Намознинг фарзлиги ҳақида ворид бўлган далиллар
Категориялар
Full Description
Намознинг фарзлиги ҳақида ворид бўлган далиллар
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ أدلة وجوب الصلاة ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:
Намознинг фарзлиги ҳақида ворид бўлган далиллар
Ислом динининг иккинчи рукни-асоси бўлган намознинг фарзлиги; Қуръон, суннат ва ижмоъ билан собит бўлган.
Қуръон карим ва саҳиҳ суннатларда намознинг беш вақтлик фарзлиги баён қилинган. Оллоҳ таоло айтди: {Албатта намоз мўминларга вақти тайинланган фарз бўлди} (Нисо 103). Исро сурасида бир кеча кундузда беш вақт фарз бўлган намоз вақтлари баёнида Оллоҳ таоло шундай деган: { Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқиш (бомдод намозни) ҳам (тўкис адо қилинг). Зеро тонгги ўқиш (кеча-кундуз) фаришталари ҳозир бўладиган намоздир} (Исро 78). Ушбу ояти карима изоҳида шайх Алоуддин Мансур шундай деганлар: барча муфассирлар ушбу оятни беш вақт намоз фарз эканлигига ҳужжат қилиб қабул қилганлар. Чунки қуёш оғиши билан "пешин" намози ўқилади. Кишининг сояси ўзига икки баровар бўлгач эса "аср" вақти киради. Кун ботиши билан "шом" бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан "хуфтон" вақти кирган бўлади. Тонг отгач (ҳали қуёш чиқмасдан туриб) "бомдод" ўқиш фарз бўлади. (иқтибос тугади).
Имом Бухорий ва Муслимлар Анас t ривоят қилган меърож воқеъасида намоз беш вақтлик фарз қилинганлиги собит бўлган. Шунингдек, имом Муслим Анас t дан ривоят қилган ушбу ҳадис намознинг фарзлигига далиллардан биридир. Унда Анас t шундай деганлар: биз жаноб росулуллоҳдан ҳадеб масала сўрайверишдан қайтарилганлигимиз туфайли саҳрои араблардан бир ақлли киши келиб росули акрам ﷺ дан масала сўраса-ю, биз уни эшитсак, деб қизиқар эдик. Кунларнинг бирида бир аъробий росулуллоҳ ҳузурига келиб: эй Муҳаммад! Сиз юборган элчи, Оллоҳ сизни пайғамбар этиб юборди, демоқда – деди. Росулуллоҳ ﷺ: рост айтибди-дедилар. Аъробий : Осмонни ким яратган?
- Росулуллоҳ ﷺ: Оллоҳ.
- Аъробий: Ерни ким яратган?
- Росулуллоҳ ﷺ: Оллоҳ.
- Аъробий: Мана бу тоғларни тик қилиб, ундаги борлиқни яратганчи?
- Росулуллоҳ ﷺ: Оллоҳ.
- Аъробий: Осмону ерни яратиб, мана тоғларни тик қилган зот номига қасамки, ҳақиқатда Оллоҳ сизни пайғамбар қилиб юбордими?
- Росулуллоҳ ﷺ: Ҳа, худди шундай.
- Аъробий: элчингиз зиммамизда бир кеча кундузда беш вақт намоз фарз бўлган, демоқда!
- Росулуллоҳ ﷺ: рост айтибди.
Аъробий ортига қайта туриб деди: сизни ҳақ билан юборган зот номига қасамки, мен мана шундан бирор нарса зиёда ҳам қилмайман, ундан бирортасини ташламайман ҳам. Шунда Росулуллоҳ ﷺ: "Агар гапи рост бўлса, албатта жаннатга керур", дедилар. (Муслим ривояти. К. Ас-салот).
Барча солиҳ амалларнинг аввали-боши намоздир. Шу боис, намозни ҳар қандай ҳолатда тўкис адо этиш ҳар мусулмонни бурчидир. Ҳамма амални узр билан кечиктириш мумкин, аммо бенамозлик ёки ўз вақтидан кечиктиришга ўлим ва бехушликдан бошқа узр йўқ. Бетоб ётган Имрон ибн Ҳусойнни зиёратига борган ҳазрат пайғамбаримиз намозга маҳкам бўлишга буюриб: "Эй Имрон, намозни тик ҳолда адо этинг! Агар туриб ўқишга қувватингиз етмаса ўтириб ўқинг! Агар (ўтириб ўқишга ҳам мадорингиз бўлмаса), у ҳолда ёнбошлаб ўқингиз! – дедилар.
Намоз нурдир. Намоз мусулмоннинг меърожидир. Намоз покликдир. Намоз мусулмонни ҳар хил ножўя, ёмон ишлардан тўсувчи қурғондир.
Ҳақиқатда, намоз ўзини турли бузуқлик ва ёмонликдан тийган ҳолда парвардигорини зикр қилган мусулмон учун нурдир. Оллоҳ таоло айтди: { Албатта намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур. Аниқки Оллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғроқдир. Оллоҳ қилаётган ишларингизни билиб турур} (Анкабут 45).
Намоз Оллоҳ таолога суюкли амалларнинг энг афзалидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд t айтдилар, мен пайғамбар ﷺ дан: энг афзал ибодат недур? –деб сўраган эдим. у зот: "Ўз вақтида адо этилган намоздир"-деб жавоб бердилар.(Бухорий 2782)
Намоз иймон камолатидир. Намозда мўминлар яратган холиқларига бўйинсунадилар, у зотга муножот қиладилар, у зотни эслаб-зикр қиладилар. Мўмин зотларнинг намоздаги васфида Оллоҳ таоло шундай деган: {Дарҳақиқат, мўминлар нажот топдилар. Улар намозлариджа бўйин эггувчи кишилардир. Улар беҳуда – фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгиргувчи кишилардир. Улар закотни (адо) қилгувчи кишилардир. Улар авратларини (ҳаромдан – зинодан) сақлагувчи кишилардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўридардангина (сақланмайдилар). Бас, улар маломат қилинмаслар. Энди ким шундай ўзгани (яъни зино ва шу каби шарияти Исломияда ҳаром қилинган бошқа нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошгувчидирлар. Улар (яъни мўминлар) ўзларига ишонилган омонатларга ва ўзларига (ўзгаларга) берган аҳду паймонларига риоя қилгувчи қишилардир. Улар барча намозларини (вақтида адо этиб қазо бўлишдан) сақлагувчи кишилардир. Ана ўшалар Фирдавс (жаннатига) меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолурлар}. (Мўминун 1-11).
Дарҳақиқат, мўминлар икки дунёда нажот топишлари, охиратда жаннати Фирдавсга сазовор бўлишлари учун юқорида зикри ўтган хислатларга эга бўлишлари керак экан. Ва мазкур ояти карима ҳақиқий мўмин ким? Ва қандай фазилатларга эга бўлиши керак? – деган саволларга жавобдир. Ҳар ким иймонини мана шу ояти карима тарозусида ўлчаб кўрсин!
Намоз жамоатда адо этиладиган улуғ ибодатдир. Бақара сурасида намозни жамоатда ўқишга буюриб Оллоҳ таоло бундай деди: {Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва рукуъ қилгувчилар билан бирга рукуъ қилинг!} (Бақара 44).
Барча муфассир уламоларимиз ушбу ояти карима намозни жамоатда адо қилиш фарз эканига далилдир, деб бир овоздан қабул қилганлар.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд tдан ривоят қилган ҳадисда жаноб Росулуллоҳ ﷺ: "Жамоатда адо этилган намоз, ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража ортиқдир", деганлар. (Бухорий 645). Имом Абу Довуд Ибн Масъуд t дан ривоят қилган ҳадисда жаноб росулуллоҳ ﷺ шундай деганлар: "Бирор қишлоқ ёки чўлда сонлари уч киши бўла туриб, намозни жамоат билан ўқимайдиган бўлсалар, албатта шайтон улар устига ғолиб бўлур. Жамоатни лозим тутингиз! Зеро бўри қўйлардан (тудадан) ажраганини ейди". (Абу Довуд).
Намоз; иймон аломатидир. Бу борада жаноб Росулуллоҳ ﷺ жумладан бундай марҳамат қилганлар: "Масжидларга серқатнов кишини кўрсангиз, унга иймон билан гувоҳлик беринглар! Чунки бу ҳақда Оллоҳ бундай деди: {Оллоҳнинг масжидларини фақат Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Оллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топгувчи зотлар бўлсалар, ажабмас} (Тавба 18). (Термизий ривояти).
Намоз; кичик гуноҳлар учун каффаротдир. Қайси бир мусулмон ўзи билиб-билмай қилиб қўйган кичик гуноҳларини кеткизишни ҳохламайди?! Кимда ким кичик гуноҳлардан пок бўлай деса, беш вақт намозни канда қилмасин. Парвардигоридан гуноҳларига ҳар намоз кетидан мағфират тиласин. Имом Муслим ривоятида Росулуллоҳ ﷺ: "Беш вақт намоз ва икки жума, улар оралиғида (қилинган кичик гуноҳлар учун) каффаротдир, мадомики катта гуноҳ қилинмаган бўлса"-деганлар.
Намозни тўкис адо қилгувчилар учун намоз ҳам руҳан, ҳам жисмонан покликдир. Абу Ҳурайра t ривоятида жаноб росулуллоҳ ﷺ: "Бирларингизни ҳовлисидан ариқ ўтган бўлиб, у кунда ундан беш марта ювинса (баданида) бирор кир қоладими? – дедилар. Саҳобалар: албатта, унинг киридан бирор нарса қолмайди-да, дейишди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ: "Бу, у сабабли Оллоҳ хато ва гуноҳларни ювадиган беш вақт намоз мисолидир", дедилар.
Намоз; инсонни ҳидоят сари бошлайдиган, ножўя ишлардан тиядиган олий мақом-ибодатдир.
Шунга кўра, кимда ким ўзининг тўғри йўлда юрганини билмоқчи бўлса намозига боқсин! Намозни тўкис адо этаяпдими? Оила-аъзоларини намозга чорлаяпдими?
Бинобарин бенамознинг мен тўғри - ҳақ йўлдаман, деб даъво қилиши ёки бошқа диний масалалар борасида баҳслашиши ноўриндир. Зеро намоз мусулмончиликнинг дастлабки белгисидир. Шу боис, намоз деганда мусулмон, мусулмон деганда эса намоз тушунилади. Ислом асослари бирин-кетин босиб кўтариладиган зина мисолидир. Ана шу зинадаги биринчи поғона намоздир. Намоз ҳидоятнинг бошланиши ва аввалидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд t: жаноб росулуллоҳ ﷺ бизларга ҳидоят йўлларини ўргатган эдилар. Шубҳасиз, намоз ҳидоят йўлларининг (боши)дир- деганлар..
* * *