Мўғил татар қиссаси 24-қисм
Категориялар
Full Description
- Мўғул татар қиссаси 24- қисм
- Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
- Мўғул-татар қиссаси
- Ўтган суҳбатимизда:
- Довулчилар гуруҳининг жанг майдонидаги ўрни
- Айн-Жалут маъракасининг бошланиши
- Мўғул қувватининг Айн-Жалут водийсига тамоман кириши
- Мўғул лашкари қуршовда
- Қутузнинг жанг майдонига тушиши
- Мўғул қўмондони Китбуганинг ўлдирилиши
- Мўғулларнинг мағлубияти ва Айн-Жалутдан қочиши
- Бейт-Шеан жанги
- Қутуз раҳимаҳуллоҳ Ислом мезонида
- Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Мўғул татар қиссаси 24- қисм
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Мўғул-татар қиссаси
Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.
Ўтган суҳбатимизда:
– Миср лашкарининг Ғазога отланиши;
– Ғазо жанги;
– Фаластин – ғалабалар диёри;
– Ғазо ғалабасининг аҳамияти;
– Мусулмонлар билан Акко салибчилари орасидаги сулҳ;
– Китбуганинг мусулмон лашкар қаршисидаги аҳволи;
– Ислом лашкарининг Айн-Жалут сари йўналиши;
– Соримуддин Ойбекнинг мусулмонларга йўллаган элчиси;
– Ҳижрий 658 йил 25 рамазон куни воқеалари;
– Ислом лашкари муқаддимасининг Айн-Жалутга тушиши кабилар мавзуимиз бўлган эди.
Довулчилар гуруҳининг жанг майдонидаги ўрни
Рукнуддин Бейбарс бошчилигидаги лашкар муқаддимаси жанг майдонига кириб бўлгандан сўнг, навбат ҳарбий навога келди. Довулчилар довулларини урар, бурғучилар бурғуларини чалар, мисқайроқлар жаранги ўзига хос ҳайбатли наво ҳосил қилар эдилар. Бу Айн-Жалут жангида ўзгача аҳамият касб этди. Ҳар бир оҳанг алоҳида маъно касб қилар ва аскарлар шунга кўра бошқарилар эдилар. Душман эса бундан ғафлатда. Маълум оҳангдаги зарба уришлари лашкарнинг чап қаноти учун, бошқаси ўнг қаноти учун, яна бири жойларни ўзгартириш учун бўлса, яна бири ҳужум ва яна бири ортга чекиниш маъноларини билдирар эди. Яъни ҳар бир ҳарбий ҳолатнинг ўзига хос наво оҳанги бўлиб, мусулмон лашкари қўмондони Қутуз масофадан туриб, шу зайлда лашкарни бошқариб турарди. Шу билан бирга лашкар ҳам бошлиқларини ўзлари билан эканини ва ҳар бир ҳолатни кузатиб турганини ҳис қилиб турар эдилар. Бу нағмалар: довул зарбалари, бурғунинг чалиниши, мисқайроқларнинг жаранглаши мусулмонларни дадиллаштирса, айни замонда душманнинг қалбини титратар ва унга қўрқув солар эди[1].
Амир Рукнуддин Бейбарс ўз қўшини билан водий остонасига келиб тўхтади, водийнинг орқа томонида бирор тирик жон қолмаган, ислом лашкарининг қолган асосий қисми дарахтзор, бутазор ва тепаликлар ортида пистирмада эдилар. Жанг майдонида фақат Рукнуддиннинг гуруҳигина турарди. Китбугага Ғазо жангидан етиб келган маълумотлар ҳам фақат шу гуруҳ ҳақида бўлгани сабаб, у ислом лашкарининг бори шу бўлса керак, деб ўйлади.
Лекин минг афсус, мўғуллар қиссасини ривоят қилган манбалар Айн-Жалут жангида иштирок этган мусулмон лашкарининг ҳам, мўғул лашкарининг ҳам саноғини аниқ зикр қилмаган. Ҳар иккала тараф ҳам улкан ададда бўлгани эса табиий ҳолдир.
Айн-Жалут маъракасининг бошланиши
Мўғул қўмондони Китбуганинг назарида Ислом қуввати оз бўлиб кўрингани сабаб жанг бошланишидаёқ мусулмонларни бартараф қилиб, масалани ҳалламоқчи бўлди. Рукнуддиннинг лашкари зўр кўринишда бўлиб, Китбуга ва мўғул лашкари қалбига қўрқув солсада, душманнинг сони оз деган тушунча уларга далда бўлди. Мўғул лашкари Рукнуддиннинг лашкарини бир ҳамладаёқ қириб ташлаймиз, дея ҳаммалари жанг майдонига тушишди. Бу Қутузнинг режасига айни муддао бўлди.
Мўғул қўмондони Китбуга лашкарига жангга киришларига ишора қилди, улар ваҳший ҳайвонлар мисоли бор овози билан қичқириб, мусулмонлар устига бостириб келарди. Ҳақиқатан уларнинг сони жуда кўп эди. Лекин Рукнуддин Бейбарс ва унинг атрофидаги ботир рижоллар ўрниларидан қўзғалмасдан мардоновор душманга тик қараб турарди.
"(Эй мўминлар), Оллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эслангиз! Барча ишлар Оллоҳга қайтарилур"[2]
Мўғул лашкари мусулмонларга яқин келганларида Рукнуддин Бейбарс ўз қўшинига жангни бошлашларига ишора қилди. Мусулмонлар шиддат ва шижоат билан мўғулларга ташланди. Икки тараф ўтрасида қўрқинчли ва шиддатли тўқнашув юзага келди. Жанг майдонидан чанг-тўзон кўтарилди, мамлукларнинг барабанлари, бурғуларининг овозлари, водийнинг четида турган мусулмон деҳқонларнинг такбир овозлари оламни тутди. Қисқа фурсат ичида жанг майдонини инсон аъзолари, узилган бошлар, жасадлару тупроққа қоришган қонлар қоплади. Ҳамма томон даҳшатга айланди, баланд кўтарилиб, ҳавода ўйнаётган қилич, шамшир, найза, қалқондан нима бўлаётганини англаб олиш қийин эди. Улар ҳам бошқалар сингари бутун ҳаётида бу каби даҳшатга гувоҳ бўлмаган эдилар. Дарҳақиқат, бу жанг ер куррасидаги энг катта жанглардан бири бўлиб, ўша кунда Мамлуклар жамоаси мусулмонлар ичида энг афзал гуруҳ бўлган эди.
Мусулмон лашкарининг муқаддимаси оз бўлишига қарамай сабр қилиб, собит турди ва бемисл довчилик[3] кўрсатдилар. Буни кўриб турган Китбуга бирорта аскарини орқада олиб қолмасдан барчасини жанг майдонига туширди. Ҳодисани Қутуз узоқдан кузатиб турар ва пистирмадаги асосий лашкар ҳам Қутузнинг ишорасини сабр билан кутар эдилар. Дақиқа ва соатлар, бамисоли кун ва ойлардек ўтарди! Мўғулларнинг силласи қурий бошлади, улар мусулмонлардаги шижоат, жасорат ва қувватни кўриб, руҳиятлари анчагина синган эди. Бу Қутуз режасининг бошланғич босқичи бўлиб, унда Рукнуддин бошлиқ аскар мўғул лашкари дармонсизлангунига қадар имкон борича сабр билан собит туриши керак эди.
Мўғул қувватининг Айн-Жалут водийсига тамоман кириши
Ҳарбий режанинг иккинчи босқичини амалга ошириш вақти келди ва довул овози гумбурлай бошлади. Бу товушни эшитиб Рукнуддин Бейбрас Қутуз режанинг иккинчи босқичига ўтишга буйруқ қилаётганини англади. Режанинг иккинчи босқичи мўғул лашкарини водийнинг тўрига бошлаб бориш эди. Агар мўғул аскари водийнинг ичкарисига бошлаб кирилса, улар тўлиқ мусулмонлар қопқонига тушиб, ҳар томондан қуршаб олинар ва битта қўймай қириб ташлашга имкон туғилар эди. Рукнуддин жуда қийин вазифани бажаришга киришди, у мўғуллар кўзига гўё енгилаётган ва ортга чекинаётган бўлиб кўриниши керак эди. Чекиниш бирдан амалга оширилмаслиги лозим, чунки мўғуллар пистирма борлигини пайқаб қолишлари мумкин эди. Режани амалга ошириш учун ҳушёрлик билан жанг асносида орқага бир маромда чекиниш керак эди. Акс ҳолда, мусулмон гуруҳ катта талофат кўриши турган гап. Бу вазифани амалга ошириш учун катта маҳоратга, ундан олдин оламлар Раббиси субҳанаҳу ва таолонинг тавфиқига муҳтож эдилар.
Ҳижрий 19 йилда Форс қувватига қарши жангда ҳам айни вазият юзага келган эди. Ўша жангда Рукнуддин Бейбарснинг ўрнида саҳобий жалил Қоъқоъ ибн Амр ат-Тамимий разияллоҳу анҳу, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг ўрнида эса Нуъмон ибн Муқрин разияллоҳу анҳу эди. Қоъқоъ ибн Амр ат-Тамимий разияллоҳу анҳу ўша жангда баҳайбат форс қувватини мусулмонларнинг хатарли пистирмаси сари бошлаб келган ва охир оқибат улкан форс қуввати тор-мор қилинган эди. Бу ўринда Айн-Жалут жангида Қутуз раҳимаҳуллоҳ тарихдан, салаф мусулмонларнинг тажрибаларидан гўзал ибрат ва намуна олган эди.
Рукнуддин Бейбарс аста-секин ортга чекинар, чекинган сари, мўғул лашкари унинг ўрнини эгаллаб борарди. Мусулмонлар "мағлубият" ўйинини худди ҳақиқийдек ўйнаб бердилар. Китбуга ва мўғул лашкари борган сари мусулмонларни тўлиқ янчиб ташлаш иштиёқида водийнинг ич-ичига кириб борарди. Гўё вақт ҳам ҳодисани кузатиш илинжида ўтишдан чалғигандай чўзилиб кетди. Ва ниҳоят мўғул лашкари Айн-Жалут водийсига тўлиқ кириб бўлди. Рукнуддин бошлиқ лашкар муқаддимаси водийнинг остонаси, яъни водийнинг шимолидан жанубий жабҳасигача чекинди. Китбуга бор лашкари билан водийга кириб бўлган эди[4].
Китбуга бундай катта ва қўпол ҳарбий хатога қандай йўл қўйди?! У жуда моҳир ва малакали саркарда бўлиб, узоқ йиллардан бери жанг майдонида эди-ку. Олтмиш ёки етмиш ёшдан ошган Китбуга 34 йил муқаддам ўлган Чингизхон мўғул давлатини барпо қилишида иштирок этган шахслардан бири бўлиб, шундан бери жанг майдонида эди.
"Ҳар йўрғанинг бир тойиши бор"[5], деганларидек, малакали сардор водий киришида эҳтиётий бир гуруҳ аскар қолдирмай катта хато қилган эди. Биринчидан бу, уруш жараёнини кузатиш, бордию мағлубият аломатлари кўринса, ортга хотиржам чекинишни таминласа; иккинчидан, мусулмон лашкарига ташқи ёрдамчи кучни водийдан тўсиш учун керак эди. Лекин ундай бўлмади. Жанг майдонида бундай нозик ва қалтис вазиятда мўғул ақли шошди. Баъзи таҳлилчилар бу ҳодисани Китбуга мусулмонларни буткул қириб ташлашга рағбат қилганидан шу хатога йўл қўйди десалар, яна бошқалари Китбуганинг айғоқчи, разведкачилари кучсизлиги сабаб ислом лашкарини ҳақиқий баҳолай олмаганидан, дейдилар. Баъзи таҳлилчилар Китбуганинг ҳаддан зиёд мағрур ва катта кетганидан шу аҳволга тушди, деб шарҳласалар, яна бошқа бирлари кекса саркарда Китбуганинг ақлида бошқа тактик мақсади бўлган, деб фараз қиладилар. Бироқ бу таҳлилларнинг бирортаси Китбугадай моҳир саркарданинг бундай қўпол хатосини оқлай олмайди.
"Қадар келса басар кетар"[6], деганларидек, Китбуганинг бу ҳолатга тушушини англаш учун биз мусулмон фарзандига сиёсий таҳлилчи, ёки тарих мутахасисининг фикри жудаям зарурмас. Атрофимизда бўлаётган ҳар қандай ҳаракат, кимнинг қўли билан бажарилмасин фақат ва фақат Оллоҳ таолонинг буйруғини бажараётгани бизга сир эмас. Агар шу ҳолат 100 марта такрорланса ҳам, ўша ҳолатда айни шахс, айни қарорни қабул қилишини Оллоҳ истаса, ундан бошқасини қилолмайди. Бу ўринда Оллоҳ таоло мўмин бандаларига нусрат беришни хоҳлади, шунинг учун кучли малака соҳиби, моҳир саркарда Китбуганинг қалбига бу ўринда унинг малакасига мутлақо номуносиб қарор қабул қилишини ўрнаштирди. Бу Оллоҳ таолонинг ишидир.
"Улар макр қилурлар, Оллоҳ ҳам «макр» қилур. Оллоҳ макр қилувчиларнинг зўридир"[7]
Буюк "Бадр жанги"ни эсланг, ҳамманинг эътирозига қарамасдан, Абу Жаҳл ўз лашкарини ҳалокат сари бошлаб бормаганмиди!? Ўшанда Абу Жаҳл қатъий туриб олганди, оқибатта ўзи билан бирга қурайшнинг 70 зодагони, мусулмонларнинг ашаддий душманларини бошини еган эди. Айн-Жалутда Китбуга ҳам шундай қилди. "Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва қадамларингизни собит қилур"[8], дея марҳамат қилган Оллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир. Нусрат берувчи ёлғиз Оллоҳдир.
Шундай қилиб, Китбуга ўз лашкарини Айн-Жалут водийсига бошлаб кирди ва мусулмонлар режасининг иккинчи босқичи мувоффақиятли амалга ошди[9].
Мўғул лашкари қуршовда
Режанинг учинчи бочқичи ғоят муҳим эди. Қутузнинг ишорасидан сўнг, муайян маънони касб этган довул урилди, бурғулар чалинди ва ислом лашкарининг катта бўлаги водийнинг ҳамма томони: шарқ, ғарб ва жануб томонларидан жанг майдонига қуйилиб туша бошлади. Лашкарнинг бир гуруҳи зудликла водийнинг кириши, ҳам чиқиши бўлган шимолий қисмини тўсишга шошилдилар. Шу тариқа саноқли дақиқалар ичида мўғул лашкари қуршаб олинди. Китбуга мусулмонларнинг пистирмасига тушганини фаҳмлади, лекин вақт ўтган эди. Дарҳақиқат, Айн-Жалут водийси қўйнида Китбуга ва мўғул лашкари тўрт тарафдан ўраб олинган эди. Қочишнинг ёки ҳийла ишлатишнинг умуман имкони йўқ эди. Водий текис ва очиқ майдон, қилич ёки қалқоннинг ортига беркиниб ҳимояланилмаса, бошқа жойнинг ўзи йўқ эди. Курашишдан ўзга чора йўқ! Мўғуллар бор кучлари ва малакаларини ишга солиб, жон-жаҳдлари билан жанг қиларди, мусулмонлар сабр қилишди ва собит туришди. Ҳолат ўта муҳим бўлиши билан бирга ўта хатарли ҳам эди. Энди масала ғалаба масаласи эмас, балки ҳаёт-мамот масаласи эди.
Қутузнинг жанг майдонига тушиши
Мўғул лашкарининг ўнг қаноти, ислом лашкарининг чап қанотидан устунлик қила бошлади. Соримуддин Ойбек элчиси хабар берганидек, мўғул лашкарининг ўнг қаноти анча қувватли эди. Мусулмон лашкарининг чап қаноти мўғул лашкарининг ўнг қаноти босими остида аста-секин чекинишга мажбур бўлди. Мўғуллар мусулмонларнинг чап қанотидан ёриб чиқа бошлади. Мусулмонлар сафида шаҳидлар ортиб борарди, мўғуллар бироз жадаллади. Агар улар ислом лашкарининг чап қанотини тўлиқ ёриб чиқсалар, ислом лашкарига янада жипслашган ва мўғуллар томон кучлироқ ҳолатга кўчган ва водийнинг берклиги мусулмонларнинг зарарига бўлиши мумкин эди[10].
Музаффар Қутуз тепадан, сафларнинг ортида туриб вазиятни назорат қилиб борарди. Лашкарнинг чап қаноти дуч келган ҳолатни кўриб, катта-ю кичик гуруҳларни мўғуллар ёриб чиқаётган жойга тўғаноқ қилди. Шунга қарамай, мўғулларнинг босими тўхтамади, баъзи мусулмонлар вазиятнинг қийинлашганини ҳис қилиб, руҳиятлари тушди ва нусратдан умидлари узила бошлади. "Мўғуллар енгилмайди", қабилидаги гап-сўзлар ҳали тўлиқ унитилиб улгурганича йўқ эди.
Қутуз раҳимаҳуллоҳ бу вазиятнинг ҳаммасини кўриб турарди. У чап қанотга қўшимча куч йўллади, лекин вазият жуда кескинлашди. Бу ўринда у жанг майдонига ўзининг ҳам тушишидан бошқа чорани топмади. Қутуз жанг майдонига туша бошлади. У майдонга комил аскарий ҳолатида эмас, Оллоҳ йўлида ўлимдан қўрқмаслигини намоён қилиб, бошидаги дубулғасини ечиб, ерга улоқтирди ва жанг майдонига отилди. У жангга кираркан бутун маърака майдонидаги вазиятни остин-устин қилиб юборган машҳур сўзини баланд овозда баралла айтиб борарди. Қутузнинг ҳамма ёқни тутган "Во Исламааҳ! Во Исламааҳ!"[11] – деган овози қулоқлар орқали қалбга бориб урилди[12]. Султон Музаффар Қутуз раҳимаҳуллоҳ башар тўлқини ичига ўзини отди. Ислом лашкари Султон Музаффар Қутузни ўзлари билан бир сафда кўриб, янада илҳомланди. Барчанинг кўз ўнгида олдиларига қўйган ғоялари янада равшанлашди. Мақсадлари салтанатни қўлга киритиш эмас, Ислом ғояси эканлигини, ёш султон ўлим билан олишиб, аскарлари ва халқи билан бир сафда туриб ўз вужудини намоён қилди.
Мусулмон лашкарнинг ҳамияти, ғурури жўш уриб, тўлқинланди, қаршиларида турган йиртқич каби пишқираётган мўғул лашкари улар учун ҳеч нарса бўлмай қолди. Исломни йўқ қилишга бел боғлаган ваҳший мўғул ҳамласига жонларини фидо қилароқ ташландилар. Айн-Жалут водийсида уруш авжига чиқди, жанг майдонига жасадлар тўшалди, водийнинг атрофидаги халқнинг такбир садоси осмонгача етарди. Мусулмонлар рамазоннинг бу улуғ кунида сидқидилдан Оллоҳга дуо қилиб, ёлвордилар. Қутуз довларча жанг олиб борарди. Балоғатга етмагани учун ўлимдан олиб қолинган, Ҳулагунинг таҳдидий мактубини келтирган беш мўғул элчисининг бири мамлуклар сафида жангга олиб келинган эди. У жанг авжида Қутузни мўлжалга олиб найза отди, бироқ найза Қутузга эмас, унинг отига тегди. От ерга жон ҳолатда йиқилди, Қутуз оёқда қолди, лекин ҳеч иккиланмай, ортига қарамасдан жангни давом эттирди. Мўғул болани Қутузга найза отганини кўрган мусулмонлардан бири уни ўлдирди. Мусулмон амирлардан амир Фахруддин Қутузнинг пиёда жанг қилаётганини кўрган заҳоти у томонга шошилди ва унга отини тақдим қилди[13], лекин Қутуз раҳимаҳуллоҳ "муслмонларни сендан маҳрум қилайми", деган маънодаги сўзини айтиб, уни қабул қилмади ва то бир эгасиз от ўз оёқлари билан ёнига келмагунича пиёда ҳолатда жанг қилди. Жанг майдонида бу ҳолатга кўзи тушган бир амир жангдан сўнг Қутуздан: "фалончининг отини минмадингиз? Агар душманларнинг баъзиси сизни шу ҳолатда кўришганда сизни ўлдирар ва сиз сабаб ислом ҳалокатга учраган бўларди-ку!" – дея сўради.
Қутуз раҳимаҳуллоҳ вазмин оҳангда, яқийн ишонч билан: "Мен ўлдирилсам Оллоҳ изн берса жаннатга борарман, Исломнинг эса зое қилиб қўймайдиган Раббиси бор! Фалончи ва писмадончилар ўлдирилди, дея Умар, Усмон ва Али разияллоҳу анҳум қатори подшо ва амирлардан бир қанчасини санади. Оллоҳ таоло Исломни зое қилмади, балки улардан бошқалар билан уни қоим қилди", – деб жавоб берди[14]. Дарҳақиқат, умматнинг қадди шу кабиларнинг елкаларида ростланади.
Бу ҳолатга гувоҳ бўлган мусулмонлар бутун имкониятларини ишга солиб жанг қилдилар. Мўғуллар сингари жонсақлаш учун эмас, ё нурсатга эришиш ёки шаҳодат учун жанг қилдилар. Оллоҳнинг фазли марҳамати билан уруш янгидан мусулмонлар фойдаси томон ҳал бўла бошлади. Чекиниш навбати мўғулларга келган эди.
Мўғул қўмондони Китбуганинг ўлдирилиши
Бир вақтлар Носир Юсуфнинг лашкари таркибида бўлиб, мўғуллардан қочган, бироқ кейинчалик Айн-Жалут жангидан олдин келиб, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг сафига қўшилган моҳир Шом амирларидан бири Жамолуддин Оқуш Шамсий олдинга чиқди. У жанг майдонида зўр матонат кўрсатиб, мўғуллар сафини ёриб борди ва мўғул саркардаси насроний Китбугага етиб келди. Мардонавор шамширини кўтарган Жамолуддин ва жон-жаҳдида қилич ўйнатган мўғул қўмондони ўртасида олишув бошланди. Жанг якунида Оллоҳ таоло у мўғулнинг руҳини амирга ҳадя қилди[15].
"Бас, уларни сизлар ўлдирмадингиз, балки Оллоҳ ўлдирди. Отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Оллоҳ отди"[16]
Ерга биринчи бўлиб тушган, боши танидан жудо бўлган мутакаббир тоғут Китбуга жасадими ёки унинг лашкарлари маънавиятимиди ёлғиз Оллоҳга аён.
Мўғулларнинг мағлубияти ва Айн-Жалутдан қочиши
Китбуганинг ўлими урушга ҳал қилувчи нуқтани қўйган ва мўғулларга вазият бутунлай ўзгарган эди. Уларнинг олдидаги асосий мақсадлари Айн-Жалут водийсининг кириш қисмини ёриб чиқиш ва қочиб жонсақлаш эди. Мўғулларнинг асосий қисми мусулмонларнинг оёқлари остида худди чириган дарахтдек қулаб, ҳалок бўлиб ётарди. Уларда на ҳайбат ва насавлат қолди. Баҳайбат мўғул лашкари парча-парча қилиб ташланган эди. Улар тиш тирноқлари билан мусулмон гуруҳнинг орасини ёриб чиқишга киришдилар. Қаттиқ уриниш ва кўп қурбонлар эвазига тирқиш пайдо бўлди. Бу тирқишга ўзларини жон талвасида уриб, Айн-Жалут водийсидан чиқиб, шимол томонга қоча бошладилар. Мусулмонлар мўғулларни таъқиб қилиб, бир қисмини ўлдирдилар ва яна бир қисмини асир олдилар. Асир олинганлар орасида Банияс амири Саъид Ҳасан ибн Абдулазиз ҳам бор эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ уни бошини танасидан жудо қилишга амр қилди. Ҳимс амири Ашроф Айюбий эса, ундан омонлик сўради. Унинг жанг майдонида енгилиб бериши ҳақида Соримуддиннинг элчиси ҳам хабар берганди. Қутуз унга омонлик берди[17].
Мусулмонлар ўз олдиларига қўйган мақсадлари жангда ғолиб бўлиб, минтақада сиёсий мавқега эга бўлиш эмас, балки Ислом ўлкаларни мўғуллар зулмидан тамоман қутқариш эди.
Бейт-Шеан жанги
Мўғуллар шимол тарафга қочиб, Бейт-Шеан минтақасига етиб олдилар[18]. Бейт-Шеан минтақаси Айн-Жалут водийсидан 20 км шимоли-шарқда жойлашган эди. Мусулмонларнинг таъқиб қилиб келаётганини кўрган мўғуллар, жанг учун сафларини қайта тартиблашга ва яна урушишга мажбур бўлди. Тарихчилар Бейт-Шеан жангини Айн-Жалут жангидан қийин ва машаққатли бўлган ҳамда Айн-Жалутдагидан кўпроқ мўғул лашкари ҳозир бўлган, деб хабар берадилар[19]. Унда мўғуллар даҳшатли жанг қилдилар, бор кучлари билан жон сақлашга ҳаракат қилиб, мусулмонларга қаттиқ зарба бердилар. Ана ўшанда мўминлар яна бир бор имтиҳон қилиндилар ва бу даҳшатдан қаттиқ ларзага тушдилар. Бу лаҳзалар мусулмонлар учун энг оғир дамлар бўлган эди. Буни кўрган Қутуз раҳимаҳуллоҳ мусулмонларни собитқадамликка чақирди ва яна бир бор ўзининг унутилмас сўзлари билан хитоб қилиб, "Во Исламааҳ! Во Исламааҳ! Во Исламааҳ!" – дея бор овози билан қичқирди. Сўнгра тавозе билан "Эй Оллоҳим! Банданг Қутузни мўғулларга ғолиб қил!" – дея дуо қилди[20].
Бу ўринда Қутуз бандалигини эътироф қилди. У ўзини подшо Музаффар ёки Миср султони ёки амир ал-муслимин эмас, банданг Қутуз деб убудиятини ёдга олди, бу қандай ҳам яхши! Банда Раббисига сидқидилдан ялиниб, ёлворса, Оллоҳ таоло у бандасини қандай ташлаб қўйсин?! Оллоҳ таоло шундай зотки, банда Унга икки қўлини очиб дуо қилар экан, У унинг қўлларини қуруқ қайтаришдан ҳаё қилади. Қутуз раҳимаҳуллоҳ садоқат билан қоқилса, албатта очилажак эшикни қоққан эди. У осмонлар ва ернинг подшоҳлиги унинг қўлида бўлган зотга жуда яқин бўлган эди. Ер юзидаги подшолар тавозе ила итоат қилса, осмонлар ва ернинг Подшоси унга раҳм қилади. Қутузнинг содиқ тавозеси гўё мўғул лашкарининг устига тушиб, уни буткул яксон қилган тоғ эди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ дуосини тугатар-тугатмас мўғул лашкари кучсизлана бошлади, суҳаналлоҳ! Бундан олдин ер куррасига ўзининг даҳшатини солиб турган мўғул лашкари, Бейт-Шеан ерларида ночор ҳолатда руҳсиз ётар эдилар. Мусулмонлар бешафқат урушиб мўғул лашкарини енгдилар ва Ислом байроғини баланд кўтариб, мўғулларнинг байроғини йиқитдилар. 40 - 43 йилдан бери орзиқиб кутган орзулар ушалгандай бўлди.
"Ўша кунда мўминлар Оллоҳ ғолиб қилгани сабабли шодланурлар. (Оллоҳ) Ўзи хоҳлаган кишини ғолиб қилур. У қудрат ва раҳм-шафқат эгасидир"[21]
Бир тасаввур қилинг, ер юзининг ярмини эгаллаган, милионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган, юзлаб шаҳарларни харобага айлантирган, ер юзини фасодга тўлдирган мўғул лашкари битта қўймай қириб ташланди! Ислом лашкари буюк ғалабага эришди. Мевани узадиган вақт келди. Қутуз раҳимаҳуллоҳ мўғулларнинг жасадларини Бейт-Шеан ерларида қалашиб ётганини кўриб, қаддини тик кўтариб, фахрланмади, уни ғолиблик ғурури олмади, кибрланмади ҳам. Балки энг биринчи қилган иши, отидан тушиб, оламлар Раббиси субҳанаҳу ва таолога шукр саждаси учун пешонасини ерга қўйди ва уни ўпди, сўнгра икки ракаът шукр намози ўқиди[22]. Мусулмонлар бу жангда беҳисоб ғаниматларни қўлга киритдилар[23]. Зеро фазл ва миннат Оллоҳдан ва Унинг ўзи нусрат неъматини унга инъом қилган ва уни ихтиёр этиб, жанг майдонида собитқадам қилган эди. Ҳикматни унга илҳомлантирган ва тўғри қарор қабул қилишида мадад берган ҳамда уни Ўзининг ҳақ йўлига ҳидоят қилган Оллоҳ таоло эди. Ҳар бир инсон билиши лозимки, Оллоҳнинг ёрдами билангина нусратга эришасан, Унинг раҳмати билангина нажот топасан ва Унинг иродаси билангина ҳаракат қиласан.
"Аввалу-охир барча иш Оллоҳнинг (измида)дир"[24]
Қутуз раҳимаҳуллоҳ Ислом мезонида
Қутузнинг Исломдаги қийматини билишни истаганлар, ер юзида фахр, кибр ва манманлик билан бошқалардан ўзини юқори санаб юрган, одамлар орасида димоғини баланд тутадиган, худди бутун ер юзини эгаллаб олган ёки улкан тоғларга тенг келгандек ерда керилиб юрувчиларга назар солсин! Улар уммат учун бирор нарса қилиб қўймаган, балки халқининг бошига битган балодирлар. Шундай шахсларга назар солинса, Қутуз раҳимаҳуллоҳнинг ҳақиқий қадри намоён бўлади. Ана ўшанда Қутузнинг ғалабаси ва "енгилмас" душманнинг мағлубияти уни ажаблантирмайди. Зеро Оллоҳ таоло бирор кишига зулм қилмайди, У зот ўзининг карим китобида марҳамат қилади:
"Ва Биз уни икки баландликка йўллаб қўйдик-ку!"[25]
Қутуз раҳимаҳуллоҳ омон-омон замонда, тўкин-сочин ва яхши вазиятда ҳокимият тепасига келмаган эди. Билакс ҳамма вазият тақрибан бунинг акси эди, лекин у Оллоҳ таолодан мадад сўраб, садоқат ва ихлос билан амал қилди ва бошқаларни ҳам ўзининг сафига қўшилишларига тарғиб қилди. Мусулмонлар ҳам Қутуз раҳимаҳуллоҳ қилганидай амал қилишганларида, маррага етдилар. Ваҳолангки, Мисрдаги ҳолатнинг ўзгариши учун йиллар ёки асрлар керак эди. Айн-Жалут жанги эса, Қутуз раҳимаҳуллоҳ тахтга ўтирганидан ўн ойдан кейин содир бўлган эди. Энг муҳими мухлис, содиқ, билувчи ва билганига амал қилувчиларнинг мавжуд бўлишидир. Оллоҳ таоло ваъдасига ҳаргиз хилоф қилувчи эмас. У зот ўзининг карим китобида марҳамат қиладики:
"Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз"[26]
Айн-Жалут жанги Ислом тарихидаги жангларнинг энг буюкларидандир. Бу жанг ер юзида айниқса, мусулмонлар ҳаётида чуқур из қолдирди. Унинг оламга таъсирини келаси дарсимизда шарҳлашга ҳаракат қиламиз, иншааллоҳ. Бу сўзларни айтарканман, ўзимга ва сизларга Оллоҳ таолодан мағфират тилаб қоламан.
Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим бериб, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва У бунга қодир зотдир.
Валлоҳу таъала аълам....
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
[1] Сиржоний "Қиссатут-татар" (318 - бет).
[2] Анфол: 44
[3] Қаҳрамонлик.
[4] Сиржоний "Қиссатут-татар" (322 - бет).
[5] Арабча мақол таржимаси. (لكل جواد كبوة) Ликулли жавадин кабва.
[6] Арабчадан таржима. (إذا جاء القدر عمي البصر) Иза жаалқадар амиял басар. Оллоҳнинг тақдири келса басар-яъни кўз кўрмай қолади.
[7] Анфол: 30
[8] Муҳаммад: 7
[9] Сиржоний "Қиссатут-татар" (324 - бет).
[10] Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет), Саллабий "ал-Мўғул" (261 - бет)
[11] "Во Исламааҳ!", калимасидаги "وا" юкламаси афсус, ҳайрат, шодлик туйғуларини ифодаловчи юклама бўлиб, "اه" қўшимчаси билан тугайдиган отлардан олдин ишлатилади. Унга ўзбек тилида "Исломгинам!" "Вой Исломим!" маънолари тўғри келади. "Ан-наъим" арабча-ўзбекча луғат, "вов" ҳарфи қисми (892 - бет).
[12] Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет), Саллабий "ал-Мўғул" (261 - бет).
[13] Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет)
[14] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/411, 412).
[15] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401), Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет). Тарихшунослар орасида биргина Рошидуддин, мўғул сардори Китбуга жангнинг аввалида асирга тушиб, у билан Қутуз ўртасида савол-жавоб бўлгани, сўнгра ўлдирилгани ҳақида хабар беради. Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2 - жилд, 1 - қисм, 315, 316 - бет). Бу ўринда биз кўпчилик тарихшунослар, жумладан Ибн Касир, Мақризий, Саллабий каби олимларнинг ривоятини асослироқ кўрдик.
[16] Анфол: 17
[17] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/401), Мақризий "ас-Сулук" (1/516 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[18] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[19] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[20] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[21] Рум: 4, 5.
[22] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[23] Мақризий "ас-Сулук" (1/517 - бет), Ғомидий "Жиҳадул-мамалик" (123 - бет).
[24] Рум: 4
[25] Балад: 10
[26] Ғофир: 51