×
“Андалус фатҳи” номли силсиланинг ушбу бўлими қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: - “Барбате водийси” жанги; - Жанг натижалари; - Кемалар ёндирилганлиги ҳақиқатми?

 Андалус фатҳи қисм  4

Ўтган суҳбатимизда Мусо ибн Нусайрнинг саъй-ҳаракатлари, Андалус фатҳида дуч келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ва Сеута ҳокими насроний Жулиан тақдим қилган маълумотлар ҳақида суҳбатлашган бўлдик. Бу маълумотлар ўта муҳим эди. Лекин шуни айтиб ўтишимиз керак: Андалусни фатҳ қилишни ўртага ташлаган ва унга юриш қилишга қизиқтирган киши, баъзи ғарблик тарихшуносларнинг даъвосича Жулиан эмасди! Юқорида айтгани-миздек, бу фикрни илк олға сурган шахс — бу Пайғамбаримизнинг куёвлари, икки нур соҳиби, учинчи халифа, саҳобий жалил Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу, ундан сўнг Уқба ибн Нофиъ раҳимаҳуллоҳ эдилар[1]. Лекин бу иш ташаб-бускори Мусо ибн Нусайр бўлди. Мусо ибн Нусайр Андалус фатҳини қасд қилиб, Танжер портини фатҳ қилгандан сўнг, кемалар ясаш ва портлар қуришни бошлаб юборган эди. Шу аснода Сеута ҳокими Жулиандан хабар келди, яъни унинг хабари Андалус фатҳига асосий туртки эмас, Мусонинг режасига ёрдамчи бўлганди, холос.

Бу ўринда яна бир нуқтага тўхталиб ўтсак фойдадан холи бўлмайди, у ҳам бўлса Андалус фатҳида яҳудийларнинг кўмак берган ёки бермаганлиги масаласидир. Ғарб тарихшунос-лари яҳудийларнинг Андалус фатҳида мусул-монларга маълумотлар етказиш билан ёрдам берганликларини таъкидлайдилар, бироқ би-рорта араб ва мусулмон тарих китобларида ёки таҳлилларида буни кўрмайсиз.

Аслида Яҳудийларнинг ёрдам берганлиги ҳақидаги даъволар асоссиздир.

Биринчидан, агар бу иш ҳақиқатда содир бўлганда эди, мусулмон тарихшунослар худди насроний Жулианнинг ёрдамини эътироф қилганидек, уни ҳам айтиб ўтган ва бу маълумот авлоддан авлодга етиб келган бўларди.

Иккинчидан, мусулмонлар Андалус ўлка-сида яҳудийлар ҳам бор эканлигини фақат ўша минтақаларни фатҳ қилганларидан кейингина билдилар[2].

Учинчидан, яҳудийлар мусулмонларга Андалус фатҳида ёрдам берган, деган даъво тарих саҳифаларига қасддан киргизилган. Бу билан (Исломдан йироқ бўлганларнинг назарида) тасаввур қилиш қийин бўлган нусратни, исломий фатҳни қадрини пастлатиш мақсад қилинган.[3] Валлоҳу аълам.


 Андалус сари одим...

 Машҳур «Барбате водийси» жанги

Ториф ибн Молик бошлиқ сарийя Андалуснинг шарт-шароитларини ўрганиб  қайтганидан сўнг, Мусо ибн Нусайр бир йил тайёргарлик кўрди, қўшин ҳозирлади, ҳарбий юриш режасини ишлаб чиқди, шундан сўнг Ториқ ибн Зиёд бошчилигида етти минг қўшинни Андалус сари сафарбар қилди. Мусулмон қўшин баҳор мавсумида 711 йил 2 май (ҳижрий 92 йил 5 ражаб) куни[4] Жабал Ториқ бўғозини кесиб ўтиб, бундан сўнг тарих саҳифаларига «Жабал Ториқ» номи билан битилган тоғга келиб тушдилар. Жабал Ториқ бўғози ҳам саркарда Ториқ ибн Зиёд шарафига қўйилгандир. Европаликлар уни бузиб талаффуз қилиши натижасида «Хибралтар» ёки «Гибралтар»га айланиб кетган. Бундан олдин бу тоғ «Калпе тоғи», деб аталган эди[5].

Тарихшунос олим Абдурраҳмон ал-Ҳажжий, Ибн ал-Кардабусдан нақл қилади: «Мусо ибн Нусайр Ториқни сафарбар қилиш чоғида астойдил дуо қилди. Оллоҳга кўз ёшлар билан мусулмон аскарга нусрат беришини сўраб ёлворди»[6].

Бу ўринда Ториқ ибн Зиёд бошлиқ аскар фойдаланган кемалар борасидаги баҳсга енгил тўхталиб ўтишни лозим топдик. Бу кемалар аслида кимга тегишли эди? Уларни мусул-монлар ясагандими ёки Сеута ҳокими Жулиан тақдим қилгандими?

Бу масалага қуйидагича жавоб берсак:

- Ўша пайтлар мусулмонлар Шимолий Африкани забт этган ва бу минтақа бир томондан Ўртаер денгизига, бошқа томондан Атлантика океанига туташган эди. Яъни мусулмонлар атрофи сувлик бўлган ўлкани қўлга киритгандан кейин, кемаларни кўпай-тиришга рағбат қилганлари табиий. Чунки денгиз ортида мусулмонлар учун муҳим аҳамият касб қилган Византия империяси, Андалус ва Европа ўлкалари бор эди.

- Мусулмонлар бундан олдин ҳам денгиз орқали жанг олиб борган эди. 46/666-йил Муовия ибн Абу Суфён разияллоҳу анҳу замонида Муовия ибн Ҳудайж Сицилияга ғазот қилди. Бу денгиз орқали уюштирилган илк жанг бўлганди[7].

- Шимолий Африкага волий бўлган Ҳассон ибн Нўъмон даврида (ҳижрий 76–86 - йиллар) Тунисда кема ишлаб чиқарадиган жой бунёд қилинган эди[8].

- Танжер порти 63/683-йил Уқба ибн Нофеъ томонидан фатҳ қилинган бўлиб, бу порт кема ишлаб чиқарадиган жойлардан бири эди.

- Ториф ибн Молик беш юз кишилик сарийя билан тўртта кемада Андалус ўлкасига илк бор сафар қилганди. Ториқ ибн Зиёд ўша тўртта кемадан фойдаланиб, етти минг қўшинни денгизнинг торайган қисмидан олиб ўтди. Бу ўринда Жулианнинг кемалари ҳақида гап-сўз бўлмаган, деб хабар берилади “Ахбару мажмуъа” китобида[9].

Ривоятлар Мусо ибн Нусайрнинг бир нечта кемалар ясатиб улгурганига далолат қилади. Тарихшунос Мақаррий шундай дейди: «Мусо Ториқ кетгандан кейин, кема ясашга бел боғлади. Ҳатто у бир нечта кемали бўлди. Беш минг аскарни шу кемаларда Ториққа мадад учун жўнатди. Шунда Ториқнинг аскари жами ўн икки мингга етди»[10].

Баъзи ривоятларда эса, Ториқ ибн Зиёдга кемаларни Сеута ҳокими Жулиан тақдим қилганлиги зикр қилинади[11].

Биз юқоридаги ривоятларга асосланиб, Андалус фатҳида фойдаланилган кемаларнинг аксариятини мусулмонларнинг ўзлари ясаган, қолган оз қисми ижарага олинган, Жулиан эса ўша кемаларни ижарага олишдагина ёрдам берган[12], десак ҳақиқатга яқинроқ бўлар деймиз.

Жабал Ториқ тоғига келиб тушган мусулмон аскар Жазиратул Хозро[13], деб аталган кенг минтақага қараб йўналди. У ерда Ториқ ибн Зиёд Андалуснинг жанубий минтақаси чегара-чиларига (қўриқчиларига) йўлиқди ва уларга қуйидагиларни таклиф қилди:

- Ё Исломни қабул қиласиз, дўстингиз дўстимиз, душманингиз бизнинг душманимизга айланади ва мамлакатингиз ўз қўлингизда қолади.

- Ё мусулмонларга жизя тўлайсиз, бунда ҳам эга бўлган нарсаларингиз ўз қўлингизда қолади.

- Ё биз билан урушга кирасиз. Мана шу учта йўлдан бирини ихтиёр этасиз.

Шунда минтақа ҳокими Тудмир дарҳол Андалус подшоси Родерикка аҳволни баён қилувчи мактуб йўллади. Родерик ўша пайтлар Андалуснинг пойтахти бўлган Толедо шаҳрида эди. Мактубда қуйидаги жумла ҳам ер олган эди: «Бизнинг еримизга шундай бир қавм келдики, улар осмон аҳлиданми ёки ер аҳлиданми билолмадик»[14]. Улар мусулмонлардаги каби олижанобликка ҳали бутун тарихлари мобайни-да дуч келмаган эдилар. Фараз қилинг, бир давлат босиб олинаяпти ва уларга зулм қилиш, уларнинг мол мулкини талон-тарож қилиш, бойликларини ўзлаштириш, вайрон қилиш ўрнига учта шартдан бирини танлаш ўртасида ихтиёр берилаяпти. Гарчи Исломни қабул қилмасаларда жизя тўласа, ўз ҳокимиятларида қолишдан ташқари душманлардан ҳам ҳимоя қилиниши кафолати берилаяпти! Ҳа, бу ҳукмлар фақат Ислом динидагина бор. Ҳатто Андалус халқи мусулмонларни осмон аҳлиданми ёки Ер аҳлиданми билолмай қолдилар! Улар Оллоҳнинг қўшинларидир,

«Ана ўшалар Оллоҳнинг ҳизбидирлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг ҳизби нажот топгувчидирлар!»[15]

Ушбу минтақадаги Гот қабиласига мансуб насронийлар мусулмонларни менсимай, ўзлари-ни катта олиб, жанг қилиш йўлини танлади. Мусулмонларни Андалуснинг жанубига келгани-дан хабар топган Родерик, опасининг ўғли Бенисио бошчилигидаги қўшинни босқинчи-ларнинг танобини тортиб қўйиши учун жўнатди. Родерик бошида мусулмонларни менсимаган эди.

Жазиратул Хозрода икки тараф ўртасида уруш бошланди. Бу жангда ғалаба гоҳ у томон, гоҳ бу томонга бўлиб турди, уч кун давом этган[16] урушдан сўнг, охир-оқибат Ториқ ибн Зиёд ғалаба қозонди. Бу жангда насроний аскар бошлиғи Бенисио ўлдирилди[17]. Бундан хабар топган Родерик тепа сочи тикка бўлиб, ғазаб отига минди ва зудликла юз минг[18] аскар тўплаб, жанубга томон отланди. Ториқ ибн Зиёднинг эса атиги етти минг аскари бор эди, устига-устак улар орасида отлиқ суворийлар жуда оз эди. Ториқ Мусо ибн Нусайрдан ёрдам сўраб мактуб йўллади.

Шунда Мусо ибн Нусайр Ториф ибн Молик бошчилигида беш минг пиёда аскарни Ториққа йўллади[19]. Шу билан Ториқнинг лашкари жами ўн икки мингга етди. Ториқ ибн Зиёд жанг учун муносиб макон ахтариб, тарих саҳифаларида «Барбате водийси»[20] номи билан танилган жойга етиб келди. У бу жойни уруш қилишга энг муносиб маконлигига ишонч ҳосил қилди. Чунки унинг жануб ва шарқ томонида баланд тоғ бўлиб, орқа ва ўнг тараф бехавотир эди, ушбу тарафлардан бирорта одамзотнинг келиши ўта мушкул. Водийнинг сўл тарафи, яъни ғарби ҳам табиий ҳимояли, унда катта кўл жойлашган. Ториқ ибн Зиёд водийнинг жануби-даги кириш жойига Ториф ибн Молик бошчи-лигида кучли аскарни мусулмон қўшиннинг орқа томони ҳимояси учун тайин қилди. Водийнинг фақат шимол томонигина ғаним учун очиқ қолдирилди...    

Мағрур Родерик юз минг қўшинни Барбате водийси томон бошлаб келди. Унинг тоғу тошларда юра оладиган хачирлари ҳам бор эди. Родерик бошида олтин тож, эгнида тиллага бурканган либосла икки (ёки учта) хачирга қўшилган ва тилла билан безалган тахт узра келарди[21]. Субҳоналлоҳ! У ҳатто жанг ва уруш дамларида ҳам дунёсидан айрилолмаган ва уни кўз-кўз қилиш билан овора эди.

Бу жанг 711 йил 23 июл (ҳижрий 92 йил 28 рамазон) куни бошланди[22]. Ҳа, рамазон ойида юз берди, ҳақиқатда бу ой рўза, қиём, қуръон, саховат ойи бўлиши билан бир қаторда мужодала, фатҳ ва нусрат ойи ҳамдир.

Икки тарафга назар солган киши мусулмонларга ачиниши табиий. Чунки зоҳиран қараганда бу жангда мусулмонлар сони ўн икки минггина холос, Гот насронийлари эса юз мингдир. Лекин насронийларнинг аҳволи бун-данда ачинарлидир, чунки 

«Мана шу икки ғаним (яъни мўминлар билан кофирлар) Раббилари(нинг ҳақ дини) хусусида талашдилар»[23].

Бу хусуматчиларнинг ўртасида қанчалар катта фарқ бор! Жангга ўз ихтиёри билан чиққан, Оллоҳ йўлида юришни, бу йўлда жонини фидо қилишни, шаҳодатни орзу қилган, жипс тоғлар мисоли, намоздаги сафда тургани каби жанг қилувчи мусулмон тоифа билан, жангга хоҳламай, иложсизликдан, мажбурлаб олиб чиқилган, Оллоҳ йўлида юришлик нималигини тасаввурига ҳам сиғдира олмайдиган, тезроқ оиласи, мол-мулки, маишати ёнига қайтишни орзу қилган тоифа ўртасида ер билан осмончалик фарқ бор.    

Шунингдек, мусулмон аскар ғалаба қозонса, ғаниматнинг 4/5 қисми, яъни 80%и аскарларга тақсимланади ва 1/5 қисми байтулмолга қайтарилади. Исломдаги бу ҳукм амирулмўминин Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу даврида жорий қилинган. Оллоҳ йўлида чиққан киши ғаниматни эмас, Оллоҳнинг калимасини олий қилиш учун чиқади ва Оллоҳ азза ва жалла унинг қалбига қараб ҳисоб қилади. Бу ўринда айтмоқчи бўлганимиз, бу жангда мусулмонлар ғолиб бўлсалар, ғаниматнинг 4/5 қисмига эга бўлади, аммо Родерикнинг аскар-лари эса ҳеч нарса ололмайди, ўлжанинг ҳаммасига подшоҳ эгалик қилади.

Шундай экан кимга ачиниш керак?! Оллоҳ таоло Ўз китобида шундай дейди: 

«Оллоҳ: «Шак-шубҳасиз Мен Ўз пайғам-барларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Оллоҳ кучли, қудратлидир»[24].

«Ва Оллоҳ ҳаргиз кофирлар учун мўминлар устига йўл бермагай»[25].

Хуллас калом, икки қўшин орасида бетўхтов саккиз кун қаттиқ жанг бўлди. Жанг ниҳоятда ашаддий тус олди, улкан насронийлар жамоаси мусулмон устига ёпирилиб келарди, лекин мусулмонлар зўр матонатла сабр қилишди.

«Мўминлар орасида ўзлари Оллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Оллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ»[26].

Ибн Изарий бу урушни шундай таъриф-лайди: «Ториқ ғаним қаршисига бор аскарлари билан чиқди, улардан озгина суворийларини ҳисобга олмаганда ҳаммаси пиёда эдилар. Жанг қаттиқ тус олганидан ҳатто бу ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари бўлса керак, деган ўйга бордилар»[27].

Уруш бошланганининг саккизинчи куни оливуш ниҳоялади, Оллоҳ таоло мусулмонларга нусрат бериб, кофирларнинг думини кесди. Насронийларнинг каттаси Родерик жангда ўлдирилди[28].

Бу жангни васфлаб, тарихшунос олим Мақаррий шундай дейди: «Жанг рамазондан икки кун қолганда якшанба куни бошланиб, шавволнинг бешинчиси якшанба кунигача саккиз кун узлуксиз давом этди. Сўнгра Оллоҳ мушрикларни мағлуб қилди. Улардан жуда кўпчилик ўлдирилди»[29].  

Мусулмонлар бу жангда фақат Оллоҳнинг мадади, сўнгра иймонларининг қуввати билан-гина нусратга эришдилар...

 «Барбате водийси» жангининг натижалари

1. Андалус ерларида зулм ва истибдодга якун ясалиб, янги саҳифа — тараққиёт ва ривожланиш саҳифалари очилди.

2. Мусулмонлар беҳисоб ғаниматларни қўлга киритди. Улар ичида энг муҳими от-уловлар бўлиб, жангдан кейин мусулмон қўшиннинг аксариятини ташкил қилган уловсиз аскарлар уловга эга бўлиб олдилар[30].

3. Жангга киришларидан олдин мусулмон қўшин ўн икки минг эди, жангдан кейин тўққиз минг қолишди. Яъни уч минг шаҳид бердилар[31], илгари мусулмонлар қадам босмаган Андалус ерлари муборак қонлар — шаҳидлар қони билан суғорилди. Оллоҳ шаҳодатларини қабул этсин! Ҳа, Ислом оламга, шу жумладан бизга осонгина етиб келмаган, балки мана шу каби фидокор-ликлар ортидан келган!

 Кемалар ёндирилгани ҳақиқатми?

Барбате водийси жангидан кейинги ҳодисаларга киришдан олдин, эътиборга лойиқ бир масала — кемаларнинг ёндирилганлиги ёки ёндирилмаганлиги масаласига тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ, деб билдик. Бу масала устида Ислом тарихи ва Ғарб тарихида кўп мунозаралар бор. Унга кўра, «Ториқ ибн Зиёд Барбате водийси жангидан олдин мусулмон аскарни жангга рағбатлантириб, барча кемаларга ўт қўйган ва қўшинга: Ортингизда денгиз, қаршингизда ғаним турибди. Шундай экан, қилич билангина нажот топасиз, деган», дейилади. Баъзи тарихчилар бу ривоятни тасдиқ қилсалар, бошқалари инкор қиладилар[32]. Бизнинг наздимизда, бу ривоят мутлақо асоссиз бўлиб, Ислом тарихига қасддан киргизилган ботил ривоятлар жумласидандир.

Бу ривоятни қуйидаги сабабларга биноан рад этамиз:

Биринчи: Бу ривоят санад жиҳатдан саҳиҳ саналмайди. Зеро Исломда ривоятлар фақат ишончли кишилардан қабул қилинади (илмур-рижол, илмул-жарҳ ват-таъдийл каби илмлар орқали ўрганилади). Бу ривоят эса ишончли ва таянса бўладиган Ислом тарихига оид китобларда ворид бўлмаган, фақат ғарб тарих китобларида ривоят қилинган. Бу воқеани зикр қилган мусулмон тарихшунослар ҳам ўшалардан нақл қилишган.

Иккинчи: Бордию, Ториқ ибн Зиёд кемаларни ёққани тақдирда, бу иш Мусо ибн Нусайр ёки халифа Валид ибн Абдулмалик томонидан рад қилинган ёки Мусо ибн Нусайр билан Ториқ ўртасида ўзаро сўзлашув бўлиб ўтган ёки ўша замон уламоларининг бу ҳодисанинг жоиз, ё ножоизлигига тааллуқли фатво ва сўзлари келган бўларди. Лекин бу ҳодисани ўз китобларида зикр қилган тарих-шунос олимлар юқорида ишора қилганлари-миздан бирортасига тааллуқли нарса келтир-маганлари, бу ҳодисанинг ҳақиқатлигига катта шубҳа уйғотади.

Учинчи: Ғарб тарих китоблари бу ҳодиса-ни тарқатишга қаттиқ ҳаракат қиладилар. Чунки улар бу маъракада юз минг суворий насроний аскар ўз юрти, ўлан тўшагида, ўзларидан сал бўлмаса ўн баробар кам бўлган ўн икки минг пиёда мусулмонлардан мағлуб бўлганини изоҳлашга ожизлик қиладилар. Шу юздан ғарблик таҳлилчилар, Ториқ ибн Зиёд кемаларга ўт қўйиб, аскарни ноилож бир аҳволга қўйди. Ортларида денгиз, олдиларида ғаним, орқага қочса чўкиб ўлади, олдинга юрса душман қиличидан ўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам қаршиларида ўлим турибди, улар мажбур, ҳаёт-мамот учун жон-жаҳдлари билан жанг қилиб, ғолиб бўлдилар. Агар кемалари бўлганда ортларига қочиб кетган бўларди, дейдилар. Бу тарихчи ва таҳлилчилар Оллоҳ таоло Ўз китобида баён қилган исломий қоидани қаердан билсинлар! Бу қоида:

«Қанчадан-қанча кичкина гуруҳлар Оллоҳнинг изни билан катта гуруҳлар устидан ғалаба қилган. Оллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир»[33].

Воқеликда Ислом тарихига назар солган киши оз сондаги аскар, катта қўшинлар устидан ғолиб келгани табиий ҳол эканига гувоҳ бўлади. Ҳатто аксарият жангларда шундай бўлган, яъни мусулмонлар оз бўлиб, кўп сонли кофирлар устидан нусратга эришганлар. Аксинча, сонда кўп бўлган кезда кўпликларига мағрур бўлиб қолиб мағлуб бўлганлар.

«Оллоҳ сизларни кўп ўринларда ғолиб қилди. Ҳунайн (Макка билан Тоиф ўртасидаги бир водий) кунини (эсланглар)! Ўшанда сизларни кўп эканлигингиз мағрур қилиб қўйган эди, аммо у (яъни, саноғингизнинг кўплиги) сизларни ҳеч нарсадан беҳожат қила олмади (қутқариб олмади) ва сизларга кенг ер торлик қилиб қолди, сўнг юз ўгирган ҳолингизда чекиндингиз!»[34]

Бундан кўринадики, ғарбликлар мусул-монлар фақат маълум (нодир) вазиятлардагина ғалаба қозонади, уларнинг муваффақиятлари табиий ҳол (илоҳий мададланган) эмас, дея хабар тарқатишга ҳарис бўлишади.

Тўртинчи: Мусулмонларни кемаларни ёқиш билан жангга рағбатлантиришга ҳожат йўқ эди, зотан, улар дунёнинг нариги четига сайр қилгани эмас, Оллоҳнинг йўлида жанг қилгани, шу йўлда жонларини фидо қилгани боргандилар.

Яна баъзилар, бу ҳодисани форс қўшини Яманга ҳужум қилганда, форс лашкарбошиси аскарларни жангга ғайратлантириш учун кемаларга ўт қўйганига ўхшатишади. 

Форс сардори томонидан бундай иш содир бўлган бўлса бордир, чунки улар ихтиёрий жанг қилмаган, аксарият ўринда жангга мажбурланганлар. Мисол тариқасида машҳур Затус-саласил жангини олайлик, унда кофирлар мусулмонларга қарши жанг қилишга занжирлар билан боғлаб мажбур қилинган эди. Аммо Оллоҳ йўлида жонини фидо қилишга шавқланиб турган мусулмон аскарни, кема-ларни ёқиш билан шавқлантиришга нима ҳожат бор?!

Бешинчи: Ториқ ибн Зиёд каби моҳир қўмондонга кемаларни ёқиб, орқага қайтиш йўлини барбот қилиши ҳечам муносиб эмас. Агар мағлуб бўлганда нима қилган бўларди? Енгилмаган тақдирда ҳам мусулмонлар маълум вақтдан кейин ортга қайтиши табиий ҳол эдику. Улар Оллоҳ таолонинг қуйидаги ояти карима-сини билган ҳолларида ортга ўгирилишлари мумкин эдими?!

«Эй мўминлар, кофирларнинг ҳужуми-га дуч келганингизда, уларга орқа ўгирманг-лар (яъни қочманглар). Кимки ўша (уруш) кунида жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир гуруҳ (мусулмонларга) қўшилиш-дан ташқари ҳолатда, уларга (кофирларга) орқа ўгириб қочса, бас, у Оллоҳ тарафидан ғазаб билан кетибди ва унинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат-а!»[35]

Бу ўринда зикр қилинган истисно фақатгина жанг йўсинини ўзгартириш ёки бошқа бир мусулмонлар гуруҳига қўшилишдан иборатдир. Шунга биноан мусулмонлар чеки-ниб, Шимолий Африкадаги мусулмонларга қўшилишлари жоизлиги келиб чиқади. Ториқнинг бу йўлни йўққа чиқариши мантиққа тўғри келмайди. Шу билан бирга агар бу ҳодиса рўй берганда ҳам, ўша даврнинг мусулмон ҳокимлари ва уламолари бунга сукут қилишлари мумкин эмасди-ку!

Олтинчи: Ториқ ўша кемаларининг ҳаммасига эга эмасди, уларнинг бир қисми Сеута ҳокими Жулиандан ижарага олинганди[36]. Ижара-га олинган кемалар вақти келиб ўз соҳибига қайтарилиши лозим бўлиб, Ториқ ибн Зиёд бировнинг мулкини ёқишга ҳаққи йўқ эди.[37]

Хуллас калом, кемаларни ёндириш ҳақи-даги хабарлар Андалус фатҳини ва мусулмон-ларнинг зафарини арзимас, паст қилиб кўрсатиш учун тарқатилган уйдирмадир, валлоҳу аълам.


 Ториқ ибн Зиёднинг навбатдаги қадами

Ториқ ибн Зиёд Барбате водийси ғалабасидан кейин фурсатни бой бермасдан қолган жойларни ҳам ишғол қилишни энг тўғри йўл, деб билди. Бу қуйидагилар билан изоҳланади:

- Ториқ Барбате водийси жангида уч минг аскарини йўқотган бўлсада, мусулмон аскар руҳан анча тетик ва кўтаринки кайфиятда эди, зеро салкам ўн баробар кўп ва аскарий устун ёвни ер тишлатгандилар. Курашда йиқитган кишининг руҳияти қандай бўлиши ҳаммага аён.

- Андалус насронийлари эса, руҳан туш-кунликда ҳамда мусулмонларга қарши туришга мадори қолмаган эди.

- Мусулмонларнинг ғалабага эришгани-дан хабар топган Мағриб ва Шимолий Африка халқларидан ихтиёрий жангарилар Ториқнинг сафига келиб қўшила бошлади. Ториқ аскарининг адади яна кўпайди[38].

- Золим, мустабид Родерикнинг зулмидан қутулган халққа ҳақ, адолат, эзгулик дини-Ислом динини еказишнинг айни замони эди.

- Шунингдек, Гот насронийларининг мағ-лубиятидан насроний Жулиан фойдаланиб қолиши, мамлакатга ўзи ҳоким бўлишга ҳаракат қилишни истаб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмасди.

Шуларни эътиборидан қочирмаган Ториқ ибн Зиёд исломий фатҳни давом эттириш учун шимолга, ўша вақтлар Андалуснинг пойтахти бўлган Толедо шаҳрига йўл олди...

Хўш, Толедоликлар уни қандай қарши олдилар? Бу воқеалар билан келаси суҳбат-ларимизда танишамиз, иншаоллоҳ...

Валлоҳу таъала аъламу...



[1]Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (1/26, 27), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (54-бет), Абдуллоҳ Анан «Давлатул ислам фил Андалус» (1/20).

[2]Лисонуддин ибн Хотиб «Ал-иҳатоту фи ахбари ғорнато» (1/101), «Ахбару мажмуъа» (21, 22-бет).

[3]Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (45-бет).

[4]Ибнул Асир «ал-Камил фит-тарих» (4/268-бет), Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/6), Заҳабий «Тарихул ислам» (6/393), Ҳусайн Муънис «Мавсуату тарихул Андалус» (1/17-бет).

Роғиб Сиржоний ва баъзи тарихшунослар бу ҳодисанинг шаъбон ойида бўлганини айтишган. Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (46-бет), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/231) га қаранг.

[5]Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (49-бет).

[6]Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (67, 68-бет).

[7]Ибн Холдун «Тариху Ибн Холдун» (1/253), Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (1/16, 17).

[8]Ибн Абу Дийнор «Ал-муънис фи ахбари ифриқийя ва тунис» (15, 35).

[9]«Ахбару мажмуъа» (16, 17).

[10]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/257).

[11]Ҳимярий «Ровзул миътар» (35-бет), Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/6).

[12]Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (47, 48, 49-бет).

[13]Рус. Альхесирас.

[14]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/240).

[15]Мужодала: 22.

[16]Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (52-бет).

[17]Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/8), Муҳаммад Суҳайл Тоқуш «Тарихул муслимийн фил андалус» (37, 38-бет).

[18]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/240), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (54-бет).

Родерикнинг аскарлари сони борасида ихтилофлар бор, тарих китобларида келган бу ададнинг энг оз миқдори «Тарих ибн Холдун» (4/117)да 40 минг, энг кўп сони «Ровзул миътор» (35-бет)да 600 минг бўлганлиги зикр қилинади.

[19]«Ахбару мажмуъа» (17-бет), Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/232).

[20]Баъзи манбаларда бу жойнинг номи Лукка, Луққа, Лиққа деб зикр қилинади. Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (50-бет).

[21]Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/7).

[22]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/259).

[23]Ҳаж: 19.

[24]Мужодала: 21.

[25]Нисо: 141.

[26]Аҳзоб: 23.

[27]Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/7).

[28]Баъзи ривоят айтилишича, қочиб водийнинг атрофига яшириниб, тўсатдан ҳовузга тушиб кетади ва чўкиб ўлади. «Ал-баян ал-муғриб» (2/7, 8, 9), «Нафҳут-тийб» (1/258, 259)

Бошқа бир ривоятда айтилишича эса, шимол томонга қочиб кетади, мусулмонлар билан бўлган бошқа жангда ўлдирилади. Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (29, 84–85-бет) китобидан нақл қилган, «Тарихул андалус минал-фатҳил исламий ҳатта суқути ғорнато» (57-бет).

[29]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/259).

[30]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/261), «Ахбару мажмуъа» (10-бет), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (72, 75-бет).

[31]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/259), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (75-бет), Муҳаммад Суҳайл Тоқуш «Тарихул муслимийн фил андалус» (80-бет).

[32]Бу ривоятни содир бўлганлиги ушбу китобларида зикр қилинган: «Тарихул Андалус» (46-бет), «Ровзул миътар» (75-бет), «Нафҳут-тийб» (1/258), «Давлатул ислам фил Андалус» (1/48, 49)

[33]Бақара: 249.

[34]Тавба: 25.

[35]Анфол: 15, 16.

[36]Ибн Изарий «Ал-баян ал-муғриб» (2/6), Ҳимярий «Ровзул миътар» (35-бет).

[37]Сиржоний «Қиссатул-Андалус» (58, 59, 60-бет), Ал-Ҳажжий «Тарихул андалус» (62-бет).

[38]Ал-Мақаррий «Нафҳут-тийб» (1/259), Ҳусайн Муънис «Фажрул Андалус» (72-бет).