×
Ушбу сатрларда ошуро кунини қандай қилиб суннатга мувофиқ равишда бажариш ва у кунда нима учун рўза тутиш кераклиги ҳақида сўз юритилади.

    Ошуро куни қандай ва нима учун?

    ﴿يوم عاشوراء لماذا وكيف؟﴾

    ] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [

    Шамсиддин Дарғомий

    Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

    2009 - 1430

    ﴿يوم عاشوراء لماذا وكيف؟﴾

    « باللغة الأوزبكية »

    شمس الدين درغامي

    تحرير: شمس الدين درغامي

    2009 - 1430

    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала ман ла набийя баъдаҳ

    Оллоҳ таолонинг фазли ва карами ҳамда биз мўминларга бўлган раҳмати туфайли ҳозирда кўпчиликка Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари равшан бўлиб келмоқда. Ушбу суннатлардан бири Ошуро кунида рўза тутиш суннатидир. Оллоҳга ҳамдлар бўлсинки Ошуро кунининг суннатлиги ва унинг аҳамияти ҳамда бу кунда рўза тутиш ўтган бир йилга каффорот бўлиши кўпчилигимизга энди сир эмас. Бу суннатнинг муҳимлиги билингач, уни қандай йўл билан комил суратда амалга ошириш кераклигини билиш лозим бўлиб қолди.

    Шундай экан ушбу сатрларда ошуро кунини қандай қилиб суннатга мувофиқ равишда бажариш ҳақида сўз юритсак.

    Ошуро куни рўза тутишнинг ҳукми.

    Ошуро кунида рўза тутиш барча олимлар назарида бир овоздан мустаҳаб амалдур. Баъзи олимлар қатъий суннат ҳам дейишган. Имом Бухорий ўзларининг саҳиҳларининг "Ошуро кунининг рўзаси" деб номланган бобида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу ҳадисларини келтирадилар. Унда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Ушбу Ошуро куни сизларга бу кунда рўза фарз қилинмади, мен эса бу кунда рўза тутдим, ким рўза тутишни ҳоҳласа тутсин, ҳоҳламаганлар тутмасин"[1] деб марҳамат қиладилар. Бу ҳадисни имом Муслим ҳам ривоят қилганлар.

    Шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ айтадилар. "Ошуро кунида рўза тутган киши унга қўшиб тўққизинчи кунида ҳам рўза тутиши суннат бўлади. Чунки Росулуллоҳнинг бу борада энг охирги амаллари шу тарзда бўлган"[2]

    Бу кунларда рўза тутишнинг ҳикмати.

    Тўққизинчи кунда рўза тутишнинг ҳикмати: Ушбу кунда рўза тутиш Ошуро кунида рўза тутишга боғлиқ бўлиб, асосан бу амал яҳудларнинг амалига тўғри келиб қолмаслик учун қилинади. Яҳудлар фақат Ошуро кунида рўза тутадилар. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ошуро кунини рўзасига буюрган кўп ҳадисларда "холифу ал-яҳуд" яҳудларга хилоф қилинглар деб буюрадилар. Яҳуд ва насронийларга қолаверса бошқа динда эгаларига мансуб бўлган амалларга мос амал қилишдан нафақат Ошуро кунида, балки бошқа амалларда ҳам бундан қайтарилганмиз.

    Ўнинчи кунда рўза тутишнинг ҳикмати: Бу кунда буюк ҳодиса ва Оллоҳнинг энг катта мўжизаларидан бири денгиздан йўл очилиши содир бўлган экан. Ушбу кун Оллоҳнинг мўмин бандалари ва унинг буюк пайғамбарларидан бири Мусо алайҳиссалом ва унинг қовми нажот топиб, Оллоҳнинг душмани энг катта тоғут бўлмиш Фиръавн ва унинг қовми сувга чўкиб ҳалок бўлган кун. Биз бундай буюк тарихий ҳодисага хурсандчлик изҳор қилиб, Оллоҳ таолога шукр юзасидан, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу куннинг рўзасини ўзлари бошлаб берганлари учун рўза тутамиз.

    Ошуро куни рўзасининг мартабалари.

    Ошуро кунини олимларнинг гаплари ва ҳолатни хулоса қилиб уч поғонага ёки мартабага бўлишимиз мумкин.

    Биринчи мартаба: Мана шу уч мартабанинг энг афзали бўлиб, у ошуро кунинг олдидан бир кун ва оақасидан бир кун, яъни тўққизинчи, ўнинчи ҳамда ўн биринчи кунлари рўза тутишдур. Бу ихтиёрнинг афзаллиги шундаки, унда суннат ва унинг устига ортиқча нафл қўшилиб бир нечта фойдани қўлга киритилади. Чунки Ошуронинг суннати икки кун бўлганлиги саҳиҳ манбаларда собит бўлиб, учунчи кунда рўза тутиш Ошуро суннатиданми ёки ундан эмасми деган ихтилоф мавжуд. Бунга сабаб учинчи кун рўза тутиш кераклиги ҳақида ворид бўлган ҳадисни заифлиги бўлади. Имом Ибн Боз раҳматуллоҳи алайҳининг бу масалада қилган хулосаларини[3] бунга жўр қилишимиз мумкин. Бунга қўшимча равишда ушбу сабабларни келтириш фойдадан холий эмас.

    1- Унга бир ой рўзанинг ажри ёзилади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Осдан ривоят қилинган муттафақун алайҳи ҳадисда "ҳар ойдан уч кун рўза тутиш бир умр тўлиқ рўза тутишга тенг"[4] деб марҳамат қиладилар. Бунинг баёни ҳадисларда келшича Оллоҳ таоло битта савобга ўн баробар ажр марҳамат қилади. Демак бир ойда уч кун тутилган рўзанинг ажри ўша ойни тўлиқ тутганга ўхшайди. Банда шу тарзда ҳар ой уч кун рўза тутиб умрини охиригача давом этса, у бир умр рўза тутгандек бўлади.

    2- Умумий равишда Муҳаррам ойида рўза тутишлик Рамазон ойидан кейин тутиладиган рўзаларнинг афзали ҳисобланади. Бу бобда жуда кўплаб ҳадислар келган бўлиб улардан бири. Абу Ҳурайра розиёллоҳудан ривоят қилинади. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Рамазон рўзасидан кейин энг афзал рўза Оллоҳнинг муҳаррам ойидаги рўза, фарз намозлардан кейнги энга афзал намоз тунги (таҳжжуд) намоз "[5] деб марҳамат қиладилар.

    Иккинчи мартаба: тўққизинчи ва ўнинчи кунлардагина рўза тутиш. Ибн Аббос розиёллоҳу анҳудан имом Муслим ривоят қиладилар, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам "Агар келаси йилгача тирик бўлсам тўққизинчи кунни ҳам тутаман"[6] дедилар.

    Яна иб Аббосдан ривоят қилинади. Айтадиларки "Тўққизинчи ва ўнинчи кунини тутинглар, яҳудларга хилоф қилинглар"[7].

    Учинчи мартаба: Ошуро кунини фақат ўзидагина рўза тутиш. Ибн Аббос ва бошқа саҳобалардан ривят қилинади, айтадиларки "Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизларини ошуро куни рўза тутишга буюрдилар". Ҳадисда бошқа Ошуро кунидан бошқа кунларнинг зикри келмагани учун фақат ошуро кунида рўза тутиб қўйса бўлди дейишади.

    Ошуро кунида бошқа фазилатли ишлар зикр қилинмаган бўлиб, бу кунда бола-чақага кўпроқ нафақа қилиш керак, ҳайит кунига ўхшатиш керак ёки ундан бошқа нималардур қилинади деган гап келмаган.

    Оллоҳ таоло барчамизни мана шу кунни рўзасини тутиб, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг "ўтган бир йилга каффорот бўлади" деган башоратларига мушарраф бўлишга муваффақ қилсин.

    [1] Имом Бухорий ривоятлари. Ошуро куни рўза тутиш боби, 3-148, 2709-ҳадис.

    [2] Фатово ибн Таймийя 5-312.

    [3] Ибн Боз фатоволари. 15- 397.

    [4] Муттафақун алайҳи.

    [5] Сунан Аби Довуд. Муҳаррам ойи рўзаси боби. Албоний саҳиҳ деганлар.

    [6] Муслим ривояти.

    [7] Албоний бу ҳадисни исноди саҳиҳ деганлар.