Шомдан олдин икки ракаат намоз ўқиш ҳукми
Категориялар
Манба
Full Description
Шом намозининг азони ва иқомати орасида икки ракаат намоз ўқиш ҳукми
حكم الركعتين بين أذان المغرب وإقامتها
الاوزبكية > - ўзбекча - uzbek<
Иброҳим Асарий
إبراهيم الأثري
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Савол:
Ассалому алайкум.
Ҳадисларда шом намозидан олдин енгилгина икки ракаат нафл намози ўқилиши айтилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни хоҳлаганлар ўқисин, деб айтганлар. Саҳобалар бу намозни ўқишгани ҳақида ҳам ривоятлар келган. Лекин Ҳанафий мазҳабимизда бу вақтда нафл ўқиш макруҳ, деб фатво берилган. Бунга сабаб қилиб, шом намозини кечиктирмаслик ҳақидаги ҳадис келтирилган. Бизларга аҳли суннат олимлари иттифоқ қилган рожиҳ қавлни баён қилиб берсангиз.
Аллоҳ хайрли ишларингизда барокат ато қилсин!
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!
Савол йўллаган биродаримиз ўз саволида “аҳли суннат олимлари иттифоқ қилган" деган иборани қўллаган. Шуни айтиб ўтиш лозимки, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга нисбат берилувчи ҳанафий мазҳаби “аҳли суннат ва жамоат"га мансуб мўътабар мазҳаблардан биридир. Қолаверса, ушбу масала “аҳли суннат ва жамоат" уламолари иттифоқ қилмаган, балки улар бу борада ихтилоф қилган масалалардан биридир.
Дарҳақиқат, шом намозига айтилган азон ва иқомат (такбир) орасида нафл намоз ўқиш борасида уламолар уч хил фикр билдиришган:
1) Бу вақт орағилиғида нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлиб, бироқ унинг мустаҳаблиги фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган “равотиб" суннат намозларининг мустаҳаблик даражасида эмас. Бу фикр имом Шофеий, аҳли ҳадис, Табарий, Ибн Ҳазм, Ибн Ҳажар, Ибн Таймия, Ибнул Қаййим, Санъоний, Шавконий, шунингдек, замондош уламолардан Ибн Боз, Албоний, Ибн Усаймин ва Саудия Доимий Фатво Қўмитасининг фикрларидир.
2) Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, мазкур вақтда нафл намоз ўқиш макруҳ ҳисобланади.
3) Ҳанбалий мазҳабидаги мўътабар фикрга кўра, бу вақтда нафл намоз ўқиш жоиздир.
Бу масалада биринчи фикр эгалари келтирган далиллар қувватли ва саҳиҳлиги боис уларнинг фикрлари рожиҳ ҳисобланади.
Улар ўз фикларига қуйидаги ҳадис ҳамда саҳоба ва тобеинларнинг сўзларини далил қилиб келтиришган:
1- Абдуллоҳ ибн Муғаффал Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шом намозидан олдин (нафл) намоз ўқинглар", деб уч бор такрорлаб, учинчисида инсонлар буни суннат (яъни доимий одат ёки фарз намозлардан аввал ва кейин ўқиладиган доимий суннат намозлари каби) қилиб олмасликлари учун “хоҳлаган киши (ўқисин)" дедилар [Бухорий: 1183].
Ҳадисдаги “Инсонлар буни суннат қилиб олмасликлари учун", деган сўзни изоҳлаб Имом Табарий шундай дейди: “Ровий ушбу сўзи билан шом намозидан олдин нафл намоз ўқиш мустаҳаб эмаслигини назарда тутмаган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мустаҳаб бўлмаган ишга буюришлари мумкин эмас. Аксинча, мазкур ҳадис ушбу намознинг мустаҳаб эканига далолат қиладиган кучли далиллардан ҳисобланади. “Суннат" деган сўзнинг маъноси – доимий одат ва шариат қилиб олиш демакдир. Гўёки бу сўздан мақсад, шом намозидан аввал ўқиладиган нафл намоз фарз намозлардан олдин ёки сўнг ўқиладиган доимий суннат намозлари мартабасидан пастроқ эканидир" [Фатҳул Борий, 3/60].
Абу Довуд (1281) ривоятида “Шом намозидан олдин икки ракаат намоз ўқинглар", деб келган.
Ибн Ҳиббон ривоятида эса “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомдан олдин икки ракаат намоз ўқидилар", деб келган [Саҳиҳи Ибн Ҳиббон, 1588. Санади ҳасан].
2- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешво саҳобаларини шом (намозига азон айтилган) вақтда (нафл намоз ўқиш учун масжид) устунларига шошиб борганларини кўрганман" [Бухорий: 503].
3- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Мадина шаҳрида эканимизда, агар муаззин шом намозига азон айтса, саҳобалар (масжид) устунларига шошиб бориб, икки ракаат-икки ракаат намоз ўқир эдилар. Ҳаттоки (Мадина аҳлидан бўлмаган) бегона инсон масжидга киргудек бўлса, нафл намоз ўқувчиларнинг кўплигидан шом намози ўқиб бўлинган шекилли, деб ўйлаб қолар эди" [Муслим: 837].
4- Катта тобеинлардан бўлмиш Зир ибн Ҳубайш роҳимаҳуллоҳ айтади: “Абдурраҳмон ибн Авф ва Убай ибн Каъб шом намозидан олдин икки ракаат намоз ўқишар эди" [Абдураззоқ “Мусаннаф"да (2/434) ривоят қилган].
Мазкур масала хусусида бошқа саҳобаларнинг асарлари ҳам бор. Шу сабабдан ҳам Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Бу (яъни шом намози олдидан нафл намоз ўқиш) хусусида келган ҳадис ва асарлар бениҳоят кўпдир!" [Масоили Аҳмад, ўғли Абдуллоҳ ибн Аҳмад ривояти, 96-бет], валлоҳу аълам.
Мазкур масалани янада батафсилроқ ёритиш мақсадида, тез орада саҳифамизда бунга доир махсус мақола чиқариш режамиз бор, иншааллоҳ. Мақолада ҳар бир фикр эгаларининг далиллари ва уларга қаратилган эътирозлар билан танишишингиз мумкин.
Шом,суннат,мустаҳаб,азон,иқомат