×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: Боғдод ҳукуматининг аҳволи; Боғдод халқининг ҳолати; Боғдод қамали; Мўғуллар билан Аббосийлар хилофати ўртасидаги музокаралар; Боғдоднинг ўққа тутилиши; Халифанинг хўрланиши;

Мўғул татар қиссаси 12- қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ўтган суҳбатимизда:

– Маънавий жанг;

– Аббосийлар армиясининг кучсизланиши;

– Мўғул қўшинининг Ироққа ҳужум қилишга ҳозирланиши;

– Исмоилия тоифасини қиличдан ўтказилиши;

– Мўғул босқини вақтида Боғдоднинг аҳволи;

– Халифа Мустаъсим Биллаҳнинг аҳволи, каби мавзуларни зикр қилган эдик.

Боғдод ҳукуматининг аҳволи

Халифанинг ҳамтавоқлари бўлмиш ҳукумат, ундан зиғирча ҳам фарқ қилмас, хилофатнинг армияси каби руҳан тушкун ва заиф бир ҳолатда эди. Вазирларнинг бутун дарди хаёли дунё жамғариш, бойлик, ўз ҳокимиятларини кенгайтириш, халқни қул қилиш, бир-бирлари билан шон-шарафда мусобақалашиш, қаср ёки мансаб ёҳуд бир жория талашиб ўзаро курашишдан иборат эди. Бу вазирларнинг каттаси юртини ва халқини сотган, уммат душманини ўзига дўст тутган, умматга адоват заҳрини сочган хоин вазир Муаййиддин эди. Бу вазир мусулмонларнинг бошига битган бало бўлиб, унинг халқ билан алоқаси биродарлик эмас, саййид ва қул муносабати каби эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.

Боғдод халқининг ҳолати

Боғдод халқининг аҳволига келсак, халқ бу халифадан жафо чекувчи эмасди, зеро, бошлиқ халқ ичидан чиққани учун уларга жуда мос эди. Ўша вақтлар Боғдод ер юзидаги энг катта шаҳарлардан бири бўлиб, нуфуси камида уч милионни ташкил қаларди. Дарҳақиқат, Боғдод халқи тўкин-сочин, тинч ва фаровон ҳаётга мослашган эди.

Халқнинг бироз бинойилари назарий билим олиш, намозларни масжидларда ўқиш, қуръон тиловатигагина кифояланиб, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Исломнинг энг баланд чўққиси эканлигини хабар берган ва уни умматига фарз қилган жиҳодни унутган эди. Аҳолининг қолганлари ва аксар қисми эса, шаҳват ва лаззатларга бурканган, таомлар ва либосларнинг турли туманларини ейиш ва кийиш, жория ва қуллар, дала ҳовлилар, боғ-роғлар, от-уловларни кўпайтириш борасида мусобақалашар эди.

Шунингдек, уларнинг ичида қуръон ва ҳадисни қўйиб, куй ва мусиқа тингловчилари, ҳаром ичимлик ичувчилари, ўғриликни касб қилганлари-ю, золимлари бор эди. Бу ҳам етмагандай, Афғонистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Форс, Азарбайжон, Чеченистон ва бошқа Ислом ўлкаларидаги биродарларининг ваҳшиёна қирғини, муслималарнинг қул қилингани, мусулмон гўдакларнинг ўлдирилгани-ю ўғирлангани, муслима қизларнинг зўрлангани, мол-дунёлари таланиб, диёрлари вайрон этилгани, Оллоҳнинг уйи бўлмиш масжидлар ёқилганини эшитиб улардан бирортаси ҳаракат қилмаган эди. Ҳатто халифа Носир Лидийниллаҳнинг Хоразмшоҳларга қарши мўғуллар билан иттифоқ тузишга бел боғлаганини эшитганларида ҳам, бепарволик билан эшитишдан нарига ўтмаган эдилар. Қилмиш қидирмиш деганларидек, жазо ҳам амалнинг жинсида бўлиши тайин. Бир кун келадики, унда мўғуллар Боғдод халқининг бошига ҳам ўша қора кунларни солади, улар вақтида биродарларига ёрдам қўлини чўзмаганларидек, уларнинг аҳволини эшитган бошқа мусулмонлар ҳам томоша қилишдан бошқа чора кўрмайдилар.

Улар Хоразмшоҳларга қарши мўғулларга ёрдам берганидек, мусулмонлар ҳам уларнинг зарарига мўғуллар билан ҳамкорлик қиладилар. Жумладан, Сурия ва Туркия амирлари Ироқнинг ишғолида мўғулларга ёрдам беради. Мана шундай, тақдир чархпалак мисоли айланиб туради.

Уламолар, рижоллар, билаги кучга тўлган уммат ўғлонлари-ю, мужоҳидлар қани? Маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчилар қаерда қолди? Бундай бузуқ жамиятнинг ислоҳчилари қаерга кетди? Дин асллари ва шариъат мақсадларининг соғлом тушунчаси қани? Наҳот, Боғдодда ҳақ йўлда юрувчи бирор киши қолмаган?

Боғдод қамали

Ҳижрий 656 йил 12 муҳаррам/мелодий 1258 йил 26 январ куни буюк шаҳар Боғдоднинг шарқий девори қаршисида тўсатдан Ҳулагу бошлиқ мўғул лашкари пайдо бўлди ва шаҳарни қамал қилишга киришди. Айни вақтда чап қанотдан Кит-Буга нойн шаҳарни жануб томонидан қамалга ўтди. Боғдод ўраб олинди, шаҳар атрофига манжаниқ ва бошқа ўқ отар мосламалар ўрнатилди[1]. Оллоҳ таолонинг қадарини тўсиб қолувчи бирор нарса йўқ,

"Оллоҳнинг (ўлим учун белгилаб қўйган) муддати келган вақтида асло ортга сурилмас"[2]

"Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартир- магунларича Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас. Қачон Оллоҳ бирон қавмга ёмонлик — бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас. Ва улар учун Ундан ўзга ҳоким йўқдир"[3]

Ҳаёжондан довдираган халифа зудлик билан хоин вазир Муаййиддин Алқамий бошчилигидаги катта маслаҳатчиларини тўплади. Сотқин вазир Муаййиддин Алқамий мўғулларни тинчлантириш ва тинчлик йўли билан музокара қилишни таклиф қилди.

У бу ўриндаги ягона ечим бирор бир шартларсиз омонлик сўраш, деди. Бироқ, бу умматда яхшилик тамоман йўқ бўлмайди, вазирлардан Мужоҳуддин Ойбек ва Сулаймоншоҳлар фақат жиҳод қилиш керак, деган фикрни ёқлаб чиқишди. Бу калима Аббосийларнинг бу авлодлари учун биринчи бор эшитилган янги сўз эди гўё. Жиҳодга чақириқ жуда кеч бўлган, тайёргарлик вақти-ю, қўшинни оёққа турғизиш замони қўлдан бой берилган эди. Халифа гўё икки ўт орасида: бир томондан сотқин халифанинг таклифи, иккинчи томондан Мужоҳуддин Ойбек ва Сулаймоншоҳларнинг даъватлари орасида қолган эди.

Халифа мўғуллар ўз тарихида ҳеч қачон омонлик бермаганини билар, шунингдек, ота-боболаридан "ҳақ-ҳуқуқлар берилмайди, балки олинади", қабилидаги сўзларни эшитган эди. Заиф ва тараддудли халифанинг боши қотди, бинобарин, бу ҳолатда жиҳод қилишдан фойда ҳам оз эди. Чунки жиҳод таваккал қарор эмас, мужоҳидлар ҳам тўсатдан пайдо бўлиб қолмайди, шунингдек, жиҳод тажриба усули ҳам эмас. Жиҳод иймоний, моддий, маънавий, жисмоний ва бошқа жиҳатлардан тайёргарлик кўриш, тарбия олиш, жонни фидо қилиш, юксакликка то исломнинг чўққисигача кўтарилишдир.

Халифа умрида биринчи марта қўшинни жангга ҳозирлашга киришди. Аббосийлар армиясининг бу авлоди илк бор жангга отланган ва биринчи карра ҳарбий амалиётга жалб қилинган эди. Ҳолбуки, улар аскарий амалиётлардан озод қилиниб, шаҳар ободончилиги, саноат, қурилиш, чорва ва деҳқончилик ишларига бурилган эди. Хилофат армиясидан Мужоҳуддин Ойбек бошлиқ заиф бир қўшин Ҳулагунинг улкан ва қувватли лашкарини қарши олишга чиқди. Хилофат армиясининг сони 10 мингдан ошмас[4], аксарият аскарлар шаҳар ва дала ишларига жалб қилинган эди. Шунчалар хор ҳолатга тушганларидан, ҳатто бозорлар ва масжидлар дарвозалари олдида тиланчилик қилиш даражасига етган эди. Буларнинг барчаси бош вазир Муаййиддин Алқамийнинг ташаббуси билан бўлган эди[5]. Бунга сабаб, бир йил олдин, яъни ҳижрий 655 йил[6] Боғдодда суннийлар билан рофизийлар ўртасида катта фитна чиқиб, рофизийларнинг жойи бўлган Карх вайрон қилинган ва вазирнинг яқинлари ҳам бу уруш қурбони бўлган эди. Чунончи, вазир ҳам рофизийлардан эди. Боғдод шаҳри бунёд бўлгандан буён бунчалар хунук ҳодисага гувоҳ бўлмаган эди. Шундан сўнг, мўғуллар ҳузурига биринчи бўлиб борган киши вазир Муаййиддин Алқамий эди[7], деб ёзади Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ.

Бу Ислом лашкари Боғдод қўрғонларидан чиқиб, шарққа Ҳулагу лашкари томон йўналди. Шу дамда қўмондон Мужоҳуддин шимол томондан Байжу лашкар тортиб келаётгани эшитди ва Боғдод ҳамма томондан қамал қилинмасин, деган фикрни олға суриб Ҳулагуни қўйиб, Байжу томонга отланди. Чунки Байжу Боғдоднинг шимол ва ғарб томонини қамал қилса, шаҳар барча томондан душман қуршовида қолиши аниқ эди. Мужоҳуддин лашкари Байжу бошлиқ мўғул лашкари билан бундан 600 йилдан олдинроқ буюк қаҳрамон Холид ибн Валид разияллоҳу анҳу томонидан эришилган улкан ғалабага гувоҳ бўлган Анбар минтақасида юзма-юз келдилар. Лекин минг афсус, бу гал Холид ҳам, унинг қўшини ҳам йўқ! Мужоҳуддин Ойбек бошлиқ хилофатнинг қўшини билан Байжунинг лашкари ашуро куни[8] тўқнаш келди. Мусулмон лашкари Анбар ерларига секин-аста кириб борар ва у ерда ер билан яксон қилинар эди. Бу орада Ҳулагу 200 минг[9] мўғул лашкари билан Боғдоднинг шарқий қисмига равона бўлди. Муросасиз давом этган жангда Мужоҳуддин Ойбек озгина қўшини билан Боғдодга қочиб қолишга мушарраф бўлган, лашкарнинг катта қисми жанг майдонида қурбон бўлган эди. Бу аёнчли жанг муҳаррам ойининг 19 куни[10], яъни Ҳулагу Боғдод деворларининг шарқий тарафида пайдо бўлганидан бир ҳафта кейин содир бўлган эди.

Мўғуллар билан Аббосийлар хилофати ўртасидаги музокаралар

Байжу вақтни бой бермай, дарҳол Анбар ерларидан тўғри Боғдоднинг шимолига отланди ва уни қамал қилди. Боғдод йиртқич учлик: Ҳулагу, Байжу ва Кит-Бугалар қуршовида қолди. Фурсатдан фойдаланган хоин вазир Муаййиддин халифага: "энди мўғуллар билан музокарага киришмасак бўлмайди", деди. Халифа ўта қувватли билан ўта заиф ўртасида музокара эмас, бўйсинишдан бошқа нарса бўлмаслиги-ю, бош эгиб турган киши шарт қўйиш у ёқда турсин, эътироз ҳам билдира олмаслигини яхши билгани ҳолда таслим бўлишни мувофиқ кўрди, яъни музокарага кўнди.

Халифа Ҳулагу ҳузурига қалби Аббосийлар хилофатига нисбатан нафрат, ғазаб ва ҳасадга тўла вазир Муаййиддин Алқамий аш-Шиаъий бошчилигидаги расмий делегацияни йўллади. Унга насроний патриарх Макикани (Макаха) шерик қилиб жўнатди[11]. Бутун бошли Ислом хилофатидан шартнома тузишга борган делегация икки кишидан иборат бўлиб, уларнинг бири шиа тоифасидан бўлса, иккинчиси эса насроний эди.

Ҳулагу билан хилофатнинг икки кишидан иборат делегацияси ўртасидаги музокара жуда тез якунланди. Ҳулагу уларга катта ваъдалар берди, ваъда Боғдод ишғол қилингандан сўнг бошқарув уларга топширилиши эди. Шарт ҳам битта, хилофатни ағдаришда бор имкониятларини ишга солиб, ёрдамчи бўлиш.

У иккиси Ҳулагудан халифага бир неча мўғул-татар шартлари ва ваъдаларини олиб келишди. Бу ваъдалар жумласидан:

Биринчи: Икки давлат ўртасидаги урушга нуқта қўйиш ва тинчлик алоқаларини ўрнатиш.

Иккинчи: Юз минглаб мусулмонлар қонини тўккан мўғул хоқони Ҳулагунинг қизи халифанинг ўғли амир Абу Бакрга никоҳланиши. Бу халифа Мустаъсим Биллаҳ учун жуда катта иш эди.

Учинчи: Рум ҳокими ўз мансабида қолдирилганидай, Мустаъсим Биллаҳнинг бошқарув курсисида қолдирилиши. Бу эса, у учун энг асосий нарсалардан бири эди.

Тўртинчи: Агар шаҳар дарвозаларини очиб берсалар, бутун Боғдод аҳлига омонлик бериш[12].

Аммо шартларга келсак, уларнинг энг муҳимлари қуйидагилар эди:

Биринчи шарт: Боғдодда эълон қилинган жиҳод ҳаракатига чек қўйиш. Чунки жиҳод даъвати барча "тинчлик музокара"ларини барбод қилиши турган гап эди. Шунинг учун, халифа жиҳодга даъват қилиб турган икки бошлиқ Мужоҳуддин Ойбек ва Сулаймоншоҳларни Ҳулагуга таслим қилиши керак эди[13].

Иккинчи шарт: Ироқ қўрғонларини бузиш, хандақларни тўлғазиш ва қуролларни топшириш.

Учинчи шарт: Боғдоднинг бошқаруви мўғуллар раҳнамолиги остида бўлиши.

Хуллас, икки элчи ўз шаҳрига адолат, ҳуррият ва омонлик ваъдаларини олиб қайтди. Агар халифа юқоридаги шартларга рози бўлса, мўғуллар Ироқда ўз дастурларини қолдириб, юртни уларга топшириши ва ўзлари Мўғулистонга қайтишларини айтишди.

Муаййиддин Алқамий аш-Шиаъий халифага бу музокаралар жудаларда қониқарли, шартлар ҳам енгил, мўғуллар ваъда ва аҳдларига вафодор, Ҳулагу ҳам ажойиб инсон, деди. Халифа хатарли ўринда турар, бир томондан шартлар ўта қаттиқ бўлганидан тараддудланиб, уларни қабул қилишга ботинолмаса, иккинчи томондан вазирларининг Ҳулагуга итоат қилмасангиз, яшашдан умидингизни узаверинг, деб тинимсиз уни кўндиришга ҳаракати оқибатида, у қалби хотиржам бўлмасада бунга рози бўлишга мажбур эканлигини ҳис қиларди.

Халифа иккиланса-да хор ва тубан ҳаётда яшашни, барча нарсани арзимаган қийматга сотишни фикр қилади. Боғдод халқи тараддудда эди, зеро, жиҳод нидоси жуда кам оғизлардангина чиққан, омма инсонлар қалбини шаҳарни қуршаб олган мўғуллардан бўлган қўрқув эгаллаган ва дунё ўта ширин кўринган эди. Ўша кунларда Боғдодда чиркинликлар жуда кўпайган эди. Чиркинлик қанча кўпайса, ҳалокат ҳам шунча яқин бўлади.

Боғдоднинг ўққа тутилиши

Халифа ўйлаб кўришга озгина вақт истади, бироқ Ҳулагунинг вақти йўқ эди. Зеро, улкан қўшин учун ҳар кун жуда катта ҳаражат кетиши турган гап. Устига-устак қамал кунлари ҳижрий 656 йил муҳаррам ойи/мелодий 1258 йил январ ойига қаҳратон қиш, аччиқ совуқ кунларга тўғри келган эди. Ҳулагу узоқ вақт кутмади, тош ва ўтдан бўлган замбарак ўқлари билан бомбардимонни бошлаб юборди. Ҳижрий 656 йил 22 муҳаррам/мелодий 1258 йил 5 феврал сешанба куни шаҳар девори дарз кетиб, мўғул аскарларидан кўпи шаҳарга кирди[14]. Биринчи замбарак ўқи тушиши билан халифанинг юраги ёрилаёзди.

Бомбардимон тўрт кун давом этди. Ибн Касир –раҳимаҳуллоҳ– "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" китобида бу воқеани қисқача зикр қилиб, айтадики: "Мўғул-татарлар Халифа қасрини қуршаб, уни ҳар томондан ўққа тутди, ҳатто халифа ҳузурида рақсга тушиб, уни хушнуд айлаётган Арафа исмли маъшуқаларидан бири бўлган канизакка деразадан кирган дайди ўқ тегди ва канизак унинг кўз ўнгида жон берди. Халифа бунинг натижаси ўлароқ хавотирланиб, қаттиқ саросимага тушди. Жорияга теккан ўқни келтиришди, унда: "Агар Оллоҳ таоло қазои қадарини амалга оширишни истаса, ақл эгаларининг ақлларини кетказади", маъносидаги бир неча сатрлар битилган мактуб бор эди. Шунда халифа огоҳликни кучайтириб, ўз қасри ҳимоясини орттиришга амр қилди"[15].

Бундан кўринадики, ўша вақтлар Боғдоддаги инсонларнинг, айниқса, халифанинг қалбига дунё ўрнашиб кетган эди. Ислом умматини ҳимоя қилиш вазифаси юкланган халифа, бундай хатарли ўринда беҳуда ишлар билан банд эди.

Тўғри, канизак унинг қўл остидаги мулки, яъни у учун ҳалол эди, лекин Ислом хилофати пойтахти қамал қилинган, бир оз муддатдан сўнг ўлимга юз тутиш аниқ бўлган, мўғуллар бор кучи билан тошбўрон қилаётган, оловли ўқ таъсирида шаҳарга ўт кетган, инсонлар ўта танг ҳолатда бўлган бир вақтда халифа раққосалар билан кўнгилхушлик қиладими? Ҳикмат ва ақл қани? Жориялар рақси худди таом ва шароб каби уруш вақтида ҳам тарк қилинмайдиган даражада қонга сингиб кетган эдими? Халифа шаҳри, халқи, ҳатто ўзи ҳам шундай қаттиқ қийинчилик ҳолатида турганда, рақс томоша қилиш сингари ишлар билан машғул бўлишни қандай ўзига эп билди?

Мўғуллар халифага ўқ билан йўллаган мактубдаги "Агар Оллоҳ таоло қазои қадарини амалга оширишни истаса, ақл эгаларининг ақлларини кетказади", жумласи Оллоҳ таоло Боғдоднинг ҳалокатини тақдир қилди ҳамда халифанинг, унинг аъёнлари ва халқининг ақлни кетказди, дегани эди. Бу иборалар ҳам, мўғуллар уста бўлиб кетган маънавий урушнинг бир кўриниши эди. Бу фожиа, яъни канизакнинг ўлдирилишидан сўнг, халифа халқни жангга ҳозирламасдан, фақатгина ўз қасрининг ҳимоясини кучайтиришга амр этганининг ўзи, унинг фикрини қосирлигига кифоя қиладиган далил эди.

Бомбардимон ҳижрий 656 йил 1 сафардан 4 сафаргача давом этди ва 4 сафар куни Боғдоднинг шарқий девори қулади....

Халифанинг хўрланиши

Шаҳар шарқий деворининг қулаши, хилофатнинг ағдарилгани ва халифанинг озгина муддат умри қолганидан далолат эди. Вазир Муаййиддин Алқамий Ҳулагунинг қаршисига чиқди. Халифа ҳузуридан чиққан элчи Ҳулагунинг йўлига пешвоз чиқиб, халифанинг таслим бўлиши хабарини берди. Ҳулагу бир халифа эмас, балки ўзи билан вазирлар, фақиҳлар, уламолар, амирлар ва аъёнларини ҳам олиб келсин, деб буйруқ қилади.

Ёлғон ваъдаларга алданган халифа 4 сафар куни 3 ўғли: Аҳмад Абул Аббос, Абдураҳмон Абул Фазл ва Муборак Абул Маноқибларни еталаб, 3 мингдан иборат шаҳар қозилари, фақиҳлари, амирлари ва аъёнларини олиб Ҳулагунинг қаршисига чиқди[16]. Халифанинг унинг айтганларини бажаришдан бошқа чораси йўқ эди, шу сабабли, у 700 отлиқ – Боғдоддаги қозилар, фақиҳлар, суфийлар, амирлик ва давлат катталари ҳамда аъёнлардан иборат делегацияни тўплаб, Ҳулагу ўтирган чодир томон чиқди[17]. Улар қўрқувдан кўзёшлари тошқотган, томирларида қонлари музлаган, юрак уриши тезлашган саросимали бир аҳволда чиқиб келишар эди. Ваҳолангки, халифа одатига кўра амирлар ва подшолардан иборат делегацияларни қасрида, юмшоқ ўриндиғида ўтириб кутиб олар эди, бу сафар ҳаётида биринчи марта, лекин хор ва ночор бир ҳолатда ёнига хоин вазири Муаййиддинни олиб, ўзи чиқиб борар эди. Ҳулагунинг чодирига яқинлашгач, мўғул соқчилари уларнинг ҳаммасини баравар киришига изн бермади[18].

Соқчилар халифа билан фақат 17 кишигина киради, қолганларини синчиклаб текширамиз, дейишди. Халифа билан бирга 17 киши Ҳулагу ҳузуруга киришди, қолганлар соқчилар айтганидек текширилмади, балки отлари ғанимат қилиниб, ўзлари битта қолдирмай ўлдирилди[19]. Шу тариқа, Боғдод аҳлининг олимлари, фақиҳлари, вазирлари, амирлари ва аъёнларидан иборат делегациянинг асосий қисми дунёдан кўз юмди. Ҳулагу халифани бир неча ғаразларида фойдаланиш мақсадида ўлдирмади ва дастлабки дақиқалардан бошлаб, унга такаббурона ва қаҳр билан муомала қила бошлади. Унга бутун делегацияни қатл қилинганини айтди. Халифа ўшандагина мўғуллар бирон аҳдга ва ваъдага вафо қилмаслигига ишончи комил бўлди, лекин энди кеч бўлган эди. Зеро, Оллоҳ таоло кофирлар хусусида шундай марҳамат қилган:

"Улар бирон мўмин хусусида на аҳдга ва на бурчга риоя қиладилар. Улар тажовузкор кимсалардир"[20]

Шунингдек, ҳақни ҳимоя қилувчи куч бўлиши лозимлиги, агар киши ҳаққини ҳимоясиз қўйса, ундан сўнг фақат ўзинигина маломат қилиши мумкинлиги халифага аён бўлди, бироқ, минг афсус, энди вақт ўтган эди.

Қонхўр Ҳулагу кескин буйруқларни бера бошлади:

Биринчи буйруқ: Халифа халқига қуролларини таслим қилиши ва қаршилик қилмасликка буйруқ бериши. Зотан, бу жуда осон эди, ҳолбуки қўлига қурол кўтарган инсонни ўзи қолмаган эди.

Иккинчи буйруқ: Халифанинг қўлига кишан, бўйнига занжир сиртмоқ солиб, Аббосийлар хазиналари жойларини кўрсатиб бергунича шаҳар бўйлаб айлантириш.

Учинчи буйруқ: Халифанинг икки ўғли Аҳмад ва Абдураҳмонларни отасининг кўз ўнгида ўлдирилиши. Халифанинг 15 ёшли тўнғич ўғли Аҳмад Абул Аббос ва 13 ёшли ўртанчаси Абдураҳмон Абул Фазллар қатл қилинди. Кенжа ўғли Муборак асир олинди[21].

Тўртинчи буйруқ: Халифанинг уч опа-синглиси: Фотима, Ҳадича ва Марямларнинг асир қилиниши. Унинг уч опа-синглисидан ташқари халифа саройидан мингга яқин бокира қизлар асир олинди[22]. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.

Бешинчи буйруқ: Вазир Муаййиддин Боғдоддаги аҳли суннат уламолари, ҳофизи қуръонлар ва масжид имом хатибларининг исмларини ёзиб бериши. Сўнгра уларни оила, бола-чақаси билан бирга шаҳар ташқарисига Холлал қабристони ёнига олиб чиқиб, уларни қўй-моллар бўғизланганидек бўғизлаш, хотин ва болаларини қул қилиш ёки ўлдириш[23]. Юқорида зикр қилинган суратда машҳур ислом олими шайх Абул Фарож Ибн Жавзий –раҳимаҳуллоҳ–нинг ўғли, халифа қасрининг устози шайх Муҳиддин Юсуф ва унинг уч ўғли: Абдураҳмон, Абдуллоҳ ва Абдулкаримлар сўйилди. У киши хоин вазирнинг душмани эди[24].

Мужоҳидлар Мужоҳуддин Ойбек ва Шиҳобуддин Сулаймоншоҳ[25], халифани тарбия қилган шайхлар шайхи Садруддин Али ан-Наййар шу йўсинда қатл қилинди[26]. Ундан сўнг, масжид имом хатиблари ва ҳофизи қуръонлар сўйилди. Халифа буларга гувоҳ бўлиб турди. Халифа қанчалар дарду алам, надомат ва қўрқувни ҳис қилди экан?! Агар халифа илгарироқ оқибат шундай бўлишини бир неча лаҳза тасаввур қилганида, балки бутунлай бошқа йўлни тутган бўлармиди? Лекин ўтган кунлар ортга қайтмайди, бу Оллоҳнинг қонундир.

7 - сафар чоршанба куни Ҳулагу лашкарига Боғдоднинг шарқ ва ғарбидан омматан ҳужумга ўтишига буйруқ қилди, хандақлар кўмилиб, шаҳар деворлари бузилди ва мўғуллар шаҳарга киришди. Шаҳарни ва масжидларни вайрон қилишди[27].

9 - сафар жума куни Ҳулагу халифанинг қасрига кириб, халифани келтирди ва Аббосийларнинг бутун хазина ва мол-давлатини таслим қилишига амр қилди, сўнгра уларни одамларидан бирига топширади[28].

Сўнгра рофизий вазир бир неча ой давомида Боғдод масжидларини, ундаги жамоатлар ва жумъаларни бузишга киришди. У бу билан суннийларнинг масжид ва мадрасаларини йўқ қилиб, ўрнига рофизаларнинг бузуқ эътиқодини тарқатишга киришди. Лекин Оллоҳ унга изн бермади, бу ҳодисадан бир неча ойдан кейин унинг жонини олди. Бу ишга бел боғлаган унинг ўғли ҳам унинг ортидан равона бўлди, Оллоҳ у иккисини дўзахнинг қарида жамлагандир, валлоҳу аълам[29], дейди Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ.

Валлоҳу таъала аълам....

Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим бериб, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта бу Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотдир.

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/356-357), Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 281-бет).

[2] Нуҳ: 4

[3] Раъд: 11

[4] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/357).

[5] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/357-358).

[6] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 337-бет).

[7] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/358).

[8] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет).

[9] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет).

[10] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет).

[11] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 286-287-бет), Доктор Абдуллоҳ Саъид Ғомидий "Жиҳадул-мамалик зид ал-мўғул вас-салибиййин" докторлик иши (61-62-бет).

[12] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 337-бет)

[13] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/357)

[14] Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 261-бет), Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 286-бет).

[15] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/356-357).

[16] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет), Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 290-291-бет).

[17] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/358).

[18] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (194-бет).

[19] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/358).

[20] Тавба: 10

[21] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361)

[22] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361)

[23] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362)

[24] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361-362).

[25] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362).

[26] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362).

[27] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 291-бет), Доктор Абдуллоҳ Саъид Ғомидий "Жиҳадул-мамалик зид ал-мўғул вас-салибиййин" докторлик иши (62-63-бет).

[28] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 292-бет), Доктор Абдуллоҳ Саъид Ғомидий "Жиҳадул-мамалик зид ал-мўғул вас-салибиййин" докторлик иши (63-бет).

[29] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362).