×
No Description

Бу дунёда тоймагувчи туёқ борми?

Ёки, хато қилмагувчи ияк борми?

Барча инсон, барча осий. Ёки бунда,

«Покман» деган бирон-бир «оқсуяк» борми?
 

Фақат енгиб, енгилмаган билак борми?

Ҳар бир сўзи бомустажоб тилак борми?

Бирор марта хор бўлмаган шаҳар қайда,

Мадорасми, Пешоварми, Қандаҳорми?
 

Гиёҳ борми хорланмаган, хасланмаган?

Юрак борми маҳзун бўлиб, ғашланмаган?

Бирон марта ғам «кўрмаган» пешона йўқ,

Чашм ҳам йўқ намланмаган, ёшланмаган.
 

Журъат йўқдир иккиланиб, ушланмаган,

қувват ҳам йўқ ҳолсизланиб, бўшланмаган.

Фақат…менинг юрагимда ухлаб ётган,

Жуда улкан ғалаён бор, бошланмаган.
 

У ғалаён аскарларин уйғоғи йўқ.

Уйғонса гар, қайтадирган сиёғи йўқ.

қанотлидир ҳозирланган тулпорлари,

Мункиб, тойиб кетгудайин туёғи йўқ.
 

Демишлар-ки, «бир иш қилсанг, ўйланиб қил,

Майдонга сен чиқмагил ҳеч бўш кор билан»

Шундан менинг юрагимда исёнларим,

Ухлаб ётар тап тортмаган лашкар билан.