×
Мақолада фаришталарнинг исмлари ҳақида сўз юритилиб унда баъзи фаришталарнинг номлари баён қилинади.

Малоикаларнинг номлари

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ أسماء الملائكة ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

Фаришталар номлари

Фаришталар номлари Қуръони карим ва саҳиҳ хабарларда умумий ва батафсил шаклда келган. Фаришталарнинг Қуръонда мужмал-умумий шаклда келган номлари қуйидагилардан иборат:

** Малоика, яъни фаршталар. Оллоҳ таоло айтади:

- {Кимки Оллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонмаса, демак у қаттиқ адашибди}.

** Жунуд – қўшинлар. Оллоҳ таоло айтади:

- {Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Оллоҳнинг Ўзигина билур}. (Муддасир 31).

** Ал-Ашҳад – гувоҳлар. Фаришталар қиёмат куни одамларнинг қилган амалларига гувоҳ ўтадилар. Шу боисдан, уларни Оллоҳ "Гувоҳ"лар, деб атади. Оллоҳ таоло айтади:

- {Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти-дунёда ҳам, гувоҳлар (фаришталар ҳозир бўлиб) турадиган Кунда ҳам ёрдам берурмиз}. (Ғофир 51).

** Ал-малаъул-аъло –фаришталар. Фаришталарнинг бир номи Ал-малаъул-аъло эканлиги ҳақида хабар бериб Оллоҳ таоло дейди:

{Мен учун (Одамнинг ер юзида халифа қилиниши тўғрисида Оллоҳ таоло билан) тортишаётган фаришталар ҳақида ҳеч қандай билим йўқ эди}. (Сод 69).

Қуръон ёки суннатда номи зикр этилган фаришталар

Қуръон ва саҳиҳ ҳадисларда Оллоҳ таолонинг муқарраб бандалари бўлмиш фаришталардан бир қанчасининг номлари ва улар ижро этадиган амаллар ҳақида батафсил хабар берилган. Қуръон ёки саҳиҳ ҳадисда Жаброил, Микоил, Исрофил, жаҳаннам ходими бўлмиш Молик, Мункар, Накир ҳамда Ҳорут ва Морут фаришталарнинг номлари зикр этилган.

Жаброил фаришта.

Бу фариштани Оллоҳ таоло Қуръони-каримда "Руҳ", "Руҳул-Амин" ва "Руҳул-қудус", деган номлар билан атаган.

Жаброилнинг юқорида зикр этилган номлари қайд этилган оятлар ушбулардир: Оллоҳ таоло айтди:

{Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда У зотнинг ҳузурига кўтарилур}. (Маориж 5).

{(Эй Муҳаммад), уларга Қуръонни "Руҳул-Қудус" (яъни Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собит қадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар бўлган ҳамда ҳаққирост нозил қилинганини айтинг}. (Наҳл 102).

Оллоҳ таоло айтади: {(Эй Муҳаммад), сиз (охират азобидан) огоҳлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин" (яъни Жаброил) очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди}. (Шуаро 193-195).

*** Микоил фаришта. Бу фаришта ҳам Қуръонда номи зикр этилган улуғ фаришталарнинг биридир.

Оллоҳ таоло айтади: {Ким Оллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албата Оллоҳ (бундай) кофирларга душмандир}. (Бақара 98).

*** Исрофил фаришта. Бу улуғ фаришта номи саҳиҳ суннатда келиб, жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида Жаброил, Микоил ва Исрофил каби Оллоҳ таолонинг улуғ фаришталарини ўртага қўйиб, қуйидаги дуони айтганлар: "Илоҳим, Жаброил, Микоил ва Исрофил (фаришталарнинг) Парвардигори, осмонлар ва ерни яратган, ғойбу шаҳодатни билувчи зот......". (Муслим).

*** "Молик" фаршита. Бу фаришта дўзах ходими бўлиб, унинг жаҳаннам ходими экани Қуръонда қуйидагича хабар берилган:

Оллоҳ таоло айтади: {Улар (кофирлар, дўзах ходими бўлган фариштага) "Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин", деб нидо қилганларида у: "Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар" - деди}. (Зухруф 77).

*** Мункар ва Накир фаришта. Қабрдаги савол жавобни олиб борувчи бу икки фаришта "Мункар" билан "Накир"нинг номи имом Термизий ривоятида келиб, унда жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: "Бирларингиз қабрга киритилгандан сўнг, унинг ҳузурига ранги рўйи кўкимтир қора бўлган икки фаришта ташриф буюради. Уларнинг бирининг номи Мункар, яна бириники эса Накирдир". (Термизий ривояти).

*** Ҳорут ва Морут фаришта. Бу икки фаришта Қуръонда хабар берилганидек одамларга сеҳр илмини ўргатиб, уларни синаш-имтиҳон қилиш учун ер юзига туширилган икки фариштадир.

Оллоҳ таоло айтади: {Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга тушурилган нарсаларга эргашадилар. Ҳолбуки, у фаришталар: "Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз) бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма", демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар}. (Бақара 102).

Юқорида зикр қилинган фаришталар, номлари Қуръон ёки саҳиҳ суннатда келган фаришталардир. Қуръон ёки саҳиҳ суннатда номи келмаган фаришталарнинг ҳаммасига умумий-мужмал тарзда иймон келтириш ҳар бир мўмин зиммасидаги вожибдир. Номлари Қуръон ёки саҳиҳ суннатда зикр этилмаган фаришталарни қандайдир номлар билан номлаб олиш аҳли суннат эътиқодида ножоиздир. Зеро, икки манбада номлари зикр этилмаган фаришталарнинг номлари ва саноғи Парвардигорга қоронғу эмас, алабатта. Оллоҳ таоло айтади: {Парвардигорингиз қўшинларини (яъни фаришталарни қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзи билур. У фақат инсонлар учун бир эслатмадир}. (Муддасир 31)..