Ошуро кунининг бидъатлари
Категориялар
Full Description
Ошуро кунининг бидъатлари
] ўзбекча [
بدع يوم عاشوراء
[اللغة الأوزبكية ]
Муаллиф: Абу Тоййиб
عبد الله أبو طيب مؤلف:
Муҳаррир: Шамсиддин Дарғомий
مراجع: شمس الدين درغامي
Риёз шаҳри Рабва маҳалласи диний тарғибот бўлими
المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض
1429 – 2008
Ошуро кунининг бидъатлари
Ушбу мўъжаз мақола "Муҳаррам ойи ва Ошуро куни" номли аввалги рисоламизнинг узвий давоми бўлиб, унда Ошуро кунида баъзи одамлар томонидан амалга ошириладиган хато ва бидъат амаллар ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Шариати Исломияда қарор топган ўзгармас қоидалардан бири динда янги пайдо қилинган ишлар - бидъатларни рад этмоқдир. Зеро, Соҳибрисолат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдиларки: "Кимки, бизнинг бу ишимизда (динимизда) ундан бўлмаган бирон нарсани пайдо қилса, бас, у мардуддир!" Бошқа бир ҳадисда эса: "Кимки, бизнинг бу ишимизга (динимизга) тўғри келмайдиган биронта амални қилса, бас, у мардуддир!" - дейдилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Динда янги пайдо қилинган ишлар - бидъатларнинг нечоғли ёмонлиги ва зарарлилиги ушбу мисол тариқасида келтирилган икки муборак ҳадисдан ҳам яққол намоён бўлади. Бинобарин, бидъатлар қандай ниятлар билан йўлга қўйилишидан, қандай олийжаноб мақсадларда пайдо қилинишидан қатъий назар, рад қилинур. Негаки, улар бориб-бориб шариатга айланади. Шариат қонун-қоидалари, йўл-йўриқлари ва маросимлари эса фақат ва фақат Шореъ, яъни қонун чиқарувчи бўлмиш Аллоҳ ёхуд Унинг Расули томонидангина жорий қилиниб, У рухсат берган манбалардангина олинади. Шариат учун тўрт нарса манбадир: Китоб, Суннат, уламолар ижмоъси ва қиёс. Мазкур тўрт нарса мусулмонлар учун ҳужжат ҳисобланиб, буларга хилоф равишда чиқарилган ҳар қандай амал шак-шубҳасиз эгасига қайтарилур.
Бу сўзларни бу ерда айтишимиздан мақсад, йиллар оқими давомида одамлар томонидан пайдо қилиниб, одат тусига киришга улгурган Ошуро кунидаги айрим бидъат ва хато амалларга диққат-эътиборингизни қаратишдир. Шоядки, шундай қилсак, бир-бирларимизнинг устларимиздаги насиҳат ҳаққини озми-кўпми адо қилган бўлармиз.
Маълумки, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли набиралари Ҳусайн ибн Али разияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари, муаррихлар айтган сўзларнинг машҳурига кўра, Ошуро кунига тўғри келган эди. (“Ал-Бидоя ван-Ниҳоя”, 8-жилд, 137-саҳифа) Бу воқеа сабаб бўлиб, одамлар икки тоифага бўлиниб кетишди. Бир тоифа, яъни шиалар, рофизийлар бу кунни ўзларига мотам ва йиғи-сиғи куни қилиб олишди. Улар бу кунда рўза тутиб, суннатда келган амалларни қилиш ўрнига, мисли кўрилмаган даражадаги жоҳилий мотам намунасини кўрсатадилар. Қора либосга бурканган бу кишилар Ошуро кунида баданларини тимдалаб, юзларини қонатиб, телбаларча уввос солиб, тўс-тўполон кўтарадилар. Асли йўқ ҳадисларни тўқиб чиқариб, бидъатларини ривожлантиришга уринадилар. Бундай ғайриисломий хатти-ҳаракатлар ҳар хил тоифа ва мазҳабларга мансуб бўлган мусулмонлар ўртасида фитначилар, мунофиқлар ва ғайридинлар томонидан пайдо қилинган гина-кудурат ва адоват жарини тобора чуқурлаштириш билан бир қаторда тарих қатларида қолиб, кўмилиб кетган воқеаларни қабрдан қазиб чиқариб, шу орқали мусулмонлар орасида таассуб, ғазаб ва нафрат оловини алангалантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида ўзини аҳли суннаданман деб даъво қиладиган баъзи бир тоифадаги одамлар ҳам биринчи тоифанинг аччиғини келтириш учун бу кунда хурсандчилик ва шодиёналар қилиш ҳақида тўқима ривоятлар ўйлаб топишди. Ҳолбуки, ҳар иккала тоифа ҳам аҳли сунна вал-жамоанинг йўлидан тойиб кетганлар.
Келинг, бу ҳолатлар ҳақида Ислом уламолари томонидан айтилган сўзларга қулоқ тутайлик:
1. Шайхул-Ислом Ибн Таймия айтадилар: "Бир тоифа одамлар (шиа ва рофизийлар) Ошуро кунини мотам, қайғу ва дод-вой куни қилиб олган бўлиб, у кунда юзга уриб, кийимни йиртиб, жоҳилият давридаги каби аза тутадилар. Ғам-ғуссали қасидаларни куйлайдилар, ростидан кўра ёлғони кўп бўлган турли фасод хабарларни ривоят қиладилар. Бу хабарларнинг ичида рости бўлса, у ҳам фақат қайғу ва мутаассибликни янгилаш учун, адоват ва низони пайдо қилиш учун ва Ислом аҳли ўртасига фитна уруғларни сочиш учунгина хизмат қилади. Ва улар бундай хабарларни ўтмишда ўтиб кетган одамларни сўкиш ва ҳақоратлаш учун восита қиладилар. Бу тоифанинг Ислом аҳлига келтирадиган зарари ва ёмонлигининг кўламини энг нотиқ, сўзамол одам ҳам бир гапиришда санаб бериши амри маҳолдир". ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 165-166-саҳифалар)
2. Шайхул-Ислом давом этадилар: "Аҳли сунна мазҳабини ниқоб қилган бир тоифа жоҳил кимсалар эса биринчи тоифага қасдма-қасдига Ошуро кунининг фазилатлари ва у кунда қувонч изҳор қилиш ва шодиёнали маросимларни ўтказиш ҳақида асли-таги йўқ ҳадисларни тўқиб чиқаришди. Улар бу билан биринчи тоифанинг аламини келтиришни қасд қилдилар ва фасодни фасод билан, ёлғонни ёлғон билан, бидъатни бидъат билан қарши олдилар". ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 166-саҳифа)
"Ҳар иккала тоифа ҳам аҳли сунна йўлидан четга чиққан бидъатчилардир. Биз ҳар иккала гуруҳдан ҳам бегонамиз. Ҳақиқий аҳли сунна эса бу кунда рўза тутиш каби Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буюрган ишларнигина қиладилар, шайтон буюрган бидъат ишлардан узоқ бўладилар". ("Ал-Мавзуъот", 2-жилд, 567-саҳифа; "Ал-Манорул-муниф фис-саҳиҳи ваз-заиф", 89-саҳифа)
3. "Ошуро кунида баъзи одамлар одат қилганлари кўзга сурма суриш, чўмилиш, хина суриш, (бу кун билан табриклаш мақсадида) қўл бериб кўришиш, дон-дунларни пишириш, хурсандчиликни кўз-кўз қилиш ва ҳоказолар каби ишлар борасида на Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирон-бир саҳиҳ ҳадис ворид бўлган, на Ул зотнинг асҳобларидан бирон-бир хабар келган. Бу нарсаларни мусулмонларнинг имомларидан на тўрт имом ва на бошқаларидан биронталари ҳам хуш кўрмаган. Шунингдек, муътамад (ишончли) китоблар соҳибларидан биронталари ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, У кишининг асҳоблари ва тобеинлардан бу ҳақда ҳеч нарса ривоят қилишмаган. На саҳиҳларда, на сунанларда ва на муснадларда бу ҳақда на саҳиҳ ва на заиф бир хабар келган. Бундай ривоятларнинг биронтаси муфаззал қилинган асрларда ҳам билинган эмас..." ("Фатволар тўплами", 25-жилд, 160-161-саҳифалар)
4. Ошуро кунида оила аъзоларига кенгчилик яратишга ундовчи ушбу ҳадисга келсак: "Кимки Ошуро кунида аҳли оиласига кенгчилик туғдирса, Аллоҳ у кишига йил бўйи кенгчилик қилади", Албоний бу ҳадис ҳақида шундай дейдилар: "Бу ҳадиснинг барча ривоят йўллари заиф бўлиб, баъзиларининг заифлиги баъзиларидан баттарроқдир". ("Заифут-тарғиб ват-тарҳиб", 1-жилд, 313-саҳифа)