Малоикаларнинг вазифалари
Категориялар
Full Description
Фаришталар вазифаси
[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]
АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ
Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий
2011 - 1432
﴿ وظائف الملائكة ﴾
« باللغة الأوزبكية »
عبد القيوم بن عبد الغفار خان
مراجعة: شمس الدين درغامي
2011 - 1432
بسم الله الرحمن الرحيم
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:
Фаришталар вазифаси хусусида
Барча гуноҳу-хатолардан маъсум, фақат ўзларига буюрилган нарсаларнигина бажарадиган фаришталарнинг Қуръон ва саҳиҳ суннатда нималар билан машғул бўлишлари батафсил баён этилган.
Биз ўтган дарслармизда Қуръон ёки саҳиҳ суннатда номи зикр этилган фаришталар: Жаброил, Микоил, Исрофил, Молик, Мункар, Накир ҳамда Ҳорут ва Морутлардир, деган эдик.
Энди юқоридаги тартибга асосланган ҳолда мазкур фаришталар бажарадаган амаллар билан яқиндан танишамиз.
Жаброил фаришта
Бу фаришта, фаришталарнинг энг машҳури бўлибгина қолмай, қолган фаришталардан ажратиб турадиган кўп сифатлар соҳиби бўлган улуғ фариштадир. Жаброил фариштанинг бажарадиган амаллари:
Бу фариштанинг энг улуғ амалларидан бири: Оллоҳ таолонинг ваҳийсини пайғамбарларга етказишдир. Оллоҳ таоло айтади: {(Эй Муҳаммад), уларга Қуръонни "Руҳул-Қудус" (яъни Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан иймон келтирган зотларни собит қадам қилиш учун мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар бўлган ҳамда ҳаққирост нозил қилинганини айтинг}. (Наҳл 102).
Жаброил фариштанинг улуғ амалларидан бири: Рамазон ойида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Қуръонни ўзаро музокара қилишларидир.
Ойша онамиз ривоятида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қизлари Фотима розиаллоҳу анҳога сир тарзда: "Жаброил мендан ҳар йили бир марта Қуръонни (бошидан) ўқиб беришимни сўрар (ва мен ўқиган оятларни Лавҳул-Маҳфуздагига солиштирар) эди. Бу йил икки марта ўқиб беришимни сўради. Мен бундан ажалим етган эканда, деган хулосани чиқардим" - деганлар. (Бухорий 4996).
Ибн Аббос розиаллоҳу анҳу айтдилар: "Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зот Рамазонда янада саховатпарварроқ бўлардилар, чунки Жаброил Рамазон ойи тамоман тугагунча ҳар кеча Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашар, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам эса Жаброилга Қуръонни ўқиб берар эдилар. У зот Жаброил билан учрашган кезларида эзгуликда эсиб турган шамолдан-да саховатлироқ бўлардилар". (Бухорий 4997).
Жаброил фариштанинг улуғ амалларидан бири: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган жангу-жадалларда мусулмонларга кўмак бериб, улар билан елкама-елка туриб кофирларга қарши уруш олиб боришидир. Шу боисдан жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳассан бин Собит розиаллоҳу анҳуга: "Эй Ҳассан, мушрикларни ҳажв қилгин! Руҳул-Қудус (яъни Жаброил) сиз билан биргадир" - деганлар. (Бухорий 4123).
Жаброил фариштанинг улуғ амалларидан бири: Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келишган инсон суратида гавдаланишидир. Жаброил фаришта Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузирига Диҳятул калбий номли хушсурат саҳобий суратида келиб, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан иймон, ислом ва эҳсонлар ҳақида савол – жавоб қилиб, саҳобалар ҳайбат қилишиб сўрашолмасдан турган айрим масалаларга ойдинлик киритади.
Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу ривоятида жаноб Росулуллоҳ бир куни саҳобаларига: "билмаган нарсаларингизни мендан сўраб олингиз!" - деган эканлар. Шунда саҳобаларни у зотнинг ҳайбатлари босиб ҳадеганда савол беришавермагач бир номаълум шахс жаноб Росулуллоҳнинг тиззлари олдига чўкиб: эй Росулуллоҳ! Ислом недур? - деб сўради. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: "Ислом: Оллоҳга бирон нарса (ёки кимсани) шерик қилмаслигинг, намозни тўкис адо этмоғинг, закотни ато қилмоғинг ҳамда Рамазон рўзасини тутмоғингдур" - деб жавоб бердилар. У: рост айтдингиз. Иймон недур? - деб, яна савол беради. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:"иймон: Оллоҳга, фаришталарига, китобига, У зотга рўбарў бўлишга, пайғамбарларига ва сўнгги қайта тирилишга ҳамда қадарнинг ҳаммасига иймон келтирмоғингдир" - дейдилар. У: рост айтдингиз. Эҳсон недур? - деб, яна савол беради. Жаноб Росулуллоҳ: "эҳсон: Оллоҳдан У зотни кўриб турганингдек қўрқмоғингдир. Агарчи сиз У зотни кўрмасангизда У сизни кўриб турур" - дедилар. У киши: рост айтдингиз. Эй Росулуллоҳ! Қиёмат қачон қоим бўлади? – деди. Жаноб Росулуллоҳ: "у ҳақда сўралаётган зот сўровчидан билувчироқ эмасдир. Лекин сизга қиёмат аломатларини айтиб бераман. Вақтики аёл ўз хўжасини туққанини кўрсангиз, ана шу қиёмат аломатидандир. Вақтики ялангоёқ, гўнг-сақовларнинг ер эгалари бўлганини кўрсангиз, ана бу ҳам қиёмат аломатидандир. Вақтики чўпонларнинг уй қуришда ўзаро баҳслашаётганини кўрсангиз, ана бу ҳам қиёмат аломатидандир. Ғайб илмидан бўлган беш нарсани Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас" - деб, ушбу ояти-каримани тиловат қилдилар: {Дарҳиқиқат, ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хоҳлаган вақтда, Ўзи хоҳлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Оллоҳгина билгувчи ва огоҳдир}. (Луқмон 34).
Сўнгра у киши туриб кетди. Бир оздан кейин Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "уни менинг ҳузуримга қайтарингиз!" - дедилар. Лекин уни истаб топишолмади. Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Бу Жаброил. Сизлар сўрамаган масалаларни таълим олишларингни истабди" - дедилар. (Муслим ривояти).
Жаброил фариштанинг улуғ амалларидан бири: Исро ва меърож кечасида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳамроҳлари айнан Жаброил фаришта бўлганидир.
Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳу айтдилар: "Исро кечаси Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Байтул-Мақдисга борганларида, у зотга бирида қатиқ, яна бирида хамр (мусаллас) тўла икки қадаҳ келтирилади. Шунда у зот ҳар икки қадаҳга назар солгач, қўлларига қатиқ тўла қадаҳни оладилар. Буни кўрган Жаброил: сизни фитрат-табиий хилқатга бошлаган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин, мабодо хамр (мусаллас) тўла қадаҳни олганингизда, умматингиз йўлдан озган бўларди" - дейди. (Бухорий 5576).
Жаброил фариштанинг улуғ амалларидан бири: бу фаришта Парвардигорнинг амру иродаси билан Биби Марямнинг ҳузурига инсон суратида келиб, у покиза аёлга бир покиза ўғил Ийсо алайҳис-саломни ҳадя этган, Оллоҳнинг танланган бандасидир, деганлигидир.
Парвардигориолам сўнгги пайғамбари Муҳаммад мустафога отасиз дунёга келган Ийсо алайҳис-саломнинг руҳини Марямга олиб келган фаришта Жаброил эканини хабар бериб дейди: {(Эй Муҳаммад),ушбу Китобда (яъни Қуръонда) Марямни зикр қилинг. У ўз аҳли-оиласидан четга – кун чиқар тамонга бориб, улардан беркиниб олган пайтида, Биз унга руҳимиз (яъни Жаброил)ни юбордик. Бас, у (Марямга) бус-бутун (рўй-рост),одам бўлиб кўринди. (Марям унга): "Мен Раҳмонга (яъни Оллоҳга) сиғиниб, сендан паноҳ беришини илтижо қилурман. Агар (Оллоҳдан) қўрқувчи бўлсанг, (менга зиён етказмагил)", деди. (Жаброил) айтди: "(Қўрқмагин), мен фақат сенга бир покиза ўғил ҳадя қилиш учун (келган) Парвардигорингнинг элчисидирман, холос}. (Марям 16-19).
Микоил фаришта
Микоил фаришта ёмғир ва ўсимликлар устидан масъул бўлган фариштадир.
Хабарларда келишича, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил фариштадан Микоил фариштага нима ишлар топширилгани ҳақида сўраган эканлар. Шунда Жаброил фаришта у зотга: Микоил Оллоҳ хоҳлаган маконга, У зот хоҳлаган замонда ёмғир ёғдириш ва ўсимликлардан масъулдир - деб жавоб берган экан.
Исрофил фаришта
Исрофил фариштага топширилган вазифа: "сур"ни чалишдир.
Хабарларда келишича Исрофил фаришта ўзига топширилган сурни оғзига тўғирлаб, кутилмаганда Оллоҳ таолодан сур чалишга фармон бўлишидан қўрққанидан ўнгу сўлга боқмасдан турар экан. Исрофил фариштага топширилган сур Оллоҳнинг амри билан икки бор чалинади. Биринчи бор чалинганда, Оллоҳ ўлимини хоҳлаган бор жонзот ўлади. Иккинчи бор чалинганда эса, Одам алайҳис-саломдан тортиб то Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламгача дунёга келган барча одамлар қабрларидан қайта тирилиб чиқадилар. Оллоҳ таоло айтади: {Сур чалиндию осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра иккинчи бор чалиндида, баногоҳ улар қабрларидан қайта тирилиб (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар}. (Зумар 68).
Молик фаришта
Молик номли фариштанинг вазифаси Қуръони-каримда баён қилинганидек дўзах хизматкорлигидир.
Охират ҳаёти, жаннат ва дўзахнинг ҳақлигини тан олмаган, сўнгги пайғамбар Муҳаммад Мустафога иймон келтириб, Оллоҳга сиғинмаган дўзахнинг ўтини бўлмиш кофир ва мунофиқлар дўзах ходими бўлмиш Молик номли фариштага: {Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин, деб нидо қилганларида, у: "Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар", дейди}. (Зухруф 77).
Мункар ва Накир фаришта
Мункар ва Накир номли икки фаришта ҳар бир мўмин-мусулмоннинг охиратдаги даслабки манзили бўлган қабрдаги савол жавобни олиб бориш амали топширилган фаришталардир.
Имом Термизий ривоятида жаноб Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Бирларингиз қабрга киритилгандан сўнг, унинг ҳузурига ранги рўйи кўкимтир қора икки фаришта ташриф буюради. Уларнинг бирининг номи Мункар, яна бириники эса Накирдир" - деб хабар берганлар. (Термизий ривояти).
Мункар билан Накир "Лаа илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ" шаҳодат калимасини айтган ҳар бир мўмин-мусулмондан даставвал: Роббинг ким? Дининг нима? Пайғамбаринг ким? – деб сўрайди. Ана шу савол жавобдан кейин ҳар бир банданинг ўқиган фарзу нафл намозлари ҳисоб китоб қилинади. Кимнинг намози тўкис адо этилган, тўлиқ бўлса, қолган амалларининг ҳисоб-китоби ҳам шунга қараб енгиллашади. Аксинча, намоз ўқимасдан дунёдан кўз юмганларнинг эса ҳолига вой. Ундай бенамозларнинг шўри қўрийди. Дод фарёд қиладилар, лекин минг афсуски кеч бўлади. Шу боис, ҳар мусулмон қабрда савол-жавоб учун Мункар ва Накир номли икки фаришта келишини, Роббинг кимдир, деб сўрашини ва бу саволга жавоб топа олмаганларини гурзи билан урушини билиб олиши шартдир.
Мункар Накир келганда,
Роббинг ким? - деб сўрганда.
Гурзи билан урганда,
Не қилгайсан бенамоз.
Ҳорут ва Морут фаришта
Ҳорут ва Морут Оллоҳ таолонинг амр-фармони билан одамларга сеҳр илмини ўргатиб, уларни имтиҳон қилиш-синаш учун ер юзига туширилган икки фаришта номидир.
Юқорида ўтганидек, бу икки фаришта ҳузурларига сеҳр илмини таълим олиш учун келганларга, дабдурустдан сеҳр илмини ўргатмас эдилар. Аксинча, бу икки фаришта сеҳр илмини таълим олиш учун келган одамларга: {Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз) бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма", дердилар}. (Бақара 102).
Киромун котибийн фаришталар
Киромун котибийнлар одамларнинг қилаётган барча амалларини ёд олиб, ёзиб борувчи-номаъи аъмоллар битувчи фаришталардир. Оллоҳ таоло айтади: {Ҳолбуки шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи фаришталар бордир}. (Инфитор 10-11). Оллоҳ таоло айтади: {Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига осиб қўйгандирмиз. Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни номаъи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): "Номаъи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга етарли ҳисобчидир"}. (Исро 14-15).
Уламоларимиз: одамларнинг амалларини ёд олиб, ёзиб борувчи фаришталар ҳар бир инсоннинг икки елкасида биттадан бўлади. Уларнинг бири унинг ўнг елкаси, яна бириси эса чап елкасига ўрнашиб олиб, кеча-кундуз тинимсиз ҳар бир қилган амалини ёзиб боради - деганлар.
Айримлар: Оллоҳ таоло ҳар бир банданинг қилаётган амалини кўриб ва билиб турувчи зот бўлса, у ҳолда банданинг яхши-ёмон амаларини ёзиб тургувчи фаришталарга неҳожат? - деган савол бериши ҳам мумкин.
Бунинг жавоби шундайдир: авваломбор бу билан Парвардигор Ўзининг бандалари қилаётган ҳар бир амални кўриб, билиб турувчи ҳамда уларнинг барча амалини санаб – битиб қўйишга қодир зот эканини эслатмоқда.
Яна бир томондан: Оллоҳ таоло қиёмат куни ҳар бир бандани ўз номаъи аъмолига воқиф қилиб, ҳужжатини қойим қилур. {Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига осиб қўйгандирмиз. Биз қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни номаъи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): "Номаъи аъмолингни ўқи! Бугун ўз нафсинг ўзингга етарли ҳисобчидир"}.
Ҳар бир кишининг икки елкасига жойлашиб олиб, унинг қилган бор яхши-ёмон амалларини ёзиб турувчи фаришталарни Оллоҳ таоло Қуръони-каримда "Рақийб" - "Кўзатувчи" ва "Аътийд" – "Доим шай турувчи" - деб атаган. Оллоҳ таоло айтади: {Зотан ўнг ва чап (тамон)да ўтирган икки қабул қилувчи (инсоннинг айтган ва қилган яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб, ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар унинг олдида ҳозуру нозир бўлган бир кўзатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)}. (Қоф 17-18).