Закот
Категориялар
Full Description
Закот
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2012 - 1433
﴿الزكاة﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2012 - 1433
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين و بعد:
Закот
Закот калимаси луғатда икки маънода келиб, ҳар икки маъно ҳам шариати исломияда ўз ифодасини топгандир.
Биринчиси: ўниб-ўсиш.
Бунга далил Пайғамбар rнинг ушбу ҳадиси шарифларидир: "Мол-давлат садақа бериш билан озайиб қолмайди".
Зотан закот тижорат ва зироат каби ўниб ўсадиган мол-давлатлардан берилади.
Иккинчи маъноси: поклик- тозаликдир.
Дарҳақиқат, закот инсон нафсини бахиллик ва хасисилик разолатидан поклайди, гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлади.
Закот чиқариш нисобга етган тилло, кумуш ёки улар ўрнида муомалага қўйилган қоғоз пуллардан 100дан 2,5% ни чиқариш билан рўёбга ошади.
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ "Фатҳул-Борий" китобининг закот бобида шундай деганлар: закотнинг шаръий маъноси, нисобга етган мол-давлатдан оз бир қисмини мискин бечоралар сингари ҳақдорларига ато этишдир. Бироқ Росулуллоҳ ﷺ нинг насаби бўлмиш Ҳошимий ва Мутталибийлар закот ҳақдорларидан ҳисобланмайдилар... Дарвоқеъ, закотнинг битта рукни бор. У ихлосдир.
Закотнинг шартлари ҳақида гапирадиган бўлсак: закотнинг мол-давлатдаги шарти: бир йил мобайнида нисобга етадиган молга эга бўлишдир.
Закотнинг закот берувчидаги шартлари; унинг балоғат ёшига етган бўлиши, ақл-хуши жойида бўлиши ҳамда озод-ҳур бўлишидир.
Закотнинг шаръий ҳукми: закот чиқарган киши бўйнидан фарзларнинг бири соқит бўлиб, у учун охиратда ажр-савобнинг собит бўлишидир. Закот беришдаги ҳикмат нимадан иборат? – деган савол жавоби шундай: Закот бериш билан киши ифлосликлардан покланиб, улуғ мартабага эришади ва ўзининг озод банда эканлигини исботлайди". (иқтибос тугади).
Закотнинг фарзлиги
Ислом динининг учинчи рукни бўлган закотнинг қачон фарз этилгани тўғрисида уламолар ихтилоф қилишган. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ закот ҳижратнинг иккинчи йили фарз бўлганлигини қувватлаганлар.
Умуман олганда, закотнинг нечанчи йилда фарз бўлишидан қатиий назар, унинг Ислом динининг учинчи рукни ҳамда закот бериш мусулмонлар зиммасидаги фарз эканлигида ҳеч бир хилоф йўқ.
Бу улуғ ибодатнинг фарзлиги Қуръон, ҳадис ва ижмоъ билан собит бўлгандир. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ закотнинг фарзлиги тўғрисида "Фатҳул Борий" китобида ушбу далилларни келтирганлар: Оллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: { Намозни тўкис адо этингиз, закотни (ҳақдорларга) ато қилингиз }.
Ибн Аббос t ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ Муоз tни Яманга жўната туриб шундай деганлар: "Сиз уларни "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ" шаҳодат калимасини (айтишга) даъват қилинг, агар улар шунга итоат қилсалар, бас, сиз уларга Оллоҳ бир кеча кундузда зиммаларида беш вақт намозни фарз қилганлигини айтинг. Агар улар мана шунга ҳам итоат қилсалар, бас, сиз уларга Оллоҳ таоло бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган закотни мол-давлатларида фарз қилганини билдиринг..." (Бухорий 1395).
Абу Ҳурайра t ривоятида бир аъробий жаноб Росулуллоҳ ﷺ ҳузурига келиб: эй Муҳаммад, мени жаннатга киргизадиган бир амалга бошлангиз! – деди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ у кишига: "Оллоҳга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қилинг, фарз (қилинган) намозни тўкис адо этинг, фарз (қилинган) закотни ато қилинг ва Рамазон рўзасини тутинг!" –дедилар. Аъробий киши: жоним қўлида бўлган зотга қасамки, мана шулардан ортиқ ибодат қилмасман, деб ортига бурилиб кетгач жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Кимни аҳли-жаннатдан бир кишига қараш қувонтирса, мана шу кишига қарасин!", дедилар. (Бухорий 1397).
Яна имом Бухорий ривоятида Абдулоҳ ибн Аббос t шундай деганлар: Абул Қайс қабиласининг вакиллари Росулуллоҳ ҳузурига келишиб: эй Росулуллоҳ! Биз Рабиъа қабиласининг бир қишлоғи аҳлимиз. Сиз билан бизнинг ўртамизни Музар қабиласи кофирлари тўсиб турганлиги сабабли ҳузурингизга фақат ҳарам ойларидагина келишимиз мумкин. Шу боис, сиз бизни бир амалга буюрингки, токи биз уни сиздан ўрганиб, ортимизда қолганлармизни унга даъват қилайлик, дедилар. Шунда жаноб Росулуллоҳ ﷺ уларга: "Мен сизларни тўрт нарсага буюриб, тўрт нарсадан қайтараман",- деб муборак бармоқлари билан санаб: "Ла илаҳа иллоллоҳ" (шаҳодат калимаси) ни айтиб Оллоҳга иймон келтирингиз! Намозни тўкис адо этингиз! Закотни ато қилингиз ва ғаниматга тушган молнинг бешдан бирини (Байтулмолга) берингиз...! (Бухорий 1399).
* * *