×
Ушбу мақолада энг фазилатли дамлардан ҳисобланган Қадр кечасини фазилатлари ва хусусиятлари ҳақида сўз юритилади.

Энг фазилатли дамлар

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

أفضل الأوقات الشرعية
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

 Энг фазилатли дамлар

Рамазон ойи ойларнинг энг фазилатлисидир. Рамазоннинг охириги ўн кечаси Зулҳижжа ойининг илк ўн кечасидан кўра фазилатлироқдир, чунки ушбу кечаларда Қадр кечаси бордир. Зулҳижжа ойининг илк ўн кунининг кундузлари Рамазон ойининг охириги ўн кунининг кундузларидан афзалдир, чунки уларда Қурбон байрами бордир. Жумъа куни ҳафта кунларининг энг фазилатлиси бўлса, Қурбон байрами куни йил кунларининг энг фазилатлисидир. Қадр кечаси эса, йил кечаларининг энг фазилатлисидир.

Қадр кечасининг фазилати

Қадр кечаси қадри улуғ бўлган кечадирки, унда ҳар бир ҳикматли, аниқ ишлар ажратилиб, ҳал қилинади ва ўша йилдаги ризқи рўзлар, ажаллар ва воқеаю ҳодисалар белгиланади.

Қадр кечаси Рамазоннинг охириги ўн кечасининг тоқ кечаларида бўлади, деб умид қилинади. Янада таъкидлироқ бўлгани йигирма еттинчи кечадир.

Оллоҳ таоло бандалар кўпроқ ибодат қилсинлар ва кўпроқ ажру савобга эга бўлсинлар, дея худди жумъа кунидаги дуолар мустажоб бўлган вақтни яширгани каби Қадр кечасини Рамазоннинг охириги кечаларига яширди.

Қадр кечасининг хусусиятлари

Қадр кечаси минг ойдан, яъни 83 йилу, 4 ойдан ҳам яхшироқдир. Бу эса ушбу уммат — уммати Муҳаммадиянинг хусусиятларидандир. Шундай экан, бу кечани ибодат билан, зикр ва истиғфорни кўпайтириш билан, бу кечада айтилиши ворид бўлган дуони кўпайтириш билан бедор ўтказиш, иҳё қилиш мустаҳабдир. Бунга далил:

1. Оллоҳ таоло деди:

Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан (бошлайман).

“1. Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик.

2. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз?

3. Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир.

И з о ҳ . Демак у кечада қилинган тоат-ибодат ҳам минг ойлик ибодатдан яхшироқ бўлади.

4. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил алайҳис-салом) Парвардигорларининг изни-ихтиёри ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар билан (осмондан заминга) тушурлар.

5. У (кеча) то тонг отгунича тинчлик-омонликдир” (Қадр сураси, 1-5).

2. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Ким Қадр кечасини иймон билан ва Оллоҳдан савоб умид қилиб, ибодат билан бедор ўтказадиган бўлса, ўтган гуноҳлари кечириб юборилади” (Муттафақун алайҳи).

3. Оиша разияллоҳу анҳо: “Эй Оллоҳнинг расули! Агар Қадр кечасига мувофиқ келсам, нима деб дуо қилай?”, деди.

“Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва, фаъфу анний”, дегин, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Дуонинг маъноси: “Эй Оллоҳ, Сен кечиришни яхши кўрадиган Кечиримли зотсан, мени кечиргин!” (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

* * *