Тавҳид ал-улуҳия
Категориялар
Full Description
Тавҳид ал-улуҳия
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ توحيد الألوهية ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:
Тавҳид ал-улуҳия
Тавҳид-улуҳия ёхуд айрим уламоларимиз истилоҳича Тавҳид-ибодат уч тавҳид бўлагининг иккинчисидир.
Улуҳия калимаси إله- калимасидан олинган. إله –маъноси; Тангри-дир. Парвардигорнинг "Оллоҳ"-деган исми аъзами мана шу "илоҳ" калимасидан олингандир.
الله- Оллоҳ калимасининг маъноси: Уни қалблар севиб-яхши кўриб, улуғлаб, раҳматидан умидвор, азобидан қўрқган ҳолда, фақат унинг ўзигагина таваккул қилиб сиғинадиган илоҳ-демакдир.
Қалблар яратувчиси Оллоҳ номи зикр қилинганда ором топишининг сирри ҳам шундандир. Зеро, башар қалби ўзидан ниҳоят улуғ, ҳожатларини беришга қодир бўлганидек, унга зарар етказишга ҳам қодир ёлғиз Оллоҳни зикр қилганда ором топади. Бу оромга етиш учун ягона йўл эса Оллоҳга иймон келтиришдир. Оллоҳ таолога иймон келтирган қалбга яратувчисининг ризосини исташдан кўра хуш ва ёқимли нарса мутлоқо бўлмас. Шу боис, қалбида заррача иймони бор киши ҳар замон Оллоҳ таолони янада яхшироқ танишга интилаверади. Бу эса дарҳақиқат, ҳар бир мўминнинг энг олий мақсади ва камолатидир. Инсу жинларнинг яратилишидан кўзланган олий мақсад: яратган зот Оллоҳга бирон кимса ёки нарсани шерик қилмасдан ибодат қилишлари эди. Ана шу нарсанинг рўёбга ошиши учун еру осмонлар яратилиб, бу нарсани одамларга дам-бадам эслатиб туришлари учун кетма-кет пайғамбарлар юборилди. Яратувчини ҳақ билиб, у зотга ўзи буюрганидек ибодат қилган бандалар учун жаннат, у зотга бўйинсунишдан бош тортган исёнкорлар учун эса дўзах яратилди. Инсонлару жинлар нима мақсадда яратилгани баёнида Оллоҳ таоло қуйидагича хабар берди: {Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим}. (Зориёт 56).
Бу оятда Оллоҳнинг ягона яратувчи экани ва барча тоат-ибодатлар бешерик ёлғиз Парвардигорга қилиниши шартлиги ифодаланган. Зеро барча нарсаларни яратиб, уларни тўғри солган ва бор махлуқот ризқини берувчи зот Оллоҳ эканини тан олишнинг ўзи, барча ибодатларга ҳақли зот ҳам ягона Оллоҳ эканини тан олишни тақозо қилади.
Табиийки, ҳар бир инсон ўзининг қандай дунёга келгани тўғрисида фикр юритади. У ўзига етадиган фойда ёки зарарлар ким тамонидан эканини билишга қизиқади. Ўзининг қандай вужудга келгани ва фойдаю зарарлар ким тамонидан эканини билгач, барча нарсалар очқичи қўлида бўлган зот парвардигорига яқинлашишга йўл истай бошлайди. Лекин минг афсуски, Оллоҳга етказадиган ягона йўл-пайғамбарлар йўли эканини одамларнинг кўплари билмайдилар. Оқибатда икки дунёни яратган ҳам, ризқи берувчи ҳам Оллоҳдир, деб эътироф қилганлар ибодат бобида Оллоҳга ширк келтириб қўядилар. Шу боисдан, кўп оятларда яратиш ва ризқ беришда ёлғиз бўлган Оллоҳ, ибодатда ҳам ёлғиз экани қайта-қайта таъкидланади. Оллоҳ таоло айтади: {Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди. Ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Оллоҳга тенглаштирманг}. (Бақара 21).
Демак, Оллоҳни танийман, деб бироқ У зотдан ўзгаларга ибодат қилаётган кимсалар, ҳақиқатда Оллоҳни танимаган, У зотнинг тавҳидини билмаган кўрлардир. Чунки тавҳид-улуҳия дуо, назир-нузур, қурбонлик сўйиш, таваккул ва тавба – ижобатлар каби ибодатларнинг барчаси ягона Оллоҳга қилинмоғини тақозо этади. Шу боисдан ҳар бир пайғамбар ўз қавмини фақатгина ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишларига даъват қилганлар. Оллоҳ таоло айтади: {(Эй Муҳаммад), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: "Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар менгина бордирман, бас, менгагина ибодат қилинглар", деб ваҳий юборгандирмиз}. (Анбиё 25).
Истисносиз Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуаъйб ва Иброҳим каби барча пайғамбарлар ўз қавмларини ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишлари-тавҳид-улуҳияга чақирганлар ва улардан ҳар бири ўз қавмига қарата шундай деганлар: {Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир}. (Аъроф 59).
Парвардигор ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад мустафога Иброҳим алайҳис-салом ҳам ўз қавмини ёлғиз Оллоҳ ибодатига даъват қилганини эслатиб, Анкабут сурасида шундай хабар берди: {Иброҳимни (эсланг), у ўз қавмига деган эди: "Оллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар! Агар билгувчи бўлсангизлармана шу сизлар учун яхшироқдир}. (Анкабут 16).
Бу борада Муҳаммад rга ваҳий қуйидагича нозил қилинди: {Айтинг (эй Муҳаммад), "Дарҳақиқат, мен Оллоҳга У зот учун динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг – бўйинсунгувчиларнинг аввали – пешқадами бўлишга буюрилганман}. (Зумар 11).
Бу оят тафсирида айрим муфассирларимиз бундоқ деганлар: эй Муҳаммад, сиз динингиз-барча ибодатингизни холис Оллоҳ учун қилинг. Махфий ва ошкоро амалларингизнинг ҳаммаси холис Оллоҳ учун бўлсин. Оллоҳ ризосини унинг фарзу-нафл ибодатларидан истанг! Чунки барча айбу нуқсонлардан пок, улуғ зот Оллоҳ ибодатларингиз холис ва ширкдан пок бўлгандагина ўз даргоҳида қабул айлайди. Ихлоснинг зидди ширкдир. Шикр аралашган ибодатларнинг ҳеч бирига Оллоҳ ҳожати йўқдир. {Албатта Оллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас}. (Нисо 48).
Дарҳақиқат, Қуръони-каримда Оллоҳга ширк келтириш, барча қилинган тоат-ибодатларнинг беҳуда кетишига сабаб бўлиши хабар берилган: {Агар улар (пайғамбарлар) мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди}. (Анъом 88).
Бу оятда Оллоҳга ширк келтириётган киши бордию пайғамбарлардек туну кун ибодат билан машғул бўлган зоҳид бўлса-да, лекин ибодатида Оллоҳга бирон нарса ёки кимсани шерик қилиб қўядиган бўлса, унинг қилган барча амаллари беҳуда-бефойда кетиши ифодаланган. Зотан пайғамбарлар Оллоҳга ширк келтириш у ёқда турсин, катта гуноҳлардан ҳам маъсум зотлардирлар.
Шунингдек ўтган пайғамбарлар умматининг амали ширк тўфайли беҳуда кетгани каби, уммати Муҳаммадиянинг амали ҳам Оллоҳга ширк келтириш билан беҳуда кетиши-ҳабата бўлиши ушбу: {Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: "Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан} -оятда ҳам яна бир бор таъкидланмоқда. (Зумар 65).
Ўтган оятларда шоҳиди бўлганингиздек, тавҳид айни одиллик, ширк эса энг катта зулм экани баён қилинди. Ҳақиқатда тавҳидни билган киши барча ибодатини холис Оллоҳ учун бажаради. Тавҳид нималигини билмасдан, кўпинча ўз билганидан қолмайдиган кимсалар эса Оллоҳга ширк келтириб, ширклари сабаб энг катта золимга айланадилар. Ширкнинг энг катта зулм, дейилишига сабаб: бу зулм парвардигор ҳаққига қилинган зулм эканидандир. Луқмони ҳаким ўғлига панди-насиҳат қилаётиб, Оллоҳга ширк келтириш энг катта зулм экани тўғрисида дедилар: {"Эй ўғилгинам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк катта зулмдир"}. (Луқмон 13).
Барча ибодатларга ҳақли илоҳ-худо ёлғиз Оллоҳ эканини билиш ва у зотга барча ибодатларни холис бажариш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вожиб экани ҳақида Оллоҳ таоло шундай дейди: {Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳларингиз учун ҳамда мўмин-мўмина(ларнинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Оллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезар жойларингизни ҳам, (охиратда) борар жойларингизни ҳам билур}. (Муҳаммад 19).
Оллоҳ таолога ўзимиз билиб-билмаган ҳолатда тоат-ибодатларимизда у зотга ширк келтириб қўйишимиздан паноҳ сўраймиз.