳозирлаб, жангга тайёргарлик кўраётган эди. Лекин Ҳулагу Носир Юсуфнинг кимлигини ва имкониятларини яхши билгани боис, унга кўп ҳам эътибор бермай, парво ҳам қилмади.

Тўртинчи: Ироқнинг маркази, хусусан Боғдод шаҳри мўғулларга тўла таслим бўлган, шунингдек, Мосулнинг амири Ҳулагуга том дўстлигини билдирган ва Ироқнинг шимоли-шарқий минтақаси ҳам таслим бўган эди. Ҳулагу бу минтақалардан кўнгли тўқ эди.

Бешинчи: Шомдаги энг катта шаҳарлар Ҳалаб ва Дамашқ эди, борди-ю, мўғуллар бу иккисини қўлга киритса, Шом тўлиқ эгалланди ҳисоб эди.

У бу таҳлилни қилгандан сўнг, икки шаҳардан бирига ё Дамашққа, ё Ҳалабга юришни қарор қилиши керак эди. Агар Ҳалабга юргудек бўлса, биринчи Ироқнинг шимолидан ўтиб, сўнгра Суриянинг шимоли-шарқидан кириши лозим эди. Бу билан у Суриянинг шимолидан, Туркияга ёнма-ён ҳолатда юриб Ҳалабга етиб борарди. Бу минтақаларда кўплаб дарёлар, жумладан Дажла ва Фурот дарёси ва бир талай табий ғовлар бор эди. Устига-устак, қўшин жуда катта, аммо айни вақтда бу минтақалар кўкаламзор ва серсув жойлар ҳисобланарди. Яъни яйловлар ва сув мўл бўлганидан лашкар катта бўлишига қарамай, озуқа ва сув жиҳатдан хотиржам эдилар. Бунга қўшимча, бу минтақа Майяфариқинга яқин жойлашган бўлиб, агар Ашмутнинг мададга эҳтиёжи бўлиб қолса, отаси Ҳулагунинг бош лашкари ёнгинасида эди.

Даставвал Ҳалабга ҳужум қилишнинг бир қанча афзалликлари бор эди, бу минтақаларда сув ва озуқа мўл, Майяфариқинга яқин ҳамда тинч ва сокин ерлардан ўтиб боради, яъни иттифоқдоши Мосул амирининг ҳудудидан ва Носир Юсуф бўлмаган Суриянинг шимолидан боради.

Агар биринчи Дамашққа юриш қилса, бу Дамашқдаги мусулмонлар учун кутилмаган зарба бўлиб, улар ўйламаган томондан мўғуллар кириб келган бўларди. Мусулмонлар мўғулларнинг шимолдан, Ҳалаб ноҳиясидан келишини гумон қилиб туришганди. Агар улар шарқдан –мусулмонлар умуман хаёлларига келтириб кўрмаган– саҳро томондан келса, бу мусулмонларга катта фожиа бўлиши ва Ҳулагу бевосита Носир Юсуфнинг қароргоҳига келиб, унинг ишини ҳал қилиши мумкин эди. Бунда Носир Юсуф қочишга имкон топмас эди. Агарчи Ҳулагу Дамашққа қараб юрса, Боғдоддан Дамашққача чўзилган Шом саҳроси орқали ўтиши керак. Бу саҳро ҳаддан зиёд қурғоқчил бўлиб, катта қўшин билан бу саҳродан юриш ўта хатарли эди. Ҳулагу лашкарини бундай хатарга қўйиши мумкин эмасди. Борди-ю, шундай қилганида, Носир Юсуфнинг қўшини довдираб қолган ва мусулмонлар мўғулларнинг бош лашкарига рўпара келган бўларди. Натижада, Шом тўлиқ ишғол бўларди.

Ҳулагунинг Ҳалабга йўналиши

Ҳулагу табий ғовлар кўп бўлса ҳам лашкарининг омонлигини ўйлаб, Суриянинг шимоли орқали Ҳалабга юришни ихтиёр қилди. Бу воқеадан роппа-роса олти аср олдин бу каби кенг имкониятларсиз Холид ибн Валид –разияллоҳу анҳу– Ироқдан Шомга қараб Дамашқ яқинида Рум лашкарини доғда қолдириш мақсадида шу улкан қурғоқчил саҳрони босиб ўтган эди. Ҳулагунинг ушбу ҳолатига айни кўриниш ўшанда юзага келган эди. Бироқ Холид ибн Валид –разияллоҳу анҳу– Ҳалабга боришни эмас, Дамашққа боришни ихтиёр қилган эди. Ўшанда Холид –разияллоҳу анҳу– бирор-бир талофатсиз мутлоқ зафар қозонган эди. Саҳобий жалил Холид –разияллоҳу анҳу– қайда-ю, қонхўр Ҳулагу қайда!

Хуллас, Ҳулагу ўғли Ашмутни Майяфариқин қамалида қолдириб, ўзи лашкари билан Ҳалабга йўналди. Мўғул лашкари саркардалари бошчилигида Ҳамадондан Сурияга қараб йўлга чиқди ва Эроннинг ғарбидаги тоғларни ошиб ўтди. Сўнгра Ироқнинг шимоли-шарқий ҳудудига кириб, дастлаб Арбил, кейин Мосул шаҳридан ўтди ва Дажла дарёсига келиб қолди. Дажла дарёси бу минтақадаги биринчи ва хатарли табий тўсиқ эди. Улар бу тўсиқни кесиб ўтдилар.

Улкан мўғул лашкари ҳеч бир муаммосиз бу дарёни кесиб ўтиб, унинг ғарбий қирғоғига Туркиянинг жанубида жойлашган Нусайбин шаҳрига бориш учун Жазира ерларига йўналди. Нусайбин шаҳри Майяфариқин шаҳридан 170 км жанубда жойлашган эди. Ҳулагу бу шаҳарни айтарлик қаршиликсиз эгаллади. Сўнгра Туркиянинг жанубида жойлашган Ҳаррон, ар-Роҳа[11] ва ал-Бира[12] шаҳарларга қараб йўл олди. Бу минтақалар Кай Ковус II ва Қилич Арслон IV нинг қўл остидаги жойлар эди. Лекин, улар эътироз билдира олишмади. Ал-Бира шаҳрига келганда мўғул лашкари катта Фурот дарёсининг шарқидан ғарбига қараб кесиб ўтди. (14 - х) Шу тариқа, улар бу минтақадаги иккинчи сувли табий ғовдан эсон-омон ўтган эдилар. Мўғуллар Туркия-Сурия чегарасига яқин келиб, тўппа-тўғри қўрғонли Ҳалаб шаҳрига отландилар. Туркия чегараси билан унинг орасида бор йўғи 50 км атрофидаги масофа бор эди. Бу мўғул лашкари тўлиқ бир йил давомида 657 ҳ.с. дастлаб Форс ерларини, сўнгра Ироқ, кейин Туркия, ундан сўнг Сурия ерларини босиб ўтган эди, бу юриш бевосита Боғдод забт этилган санадан бошланган эди.

Ҳалаб шаҳрининг қамали

Ҳулагу одатига кўра ҳужум олдидан Ҳалаб волийсига огоҳлантирувчи ва таслим бўлишга чақирувчи мактубини йўллади. Бироқ подшо Муаззам Айюбий унга: "Сизлар бизнинг ҳузуримиздан фақат қиличнинг зарбинигина олишларинг мумкин", дея жавоб йўллади, сўнгра шаҳар мудофаасига киришди ва шаҳар деворларига ҳимоя қуролларини ўрнатди[13].

Мўғуллар 657 ҳ.с. зулҳижжа ойининг охирги 10 кунлигида/ 1259 м.с. декабр ойида Ҳалаб шаҳрини қасд қилиб Саламийя қишлоғига келишади. Сўнгра Ҳайлан ва Ҳарий деган қишлоқларигача етиб боришади. Бу икки қишлоқ Ҳалабга қарашли жой эди. Бир гуруҳ мусулмон аскарлари улар томон келишади ва уларнинг кўплигини кўриб ортларига қайтишади. Мўғуллар тўғрисидаги хабарни Туроншоҳга етказганида, у Ҳалаб шаҳрининг ички томондан қувватни оширишга буйруқ берди[14]. Кейинги кунлар мўғуллар Ҳалабга қараб юради, тоғнинг олдига келишганида мусулмон аскарлари улар билан жанг қилиш учун чиқиб келади. Буни кўрган мўғуллар макр қилиб, орқага чекинади. Мусулмонлар уларнинг ортидан соатларча таъқиб қилади. Улар шаҳардан анчагина узоқлашгандан сўнг, мўғуллар яширинган жойларидан чиқиб келишади. Шунда мусулмонлар шаҳарга қараб чекинади. Мўғул лашкари эса жуда кўп эди. Мусулмонлар Банқуса тоғига етиб келишди, у ерда қолган мусулмон лашкари бор эди. Улар ҳаммаси биргаликда шаҳар тарафга чекинишди, мўғуллар уларнинг ортидан қувиб борарди. Бунда мусулмон армиянинг ва авом халқнинг кўпи ўлдирилди. Ўша куни мўғуллар Ҳалабнинг охиригача бориб, сўнгра Ҳалабнинг шимоли-ғарбий тарафида жойлашган Аъзоз шаҳрига ўтдилар. Аъзоз шаҳри мўғуллардан омонлик сўради, уларга омонлик берилди[15].

Ҳулагу 658 ҳ.с. 2 сафар куни/ 1260 м.с. 25 январ кунида Ҳалаб шаҳрига қайта келди ва мусулмон шаҳарни ҳамма тарафидан қуршаб олди[16]. Шаҳар атрофига одам бўйи баробар, эни тўрт зироъ келадиган хандақ қазишди. Сўнгра баландлиги беш зироъ бўлган девор бунёд қилиб, унинг атрофига 20 та манжаниқ ўрнатиб, шаҳарни ўққа тутишди[17]. Ҳалаб амири Носир Юсуф шаҳарда йўқ бўлишига қарамай, шаҳар аҳли мўғулларга таслим бўлишдан бош тортди. Чунончи, Носир Юсуф Ҳалабдан 300 км узоқда ўзи даъво қилаётган жиҳодга тайёргарлик кўраётган эди. Мўғулларга қарши халқни оёққа тургизган киши Носир Юсуфнинг амакиси Туроншоҳ ибн султон Салоҳуддин Юсуф ибн Айюб[18] эди. Туроншоҳ ёши улуғ киши эди, бироқ у акасининг ўғли Носирга ўхшаб қўрқоқ эмас, балки ҳақиқий мужоҳид инсон эди. У кишининг лақаби малик Муаззам эди. Ҳалаб шаҳри Носир Юсуф эга бўлган шаҳарларнинг энг аҳамият касб этгани бўлса-да, у Ҳалабга ёрдам қўлини чўзишни хаёлига ҳам келтирмади.

Майяфариқин шаҳри ишғоли

Ҳалаб шаҳри ҳамма томондан ўраб олинган, халқ мўғуллар ҳамласига қаршилик кўрсатиб турган бир пайтда, Ҳалабдаги мусулмонларга фожиали аччиқ хабар келди. Бу хабар Майяфариқин шаҳрининг мўғуллар томонидан ишғол қилинганлиги эди. Майяфариқин шаҳри қаттиқ қаршилик кўрсатди, ҳатто Ҳулагунинг ўғли Ашмут, Илка нойон ва Сунтойлар бошчилик қилаётган қуршов заифлашди ҳам. Шунда Ҳулагу Ариқту[19] бошлиқ мўғул лашкарини мададга жўнатади. У Илка нойон тарафдан қамалга қўшилди. Узоқ муддат қамал натижасида шаҳар ичида қаттиқ қаҳатчилик турди ва вабо тарқалди. Ҳатто аҳолининг аксарияти ўлиб кетди[20]. 1 йилу 6 ой[21] мунтазам зарба, кураш ва жанг билан давом этган қамал натижасида улкан мўғул қўшини шаҳарга кирди. 18 ой мобайнида Носир, Ашроф, Муғис ва бошқа номлари отнинг калласидай бўлган мусулмон амир ва подшолардан бирортаси ҳаракатга келмади. Бу амирлар фақат вазиятни четдан томоша қилишдан нарига ўтмадилар ва қалбларидаги ҳамиятлари қўзғалиб қўймади ҳам. Вақтики, Майяфариқин шаҳри ишғол қилинганида Ҳулагунинг ўғли Ашмут шаҳарнинг амири Комил Муҳаммаднинг аламига алам қўшилсин деган мақсадда уни тирик қолдириб, бутун шаҳар аҳолисини қиличдан ўтказди. Атрофдаги барча ўлкаларга қаршилик қилишнинг оқибатини кўрсатиш учун шаҳарда учига чиққан ваҳшийликларни амалга оширди[22].

658 ҳ.с. / 1260 м.с. шаҳар девори йиқитилди, мўғуллар Майяфариқин шаҳрига киришди. Шаҳар аҳолиси қирилиб кетган, фақат 70 кишигина чалажон ҳолатда эди. Сўнгра амир Комил Муҳаммад қўлга олинди[23].

Ашмут Комил Муҳаммадни отаси Ҳулагунинг олдига олиб бориб, унга топширди. Лаънати Ҳулагу бор ғазабини жамлаб, ботир амир Комил Муҳаммад Айюбий –раҳимаҳуллоҳ–дан интиқом олди. Дастлаб қўл-оёқларига кишан солиб, чормихга(хочга) тортди, сўнгра баданининг этларини кеса бошлади. Кейин бурнидан тортиб, оғзига ўзининг гўштини солар ва ютишига мажбур қиларди. Шу тариқа у киши –раҳимаҳуллоҳ–нинг жисмидан кесилар ва кесиб олинган эт зўрлаб, бураб оғзига тиқилар эди. Бу жирканч, ваҳший қийноқлар мужоҳиднинг руҳи Оллоҳнинг изни билан Яратувчисининг ҳузурига кўтарилгунга қадар давом этди[24]. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун. Зеро,

"Оллоҳ йўлидаги жангда ўлдирилган зотларни ҳаргиз ўликлар деб ўйламанг! Йўқ, улар тириклардир! У зотлар Оллоҳ ўз фазлу карами билан берган неъматлардан хушнуд ҳолларида баҳраманд бўлмоқдалар ва ҳали ортларидан етиб келмаган биродарларига ҳеч қандай хавфу хатар йўқлиги ва ғамгин бўлмасликлари ҳақида хушхабар бермоқдалар. Улар Оллоҳ томонидан бўлган неъмат ва фазлу карам ҳақида ҳамда ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам Оллоҳ ва расулига бўйинсунган мўминларнинг ажри – мукофотини Оллоҳ зое қилмаслиги ҳақида хушхабар берадилар"[25]

Абу Ҳурайра –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ –соллаллоҳу алайҳи ва саллам– айтдилар: "Шаҳид ўлим оғриқ-аччиғидан фақатгина сизлардан бирингиз (искабтопар) чақишидан топганчалик оғриқ топади"[26].

Анас ибн Молик –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ –соллаллоҳу алайҳи ва саллам– айтдилар: "Жаннатга кирган ҳеч бир киши бутун ер юзидаги нарсалар уники бўлиши эвазига ҳам яна дунёга қайтишни истамайди, фақат шаҳид (жаннатда) кўрган ҳурмат-эҳтиромлари боис яна дунёга қайтиб, яна ўн марта ўлдирилишни орзу қилади"[27].

Кофирларга қарши курашган амир Комил Муҳаммад, таслим бўлиб қаршилик қилмаган халифа Мустаъсим Биллаҳ каби ўлдирилди. Лекин қўлида қилич тутиб, қадди рост ҳолатда ўлиш қаерда-ю, эгик бош-у, таслимдан кўтарилган қўлларла хорликда ўлиш қаерда!? Жанг майдонида кўксига ўқ қадалиб ўлиш билан, жангдан қочиб орқасидан ўқ еб ўлишнинг орасидаги фарқ ҳаммага равшан. Комил Муҳаммад –раҳимаҳуллоҳ– оламлар Раббиси томонидан белгилаб, ўлчаб қўйилган вақтда ўлди. У бу вақтдан бир лаҳза олдин ёки бир лаҳза кейин ҳам ўлмади. Халифа Мустаъсим ҳам белгиланган муддатда ўлди. Шунингдек, умматга хиёнатнинг турфа кўринишларини қилган Носир Юсуф ҳам Оллоҳ таоло белгилаб қўйган муҳлатдагина ўлади. Ундан бир лаҳза олдин ёки кейин ўлмайди. Қўрқоқлик ҳаргиз умрни узайтирмайди ва шижоъат умрни қисқартмайди ҳам. Лекин яқийн иймон қаерда қолди?

Зулмат қоплаган кенг оламда порлаб ёритиб турган нур мисоли бўлган қаҳрамон амир Комил Муҳаммад Айюбий шаҳид қилинди. Қонхўр Ҳулагу унинг бошини танасидан жудо қилиб, бошини узун найзага ўрнатди, сўнгра найзага тиқилган амирнинг боши бутун Шом диёри бўйлаб айлантириб юрилди. Бу билан мусулмонларнинг қалбларига қўрқув солиш мақсад қилинган эди. Узилган бошни айлантириш Дамашқда ниҳоясига етди[28], у бир муддат Дамашқ дарвозаларидан бири Фародис дарвозасига осиб қўйилди, сўнгра бир масжидга кўмилди. Бундан сўнг бу масжид, бошли масжид номи билан танилди[29]. Комил Муҳаммаднинг ўлими фидокорлик ва шаҳодатда намуна бўлган эди[30]. Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан у кишини жаннат аҳлидан қилишини сўраб қоламиз.

Ҳалабнинг таслим бўлиши

Ҳалабга мўғулларнинг бомбардимони кучайгандан кучайди. Амир Комил Муҳаммаднинг ўлдирилиши ва Майяфариқиннинг ишғол қилиниши мўғул лашкарининг шижоъатини оширган айни замонда, бундай фожиали зарбанинг натижасида мусулмонларнинг қувватига путур етган, қаҳрамон Комил Муҳаммад –раҳимаҳуллоҳ–нинг қатли уларнинг маънавиятларини чўктирган эди. Шаҳар қуршови 7 кун давом этди, халос[31]. Сўнгра мўғуллар агар халқ шаҳар дарвозаларини очиб берсалар, уларга омонлик беришини –мўғуллар одатига мувофиқ– ваъда қилди. Лекин бошлиқлари подшо Муаззам Туроншоҳ бунинг алдов эканлиги, мўғуллар ҳеч қачон аҳдларига вафо қилмаслиги ва уларга омонлик бермаслигини айтди. Бироқ Ҳалаб халқи Майяфариқиннинг ағдарилиши, амирлари Носир Юсуф уларни ёрдамсиз ташлаб қўйганидан қаттиқ руҳий тушкунликка тушган эди. Уларга атрофдаги бирорта мусулмон амирликлар ёрдам бермади. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари ҳам бундан илгари Майяфариқинни ёрдамсиз қўйган эди. Қилмиш қидирмиш, дейдилар. Мана шу тушкунлик халқни таслим бўлишга ундади. Халқнинг аксарияти шаҳар дарвозаларини Ҳулагу учун очиб беришга юзландилар. Лекин бошлиқлари Туроншоҳ ва баъзи мужоҳидлар бундан бош тортиб, шаҳар ичидаги қалъага ўрнашишди.

Мўғул лашкари 658 ҳ.с. 9 сафар куни/ 1260 м.с. 1 феврал куни[32] Ҳалаб шаҳрига тўғон бузилганда сув тўфон бўлиб оққанидек, оқиб киришди ва шаҳарни эгаллашдида, одатларига кўра жирканч, хабис ишларни қилишга бел боғлашди. Ҳалаб аҳли амирлари қаҳрамон мужоҳид Туроншоҳ огоҳлантирган мўғулларнинг бевафоликларини шу он англадилар ва уларнинг кўзлари очилди, аммо энди жуда кеч эди. Сўнгги пушаймон ўзингга душман, дейдилар. Мана ҳозир мўғуллар уларнинг бошларидан қилич юргизмоқда, Ҳулагу лашкарига шаҳардаги насронийларни қолдириб, мусулмонларни қатл қилишга амр қилди. Бу иш қумнинг устига қумдан қасрлар қурмоқчи бўлган халқнинг хатоси эди. Шу тариқа, Ҳалаб шаҳрида 5 кун давомида эркаклар, аёллар ва гўдаклар ваҳшиёна қиличдан ўтказила бошлади ва шаҳар тамоман вайронага айлантирилди. Айтишларича, Ҳалаб шаҳридан асир олинган аёллар ва болалар сони 100 мингдан зиёд эди[33]. Яҳудийларнинг канисаларида ва маълум кишиларнинг уйларида жон сақлаганлар сони 50 минг киши эди, халос[34].

Ҳалаб қалъасининг ишғоли

Ҳулагу қалъани қамал қилишга киришди. Қалъа шиддатли суратда бомбардимон қилинди. Ўқ қалъанинг ҳамма томонидан ёғиларди, шунга қарамай мужоҳидлар қарши туриш, ҳимояланиш билан тўлиқ 4 ҳафта туриб бердилар[35]. Сўнгра қалъа девори қулади, Ҳулагу қалъа ичига кириб, уларнинг амири подшо Муаззам Туроншоҳдан бошқа барчани қатл қилди. Уни Комил Муҳаммад каби қатл қилмади, балки унинг жонини сақлаб қолди. У кишининг ёши улуғ бўлиб, бу ҳодисадан бир неча кундан сўнг оламдан кўз юмди[36]. Бу ўринни изоҳлаб баъзи шарқшунослар ва илмонийлар шундай деганлар: "Ҳулагу ёши улуғ Туроншоҳнинг шижоъатига қоил қолганидан, уни тирик қолдирган эди. Бу эса, фотиҳ Ҳулагунинг мардлиги ва олийжанаблигидир". Мен эса, Ҳулагу у довюракка Оллоҳ йўлида қийналиб мардона жон беришдай лаззатни раво кўрмаган, аксинча марднинг юраги тириклай мағлубиятни кўрса янада қаттиқроқ азобланишини билиб шундай қилганлигида шубҳа қилмайман.

Ҳулагу шунчалар разиллик ва жиноятларни қилгандан кейин ҳам, уни олийжаноб ва мард саркарда, деб сановчиларнинг борлиги жуда ажабланарли ва айни пайтда бу ақлга зиддир! Бу сифатлар мутлақо Ҳулагуга муносиб эмас. Уни ҳеч қачон исёнчилар қойил қолдирмаган, шунингдек, у олийжаноб ва мардлик каби рижоллар сифатланадиган сифатлар билан ҳаргиз ва ҳаргиз васфланмаган. Ҳулагу Туроншоҳни бундан бошқа жирканч мақсад ва ғаразлар сабабидан ўлдирмаган эди. Бу бир томондан маккорона сиёсий ўйин бўлиб, бутун Шом бўйлаб тарқалган Айюбийлар ғазабидан сақланишнинг бир йўли эди. Алҳол, Ҳулагу бундан бироз олдин Комил Муҳаммад Айюбийни қатл қилган, шунингдек, уларнинг кўпи Ҳулагу билан иттифоқчилик алоқаларини ўрнатган эди. Жумладан, дўстлашганлар орасида Ҳимснинг амири Ашроф Айюбий ҳам бор эди. Агар у Айюубийларнинг бошлиқларини бирин-кетин ўлдираверса, уларнинг ғазабларига дучор бўлиши турган гап эди. Ҳулагу эса, Шомдаги вазият тескари айланиб кетишини истамасди.

Бошқа томондан, у Туроншоҳни тирик қолдириш билан ўзининг ўта мулойим ва меҳрибон, тинчликпарвар, олийжаноб ва мард саркардалигини исботлагандай эди гўё. Бу билан мусулмон амирларга қаршиликсиз таслим бўлиш эшикларини очишни истади. Ўзига қарши бош кўтарган исёнчи амирни тирик қолдиргандан кейин, ўзи таслим бўлиб келган амирни қандай қаршилаши мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчи эди!

Яна бошқа жиҳатдан, Туроншоҳ Дамашқнинг хоин ҳокими Носир Юсуфнинг амакиси эди. Унинг ўлмасдан тирик қолиши, Ҳулагу учун у келажакда Носир Юсуф билан савдолашиш воситаси бўлиши эҳтимолдан холи эмасди. Юқорида ишора қилинган важлар, қонхўр Ҳулагунинг табиатига жуда мосдир.

Ҳулагу Ҳалабга етиб келди, шаҳар унга бўйсундирилди, ҳамма қаршиликлар бартараф этилиб, шаҳарнинг барча девор ва қалъалари вайрон қилинди. Сўнг Ҳулагу Шомнинг бошқа ерларига боришни истади ва Ҳулагунинг иттифоқдошларидан бўлган Ҳимснинг амири Ашроф Айюбийни ҳузурига чорлади. Ҳулагу унга ғайри оддий марҳамат кўрсатди, яъни унга Ҳалаб шаҳрининг султонлигини тақдим қилди[37]. Бу билан Ҳулагу унинг дўстлигини тамоман сотиб олди. Бироқ Ҳулагу ўзининг нозик, мўғулий марҳаматини ҳам унутмади, унинг ёнига мўғул саркардаларидан бирини қўйди. Шундай қилиб, Ашроф Айюбий Ҳалаб шаҳрига ҳоким бўлди, лекин у халқнинг назаридагина ҳоким манзилатида эди, асосий буйруқ ва қарорлар мўғул аскари томонидан қабул қилинар эди.

Ҳалаб ишғол этилгандан сўнг, Ҳулагу ғарбга Ҳалабдан 50 км узоқликдаги Ҳарим шаҳрига қараб юрди. У бу шаҳарга етиб келиб, уни қамал қилди. Мўғуллар шаҳарнинг қўрғонини бузиб шаҳарга кирди ва унинг барча халқини қиличдан ўтказди.

Бундан сўнг Ҳулагу нима қарорга келди? Ҳалаб эгалланди, навбатда Дамашқ турибди, Дамашқда эса, Носир Юсуф қўшин тўплаб турибди. Унинг иши нима бўлади? Бу каби ҳодисалар ҳақида келаси дарсларимизда суҳбатлашамиз иншааллоҳ.

Валлоҳу таъала аълам....

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Муҳаммад Суҳайл "Тарихул-Айюбиййин фи Миср ва биладил Шом ва иқлимил Жазира" (398 - бет), Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (309,310, 311- бетлар).

[2] Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (326 - бет).

[3] Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (331, 332 - бетлар).

[4] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/386), Мақризий "ас-Сулук" (1/500 - бет).

[5] Юнус: 81

[6] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (93 - бет).

[7] Ал-баҳрул-маййит.

[8] Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (337 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[9] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/386), Мақризий "ас-Сулук" (1/500 - бет).

[10] Қосим Абдуҳ "Султон Музаффар Сайфуддин Қутуз" (86 - бет).

[11] Ҳозирги кунда Туркиянинг Şanlıurfa шаҳридир.

[12] турк. Birecik.

[13] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (89 - бет).

[14] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (89 - бет).

[15] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[16] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/395).

[17] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[18] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет).

[19] Аракту.

[20] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (76 - бет).

[21] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/386).

[22] Доктор Мунзир "ал-Алақоту ад-Дувалия фи асрил ҳурубис-салибийя" (2/54).

[23] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (76 - бет).

[24] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (76 - бет).

[25] Оли-Имрон: 169 - 171

[26] Термизий ривояти.

[27] Муттафақун алайҳ.

[28] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (76 - бет).

[29] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/386, 387).

[30] Доктор Мунзир "ал-Алақоту ад-Дувалия фи асрил ҳурубис-салибийя" (2/54).

[31] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/395, 396).

[32] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[33] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[34] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (90 - бет).

[35] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/396), Абул Вафо "Мухтасар фи ахбарил башар" (201 - бет).

[36] Мақризий "ас-Сулук" (1/511 - бет).

[37] Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" докторлик рисоласи (92 - бет).