Итоатдаги ширк
Категориялар
Full Description
ИТОАТДАГИ ШИРК
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
Шайх Саидаҳмад Самарқандий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
شرك الطاعة
[ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]
الشيخ سعيد أحمد السمرقندي
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
4. Итоатдаги ширк
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Шуни билингки, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалолга чиқариш ёки ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқаришда уламо ёки ҳокимларга итоат қилиш ширкнинг бир тури саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг уламо-лари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Раб деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир” [Тавба: 31].
Саҳиҳ ҳадисда келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим Тоийга ўқиб берадилар. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик” – дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ахир улар сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб беришар ва сизлар ҳам ҳалол демасмидингиз?! Шунингдек, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб беришар ва сизлар ҳам уни ҳаром демас-мидингиз?!”. “Ҳа, шундай” – деди Адий. “Ана ўша уларнинг (уламо ва роҳибларига қилган) ибодатла-ридир” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” [Термизий ва бошқалар ривояти].
Дарҳақиқат, ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги оятни тафсир қилиб бердилар. Аҳли китоблар Аллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларини Раб қилиб олиши уларга рукуъ ва сажда қилишлари эмас, балки Аллоҳнинг аҳком-лари ва шариатини ўзгартиришда уларга итоат қилишганидир. Негаки, улар ҳалолни ҳаром ёки аксинча, ҳаромни ҳалол дейишда уларга итоат этдилар. Бу аҳли китоблар томонидан Аллоҳни қўйиб ўз уламо ва роҳибларига ибодат қилиш ҳисобланди. Зеро, аҳли китобларнинг уламо ва роҳиблари ўзларини қонунчиликда Аллоҳга шерик даражасига кўтардилар. Оқибат, ким уларга итоат қилса, қонунчилик соҳасида, яъни ҳалол ёки ҳаром, деб ҳукм чиқаришда уларни Аллоҳга шерик қилган ҳисобланади. Бу инсонни диндан чиқарувчи катта ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан пок-дир” [Тавба: 31]. Қуйидаги оят ҳам ҳалол ёки ҳаром деб ҳукм чиқаришда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш катта ширк эканини қўллаб-қувватлайди: “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларини (яъни, мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушрик-лардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].
Шунингдек, ҳозирги даврдаги шаръий аҳкомларга зид бўлган қонунлар билан ҳукм юритиш борасида ҳоким ва раҳбарларга итоат қилиш, рибо – судхўрлик, зино, ароқ ва бир-бирларига маҳрам бўлмаган эркак ва аёлларнинг ўзаро аралашиб юриши каби ҳаром ишларга рухсат бериш, ҳижобни ман қилиш, меросда эркак билан аёлни тенглаштириш ёки кўпхотинлик каби шариатда ҳалол бўлган ишларни ҳаром қилишда уларга бўйсуниш ҳам ширкдир. Негаки, бу каби ишлар Аллоҳнинг аҳкомларини шайтоний қонун-қоидаларга алмаштиришдир. Кимда-ким ҳоким ва раҳбарларнинг бу ишларига рози бўлса, маъқулласа ва уни яхши деб билса, у ҳолда бундай кимса мушрик ва кофир бўлади, Аллоҳ сақласин!
Қолаверса, ислом фуқаҳоларининг шаръий далилларга зид бўлган сўзларига, унинг далилга зид эканини била туриб, ўзининг ҳавосига мос келгани учунгина эргашиш – тақлид қилиш ҳам ширк ҳисобланади. Буни ўзини зиёлиман деган айрим табақаларда кузатиш мумкин. Улар уламоларнинг сўзларидан енгилроқ бўлганини суриштириб юради-лар, унинг қай даражада далилга мувофиқ экани уларни қизиқтирмайди. Ҳолбуки, мужтаҳид олимнинг шаръий далилга мос бўлган фикри олиниб, хилоф келгани ташланиши лозим. Уламоларнинг ўзлари айтишлари бўйича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишининг сўзи олиниши ёки рад этилиши мумкиндир.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадис ёки саҳоба розияллоҳу анҳумлардан бирон сўз (фикр) келса бош устига қабул қиламиз. Мабодо тобеинлардан бирон фикр келса, улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз (бу хусусда уларнинг биздан ортиқ ери йўқ)”. Имом Абу Ҳанифа роҳима-ҳуллоҳ бу билан ўзига ўхшаган катта ва забардаст имомларни назарда тутганлар. Афсуски, айрим шаръий билимларни ўрганган, ҳануз жоҳиллик босқичидан чиқмаган баъзи кимсалар ўзларини мужтаҳид имомлар сафига қўйишиб, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг “улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз”, деган сўзларини ноўрин ишлатишади. Ҳеч шубҳа йўқки, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ уламоларни авомларга тенглаштириш-ни назарда тутмаганлар.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: “Барчамиз-нинг сўзи олиниши ёки рад қилиниши мумкин. Бундан мана бу қабр соҳиби (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гина мустаснодир”.
Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир”. Яна айтади: “Агар сўзим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзига хилоф бўлса, сўзимга эътибор қилманглар”.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Во ажаб, бу қандай бир қавмки, (ҳадисга оид) санадни ва унинг саҳиҳлигини била туриб Суфённинг фикрини оладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтади: “(Пайғам-барнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар!” [Нур: 63].
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Устингизга осмондан тош ёғилиши ҳеч гапмас! Мен сизларга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар”, десам-у, сизлар “Абу Бакр ва Умар айтди”, дейсизлар!”.
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Мажийд” китобида шундай дейди: “Агар бирон мукаллаф (балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган киши)га Аллоҳнинг китоби ёки Расулининг суннатидан бирон далил келса ва унинг маъносини тушуниб етса, албатта уни қабул қилиши, унга амал қилиши ва ушбу далилга хилоф чиққанларга эътибор бермаслиги фарздир… . Ўзига яхшиликни раво кўрган киши уламоларнинг китобларини ўқиб, тафаккур қилиб, уларнинг сўзларини билгач, бу сўзларни Китоб ва Суннатга солиштириши лозим. Зеро, ҳар бир мужтаҳид олим, унга эргашганлар ва мансуб бўлганлар у билдирган фикр далилларини зикр қилишган. Маълумки, ҳар қандай масаладаги ҳақиқат ягонадир, бир масалада барчанинг фикри ҳам тўғри бўлавермайди. Шундай бўлсада, барча имомлар гарчи хато қилган бўлсаларда, ижтиҳод қилганлари боис савоб оладилар. Инсофли инсон имомлар билдирган фикрларни ўрганиш ва уни чуқур мушоҳада қилиш орқали шаръий масалаларни билиш, ёдда тутиш ва улар келтирган далиллар ёрдамида тўғри фикрларни хатосидан ажратиб олишга имкон топади ва шу тариқа уламолардан қай бирининг фикри далилга мувофиқроқ эканини билиб, унга эргашади”.
Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121], деган сўзи тўғрисида шундай дейди: “Бу иш уламоларга тақлид қилган кўпчилик одамларда содир бўлди. Улар ўзлари тақлид қилган олимнинг сўзига хилоф бўлгани учун далилни эътиборга олмадилар. Албатта бу мазкур (катта) ширкдандир. Улардан баъзилари бу борада ҳаддан ошиб “бундай ҳолатда (яъни, далил имомнинг сўзига тескари келганда) далилни инобатга олиш макруҳ ёки ҳаромдир, чунки улар далилларни биздан кўра яхшироқ биладилар”, дейдиган даражага боришди. Шундай қилиб, фитна – мусибат янада катталашди…” [Иқтибос тугади].
Шайх Абул Ҳусайн Тамимий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бешинчи масала: аҳвол шу даражада ўзгардики, ҳатто кўпчилик одамларнинг наздида роҳибларга сиғиниш энг афзал амалга айланиб, “авлиёлик” дея аталса, илм ва фиқҳ эса олимларга сиғинишдан иборат бўлиб қолди. Сўнг ҳолат яна ўзгариб, Аллоҳнинг ўрнига солиҳликдан насибаси бўлмаган кишиларга сиғинила бошланди, шунингдек, илм ва фиқҳдан мутлақо йироқ бўлган жоҳил кимсаларга ҳам сиғиниш авж олди…” (Иқтибос тугади).
Уламо ва роҳибларга сиғиниш турларидан бири залолат олимлари Аллоҳнинг динида пайдо қилган бидъат, хурофот ва залолатларда уларга итоат қилишдир. Сўфий тариқатларига оид турли-туман тантана ва мавлид байрамларини нишонлаш, дуода ўликларни ўртага қўйиб сўраш ва тилагини Аллоҳни қўйиб ўликлардан сўраш каби ишлар бунга мисол бўлади. Залолат олимлари одамларга Аллоҳ изн бермаган ишларни кўрсатиб берадилар, содда ва жоҳил омма халқ уларга тақлид қилиб, бу ишларни дин таълимотлари деб ўйлайдилар. Кимда-ким бу ишларни инкор этиб, унинг ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишга даъват қилса, уни “айниган”, диндан чиққан, деб айблашади ёки уламо ва солиҳ кишиларни ёмон кўради, деб тамға босадилар. Шундай қилиб, яхши иш ёмонга, ёмон иш эса яхшига, суннат бидъатга, бидъат эса суннатга айланиб қолди. Ана шундай тескари тушунчалар оғушида ёш авлод ўсиб-улғайди, катталар эса кексайди. Албатта бунга диннинг ғариблиги ҳамда ислоҳотчи ва даъватчи уламолар тақчиллиги сабабдир. Ёлғиз Аллоҳдан тавфиқ ва мадад сўраймиз, Ўзи аҳволимизни ўнгласин!
Маълумки, мужтаҳид фуқаҳо имомларнинг хато ижтиҳодларида уларга эргашиш жоиз эмас. Улар қасддан хато қилмаган ижтиҳодларида маъзур саналиб, қилган ижтиҳодлари эвазига ажр-савобга ноил бўладилар. Шунга қарамай, уларнинг хато экани маълум бўлган фикрларига эргашиш ҳаромдир. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ижтиҳод жоиз бўлган фиқҳий-амалий ишларда мужтаҳид раббоний уламо-ларнинг хатосига эргашиш ҳаром бўлса, ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаган ақидавий масалада хато қилган, одамларни йўлдан оздирувчи, олимликни даъво қилувчи дажжолларнинг хатосига эргашиш қандай ҳаром бўлмасин?! Ахир ақида масалалари “тавқифий”, яъни оят-ҳадислардан иборат муайян далил билан исбот топадиган масалаларку?! Бироқ аҳвол Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганига ўхшайди: “Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик. Қасамки, агар сиз (эй Муҳаммад), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар “Сизлар ғирт ёлғончидирсизлар”, дерлар. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсалар-нинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр. Бас, (эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг (сизни ва умматингизни кофир қавм устидан ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимса-лар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар” [Рум:58-60].
Юқорида зикр қилинганидек, асосий масалаларда ҳам, иккинчи даражали масалаларда ҳам кўр-кўрона тақлидга ружу қўйган кимсалар қаторида уларга зид бўлган бошқа бир тоифа инсонлар ҳам борки, уларнинг фикрича, ҳар бир инсон, гарчи у Қуръон ўқишни билмайдиган, шариат илмидан мутлақ бехабар жоҳил кимса бўлса ҳам мустақил ижтиҳод қилиши вожибдир! Уларнинг айтишича, фиқҳ китобларига мурожаат қилиш ҳаром, жоҳил ва авом кишилар тўғридан-тўғри китоб ва суннатдан ҳукмларни истин-бот қилиши – чиқариб олиши керакмиш! Албатта, бу манфур мутаассиблик ва аҳмоқона гапдан ўзга нарса эмас. Бу тоифанинг мусулмонларга келтирадиган зарари биринчи тоифанинг зараридан ошса-ошадики, кам эмас. Албатта, ишларнинг энг яхшиси ўртача ва мўътадил бўлганидир. Шунга биноан, биз мусулмон-лар фуқаҳоларимизга кўр-кўрона тақлид қилмаслиги-миз, айни дамда уларнинг илмий мероси, китоб ва суннатга мувофиқ сўзларидан юз ўгирмаслигимиз, аксинча, Қуръон ва ҳадисларни тушунишда бу фикр-лардан фойдаланишимиз лозим. Негаки, фуқаҳолар-нинг фикрлари илмий бойлик ва фиқҳий хазинадан иборат бўлиб, улардан далилга мос келганини олиб, хилоф келганини тарк қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу борада салафи солиҳларимиз мана шундай йўл тутганлар. Айниқса, ҳимматлар сусайган ва жаҳолат кенг тарқалган ҳозирги даврда ҳаддан ошмаган ва сусткашлик қилмаган ёки чуқур кетмаган ва бепарволик қилмаган ҳолда мўътадил йўлни тутиш вожибдир. Аллоҳ таолодан адашган мусулмонларни тўғри йўлга бошлашини, уламоларимиз ва бошлиқ-ларимизни ҳақда собитқадам қилишини сўраб қола-миз. Албатта, Аллоҳ дуоларимизни эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.
Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилишда уламоларга итоат қилиш жоиз бўлмаганидек, одамлар ўртасида ислом шариатидан бошқаси билан ҳукм қилишда ҳоким ва раисларга ҳам итоат қилиш жоиз эмас. Негаки, ҳар қандай низо ва тортишувларда, шунингдек, ҳаётнинг барча жабҳаларида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг суннатларига ҳукм сўраб мурожаат қилиш фарздир. Қолаверса, мусулмоннинг бандалиги ва ундаги тавҳид ҳам шуни тақозо қилади. Зеро, қонун чиқариш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир” [Аъроф: 54]. Яъни, Аллоҳ “Ҳакам” бўлган зот бўлиб, ҳукм қилиш ёлғиз Унинг ўзига хосдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар қандай нарсада ихтилофлашиб қолсангизлар, албатта унинг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир” [Шўро: 10]. Яна бошқа бир оятда шундай дейди: “Борди-ю, бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Ана шундай қилиш яхшироқ ва оқибати чиройлироқ ечимдир” [Нисо: 59]. Аллоҳнинг шариатига фақат адолатни рўёбга чиқариш мақсадида мурожаат қилинмаслиги керак. Балки ҳукм чиқариши учун шариатга мурожаат қилиш аввало Аллоҳга ибодат қилиш, Аллоҳнинг ҳаққига риоя қилиш ва эътиқод масаласи ҳамдир. Кимда-ким Аллоҳнинг шариатидан бошқа тизимлар, башарият ишлаб чиққан қонунларга мурожаат қилса, у ҳолда ўша қонунларни ишлаб чиққан ва у билан ҳукм чиқарган кишиларни қонун чиқариш бобида Аллоҳга шерик қилган саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ изн бермаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!” [Шўро: 21]. Аллоҳ таоло айтади: “Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шариатидан бошқасига ҳукм сўраб мурожаат қилган кишидан иймон сифати-ни рад қилди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган, деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг тоғут[1]га ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, улар тоғутга ишонмасликка буюрилган эдилар” [Нисо: 60]. Сўнгра Аллоҳ таоло бир-неча оятлардан кейин шундай дейди: “Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчилик-ларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунма-гунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65]. Демак, кимда-ким башарият ишлаб чиққан қонунлар билан ҳукм чиқаришга чақирса, у ҳолда итоат ва қонунчиликда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Шунингдек, ким Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси билан ҳукм қилса: уни Аллоҳ нозил қилган шариатдан яхшироқ ёки унга тенг ёки ҳар иккиси билан ҳам ҳукм қилса бўлаверади, деб эътиқод қилса, гарчи ўзини мўмин санасада кофир бўлади. Чунки Аллоҳ таоло юқоридаги оятда шариатидан бошқасига ҳукм сўраб боришни истаган кишиларнинг қилмиши-ни рад этди ва уларнинг мўминмиз, деган даъвосини ёлғонга чиқарди. Қолаверса, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилиш тоғутга ҳукм сўраб мурожаат қилиш демакдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло тоғутга кофир бўлишга буюрди ва унга кофир бўлишни тавҳид рукнларидан бири қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” [Бақара: 256]. Яъни, бундай киши чинакам ва ҳар томонлама тўғри йўл – динда собитқадам бўлибди. Шундай қилиб, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилган кимса муваҳҳид – тавҳидни рўёбга чиқарган бўлмайди. Негаки, у қонунчилик ва итоатда Аллоҳга ширк келтирган ҳамда кофир бўлишга буюрилган тоғутдан юз ўгирмаган ва шайтонга бўйсунган ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди” [Нисо: 60]. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларга маълум қилишича, мунофиқлар Аллоҳнинг шариатига ҳукм чиқариш учун мурожаат қилишга буюрилсалар, бош тортиб, юз ўгирадилар: “Қачон уларга “Аллоҳ нозил қилган Китобга ва Пайғамбар ўгитларига келинглар”, дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз” [Нисо: 61]. Яна Аллоҳ таоло хабар беришича, мунофиқлар фитратларининг теска-рилиги ва дилларининг бузуқлиги сабаб фисқу фасодни ислоҳот деб ўйлайдилар: “Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар”, дейилса, “Биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингиз-ким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар” [Бақара: 11-12].
Демак, Аллоҳдан ўзгага ҳукм сўраб мурожаат қилиш мунофиқларнинг амали бўлиб, у ер юзида фисқу фасод қилиш саналади.
Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: “Аксар муфассирларнинг айтишича, оят тафсири мана бундай: “Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориш, шариатни баён қилиш ва Аллоҳга итоат қилишга даъват қилиш билан ер юзини ислоҳ қилгач, энди сизлар гуноҳ ишлар қилиш ва Аллоҳдан ўзгага итоат қилишга чақириш билан унда фасод қилмангиз. Зеро, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш, Аллоҳдан бошқасига даъват қилиш ва Аллоҳга ширк келтириш – булар ер юзида содир этилган энг катта фасоддир. Балки том маънода ернинг бузилиши Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг амрига хилоф чиқиш билан содир бўлади. Ширк, Аллоҳдан бошқасининг йўлига даъват қилиш, Аллоҳдан ўзга маъбуд – ибодат қилинувчини тиклаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзга итоат қилинувчи ва эргашилинувчини пайдо қилиш ер юзидаги энг катта бузғунчиликдир. Ер юзида ёлғиз Аллоҳ таоло итоат қилинувчи, ибодат қилинувчи зот бўлмас экан, фақат Унинг динига даъват қилинмас экан ва фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашилмас экан на Ер курраси ва на унинг аҳолиси учун ислоҳ ва ўнгланиш юз бериши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа инсон у зотга итоат қилишга буюрсагина унга итоат қилиш фарз бўлади. Борди-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлишга ва шариатга хилоф бўлган ишга буюрса, у ҳолда бундай кимсага асло итоат қилинмайди. Кимда-ким олам аҳволини мушоҳада қилиб қараса, ундаги ҳар қандай яхшилик ва ўнгланиш сабаби Аллоҳнинг тавҳиди, Унга ибодат қилиш ва Расулига итоат қилиш эканини, шунингдек, оламдаги фитна, бало-кулфат, қаҳатчилик, душманлар истилоси ва бошқа ҳар қандай ёмонлик-нинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-нинг суннатларига хилоф иш тутиш, Аллоҳ ва Расулидан ўзгалар йўлига даъват қилиш эканини кўради”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг ҳукмига хилоф бўлган барча ҳукмларни жоҳилият ҳукми дея атади: “Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймон – ишончлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!” [Моида: 50]. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ўз ҳукмидан юз ўгирган кишиларга дашном берди. Бу ҳукм ҳар қандай яхшиликни ўз ичига олувчи ва ҳар қандай ёмонликдан қайтарувчидир. Шунингдек, бу ҳукм ундан ўзга турли-туман фикр ва ҳою-ҳаваслар ҳамда Аллоҳнинг шариатидан олинган бирон далилсиз тузиб олинган истилоҳларга мойил бўлишдан ҳам қайтарувчидир. Жоҳилият аҳли ана шундай жаҳолат ва залолатларга таяниб ҳукм чиқаришар эди. Худди шундай мўғул-татарлар ҳам ҳукмдорлари Чингизхон ишлаб чиққан сиёсат билан ҳукм юритар эдилар. У ўз халқига атаб “Ёсиқ” китобини ёзиб қолдирди. Бу китоб яҳудий, насроний ва ислом дини каби турли шариатлардан иқтибос олинган ҳукмлар тўпламидан иборат эди. Мазкур ҳукмлар орасида кўплаб Чингизхоннинг шунчаки шахсий кўз қараши ва хоҳишидан келиб чиқиб ёзилган ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар мўғуллар учун Қуръон ва суннатдан устун қўйиладиган шариатга айланиб қолди. Кимда-ким Аллоҳдан ўзганинг сўзини шариатдан устун қўйса кофир бўлади. Бундай кимса то Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига қайтиб, ҳеч бир нарсада Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бошқаси билан ҳукм қилмайдиган бўлмагунча унга қарши жанг қилиш вожиб бўлади” (Иқтибос тугади).
Юқорида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мўғул-татарлар риоя қилган қонун ҳақида гапириб, уни ислом шариатига муқобил қўйган кишини кофир деб ҳукм қилди. Бугунги кунда аксар давлатларда амал қилиб келинаётган ва ҳукмлар манбаи саналган инсон тафаккурининг маҳсули бўлмиш қонунлар ҳам “Ёсиқ” шариатининг айни ўзи, балки ундан ҳам баттарроқдир. Мазкур қонунлар аксар мусулмон давлатларда тўлиқ равишда ислом шариатининг ўрнини эгаллаб бўлган. Бундан айрим ислом мамлакатларидаги “фуқаролик кодексини”гина истисно қилиш мумкин.
Мазкур қонунлар билан ҳукм қилган кишининг кофирлигига далолат қиладиган талай оятлар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир” [Моида: 44], “Йўқ, Парвар-дигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилма-гунларича… зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Китобнинг (Тавротнинг) бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Орала-рингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда хору зор бўлиш бўлса, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаёт-ган ишларингиздан ғофил эмасдир” [Бақара: 85]. Юқорида айтиб ўтганимиздек, ислом шариатини фақат адолат истаб эмас, балки эътиқоддан келиб чиқиб, шу билан Аллоҳга тоат-ибодат қиляпман, дея ҳоким қилиш лозимдир.
Шунингдек, банда ўзининг фойдасига бўладими ёки зарарига бўладими ёхуд ҳавойи нафсига тўғри келадими-йўқми Аллоҳнинг ҳукмини қабул қилиши шарт. Аллоҳ таоло айтади: “Йўқ, Парвардигорин-гизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагун-ларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65], “Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган — буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ишла-ридан ўзлари хоҳлаган нарсани ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир” [Аҳзоб: 36], “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50].
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Биронтангизнинг, токи унинг ҳавойи нафси мен олиб келган динга тобе бўлмагунча иймони комил бўлмайди”[2]. Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳадиснинг маъноси қуйида-гича: “Инсоннинг муҳаббати буйруқлар, қайтариқлар ва ундан бошқа шариатлардан иборат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлмагунча у комил иймонли мўмин бўлмайди. Инсон комил иймонли мўмин бўлиши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни яхши кўриши ва қайтарган ишларни ёмон кўриши фарздир. Дарҳақиқат, Қуръони Каримнинг бир неча ўринларида ушбу маъно такрорланиб келади, Аллоҳ таоло суйган нарсаларни ёмон кўрган ёки ёмон кўрган нарсаларни яхши кўрган бандалар кескин қораланади. Аллоҳ таоло айтади: “Бунга (яъни, ўлим соатидаги бундай азобга) сабаб, уларнинг Аллоҳни ғазаблантирган нарсага (яъни, мунофиқлик йўлига) эргашиб, У зотнинг ризолигини (яъни, мўминлар билан бирга кофирларга қарши жанг қилишни) ёмон кўрган-ларидир. Бас, Аллоҳ (уларнинг қилган яхши) амалларини ҳам беҳуда кетказди” [Муҳаммад: 28]… Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча жой-ларида мушрикларни ҳавойи нафсга эргашиш билан сифатлаб, шундай дейди: “Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар ва ҳаққа эргашмасалар, билингки, улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Аллоҳ томонидан бирон ҳидоят – ҳужжати бўлмаган ҳолда ўз ҳавойи нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!” [Қасас: 50]. Шунингдек, бидъатлар ҳам ҳавойи нафсни шариатдан устун қўйиш сабабидан пайдо бўлади. Шу боис, бидъатчилар “аҳли аҳво” деб номланди. Бошқа ҳар қандай гуноҳлар ҳам ҳавойи нафсни Аллоҳнинг муҳаббати ва Аллоҳ яхши кўрган нарсаларни яхши кўришдан устун қўйишдан келиб чиқади. Айни дамда шахсларни яхши кўриш борасида риоя қилиш фарз бўлган нарса – ҳар қандай шахсга бўлган муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динга тобе бўлиши лозим. Мўмин киши фаришталар, пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳид-лар ва солиҳлардан иборат Аллоҳ яхши кўрган бандаларни яхши кўриши фарздир” (Иқтибос тугади).
Ундан ташқари шундай ишлар борки, бу ишлар тавҳидга зид бўлган ва ислом динидан юз ўгириш – муртадликни келтириб чиқарадиган ишлардир. Аллоҳ таолонинг ҳаққида ёмон гумонга бориш ва Аллоҳнинг зикри бўлган бирон нарсани таҳқирлаш ана шулар жумласидандир.
Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга бориш:
Аллоҳ таоло тўғрисида яхши гумон қилиш тавҳид фарзларидан биридир. Аксинча, Аллоҳ ҳаққида ёмон гумон қилиш тавҳидга зид амалдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мунофиқларнинг У зот ҳаққидаги ноҳақ гумонлари хусусида шундай дейди: “Бошқа бир тоифа (яъни, мунофиқлар) эса Аллоҳ ҳақида ноҳақ, жоҳилиятчасига гумон қилиб, ўз жонларининг ғамига тушиб қолдилар. Улар: “Энди биз учун ҳеч қандай ғалаба бўлмайди”, дейишади. Айтинг (эй Муҳаммад): “Бутун иш Аллоҳнинг (қўлида)!” [Оли Имрон: 154]. Бошқа бир оятда мунофиқларнинг Аллоҳ таоло тўғрисида ёмон гумонга боришгани хусусида шундай дейилади: “Аллоҳ ҳақида (У Ўз пайғамба-рига ва мўминларга ғалаба бермайди деб) ёмон гумон қилувчи мунофиқ эркак ва аёлларни ҳамда мушрик эркак ва аёлларни азоблаш (учун мўминларни уларга қарши жиҳод қилишга буюрди). Уларнинг устига ҳалокат балоси тушгув-чидир. Аллоҳ улардан дарғазаб бўлди, уларни лаънатлади ва улар учун жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Нақадар ёмон жойдир у!” [Фатҳ: 6].
Имом Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ биринчи оят тафсири ҳақида шундай дейди: “Тафсир қилинишича, мунофиқлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пайғамбарига ғалаба бермайди ва унинг иши яқин орада инқирозга юз тутажак, деб гумон қилганлар. Шунингдек, мунофиқларнинг гумонича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошига тушган ишлар Аллоҳ-нинг тақдири ва ҳикмати билан юз бермаган. Бинобарин, мунофиқлар Аллоҳнинг ҳикмат соҳиби экани, барча ишлар Унинг тақдири билан юз бериши ва Расулининг дини комил бўлиб, Аллоҳ таоло бу динни барча динлар устидан ғолиб қилишини инкор қилганлар. Фатҳ сурасида зикр қилинган мунофиқлар ва мушрикларнинг ёмон гумонидан мақсад ҳам шудир. Бу гумоннинг ёмон бўлишига сабаб, мунофиқларнинг Аллоҳга, Унинг ҳикмати, ҳар ишда ҳамд-санога сазоворлиги ва рост ваъдасига нолойиқ бўлган ишларни гумон қилишганидир. Кимда-ким Аллоҳ таоло ботилни ҳақ устидан давомли равишда ғолиб қилиб қўяди ва шу йўсинда ҳақ йўқолиб кетади, деб ўйласа ёки юз берган барча ишлар Аллоҳнинг қазо-ю қадари ила бўлишини ёхуд Аллоҳ тақдир қилган барча ишлар Унинг етук ҳикматидан келиб чиқиб содир бўлгани ва унинг эвазига Аллоҳ таоло ҳамду санога сазовор эканини инкор этса, ана ўша кофир кимсаларнинг гумони бўлади. Кофир кимсаларга дўзахдан ҳалокат бўлсин! Кўпчилик одамлар ўзларига тааллуқли бўлган ишларда ҳам, бошқаларга тааллуқли ишларда ҳам Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга борадилар. Бу балодан Аллоҳни, Унинг исм ва сифатларини ҳамда ҳикмати ва ҳамди тақозо қилган нарсани яхши билан зотларгина саломат қоладилар. Бинобарин, ўзига фойда ва манфаатни раво кўргувчи доно инсон бу эътиқодга яхши эътибор қаратсин, Парвардигори ҳаққида қилган ёмон гумонидан Аллоҳга тавба қилиб, Ундан истиғфор сўрасин!
Ҳар қандай инсонни текшириб қарасангиз, унда тақдирга бўлган эътироз ва маломат борлигига гувоҳ бўласиз. Унинг фикрича, ишлар аслида мана бундоқ-ана ундоқ бўлиши керак. Кимга қараманг, унда озми-кўпми тақдирдан нолиш бор. Хўш, сиз ўзингизни бир текшириб кўрингчи, бу балодан саломатмисиз?!
Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда-ким “Аллоҳ пайғамбарига ёрдам бермайди, рисолатини комил қилмайди, пайғамбари ва унинг жамоатини қўллаб-қувватламайди, мўминлар шаънини кўтариб, душманлари устидан ғолиб ва устун қилмайди, Аллоҳ Ўз дини ва Китобини ҳимоя қилмайди, Аллоҳ ширкни тавҳид устидан, ботилни эса ҳақ устидан доимий ғолиб қилади, оқибатда тавҳид ҳам, ҳақ ҳам йўқолиб кетади, қайтиб уларга ғалаба насиб қилмайди”, деб гумон қилса, билингки, Аллоҳга ёмон гумон қилган, Аллоҳнинг улуғворлиги, камолоти ва сифатларига нолойиқ гумонга борган бўлади. Зеро, Аллоҳнинг ҳар ишда ҳамду санога сазовор экани, енгилмас ва қудратли зот, ягона ҳақ маъбуд экани у зот тўғрисидаги бундай гумонларнинг нотўғри ва қабиҳ гумон эканини, шунингдек, Аллоҳнинг ўз жамоати ва қўшинини хорлаши ҳамда охир-оқибат ғалаба ва доимий зафар Аллоҳга махлуқотларини тенглаштир-ган мушрикларга насиб қилиши имконсиз эканини кўрсатади. Кимда-ким Аллоҳ тўғрисида ана шундай гумонларга борса, муҳаққақ Аллоҳни танимаган, Унинг исм ва сифатларидан ҳамда комил зот эканидан бехабардир!
Кимда-ким мусулмонлар зиддига рўй бераётган воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг қазои қадари ила содир бўлаётганини, шунингдек, бу ва ундан бошқа Аллоҳ тақдир қилган ҳар қандай ишлар ортида етук ҳикмат ва мақтовга сазовор ғоя – мақсадлар ётишини инкор қилса, балки “бу ишлар бирон ҳикмат ва мақсаддан холи бўлган шунчаки пала-партиш хоҳиш натижаси-дир”, деб ўйласа, аниқки, Аллоҳни танимаган, Унинг Раб экани, мулку салтанати ва буюклигини англаб етмаган бўлади. Негаки, Аллоҳ таоло тақдир қилган барча ишлар ортида етук ҳикмат ва Аллоҳ рўёбга чиқишини яхши кўрган улуғ мақсадлар ётади. Бу мақсадларнинг юзага чиқиши йўлида Аллоҳ таоло баъзан Ўзи ёқтирмаган сабаб – воситаларни тақдир қилади. Ушбу сабабларни Аллоҳ таоло суймасада, бироқ уларни тақдир қилиши ҳикматдан холи эмас. Чунки бу сабаблар Аллоҳ таоло суйган мақтовга сазовор ғоя ва мақсадларга элтади. Бинобарин, Аллоҳ уларни бекорга тақдир қилмаган, беҳуда хоҳламаган ва ботил яратмаган бўлади. “Бу (яъни, улар беҳуда – бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Шундай экан, кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай!” [Сод: 27].
Кўпчилик одамлар, хоҳ ўзларига тааллуқли ишларда бўлсин, хоҳ бошқаларга тааллуқли ишларда бўлсин, Аллоҳ таоло тўғрисида ноҳақ ва ёмон гумонларга борадилар. Бундай бадгумондан Аллоҳни, Унинг исм-сифатларини, Аллоҳнинг комил ҳикмат соҳиби ва ҳар ишда ҳамд-санога сазовор эканини англаб етган зотларгина саломат қоладилар. Кимда-ким Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлса, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади. Кимда-ким “Аллоҳ таоло Ўзининг авлиёлари бўлмиш тақводор бандаларини, гарчи солиҳ амаллар қилиб, холис Ўзига ибодат қилсаларда, азоблаши, уларни Ўзининг душманлари билан тенг қилиши мумкин”, деса, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади. Кимда-ким “Аллоҳ таоло бандаларини уларга бирон нарсани буюрмай ёки тақиқламай беҳуда ташлаб қўяди, уларга пайғамбарлар юбормайди, китоблар нозил қилмайди, балки худди чорва моллари сингари ўз ҳолларига ташлаб қўяди”, деб ўйласа, билингки, Аллоҳ тўғри-сида ёмон гумонга борган бўлади. Кимда-ким “Аллоҳ таоло бандаларини охират диёрида савоб ёки жазо учун жамламайди, яхши амал қилганларни мукофот-лаб, ёмон амал қилганларни жазоламайди, бандала-рига ҳаёти дунёда талашиб-тортишган ишларининг ҳақиқатини баён қилмайди, бутун оламларга Ўзи ва Расулининг ростгўй экани ҳамда душманларининг ёлғончи эканларини ошкор қилмайди”, дея гумон қилса, албатта Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга борган бўлади.
Кимда-ким “Аллоҳ таоло банданинг холис Аллоҳ учун, Унинг буйруқларига бўйсуниб қилган солиҳ амалларини зое кетказади, банда томонидан содир этилган бирон сабабсиз бу амалларни ботил қилиб юборади, бандани қилмаган иши туфайли, на ихтиёри, на қудрати ва на хоҳиши бўлмаган иш сабаб, балки Аллоҳ таоло Ўзи қилган иши туфайли бандани азоблайди”, деб гумон қилса ёки “Аллоҳ таоло Унинг номидан ёлғон тўқиган душманларини одатда пайғамбарларига берадиган мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаши, бандаларини адаштириш учун уларга ана шундай мўъжизаларни ато этиши жоиз, Аллоҳдан содир бўлган барча ишлар яхши, ҳаттоки, бутун умрини Аллоҳга тоат-ибодатда ўтказган кимсани азоблаши, уни жаҳаннамнинг туби – асфаласофилинда абадий қолдириши, аксинча, бутун ҳаётини Аллоҳга, Расулига ва динига душманлик қилишга сарфлаган кимсага жаннатни инъом этиб, уни “Иллиййин”нинг энг юқори даражасига кўтариши мумкин, мазкур икки ишдан ҳар бири яхши-ёмонликда Аллоҳнинг наздида баб-баравар, бу икки ишдан бирининг мумкин экани ва бошқасининг имконсиз эканини фақат ростгўй хабарчининг хабари билангина билиш мумкин, акс ҳолда, ақлга қолса, бу икки ишнинг қай бири яхши-ю, қай бири ёмон эканини ажратолмайди”, деса, муҳаққақ Аллоҳ таолога ёмон гумон қилган бўлади.
Кимда-ким “Аллоҳ таоло Ўзи, сифатлари ва ишлари ҳақида зоҳиридан ботил ва ташбеҳ (Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиш) тушуниладиган сўзлар билан хабар берган, ҳақни эса четлаб ўтиб, уни бандаларга хабар қилмаган, балки ҳаққа далолат қиладиган чигал рамзлар, топишмоқсимон ишоралар қолдирган, ҳақни очиқчасига баён қилмаган, ташбеҳ ва ботилни эса ҳар доим очиқдан-очиқ баён қилган, бандаларидан Ўз каломини асл маъноларидан ўзга маъноларга буриш, нотўғри талқин қилиш йўлида мияларини, тафаккурларини чарчатишларини, каломи-ни талқин қилиш учун узоқ эҳтимоллар ҳамда тафсир ва баёндан кўра кўпроқ топишмоққа ўхшаш беўхшов изоҳлар қидириб топишларини хоҳлаган, исм ва сифатларини билиш борасида Ўзининг муқаддас китобига эмас, балки сўқир ақллари ва фикрларига мурожаат қилишга буюрган, бандаларидан (араб тилида нозил бўлган) каломини улар кундалик ҳаётларида сўзлашиб келган араб тили ва унинг қоидалари асосида тушунмасликларини хоҳлаган. Аллоҳ таоло бандаларига очиқча айтилиши лозим бўлган ҳақни ошкор қилишга, уларни ботил эътиқодларга етаклайдиган сўзлардан халос қилишга қодир бўлсада, бундай қилмаган. Аксинча, уларни ҳидоят ва баён йўлидан ўзга йўлга бошлаган”, деб гумон қилса, билингки, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади.
Бундай кимсалардан бири “Аллоҳ ҳақни очиқча таъбир қилишга қодир эмас”, деса, қудратли зот Аллоҳни ожизлик билан камситган бўлади. Ҳолбуки, унинг ўзи ва ундан олдин ўтган маслакдошлари ҳақни ошкора айтишга қодир бўлишгану, Аллоҳ таоло эса бундан ожиз қолган бўлиб чиқади. Агар унинг айтишича, “Аллоҳ ҳақни ошкора айтишга қодир-у, бироқ уни баён қилмаган, баён қилиш ва ҳақни ошкора айтишни қўйиб, маҳол ва ботил тушунчани англатадиган, балки бузуқ эътиқодга тушириб қўядиган сўзлар билан ҳақни ифода этган” бўлса, у ҳолда бундай кимса Аллоҳнинг ҳикмати ва раҳмати хусусида ёмон гумонга борган бўлади. Кимда-ким “у ва ундан олдинги маслакдошлари ҳақни ошкора таъбир қилишган-у, Аллоҳ ва Расули эса бундай қилмаганлар, ҳидоят ва ҳақ уларнинг сўзларида-ю, Аллоҳнинг каломи зоҳиридан эса фақат ташбеҳ ва залолат тушунилади, мушриклар ва ҳайрат ичра қолган кимсаларнинг каломи ҳидоят ва ҳақ”, деса, муҳаққақ Аллоҳга энг ёмон гумон қилган бўлади. Юқорида зикр қилинган кимсаларнинг барчалари Аллоҳ тўғрисида ёмон, ноҳақ ва жоҳилона гумон қилган кимсалардир” (Иқтибос тугади).
Дарҳақиқат, мазкур сатрларда Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ тўғрисида ёмон, ноҳақ ва жоҳилиятга оид гумон қилган кимсаларни баён қилади. Алломанинг батафсил сўзлари билан таниш-моқчи бўлганлар унинг “Зодул маод” асарига мурожаат қилишлари мумкин.
Манба: Ихлос орг веб саҳифаси
1)
[1] Тоғут – шайтон ёки Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган барча нарсалар.
[2] Ибн Аби Осим “Сунна”да (15), Табароний “Мўъжамил кабир”да, Абу Нуайм “Арбаийн”да, Хатиб “Тарих”да (4-жилд, 469-бет), Байҳақий “Мадхал”да (209), Бағавий “Шарҳи сунна”да (1-ж, 212-213-бетлар) ривоят қилишган. Ҳадисни Нававий, Ибн Ҳажар ва бошқалар саҳиҳ деган бўлсалар, бир жамоат муҳаддислар (жумладан, Ибн Ражаб Ҳанбалий “Жомеул улум вал ҳикам”да) заиф дейишган.