×
Ушбу мақола дин учун даъват қилиш ва динга хизмат қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритади.

Дин учун ҳаракат барчанинг вазифаси

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Шайх Муҳаммад Сарҳон

Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший

2013 - 1434

العمل للدين مسؤولية الجميع

« باللغة الأوزبكية »

محمد سرحان

ترجمة: أبو جعفر البخاري

مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

2013 - 1434

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Оллоҳ таолога ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин!

Сўнг ...

Илм талабаларидан бири Африканинг номаълум бурчакларига Оллоҳ йўлига даъват қилиш учун борганини айтиб берди:

– Йўлнинг олислиги ва ҳаво ҳароратининг баландлиги туфайли қаттиқ қийналиб, анчагина пулларимни сарфлаб, фаровонлиги етарли бўлмаган шаҳарга етиб келдим ва ўша кечаси дам олдим. Эртаси куни эрталаб шаҳар билан танишмоқчи бўлдим ва кўчалардан бирида оқ танли европалик жувонни учратдим. "Унинг табиати ўз мамлакатининг табиатидан тубдан фарқ қиладиган, фаровонлик ва маданиятнинг асари бўлмаган бу давлатда нима иши бор экан?", – деб ҳайратга тушдим. Атрофдаги одамлардан у ҳақда сўрасам: "У, маҳаллий аҳолини саккиз йилдан бери насроний динига чақиради!", – дейишди. Даъват йўлида қилган ишларимнинг озлигидан уялиб кетдим ва бор кучимни даъватга сафарбар қила бошладим.

Бошқа бир талаба ҳикоя қилади:

– Мен ўз ватанимдан чиқиб, Европада ўқиб диплом олмоқчи бўлдим. Европада яшар эканман кунларнинг бирида эрталаб квартирамнинг эшигини биров таққиллатиб қолди. Эшикни очсам бир жувон турибди. У мендан бир неча дақиқамни олишга ва Ийсо алайҳиссалом ҳақида муждалар беришга ижозат сўради. Мен эшикни унинг юзига ёпдим. Бироқ, жувон эшигим олдида ярим соатча қолиб, баланд товушда ўз истакларини айтгачгина кетди!

Япония ҳукумати "Японияда ишлаб чиқарилаётган моторларнинг отаси" лақабини олган доктор Осаҳирони докторлик диссертациясини ёқлаши учун Европага юборади. Бироқ, олмон устози унга ўқиб ўрганиши учун (техникадан бошқа мавзуларга оид) китоблар бера бошлайди. Бу ҳақда самурайлар оиласига мансуб Осаҳиро шундай дейди:

– Агар мен унинг насиҳатларига қулоқ солсам бирон нарсага эриша олмас эдим. ... Мен темир, мис ва бошқа металларни эритувчи заводларга борар, улардан ўрганиш учун иш коржомаларини кияр, ҳатто, тамадди қилаётган ишчиларга хизмат қилар эдим. Шундай бўлсада, аслида, мен Япония учун хизмат қилар эдим. Япония равнақи йўлида хизмат қилиш олдида бошқа нарса ҳеч гап эмас!

Доктор Осаҳиро шундай изланишлари натижасида барча нарсалари Япониянинг ўзиники бўлган моторни ишлаб чиқарди.

Буларнинг барчаси, ботил аҳлининг ботил нарсалари учун кўрсатган фидокорлик намунасидир. Шундай экан, менинг ва сизнинг динимиз учун фидокорлигимиз қаерда?!

Менинг ва сизнинг Оллоҳ йўлидаги ҳаракатимиз қаерда?!

Доктор Осаҳиро: "Япония равнақи йўлида хизмат қилиш олдида бошқа нарса ҳеч гап эмас!", – деди. Хўш, биз учун Ислом дини ҳаёт ва ҳаётдаги барча нарса олдида аҳамиятлими?!

Ислом дини учун ҳаракат қилиш, Оллоҳ йўлида фидокорлик, Ислом байроғини юксалтиш, Исломнинг барча халқ ва динлар устидан олий бўлиши учун интилиш, халифаликнинг қайта келиши, Ислом умматини Оллоҳнинг дини билан жаҳонга йўлбошчи қилиш, бутун инсониятни оламлар Раббисига банда қилиш – бир шахс ёки муайян жамоатнинг масъулияти эмас. Аксинча, ўз кучи, тоқати ва имкониятига қараб, ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир.

Биз ўз жонимизни қутқариш, дунё ва охиратимизниг бахту саодати учун ушбу солиҳ амал ва фидокорликка муҳтожмиз. Бунга динимизнинг ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ! Чунки Ислом дини ўз таркиби билан қудратли ва ғолибдир. Зеро, у – ҳақиқат, бошқа динлар эса ботилдир. Шунинг учун ҳам, мусулмонларнинг кучсиз ва ожиз бўлишларига қарамай Ислом дини дунёнинг чор атрофига тарқалиб, унга юзлаб балки минглаб одамлар кириб келмоқда.

Келинглар, Яъқуб алайҳиссаломнинг охирги нафасини олаётган пайтида ҳаёти давомида бирга яшаб, барча қийматли нарсаларини сарф этган ғоясидан хотиржам бўлиш учун фарзандларини тўплаган манзарага кўз ташлайлик:

﴿ أَمۡ كُنتُمۡ شُهَدَآءَ إِذۡ حَضَرَ يَعۡقُوبَ ٱلۡمَوۡتُ إِذۡ قَالَ لِبَنِيهِ مَا تَعۡبُدُونَ مِنۢ بَعۡدِيۖ قَالُواْ نَعۡبُدُ إِلَٰهَكَ وَإِلَٰهَ ءَابَآئِكَ إِبۡرَٰهِ‍ۧمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِسۡحَٰقَ إِلَٰهٗا وَٰحِدٗا وَنَحۡنُ لَهُۥ مُسۡلِمُونَ ١٣٣ ﴾ [البقرة: ١٣٣]

«(Эй яҳудийлар) ёки Яъқубга ўлим келгач, у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?» — деганида: «Сенинг тангринг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг тангриси бўлмиш ягона Оллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг ўзигагина бўйинсунувчилармиз», деб жавоб қилганларига гувоҳ бўлганмисизлар?». (Бақара: 133).

Яъқуб алайҳиссалом иймон билан вафот этишнинг ўзигагина қониқмади, аксинча, фарзандлари ва умматининг келгусида Оллоҳ таолога ибодат ва итоатда бўлишлари ҳақида ҳам қайғурди.

Бобоси Иброҳим алайҳиссалом ҳам шундай қайғуда бўлган эди:

﴿ وَوَصَّىٰ بِهَآ إِبۡرَٰهِ‍ۧمُ بَنِيهِ وَيَعۡقُوبُ يَٰبَنِيَّ إِنَّ ٱللَّهَ ٱصۡطَفَىٰ لَكُمُ ٱلدِّينَ فَلَا تَمُوتُنَّ إِلَّا وَأَنتُم مُّسۡلِمُونَ ١٣٢ ﴾ [البقرة: ١٣٢]

«Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу динни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Оллоҳ сизлар учун шу динни танлади. Бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина дунёдан ўтинг!». (Бақара: 132).

Иброҳим алайҳиссаломнинг набираси Юсуф алайҳиссаломнинг бошига келган зиндон, зиндондаги зулм ва аламлар ҳаётидаги асосий вазифа – дин учун ҳаракат қилиш ва Оллоҳ йўлига даъват қилишдан чалғита олмади. У, тушларининг таъбирини сўраб келган икки кишини Оллоҳнинг йўлига чақирди:

﴿ يَٰصَٰحِبَيِ ٱلسِّجۡنِ ءَأَرۡبَابٞ مُّتَفَرِّقُونَ خَيۡرٌ أَمِ ٱللَّهُ ٱلۡوَٰحِدُ ٱلۡقَهَّارُ ٣٩ مَا تَعۡبُدُونَ مِن دُونِهِۦٓ إِلَّآ أَسۡمَآءٗ سَمَّيۡتُمُوهَآ أَنتُمۡ وَءَابَآؤُكُم مَّآ أَنزَلَ ٱللَّهُ بِهَا مِن سُلۡطَٰنٍۚ إِنِ ٱلۡحُكۡمُ إِلَّا لِلَّهِ أَمَرَ أَلَّا تَعۡبُدُوٓاْ إِلَّآ إِيَّاهُۚ ذَٰلِكَ ٱلدِّينُ ٱلۡقَيِّمُ وَلَٰكِنَّ أَكۡثَرَ ٱلنَّاسِ لَا يَعۡلَمُونَ ٤٠ ﴾ [يوسف: ٣٩، ٤٠]

«Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ — турли-туман «худолар» яхшироқми ёки ягона ва ғолиб Оллоҳми? Сизлар эса, У зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар-бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Оллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Оллоҳникидир. У зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар». (Юсуф: 39, 40).

Фиръавн хонадонидан бир мўмъмин киши кейинроқ Мусо алайҳиссалом замонида тилга олганидек, Юсуф алайҳиссалом салтанат ва қиролликни қўлга киритгач ҳам ўзининг асосий вазифасидан чалғимади:

﴿ وَلَقَدۡ جَآءَكُمۡ يُوسُفُ مِن قَبۡلُ بِٱلۡبَيِّنَٰتِ فَمَا زِلۡتُمۡ فِي شَكّٖ مِّمَّا جَآءَكُم بِهِۦۖ حَتَّىٰٓ إِذَا هَلَكَ قُلۡتُمۡ لَن يَبۡعَثَ ٱللَّهُ مِنۢ بَعۡدِهِۦ رَسُولٗاۚ ........ ﴾ [غافر: ٣٤]

«Дарвоқеъ илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа-гумон қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида эса: «(Энди Юсуфдан) сўнг Оллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас», дединглар». (Ғофир: 34).

Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўққиз юз эллик йил Ислом динига чақирди. Бироқ қавми унинг чақириғини ўжарлик ва куфр билан кутиб олди:

﴿ وَإِنِّي كُلَّمَا دَعَوۡتُهُمۡ لِتَغۡفِرَ لَهُمۡ جَعَلُوٓاْ أَصَٰبِعَهُمۡ فِيٓ ءَاذَانِهِمۡ وَٱسۡتَغۡشَوۡاْ ثِيَابَهُمۡ وَأَصَرُّواْ وَٱسۡتَكۡبَرُواْ ٱسۡتِكۡبَارٗا ٧ ﴾ [نوح: ٧]

«Дарвоқе, ҳар қачон мен уларни Сенинг мағфиратингга (сабаб бўладиган дин йўлига) даъват қилсам улар (менинг сўзларимни эшитмаслик учун) бармоқларини қулоқларига тиқиб, (мени кўрмаслик учун юзу кўзларига) оёқ тираб турдилар ҳамда (менга итоат этишдан бош тортиб) кибр-ҳаво қилдилар». (Нуҳ: 7).

Шундай бўлсада, Нуҳ алайҳиссалом даъватида давом этди ва: "Улардан бирон яхшилик чиқмайди?" ёки "Улардан бирон нарсани умид қилинмайди?", – демади. Аксинча, кечаю кундуз демай шахслар ва жамоатларни жаннатга тарғиб қилиб, жаҳаннамдан огоҳлантириб даъват қилишда давом этди:

﴿ ثُمَّ إِنِّي دَعَوۡتُهُمۡ جِهَارٗا ٨ ثُمَّ إِنِّيٓ أَعۡلَنتُ لَهُمۡ وَأَسۡرَرۡتُ لَهُمۡ إِسۡرَارٗا ٩ فَقُلۡتُ ٱسۡتَغۡفِرُواْ رَبَّكُمۡ إِنَّهُۥ كَانَ غَفَّارٗا ١٠ يُرۡسِلِ ٱلسَّمَآءَ عَلَيۡكُم مِّدۡرَارٗا ١١ وَيُمۡدِدۡكُم بِأَمۡوَٰلٖ وَبَنِينَ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ جَنَّٰتٖ وَيَجۡعَل لَّكُمۡ أَنۡهَٰرٗا ١٢ مَّا لَكُمۡ لَا تَرۡجُونَ لِلَّهِ وَقَارٗا ١٣ ﴾ [نوح: ٨، ١٣]

«Сўнгра, мен уларни ошкора (яъни, одамлар тўпланган жойларда баланд овозда) даъват этдим. Сўнгра мен уларга (ўз даъватимни) очиқ эълон ҳам қилдим, пинҳона сир қилиб ҳам айтдим. Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Оллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур. Нега сизлар Оллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайсизлар?!». (Нуҳ: 8 – 13).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка шаҳрида Оллоҳ йўлига даъват этар, бор кучини аямас эди. Мушриклар Уни рад этиб даъватга қарши ўжарлик қилишган пайтда, даъват учун янги майдонларни очиш учун Тоиф сари йўл олдилар. Даъват манфаати бўлган ҳар бир жой, даъватчининг маконидир. Бироқ, тоифликлар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни маккалик мушриклар каби, балки улардан ҳам шафқатсизроқ кутиб олдилар. Сўнгра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ва Оллоҳ таолога энг суюкли бўлган шаҳарни, киндик қонлари тўкилган жойни, Оллоҳ йўлидаги ҳижрат ва ҳаётларининг охирги дамларигача давом этадиган жиҳод учун тарк этишга мажбур бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам охирги нафасларини олар экан уммати, дини ва динини ҳимоя қилишга ҳарислигини кўрсатдилар. У зот охирги гапларида: «Намозга ва қўл остингиздаги (қул ва жория)ларга ҳушёр бўлинглар!», дедилар. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари. Аллома Носируддин Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган) ҳамда «Оллоҳ яҳудий ва насронийларни лаънат қилсин! Улар пайғамбарларининг мозорларини саждагоҳ қилиб олишган эди!» деб, улар қилган ишлардан огоҳлантирган эдилар. (Муттафақун алайҳ).

 Пайғамбарлар – ўрнак ва намунадир:

﴿ أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ هَدَى ٱللَّهُۖ فَبِهُدَىٰهُمُ ٱقۡتَدِهۡۗ .....﴾ [الانعام: ٩٠]

«Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!». (Анъом: 90). Чунки улар ҳар бир аср ва ҳар бир маконда раббоний дастурни ҳаётга татбиқ қилганлар.

Хандақ ҳодисасининг қаҳрамони бўлган бола, Оллоҳ таоло ҳидоят қилгани маҳал ҳануз ўспиринлик чоғига келмаган эди. Шундай бўлсада Оллоҳнинг йўлига муттасил чақирдики, унинг овозаси қиролгача етиб борди. Дарғазаб бўлган қирол уни қатл қилмоқчи бўлсада, уни ўлдира олмади. Боланинг ўзи қандай ўлдирилиши мумкинлигини айтиб берди. У – дини учун яшади ва даъватининг ўлкадаги ҳар бир одамга етиб боришини хоҳлади. Бунинг учун жонини фидо қилди ва даъватининг самарасини кўрмасада, одамлар иймон келтиришди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рошид халифаси Абу Бакр разияллоҳу анҳу халифа қилиб сайланган, араблар орасида муртадлик рўй берган ва закотни беришдан бўйинтовланган пайтда ўзининг: «Мен тирик эканман, динда нуқсонга йўл қўйиладими?!» деган машҳур гапини айтади! Яъни, бунинг рўй бериши мумкин эмас. Ҳолбуки, Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳаётини жиҳодлар билан ўтказган, Оллоҳ йўлида қўлида борини сарф этган, ҳаётининг охирги лаҳзасигача дини ва динига ёрдам бериш билан ўтказиб, дунёдан кўз юмган эди.

Туфайл ибн Амр Давсий разияллоҳу анҳу Ислом динини шаҳодат калималарини айтиб қабул қилгани маҳал ўз дини ва динига ёрдам беришга нисбатан мажбурияти борлигини эълон қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: "Давс (қабиласи) Оллоҳга кофир бўлди. Менга амр қилинг, уларнинг олдига борай!", – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари йигирма уч йил мобайнида қилган фидойиликлари, озор ва машаққатларни кўтаришлари, оила, ватан ва фарзандларни тарк қилишлари, бойликларини сарф этишлари ва бошқа ишларига қарамай ҳордиқ чиқармадилар, орден ва медалларни кутмадилар, ўтмишдаги қаҳрамонлик ҳикояларини айтиш билан кифояланмадилар. Балки ҳаммалари дин ва динга ёрдам бериш учун амал қилишга мудом ҳаракатда бўлдилар. Шунинг учун ҳам, уларнинг аксари Ер куррасининг турли қитъаларида жонларини қурбон қилишди.

Нуриддин Зангий ва Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳумаллоҳлар ҳам ҳаётларини Оллоҳ учун атадилар. Ҳатто Оллоҳ таоло Ақсо масжидини Салоҳиддин Айюбий раҳимаҳуллоҳнинг қўлида (насронийлардан) озод қилди. Буларнинг ҳар иккиси ҳам ўзларининг машҳур: "Қуддус асир экан, мен қандай куламан!", деган гапларини айтишган эди.

Шонли аждодимиз – салаф солиҳ ҳаётида Ислом дини ва унга ёрдам бериш ҳамда Оллоҳ учун фидойиликларнинг сони қанча бўлганини ёлғиз Оллоҳ таолонинг ўзигина билади. Уларнинг бири: "Мункар нарсани кўриб уни ўзгартиришга кучим етмаса, қон сияман!" деган бўлса, бошқаси: "Одамлар оламлар Раббисига ибодат қилишса, қайчилар билан териларим қиймаланишига розиман!", – деган.

Балки сиз: Мен кимман-у, қилган ишимнинг қиймати нима?!, – дейишингиз мумкин. Биз эса сизга шундай деймиз: "Ўзингизни камситманг! Гоҳида Оллоҳ таоло сизнинг қўлингиз билан катта яхшиликларни бериши мумкин. Оллоҳга содиқ ва ихлосли бўлиб, амал қилиш учун тиришсангиз, Оллоҳнинг изни билан яхшиликларни кўрасиз. Оллоҳга даъват қилиш тажрибасига эга бўлган одам, олдида кўп ва ширин самараларни кўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Оллоҳга содиқ бўлсанг, Оллоҳ ҳам сенга содиқ бўлади». (Насоий ва Ҳоким ривояти. Аллома Албоний раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ деди);

«Савобли ишлардан биронтасини ҳам камситманг!». (Имом Муслим ривояти).

Биз Оллоҳ таолога амал билан ибодат қиламиз, натижалари билан эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга халқларни намойиш этилди. Бир пайғамбарни ёнидаги гуруҳ билан, (бошқа) пайғамбарни бир ёки икки киши билан кўрдим. Бир пайғамбарнинг ёнида эса ҳеч ким йўқ эди». (Муттафақун алайҳ). Яъни бу (охирги) пайғамбарга бирон киши иймон келтирмаган бўлсада, у зиммасидаги масъулиятни адо этиб, ўз ролини бажарган эди.

Сиз: "Менинг қандай ролим бўлиши мумкин? Динимга ёрдам бериш учун нималар қилишим мумкин?", – деб сўрашингиз мумкин.

Аввало, сиз ўзингиз учун бир ролни қидиринг. Ролингизни айтиб бериши учун бировни кутманг. Динингизга бўлган муҳаббатингиз билан бир неча ролларни топишингиз мумкин.

Мана булар сизга ёрдам берадиган рол калитларидир:

1- Оллоҳнинг шариатига риоя қилишингиз ва фарзандларингизни Ислом дини асосида тарбия қилишингизнинг ўзи динимизга қилган катта ёрдамингиздир.

2- Оллоҳ таолонинг йўлига чорлаш, савоб ишларга буюриб, гуноҳ ишлардан қайтариш.

3- Ислом динини ўрганиш, одамларга ўргатиш, жумладан, хутба ва дарслар уюштириш.

4- Ер юзидаги мусулмонларнинг муаммоларига эътибор бериш, у муаммоларнинг ҳақиқати ва душманлар макрини одамларга танитиш.

5- Етимлар, камбағаллар ва бечораларга ғамхўрлик қилиш ва уларни кафолатга олиш.

6- Дарсларда илғор бўлиш. Дарсларни мукаммал билиш натижасида Ислом умматининг иқтисодий, сиёсий, илмий ва технология жиҳатдан равнақ топишига ёрдамчи бўлиш.

7- Мулозим ёки ишчи ёхуд доктор ёда муҳандис ва бошқа касб эгаси бўлсангиз, мусулмонларга иш жойингизда хизмат кўрсатиш ҳамда ҳаромдан узоқ туриш.

8- Мусулмонларга ёрдам бериш учун дуо ва ёлворишда бўлиш. Бу ва бунга амал қилишга ҳамманинг имкони бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга (ичингиздаги) бечоралар туфайли нусрат ва ризқ берилмайдими?!». (Имом Бухорий ривояти) ва «Оллоҳ бу умматга бечораларининг дуолари, намозлари ва ихлослари билан зафар беради», деганлар. (Насоий ривояти. Аллома Албоний бу ҳадисни саҳиҳ деган).

9- Ўзингиз яшаб турган минтақадаги уламо ва Оллоҳ йўлига чорлаётганлар одига боринг. Улар сизга даъват йўлида муҳтож бўлишаётган йўлни кўрсатишади ва сиз кучингизни ўша йўлда сарф этасиз.

Баъзи илм аҳллари бизга: "Бир лавҳанинг михини қоқишнинг ўзи – динга ёрдам бериш илмининг дарси ва халифалик қайтишида иштирок этишнинг эълонидир", – деган эди.

Ихлосли бўлинглар ва бирон ишни камситманглар! Чунки Оллоҳ таолонинг тарозиси зарраларни ҳам тортади. Баъзи кичик амаллар борки, уни ниятлар буюк амалларга айлантиради. Баъзи буюк амаллар борки, ниятлар уни кичик қилади.

Аёл кишининг ҳам даъватда катта роли бор. У ҳам Исломий амал ва Исломга ёрдам беришдан четда қолмай, Умматининг масалалари билан яшаши керак.

Унинг ролларидан баъзилари қуйидагилардир:

1- Оллоҳнинг шариатига, жумладан, ҳижобланишга қатъий риоя этиши, бошқа қиз ва жувонларга гўзал ахлоқи, одоби ва ҳаёсида ўрнак бўлиши.

2- Фарзандларини Ислом асосида тарбиялаши.

3- Турмуш ўртоғи ва фарзандларини ҳимоя қилиши ва уларни Оллоҳга итоат этиш ҳамда Оллоҳнинг дини учун амал қилишга ундаши.

4- Оилада турмуш ўртоғи ва фарзандлари ишлашлари ва фидокор бўлишлари учун шароитларни муҳайё қилиши.

5- Муҳим нарсалардан чалғитмаслиги учун турли талаб ва чиқимларда бўлмаслиги.

Оллоҳ таолодан Ислом ва мусулмонларни азиз, ширк ва мушрикларни хор қилишини сўрайман.

Сўнгги дуомиз: Ҳамдлар барча оламлар Раббиси бўлган Оллоҳ таолога бўлсин!

Оллоҳим, банданг ва халилинг бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлла!