×
Ушбу китоб эътиқод масалаларида энг муҳим ва асосий мавзуларни савол ва жавоб тарзида баён қилиб беради.

 Ақидага оид 200 савол ва жавоб

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

 1-савол: Бандалар билишлари лозим бўлган энг биринчи нарса нима?

Жавоб: Бандалар энг аввал Аллоҳ уларни у учун яратган, улардан у бўйича аҳду паймон олган, уларга ўша сабабли пайғамбарларини юборган ва китобларини туширган, у сабабли дунё ва охират, жаннат ва дўзах яратилган, ўша билан қиёмат қойим бўладиган, унинг хусусида тарозилар ўрнатиладиган, (амаллар) саҳифалари тарқатиладиган, саодат ва шақоват унга қараб бўладиган, унга кўра нурлар тақсимланадиган бир ишни билишлари лозим бўлади.

 2-савол: Аллоҳ бандаларини унинг учун яратган ўша иш нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.» (Духон: 38,39).

«Биз осмон ва ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир.» (Сод: 27).

«Аллоҳ осмонлар ва Ерни (Ўзининг қудрати илоҳиясига далолат қилиши учун) ва ҳар бир жон мазлум бўлмаган ҳолларида ўзлари қилган амаллари сабабли жазоланиши учун ҳақ (конун ва низом) билан яратди». (Жосия: 22).

«Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зариёт: 56).

 3-савол: Банда маъноси нима?

Жавоб: «Банда» сўзидан қул қилинган, бўйсундирилган деган маъно қасд қилинса, барча махлуқотни – оқилу беақл, ҳўлу қуруқ, ҳаракатлигу ҳаракатсиз, зоҳиру яширин, мўмину кофир, яхшию ёмон, барчаси тушунилади. Ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг махлуқи ва бандаси, У зотнинг бўйсундириши билан бўйсундирилган, тадбири билан тадбирланган, ҳар бирининг ўзига белгилаб қўйилган чизиғи ва етиб борадиган чегараси бор, ҳар бири белгилаб қўйилган муҳлат (ажал) сари боради, ундан бир зарра миқдорича ўтиб кетолмайди, бу ал-Ғолиб ва ал-Алийм зотнинг белгилаб қўйган тақдири, ал-Одил ва ал-Ҳаким зотнинг тадбиридир.

Агар мазкур сўздан ўзини ҳокисор тутувчи обид маъноси қасд қилинса, бу Аллоҳнинг улар учун (охиратда) хавф-хатар йўқ ва ғамгин ҳам бўлмайдиган улуғ бандалари ва тақводор дўстларига хосланади.

 4-савол: Ибодат нима?

Жавоб: Ибодат – Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган зоҳирий ҳамда ботиний сўз ва амалларни адо этиш ва уларнинг зиддидан тийилиш маъносини ўз ичига олган умумий бир калимадир.

 5-савол: Амал қачон ибодатга айланади?

Жавоб: Икки нарса – тўла мутеълик билан тўла-тўкис муҳаббат комил суратда бўлганда.

Аллоҳ таоло деди: «Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари қаттиқроқдир» (Бақара: 165).

«Албатта, улар Парвардигорларидан қўрқиб хавфда турувчи кишилардир» (Муъминун: 57).

Аллоҳ таоло булар ўртасини қуйидаги оятда жамлади: «Дарҳақиқат улар  яхши ишларни қилишга шошар ва Бизга рағбат ва қурқув билан дуо-илтижо қилар эдилар. Улар Бизга таъзим-итоат қилувчи эдилар» (Анбиё: 90).

 6-савол: Банданинг Парвардигорига бўлган муҳаббати нима билан билинади?

Жавоб: Бунинг аломати – Аллоҳ таоло яхши кўрадиган нарсани яхши кўриш ва ёмон кўрадиган нарсани ёмон кўриш, Унинг буйруқларига амал қилиб, қайтариқларидан тийилиш, Унинг дўстларини дўст тутиб, душманларини душман деб билишдир. Шунинг учун иймоннинг энг мустаҳкам ҳалқаси – Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўришдир.

 7-савол: Бандалар Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсани қандай билишлари мумкин?

Жавоб: Аллоҳ Ўзи яхши кўрадиган ва рози бўладиган нарсаларга буюрувчи ва Ўзи ёмон кўрадиган ва рози бўлмайдиган нарсалардан қайтарувчи пайғамбарларни юборди ва китобларни нозил қилди, шу билан бандалар устида Аллоҳнинг қатъий ҳужжати барпо бўлди ва етук ҳикмати зоҳир бўлди.

Аллоҳ таоло деди: «Токи бу пайғамбарлар ўтганларидан кейин одамлар учун Аллоҳга қарши ҳужжат бўлиб қолмаслиги учун пайғамбарларни (жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи ва (дўзах азобидан) қўрқитувчи қилиб юбордик» (Нисо: 165).

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилувчи, меҳрибондир». (Оли Имрон: 31).

 8-савол: Ибодатнинг шартлари нечта?

Жавоб: 3 та.

1- Чин кўнгилдан азму қарор (ният) қилиш, бу ибодатнинг вужудга келишидаги шартдир.

2- Ниятни холис қилиш.

3- Аллоҳнинг фақат унгагина амал қилишимизга буюрган шариатига мувофиқ бўлиши.

Бу (охирги) иккиси ибодатнинг қабул бўлиш шартларидир.

 9-савол:  Чин кўнгилдан азму қарор қилиш дегани нима?

Жавоб: Эринчоқлик ва сусткашлик қилмаслик, сўзини амали билан тасдиқлашга ҳаракат қилиш дегани.

Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтасиз?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)

 10-савол: Ихлоснинг маъноси нима?

Жавоб: Банданинг зоҳирий ва ботиний барча сўзу амалларидан муроди Аллоҳ таолонинг Юзини[1] исташ бўлмоғидир.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга... буюрилган эдилар.» (Баййина: 5).

 «У (тақводор зот) ҳузурида – зиммасида бирон кимсага қайтариладиган неъмат йўқдир. (Яъни, у бирон кимсанинг ўзига ўтказиб қўйган яхшилигини қайтариш учун хайр-саховат кўрсатмайди). У фақат энг олий зот бўлмиш Парвардигорининг юзини истаб (мол-давлатини сарф қилур)(Вал-лайл: 19,20).

 «(Улар айтурлар): Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз — кутмасмиз.» (Инсон: 9).

 «Ким (ўз амали билан) охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг-учун охиратда бирон насиба бўлмас!» (Шуро: 20).

 11-савол: Аллоҳ таоло бизларни фақат унга амал қилишимизга буюрган шариат қайси?

Жавоб: у Иброҳим алайҳиссаломнинг дини – Ҳанифийядир.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).

 «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару Ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку!» (Оли Имрон: 83).

 «Иброҳимнинг динидан фақат енгилтакларгина юз ўгирадилар». (Бақара: 130).

 «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир.» (Оли Имрон: 85).

 «Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шуро: 21).

 12-савол: Ислом динининг нечта даражаси бор?

Жавоб: 3та даражаси бор: Ислом, иймон, эҳсон. Улардан ҳар бири мустақил зикр қилинганда диннинг ҳаммасини ўз ичига олади, (жамланганда эса ҳар бири ўзига хос маънони беради).

 13-савол: Ислом маъноси нима?

Жавоб: Ислом – Аллоҳга Уни ёлғиз билган ҳолда таслим бўлиш, Унга тоат-ибодат билан бўйсуниш ва ширкдан халос бўлиш демакдир.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125).

 «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).

 «Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Унгагина бўйсунингиз! Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!» (Ҳаж: 34).

 14-савол: Ислом (мутлақ ҳолида) диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом ғариб бўлиб бошланган, қандай бошланган бўлса, яна ўшандай ғарибликка қайтади». (Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Исломнинг энг афзал (амал)и Аллоҳга иймон келтиришдир». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).

 15-савол: Ислом калимасининг батафсил баёнида 5та рукн (асос) билан таърифланишига далил нима?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссаломнинг дин ҳақидаги саволларига жавобан айтган сўзларида: «Ислом - «Ла илаҳа иллаллоҳ» ва «Муҳаммадун росулуллоҳ» деб гувоҳлик беришинг, намозни тўкис адо этишинг, закот беришинг, Рамазон рўзасини тутишинг, йўлига қодир бўлсанг Байтуллоҳни ҳаж қилишинг» деганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом 5та (асос) устига қурилган» деб, юқоридаги асосларни айтганлар, фақат бу ҳадисларида ҳажни рўзадан илгари зикр қилганлар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 16-савол: Икки шаҳодатнинг диндаги ўрни қандай?

Жавоб: Банда фақат шу икки шаҳодатни айтибгина динга кира олади.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта мўминлар фақат Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига иймон келтирганлардир». (Нур: 62).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар билан улар то «Ла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу» деб гувоҳлик бергунларига қадар... жанг қилишга буюрилдим», деганлар.

 (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Булардан бошқа кўп далиллар бор.

 17-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб шаҳодат бериш зарурлигига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари — адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи борлигига гувоҳлик бердилар. Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи (барҳақдир)». (Оли Имрон: 18).

 «Бас, ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина (ҳақ) эканлигини билинг». (Муҳаммад: 19).

 «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина (ҳақ)дир». (Сод: 65).

 «Аллоҳнинг боласи йўқдир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир» (Муъминун: 91).

 «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Агар улар айтганларидек Аллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) арш соҳибига (яъни, Аллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар» (Исро: 42) ва булардан бошқа оятлар.

 18-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» шаҳодатининг маъноси нима?

Жавоб: Ибодатга сазоворликни Аллоҳдан бошқа барчадан рад қилиш ва уни ёлғиз ва шериксиз Аллоҳ азза ва жаллага исбот қилиш, демакдир.

Аллоҳ таоло деди: «Бунга сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий Илоҳ экани ва улар Уни қўйиб илтижо қилаётганлари эса ботил экани, ҳамда, шак-шубҳасиз, Аллоҳ Ўзигина энг юксак ва буюк зот эканлигидир» (Ҳаж: 62).

 19-савол: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг усиз гувоҳлик берувчига фойдаси бўлмайдиган шартлари қандай?

Жавоб: Унинг шартлари 7та:

1-    Унинг маъносини яхши билиш;

2-    Унга чин дилдан ишониш;

3-    Унга зоҳиру ботинда бўйсуниш;

4-    Уни қабул қилиб, у тақозо қилган ва лозим тутган нарсалардан биронтасини рад қилмаслик;

5-    Ихлос билан бўлиши;

6-    Тил билангина айтиб қўймасдан, чин дилдан тасдиқлаш;

7-    Унга ва унинг аҳлига муҳаббат қўйиш, у туфайлигина дўстлашиш ва душман бўлиш.

 20-савол: Бу шаҳодатнинг маъносини билиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «...(тиллари билан айтаётган сўзнинг маъносини) ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яьни, «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлигига гувоҳлик бераман» деган) кишиларгина (Аллоҳнинг изни-иродаси билан шафоат қилишга қодир бўлурлар»). (Зухруф: 86).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» «Ҳеч қандай (ҳақ) илоҳ йўқ магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақ эканлиги»ни билган ҳолда дунёдан ўтса, жаннатга киради», дедилар. (Муслим ривояти).

 21-савол: Чин кўнгилдан ишониш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра (ҳеч қандай) шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир». (Ҳужурот: 15).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва мен (яъни, Муҳаммад) Аллоҳнинг элчисиман. Бирон бир банда мана шу (калималар)га ҳеч бир шубҳа қилмаган ҳолда Аллоҳга йўлиққудай бўлса, албатта жаннатга киради» (Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Шу девор ортида чин кўнгилдан ишониб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берадиган қай бир кишига йўлиқсанг, унга жаннат билан хушхабар бер», дедилар. (Муслим ривояти).

 22-савол: Бўйсунишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан бирон киши то нафс-ҳавоси мен келтирган нарсага тобе бўлмагунча мўмин бўлолмайди» (Нававий «Арбаъийн»да келтирган).

 23-савол: Қабул қилишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло уни қабул қилмаган кишилар шаънида деди: «(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Аллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар» оятидан то «Чунки улар ўзларича: «Ҳеч қандай (барҳақ) илоҳ йўқ, магар ёлғиз Аллоҳгина ҳақдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар. Ва улар «Ҳали бизлар бир мажнун шоирни деб худоларимизни тарк қилар эканмизми?» дер эдилар» оятигача (Соффат: 22-36).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мен билан юборган ҳидоят ва илм бамисоли ерга ёққан мўл ёмғирга ўхшайди. Баъзи ерлар тоза ер бўлади, сувни ўзига сингдириб, мўл-кўл ўсимликлар ва майсаларни ундиради. Айрим ерлар қаттиқ бўлиб, сувни (сингдирмасдан) ушлаб қолади, сўнг Аллоҳ у билан одамларни фойдалантиради – ичишади, (ҳайвонларини) суғоришади, экин-тикин қилишади. У (ёмғир)нинг бир қисми яна бир хил ерга ҳам тушадики, у қаттиқ теп-текис кенглик бўлиб, на сувни ушлаб қолади ва на ўсимлик ўстиради. Бу эса Аллоҳнинг динида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен орқали юборган илм унга фойда бериб, олим бўлган ва (ўзгаларга) таълим берган одамнинг мисоли билан у тарафга юз бурмаган ва мен билан юборилган ҳидоятни қабул қилмаган одамнинг мисолидир.» (Бухорий ривояти).

 24-савол: Ихлоснинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 3).

 «Сиз Аллоҳга — У зот учун динингизни холис қилган ҳолда ибодат қилинг!» (Зумар: 2).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир.» (Бухорий ривояти).

 25-савол: Чин дилдан содиқ бўлишнинг шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ («Иймон келтирдик» деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур» (Анкабут: 2,3).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сидқидилдан «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Росулуллоҳ» деб гувоҳлик берувчи ҳар қандай кишини Аллоҳ албатта дўзахга ҳаром қилган». (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аъРабийга ислом шариати (асосларини, фарзларини) таълим берганларида у: «Аллоҳга қасамки, шулардан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам» деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар шу гапида содиқ бўлса нажот топди», дедилар. (Бухорий ривояти).

 26-савол: Муҳаббат қўйиш шарт эканига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, сизларнинг ичингиздан кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар» (Моида: 54).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда учта нарса бўлса, у иймоннинг ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Расули у учун бошқа барча нарсадан кўра суюклироқ бўлиши, бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учун яхши кўриши, куфрга қайтишни ўтга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» (Бухорий ривояти).

 27-савол: Аллоҳ учун дўстлашиш ва Аллоҳ учун душман тутишнинг қандай далили бор?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» оятидан бошлаб, «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир» оятигача (Моида: 51-55).

 «Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз!» (Тавба: 23).

 «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилган кимсалар билан – гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да – дўстлашаётганларини топмассиз». (Мужодала: 22).

 «Эй мўминлар, Менинг душманим ва сизларнинг душманларингиз (бўлган мушриклар)ни дўст тутманглар!» (Мумтаҳана: 1).

Ва бундан бошқа оятлар ҳам кўп.

 28-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг элчисидир) деб гувоҳлик беришнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Зеро улар илгари очиқ хато ­– залолатда эдилар» (Оли Имрон: 164).

 «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (тўғри йўл – ҳақ динга келишингизга) ҳарис – ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир пайғамбар келди-ку!» (Тавба: 128).

 «Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билур» (Мунофиқун: 1).

Ва бошқа оятлар.

 29-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг маъноси нима?

Жавоб: Тил билан «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва қиёмат кунида барча умматлар устида гувоҳлик берувчи, мўминларга жаннат ҳақида хушхабар элтувчи ва кофирларни дўзах азобидан огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У зотнинг динига даъват қилувчи ва Ҳақ йўлини кўрсатувчи нурли чироқ қилиб юборган элчисидир» деб айтилган гапни чин дилдан қатъий тасдиқлашдир. У зот хабар берган ўтганларнинг хабарлари-ю, келгусидагиларнинг даракларини, шунингдек нима нарсани ҳалол, нима нарсани ҳаром деган бўлсалар, барчасини тасдиқлаш вожибдир. У зотнинг амру фармонларига бўйсуниш, қайтариқларидан тийилиш, шариатларига эргашиш, суннатларини лозим тутиш, қилган ҳукмларига рози ва таслим бўлиш лозим. У зотга итоат қилиш Аллоҳга итоат қилиш, у зотга осий бўлиш Аллоҳга осий бўлиш демакдир. Чунки у зот Аллоҳнинг рисолатини етказувчидирлар. У зот динни камолига ва рисолатни тамомига етказдилар, умматларини туни ҳам кундуздек бўлган ёруғ йўл устида қолдириб, сўнг дунёдан ўтдилар.

 30-савол: «Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик беришнинг шартлари нима ва ушбу шаҳодатсиз биринчи шаҳодат мақбул бўладими?

Жавоб: Юқорида айтганимиздек, банда фақат мазкур икки шаҳодат билангина динга кириши мумкин ва улар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, биринчи шаҳодатнинг шартлари иккинчи шаҳодат шартларининг айни ўзидир.

 31-савол: Намоз ва закот (Исломнинг рукнларидан экани)нинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5)

 «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо этишиб, закотни (ҳақдорларга) ато қилсалар, у ҳолда диний биродарингиздирлар» (Тавба: 11).

 «Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар» (Баййина: 5).

Ва бошқа оятлар.

 32-савол: Рўзанинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара: 183).

 «Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин» (Бақара: 185).

Бир аъРабий: «Аллоҳ менга фарз қилган рўзадан хабар беринг» деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазон ойининг рўзаси, бироқ истасанг ихтиёрий-нафл рўза тутишинг мумкин» деб жавоб берганлар. (Бухорий ривояти).

 33-савол: Ҳажнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг!» (Бақара: 196).

 «Йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уйни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир» (Оли Имрон: 97).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло сизларга ҳажни фарз қилди» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

«Ислом беш асос устига қурилган... Қодир бўлган киши Байт “Каъба”ни ҳаж қилиши» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ва бошқа ҳадислар.

 34-савол: Булардан биронтасини инкор қилган ёки иқрор бўлса-да, такаббурлик билан юз ўгирган кишининг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Иблис ва Фиръавн каби бошқа мутакаббир ва инкор қилувчилардек кофир деб эътибор қилинади ва қатл қилинади.

 35-савол: Буларга иқрор бўлган, кейин қандайдир ялқовлик ёки бошқача таъвил билан амални тарк қилган кишининг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Бундай сабаб билан намозни вақтидан кечиктирган одамдан тавба қилиш талаб қилинади, тавба қилса қилди, йўқса унинг жазоси ўлим бўлади.

 «Энди агар тавба қилсалар ва намозни тўкис адо қилишиб, закотни берсалар, уларнинг йўлларини тўсмангиз!» (Тавба: 5).

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен одамлар билан то улар «Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир» деб гувоҳлик бермагунларича ва намозни барпо қилиб, закотни адо этмагунларича жанг қилишга буюрилдим...» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Закотни беришдан бўйин товлаган одам агар шон-шавкат эгаси бўлмаса, имом (халифа) ундан зўрлик билан ундириб олади ва уни молининг бир қисмини олиб қўйиш билан жазолайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким уни (закотни) ман қилса, биз уни албатта оламиз ва у билан бирга молининг ярмини олиб қўямиз». (Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

Агар шон-шавкат ва куч-қудрат эгаси бўлган жамоат бўлса, юқоридаги оят ва ҳадислар мазмунига кўра, имом уларга қарши то закотни бермагунларича уруш қилиши лозим бўлади. Абу Бакр ва саҳобалар розияллоҳу анҳум шундай қилганлар.

Рўзани тарк қилган одам ҳақида бирор ҳукм келмаган. Лекин халифа ёки унинг ноиби ундайларга зажр (огоҳлантирув) бўларли чоралар кўради.

Ҳаж – банда умрининг охиригача адо этиши мумкин бўлган фарз бўлиб, то вафотигача ҳам унинг вақти ўтган ҳисобланмайди. Бироқ уни ҳам имкон қадар тезроқ адо этишга шошилиш лозим. Унга бепарволик билан қараганларга охиратда азоблар борлиги айтилган, аммо дунёда хос бир жазо қўлланилмайди.

 36-савол: Иймон нима?

Жавоб: Иймон – сўз ва амалдир, қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир, тоат билан зиёда бўлади, маъсият билан камаяди, бу хусусда иймон аҳли бир-биридан фарқли бўлади.

 37-савол: Иймоннинг сўз ва амал эканига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Лекин Аллоҳ сизларга  иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди» (Ҳужурот: 7).

 «Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига иймон келтирингиз» (Аъроф: 158).

Бу – банда усиз динга киролмайдиган икки шаҳодатнинг маъносидир, у эътиқод жиҳатидан қалбнинг амали, нутқ жиҳатидан тилнинг амалидир, бири бошқасисиз фойда бермайди.

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ иймонларингизни (яъни, қибла ўзгаришидан аввал Байтул Мақдисга қараб ўқиган намозларингизни) зое қилувчи эмас». (Бақара: 143). Ушбу оятда Аллоҳ таоло намозни иймон деб атади, намоз қалб, тил ва бадан аъзолари амалидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодни, Қадр кечасида ибодат билан бедор бўлишни, Рамазондаги рўза ва тунги намозни, беш вақт намозни адо этишни ва шу каби бошқа амалларни иймондан деб санадилар. У зотдан: «Энг афзал амал қайси?» деб сўралганда «Аллоҳ ва Расулига иймон келтириш», деб жавоб бердилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

 38-савол: Иймоннинг зиёда бўлиши ва камайишига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «У (Аллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат-ором туширган зотдир» (Фатҳ: 4).

«Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир» (Каҳф: 13).

«Аллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур» (Марям: 76).

«Ҳидоят топган зотларга эса (Аллоҳ) яна ҳидоятни зиёда этур» (Муҳаммад: 17).

«Токи иймон келтирган зотларнинг иймонлари янада зиёда бўлгай» (Муддассир: 31).

«Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур» (Тавба: 124).

«Ундай зотларга айрим кимсалар: «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» — деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар» (Оли Имрон: 173).

«Бу уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос» (Аҳзоб: 22).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар сизлар ҳар доим ҳам менинг олдимда бўлган ҳолатингизда бўлсангиз эди, малоикалар сизлар билан қўл бериб кўришган бўлишарди». (Муслим ривояти).

 39-савол: Иймон аҳли иймонда бир-бирларидан фарқли бўлишларига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: (Барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир! Ана ўшалар ноз-неъмат боғларида (Аллоҳ таолога) яқин қилинувчилардир» оятидан то: «Ўнг томон эгалари... Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир!» оятигача (Воқеа: 10-27).

 «Энди агар ўша (вафот қилувчи киши Аллоҳга) яқин қилинган (пешқадам)лардан бўлса, у ҳолда (унинг учун) роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир! Энди агар у ўнг томон эгаларидан бўлса, у ҳолда (эй саодатманд бандам), сенга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!» (Воқеа: 88-91).

 «Бас уларнинг орасида (Қуръонни ўқиса-да, унга амал қилмайдиган) ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Аллоҳ қалбида бир динор вазнича иймон бўлган кишини, сўнг қалбида ярим динор вазнича иймон бўлган кишини дўзахдан чиқаради» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Бир ривоятда: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида арпа донича яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида буғдойча яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади. Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган бўлса ва қалбида заррача яхшилик бўлса, дўзахдан чиқади.» (Бухорий ривояти).

 40-савол: Иймон умумий маънода диннинг ҳаммасини ўз ичига олишига далил нима?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдул Қайс қабиласи элчиларига: «Сизларни Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтиришга буюраман», дедилар, сўнгра: «Аллоҳнинг ёлғиз ўзига иймон келтириш нималигини биласизларми?» деб сўрадилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ» деб жавоб беришди. Шунда дедилар: «Бир Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир деб гувоҳлик бериш, намозни адо этиш, закотни бериш, (жангдаги) ўлжадан бешдан бирини беришларинг». (Муслим ривояти).

 41-савол: Иймоннинг тафсилида у 6 аркон билан таърифланишига далил борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрийл алайҳиссаломнинг: «Менга иймон ҳақида хабар беринг» деган саволларига: «Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтириш, қадарнинг яхшисига ва ёмонига ишониш» деб жавоб берганлар. (Муслим ривояти).

 42-савол: Бунинг Қуръондан далили борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган... кишилар яхши кишилардир» (Бақара: 177).

 «Албатта Биз ҳар бир нарсани қадар (аниқ ўлчов) билан яратдик» (Қамар: 49).

Иншоаллоҳ, ҳар бирининг далилини алоҳида келтирамиз.

 43-савол: Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Илгари ҳам ўхшаши ўтмаган, бундан кейин ҳам бўлмайдиган, Ундан аввал бирон нарса бўлмаган Аввал, Ундан кейин бирон нарса бўлмаган Охир, Ундан юқорида бирон нарса бўлмаган Зоҳир, Ундан паст-яқинроқ бирон нарса бўлмаган Ботин, Тирик, Абадий турувчи, Ягона, Беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Унга тенг бўлолмайдиган зот бўлмиш Аллоҳ таолонинг борлигини чин кўнгилдан қатъий тасдиқлаш ҳамда Уни улуҳияти, рубубияти, исмлари ва сифатларида ёлғиз билиш демакдир.

 44-савол: Улуҳият тавҳиди – яъни Аллоҳни улуҳиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?

Жавоб: Сўздаги ва амалдаги зоҳирий ва ботиний ибодат турларининг ҳаммасини ёлғиз Аллоҳ азза ва жалланинг Ўзига чеклаш ва Аллоҳдан ўзга ҳеч кимни, ким бўлишидан қатъий назар, ибодатга сазовор деб билмасликдир.

Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизга... амр этди» (Исро:23).

«Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).

«Дарҳақиқат Мен Аллоҳдирман. (Ҳеч қандай ҳақ) илоҳ йўқ, фақат Мен ҳақдирман. Бас, сен Менгагина ибодат қил ва Мени зикр қилиш учун намозни тўкис адо қил!» (Тоҳа: 14).

Ва бошқа оятлар.

 45-савол: Улуҳият тавҳидининг зидди нима?

Жавоб: Унинг зидди ширк бўлиб, у икки хил – катта ва кичик ширкка бўлинади.

 46-савол: Катта ширк нима?

Жавоб: Банда Аллоҳдан бошқа бирон нарсани У зотга тенг деб кўриши ва уни Аллоҳни яхши кўргандек яхши кўриши, ундан Аллоҳдан қўрққандек қўрқиши, унга илтижо ва дуо қилиши, (азобидан) қўрқиши ва (мукофотидан) умидвор бўлиши, унга интилиши, унга таваккул қилиши, Аллоҳга маъсият қилган ҳолида унга итоат қилиши, унга Аллоҳ рози бўлмайдиган нарсада эргашиши ва шу кабилар.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳ ўзига (бирон нарса ё кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради. Кимки Аллоҳга ширк келтирса, демак, жуда қаттиқ йўлдан озибди» (Нисо: 116).

«Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).

«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).

«Ким Аллоҳга ширк келтирса бас, у осмондан қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир» (Ҳаж: 31).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи – Унга ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликлари, бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақлари – Унга бирон нарсани ширк келтирмаган кишини азобламаслигидир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ушбу ширкни қилиб диндан чиқишда Макка кофирлари каби уни ошкор қилувчилар ҳам, тилларида Исломни зоҳир қилиб, дилларида куфрни яширган мунофиқлар ҳам баРабардирлар.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз! Магар тавба қилиб ўзларини ўнглаган ва Аллоҳга боғланиб, динларини Аллоҳ учун холис қилган зотлар — ана ўшаларгина мўминлар билан бирга бўлурлар» (Нисо: 145, 146).

Ва бошқа оятлар.

 47-савол: Кичик ширк нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло учун қилинган амалга риёнинг аралашишидир.

Аллоҳ таоло деди: «Ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)». (Каҳф: 110).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан кичик ширк содир бўлиб қолишидан қаттиқ қўрқаман» дедилар, кичик ширк нималигини сўрашганда: «Риё» деб жавоб бердилар. Сўнг буни қуйидаги сўзлари билан изоҳладилар: «Бир киши туриб намоз ўқийди, бошқа бировнинг унга  қараб турганини кўриб, намозини чиройли қилади». (Аҳмад, Байҳақий ва бошқалар ривояти).

Аллоҳдан бошқа номига қасам ичиш, чунончи, ота-боболарга, бутларга, Каъбага, омонатга ва шу кабиларга қасам ичиш ҳам шу жумлага киради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «На оталарингиз, на оналарингиз ва на бутлар билан қасам ичмангиз». (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

««Каъбага қасам» деманглар, балки «Каъбанинг Раббига қасам» денглар». (Аҳмад, Табароний ва бошқалар ривояти).

«Аллоҳдан бошқа билан қасамёд қилманглар!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Омонатга қасамёд қилган одам биздан эмас» (Абу Довуд, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

«Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одам (кичик куфр билан) кофир бўлибди ёки (кичик ширк билан) мушрик бўлибди» (Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти).

«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган ибора ҳам шу жумладандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига шундай деган одамга: «Мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Йўқ, фақат Аллоҳ ўзи хоҳласа», деганлар. (Бухорий «Ал-Адаб ул-Муфрад»да, Аҳмад, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Аллоҳ ва сиз бўлмаганингизда», «Аллоҳдан ва сиздан бошқасига ҳожатим йўқ», каби сўзлар ҳам шу жумладандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ хоҳласа ва фалончи хоҳласа деманглар, балки Аллоҳ хоҳласа, сўнг фалончи хоҳласа денглар». (яъни, “ва” ўрнига “сўнг” ишлатилади) (Абу Довуд, Насоий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Аҳли илмлар: «Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз эмас, лекин «Аллоҳ, сўнгра фалончи бўлмаганида» дейиш жоиз, дейдилар.

 48-савол: Мазкур иборалардаги «ва» билан «сўнгра» ўртасида нима фарқ бор?

Жавоб: «Ва» боғловчиси билан боғлашлик биргалик ва тенгликни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳишини Аллоҳнинг хоҳиши билан тенглаштирган ва бир ўринга қўйган бўлади. «Сўнгра» боғловчиси билан боғлашлик эса бирин-кетинлик ва эргашишни тақозо этади. «Аллоҳ хоҳласа, сўнгра сиз хоҳласангиз» деган одам банданинг хоҳиши Аллоҳ таолонинг хоҳишига тобеъ ва У зотнинг хоҳишидан кейин туришини эътироф этган бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина  хоҳларсизлар» (Инсон: 30).

 49-савол: Рубубият тавҳиди – яъни Аллоҳни рубубиятида ёлғиз билиш қандай бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг Рабби, Эгаси, Холиқи, Тадбир қилувчиси, Тасарруф қилувчисидир, Мулк-эгадорликда Унинг шериги йўқ, У ҳеч кимга хор-зор бўлмайдиган зот, Унинг буйруғини рад қилувчи, Унинг ҳукмини бекор қилувчи йўқ, тенги ҳам, ўхшаши ҳам, номдоши ҳам йўқ, Унинг рубубияти ўз ичига олган маъноларнинг ва Унинг исмлари ва сифатлари тақозо этган нарсаларнинг биронтасида Унинг рақиби йўқ, деб қатъий иқрор бўлишдир.

Аллоҳ таоло деди: «Ҳамду сано осмонлар ва Ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1) ушбу сура аввалидан охиригача рубубият тавҳидига далолат қилади.

«Ҳамду сано бутун оламлар ҳожаси, меҳрибон ва раҳмли, жазо (Қиёмат) Кунининг эгаси — подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа:1-4).

«(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва Ернинг Парвадигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баРабар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баРабар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми экани) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратувчидир ва У танҳо ғолибдир». (Раъд: 16).

«Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?! (Аллоҳ) уларнинг ширкларидан пок ва юксакдир» (Рум: 40).

«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

«Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!» (Ват-Тур: 35, 36).

«У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

««Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқарувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) зот - Аллоҳ учундир», деб айтинг ва У зотни мудом улуғланг!» (Исро: 111).

«(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «Сизлар Аллоҳдан ўзга (илоҳлар) деб гумон қилган бутларингизга дуо-илтижо қилаверинглар-чи, (улар сизларга ижобат қила олармиканлар)! Улар на осмонларда ва на ерда бир зарра вазнича (нарса)га эга эмасдирлар ва улар учун (осмонлар ва ерда Аллоҳга) шериклик ҳам йўқдир ҳамда (Аллоҳ) учун улардан бирон ёрдамчи ҳам йўқдир. (Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). Қачонки (Парвардигор ваҳйдан бирон нарсани сўзласа, самовот аҳли-фаришталар буни эшитишса, унинг ҳайбатидан дилларига қўрқув тушади) дилларидан қўрқув кетказилгач улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди», деб (савол қилишади), «Ҳақни (айтди), У юксак ва буюк зотдир», дейишади» (Сабаъ: 22, 23).

 50-савол: Рубубият тавҳидининг зидди нима?

Жавоб: Бор қилиш ё йўқ қилиш, ҳаёт бахш этиш ё вафот топтириш, яхшиликни келтириш ё ёмонликни кетказиш каби рубубият маъноларидан бўлмиш борлиқ ишларидан бирон ишнинг тадбирида Аллоҳ азза ва жалла билан бирга бошқа бирон тасарруф қилувчи зот ҳам бор деб эътиқод қилиш ёки У зотнинг ғайбни билиш, буюклик ва кибриё каби исм ва сифатлари тақозо этган маъноларда рақиби бор деб эътиқод қилишдир.

Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир. Эй инсонлар, сизларга Аллоҳ ато этган сон-саноқсиз неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир (барҳақ) илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина (барҳақ) дир» (Фотир: 2, 3).

«Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олувчи йўқдир» (Юнус: 107).

«Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилувчи – суянувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар» (Зумар: 38).

«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).

«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)»» (Намл: 65).

«Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло айтди: Азамат (буюклик) менинг изорим, кибриё (улуғворлик) эса ридоимдир, ким улардан бирортасини мендан тортиб олмоқчи бўлса, мен дўзахимни унга маскан қиламан». (Муслим ривояти).

 51-савол: Исм ва сифатлар тавҳиди нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло Китобида Ўзини сифатлаган ёки пайғамбари Уни васф этган гўзал исмлар ва олий сифатларга иймон келтириш, уларни қандай бўлса ўшандай ҳолича, кайфийятини баҳс этмасдан қабул қилиш. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Каломида кўп ўринларда исм ва сифатларни зикр қилиш билан бирга уларни қандайлигини билиб бўлмаслигини уқтирган ...?

Аллоҳ таоло деди: «У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«Кўзлар унга ета олмас. У кўзларга етар! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) огоҳ зотдир» (Анъом: 103).

Термизий ривоят қилган ҳадисда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Бизга Раббингизнинг насабини баён қилинг» дейишганда Аллоҳ таоло нозил қилди: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).

 52-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларига Китоб ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (унга дуо қилинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар» (Аъроф: 180).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон (Меҳрибон), деб чорлангиз. Қандай чорласангизлар-да (бари бирдир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» (Исро: 110).

«Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. Унинг учун энг гўзал исмлар бордир» (Тоҳа: 8).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳнинг 99 исми бор, ким уларни ихсо қилса (ёддан айтиб чиқса, ёдласа, маъноларини билиб унга амал қилса) жаннатга киради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай деганлар: «Сенинг учун бўлган ҳар бир исм билан Сендан сўрайманки у исм билан Ўзингни номлагансан ёки уни бирон китобингда нозил қилгансан ёки уни бирон бандангга билдиргансан ёки Ўз олдингдаги ғайб илмида олиб қўйгансан. Шу исмларнинг ҳаммаси билан сўрайман. Қуръонни қалбимнинг баҳори... қилгин» (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ва бошқалар ривояти).

 53-савол: Қуръонда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта, Аллоҳ Алий-энг юксак ва Кабир-буюк бўлган зотдир» (Нисо:34).

«Албатта Аллоҳ Латиф-меҳрибон ва Хобир-огоҳ бўлган зотдир» (Аҳзоб: 34).

«Зотан У Алим-билим ва Қодир-қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).

«Ал­батта, Аллоҳ Самиъ-эшитувчи, Басир-кўрувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).

«Албатта, Аллоҳ Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 56).

«Албатта Аллоҳ Ғафур-мағфиратли ва Роҳим-меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 23, 106).

«Албатта, У зот мўминларга Рауф-марҳаматли, Роҳим-меҳрибондир» (Тавба: 117).

«Аллоҳ Ғаний-беҳожат ва Ҳалиймдир» (Бақара: 263).

«Албатта, У Ҳамид-ҳамду сано эгаси ва Мажид-буюк зотдир» (Ҳуд: 73).

«Албатта, Пар­вардигорим ҳамма нарсани Ҳафиз-кузатиб турувчидир» (Ҳуд: 57).

«Албатта, Парвардигорим Қориб-яқин ва Мужиб-(дуоларни) ижобат қилувчидир» (Ҳуд: 61).

«Албатта Аллоҳ Роқиб-устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Аллоҳнинг ўзи етарли Вакилдир» (Нисо: 81, 132, 171, Аҳзоб: 3, 48).

«Аллоҳнинг Ўзи етарли Ҳасиб-ҳисоб-китоб қилувчидир» (Нисо: 6, Аҳзоб: 39).

«Аллоҳ ҳамма нарсага Муқит-қодир бўлган зот­дир» (Нисо: 85).

«Албатта Аллоҳ барча нарсага Шаҳид-гувоҳдир» (Ҳаж: 17).

«Албатта У зот барча нарсани Муҳит-иҳота қилувчидир» (Фуссилат: 54).

«Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай ҳақ маъбуд йўқ. Фақат Унинг Ўзи ҳақдир. У Ҳай-тирик ва Қайюм-абадий турувчидир» (Бақара: 255, Оли Имрон: 2).

«Аввал ҳам, Охир ҳам, Зоҳир ҳам, Ботин ҳам Унинг Ўзидир. У барча нарсани Алим-билувчидир» (Ҳадид: 3).

«У — Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) Олим-билувчидир. У Раҳмон-меҳрибон ва Раҳим-раҳмлидир. У — Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи барҳақдир. У (ёлғиз) Малик-подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) Қуддус-покдир, Салом-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) Муъмин-омон қилувчидир, (бандаларнинг амалларини) Муҳаймин-кўриб-кузатиб турувчидир, Азиз-қудрат соҳибидир, Жаббор-бўйсундирувчидир, (танҳо) Мутакаббир-кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир. У — Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, (йўқдан) Бориъ-бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Азиз-қудрат ва Ҳаким-ҳикмат соҳибидир» (Ҳашр: 22-24).

 54-савол: Суннатда асмоул-ҳусно (гўзал исмлар)дан мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида шундай дердилар:

«Азим-Улуғ, Ҳалим (меҳрибон) Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Арш эгаси улуғ Аллоҳдан ўзга ҳеч илоҳ йўқ. Осмонлар Рабби, ер Рабби, Арш Рабби бўлган Карим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Эй Ҳай-мангу ҳаёт ва Қойюм-абадий турувчи Зот! Эй улуғлик ва икром соҳиби! Эй осмонлару ернинг Бадийъ-яратувчиси!» (Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Унинг исми билан ердаги ва осмондаги ҳеч бир нарса зарар етказолмайдиган, Самиъ-Эшитувчи, Алим-Билувчи Зотнинг исми билан (паноҳ сўрайман)». (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

«Олимул ғайби вашшаҳода-Ғайбу ошкорни билувчи, осмонлару ернинг Фотир-яратувчиси, барча мавжудотнинг Рабби ва Малики-подшоҳи бўлган эй Аллоҳ!» (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва бошқалар ривояти).

«Етти осмон Рабби, улуғ Аршнинг Рабби, бизнинг Раббимиз ҳамда барча нарсанинг Парвардигори, уруғу донни ёрувчи-яратувчи, Таврот, Инжил ҳамда Фурқон (Қуръон)ни нозил этувчи эй Аллоҳ! Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар ёмонлик эгасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Эй Аллоҳ! Сен Аввалдирсан ва Сендан олдин ҳеч нарса йўқ! Сен Охирдирсан! Сендан сўнг ҳам ҳеч нарса йўқ. Сен Зоҳирдирсан! Сенинг тепангда ҳеч нарса йўқ! Сен Ботиндирсан! Сендан пастда-яқинда ҳам ҳеч нарса йўқ!» (Муслим ривояти).

«Эй Аллоҳ! Сенга ҳамд бўлсин! Сен осмонлару ер ва улардагиларнинг Нуридирсан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардагиларни Қайюм-тутиб турувчидирсан!» (Бухорий ривояти)

«Эй Аллоҳ! Мен Сендан ўзга илоҳ йўқ деб, Сен Ёлғиз, шериксиз, туғмаган ҳам, туғилмаган ҳам ва ҳеч бир тенги бўлмаган Самад - беҳожат Зотлигингга гувоҳлик келтирганим ҳолда сўрайман» (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

«Эй қалбларни буриб қўйувчи зот!» (Термизий, Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Булардан бошқа ҳам кўп ҳадислар мавжуд.

 55-савол: Аллоҳнинг гўзал исмларидан ҳар бири неча хил нарсага далолат қилади?

Жавоб: Уч турли нарсага: Зотининг айнан ўзига (мутобиқ равишда) далолат қилади, ўз зимнида бўлган (яъни маъносини ўз ичига олган) сифатга (зимний) далолат қилади, ундан иштиқоқ қилинмаган, бироқ айни исм эгасида бўлиши лозим бўлган бошқа  сифатларга (лузумий) далолат қилади. 

 56-савол: Бунга мисол айта оласизми?

Жавоб: Масалан, Раҳмон ва Раҳим исмлари исм эгасининг зотига, яъни Аллоҳ азза ва жалланинг ўзига айнан (мутобиқ равишда) далолат қилади. Шу билан бирга бу исмларнинг ўзаги бўлган «раҳмат»  сўзининг зимнидаги раҳмдиллик сифатига (зимний) далолат қилади. Шунингдек, бу ўзакдан ажралиб чиқмаган, бироқ ушбу исм эгасида бўлиши лозим бўлган – тириклик, қудрат каби сифатларга ҳам далолат қилади. Бошқа исмлар ҳам айни шундай. Махлуқларда эса ундай эмас. Мисол учун, бир одамнинг исми Ҳаким бўлгани ҳолда ўзи жоҳил бўлиши, исми Азиз бўлгани ҳолда ўзи хор бўлиши, исми Шариф (шарафли) бўлгани ҳолда ўзи тубан бўлиши, исми Саид (бахтли) бўлгани ҳолда ўзи бахтсиз бўлиши, исми Солиҳ бўлгани ҳолда ўзи ярамас бўлиши, исми Асад (шер) бўлгани ҳолда ўзи қуёнюрак бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло эса Ўзини қандай васф этган бўлса, айни шундайдир.

 57-савол: Гўзал исмлар ўз мазмунига далолат қилиши жиҳатидан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Тўрт қисмга:

1-          Гўзал исмлар маъноларининг барчасини ўз ичига олувчи атоқли от – АЛЛОҲдир. Шунинг учун исмларнинг барчаси унга сифат бўлиб келади: «У — Аллоҳ Холиқ-яратувчидир, Бориъ-(йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) Мусаввир-сурат-шакл берувчидир» (Ҳашр: 24) оятида келгани каби. Бироқ, у бошқа исмларга ҳеч тобе бўлиб келмаган.

2-          Аллоҳнинг зотидаги сифатни ўз зимнига – ичига олган исмлар. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг Самиъ (эшитувчи) исми Унинг хоҳ махфий, хоҳ ошкор, барча овозларни эшитиш сифатини ўз ичига олган. Басир (кўрувчи) исми Унинг каттаю кичик барча кўрилувчи нарсаларни кўриш сифатини ўз ичига олган. Алийм (билувчи) исми «Осмонлар ва ердаги бир зарра мисқоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса Ундан махфий бўлмайдиган» (Сабаъ: 3), ҳамма нарсани қамраб олган илмини ўз ичига олган. Қодийр (қудратли) исми бор қилиш, йўқ қилиш ва бошқа барча ишларга қодирлигини ўз ичига олган.

3-          Аллоҳ таолонинг феълий сифатини ўз зимнига олган исмлар: Холиқ (яратувчи), Розиқ (ризқ берувчи), Бориъ (йўқдан бор қилувчи), Мусоввир (сурат-шакл берувчи) каби.

4-          Аллоҳ таолонинг муқаддаслигини, барча нуқсондан поклигини ўз зимнига олган исмлар: Қуддус, Салом каби.

 58-савол: Гўзал исмлар Аллоҳ азза ва жаллага итлоқ қилиниши (истеъмол қилиниши, қўлланиши) жиҳатидан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Мазкур исмлардан ёлғиз ҳолда ёки бошқаси билан қўшилиб туриб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари бор: Аллоҳнинг комиллик сифатини ўз ичига олувчи Ҳай (тирик), Қайюм (абадий турувчи), Аҳад (ягона), Сомад (беҳожат) ва бошқалар каби.

Улардан фақат ўзининг муқобили билан қўшилиб, Аллоҳга нисбатан қўлланадиганлари ҳам борки, ёлғиз ҳолда айтилса, нуқсонли сифатни ифодалаши мумкин: Зоррун ва Нофеъ (зарар берувчи ва фойда етказувчи), Хофиз ва Рофеъ (пастлатувчи ва юксалтирувчи), Муътий ва Монеъ (ато этувчи ва ман қилувчи), Муъиз ва Музил (азиз қилувчи ва хор қилувчи) каби. Зоррун, Хофиз, Монеъ ва Музил исмларини ёлғиз ҳолда истеъмол қилиш жоиз эмас, улардан биронтаси Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам ёлғиз ҳолда имтеъмол қилинмаган. Аллоҳ таолонинг Мунтақим (интиқом олувчи) исми ҳам шу жумладан бўлиб, Қуръонда у ўзи тааллуқли бўлган бошқа сўз билан қўшилибгина истеъмол қилинган: «Албатта Биз ундай жиноятчи кимсалардан интиқом олувчидирмиз» (Сажда: 22) каби. Ёки мазкур калиманинг ўзагига «соҳиби» сўзини қўшиб истеъмол қилинган: «Аллоҳ қудрат эгаси ва интиқом соҳибидир» (Оли Имрон: 4, Моида: 95) каби.

 59-савол: Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари бор, дейилди. Зотий сифатларига Қуръондан мисол келтира оласизми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Йўқ! У зотнинг икки қўли очиқдир» (Моида: 64).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Юзигина (яъни, ўзигина мангудир)» (Қасас: 88).

«Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг Юзи — Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 27).

«У зот нақадар кўрувчи, эшитувчидир!» (Каҳф: 26).

«Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман» (Тоҳа: 46).

«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

«Эсланг, Парвардигорингиз Мусога нидо қилиб: «У золим қавмга боргин» (деган эди)» (Шуъаро: 10).

«(Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб: «Сизларни бу дарахт­дан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?!»,(деди)» (Аъроф: 22).

«(Аллоҳ) уларга нидо қилиб: «Пайғамбарларимга нима жавоб қилган эдинглар?» дейдиган кунда» (Қасас: 65).

Булардан бошқа оятлар ҳам мавжуд.

 60-савол: Зотий сифатларга Суннатдан ҳам мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Унинг пардаси нурдир, агар уни очиб юборса Юзининг нури бутун махлуқотини куйдириб юборган бўларди» (Муслим ва Ибн Можа ривояти).

«Аллоҳнинг ўнг қўли лиммо-лим, кечаю кундуз тўхтовсиз инфоқ қилиши уни камайтиролмайди. Осмонлару ерни яратганидан бери қанча инфоқ қилганини кўрдингларми? Бу эса У зотнинг ўнг қўлидагини камайтиролмади. Унинг арши сув узрадир, бошқа қўлида файз (бандаларнинг ризқини) кўтариб тушириб туради.» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Дажжол ҳақидаги ҳадисларида: «Албатта, Аллоҳ сизларга махфий қолмайди. Албатта, Аллоҳ ғилай (бир кўзи мажруҳ) эмас», деб қўллари билан кўзларига ишора қилдилар (яъни Аллоҳнинг кўзи борлигига ишора қилдилар) (Бухорий ва Муслим ривояти).

Истихора қилишни ўргатган ҳадисларида: «Парвардигоро! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора қиламан - яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қудрат-қодирлик тилайман. Сендан улуғ фазлинг билан сўрайман. Сен Қодирсан, мен қодир эмасман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билувчи эмасман. Сен ғайбларни-да билувчидирсан» (Бухорий ривояти).

«Сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсиз, эшитувчи, кўрувчи, яқиндаги зотга дуо қилаяпсиз» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти).

Қайта тирилиш ҳақидаги ҳадисларида: «Аллоҳ таоло: «Эй Одам!» деб хитоб қилади, шунда Одам: «Лаббай», деб жавоб беради» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Қиёмат мавқифида Аллоҳ таоло бандаларига гапириши, жаннат аҳлига гапириши тўғрисида сон-саноқсиз ҳадислар бор.

 61-савол: Феълий сифатларига Қуръондан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сўнгра самога юзланди...» (Бақара: 29).

Улар (Қиёмат кунида) боқмайдилар, магар уларга булутдан бўлган соябон остида Аллоҳ ва фаришталар (ҳисоб-китоб учун) келади...» (Бақара: 210).

«Улар Аллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун ер қиёмат кунида Унинг қабзаси – чангали(дадир). Осмонлар эса Унинг қўлига йиғилгандир» (Зумар: 67).

«Эй Иблис, Мен Ўз қўлларим билан яратган нарсага — Одамга сажда қилишдан нима сени ман қилди?!» (Сод: 75).

«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани — панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).

«Қачонки, Парвардигори у тоққа кўринган эди, уни майда-майда қилиб ташлади» (Аъроф: 143).

«Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18)

 62-савол: Феълий сифатларга Суннатдан мисоллар борми?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Раббимиз ҳар кеча туннинг охирги учдан бир бўлаги қолганда дунё осмонига тушади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Шунда Аллоҳ улар танийдиган суратида уларнинг ҳузурига келиб: «Мен Раббингизман» дейди, улар ҳам: «Сен Раббимизсан» дейишади» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Бу ҳадисдаги феълий сифатдан мурод Аллоҳнинг келиши, сурати эмас.

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло ерни чангалида тутади, осмонлар ҳам Унинг қўлида бўлади, сўнгра айтади: Мен подшоҳман...» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Аллоҳ махлуқотни яратгач, ўз қўли билан: «Албатта Менинг раҳматим ғазабимдан ғолибдир» деб ёзиб қўйди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Одам ва Мусо алайҳимассалом ўзаро баҳс қилганлари ҳақидаги ҳадисда: «Одам деди: Эй Мусо, Аллоҳ сени каломига танлади, сенга Тавротни ўз қўли билан ёзди» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Аллоҳнинг каломи ва қўли зотий сифат, сўзлаши зотий ва феълий сифат, Тавротни ёзиши феълий сифатдир.

«Аллоҳ таоло тунда кундузги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади, кундузи эса тунги гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиш учун қўлини ёзади» (Муслим ривояти).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам мавжуд.

 63-савол: Барча феълий сифатлардан исмлар ясаладими ёки Аллоҳнинг барча исмлари тавқифийми (яъни Аллоҳ ва Расулининг хабарларига чекланганми)?

Жавоб: Аллоҳ таолонинг барча исмлари тавқифийдир, У Китобида Ўзини исмлаган ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида исмлаган исмлар билангина исмланади. Аллоҳ таоло Ўзига умумий суратда истеъмол қилган ҳар бир феъл мадҳ ва камолни ифодалайди, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳ Ўзини мутлақ васф қилган сифатлар эмас, уларнинг ҳаммасидан ҳам исмлар чиқариб олинмайди. Балки улардан баъзилари борки, Аллоҳ таоло улар билан Ўзини мутлақ васфлаган: «Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир» (Рум: 40) каби ва Ўзини Холиқ (яратувчи), Раззоқ (ризқ берувчи), Муҳйий (тирилтирувчи), Мумийт (ўлдирувчи), Мудаббир (тадбир қилувчи) деб номлаган.

Улардан яна баъзилари борки, Аллоҳ таоло уларни жазо ва муқобала тариқасида Ўзига итлоқ қилган: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» (Нисо: 142), «(Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам макр-уларнинг макрларини ибтол қилди. Аллоҳ макар қилувчиларни зўрроғидир» (Оли Имрон: 54) ва «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67) оятларида келгани каби. Лекин бу феълларни мазкур оятларда келганидан бошқа ўринда Аллоҳга истеъмол қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло макр қилади, алдайди, мазах қилади деб айтилмайди. Шунингдек, Аллоҳ таоло Мокир (макр қилувчи), Муходиъ (алдаб қўювчи), Мустаҳзиъ (мазахловчи) деб исмланмайди, бу нарсани на мусулмон ва на оқил одам айтади. Зотан, Аллоҳ таоло фақат ноҳақ макр, алдов ва масхара қилган кимсаларга жазо тариқасидагина Ўзини макр, алдаш, мазахлаш сифатлари билан сифатлади. Маълумки, бундай ишлар учун адолат билан жазо бериш махлуқлар шаънида ҳам яхши сифат ҳисобланади, шундай бўлгач, адолатли, билимдон ва доно яратувчи шаънида қандай ундай бўлмасин?!

 64-савол: Аллоҳнинг Алий, Аъло ва шу маънодаги Зоҳир, Қоҳир, Мутаолий исмлари қандай маънони ўз ичига олган?

Жавоб: Алий, Аъло исми унинг ўзаги бўлган «олийлик» сўзидан олинган, олийликнинг барча маънолари У зотда собит эканини билдиради:

Аллоҳ таоло арши узра юксалганлигининг маъноси: барча махлуқотидан олий, улардан ажралган, уларни кузатиб турувчи, уларнинг ҳар бир ҳолатини билади, илми ҳар бир нарсани қамраб олган, унга ҳеч нарса махфий қолмайди.

Қудратининг олийлиги: Унга бас келувчи, У билан талашиб-тортишувчи, Унга қаршилик кўрсатувчи, Уни тўхтатиб қолувчи йўқ. Балки ҳамма нарса Унинг азаматига – улуғлигига бўйсунган, Унинг иззатига – ғолиблигига таслим бўлган, Унинг кибриёси – улуғворлиги олдида бўйин эгган, Унинг қудрати ва тасарруфи остида, Унинг чангалидан чиқиб кетолмайди.

Шаънининг олийлиги: камолот сифатларининг барчаси Унда собит, У ҳар қандай нуқсондан холи, азза ва жалла, таборака ва таоло.

Олийликнинг мазкур барча маънолари бир-бирига чамбарчас боғлиқ ва бири иккинчисидан асло ажралмайди.

 65-савол: Юқорига юксалганлигига Қуръондан далил борми?

Жавоб: Бунга очиқ ва сон-саноқсиз далиллар бор.

Бунга юқоридаги олийлик маъносидаги исмлар ҳам далил бўлади.

Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари ҳам далил бўлади:

«(У зот) Ўз аршига кўтарилган-ўрнашган Раҳмондир» (Тоҳа: 5).

Қуръоннинг етти жойида келган.

«Ё сизлар осмондаги зот сизларни Ер юттириб юборишидан... хотиржаммисизлар» (Мулк: 16).

«Улар устиларидаги (уларни кузатиб турган) Парвардигорларидан қўрқурлар» (Наҳл: 50).

«(Ҳар бир) хуш сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур» (Фотир: 10).

«Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4).

«У осмондан ергача бўлган барча ишни тадбир қилиб – бошқариб турур, сўнгра (бу ишларнинг барчаси) сизларнинг ҳисобингизда минг йилга тенг бўладиган бир кунда Унинг Ўзига кўтарилур» (Сажда: 5).

«Эй Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдирувчи ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман» (Оли Имрон: 55).

Ва бошқа оятлар.

 66-савол: Бунинг Суннатдан ҳам далили борми?

Жавоб: Ҳа, Суннатда ҳам сон-саноқсиз даражада кўп далиллари бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Арш унинг юқорисида, Аллоҳ аршнинг устида ва У етти қават осмон устидан мулкига ҳукмронлик қилади» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, заиф ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чўри қизга: «Аллоҳ қаерда?» деб савол берганларида у: «Осмонда» деб жавоб бергач, хожасига: «Уни озод қилавер, у мўмина» деганлар. (Муслим ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меърожга кўтарилишлари ҳақидаги ҳадислар ҳам бунга далил бўлади.

«Сизларнинг орангизда кечаси бир тоифа, кундузи бир тоифа малоикалар алмашиб турадилар. Улар бамдод ва аср намозлари вақтида жамланишади, сўнг сизларнинг ичингизда тунни ўтказганлари (самога) кўтарилади. (Аллоҳ таъоло) Ўзи яхши билган ҳолда улардан: «Бандаларимни қай ҳолда қўйиб келдинглар?» деб сўрайди. Улар: «Уларни намоз ўқиётган ҳолда тарк қилдик, намоз ўқиётган ҳолларида борган эдик» дейишади.» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Ким бир дона хурмо қийматича нарсани ҳалол-пок касбидан садақа қилса, ваҳоланки Аллоҳ ҳузурига фақат пок нарсагина кўтарилади..» (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Агар Аллоҳ таоло самода бир ишга ҳукм қилса, малоикалар Унинг сўзига бўйсунганликдан худди тош устида занжир судралгани каби (овоз чиқариб) қанотларини қоқишади» (Бухорий ривояти).

Бундан бошқа ҳадислар ҳам кўп, жаҳмиялардан бошқа барча мавжудот бунга иқрор бўлган.

 67-савол: Салафи солиҳ дин имомлари «истиво» (яъни, Аллоҳ таолонинг арши узра кўтарилгани-ўрнашгани) масаласида қандай фикрда бўлганлар?

Жавоб: Барчалари бир фикрда якдил бўлганлар: Истиво маълум, кайфиятини билиш инсон ақли доирасидан ташқарида, унга иймон келтириш вожиб, у ҳақда сўраш (савол-жавоб қилиш) бидъат, рисолат Аллоҳдан, пайғамбарининг вазифаси етказиш, бизнинг вазифамиз таслим бўлишдир. Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари ҳақида сўз юритилган барча оят ва ҳадислар хусусида уларнинг фикрлари шундай: «У (Китоб)га иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир» (Оли Имрон: 7), «Аллоҳга иймон келтирдик. Гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчилармиз» (Оли Имрон: 52).

 68-савол: Қудрати олий-улуғлигига Қуръондан далил борми?

Жавоб: Ҳа, жуда кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло деди:

«Унинг Ўзи бандалари устида ғолибдир» (Анъом: 18, 61).

«У зот (айбдан) покдир. У яккаю ягона ва ғолиб Аллоҳдир» (Зумар: 4).

«Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!» (Ғофир: 16).

«(Эй Муҳаммад,) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман холос. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина бордир» (Сод: 65).

«Ўрмалаган нарса борки, барчаси У зотнинг қўл остидадир» (Ҳуд: 56).

«Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва Ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, (лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас)(Раҳмон: 33).

Ва бундан бошқа оятлар.

 69-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми?

Жавоб: Суннатда ҳам кўп далиллар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида айтардилар:

«Сен пешонасидан тутган (яъни, Сенинг салтанатинг остидаги) ҳар бир қимирлаган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман»  (Муслим ривояти).

«Эй Аллоҳим! Албатта, мен Сенинг қулингдирман. Қулингнинг ўғлиман. Чўрингнинг ўғлиман. Пешонам Қўлингда (яъни, мен Сенинг салтанатинг-ҳукминг остидаман). Ҳукминг менинг устимда жорийдир. Менинг устимда қилган қазоинг (ҳукминг) адолатдир» (Аҳмад ривояти).

«Албатта, Сен ҳукм этасан. Сенинг устингдан ҳукм этилмас. Сен дўст тутган киши хор бўлмас ва Сен душман тутган киши азиз бўлмас» (Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ва бошқалар ривояти).

Ва бошқа кўп ҳадислар.

 70-савол: Шаъни улуғлигига далил нима ва нималарни Аллоҳ таолога нисбатламаслигимиз лозим?

Жавоб: Шаънининг улуғлиги - Қуддус, Салом, Кабир, Мутаол ва шу маънодаги исмлар ўз ичига олган ва Унинг камолига ва улуғлигига далолат қилувчи барча сифатлари лозим тутган нарсадир.

У зот ўзининг ягоналигида бошқанинг У билан бирга эгадорлик қилишидан ёки Унга ёрдамчи ва кўмакчи бўлишидан ёки Унинг ҳузурида Унинг изнисиз шафоатчи бўлишидан олий – юқори зотдир.

Ўзининг азамати (буюклиги), кибриёси (улуғлиги), малакути (подшоҳлиги) ва жабарутида (қудратида) бировнинг У билан талашиб-тортишувчи ёки Унга бас келувчи ёки Унга валий (дўст) ва насийр (мададкор) бўлишидан олий – юқори зотдир.

Ўзининг беҳожатлигида умр йўлдоши, фарзанд ва отадан, шунингдек тенги ва ўхшаши бўлишидан олий – юқоридир.

Ўзининг барҳаётлиги ва абадий туришлигида ўлиш, мудраш, ухлаш, чарчаш, заифлашишдан олий – юқоридир.

Илмининг комиллигида ғофиллик ва унутишдан, шунингдек, еру осмонлардаги бирон нарса Унинг илмидан заррача миқдорда чиқиб кетишидан олий – юқоридир.

Ҳикматининг комиллигида бирон нарсани беҳуда яратиб қўйишдан ва халқини буйруқ ва қайтариқсиз, қайта тирилтириш ва жазосиз бекор ташлаб қўйишдан олий – юқоридир.

Адлининг комиллигида бировга заррача миқдорда зулм қилишдан ёки биронтасининг ҳасанотидан бирон нарсани ажр-савобсиз қолдиришдан олий – юқоридир.

Ғиноси – беҳожатлигининг комиллигида таомланиш, ризқланиш ё бировга бирон нарсада муҳтож бўлишдан олий – юқоридир.

Ўзини васф этган ёки Расули Уни васф этган барча сифатларда таътилдан (яъни бирон сифатини йўққа чиқариш) ва тамсилдан (яъни махлуқотларнинг сифатларига ўхшатилишдан) олийдир. У пок, мақтовли, ғолиб, улуғ, баракот эгаси, олий ва муқаддасдир, улуҳияти ва рубубиятига, гўзал исмлари ва олий сифатларига зид келувчи ҳар қандай айбу нуқсондан покизадир: «Осмонлар ва ердаги энг олий сифат Уникидир. У қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Рум: 27). Бу хусусда Қуръон ва Суннатдан далил-ҳужжатлар хўп ва кўп, маълум ва машҳурдир.

 71-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аллоҳнинг гўзал исмлари ҳақида: «Ким уларни санаса, жаннатга киради» деган сўзларининг маъноси нима?

Жавоб: Буни  бир неча маъноларда тафсир қилинган:

а) уларни ёд олиш, улар билан дуо қилиш, улар билан Аллоҳга ҳамду сано айтиш;

б) улардан Карим (саховатли), Раҳим (раҳмдил) каби эргашиш мумкин бўлган сифатларни банда ўз ҳолига муносиб равишда ўзида мужассам қилишга уриниши, Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига хос бўлган Жаббор, Азим, Мутакаббир каби сифатларга банда иқрор бўлиши, уларга бўйсуниши, улардан биронтасига эга бўлишга уринмаслиги, ваъда маъносини ўз ичига олган Ғафур, Шакур, Афув, Рауф, Ҳалим, Жавод каби сифатларга нисбатан умид ва рағбат устида туриши, ваид-қўрқитиш маъноси бўлган Азиз, Интиқом соҳиби, Азоби қаттиқ, Ҳисоби тез каби сифатларга нисбатан хавф ва қўрқув ҳолатида туриши;

в) банда уларни мушоҳада этиши, уларни билиш ва бандалик изҳор этиш жиҳатидан ҳақларини тўла адо этиши. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг ўз халқидан олий ва улардан юқорида эканини, халқидан ажралган, бироқ илми ва қудрати билан уларни иҳота қилган ҳолда аршида ўрнашганини мушоҳада этган одам мана шу сифатнинг тақозосига кўра ибодат қилади, ўзини У зотнинг пойида худди хор бир қул қудратли подшоҳнинг олдида турганидек бош эгиб, муножот қилиб турган деб билади, ҳар бир сўзу амали У зотга рўбарў қилинишини чуқур ҳис қилиб, У зотнинг ҳузурига уни шармандаю шармисор қиладиган сўз ва амаллари кўтарилиб боришидан ҳаё қилади.

Аллоҳнинг бепоён илмини, барча нарсани эшитиши ва кўришини, Унинг барҳаётлиги ва абадий туришини ва бошқа сифатларини мушоҳада этиш ҳақида ҳам айни сўзларни айтиш мумкин.

 72-савол: Исм ва сифатлар тавҳидининг зидди нима?

Унинг зидди – Аллоҳнинг исмларини, сифатларини ва оят-аломатларини инкор қилиш бўлиб, у уч хил:

1-    Аллоҳ таолонинг исмларини ўзгартириб, улар билан ўз бут-санамларини номлаган мушрикларнинг инкори. Масалан, улар Лотни Илоҳ сўзидан, Уззони Азиздан, Манотни Маннондан олишган.

2-    Аллоҳ таолонинг сифатларига шакл бериб, уларни бандаларнинг сифатларига ўхшатувчи мушаббиҳаларнинг инкори. Бу мушрикларнинг инкорига қарама-қарши инкордир. Чунки мушриклар махлуқларни Раббил оламийнга тенглаштирдилар, улар эса Аллоҳ таолони махлуқлар манзилатига туширдилар ва У зотнинг сифатларини махлуқотнинг сифатига ўхшатдилар.

3-    Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқарувчи муаттила (таътил аҳли)нинг инкори. Улар икки қисм:

Биринчи қисм: Аллоҳ таоло исмларининг лафзини тан олишади, бироқ бу лафзлар ўз ичига олган камолот сифатларини инкор қилишади,  илмсиз Алим, раҳмсиз Раҳмон ва Раҳим, эшитишсиз Самиъ, кўришсиз Басийр, қудратсиз Қодийр ва ҳоказо дейишади.

Иккинчи қисм: Исмларни ҳам, уларнинг мазмунларини ҳам бутунлай инкор қилишади ва У зотни на исми, на сифати бор бўлган буткул йўқлик билан васфлашади.

Аллоҳ таоло золим, кофир ва мулҳидлар айтаётган бу сўзлардан ғоят пок ва бениҳоя олийдир: «У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг ҳожасидир. Бас, сиз Унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «тенг»ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65).

«Бирон нарса У зотга ўхшаш эмасдир. У эшитувчи ва кўриб турувчидир» (Шўро: 11).

«У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар» (Тоҳа: 110).

 73-савол: Тавҳиднинг барча турлари бир-бири билан чамбарчас боғлиқми, улардан бирига эътироз билдирган одам ҳаммасига эътироз билдирган бўладими?

Жавоб: Ҳа, тавҳиднинг барча турлари бир-бирига боғлиқ, ким улардан бир турида мушрик бўлса, қолганларида ҳам мушрик ҳисобланади. Аллоҳдан бошқага дуо қилиш ва фақат Угина қодир бўладиган нарсани бошқадан сўраш бунга мисол бўлади. Дуо – ибодат, бўлиб ҳам ибодатнинг мағзи ҳисобланади. Уни Аллоҳдан бошқага қилиш Аллоҳнинг улуҳиятида ширк келтиришдир. Аллоҳдан бошқадан бирон яхшилик ато этишини ёки бирон ёмонликни даф қилишини сўраш ва уни шунга қодир деб эътиқод қилиш Аллоҳнинг рубубиятида ҳам ширк келтириш бўлади. Чунки уни Аллоҳнинг малакутида Унга шерик деб эътиқод қилган бўлади. Бундан ташқари, Аллоҳдан бошқага дуо қилар экан, қаерда ва қачон бўлмасин, хоҳ узоқда, хоҳ яқинда бўлсин, унинг дуосини эшитувчи, деган эътиқодда дуо қилади. Бу эса Аллоҳнинг исми ва сифатларидаги ширк жумласига киради. Чунки бу билан Аллоҳдан бошқага чексиз-чегарасиз эшитиш сифатини исботлаган бўлади. Бу эса Аллоҳгагина хос бўлган сифат эди. Демак, улуҳиятдаги ширк ҳам рубубиятдаги, ҳам исм ва сифатлардаги ширкни келтириб чиқарди.

 74-савол: Фаришталарга иймон келтиришга Қуръон ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Қуръондан бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло деди:

«Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано айтиш билан (У зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) покларлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Аллоҳдан) мағфират сўрарлар» (Шўро: 5).

«Албатта Парвардигорингизнинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан ор қилмайдилар. Уни поклайдилар ва Унгагина сажда қиладилар» (Аъроф: 206).

«Ким Аллоҳга ва унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброил ва Микоилга душман бўлса, бас, албатта Аллоҳ (бундай) кофирларга душмандир» (Бақара: 98).

Фаришталарга иймон келтириш ҳақида Суннатда Жибрил алайҳиссаломнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан савол-жавоб қилгани ҳақидаги ҳадисда баёни келди. «Саҳиҳи Муслим»да: «Аллоҳ таоло уларни нурдан яратган» ҳадиси келган. Улар хусусида бошқа ҳадислар ҳам кўп.

 75-савол: Фаришталарга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг борлигига ва Аллоҳнинг ғоят тарбияли ва бўйсинувчан халқлари эканига қатъий иқрор бўлиш, демакдир.

«Йўқ, (фаришталар асло Аллоҳнинг болалари эмас, балки) улуғ бандалардир.  (Фаришталар) У зотдан илгари бирон сўз айтмайдилар (яъни Аллоҳ буюрмаган бирон ишни қилмайдилар), Улар (Аллоҳнинг) амри фармони билангина амал қилурлар» (Анбиё: 26, 27).

«У фаришталар Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдилар, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладилар» (Таҳрим: 6).

«Осмонлар ва ердаги бор жонзот Уникидир. Унинг ҳузуридаги зотлар (яъни фаришталар) Унга ибодат қилишдан орланиб-зорланмайдилар. Улар туну кун сусткашлик қилмасдан (Аллоҳга) тасбеҳ айтадилар» (Анбиё: 19, 20).

 76-савол: Аллоҳ уларга топширган ваколатлар ва вазифалар нималардан иборат?

Жавоб: Бу эътибор билан улар кўп қисмга бўлинадилар:

Улар ичидан пайғамбарларга ваҳийни етказишга вакил қилингани бор, у Руҳул-амин Жибрил алайҳиссаломдир.

Ёмғирга вакил қилингани бор, у Микоил алайҳиссаломдир[2].

Сурга вакил қилингани бор, у Исрофил алайҳиссаломдир[3].

Жон олишга вакил қилингани бор, у Малакул-мавт ва унинг ёрдамчиларидир[4].

Бандаларнинг амалларига вакил қилинганлари бор, улар Киромун Котибийндир[5].

Бандаларни олди ва орқаларидан сақлаб-муҳофаза қилиб юрадиганлари бор, улар Муъаққибот (таъқиб қилувчилар)дир[6].

Жаннат ва унинг неъматларига вакил қилинганлари бор, у Ризвон ва бошқалардир.

Дўзахга ва ундаги азобларга вакил қилинганлари бор, улар Молик[7] ва бошқа азоб фаришталиридир, уларнинг катталари 19 тадир.

Қабр фитнасига вакил қилинлари бор, улар Мункар ва Накирдирлар[8].

Улардан Аршни кўтариб турувчилар бор[9].

Улардан Карубийлар (яъни муқарраб, Аллоҳга энг яқин бўлган фаришталар) бор.

Она қорнидаги ҳомилани вужудга келтириш ва унинг қисматини битишга вакил қилинганлари бор[10].

Улардан Байтул Маъмурга кирадиган фаришталар бор, ҳар куни унга етмиш минг фаришта киради, сўнг яна қайтиб киришга навбат келмайди[11].

Улардан зикр мажлислари ортидан юрадиган сайёҳ фаришталар бор[12].

Улардан узликсиз қиёмда (намоз ичида) турувчи сафлар бор.

Улардан рукуъ ва саждадан бош кўтармайдиганлари бор.

Яна бундан бошқа хиллари ҳам кўп: «Парвардигорингизнинг қўшинларини (яъни фаришталарнинг қанча ададда ва қандай сифатда эканликларини) ёлғиз Унинг Ўзигина билур» (Муддассир: 31).

(ҳошияларни қўйиб чиқиш керак)

 77-савол: Китобларга иймон келтиришнинг далили нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Эй мўминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарига ва шу пайғамбарига нозил қилган Китобига ҳамда илгари нозил бўлган Китобларига иймонингиз комил бўлсин» (Нисо: 136).

«Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган Китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Ийсога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз» (Бақара: 136).

Бундан бошқа оятлар ҳам кўп, Аллоҳ таолонинг: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15) оятининг ўзи ҳам кифоя қилади.

 78-савол: Қуръонда барча илоҳий китоблар номи келтирилганми?

Жавоб: Қуръонда Аллоҳ таоло у китоблардан Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо саҳифаларини номлаган, қолганларини эса умумий суратда зикр қилган:

«Аллоҳ (ягона), ҳеч бир тангри йўқ, фақат Унинг Ўзи бор. У тирик ва абадий турувчидир. Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзидан аввал тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу Китобни (Қуръонни) ҳақ билан нозил қилди. Илгари одамларни ҳақ йўлга ҳидоят қилиш учун Таврот ва Инжилни туширган эди» (Оли Имрон: 2-4).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

«Ёки унга Мусонинг ва (аҳдига) вафодор зот бўлган Иброҳимнинг саҳифаларидаги сўзлар хабари берилмаганмиди?! (Нажм: 36, 37).

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик» (Ҳадид: 25).

Улардан Аллоҳ таоло батафсил равишда хабар берганларига батафсил иймон келтиришимиз вожиб бўлади, умумий суратда зикр қилганларига эса умумий суратда иймон келтиришимиз лозим, улар ҳақида Аллоҳ ва Расули буюрган гапни айтамиз: «Айтинг: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим» (Шўро: 15).

 79-савол: Аллоҳнинг Китобларига иймон келтириш маъноси нима?

Жавоб: Уларнинг ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридан нозил бўлган ва Аллоҳнинг ҳақиқий Каломи деб қатъий тасдиқлашдир. Улардан баъзилари борки, элчи фаришта воситасисиз, парда ортидан тўғридан-тўғри Аллоҳ таолонинг Ўзидан эшитилган. Баъзилари борки, фаришталардан бўлган элчи уни инсонлардан бўлган элчига етказган. Баъзилари борки, Аллоҳ таоло уни Ўз қўли билан ёзган.

Аллоҳ таоло деди: «Бирон одам учун Аллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали, ё бирон парда-тўсиқ ортидан ёки бирон элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Аллоҳнинг) изни-ихтиёри билан ўзи хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У юксак ва ҳикмат эгасидир» (Шўро: 51).

«Аллоҳ айтди: «Эй Мусо, ҳақиқатан Мен сени одамлар устида пайғамбарим бўлишга ва (бевосита) каломимни эшитишга танлаб олдим»» (Аъроф: 144).

«Мусо билан Аллоҳнинг Ўзи (бевосита) гаплашди» (Нисо: 164).

«Унинг учун лавҳларга (яъни Таврот варақларига) ҳамма нарсани — панд-насиҳат ва барча нарсаларнинг тафсилотини ёзиб қўйдик» (Аъроф: 145).

Ийсо алайҳиссалом ҳақида деди: «Унга ҳидоят ва нурни ўз ичига олган, ўзидан олдинги Тавротни тасдиқлаувчи ва тақводорлар учун ҳидоят, панд-насиҳат бўлган Инжилни бердик» (Моида: 46).

«Довудга Забурни ато этдик» (Нисо: 163, Исро: 55).

Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида деди:

«Лекин Аллоҳ сизга ўз билими билан нозил қилган нарсага гувоҳлик берур. Фаришталар ҳам гувоҳлик берурлар. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳдир» (Нисо: 166).

«Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик» (Исро: 106).

«Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир. (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз (охират азобидан) огохлантирувчилардан бўлишингиз учун қалбингизга уни (яъни Қуръонни) Руҳул-Амин – Жаброил очиқ-равшан арабий тил билан нозил қилди» (Шуъаро: 192-195).

«Албатта ўзларига Эслатма — Қуръон келган вақтда унга кофир бўлган кимсалар (қаттиқ азобга йўлиқурлар). Шак-шубҳасиз у азиз — қудратли Китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 41, 42).

Ва бошқа кўплаб оятлар бор.

 80-савол: Ўтган Китобларга нисбатан Қуръоннинг тутган ўрни қандай?

Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръонда деди:

«Сизга (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзидан олдинги китоб(ларни) тасдиқлаувчи ва у (китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик» (Моида: 48).

«Ушбу Қуръон Аллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У бутун оламлар Парвардигори томонидан келган ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа бўлмаган Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) нарсаларни тасдиқловчи ва (шариат ҳукмларидан иборат) муфассал Китобдир» (Юнус: 37).

«(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).

Муфассирлар айтганлар: «Ўзидан аввалги китобларга гувоҳ ва уларни тасдиқловчи эканининг маъноси – уларда бўлган саҳиҳ-рост гапларни тасдиқлайди, уларга киритиб юборилган тўқима ва ўзгартиришларни рад этади, уларни мансух қилади ё қолдиради, демакдир. Шунинг учун илгариги китобларни қўлда тутган тўғри фикрли ҳар бир инсон Қуръонга бўйсинувчи бўлади, Аллоҳ таоло айтганидек: «Биз (Қуръондан) илгари Китоб (яъни Таврот, Инжил) ато этган зотлар (яъни яҳудий ва насронийлар орасидаги мўминлар) унга (яъни Қуръонга) иймон келтирурлар. Қачонки уларга (Қуръон) тиловат қилинса улар: «Бизлар унга иймон келтирдик. Албатта, у Парвардигоримиз томонидан бўлган Ҳақиқатдир. Шак-шубҳасиз, бизлар (Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳни ягона билиб бўйсунувчилар) эдик», дерлар» (Қасас: 52, 53).

 81-савол: Барча халқ ва миллатлар Қуръон хусусида ўзларига нимани лозим тутишлари керак?

Жавоб: Унга зоҳиру ботинда эргашишлари, уни маҳкам тутишлари ва ҳаққини адо этишлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло деди: «Мана бу эса Биз нозил қилган муборак Қуръондир! Бас, унга эргашингиз ва (Аллоҳдан) қўрқингиз!» (Анъом: 155).

«(Эй инсонлар), сизларга Парвардигорингиздан нозил қилинган нарсага (Китобга) эргашингиз, ундан ўзга (шайтон ва ёмон олимлар каби) «дўстларга» эргашмангиз!» (Аъроф: 3).

«(Уларнинг ораларида) Китобни маҳкам ушлаган ва намозни тўкис адо қилган зотлар ҳам борки, албатта Биз ўзларини тузатувчи кишиларнинг ажр-мукофотини зое қилмагаймиз» (Аъроф: 170).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг Китоби хусусида шундай васият қилганлар: «Аллоҳнинг Китобини ушлангиз ва уни маҳкам тутингиз!»[13]

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Албатта, ҳали фитналар бўлажак». Мен дедим: «Улардан чиқиш йўли қандай, ё Расулуллоҳ?» У зот: «Аллоҳнинг Китоби», дедилар.[14]

 82-савол: Қуръонни маҳкам тутиш ва унинг ҳаққини адо этиш маъноси нима?

Жавоб: Уни ёд олиш, тиловат қилиш, кечаю кундуз намозларда у билан қоим бўлиш,  оятларини тафаккур қилиш, у ҳалол деганни ҳалол санаш, ҳаром қилганини ҳаром деб билиш, амрларига бўйсиниш, қайтариқларидан тийилиш, масалларидан ибратланиш, қиссаларидан насиҳат олиш, муҳкамига амал қилиш, муташобиҳига таслим бўлиш, унинг ҳудудидан чиқмаслик, уни ғулув кетувчиларнинг ўзгартиришларидан ва бузғунчиларнинг тўқималаридан ҳимоя қилиш, унинг барча маъносига холис ёндошиш ва унга онгли равишда даъват қилиш, демакдир.

 83-савол: Қуръонни махлуқ деган кишининг ҳукми нима?

Жавоб: Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам ҳақиқатан Аллоҳнинг Каломидир. Маънолари қолиб, ҳарфларининг ўзи ёки ҳарфлари қолиб, маъноларининг ўзи Аллоҳнинг каломи дейилмайди. Аллоҳ уни сўз билан сўзлади ва Расулига ваҳий билан нозил қилди, мўминлар унга ҳаққи-рост иймон келтирдилар. Қуръонни гарчи қўл билан ёзилса, тил билан ўқилса, дил билан ёдланса, қулоқ билан эшитилса, кўз билан кўрилса-да, бу уни Раҳмон таолонинг Каломи бўлишидан чиқармайди. Бармоқлар, сиёҳ, қалам ва варақлар махлуқ, улар билан битилган нарса махлуқ эмас. Тиллар ва овозлар махлуқ, улар билан тиловат қилинган нарса махлуқ эмас. Қалблар махлуқ, уларда маҳфуз бўлган нарса махлуқ эмас. Қулоқлар махлуқ, улар билан тингланган нарса махлуқ эмас.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта у (Қуръон сеҳр ёки уйдирма эмас, балки) асралган Китобдаги (Лавҳул-Маҳфуздаги) Улуғ Қуръондир!» (Воқеа: 77, 78).

«Йўқ, у (Қуръон) илм ато этилган зотларнинг кўнгилларидаги аниқ-равшан оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур» (Анкабут: 49).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Парвардигорингизнинг Китоби Қуръоннигина тиловат қилинг! Унинг (Аллоҳнинг) сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. Ҳаргиз Ундан ўзга бирон паноҳ топа олмассиз» (Каҳф: 27).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин» (Тавба: 6).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Мусҳафга – Қуръонга давомий назар қилингиз, уни кўп ўқингиз!»[15]

Бу ҳақда оят-ҳадислар саноқсиз даражада кўп.

Ким Қуръонни ёки ундан бирон бўлагини махлуқ деса, Исломдан буткул чиқариб юборадиган катта куфр билан кофир бўлган бўлади. Чунки Қуроън Аллоҳ таолонинг Каломи, Ундан бошланган ва Унга қайтади. Калом Унинг сифати, ким Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ деса, у одам кофир ва муртад бўлиб, ундан Исломга қайтиш талаб қилинади, агар қайтмаса муртад сифатида қатл қилинади ва унга мусулмонлик ҳукми қўлланилмайди.

84-савол: Калом сифати зотийми, феълийми?

Жавоб: Калом - сўзлаш сифати Аллоҳ таолонинг зотига тааллуқли ва У бу сифат билан сифатланган экани эътибори билан у Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидан. У худди Унинг илм сифатига ўхшаш, балки Унинг илмидандир, уни ўз илми билан нозил қилди, У Ўзи нозил қиладиган нарсани яхши билувчидир.

Мазкур сифат Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган ва истаган нарсасини гапириши эътибори билан олганда феълий сифатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ агар бир ишнинг хабарини беришни истаса, ваҳий билан гапиради» (Бухорий ривояти).

Шунинг учун салафи солиҳ раҳимаҳумуллоҳ Калом сифати ҳақида: У ҳам зотий, ҳам феълий сифатдир, дейдилар.

Аллоҳ таоло калом сифати билан азалий ва абадий васфланган, Унинг сўзлаши ва сўзлашуви Ўз иродаси ва хоҳиши биландир, Ўзи истаган пайт, истаганидай сўзлайди, Унинг сўзини Ўзи истаган одам эшита олади, Унинг сўзлаши чек-чегараси йўқ сифатдир.

Аллоҳ таоло деди:

«Айтинг: Агар барча денгиз Парвардигоримнинг сўзлари (яъни, илму ҳикматларини битиш) учун сиёҳ бўлса ва яна шунча сиёҳ келтирсак ҳам, Парвардигоримнинг сўзлари битишидан илгари, у денгизлар тугаб битар!» (Каҳф: 109).

«Агар ер юзидаги бор дов-дарахт қаламлар бўлиб, денгиз (сиёҳ бўлса ва) ундан сўнг яна етти денгиз ёрдамга келса Аллоҳнинг сўзлари тугаб-битмас. Албатта Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» (Луқмон: 27).

«Парвардигорингизнинг Сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг Сўзларини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи, билувчидир» (Анъом: 115).

85-савол: Воқифалар (тўхталувчилар) кимлар, уларнинг ҳукми нима?

Жавоб: Воқифалар Қуръон ҳақида: Уни Аллоҳнинг каломи ҳам демаймиз, махлуқ ҳам демаймиз, дейдиган кишилардир.

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Улардан кимки бу гапни онгли равишда айтаётган бўлса, у жаҳмийдир. Ўзи нима деяётганини билмайдиган гўл ва жоҳил одам бўлса, унга ҳақ нималигини тушунтириб ҳужжатни барпо қилинади. Агар тавба қилса ва Аллоҳ таолонинг Каломи махлуқ эмас деб иймон келтирса яхши, акс ҳолда у жаҳмиялардан ҳам ёмондир».

86-савол: «Менинг Қуръон билан лафзим (яъни оғзимдан чиқаётган Қуръон оятлари) махлуқдир» деган одамнинг ҳукми нима?

Жавоб: Бу иборани исбот учун ҳам, рад учун ҳам истеъмол қилиш жоиз эмас. Чунки лафз – банданинг феъли бўлган «талаффуз» маъноси билан оғиздан чиқаётган лафз – Қуръон ўртасида муштарак-аралаш феълдир. Агар махлуқ дейилса, иккинчи маънони – яъни Қуръонни махлуқ дейишни ҳам ўз ичига олади ва бу жаҳмийларнинг сўзига айланади. Агар махлуқ эмас дейилса, бу биринчи маънони – яъни банданинг феълини ҳам ўз ичига олади, бу эса иттиҳодийлар (ваҳдатул-вужудни даъво қилувчилар) бидъатларидандир. Шунинг учун салафи солиҳлар раҳимаҳумуллоҳ: «Ким: Қуръонни талаффуз қилишим махлуқ деса, у жаҳмий, ким махлуқ эмас деса, у бидъатчидир» деганлар.

87-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг далили нима?

Жавоб: Бунга Қуръону Суннатдан далиллар кўп. Аллоҳ таоло деди:

«Албатта, Аллоҳ ва пайғамбарига ишонмайдиган, Аллоҳ билан пайғамбарларининг ораларини ажратишни истайдиган (яъни Аллоҳга ишониб, пайғамбарларини инкор қиладиган) ва «айрим пайғамбарларга ишонамиз, айримларига ишонмаймиз», дейдиган ҳамда ора йўлни тутишни истайдиган кимсалар — ана ўшалар ҳақиқий кофирдирлар. Бундай, кофирлар учун хор қилувчи азобни тайёрлаб қўйганмиз. Аллоҳ, ва пайғамбарларига иймон келтирган ҳамда улардан биронтасини ажратиб қўймаган зотларга эса яқинда (Аллоҳ) муносиб мукофотларини ато этажак» (Нисо: 150-152).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирдим». (Бухорий (1354) ва Муслим (2925) ривояти).

88-савол: Пайғамбарларга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло ҳар бир уммат ичидан уларни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қиладиган ва Ундан бошқа «маъбуд»ларга куфр келтиришга чорлайдиган элчи юборган, уларнинг ҳаммаси ростгўй, ишончга сазовор, хушфеъл, олийжаноб, одобли, тақводор, омонатдор, ҳаққа йўлловчи ва тўғри йўл устидаги зотлар бўлган, Раббилари тарафидан очиқ далил-ҳужжатлар ва равшан оят-аломатлар билан қўллаб-қувватланган, улар Аллоҳнинг рисолатидан бирон нарсани яширмасдан, ўзгартирмасдан, унга ўзларидан биронта ҳарф қўшмасдан ва камайтирмасдан ҳаммасини етказганлар, деб қатъий ишониш ва уларнинг барчаси очиқ-ойдин ҳақ устида бўлганлар, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни халил (яқин дўст) тутган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни халил тутган, Мусо алайҳиссаломга бевосита сўзлаган, Идрис алайҳиссаломни юқори манзилатга кўтарган, Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, элчиси ва Марямга ташлаган (“Бўл” деган) сўзи ҳамда унинг томонидан Жаброил урган нафха-“дам”дир, Аллоҳ пайғамбарларнинг баъзиларини баъзиларидан афзал қилган, баъзиларини юксак даражаларга кўтарган, деб тасдиқлашдир.

89-савол: Пайғамбарларнинг даъвати улар буюрган ва қайтарган нарсаларда бир-бирига мос келадими?

Жавоб: Уларнинг даъватлари бошидан охиригача ибодатнинг асли ва асоси бўлмиш – Аллоҳ таолони ибодатнинг барча турларида эътиқод, сўз ва амалда ёлғизлаш ва Ундан ўзгага қилинадиган ибодатларнинг барчасига куфр келтиришда бир-бирига мувофиқдир.

Аммо фарз ибодатларга келсак, баъзиларига фарз қилинган намоз, рўза ва бошқа ибодат турлари баъзиларига фарз қилинмаган, айримларига ҳалол қилинган нарсалар имтиҳон юзасидан айримларига ҳаром қилинган: «Сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш — амал қилиб яшашингизни синаш учун...» (Ҳуд: 7).

90-савол: Улар ибодатнинг аслида бир-бирларига мувофиқ келишганининг далили нима?

Жавоб: Бунга Қуръон ва Суннатдан икки турли – мужмал (қисқача) ва муфассал (батафсил) далиллар бор.

Мужмал далилларга қуйидаги каби оятлар киради:

«Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Менгина ҳақдирман, бас Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 35).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?!» (Зухруф: 45).

Муфассал далилларга қуйидаги каби оятлар киради:

«(Қасамки), Биз Нуҳни ўз қавмига пайғамбар қилдик. Бас у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Ахир қўрқмайсизларми», деди» (Муъминун: 23).

«Самуд қавмига ўз биродарлари Солиҳни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 73).

«Од қавмига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 65).

«Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Аъроф: 85).

«Эсланг, Иброҳим отасига ва қавмига деган эди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27).

«(Эй инсонлар), илоҳингиз яккаю ёлғиз Аллоҳдир! Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи ҳақдир. У барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир» (Тоҳа: 98).

«Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй бани Исроил, парвардигорим ва парвардигорин­гиз бўлмиш Аллоҳга ибодат қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).

«(Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: «Мен фақат бир огоҳлантирувчидирман, холос. Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар яккаю ёлғиз ғолиб Аллоҳгина ҳақ (илоҳ)дир» (Сод: 65).

91-савол: Уларнинг шариатлари ҳалол ва ҳаром каби масалаларда бир-биридан фарқли бўлганига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин аҳли) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин аҳли) қилиб қўйган бўлар эди. Лекин Ўзи ато этган нарсалар (турли шариат аҳкомлари)да сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир дин аҳлига алоҳида шариат йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз!» (Моида: 48).

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биз пайғамбарлар жамоаси отамиз бир, онамиз бошқа ака-укалармиз, динимиз бирдир», деганлар. Яъни, бу сўзлари билан Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбар билан юборган тавҳиднинг ягона эканини, аммо уларнинг шариатлари буйруқ ва қайтариқларда, ҳалол ва ҳаромда турлича бўлганини кўзда тутганлар.

92-савол: Аллоҳ таоло Қуръонда барча пайғамбарларни ҳикоя қилганми?

Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг хабарларидан етарлича ҳамда насиҳат ва ибрат бўларлик даражада ҳикоя қилган: «Айрим пайғамбарлар ҳақида сизга илгари ҳикоя қилдик, айрим пайғамбарларни эса сизга ҳикоя қилганимиз йўқ» (Нисо: 164).

Биз улардан батафсил хабар берилганларига батафсил, қисқача зикр қилинганларига умумий суратда иймон келтирамиз.

93-савол: Қуръонда улардан нечтасининг номи келган?

Жавоб: Қуръонда қуйидаги пайғамбарлар номи зикр қилинган: Одам, Нуҳ, Идрис, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Лут, Шуайб, Юнус, Мусо, Ҳорун, Илёс, Закарийё, Яҳё, Алясаъ, Зул-кифл, Довуд, Сулаймон, Айюб, - Асбот (Яъқубнинг уруғ-авлоди) умумий суратда зикр қилинган, - Ийсо, Муҳаммад соллаллоҳу  ва саллама алайҳим ажмаъийн.

94-савол: Пайғамбарлар ичидан улул-азмлари (сабр-матонат эгалари) кимлар?

Жавоб: Улар бештадир, Аллоҳ таоло Китобидан икки ўринда уларни алоҳида зикр қилган:

Биринчи: Аҳзоб сурасидаги ушбу оятда: «Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо ибн Марямдан аҳду паймонларини олгандик» (Аҳзоб: 7).

Иккинчи: Шўро сурасидаги ушбу оятда: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (яъни Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани шариат (қонун) қилди:  «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро: 13).

95-савол: Пайғамбарларнинг биринчиси ким?

Жавоб: Уларнинг биринчиси ихтилофдан (яъни Одам алайҳиссаломнинг авлоди орасида келишмовчиликлар пайдо бўлгандан) сўнг Нуҳ алайҳиссаломдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «(эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз Нуҳга ва ундан кейинги пайғамбарларга ваҳий юборганимиз каби сизга ҳам ваҳий юбордик» (Нисо: 163).

«Улардан (яъни Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва (у қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар» (Ғофир: 5).

96- савол: Келишмовчиликлар қачон пайдо бўлган?

Жавоб: Табарий «Тафсир»ида шундай ёзади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: Нуҳ билан Одам ўртасида ўн аср ўтган, барчалари ҳақ шариат устида эди, шундан сўнг ихтилоф қилишди: «Одамлар бир миллат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларини юборди» (Бақара: 213).

97-савол: Пайғамбарларнинг сўнггиси ким?

Жавоб: Пайғамбарларнинг сўнггиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

98-савол: Бунга қандай далил бор?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: 

«Муҳаммад сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг пайғамбари ва пайғамбарларнинг сўнггисидир» (Аҳзоб: 40).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, мендан сўнг ўттизта каззоб чиқади, ҳаммаси ўзини пайғамбар деб даъво қилади. Ҳолбуки, мен пайғамбарларнинг сўнггисиман, мендан сўнг пайғамбар келмайди».[16]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга айтганлар: «Сен менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишдан рози эмасмисан?! Илло, мендан сўнг пайғамбар йўқдир.»[17]

Дажжол ҳақидаги ҳадисларида айтганлар: «Мен набийларнинг сўнггисиман, мендан сўнг набий йўқдир».[18]

99-савол: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа пайғамбарлардан қайси хусусиятлари билан ажралиб турадилар?

Жавоб: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа пайғамбарлардан ажралиб турувчи хусусиятлари кўп. Жумладан:

Юқорида айтганимиздек, У зотнинг хотамун-набиййин (набийлар сўнггиси) эканлари;

Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Одам авлодининг саййиди эканлари; Аллоҳ таолонинг мана бу ояти бунга ишора қилади: «Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик. Уларнинг ораларида Аллоҳ (бевосита) сўзлаган зотлар бор. Ва (уларнинг) айримларини (Аллоҳ) юксак даражаларга кўтарди» (Бақара: 253).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Мен Одам авлодининг саййидиман, лекин (бу билан) мақтанмайман».[19]

Яна У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам омматан, инсу жиннинг ҳаммасига пайғамбар қилиб юборилганлари; Аллоҳ таоло айтганидек: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга: (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огохлантирувчи бўлган ҳолингизда, пайғамбар қилиб юбордик» (Сабаъ: 28).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Менга ўзимдан илгари ҳеч бир (пайғамбар)га берилмаган беш хусусият берилди:

1) Бир ойлик масофагача (душманларим қалбига) қўрқув солиш билан нусратландим;

2) Ер мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, умматимдан қай бир кишига намоз қай ўринда етса ўша ерда ўқийверсин;

3) Менга ўлжалар ҳалол қилинди, мендан олдин ҳеч кимга ҳалол қилинмаган эди;

4) Менга шафоат қилиш (ҳуқуқи) берилди;

5) Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига хос юбориларди, мен бутун инсониятга юборилдим»[20]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу умматдан бирон киши –яҳудий ё насроний бўлсин- мени эшитса, сўнг мен олиб келган динга иймон келтирмасдан ўлса, дўзах аҳлидан бўлади».[21]

У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундан бошқа ҳам хусусиятлари кўпдир.

100-савол: Пайғамбарларнинг мўъжизалари нима?

Жавоб: Мўъжиза – одатдан ташқари иш бўлиб, у таҳаддий[22]ни ўз ичига олади ва унда рақобатлашиш имкони бўлмайди.

У ё ҳиссий – кўз билан кўрилиб, қулоқ билан эшитиладиган бўлади, тош ичидан туя чиқиши, асонинг илонга айланиши, жонсиз махлуқотнинг тилга кириши каби;

Ё эса маънавий – ақл ва онг билан мушоҳада қилинадиган бўлади, Қуръон мўъжизаси каби.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар икки турдаги мўъжизалар берилган. Аввалги пайғамбарлардан бирортасига берилган қай бир мўъжиза бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айни шу бобдан ундан кўра каттароқ мўъжиза берилган. У зотнинг ҳиссий мўъжизаларидан: ойнинг бўлиниши, хурмо танасининг инграган овоз чиқариши, бармоқлари орасидан сув булоқ бўлиб чиқиши, (қўйнинг) қўлининг гапириши, таомнинг тасбеҳ айтиши ва бундан бошқа, саҳиҳ хабарлар билан мутавотир бўлган мўъжизалар. Бироқ, булар бошқа пайғамбарларнинг мўъжизалари каби даврлар ўтиши билан фақат зикри сақланиб қолди. У зотнинг абадий сақланиб қолган мўъжизалари – ажойиботлари битмас-туганмас Қуръон мўъжизасидир: «Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил-ноҳақлик келмас (яъни Қуръони Каримнинг ҳеч қайси томонидан бирон китоб ё ҳужжат келиб уни ботил қила олмас, чунки у) ҳикмат ва ҳамду сано эгаси томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат: 42).

101-савол: Қуръоннинг мўъжиза эканига далил нима?

Жавоб: Бунга далил – йигирма йилдан зиёдроқ вақт ичида фасоҳату балоғатнинг чўққисида бўлган, гапга ғоят моҳир, сўз устаси бўлган халққа: «У ҳолда агар ростгўй бўлсалар ўзлари ҳам ўша (Қуръон)га ўхшаш бирон сўз — китоб келтирсинлар-чи?!» (Тур: 34);

«Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!» (Ҳуд: 13);

«Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!»» (Юнус: 38) деган сўзлар билан таҳаддий қилувчи оятлар нозил бўлиб турган бўлса-да, улар Қуръонга қарши бор кучлари билан курашишларига, уни обрўсизлантиришга бўлган ҳар қандай имкониятни қўлдан чиқармасликларига қарамай, бу нарса қўлларидан келмади. Ҳолбуки, Қуръоннинг ҳарфлари улар истеъмол қилаётган ҳарфларнинг, калималари эса улар ўзаро сўзлашувда ишлатаётган, гапдонликда бир-бирлари билан мусобақалашаётган калималарнинг айни ўзи эди. Қуръон уларнинг ожизликларини, ўзининг мўъжизакор Калом эканини баён қилиб, уларга шундай хитоб қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар» (Исро: 88).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Ўтган ҳар бир пайғамбарга уни кўрган одамлар албатта иймон келтирадиган мўъжизалар берилган. Менга берилган мўъжиза эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳий (яъни Қуръон)дир. Мен Қиёмат кунида пайғамбарлар ичида эргашувчиси энг кўпи бўлишни умид қиламан».[23]

Қуръоннинг лафзлари ва маънолари жиҳатидан бўлган мўъжизакорлиги, унинг ўтмиш ва келажакка оид ғайб хабарларини ўз ичига олганлиги ҳақида кўплаб китоблар тасниф қилинган. Бироқ бу асарлар унинг мўъжизаларини ёритиш борасида денгиздан бир томчи, холос.

102-савол: Охират кунига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, фақат ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар — ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли — дўзахдир» (Юнус: 7, 8).

«...сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш) шак-шубҳасиз ҳаққи-ростдир! Ва албатта (Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб қилинганидан кейин) жазо-мукофот воқеъ бўлувчидир» (Ваз-зариёт: 5, 6).

«Албатта (Қиёмат) Cоати келувчидир. У ҳақда шак-шубҳа йўқдир» (Ғофир: 59).

Ва бошқа оятлар.

103-савол: Охират кунига иймон келтириш маъноси нима ва унинг ичига нималар киради?

Жавоб: Унинг шак-шубҳасиз келишига қатъий ишониш ва шунинг тақозосига кўра амал қилиш, демакдир. Унинг ичига: қиёматдан аввал унинг албатта зоҳир бўлувчи шартлари ва аломатларига иймон келтириш, ўлимга ва қабр фитнасига, қабрдаги азоб ва неъматларга, сур чалинишига, халойиқларнинг қабрларидан тирилиб чиқишларига, қиёмат майдонидаги даҳшат ва қўрқинчларга, маҳшаргоҳ тафсилотига, саҳифаларнинг тарқатилишига, тарозилар ўрнатилишига, сиротга, ҳавзи кавсарга, шафоатга, жаннат ва ундаги неъматларга – ва ундаги энг олий неъмат бўлмиш Аллоҳнинг жамолини кўришга, – дўзах ва ундаги азобларга – ва энг оғир азоб бўлмиш Раббиларининг жамолидан тўсилишга – иймон келтириш киради.

104-савол: Қиёмат қачон қоим бўлиши маълумми?

Жавоб: Қиёматнинг келиши Аллоҳ таолонинг Ўзигагина маълум бўлган ғайб ишларидандир:

«Дарҳақиқат, ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридагина (қиёмат) соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир. У (Ўзи хохлаган вақтда, Ўзи хохлаган жойга) ёмғир ёғдирур ва (оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Аллоҳгина билувчи ва огоҳдир» (Луқмон: 34).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан Соат (яъни Қиёмат) қачон воқе бўлади, деб сўрайдилар. Айтинг: «Унинг билими фақатгина Парвардигорим даргоҳидадир. Вақти-соати келганида ҳам фақат Ўзи ошкор қилур. У (яъни Қиёмат) Самовот ва Ер учун жуда оғир (даҳшатли) бир ишдир. У сизларга фақат тўсатдан — кутилмаганда келур» (Аъроф: 187).

«(Эй Муҳаммад, мушриклар) сиздан (Қиёмат) Соатини қачон воқе бўлиши ҳақида сўрарлар. Сиз қаердасиз-у, уни (яъни Қиёмат қачон бўлишини) зикр қилиб-эслаш (қаерда) ? (Яъни сиз ҳеч қачон у Куннинг вақтини айтиб бера олмайсиз). Уни (билиш) ёлғиз Парвардигорингизга бориб тўхтар» (Ван-назиот: 42-44).

Жибрил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Менга қиёмат ҳақида хабар беринг» деганларида у зот: «Бу ҳақда сўралувчи сўровчидан кўра билувчироқ эмас» деб жавоб бердилар ва унинг аломатларини сўзладилар, бир ривоятда: «Беш нарса борки, уларни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмас» деб, юқоридаги оятни ўқидилар.

105-савол: Қиёмат аломатларига Қуръондан мисоллар борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Улар фақат ўлим фаришталари келишини ё Раббингизнинг (бирон азоби) келишини, ёки Раббингизнинг оятларидан - Қиёмат аломатларидан айримлари келишини кутмоқдалар, холос. Раббингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас. Айтинг: «Кутаверинглар! Биз ҳам кутувчилармиз!» (Анъом: 158).

«Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар» (Намл: 2).

«То Яъжуж ва Маъжуж (тўсиғи) очилиб, улар ҳар бир тепаликдан оқиб келадиган ва Ҳақ ваъда (яъни қиёмат) яқин бўладиган вақтгача улар (яъни Биз ҳалок қилган кимсалар) қайтмайдилар» (Анбиё: 96, 97).

«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмон очиқ, (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг!» (Духон: 10).

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир» (Ҳаж: 1).

Ва бошқа оятлар.

106-савол: Қиёмат аломатларига ҳадисдан ҳам мисоллар борми?

Жавоб: Қуёшнинг кунботар томондан чиқиши ҳақидаги ҳадислар, добба (қиёматга яқин Аллоҳ ердан чиқарадиган жонивор) ҳақидаги ҳадислар, дажжол ва қон тўкишлар каби фитналар ҳақидаги ҳадислар, Ийсо алайҳиссаломнинг тушиши ҳақидаги ҳадислар, Яъжуж ва Маъжужнинг чиқиши ҳақидаги ҳадислар, тутун ҳақидаги ҳадислар, ҳар бир иймонли кишининг жонини олиб кетадиган шамол ҳақидаги ҳадислар, ўт чиқиши ҳақидаги ҳадислар, ер ютиши ҳақидаги ва бундан бошқа ҳадислар бунга мисол бўлади.[24]

107-савол: Ўлимга иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11).

«Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Ва Қиёмат Кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз» (Оли Имрон: 185).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар хам ўлувчидирлар» (Зумар: 30).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан аввал ҳам бирон одамзодга абадий ҳаёт берган эмасмиз. Бас, агар сиз ўлсангиз, улар абадий қолурларми?!» (Анбиё: 34).

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи - Ўзигина боқий мангу қолур» (Раҳмон: 26, 27).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

«Ва ўлмайдиган тирик Зотга таваккул қилинг» (Фурқон: 58).

Ва бошқа оятлар.

Бу ҳақда сон-саноқсиз ҳадислар ҳам мавжуд.

Ўлим - ҳеч кимга махфий бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин кўриниб турган иш, бунда бирон шак-шубҳа ҳам, тараддуд ҳам бўлиши мумкин эмас. Бироқ, қайсарлик ва такаббурлик (билан ҳақиқатдан кўз юмилади). Фақат Аллоҳнинг мухлис бандаларигина ўлим ва ундан кейин келувчи ҳодисаларга бўлган иймоннинг тақозосидан келиб чиқиб амал қиладилар. Биз ишонамизки, ҳар бир ўлган ё ўлдирилган одам, бунинг сабаби қандай бўлишидан қатъий назар, ажали билан ўлган ва бирон нарса унинг ажалини қисқартиролмайди.

Аллоҳ таоло деди:

«Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача сайр қилаверар» (Раъд: 2, Фотир: 13, Зумар: 5).

«Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга кетга ҳам, илгарига ҳам сура олмайдилар» (Аъроф: 34).

108-савол: Қабрдаги фитна, ундаги неъмат ёки азоблар ҳақида Қуръондан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100).

«Фиръавн хонадонини ёмон азоб ўраб олди. (У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръ­авн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 45, 46).

«Аллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур» (Иброҳим: 27).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни чиқари (б бери)нгиз! Бу Кун - Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93).

«Уларни икки бор (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш ё асир олиш билан, ўлганларидан кейин қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (қиёмат кунида) улуғ азобга қайтарилурлар» (Тавба: 101).

Ва бошқа оятлар.

109-савол: Бунга Суннатдан ҳам далил борми?

Жавоб: Бу ҳақда келган саҳиҳ ҳадислар мутавотирлик даражасига етган:

Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда қабрига қўйилиб, биродарлари ортга йўл олган ва ҳали оёқ товушлари эшитилиб турган бир вақтда унинг олдига иккита фаришта келади, уни ўтиргизиб: «Бу киши – яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам – ҳақида қандай эътиқодда эдинг?» деб сўрайдилар. Мўмин банда айтадики: «Мен уни Аллоҳнинг бандаси ва Расули деб гувоҳлик бераман». Шунда (фаришталар) унга айтади: «Дўзахдан бўлган ўрнингга қара, уни Аллоҳ сенга жаннатдан бўлган бир ўринга алмаштирди», у ҳар икки ўрнини кўради. Аммо мунофиқ ва кофир банда унга: «Бу киши ҳақида нима дер эдинг?» дейилганда: «Билмайман. Одамлар нима деса, шуни айтардим» дейди. Унга: «(Ҳақни) билмадинг, (билишга) қодир ҳам бўлмадинг» дейилади ва темир гурзилар билан шундай уриладики, оҳу фарёдларини атрофдаги инсу жиндан бошқа ҳамма эшитади.»[25]

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч рўпара қилинади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Ва унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.»[26]

Икки қабр эгаси ҳақидаги ҳадисларида: «Қасамки, бу иккиси азобланмоқда», дедилар.[27]

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни кун ботгандан кейин чиқдилар, шунда бир овоз эшитдилар ва: «Яҳудлар қабрларида азобланишмоқда», дедилар.[28]

Асмо розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, унда кишини фитналарга дучор қилинадиган қабр фитнаси ҳақида гапирдилар. Шунда мусулмонларнинг оҳ-воҳ тортган овозлари кўтарилиб кетди.»[29]

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «...Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳар бир ўқиган намозларида қабр азобидан паноҳ сўраганларини кўрдим.»[30]

Кун тутилиши ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қабр азобидан паноҳ тилашга буюрдилар.[31]

110-савол: Қабрлардан тирилиб чиқишга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Аллоҳнинг қудратини) баён қилиш учун сизларни (яъни отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (барча жонзотни аввало) нутфа-манийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) қорнида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар хам бўлур, яна сизлардан (кўп нарса-билимларни ўрганиб) билганидан сўнг ҳеч нарсани билмай қолиши учун энг тубан умрга (яъни қариб мункиллаб қолишга) қайтариладиган кишилар ҳам бўлур. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) бу ерни қуруқ-ўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундирур. Бунга сабаб Аллоҳ Ҳақ экани ва Унинг Ўзи ўликларга ҳаёт бериши ҳамда У ҳамма нарсага қодир эканлигидир. Яна аниқки, (қиёмат) соати шак-шубҳасиз келувчидир ва албатта Аллоҳ қабрлардаги бор жонзотни тирилтирур» (Ҳаж: 5-7).

«У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (қиёмат кунида) Ўзи яна қайта яратадиган зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У зотга жуда осондир» (Рум: 27).

«У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилувчидирмиз (Анбиё 104).

«(Кофир) инсон: «Ўлганимдан сўнг яна тирик ҳолда қабримдан чиқарилурманми?!» дер. Ахир ўша инсон Биз уни илгари ўзи ҳеч нарса бўлмаган пайтида яратганимизни (яъни йўқдан бор қилганимизни) эсламасми?! (Марям: 66, 67).

«Инсон Биз уни нутфадан, бир томчи сувдан яратганимизни, энди эса баногоҳ у (Ўзимизга) очиқ қаршилик қилувчи бўлиб қолганини кўрмадими?! У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?» деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган зотнинг Ўзи қайта тирилтирур (Ёсин: 77-79).

«Ахир улар (охиратда қайта тирилиш ҳақ эканини инкор қилувчи кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган, уларни яратишга ожизлик қилиб қолмаган зот - Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодир эканлигини (ўйлаб) кўрмадиларми?! Йўқ, албатта (Аллоҳ ўликларни тирилтиришга ҳам қодирдир). Зеро У зот барча нарсага қодирдир» (Аҳқоф: 33 – сура охиригача).

«Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) сиз ерни қуп-қуруқ ҳолда кўришингиздир. Бас қачон Биз унинг устига сув-ёмғир ёғдирсак, у ҳаракатга келар ва униб-ўсар. Албатта ўша ерни тирилтирган зот ўликларни ҳам тирилтира олувчидир. Зеро У барча ишга қодирдир» (Фуссилат: 39).

Ва бошқа оятлар.

Кўпинча Аллоҳ таоло ўликларни қайта тирилтиришига қақраб ётган ўлик ерга сув билан ҳаёт бахш этишини, шундан сўнг у набототлар билан гуллаб-яшнашини қиёслаб зарбулмасал келтиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айни шу услубда зарбулмасал келтирдилар:

........................................ وكثيرا ما يضرب الله تعالى لذلك مثلا بإحيائه الأرض بالماء فتصبح تهتز مخضرة بالنبات بعد موتها بالجدب إذ كانت قبل هامدة ، بذلك ضرب النبي صلى الله عليه وسلم المثل في حديث العقيلي الطويل حيث قال : « ولعمر إلهك ما يدع على ظهرها من مصرع قتيل ولا مدفن ميت إلا شقت القبر عنه حتى تجعله من عند رأسه فيستوى جالسا ، فيقول : ربك ( مهيم ) ؟ لما كان فيه . يقول : رب ، أمس اليوم . ولعهده بالحياة يحسبه حديثا بأهله . فقلت : يا رسول الله كيف يجمعنا بعدما تمزقنا الرياح والبلى والسباع ؟ قال : أنبئك بمثل ذلك في آلاء الله ، الأرض أشرفت عليها وهي مدرة بالية فقلت : لا تحيا أبدا . ثم أرسل ربك عز وجل عليها السماء فلم تلبث عليك إلا أياما حتى أشرفت عليها وهي بشرية واحدة ، ولعمر إلهك لهو أقدر على أن يجمعهم من الماء على أن يجمع نبات الأرض ، فيخرجون من الأصواء من مصارعهم » (1) . الحديث ، وغيره كثير .

111-савол: Қайта тирилишни ёлғон деган одамнинг ҳукми нима?

Жавоб: Ундай одам Аллоҳни, Унинг китобларини ва пайғамбарларини инкор қилган кофир ҳисобланади.

Аллоҳ таоло деди:

«Кофир бўлган кимсалар дедилар: «Ўзимиз ҳам ота-боболаримиз ҳам тупроққа айланиб кетган вақтимизда (қайта тирилтирилиб, қабрларимиздан) чиқариламизми?! Дарҳақиқат бизларнинг ўзимизга ҳам, илгари ота-боболаримизга ҳам мана шу ваъда қилингандир. Бу фақат ўтганларнинг афсоналаридир» (Намл: 67).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), агар (бирон нарсадан) ажаблансангиз, у ҳолда уларнинг (кофирларнинг): «Тупроқ бўлиб кетгач, бизлар яна янгитдан яратиламизми?» деган гаплари ажабланарлидир. Улар Парвардигорларига кофир бўлган кимсалардир. (Қиёмат Кунида) уларнинг бўйинларида кишанлар бўлур. Улар дўзах эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар» (Раъд: 5).

«Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: Йўқ! Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тириласизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилади. Бу Аллоҳга осондир» (Тағобун: 7).

Ва бошқа оятлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло деди: Одамзот мени ёлғончи қилди, у бунга ҳақли эмас эди, мени ҳақоратлади, унинг бунга ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилиши шуки, у: «Аллоҳ мени биринчи бор яратганидек ҳолимга қайтаролмайди», деди. Ҳолбуки, биринчи бор яратиш Менга қайта яратишдан кўра енгил эмасдир. Мени ҳақорат қилиши шуки, «Аллоҳнинг фарзанди бор» деди. Ҳолбуки, Мен ягона, беҳожат, туғмаган ва туғилмаган, ҳеч ким Менга баРабар келолмайдиган Зотман».[32]

112-савол: Сур чалинишига далил борми, у неча марта чалинади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).

Мазкур оятда сур икки бор – биринчиси барча жонзотнинг жонини олишга, иккинчиси қайта тирилтириш учун чалинишига далил бор.

«Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

Баъзилар бу оятдаги даҳшатни ҳалокат маъносида тафсир қилганлар, унда бу Зумар сурасида зикр қилинган биринчи чалиниш бўлади. Буни қуйидаги ҳадис ҳам қувватлайди:

«Сўнг сур чалинади, уни эшитган одам борки, бўйнини эгганича ва (ё) бўйнини чўзганича (қолади), уни биринчи бўлиб эшитган одам туяларининг ҳовузини суваётган киши бўлади, шунда у беҳуш бўлади, бошқалар ҳам беҳуш бўлади. Сўнгра Аллоҳ таоло майдалаб ёмғир ёғдиради, ундан одамларнинг жасадлари униб (тирилиб) чиқади. Сўнг яна бир бор сур чалинади, шунда улар туриб атрофга қарай бошлайдилар».[33]

Бошқа баъзилар эса даҳшатни ҳалокатдан бошқа маънода тафсир қилишган. Унда бу  сурнинг аввалги икки мартадан кейин учинчи бор чалиниши бўлади. Буни сур ҳақидаги узун ҳадис[34] ҳам қувватлайди, унда сурнинг уч бор чалиниши зикр қилинган: даҳшатга солган чалиниш, ҳалок қилган чалиниш ва оламлар парвардигори ҳузурида туриш учун чалиниш.

113-савол: Маҳшарга йиғилиш Қуръонда қандай сифатланган?

Жавоб: Унинг сифати ҳақида оятлар кўп:

«Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94).

«Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик» (Каҳф: 47).

«Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)(Марям: 85, 86).

«Ер (қаттиқ) ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолган чоғда (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилувчидир. Бас, (у уч тоифадан биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тои­фа) сўл-чап томон эгаларидир. Сўл-чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Учинчи тоифа бўлмиш барча яхши амалларга) пешқадам бўлувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишида ҳам) пешқадам бўлувчи зотлардир!» (Воқеа: 3-10).

«У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар - итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз» (Тоҳа: 108).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, улар учун Ундан ўзга дўст мададкорларни топа олмассиз, уларни Қиёмат кунида юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб тирилтирурмиз» (Исро: 97)

Ва бошқа оятлар ҳам кўп.

114-савол: Маҳшарга йиғилиш Суннатда қандай сифатланган?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Одамлар уч гуруҳ бўлиб йиғиладилар: рағбат (яхши амаллари боис яхшиликка етишни умид қилувчи) ва раҳбат (ёмон амаллари боис азоб етишидан қўрқувчи) қилувчилар; бир туяга икки киши, уч киши, тўрт киши, ўн киши минган ҳолда; қолганларини эса ўт жамлайди, ўт улар билан ётган жойларида ҳам, турган жойларида ҳам, юрган жойларида ҳам бирга бўлади».[35]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан ҳолида маҳшарга келади?» деб сўради. «Дунёда икки оёғида юргизиб қўйган зот қиёмат куни юзтубан юргизишга қодир эмасми?!» дедилар.[36]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар: «Мана, Бизнинг ҳузуримизга сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ёлғиз ҳолда келдингиз» (Анъом: 94). Қиёмат куни халойиқлар ичида энг биринчи кийинтириладигани Иброҳим алайҳиссалом бўлади».[37]

Оиша розияллоҳу анҳо шу хусусда: «Ё Расулуллоҳ, эркак ва аёллар бир-бирларига қарайдиларми?» деб сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳволнинг оғирлигидан бу нарсага аҳамият бериш уларнинг хаёлига ҳам келмайди», деб жавоб бердилар.[38]

115-савол: Маҳшаргоҳда туриш Қуръонда қандай сифатланган?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» (Иброҳим: 42, 43).

«Руҳ (Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (инсонлар) У зотдан (Аллоҳдан) қўрқиб бирон сўз айтишга қодир бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турадилар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).

«Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) миқдори-узунлиги эллик минг йил бўлган бир Кунда (яъни Қиёмат Кунида) У зотнинг ҳузурига кўтарилурлар» (Маориж: 4).

«Яқинда (Қиёмат қойим бўлган Кунда) сизлар(ни ҳисоб-китоб қилиш) учун фориғ бўлажакмиз, эй инсу жинлар!» (Раҳмон: 31).

Бундан бошқа ҳам кўп оятлар бор.

116-савол: Маҳшаргоҳда туриш Суннатда қандай сифатланган?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида» (Мутоффифун: 6) ояти ҳақида: «Улардан баъзи бирлари қулоқларининг ярмигача терига ботиб туради», дедилар.[39]

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида одамлар терга ботадилар, ҳатто терлари ерда етмиш газга етади ва уларни то қулоқларигача қоплаб олади.»[40]

117-савол: Ҳисобга кўндаланг қилиниш ва ҳисоб-китоб қилиниш Қуръонда қандай  сифатланган?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар — сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-Ҳааққа: 18).

«Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз» (Каҳф: 18).

«Биз ҳар бир миллат (дин аҳли)дан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» Золим-кофир бўлганлари сабабли уларнинг устига сўз — азоб тушди. Бас улар (бирон сўз) сўзлай олмаслар» (Намл: 83-85).

«Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8).

«Парвардигорингиз номига қасамки, албатта, уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш — амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр: 92,93).

«(Аммо то Менинг фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралувчидирлар» (Соффат: 24).

118-савол: Мазкур ҳолат Суннатда қандай сифатланган?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким комил ҳисоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Аллоҳ таоло: «Бас,, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!» деганларида: «Бу (унинг амалларининг бир қатор) кўндаланг қилинишидир, холос», дедилар.[41]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни кофирни олиб келиниб, унга: «Нима дейсан, агар ер юзи тўла тилла сеники бўлса, азобдан қутилиш учун шунинг ҳаммасини берган бўлармидинг?», дейилади. У: «Ҳа», дейди. Шунда унга: «Сендан бундан анча оз нарса сўралган эди», бир ривоятда: «Мен сендан Одамнинг пуштикамарида экан пайтингда бундан анча енгил нарсани – Менга ширк келтирмасликни сўраган эдим, сен ширкдан бошқасига кўнмадинг», дейилади.»[42]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизларнинг ҳар бирингиз билан Парвардигори ўртада таржимон бўлмаган ҳолда албатта сўзлашади. Шунда у ўнг томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Чап томонига қараб, ўзи қилган амаллардан бошқа нарсани кўрмайди. Олди томонига қараса, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да, бир оғиз ширин сўз билан бўлса-да, дўзахдан сақланинглар!»[43]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач, сўнг: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират қиламан», дейди».[44]

119-савол: Амал саҳифалари (номаи аъмол)нинг тарқатилиши Қуръонда қандай сифатланган?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйгандирмиз (яъни, унинг қилган ҳар бир амали икки дунёда унга ажралмас ҳамроҳ бўлур). Биз Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб кўрсатурмиз. (Ва унга дейилур): «Номаи аъмолингни ўқи! Бугун ўзинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидирсан» (Исро: 13,14).

«(Номаи аъмол) саҳифалари очилганида» (Таквир: 10).

«(Сўнг ҳар бир кишининг) номаи аъмоли ўртага қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг унда (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлғай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас» (Каҳф: 49).

«Бас, энди ўз китоби — номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у дер: «Мана менинг китобимни ўқинглар»  оятидан то «Уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» оятигача (Ал-Ҳааққа: 19-37).

«Ана энди кимнинг номаи аъмоли ўнг томонидан берилса. Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак. Ва ўз(ининг жаннатдаги) аҳли-оиласига шоду ҳуррам ҳолда қайтажак. Энди кимнинг номаи аъмоли орқа томонидан берилса. Бас, у (ўзига) ўлим (ва ҳалокат)ни тилаб дуо қилиб қолажак.  Ва дўзахга киражак!» (Иншиқоқ: 7-10).

120-савол: Бунга Суннатдан далил борми?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор. Жумладан:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мўминни Раббига яқин келтирилади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Эътироф этаман эй Раббим, эътироф этаман», дейди. Шунда: «Дунёда буларни яширган эдим, энди бугун ҳам уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг яхши амалларининг саҳифаси ёпилади (берилади). Аммо бошқаларга – ёки кофирларга – барча гувоҳлар олдида шундай нидо қилинади: «Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар» (Ҳуд: 18). (Бухорий ривояти)

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Мен: «Ё Расулуллоҳ, қиёмат куни ҳабиб ҳабибини эсга оладими?» деб сўрадим. «Эй Оиша, учта ҳолат устида (биров бировни) эсга олмайди: амаллар тарозида тортилиш пайтида, то оғир ё енгиллиги маълум бўлгунича; номаи аъмоллар берилиш пайтида, улар ё ўнг томондан берилади, ё чап томондан берилади; дўзахнинг бўйни (алангаси кўтарилиб) чиққанда...» (Аҳмад, Абу Довуд, Ҳоким ривоятлари)

121-савол: Мезон-тарозига Қуръондан далил борми, амаллар қандай ўлчанади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

«(Амалларни тўғри) тортишлик ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким­нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8,9).

Аллоҳ таоло кофирлар шаънида айтади: «Улар Раббиларининг оятларини ва У зотга рўбарў бўлишни инкор қилишиб, бутун амаллари беҳуда кетган кимсалардир. Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).

Ва бошқа оятлар.

122-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Жумладан: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда икки шаҳодат калимаси битилган бир парча қоғоз  ёмон амаллар битилган 99та кўз илғамас даражадаги улкан китобдан оғир келгани айтилади.[45]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Масъуд ҳақида айтдилар: «...Сизлар унинг болдирларининг нозиклигидан ажабланяпсизларми? Жоним Қўлида бўлган Зотга  қасамки, улар мезон-тарозида Уҳуддан ҳам оғирроқдир».[46]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қасамки, қиёмат кунида йўғон, семиз одамни олиб келинади, у Аллоҳнинг олдида искабтопарнинг қанотича ҳам вазнга эга бўлмайди. (Аллоҳнинг бу оятини) ўқинглар: «Биз Қиёмат кунида улар (қилиб ўтган амаллар) учун тарози қўймаймиз! (уларнинг ҳасанотлардан холи бўлган амалларини тортмаймиз» (Каҳф: 105).[47]

Ва бошқа ҳадислар.

123-савол: Сиротга Китобдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Биз ўзимиз унга (жаҳаннамга) киришга лойиқроқ бўлган кимсаларни яхшироқ билувчидирмиз. Сизлардан ҳар бирингиз унга тушувчидирсиз. (Бу) Парвардигорингиз (амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям: 71,72).

«Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)(Ҳадид: 12).

124-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Жумладан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида: «Сирот-Кўприкни олиб келиниб, жаҳаннам устига қўйилади», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, сирот нима?» деб сўрадик. «У оёқ тойилиб кетадиган, сирпанчиқ жой, юзасида чангаклар, қисқичлар, илмоқсимон тиканли йўғон тиканаклар бордир. Мўмин киши унинг устидан чақмоқдек, шамолдек, учқур отдек ўтади...», дедилар.[48] Абу Саид розияллоҳу анҳу: «Хабарларга кўра, сирот қилдан ингичка ва қиличдан ўткирдир», деганлар.

125-савол: Қасос олинишига Аллоҳнинг Китобидан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Шубҳасиз, Аллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баРабар қилур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур» (Нисо: 40).

«Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган амали билан  жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас. (Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билади. Аллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилади» (Ғофир: 17-20).

«Уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди» (Зумар: 69).

126-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда кўп ҳадислар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар ўртасида энг аввал ҳукм (ажрим) қилинадиган нарса қонлар хусусида бўлади».[49]

«Кимнинг зиммасида биродарига нисбатан бирон зулм бўлса, бугун – биродарига унинг ҳасанотидан олиб берилишидан олдин – ундан қутулиб олсин, чунки у ёқда динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмайди. Агар унинг ҳасаноти бўлмаса, биродарининг гуноҳларидан олиб, унинг устига ташланади».[50]

«Мўминлар дўзахдан ўтиб бўлишгач, жаннат ва дўзах ўртасидаги қантара-кўприкда тўхтатилиб, ўрталарида дунёда бўлган зулмлар учун бир-бирларига қасос олиб берилади. Тозаланиб, покланишгач, уларга жаннатга киришга изн берилади.»[51]

127-савол: Ҳавзга Китобдан далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитобан деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), албатта Биз сизга Кавсарни ато этдик» (Каввсар:1).

128-савол: Бунга Суннатдан далил борми, унинг Суннатдаги сифати қандай?

Жавоб: Бу ҳақда мутавотирлик даражасига етган кўп ҳадислар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Мен сизлардан аввал ҳавз (Кавсар) олдига бориб тураман».[52]

«Мен сизлардан олдин бориб турувчидирман, мен сизларга гувоҳдирман, Аллоҳга қасамки, мен ҳозир ҳавзимга қараб турибман.»[53]

«Ҳавзим (кенглиги) бир ойлик йўлдир, суви сутдан оқ, ҳиди мушкдан-да хушбўй, идишлари самодаги юлдузлар сонича. Ундан ичган одам қайтиб ташна бўлмайди.»[54]

«(Меърожга чиққанимда) икки лаби узра ғовак марваридли чодирлар бўлган бир анҳор олдига бордим. «Бу нима, эй Жибрил?», деб сўрадим. «Бу Кавсардир», деди[55]».

Булардан ташқари яна кўп ҳадислар бор.

129-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор» (Бақара: 24,25).

Бу ҳақда саноқсиз оятлар бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларида шундай дуо қилардилар: «Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақсан. Ваъданг ҳақ, Сен билан учрашмоқ ҳақ, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, пайғамбарлар ҳақ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ, Қиёмат ҳақ...» (Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким: «Бир Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир, Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир, Ийсо ҳам Унинг бандаси, расули, Марямга ташлаган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир» деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима ишлар қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади». (Бухорий (3435) ва Муслим (28) ривоятлари) Бир ривоятда: «Саккиз жаннатнинг хоҳлаган дарвозасидан».

130-савол: Жаннат ва дўзахга иймон келтиришнинг маъноси нима?

Жавоб: Бунинг маъноси - уларнинг яратиб қўйилган ва ҳозирда мавжуд эканини, улар Аллоҳнинг иродаси билан боқий ва туганмас эканини ҳамда бунисининг ичидаги неъматлар ва унисининг ичидаги азобларнинг барчасини қатъий тасдиқлаш, демакдир.

131-савол: Уларнинг ҳозирда мавжуд эканига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло уларнинг ҳозирлаб қўйилганлигини хабар бериб, жаннат ҳақида: «Тақводорлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 132), дўзах ҳақида: «Кофирлар учун ҳозирлаб қўйилган» (Оли Имрон: 131) деган.

Аллоҳ таоло бизга Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтини дарахт мевасидан ейишларидан илгари жаннатда тургизганини хабар берган, шунингдек У зот кофирларнинг эртаю кеч дўзахга тоблаб турилишлари ҳақида хабар берган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жаннатга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари камбағаллар эканини кўрдим, дўзахга боқдим ва унинг аҳлидан кўплари аёллар эканини кўрдим». (Бухорий (3241) ва Муслим (2738) ривоятлари)

«Сизлардан бирингиз вафот этса (борадиган) жойи унга эртаю кеч кўрсатилади. Жаннат аҳлидан бўлса жаннат аҳли(нинг жойи)дан, дўзах аҳлидан бўлса дўзах аҳли(нинг жойи)дан. Унга: «То қиёмат куни Аллоҳ сени қайта тирилтиргунча жойинг шу» дейилади.» (Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривоятлари).

«Намозни салқинлатиб ўқинглар, чунки ҳароратнинг кучайиши жаҳаннамнинг уфуришидандир». (Бухорий (536) ва Муслим (615) ривоятлари).

«Дўзах: «Эй Раббим, (алангаларим) бир-бирини еб юборди» деб Раббига шикоят қилди. Шунда унга икки марта – бир бор қишда ва бир бор ёзда – нафас (олиши)га изн берди. Сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ иссиқ ва сизлар ҳис қиладиган энг қаттиқ совуқ ана шу (нафасдан)дир» (Бухорий (537) ва Муслим (617) ривоятлари)

«Иситма жаҳаннамнинг уфуришидандир, уни сув билан совутинглар». (Бухорий (3264, 5723) ва Муслим (2209) ривоятлари)

«Аллоҳ жаннат ва дўзахни яратгач, Жибрилни жаннатга юборди ва: «Бориб, жаннатни кўргин», деди...» (Аҳмад (2/354), Абу Довуд (4744), Термизий (4/2560) ва Насоий (7/3) ривоятлари)

Қуёш тутилган кунда намозда турганларида жаннат ва дўзах Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўндаланг қилинган. (Бухорий (748) ва Муслим (907) ривоятлари)

Жаннат ва дўзах Исро кечасида ҳам у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрсатилган. (Бухорий (239) ва Муслим (162) ривоятлари) Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ҳадислар мавжуд.

132-савол: Уларнинг боқий ва асло туганмас эканига далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло жаннат ҳақида шундай дейди:

«Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«У жойда уларга бирон чарчоқ етмас ва улар у жойдан чиқарилувчи ҳам эмаслар!» (Ҳижр: 48).

«Бу туганмас инъомдир.» (Ҳуд: 108).

«Тугаб қолмайдиган ва ман этилмайдиган кўпдан-кўп (турли-туман) мева-чева (ости)да» (Воқеа: 32,33).

«Шак-шубҳасиз бу Бизнинг (жаннат ахлига ато этадиган) ризқу-рўзимиздирки, унинг учун тугаб қолиш бўлмас» (Сод: 54).

«Албатта тақводор зотлар (У Кунда) осойишта жойда, боғлар ва чашмалар устида бўлурлар... Улар (жаннатда) биринчи ўлимдан (яъни ҳаёти дунёдан кўз юмганларидан) бошқа ўлимни тотмаслар» (Духон: 51-56).

Ва бошқа оятлар.

Аллоҳ таоло дўзах ҳақида айтади:

«Магар уларни жаҳаннам йўлига равона қилур ва улар у жойда абадий қолажаклар» (Нисо: 169).

«Албатта Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бирон дўст ва на бирон ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар» (Аҳзоб: 64, 65).

«Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, албатта унинг учун жаҳаннам олови бордир. (Ундай кимсалар) ўша жойда мангу қолурлар» (Жин: 23).

«... ва улар жаҳаннамдан чиқувчи бўлмайдилар» (Бақара: 167).

«Улардан (азоб бирон лаҳза ҳам) енгиллатилмас ва улар (ўша азобда қолиб) бутунлай номурод бўлувчидирлар!» (Зухруф: 75).

«Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур» (Фотир: 36).

«Ҳеч шубҳа йўқки, кимда-ким Парвардигорининг (ҳузурига) жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учун жаҳаннам бор бўлиб, у (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур» (Тоҳа: 74).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Дўзах аҳли бўлган дўзахийлар у ерда на ўладилар, на яшай оладилар.» (Муслим (185) ривояти)

«Жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга кириб бўлгач, ўлим олиб келинади ва жаннат билан дўзах ўртасида сўйиб ташланади. Бир фаришта нидо қиладики: «Эй жаннат аҳли, энди ўлим йўқ, эй дўзах аҳли, энди ўлим йўқ.» Шунда жаннат аҳлининг шодликлари зиёда бўлиб, дўзах аҳлининг қайғулари ортади». (Бухорий (6548) ва Муслим (2849) ривоятлари)

Бу ҳақда бошқа ҳадислар ҳам бор.

133-савол: Мўминлар охиратда Раббилари таборака ва таолони кўришларига далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22, 23).

«Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).

Аллоҳ таоло кофирлар ҳақида айтади:

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Раббиларидан тўсилувчидирлар» (Мутоффифун: 15).

Аллоҳнинг душманлари У зотнинг дийдоридан тўсилсалар, демак У зотнинг дўстлари бундан тўсилмасликлари маълум бўлади.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик, у зот 14 кунлик ойга боқиб, дедилар: «Сизлар Раббингизни худди шу (ой)ни кўраётганингиздек аниқ-тиниқ кўрасизлар, Уни кўришда (тиқилинчдан) талашиб-тортишмайсизлар. Агар кун чиқишидан илгари (бомдод) ва кун ботишидан олдин (аср) намоз ўқишдан мағлуб бўлмасликка қодир бўлсаларингиз, шундай қилинглар». (Бухорий (554) ва Муслим (633) ривоятлари)

Суҳайб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сўнг пардани очади, уларга Раббилари азза ва жалланинг жамолига боқишдан кўра суюмлироқ бирон нарса ато этилмайди», дедилар, сўнг ушбу оятни ўқидилар: «Чиройли амал қилган зотлар учун жаннат ва зиёда (Аллоҳнинг юзига боқиш) бордир» (Юнус: 26).[56]

Бу ҳақда кўплаб саҳиҳ ва сариҳ ҳадислар борки, биз «Суллам ул-вусул» шарҳида 30дан ортиқ саҳобадан 45та ҳадисни зикр қилганмиз.

134-савол: Шафоатга ишонишга далил борми, шафоат ким тарафидан, ким учун ва қачон бўлади?

Жавоб: Шафоат ҳақида Қуръонда кўплаб оятлар келган.

Аллоҳ таоло шафоат Ўзининг мулки эканини, бирон кишига ундан бирон улуш йўқ эканини хабар беради:

«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир» (Зумар: 44).

Шафоат қачон бўлади? Аллоҳ таоло унинг фақат Ўзининг изни билангина бўлишини хабар беради:

«Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз оқлай олмайди» (Бақара: 255).

«(Қиёмат Кунида) бирон оқловчи бўлмас, магар Унинг изну иродасидан сўнггина (оқлай олур)» (Юнус: 3).

«Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)» (Ван-нажм: 26).

«(Аллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат-оқлов фойда берур (яъни ана ўша зотларгина шафоатга эришурлар, ё ўзгаларни шафоат қила олурлар)» (Сабаъ: 23).

Шафоат ким тарафидан бўлади? Аллоҳ таоло шафоат Ўзи изн берганидан кейингина бўлишини хабар берганидек, уни фақат Ўзи рози бўлган дўстларига изн беришини ҳам хабар берди:

«Улар сўзлай олмаслар, фақат У Меҳрибон зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни айтур» (Набаъ: 38).

«(У кунда) фақат Раҳмон ҳузурида аҳду-паймон олган кишиларгина шафоат қилишга эга бўлурлар» (Марям: 87).

Шафоат ким учун бўлади? Аллоҳ таоло фақат Ўзи рози бўлган кишиларнигина шафоат қилишга изн беришини хабар берди:

«Улар фақат (Аллоҳ) рози бўлган кишиларнигина шафоат қилурлар – оқлай олурлар» (Анбиё: 28).

«У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур)» (Тоҳа: 109).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақат тавҳид ва ихлос эгаларидангина рози бўлади, аммо бошқалар хусусида шундай дейди:

«Золим кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни шафоати қабул қилинадиган) оқловчи бўлмас» (Ғофир: 18).

«Энди бизлар учун на оқловчилар ва на бирон қадрдон дўст бордир» (Шуаро: 100, 101).

«Энди оқловчиларнинг оқлови уларга фойда бермас!» (Муддассир: 48).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақидаги ҳадисларида хабар беришларича, у зот Аршнинг остига бориб сажда қиладилар ва Парвардигорларига Унинг Ўзи ўргатган ҳамду-санолар билан мақтов айтадилар, шундан сўнг то у зотга: «Бошингизни кўтаринг, сўзланг, сўзингизга қулоқ солинади, сўранг, сўровингиз берилади, шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади» дейилмагунча шафоатни бошламайдилар. (Бухорий (4712) ва Муслим (194) ривоятлари)

У зот яна хабар беришларича, тавҳид аҳлидан бўлган гуноҳкор кишиларнинг барчасини бирданига шафоат қилолмайдилар: «Менга (Раббим) маълум миқдордаги кишиларни шафоат қилишни чеклаб қўяди, мен уларни жаннатга киритаман». (Бухорий (6565) ва Муслим (193) ривоятлари) Сўнг яна қайтиб бориб, сажда қиладилар, яна бир миқдор кишиларни шафоат қилишга изн берилади...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Росулуллоҳ, қиёмат куни сизнинг шафоатингиз ила энг саодатли бўлувчи инсон ким?» деб сўраганида у зот: «Қиёмат куни менинг шафоатим ила энг саодатли бўлувчи инсон – сидқидилдан, холис: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтган кишидир» деб жавоб берганлар. (Бухорий (99) ривояти)

135-савол: Шафоат неча хил бўлади, энг каттаси қайси?

Жавоб: Энг катта шафоат – Қиёмат майдонидаги улкан шафоат, яъни Аллоҳ таолога бандалари ўртасида ҳукм қилиш учун келишини сўраб воситачи бўлишдир. Бу эса пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга хос шафоатдир ва у Аллоҳ таоло у кишига ваъда қилган мақтовли мақомдир: «Шоядки, Парвардигорингиз сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (яъни, гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирар» (Исро: 79).

Яъни, Қиёмат майдонида одамларнинг аҳволи ғоят танглашган, узоқ туриб қолишган, безовталиклари кучайган, қулоқларигача терга ботишган ҳолат юзага келгач, уларнинг ўрталарида тезроқ ҳукм қилишини сўраб Аллоҳга воситачи бўлишларини илтимос қилиб, аввал Одам алайҳиссаломнинг, сўнг Нуҳнинг, сўнг Иброҳимнинг, сўнг Мусонинг, сўнг Ийсонинг ёнларига келадилар. Ҳаммалари: «Жоним, жоним» (яъни, жонимни Аллоҳнинг азобидан қутқариш учун ўзим шафоатчига муҳтожман), деб жавоб беришади. Ниҳоят улар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келадилар, у зот: «Майли, мен шафоатчи бўлай» дейдилар. (Муслим (193) ривояти)

Иккинчи: Жаннат эшигини очишни сўраб воситачи бўлиш. Биринчи бўлиб жаннат эшигини қоқадиган зот – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Муслим ривояти), жаннатга биринчи бўлиб кирадиган уммат – у зотнинг умматларидир. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Учинчи: Дўзахга ҳукм қилинган кишиларни дўзахга туширмасликни сўраб шафоатчи бўлиш.

Тўртинчи: Тавҳид аҳлидан дўзахга тушганларни ундан чиқаришни сўраб шафоатчи бўлиш. Улар куйиб, кўмирга айланган ҳолда дўзахдан чиқишади, сўнг ҳаёт дарёсига ташланиб, уруғ лойқа ичида униб чиққанидек униб чиқадилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Бешинчи: Жаннат аҳлидан бўлган баъзи кишиларнинг даражаларини кўтаришда шафоатчи бўлиш.

Бу учтаси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос эмас. Балки у зот буларда муқаддам бўлиб, ортларидан пайғамбарлар, фаришталар, валийлар ва бошқа улуғ зотлар ҳам шафоат қиладилар. Сўнг Аллоҳ таоло ҳисоби фақат Ўзигагина маълум бўлган жуда кўплаб инсонларни Ўз раҳмати билан дўзахдан озод қилиб, жаннатга киритади.

Олтинчи: Айрим кофирлардан азобни енгиллатиш ҳақидаги шафоат. Бу бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга амакилари Абу Толиб ҳақида хос бўлган шафоатдир. (Бухорий (3883) ва Муслим (209) ривоятлари)

Бу борада саноқсиз ояту ҳадислар бор, истаган одам уларни Қуръон ва ҳадис тўпламларидан топиши мумкин.

136-савол: Қилган амаллари билан бирон кимса жаннатга кира оладими ёки дўзахдан қутулиб қоладими?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Тўғриликка) яқинлашингиз, (амалингизни) тўғрилангиз, билингизки, сизлардан бирон киши амали билан нажот тополмайди». Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, сиз ҳамми?» деб сўрадилар. «Ҳа, мен ҳам, фақат Раббим мени Ўзининг фазлу марҳамати билан ўрасагина (нажот топишим мумкин)», дедилар.

Бир ривоятда: «(Амалингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, (Аллоҳнинг фазлу марҳамати билан) хушхабарланингиз, зотан бирон кишини амали ҳаргиз жаннатга кирита олмайди», дедилар. «Сизни ҳамми ё Расулуллоҳ?» деб сўрадилар. «Ҳа, мени ҳам, фақат Раббим мени Ўз раҳмати билан ўраб олсагина (жаннатга кира оламан). Билингизки, амаллар ичида Аллоҳга энг суюмлиси – оз бўлса-да, давомлисидир», дедилар. (Бухорий (6464) ва Муслим (2818) ривоятлари)

137-савол: Мазкур ҳадис билан Аллоҳ таолонинг: «Уларга: «қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир», деб нидо қилинур» (Аъроф: 43) ояти ўртасини қандай жамлаш мумкин?

Жавоб: Мазкур оят ва ҳадис ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Оятдаги (ب) ҳарфи сабабият учун бўлиб, жаннатга киришлик солиҳ амаллар сабабли вужудга келиши айтилмоқда. Ҳадисдаги (ب) эса саманият (баҳо ва тўлов маъноси) учун бўлиб, банда кундузлари рўза тутиб, тунларини намоз билан ўтказиб, ҳар қандай гуноҳлардан сақланган ҳолда дунё тургунча яшаган тақдирда ҳам унинг ҳамма қилган амаллари Аллоҳнинг ошкор ва яширин неъматларининг энг кичкинаси муқобилида ўндан бирига ҳам тўғри келмайди. Шундай экан, қандай қилиб жаннатга киришга тўлов бўла олсин?!

138-савол: Қадарга умумий суратда иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳнинг амри иродаси тақдири азалий бўлди» (Аҳзоб: 38).

«Аллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун...» (Анфол: 42,44).

«Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилинувчи бўлди» (Аҳзоб: 37).

«(Бирон кимсага) бирон мусибат етмас, магар Аллоҳнинг изни-иродаси билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» (Тағобун: 11).

«Икки жамоат тўқнашган куни сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлди» (Оли Имрон: 166).

«Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг ( бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг. Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топувчилардир» (Бақара: 156,157).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссалом билан қилган савол-жавобларида айтганларидек: «Қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтириш». (Муслим ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Билгинки, сенга етган нарса ҳаргиз етмай қолмас эди, сенга етмаган нарса ҳаргиз етмас эди».(Термизий (2516), Аҳмад (1/293, 307, 404), Абу Яъло (2556) ва бошқалар ривоятлари)

«Сенга бирор иш етса: «Ундай қилганимда бундай бўлар эди», демагин, балки: «Аллоҳ тақдир қилибди, У истаган ишини қилади», дегин». (Муслим (2665) ривояти)

«Ҳамма нарса, ҳатто нотавонлик ва зийраклик (пухталик) ҳам қадарга боғлиқ». (Муслим (2665) ривояти)

Ва бошқа ҳадислар.

139-савол: Қадарга иймон келтириш даражалари нечта?

Жавоб: Қадарга иймон келтириш 4та даражада бўлади:

Биринчи даража: Аллоҳнинг бутун борлиқни қамраб олувчи, осмонлару ердаги заррача нарса ҳам ундан махфий қолмайдиган Илмига иймон келтириш ва Аллоҳ таоло бутун махлуқотини уларни ҳали яратмасидан туриб билган, уларнинг ризқларини, ажалларини, сўзу амалларини, барча ҳаракату саканотларини, сир-асрору ошкораларини, улардан ким аҳли жаннату, ким аҳли дўзах бўлишини билган деб қатъий ишониш.

Иккинчи даража: Юқорида айтилганлар ёзиб қўйилган эканига, Аллоҳ таоло бўлишини Ўз илми билан олдиндан билган ҳамма нарсани ёзиб қўйган эканига иймон келтириш, Лавҳ ва Қаламга иймон келтириш ҳам шунинг зимнидадир.

Учинчи даража: Аллоҳнинг сўзсиз амалга ошувчи истак-хоҳиши ва шомил-комил қудратига иймон келтириш. Бўлган ва бўлажак нарсалар жиҳатидан бу иккиси ўртасида бир-бирига боғлиқлик бор, бўлмаган ва бўлмаяжак нарсалар жиҳатидан эса ўрталарида боғлиқлик йўқдир. Демак, Аллоҳ таоло истаган нарса Унинг қудрати билан албатта амалга ошади, Аллоҳ истамаган нарса эса  У бунга қодир бўлмагани учун эмас, балки У истамагани учунгина бўлмайди: «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулувчи эмасдир. Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» (Фотир: 44).

Тўртинчи даража: Аллоҳ таоло барча нарсани яратувчидир, осмонлару ер ва улар ўртасидаги заррача нарса бўлсин, ҳаммасини яратувчиси, уларнинг ҳаракатларию саканотларини яратувчиси Аллоҳ субҳанаҳунинг ёлғиз Ўзидир, деб иймон келтириш.

140-савол: Биринчи даража – Аллоҳнинг илмига иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У – Аллоҳ шундай зотдирки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билувчидир» (Ҳашр: 22).

«Аллоҳ барча нарсани (Ўз) билими билан иҳота қилиб олганини билишларингиз учун (У зот сизларга юқорида зикр қилинган нарсалар ҳақида хабар берди)» (Талоқ: 12).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга) айтинг: «Йўқ! Ғайбни билувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз у (яъни қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Аллоҳ)дан маҳфий бўлмас — албатта очиқ Китобда (яъни, Аллоҳнинг азалий ёзмиши — Лавҳул-маҳфузда у) мавжуд бўлур» (Сабаъ: 3).

«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).

«Аллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни яхшироқ билувчидир» (Анъом: 124).

«Албатта, Парвардигорингиз­нинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур» (Наҳл: 125, Қалам: 7).

«Ахир шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?!» (Анъом: 53).

«Ахир Аллоҳ барча одамларнинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши билувчи эмасми?!» (Анкабут: 10).

«Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман», деганида улар айтдилар: «У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз». (Аллоҳ) айтди: «Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан» (Бақара: 30).

«Сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216).

Саҳиҳда айтилишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, ким аҳли жаннат, ким аҳли дўзах экани маъруф – маълумми?» деб сўради. «Ҳа», дедилар. «Ундай бўлса, амал қилувчиларнинг амал қилишларига не ҳожат?» деб сўради. «Ҳар ким ўзи яратилган нарса – ёки ўзига муяссар бўладиган нарса – (яъни, ё жаннат ё дўзах) учун амал қилади», дедилар. (Бухорий (6596) ва Муслим (2649) ривоятлари)

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан мушрикларнинг (вафот этган) болалари ҳақида сўралганда: «(Ҳаёт бўлишганида) нима амал қилган бўлишларини Аллоҳ яхши билувчидир», дедилар. (Бухорий (6597) ва Муслим (2659) ривоятлари)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло аҳли жаннатни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ жаннат учун яратган, аҳли дўзахни улар оталарининг пуштикамарларида эканидаёқ дўзах учун яратган». (Муслим (2262) Оиша розияллоҳу анҳодан ривояти)

«Бир киши одамларнинг кўзида аҳли жаннатнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у дўзах аҳлидан бўлади. Бир киши одамларнинг кўзида аҳли дўзахнинг амалини қилиб юрган бўлади, ҳолбуки у жаннат аҳлидан бўлади». (Муслим (112) ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан ҳар бир кишининг жаннат ва дўзахдан ўрни маълумдир», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, унда нега амал қиламиз, шунга суянаверсак бўлмайдими?» деб сўрадилар. «Йўқ, амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нима учун яратилган бўлса, ўшанга муяссар қилинади», дедилар. Сўнг қуйидаги оятларни тиловат қилдилар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10). (Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари)

Ва бошқа ҳадислар.

141-савол: Иккинчи даража – тақдирларнинг ёзиб қўйилган эканига иймон келтиришга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Барча нарсани Биз очиқ Китобда (яъни Лавҳ-ул-Маҳфузда) белгилаб қўйгандирмиз» (Ёсин: 12).

«Албатта, бу Китобда (яъни Лавҳул-махфузда ёзиб қўйилгандир)» (Ҳаж: 70).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва Мусо алайҳиссаломнинг ҳужжатлашганини шундай баён қилди:

«(Фиръавн) деди: «У ҳолда аввалги авлодларнинг ҳоли недир?» (Мусо) айтди: «Улар ҳақидаги билим Парвардигорим ҳузуридаги Китобда — Лавҳул-Маҳфуздадир. Парвардигорим адашмас ва унутмас» (Тоҳа: 51, 52).

«Ҳар бир аёлнинг ҳомиладор бўлиши ҳам, кўзи ёриши ҳам шак-шубҳасиз Унинг билиши – огоҳлиги билан бўлур. Ҳар бир умр кўрувчининг умри узун қилинмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Аллоҳга осондир» (Фотир: 11).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Тирик жон борки, унинг жаннатдан ва дўзахдан бўлган ўрни албатта ёзиб қўйилгандир, унинг бахтсиз ё бахтли бўлиши ҳам албатта ёзиб қўйилгандир». (Муслим (2647) ривояти)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади, Суроқа ибн Молик ибн Жуъшум келиб деди: Эй, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга динимизни тушунтиринг, биз ҳудди ҳозир яратилгандекмиз. Бизнинг бугунги кунда қилаётган амалимиз қандай? Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсадами ёки энди қиладиган (Лавҳул-Маҳфузга ёзилмаган) нарсамиздами? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, Қаламлар ёзганидан кейин қуриб қолган (Лавҳул-Маҳфузда ёзилган) ва тақдирда битилган нарсада.» Ундай бўлса нимага амал қиламиз? «Амал қилинглар ҳар бир киши (ёзилган нарсасига) эришувчидир.» Бошқа ривоятда: «Ҳар бир амал қилувчи ўз амалига муяссар қилинади.» (Муслим (2648) ривояти)

142-савол: Бу даража ичига неча турли тақдирлар киради?

Жавоб: Бунинг ичига 5 хил тақдирлар киради ва буларнинг ҳаммаси илмга боғлиқ:

Биринчи: Тақдири азалий – яъни, булар осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил олдин Аллоҳ таоло Қаламни яратган пайтда ёзиб қўйилгани;

Иккинчи: Одамнинг белидан зурриётларини зарралар мисоли чиқариб: «Мен сизларнинг Парвардигорингиз эмасманми?!» (Аъроф: 172) деб аҳд олган кундаги умрлик тақдир.

Учинчи: си ҳам Она қорнида нутфани яратган кундаги умрлик тақдир.

Тўртинчи: Қадр кечасидаги йиллик тақдир.

Бешинчи: Кундалик тақдир – буларнинг ҳаммасини ўз ўрнида ижро қилиш.

143-савол: Тақдири азалийга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«На Ерга ва на ўзларингизга бирон мусибат етмас, магар (етса) Биз уни пайдо қилишимиздан илгари Китобда (Лавҳул-Маҳфузда битилган) бўлур» (Ҳадид: 22).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ халқларнинг тақдирларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйган», «унда арши сувнинг устида эди».[57]

«Аллоҳ энг биринчи қаламни яратиб, унга: «Ёз!», деди. Қалам: «Эй Раббим, нимани ёзай?», деб сўради. «То қиёматгача барча нарсанинг тақдирини ёз!», деди».[58]

«Эй Абу Ҳурайра, бўладиган ишларни қалам (ёзиб, сиёҳи) қуриб бўлган».[59]

144-савол: Аҳду паймон олинган кундаги умрлик тақдирга далил борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг!» (Аъроф: 172).

«Муватто»да айтилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан: «Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Пар­вардигорингиз эмасманми?», деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир» ояти ҳақида сўралганда айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу ҳақда сўралганда шундай жавоб берганларини эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таоло Одамни яратди, сўнг унинг белини қўли билан силаб, ундан зурриёт чиқарди. Сўнг: «Мен буларни жаннат учун яратдим ва улар жаннат аҳлининг амалини қиладилар», деди. Кейин унинг белини силаб, яна зурриёт чиқарди. Сўнг: «Буларни дўзах учун яратдим ва улар дўзах аҳлининг амалини қиладилар», деди».[60]

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида (гўё) иккита китоб билан бизнинг олдимизга чиқиб келдилар ва: «Бу китоблар қандай китоблигини биласизларми?» дедилар. «Йўқ, эй Расулуллоҳ, сиз хабар берсангиз билиб оламиз», дейишди. Ўнг қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда жаннат аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Кейин чап қўлларидаги китобни (кўрсатиб) айтдилар: «Бу оламлар Рабби тарафидан бўлган китобдир. Унда дўзах аҳлининг исмлари, оталарининг ва қабилаларининг номлари то охиригача жамланган, энди уларнинг сони асло зиёда ҳам қилинмайди, камайтирилмайди ҳам.» Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, агар иш аллақачон ҳал бўлган бўлса, амалга не ҳожат?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Амалларингизни) тўғрилангиз, (имкон қадар тўғриликка) яқинлашингиз, зеро жаннат аҳлидан бўлувчи киши қандай амал қилиб юрган бўлса ҳам, охирида аҳли жаннатнинг амали билан хотима топади», дедилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан ишора қилиб, китобларни ташладилар, сўнг: «Раббингиз бандаларининг (оқибатларини) ҳал қилиб бўлган, бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахда (бўлур)», дедилар.[61]

145-савол: Она қорнида нутфанинг илк бор яратилган пайтидаги умрлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У (Аллоҳ) сизларни (яъни оталарингиз Одамни) Ўзи Ердан — тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Нажм: 32).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингизнинг хилқати онасининг қорнида 40 кун нутфа ҳолида жамланади, сўнг яна шунча вақт алақа ҳолида бўлади, сўнг шунча вақт музға ҳолида бўлади. Кейин унга бир фариштани юборилади, у унга руҳ киргизади (пуфлайди) ва тўртта калимани – ризқини, ажалини, амалини ва бахтсиз ё бахтли бўлишини ёзиб қўйишга буюрилади. Ундан ўзга барҳақ илоҳ йўқ бўлган Зотга қасамки, сизлардан бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан жаннат ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли дўзахнинг амалини қилади ва охир-оқибат дўзахга тушади. Сизлардан яна бирингиз аҳли дўзахнинг амалини қилиб боради, ҳатто у билан дўзах ўртасида фақат бир газ масофа қолганида (тақдиридаги) битик унга ғолиб келиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, охир-оқибат жаннатга тушади».[62]

Шу маънода бошқа лафзлар билан кўплаб саҳобалардан ривоятлар келган.

146-савол: Қадр кечасидаги йиллик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди::

«У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур (белгиланур). (Бу кечада тақдир қилинадиган барча ишлар) Бизнинг ҳузуримиздан бўлган Ишдир» (Духон: 4, 5).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Қадр кечасида Уммул-Китобдан (Лавҳул-Маҳфуздан?) шу йилда бўладиган ўлим, ҳаёт, ризқ, ёмғир ва ҳатто ҳожилар ҳақида «Фалончи-фалончилар ҳажга боради» деб ёзиб қўйилади».

Ҳасан, Саид ибн Жубайр, Муқотил, Абу Абдурраҳмон ас-Суламий ва бошқалар ҳам шу маънода гапирганлар.[63]

147-савол: Кунлик тақдирга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Аллоҳ таоло Лавҳул-Маҳфузни оппоқ дурдан яратди, унинг иккала муқоваси (ғилофи) қизил ёқутдан, қалами нур, китоби нурдир. Унга ҳар куни уч юз олтмиш марта қарайди, ҳар бир қарашда яратади, ризқ беради, ҳаёт ато этади, ўлдиради, азиз қилади, хор қилади, Ўзи истаганини қилади. Бу Аллоҳ таолонинг «У зот ҳар куни иш-амалдадир» (Ар-Раҳмон: 29) оятидир».[64]

Бу тақдирларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло Қаламни яратган кун унга Лавҳул-Маҳфузга ёзиб қўйишни буюрган ўша азалий тақдирнинг тафсилотлари сифатида кўрилади. Ибн Умар ва Ибн Абос розияллоҳу анҳумолар: «Дарҳақиқат Биз сизларнинг амалларингизни ёздириб қўяр эдик» (Жосия: 29) оятини шундай тафсир қилганлар.

Буларнинг барчаси Аллоҳ таборака ва таолонинг ИЛМ сифатига боғлиқдир.

148-савол: Бахтли ёки бахтсизлик азалдан белгилаб қўйилгани нимани тақозо қилади?

Жавоб: Жамики самовий китоблар ва пайғамбарларнинг суннатлари иттифоқ қилган нарса шуки, тақдирнинг аввалда белгилаб қўйилиши амал қилишдан тўсмайди ва қадарга суяниб қолишни лозим қилмайди, балки жидди-жаҳд ва ҳаракатни, солиҳ амалга ҳарис бўлишни лозим қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига қадарнинг битилгани ва қалам (кишининг тақдирини ёзиб, сиёҳи) қуригани ҳақида хабар берганларида баъзилар: «Тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўрашганда: «Йўқ, амал қилаверинглар. Ҳар ким ўзи яратилган нарсага муяссар бўлувчидир» деб жавоб берганлар ва ушбу оятларни ўқиганлар: «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) берса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса. Биз уни осон йўлга муяссар қилурмиз. Энди ким (Аллоҳ йўлида хайр-саховат кўрсатишдан) бахиллик қилса ва (ўзини Аллоҳ ҳузуридаги ажр-мукофотлардан) беҳожат билса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни Аллоҳ ваъда қилган жаннатни) ёлғон деса. Биз уни (дунё ва охиратда бахтсиз бўладиган) оғир йўлга «муяссар» қилурмиз!» (Вал-лайл: 7-10).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақдирларни ўлчаб қўйган, унинг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган, У дунёю охират хусусида Ўзи ўрнатиб қўйган сабабларнинг ҳикматини Ўзи яхши билувчи зотдир. У махлуқларидан ҳар бирини дунёю охиратда нима учун яратган бўлса, ўшанга муяссар қилиб қўйган. Банда агар охиратидаги яхшиликлар унга олиб борувчи сабабларга боғлаб қўйилган эканини билса, ўша сабабларни жойига келтиришга ва уларни адо этишга дунёдаги тирикчилиги сабабларига киришишдан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракат қилади. Буни саҳобалар жуда теран тушунган эдилар, улардан бирлари қадар ҳақидаги ҳадисларни эшитгач, илгаригидан кўра ҳам қаттиқроқ ҳаракатга киришганини айтган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингга фойдали бўлган нарсага ҳарис бўл, Аллоҳдан мадад сўра ва ожизлик қилма».[65]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Нима дейсиз, бизнинг қиладиган даволаримиз, қилдирадиган руқяларимиз Аллоҳнинг қадаридан бирон нарсани қайтарадими?» деб сўралганда: «Ўша ишлар ўзи Аллоҳнинг қадаридан» деб жавоб берганлар.[66] Яъни, Аллоҳ таоло яхшилик ва ёмонликни тақдир қилиб, улардан ҳар бирининг сабабларини ҳам муҳайё қилиб қўйган.

149-савол: Учинчи даража – Аллоҳнинг мутлақ хоҳиш-иродасига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас)» (Инсон: 30).

«Ва бирон нарса ҳақида «Мен албатта эртага қилувчиман», дея кўрманг, магар «Инша Аллоҳ – Аллоҳ хоҳласа» денг». (Каҳф: 23, 24).

«Аллоҳ хоҳлаган кишисини адаштирур, хоҳлаган кишисини Тўғри йўлда (барқарор) қилур» (Анъом: 39).

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир динда— Исломда) қилиб қўйган бўлур эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни барча инсонларни) бир миллат (бир динда — Исломда) қилган бўлур эди» (Шуро: 8).

«Агар Аллоҳ хоҳласа улардан (жанг-жадалсиз ҳам) ғолиб бўлур (яъни уларни йўқ қилиб юборур) эди» (Муҳаммад: 4).

«(У) истаган нарсасини амалга оширувчидир» (Буруж: 16).

«Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

«Биз бирон нарсани ирода қилсак, унга айтадиган сўзимиз «Бўл», демоқликдир. Бас, ўша нарса бўлур» (Наҳл: 40).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

Ва бошқа сон-саноқсиз оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Бандаларнинг қалблари Раҳмон таоло бармоқларидан икки бармоқ ўртасида худди бир қалб кабидир, уларни қандай хоҳласа шундай буриб қўяди».[67]

Водийда (ҳаммалари бомдоддан) ухлаб қолган пайтларида айтдилар: «Аллоҳ таоло сизларнинг руҳларингизни Ўзи истаган пайт олиб, истаган пайт қайтарди».[68]

«(Яхши ишларга) воситачи бўлинглар, ажрга эга бўласизлар. Аллоҳ пайғамбарининг тили билан Ўзи истаган нарсани ҳукм қилади».[69]

«Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди».[70]

«Агар Аллоҳ таоло бир умматни раҳматига олишни истаса, пайғамбарларини улардан олдин вафот эттиради. Агар Аллоҳ бир умматнинг ҳалокатини истаса, уларга пайғамбарлари ҳаётлик ҳолида азобини туширади».[71]

Ва бошқа ҳадислар.

150-савол: Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида ва пайғамбарининг тилида бизга хабар берган, шунингдек биз У зотнинг сифатларидан биламизки, У муҳсин, тақводор ва собирларни яхши кўради, иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган кишилардан рози бўлади. Кофирларни, золимларни ёқтирмайди, бандаларининг куфрига рози бўлмайди, бузғунчиликни ёқтирмайди. Ҳолбуки буларнинг ҳаммаси Унинг хоҳиш-иродаси билан вужудга келади. Агар У истаса булардан биронтаси вужудга келмас эди. Зеро, Унинг мулкида У истамаган нарса бўлмайди. Шундай экан, энди: «Қандай қилиб Ўзи рози бўлмайдиган ва ёқтирмайдиган нарсаларнинг вужудга келишини истайди?» деб сўраган одамга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Билингки, нас(оят ва ҳадис)ларда ирода сўзи икки маънода келган:

1. Кавний қадарий ирода. Бу хоҳиш-ирода билан яхши кўриш ва рози бўлиш ўртасида мулозамат – лозимлик йўқ. Балки, куфру иймон, тоату исёнлар, рози бўлинган ва яхши кўрилган ишлар ҳам, ёмон кўрилганлари ҳам унинг ичига кираверади. Бу иродадан ҳеч ким на ташқарига чиқа олади, на қочиб қутулади. Аллоҳ таоло айтганидек:

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса унинг кўнглини ислом учун кенг қилиб қўяр. Кимни адаштиришни истаса, унинг кўнглини худди осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва танг қилиб қўяр» (Анъом: 125).

«Кимники Аллоҳ Ўзи адаштиришни истаса, сиз унинг учун Аллоҳ томонидан ҳеч нарса қила олмассиз. Улар Аллоҳ кўнгилларини поклашни истамаган кимсалардир» (Моида: 41).

2. Аллоҳ яхши кўрган ва рози бўлган ишларга хос бўлган диний шаръий ирода. Аллоҳ бандаларига буйруқ ва қайтариқларини шу иродага кўра қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди» (Бақара: 185).

«Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир» (Нисо: 26).

Ва бошқа оятлар.

Бу иродага эргашган одам учун аввал бу хусусда кавний ирода ҳам ўтган бўлади. Шунда тоат-ибодатли мўмин кишининг ҳаққида кавний ирода билан шаръий ирода бирлашади, осий, фожир одамнинг ҳаққида эса ёлғиз кавний ироданинг ўзи бўлади. Аллоҳ субҳанаҳу бандаларини умумий равишда Ўзи рози бўладиган ишларга чақирди ва бу ишларнинг ижобатига улар ичидан Ўзи истаган кишиларнигина йўллади: «Аллоҳ тинчлик диёри —жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус: 25).

Демак, Аллоҳ субҳанаҳу даъватни умумий, ҳидоятни эса Ўзи истаган кишиларга хос қилди: «Албатта Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30).

151-савол: Қадарга иймон келтиришнинг тўртинчи даражаси – Аллоҳ барча нарсани яратган эканига иймон келтиришга далил нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир. У барча нарсанинг устида вакил-ҳомийдир» (Зумар: 62).

«Сизларга осмону заминдан ризқу-рўз берадиган Аллоҳдан ўзга биронта яратувчи борми?! Ҳеч бир барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир» (Фотир: 3).

«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

«Аллоҳ сизларни яратган, сўнгра ризқу-рўзингизни берган, сўнгра жонингизни оладиган, сўнгра сизларга (қайта) ҳаёт берадиган зотдир. Сизлар (сиғинаётган) бутларингиз орасида мана шуларнинг биронтасини қила оладиган кимса борми?!» (Рум: 40).

«Ҳолбуки сизларни ҳам, қилиб олган (бут)ларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» (Соффат: 96).

«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки» (Ваш-шамс: 7,8).

«Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, бас, ўша ҳидоят топувчидир. У зот кимни йўлдан оздирса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчилардир» (Аъроф: 178).

«Лекин Аллоҳ сизларга (иймони комил, тақво имтиҳонидан ўтган зотларга) иймонни суюкли қилди ва уни дилларингизга чиройли кўрсатди ҳамда сизларга куфрни, (Аллоҳ ва пайғамбарга) итоатсизликни ва исённи ёмон кўрсатиб қўйди» (Ҳужурот: 7).

Ва бошқа оятлар.

Имом Бухорий «Холқу афъалил-ибад» китобида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган марфуъ ҳадисда айтилади: «Албатта ҳар бир ясовчи – ҳунармандни ҳам, у ясаган нарсаларни ҳам Аллоҳ яратади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эй Парвардигор, нафсимга тақво ато эт, уни покла. Сен энг яхши покловчи Зотсан. Сен унинг валийси (эгаси) ва хожасисан».[72]

Ва бошқа ҳадислар.

152-савол: Аллоҳ субҳанаҳу ҳамма нарсанинг яратувчиси экан, у ҳолда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳамма яхшилик Сенинг қўлингда, ёмонлик эса Сенга (мансуб) эмас»[73] деган сўзларини қандай тушунилади?

Жавоб: Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ азза ва жалланинг барча иш-феъллари У зот тарафидан содир бўлиши ва У зотнинг улар билан сифатланиши жиҳатидан барчаси соф яхшиликдир, улар ичида бирон бир ёмонлик йўқдир. Зотан, Аллоҳ таоло ҳикмат соҳиби, адолат эгаси, Унинг барча феъллари ҳикмат ва адолатдир. Нарсаларни Ўзининг ҳузурида маълум бўлганидек ўзига лойиқ ўринларга қўяди. Тақдир қилинган ишнинг ўзида бўлган ёмонлик бандани ҳалокатларга элтувчи бўлгани учун ва бу унинг қўллари касб қилган гуноҳ ишга тўла жазо бўлгани учун унга (бандага) изофа қилинади (нисбат берилади). Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).

«Уларга Биз зулм қилмадик, лекин улар (ўзларига) зулм қилувчи бўлдилар» (Зухруф: 76).

«Шубҳасиз, Аллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар ўзларига ўзлари зулм қиладилар» (Юнус: 44).

153-савол: Ўзларига нисбатланадиган ишларда бандаларнинг қудрат ва хоҳиш-иродалари борми?

Жавоб: Ҳа, бандаларга ўз ишлари устида қудрат бор, уларда истак ва хоҳиш-ирода бор, феъл-амаллари ҳақиқатан ўзларига нисбат берилади. Улар шунга кўра мукаллаф бўлганлар, шунга кўра ажр ёки иқобга лойиқ бўладилар, Аллоҳ таоло уларни куч-тоқатларидан ташқари нарсага буюрмади. Бу нарсани уларга Китоб ва Суннатда баён қилди. Бироқ улар Аллоҳ қодир қилган нарсагагина қодир бўлишади, фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳлашади, Аллоҳ уларни фоил-бажарувчи қилиб қўйишлиги туфайлигина бирон ишни қила олишади. Ўзларини вужудга келтира олишмагани каби феъл-амалларини ҳам вужудга келтириша олмайди. Қудратлари, истак, хоҳиш-иродалари ва феъллари Унинг қудрати, хоҳиш-иродаси ва феълига тобеъдир. Чунки уларнинг яратувчиси ҳам, қудрат, хоҳиш-ирода ва феълларини яратувчиси ҳам Унинг Ўзидир. Уларнинг хоҳиш-иродалари, қудрат ва феъллари Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси, қудрати ва феълларининг айни ўзи эмас, худди улар Унинг ўзи бўлолмаганлари каби — Аллоҳ бундан пок ва олийдир. Балки уларнинг Аллоҳ тарафидан яратилган феъллари улар воситасида вужудга келади, уларга лойиқ ва ҳақиқатан уларга нисбат берилади. Аллоҳ ҳақиқатан фоил - қилувчи, банда эса ҳақиқатан мунфаил - ҳаракат қилувчи. Аллоҳ ҳақиқатан ҳодий – ҳидоятга йўлловчи, банда ҳақиқатан муҳтадий – ҳидоятга йўлланувчи. Шунинг учун икки феълдан ҳар бирини унинг бажарувчисига нисбатлади: «Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, бас, ўшагина ҳидоят топувчидир» (Каҳф: 17). Ҳидоятни Аллоҳга нисбатлаш ҳақиқат, ҳидоятланишни бандага нисбатлаш ҳам ҳақиқат. Ҳодий муҳтадийнинг айни ўзи бўлмагани каби ҳидоят қилиш ҳам ҳидоятланишнинг ўзи эмас. Шунингдек, Аллоҳ Ўзи истаган кишини ҳақиқатан адаштиради ва бу банда ҳақиқатан адашган бўлади. Ҳоказо, Аллоҳнинг бандалари устидаги барча тасарруфларии шундайдир. Кимки фоилликни ҳам, мунфаилликни ҳам бандага нисбат берса кофир бўлади, Аллоҳга нисбат берса ҳам кофир бўлади. Ким фоилликни ҳақиқатан холиққа, мунфаилликни ҳақиқатан  махлуққа нисбатласа, у ҳақиқий мўминдир.

154-савол: «Аллоҳ таоло бандаларининг иймонли, ҳидоятли ва тоат-ибодатли бўлишини суяр экан, у ҳолда ҳамма бандаларини ана шундай қилиб қўйишга қодир эмасмиди?» деган саволга қандай жавоб берилади?

Жавоб: Ҳа, У албатта бунга қодир, Ўзи  айтганидек:

«Агар Аллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир миллат (бир дин-Исломда) қилиб қўйган бўлар эди» (Моида: 48, Наҳл: 93).

«Агар Парвардигорингиз хоҳласа эди, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлар эдилар» (Юнус: 99).

Ва бошқа оятлар.

Лекин уларга нисбатан бундай қилмаганлиги Унинг ҳикмати тақозосига кўра, рубубияти, илоҳияти, исм ва сифатларининг талабларидан келиб чиқиб бўлган. Энди агар биров: «Нега бандаларидан баъзилари тоатли, баъзилари осий?» деса, у худди «Нега Унинг исмлари ичида Зорр (зарар етказувчи) ва Нофеъ (фойда етказувчи), Муътий (ато этувчи) ва Монеъ (ман қилувчи), Хофиз (пасайтирувчи) ва Рофеъ (юксалтирувчи), Мунъим (Инъом қилувчи) ва Мунтақим (интиқом олувчи) исмлари бор?» деган одам кабидир. Чунки, Аллоҳ таолонинг феъллари Унинг исмларининг тақозоси ва сифатларининг асаридир. Феълларида У зотга эътироз билдириш Унинг исм ва сифатларига эътироз билдириш, ва ҳатто Унинг илоҳияти ва рубубиятига эътироз билдириш бўлади: «Бас, арш эгаси бўлмиш Аллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) покдир. У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўладилар» (Анбиё: 22, 23).

155-савол: Қадарга иймон келтиришнинг диндаги ўрни қай даражада?

Жавоб: Қадарга иймон келтириш тавҳид низоми, унинг яхшисига етказадиган ва ёмонидан тўсадиган сабабларга иймон келтириш эса шариат низомидир. Қадарга иймон келтирган ва шариатга бўйсунган кишининг дини низом-тартибга ва тўғри йўлга тушади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадарга иймон келтириш вожиблигини таъкидлагач, «Унда тақдиримиздаги битикка суяниб, амални тарк қилаверсак бўлмайдими?» деб сўраган одамга: «Амал қилаверинглар, ҳар ким ўзи нимага яратилган бўлса шунга муяссар қилинади» деганлар[74].

Кимки шариатга зид, деган даъво билан қадарни рад қилса, Аллоҳнинг илми ва қудратини Ундан рад қилган ва бандани ўз ишларига мустақил ва қилмишларини ўзи яратган, деб даъво қилган бўлади. Демакки, Аллоҳ таоло билан бирга бошқа яратувчининг ҳам борлигини исботлаган, балки барча махлуқлар холиқдир, деган бўлади.

Ким шариатга қарши ҳужжат қилиш, у билан шариатга қарши курашиш учун қадарни исботласа, бандадан Аллоҳ унга берган ва шу билан уни мукаллаф санаган қудрат ва ихтиёрни рад қилса ва Аллоҳ таоло бандаларга уларнинг тоқатларидан ташқари нарсани таклиф қилган деб даъво қилса, бу одам Аллоҳга зулмни нисбатлаган ва бу борада Иблис -лаъанаҳуллоҳ- унинг имомига айланган бўлади. Зеро, Иблис айтади: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздираман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан» (Аъроф: 16).

Аммо ҳақиқий мўминлар қадарнинг яхшисига ҳам, ёмонига ҳам иймон келтирадилар, буларнинг ҳаммасини яратувчиси Аллоҳдир, деб эътиқод қиладилар, шариатнинг буйруқ ва қайтариқларига бўйсунадилар, уни махфию ошкор ишларида ўзларига ҳакам қиладилар, ҳидоят ва адаштириш Аллоҳнинг қўлида, У истаган кишисини Ўз фазли билан ҳидоят қилади, истаган кишисини Ўз адли билан адаштиради, У Ўз фазли ва адлини қўядиган ўринларни яхши билувчидир: «Албатта Роббингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билувчидир ва У ҳидоят топган зотларни ҳам жуда яхши билувчидир» (Ван-нажм: 30), бу ишларида У зотнинг етук ҳикмати ва кучли ҳужжати бордир, савоб ва иқоб-азоб қадарга биноан эмас, шариатни ижро қилиш ва қилмаслик эътибори билан бўлади, деб ишонадилар, мусибатлар пайтида ўзларига қадар билан таскин берадилар, бирон яхшиликка рўпара бўлсалар ҳақни эътироф этиб, уни ўз эгасига нисбатлайдилар: «Улар: «Бизларни бу (неъматларга) йуллаган зот — Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик»... дейдилар» (Аъроф: 43).

Фожир кимса каби: «Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир» (Қасас: 78), демайди.

Бирон ёмонлик қилиб қўйсалар, Одам алайҳиссалом ва жуфтлари айтганидек: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр зулм қилдик. Агар бизларни мағфират ва раҳм қилмасанг, шубҳасиз, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз», (Аъроф: 23) дейдилар.

Шайтони ражим айтганидек: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга...» (Ҳижр: 39), демайдилар.

Бирон мусибат етса: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз» (Бақара: 156), дейдилар.

Кофирлар айтган каби сўзларни айтмайдилар: «Эй мўминлар, куфр йўлини тутган ва бошқа ерларга сафар қилиб ёки ғазотга чиқиб кетган дўстлари ҳақида: «Агар биз билан бирга қолганларида ўлмаган ва ўлдирилмаган бўлар эдилар», дейдиган кимсаларга ўхшамангиз! (Бу гапларини) Аллоҳ уларнинг дилларидаги ҳасрат қилиб қўяди. Ахир тирилтирадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Аллоҳ-ку?! Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўрувчидир» (Оли Имрон: 156).

156-савол: Иймоннинг бўлаклари нечта?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни берадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилувчилар ва хусусан оғир-енгил кунларда ва жангу жадал пайтида сабр-тоқат қилувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар» (Бақара: 177).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон олтмишдан ортиқ бўлакдир», бир ривоятда: «етмишдан ортиқ бўлакдир. Энг юқориси «Ла илаҳа иллаллоҳ» демак, энг қуйидагиси йўлдан озорни кетказишдир. Ҳаё ҳам иймоннинг бир бўлагидир».[75]

157-савол: Уламолар бу бўлакларни қандай шарҳлаганлар?

Жавоб: Ҳадисни шарҳлаган бир қанча уламолар бу бўлакларни санаб ўтганлар ва бу хусусда китоблар битганлар, хўп хайрли ва манфаатли ишларни қилганлар. Лекин уларни санай билиш иймоннинг шартларидан эмас, балки уларга умумий суратда иймон келтириш кифоя қилади. Бу бўлаклар Китобу Суннатдан ташқарига чиқмайди. Банда Китобу Суннат буйруқларига бўйсуниши, қайтариқларидан тийилиши, хабарларини тасдиқлаши лозим. Шунда иймоннинг бўлакларини ўзида тўла мужассам қилган бўлади. Олимлар санаб ўтган нарсалар ҳаммаси шубҳасиз, иймонга тааллуқли ишлар, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдан муродлари айни шу нарсалар эканини қатъий айтиш тавқифга муҳтождир.

158-савол: Уламолар санаган нарсаларнинг хулосасини айтиб ўтсангиз?

Жавоб: Ҳофиз Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да Ибн Ҳиббоннинг шу хусусдаги сўзларининг хулосасини келтиради:

Бу бўлаклар қалб амаллари, тил амаллари ва бадан амалларидан иборатдир.

1. Қалб амаллари 24 хислатни ўз ичига олади:

Аллоҳга иймон келтириш – бунинг ичига Унинг зоти ва сифатларига, тавҳидига, яъни Унинг ўхшаши йўқ, У эшитувчи, кўрувчидир, деб иймон келтириш, Ундан бошқа ҳамма мавжудотнинг яратилган эканига иймон келтириш киради, – Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва қадарнинг яхшисию ёмонига иймон келтириш, охират кунига иймон келтириш – бунинг ичига қабрдаги савол-жавоб, қайта тирилиш, маҳшарга йиғилиш, ҳисоб, мезон, сирот, жаннат ва дўзахга иймон келтириш киради, – Аллоҳни яхши кўриш, Унинг йўлида яхши кўриш ва ёмон кўриш, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш, у зотни улуғлашни эътиқод қилиш – бунинг ичига у зотга салавот айтиш (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва суннатларига эргашиш киради, – ихлосли бўлиш – бунинг ичига риё ва нифоқни тарк қилиш киради, – тавба, хавф, ражо (Аллоҳнинг раҳматидан умидворлик), шукр, вафо, сабр, қазога рози бўлиш, таваккул, раҳмдил бўлиш, тавозеъ – бунинг ичига каттани ҳурмат қилиш ва кичикка меҳрибон бўлиш киради, – кибр ва манманликни тарк қилиш, ҳасадни тарк қилиш, кину адоватни тарк қилиш, ғазабни тарк қилиш.

2. Тил амаллари 7 хислатни ўз ичига олади:

Тавҳид калимасини айтиш, Қуръон тиловат қилиш, илм ўрганиш ва ўргатиш, дуо, зикр – истиғфор ҳам шунинг ичига киради, –  лағвдан (беҳуда гап-сўздан) тийилиш.

3. Бадан амаллари 38 хислатни ўз ичига олади:

Булардан шахсларнинг ўзига тааллуқли бўлганлари 15та хислатдир: ҳиссан ҳам, ҳукман ҳам тоза-пок бўлиш – нажосатлардан сақланиш ҳам шунинг ичига киради, – авратни ёпиш, фарз ва нафл намозлар ҳамда садақотлар, қулларни озод қилиш, саховат – бунинг ичига таом бериш ва меҳмонни икром қилиш ҳам киради, – фарз ва нафл рўза, ҳаж ва умра, тавоф, эътикоф, қадр кечасини талаб қилиш, динни сақлаш учун ҳижрат қилиш, назрга вафо қилиш, қасамлар(ни устидан чиқиш)га ҳаракат қилиш, каффоратларни адо этиш.

Булардан тобеъларга тааллуқли бўлганлари 6 хислатдир: никоҳ билан покланиш, қарамоғидагиларнинг ҳуқуқларини адо этиш, ота-онага яхшилик қилиш – оқ бўлишдан сақланиш ҳам шунга киради, – фарзандлар тарбияси, силаи раҳм, хожаларга итоат қилиш, қулларга раҳм-шафқатли бўлиш.

Булардан оммага тааллуқли бўлганлари 17 хислатдир: ҳукуматни адолат билан бошқариш, жамоатга эргашиш, раҳбарга итоат қилиш, одамлар ўртасини ислоҳ қилиш – хавориж ва боғий-золимларга уруш қилиш ҳам шунга киради, – яхшилик устида ёрдамлашиш – амри маъруф ва наҳий мункар ҳам шунга киради, – ҳад(шаръий жазо)ларни амалга ошириш, жиҳод – рибот ҳам шунинг ичида, – омонатни ўташ – хумус (жиҳоддаги ғаниматлардан бешдан бирини адо этиш) ҳам шунинг ичида, – қарзга вафо қилиш, қўшнини ҳурмат қилиш, гўзал муомала, молни ҳалолдан топиш ва ўз ўринларига сарфлаш – исрофгарчилик ва беҳуда совуришни тарк қилиш шунинг ичига киради, – саломга алик олиш, чучкирган одамга (ярҳамукаллоҳ деб) ташмит айтиш, одамлардан озорни даф қилиш, лаҳв (кўнгил очар ўйин-кулгилар)дан сақланиш, йўлдан озорни четлатиш.

Ҳаммаси 69та хислат, бири иккинчисининг ичига кириб кетганлари эътибори билан 79та деб ҳисоблаш ҳам мумкин, валлоҳу аълам.

159-савол: Эҳсонга Қуроъон ва Суннатдан далил борми?

Жавоб: Кўп далиллар бор. Жумладан:

«Яхшилик қилинг! Албатта Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара: 195).

«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).

«Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22).

«Чиройли амал қилган зотлар учун гўзал оқибат ва зиёда неъматлар бордир» (Юнус: 26).

«Эҳсон-яхшиликнинг жазоси-мукофоти фақат яхшиликдир» (Раҳмон: 60).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Аллоҳ таоло ҳар бир нарсада эҳсон-яхшиликни битган (буюрган)».[76]

«Аллоҳнинг ибодатини ҳамда хожасининг суҳбатини (хизматини) чиройли адо этиб, вафот этишлиги қул учун нақадар яхшидир!»[77]

160-савол: Ибодатдаги эҳсон қандай бўлади?

Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жибрил алайҳиссаломнинг: «Менга эҳсон ҳақида айтиб беринг» деган саволларига: «Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг, агар сен кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб турибди»[78] деб жавоб берганлар.

Мазкур ҳадислари билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳсон бир-биридан фарқли икки даражада бўлишини баён қилдилар:

Биринчи: Аллоҳга гўё Уни кўриб тургандек ибодат қилиш. Бу мушоҳада мақоми, яъни банда дилида Аллоҳни кўриб турганлиги тақозоси билан амал қилиши, қалб иймон билан мунаввар бўлиб, кўнгил кўзи маърифат сирларига ошно бўлиб, худди ғайбни кўриб тургандек бўлиб қолиши. Бу ҳақиқатан Эҳсон мақомидир.

Иккинчи: Муроқаба мақоми – банда Аллоҳ уни кўриб турганини, ундан воқиф-бохабар ва унга яқин эканини кўз олдига келтириб амал қилиши. Банда ҳар бир қилаётган ишида бу нарсани кўз олдига келтирса ва шунга кўра амал қилса Аллоҳ таоло учун ихлосли бўлади. Чунки бу ҳолат уни Аллоҳдан бошқага бурилишдан ва амали билан Ундан ўзгани мақасд қилишдан тўсади. Бу икки даража эгалари дил кўзларининг ўткир бўлиши жиҳатидан бир-биридан тафовутли бўлади.

161-савол: Иймоннинг зидди нима?

Жавоб: Иймоннинг зидди куфрдир. Иймоннинг асли ва бўлаклари бўлгани каби куфрнинг ҳам асли ва бўлаклари бўлади.

Юқорида ўтдики, иймоннинг асли – тоат-ибодат билан бўйсунишни лозим тутувчи қатъий тасдиқдир. Энди куфрнинг асли – мутакаббирлик ва осийликни лозим тутувчи қайсарлик ва саркашликдир. Тоат-ибодатлар ҳаммаси иймоннинг бўлакларидан. Оят ва ҳадисларда улардан кўплари иймон деб аталган. Маъсиятлар ҳаммаси куфрнинг бўлакларидан. Далилларда уларнинг кўплари куфр деб аталган.

Куфр икки хил бўлади:

1)        Иймондан бутунлай чиқариб юборадиган катта куфр. Бу қалбнинг сўз ва амалига ёки улардан бирига зид келувчи эътиқодий куфрдир.

2)        Иймоннинг камолига халал етказувчи, лекин унинг аслини йўқотиб ташламайдиган кичик куфр. Бу қалбнинг сўз ва амалига зид келмайдиган амалий куфрдир.

162-савол: Эътиқодий куфрнинг иймонга бутунлай зид келиши ва уни йўқ қилиб юбориши қандай бўлади?

Жавоб: Юқорида айтиб ўтдикки, иймон сўз ва амал – қалб ва тилнинг сўзи ҳамда қалб, тил ва аъзоларнинг амалидир.

Қалбнинг сўзи – тасдиқ, тилнинг сўзи – Ислом калимасини айтиш, қалбнинг амали – ният ва ихлос, аъзоларнинг амали - тоат-ибодатларнинг барча тури билан бўйсунишдир.

Агар мана шу тўрт нарса: қалбнинг сўзи ва амали, тилнинг сўзи ҳамда аъзоларнинг амали йўқ бўлса, иймон ҳам бутунлай йўқ бўлади. Агар қалбнинг тасдиқи бўлмаса, қолганларининг бўлиши фойда бермайди. Зеро, уларнинг яроқли ва фойдали бўлиши учун қалбнинг тасдиқи шартдир. Мисол учун, Аллоҳнинг исм ва сифатларини ёки У зот пайғамбарларига юборган, китобларида нозил қилган нарсалардан биронтасини ёлғон санаган одамнинг амали шундай бўлади.

Энди агар тасдиқ бўлсаю, қалб амали бўлмаса, аҳли суннанинг иттифоқи бўйича бундай ҳолда ҳам иймон қолмайди. Зеро, қалб амали – муҳаббат ва бўйсуниш бўлмаса, тасдиқнинг фойдаси бўлмайди. Мисол учун Иблисга (Аллоҳни яратувчи, Моликул мулк экинини тасдиқлаши), пайғамбарнинг ростлигини тасдиқлайдиган, у ёлғончи эмас, бироқ биз унга эргашмаймиз ва иймон келтирмаймиз, дейдиган Фиръавн ва унинг қавми, яҳуд ва мушриклар кабиларнинг тасдиқлари фода бермагандир.

163-савол: Кишини Ислом динидан чиқариб юборадиган катта куфр неча қисм?

Жавоб: Юқорида айтган сўзларимиздан маълум бўлдики, катта куфр тўрт қисмдир:

1. жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри;

2. жуҳуд-инкор куфри;

3. қайсарлик ва кибланиш куфри;

4. нифоқ куфри.

164-савол: Жоҳиллик ва ёлғон санаш куфри нима?

Жавоб: У Қурайш ва улардан илгариги аксар кофирларнинг ҳоли шундай бўлганидек, ҳам зоҳирий, ҳам ботиний куфрдир. Аллоҳ таоло деди:

«Китоб — Қуръонни ва Биз пайғамбарларимиз билан юборган нарсаларни — Китобларни ёлғон деган кимсалар яқинда (Қиёмат Кунида динсизликларининг оқибатини) билажаклар» (Ғофир: 70).

«ва жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф: 199)

«Биз ҳар бир миллатдан бир гуруҳ Бизнинг оятларимизни ёлғон дейдиган кимсаларни тўплаб, улар тизилиб турадиган кунни (эсланг). Энди қачон улар (ҳисоб-китоб қилинадиган жойга) келишгач, (Аллоҳ) айтди: «Сизлар аниқ-пухта билмаган ҳолингизда Менинг оятларимни ёлғон дедингизми?! Бўлмаса нима қилувчи бўлдингизлар?!» (Намл: 83, 84).

«Йўқ! Улар Қуръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил — моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон» дедилар» (Юнус: 39).

165-савол: Жуҳуд – инкор куфри нима?

Жавоб: У – ботинида ҳақни таниган ва билганидан кейин уни зоҳирда яшириш ва унга бўйсунмасликдир. Фиръавн ва унинг қавмининг Мусо алайҳиссаломга нисбатан куфри, шунингдек яҳудларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан куфрлари шу турдан эди.

Аллоҳ таоло Фиръавн ва қавмининг куфри ҳақида айтади:

«Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14).

Яҳудлар ҳақида айтади:

«Бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда унга кофир бўлдилар» (Бақара: 89).

«Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).

166-савол: Қайсарлик ва кибрланиш куфри нима?

Жавоб: У – ҳаққа иқрор бўлгандан сўнг унга бўйсунмаслик билан бўладиган куфрдир. Иблиснинг куфри шу турдан эди: «Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди» (Бақара: 34). Зотан, Иблис Аллоҳнинг сажда қилиш ҳақидаги амрини инкор қилиши мумкин эмас эди, балки у бу фармонга эътироз билдирди, буйруқ эгасининг  ушбу фармон остидаги ҳикмати ва адолатига таъна қилди: «Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қиламанми?» деди» (Исро: 61).

«У (Иблис) айтди: «Мен (асли) қора ботқоқдан бўлиб, (одам сурати берилгач) қуритилган лойдан Сен яратган Одамга сажда қилувчи эмасман» (Ҳижр: 33).

«Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яраратдинг», деди у» (Аъроф: 12).

167-савол: Нифоқ куфри нима?

Жавоб: У – зоҳиран бўйсунган бўлиб, аслида қалбнинг тасдиқ ва амали бўлмаган, риёкорлик куфридир. Ибн Салул ва унинг гуруҳининг куфри шу турдан эди:

«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир...» (Бақара: 8-20).

Ва бошқа оятлар.

168-савол: Ислом миллатидан чиқариб юбормайдиган амалий куфр нима?

Жавоб: У – қилувчисида иймон сақланиб қолгани ҳолда Аллоҳ ва расули унга куфр исмини қўллаган маъсият амаллардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

«Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофирликка қайтманглар».[79]

«Мусулмонни ҳақоратлаш фисқ, у билан урушиш куфрдир».[80]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларнинг бир-бирлари билан уруш қилишларини куфр ва бундай қилганларни кофир деб атадилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло: «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!» (Ҳужурот: 9, 10) деди ва уларда иймон ва иймоний биродарлик қолишини, булардан ҳеч бири йўқ бўлмаслигини баён қилди. Шунингдек, Аллоҳ таоло қасос ҳақидаги оятда: «Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178) деди ва шундай ҳолда ҳам исломий биродарлик қолаверишини баён қилди.

Ёки бўлмасам, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Зинокор зино қилаётган пайтида мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри ўғирлик қилаётган пайтида мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди, маст қилувчи ичимлик ичувчи одам ичаётган пайтида мўмин ҳолида ичмайди, бироқ кейин тавбага ўрин бор», бир ривоятда: «мўмин ҳолида ўлдирмайди», дедилар.[81]

Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса: «Қай бир банда: «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб, сўнг шу билан вафот этса, албатта жаннатга киради», дедилар. Абу Зар айтади: Мен: «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳамми?!» деб сўрадим. «Зино қилган бўлса ҳам, ўғирлик қилган бўлса ҳам», дедилар. Уч қайта сўрадим, уч қайта шундай дедилар, тўртинчи мартасида: «Гарчи Абу Зар буни истамаса ҳам!», деб қўйдилар.[82]

Бундан келиб чиқадики, у зот зинокор, ўғри, қотил ва ичкиликбоз одамдан – агар унда тавҳид сақланиб қолган бўлса – иймонни бутунлай рад қилмадилар. Акс ҳолда, «Ла илаҳа иллаллоҳ» устида ўлган одам мазкур маъсиятларни қилган бўлса ҳам жаннатга киради, деб айтмаган бўлардилар. Жаннатга эса фақат иймонли одам киради. Бу сўзлари билан фақатгина иймоннинг нуқсонли бўлишини ирода қилдилар, унинг комил бўлишини рад қилдилар. Банда қачонки, бу гуноҳларни ҳалол санаса, уларни ҳаром қилган Аллоҳ ва Расулини ёлғончи санаган бўлиб, кофир бўлади. Ва ҳатто уларни қилмаган бўлса-да, ҳалол деб эътиқод қилиши билан ҳам кофир бўлади.

169-савол: Агар  биров: «Бут-санамга сажда қилиш, Қуръонни хорлаш, пайғамбарни сўкиш, динни масхаралаш ва шу каби ишлар кўринишда амалий куфрга киради. Амалий куфр эса кичик куфр саналади, дедингиз. Хўш, шундай экан, нима учун бу ишлар кишини диндан чиқариб юборади, дейилади?», деса, унга нима деб жавоб берилади?

Жавоб: Билингки, сиз айтган тўртта иш ва шунга ўхшаш бошқа ишлар аъзолар билан қилинганлиги жиҳатидангина одамлар кўзида амалий куфр бўлиб саналади. Лекин, аслида улар ният, ихлос, муҳаббат, бўйсиниш каби қалб амалининг кетиши билан вужудга келади ва мазкур куфр ишларни қилган одамда ушбу қалб амалларидан биронтаси қолмайди. Демак, бу зоҳирда амалий куфр бўлиб кўринса-да, аслида эътиқодий куфр билан чамбарчас боғлиқ, бу амаллар фақатгина диндан чиққан мунофиқ ёки итоатсиз саркаш кимсадан содир бўлади.

Мунофиқларнинг Табук ғазотида куфр сўзини аниқ айтишлари ва Исломга кирганларидан сўнг яна куфрга қайтишлари  – нега бундай қилганликлари сўралганда: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», деган гаплари билан бирга бўлди. Шунда Аллоҳ таоло деди: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66).

Биз ҳар қандай амалий куфрни бутунлайин кичик куфр деб таърифламадик, балки эътиқодга алоқали бўлмаган, қалбнинг сўз ва амалига зид келмайдиган амалларнигина мақсад қилдик.

170-савол: Зулм, фисқ ва нифоқнинг ҳар бири неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Улардан ҳар бири икки қисмга бўлинади:

1)    Катта – у куфрдир.

2)    Кичик – у куфрдан пастдир.

171-савол: Зулмнинг катта ва кичигига мисол айта оласизми?

Жавоб: Катта зулмга мисол – Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир:

«Ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Агар шундай қилсангиз, у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).

«Чунки ширк келтириш катта зулмдир» (Луқмон: 13).

«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади ва борар жойи дўзах бўлади. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).

Куфрдан пастроқ бўлган зулмга мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган зулмдир:

«Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар! Парвардигорларингиз бўлмиш Аллоҳдан қўрқинглар! (То иддалари тугагунча) уларни (ўзлари яшаб турган) уйларидан ҳайдаб чиқарманглар ва улар ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар. Фақат улар очиқ фаҳш ишни (яъни бузуқлик ёки беҳаёлик каби қилиқларни) қилсаларгина (яшаб турган уйларидан ҳайдаб чиқариладилар). Бу Аллоҳнинг қонун-чегараларидир. Кимки Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, аниқки у ўзига зулм қилибди» (Талоқ: 1).

«Уларга зулм қилиш билан зарар етказиш учун ушлаб турмангиз. Ким шундай қилса ўзига зулм қилибди» (Бақара: 231).

172-савол: Катта ва кичик фисққа мисол айтинг?

Жавоб: Катта фисққа мисол - Аллоҳ таоло қуйидаги оятларда айтган фисқдир:

«Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар» (Тавба: 67).

«Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Парвардигорининг амрига бўйсунишдан бош тортди» (Каҳф 50).

«Лутга эса ҳикмат ва илм ато этдик ва уни нопокликлар қилувчи бўлган қишлоқ (аҳли)дан кутқардик. Дарҳақиқат улар ёмон фосиқ қавм эдилар» (Анбиё: 74).

Кичик фисққа мисол:

«Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) уларни саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир» (Нур: 4).

«Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар!» (Ҳужурот: 6).

173-савол: Катта ва кичик нифоққа мисол нима?

Жавоб: Катта нифоққа мисол – Бақара сурасининг аввалидаги оятлар, шунингдек Нисо сурасидаги: «Албатта мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар. — Ҳолбуки, Аллоҳ уларни «алдаб» қўйувчидир» оятидан то Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар» (Нисо: 142-145) оятигача.

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар: «Гувоҳлик берамизки, сиз шак-шубҳасиз Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз» дерлар. Аллоҳ, дарҳақиқат, сиз Ўзининг пайғамбари эканлигингизни билади, яна Аллоҳ у мунофиқларнинг шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик беради» (Мунофиқун: 1).

Ва бошқа оятлар.

Кичик нифоққа мисол – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида айтган нифоқдир:

«Мунофиқнинг аломати учта: Гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади».[83]

«Тўртта нарса кимда бўлса, у мунофиқ бўлади...»[84]

174-савол: Сеҳр ва сеҳргарнинг ҳукми нима?

Жавоб: Сеҳр бор нарса, кавний қадарга тўғри келган пайт унинг таъсири муҳаққақдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар» (Бақара: 102).

Сеҳрнинг таъсир қилиши саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган.

Сеҳргарга келсак, агар унинг сеҳри Бақара сурасида айтилганидек, шайтонлардан қабул қилинадиган нарса бўлса, у кофирдир: «Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (сеҳргарлар) Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку» (Бақара: 102).

175- савол: Сеҳргарнинг жазоси нима?

Жавоб: Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сеҳргарнинг жазоси – қилич билан урилишдир».[85]

Имом Термизий мазкур ҳадисни саҳиҳ, мавқуф ҳисоблаган ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг баъзи асҳоблари ва бошқа аҳли илмлар наздида шунга амал қилинади. Молик ибн Анаснинг сўзи ҳам шудир. Имом Шофеъий фикрларича, агар сеҳргар сеҳри билан куфрга етиб борадиган иш қилса, уни қатл қилинади. Агар унинг амали куфрга етмаса, қатл қилинмайди.

Умар, ўғиллари Абдуллоҳ, қизлари Ҳафса, Усмон ибн Аффон, Жундаб ибн Абдуллоҳ, Жундаб ибн Каъб, Қайс ибн Саъд, Умар ибн Абдулазиз, Аҳмад, Абу Ҳанифа ва бошқалар ҳам сеҳргарни қатл қилинади, деганлар.

176-савол: Нушра нима, унинг ҳукми қандай?

Жавоб: Нушра – сеҳрланган одамдан сеҳрни ечиш амалидир. Агар сеҳрни сеҳр билан ечилса, у шайтоннинг амалидан. Агар руқя ва машруъ дуолар воситасида ечилса, зарари йўқ.

177-савол: Машруъ руқя – дам солиш қандай бўлади?

Жавоб: У Қуръон ва Суннатдан олинган, соф араб тилида бўлган сўз (дуо)лар бўлиб, руқя қилувчи ҳам, қилдирувчи ҳам ушбу дуолар фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади, деб эътиқод қилади. Зеро, Жибрил алайҳиссалом ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни руқя қилган[86], Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам кўпгина саҳобаларни руқя қилганлар[87] ва бундай қилган кишиларни қайтармаганлар[88], балки унга буюрганлар[89] ва руқя ўқиб ҳақ олишни ҳалол қилганлар[90].

178-савол: Мумкин бўлмаган, ношаръий руқя қандай бўлади?

Жавоб: У на Қуръону Суннатдан олинган ва на араб тилида бўлган сўзлар бўлиб, шайтонга у яхши кўрадиган ишлар билан қурбат (яқинлик) ҳосил қилиб, унинг хизматидан фойдаланиб қилинадиган дуо ва афсунлардир. Кўп дажжоллар, афсунгар ва кўзбўямачиларнинг қиладиган руқялари мана шу турдан бўлади. Бу каби амаллар Ислом душманлари тарафидан ғаразли мақсадларда динга киритиб юборилган ишлардан бўлиб, Исломга мутлақо ёт амаллардандир.

179-савол: Ҳар турли тумор ва кўзмунчоқларнинг ҳукми нима?

Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бирон нарса (тумор) осиб олса, ўшанга топшириб қўйилади». [91] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарларидан бирида бир кишини юбориб, биронта ҳам туянинг бўйнида қилода (тумор мақсадида бойланган бўйинбоғ) қўймасдан, кесиб ташлашни буюрдилар.[92]

«Руқя (афсун)лар, тамима (тумор)лар, тивала (иситма-совутманинг бир тури) ширкдир».[93]

«Ким тумор осса, Аллоҳ унинг (ишини) комил-тўла қилмасин, ким кўзмунчоқ осса, Аллоҳ уни (кўз тегишидан) хотиржам қилмасин».[94]

Бир ривоятда: «Ким тумор осса, ширк келтирибди».[95]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини қўлига ҳалқа тақиб олганини кўриб: «Бу нима?» деб сўрадилар. «Қувватсизликка қарши», деди. «Ечиб ташла! Чунки бу сенга қувватсизликни зиёда қилади, холос. Агар шу нарсани таққан ҳолингда ўлсанг, асло нажот топмайсан», дедилар.[96]

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бир кишининг қўлидаги ипни узиб ташладилар, сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106).[97]

Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Ким бир одамдан туморини узиб ташласа, бир қул озод қилгандек бўлади».[98] Бу марфуъ ҳадис ҳукмидадир.

180-савол: Туморга Қуръон оятлари ёзилган бўлса, тақса бўладими?

Жавоб: Баъзи салафлар тарафидан унинг жоизлиги ривоят қилинган. Кўплари эса мумкин эмаслигини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Укайм, Абдуллоҳ ибн Амр, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва асҳоблари розияллоҳу анҳум шу фикрда бўлганлар. Тумордан қайтарилган ҳадислар умумий бўлгани ва бу нарсани хослаб биронта ҳадис келмагани, шунингдек Қуръонни топталишдан сақлаш учун шу фикр афзалроқдир. Чунки тумор таққанлар кўпинча уни бетаҳорат олиб юрадилар. Бундан ташқари, кимдир Қуръон оятлари ёзилган тумор таққан бўлса, бу нарса бошқаларни илмсизлик туфайли бошқа хил туморларни ҳам тақишларига сабаб бўлиши ва Аллоҳдан бошқасига қалбларнинг боғланиб қолиши мумкин.

181-савол: Коҳин – фолбинларнинг ҳукми нима?

Жавоб: Фолбинлар тоғутлардан ҳисобланиб, улар жин-шайтонларнинг дўстларидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар» (Анъом: 121).

Жин-шайтонлар фолбинлар ҳузурига тушиб, осмонда фаришталардан узуқ-юлуқ эшитиб олган гапларини уларга етказишади, улар эса битта гапга юзта ёлғонни қўшиб-чатиб одамларга айтишади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад,) айтинг: «мен сизларга жинлар кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини уларга ташларлар. Уларнинг (жинларнинг) кўплари ёлғончилардир» (Шуаро: 221-223).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий тўғрисидаги ҳадисларида айтганлар: «Сўнг уни гап ўғрилари (бўлган жинлар, улардан яна) гап ўғрилари эшитиб олиб, ҳоказо бир-бирининг устида туриб, юқоридаги остидагига етказади, сўнг униси ўзидан пастдагига етказади, ҳатто уни сеҳргар ё фолбиннинг тилига етказиб беришади. Кўпинча фолбинга етказишидан олдин уни учар юлдуз қувиб етиб (ҳалок қилади), кўпинча учар юлдуз етишидан олдин фолбинга етказишга улгуради, шунда фолбин унга юзта ёлғонни қўшиб-чатади».[99]

182-савол: Фолбинни тасдиқлаган одамнинг ҳукми қандай бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Айтинг: «Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл: 65).

«Ғайб хазиналари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур» (Анъом: 59).

«Балки уларнинг ҳузурларида ғайб (илми — Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларидан яширган сирлари) бўлиб, улар (ўша сирларни) ёзиб олаётгандирлар?!» (Ват-Тур: 41).

«Унинг ҳузурида ғайб илми бормидики, у (келажакда бошқа биров ўзининг гуноҳини зиммасига олишини) билиб олса?!» (Ван-Нажм: 35).

«Аллоҳ билур, сизлар билмассиз» (Бақара: 216, 232, Оли Имрон: 66).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

 «Ким башоратчи ё фолбинга борса ва у айтаётган гапларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган нарса (дин)га кофир бўлибди».[100]

«Ким фолбинга бориб, ундан бирон нарса ҳақида сўраса, сўнг унинг сўзини тасдиқласа, қирқ кун намози мақбул бўлмайди».[101]

183-савол: Мунажжимлик қилиш (юлдузга қараб фол очиш) ҳукми нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун сизларга юлдузларни яратиб қўйган зотдир» (Анъом: 97).

«Дарҳақиқат Биз энг яқин осмонни чироқлар (юлдузлар) билан безадик ва уларни шайтонларга отиладиган тошлар қилиб қўйдик» (Мулк: 5).

«(Барча) юлдуз — сайёралар ҳам Унинг амрига бўйсундирилгандир» (Наҳл: 12).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Ким илми нужумдан бирон нарсани олса-ўрганса, сеҳрдан бир бўлак олибди, (илми) зиёдалашгани сари (сеҳри) зиёдалашади».[102]

«Мен умматимнинг юлдузларни тасдиқлаш ва қадарни ёлғон санашларидан... хавф қиламан».[103]

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу абжад ёзиб ва юлдузларга қараб фол очадиган одамлар ҳақида: «Бундай қилган одам учун Аллоҳнинг ҳузурида бирон насиба бор деб ўйламайман», деганлар.[104]

Қатода раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Аллоҳ таоло юлдузларни уч нарса учун: самога зийнат, шайтонларга отилажак тош ва йўл топиш белгилари қилиб яратган. Ким улар хусусида бундан бошқа нарсани таъвил қилса хато қилган, ўзини зое қилган ва билмаган нарсаси (ни билиш)га уринган бўлади».[105]

184-савол: Юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ҳукми нима?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Сизлар (ёмғирдан иборат) ризқларингизни (яъни унинг шукрини, “Фалон юлдуз сабабли ёмғирландик” деб Аллоҳ ёғдирганини) ёлғонга чиқариш қилиб оласизларми?» (Воқеа: 82).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Умматим ичида жоҳилият ишидан тўрттаси борки, уни тарк қилишмайди: ҳасаблар (оқсуяклик) билан фахрланиш, насабларга таън етказиш (тил теккизиш), юлдузлар билан ёмғир талаб қилиш ва ўликларга фарёд солиб йиғлаш».[106]

«Аллоҳ таоло айтади: Бандаларим ичида Менга мўмин бўлиб тонг оттирганлари ҳам, кофир бўлиб тонг оттирганлари ҳам бор. Кимки: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан ёмғирландик» деса, у Менга мўмин, юлдузларга кофирдир. Аммо ким: «Фалон-фалон юлдуз сабабли ёмғирландик» деса, у менга кофир, юлдузларга мўминдир».[107]

185-савол: Шумланишнинг ҳукми нима, уни нима билан кетказиш мумкин?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Огоҳ бўлсинларки, албатта уларнинг яхшилик ва ёмонлик (ларининг сабаб) лари фақат Аллоҳнинг ҳузуридан (унинг қазои қадари билан) дир» (Аъроф: 131).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Юқиш йўқ, шумланиш – бадгумон бўлиш йўқ, бойқуш (билан шумланиш) йўқ, сафар (ойида баъзи нарсаларни қилиб бўлмайди дейиш) йўқ».[108]

«Шумланиш ширкдир, шумланиш ширкдир».[109]

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтдилар: «Ичимизда бирон киши йўқки (унда шумланиш бўлмаса), бироқ уни Аллоҳ таваккул билан кетказади».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Шумланиш – сени ё йўлингда давом эттирган ё йўлингдан қайтарган нарсадир».[110]

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтдилар: «Шумланиш кимники ўз ҳожатидан қайтарган бўлса, у одам мушрик бўлибди». «Бунинг каффорати нима?» деб сўрашди. «Шундай демоғингдир: «Аллоҳумма ла хойро илла хойрук, ва ла тойро илла тойрук, ва ла илаҳа ғойрук» (маъноси: Эй Аллоҳ, яхшилик фақат Сен ато этган яхшиликдир, шумлик (яхшилик ва ёмонлик сабаблари) фақат Сен томонингдандир, Сендан ўзга илоҳ йўқдир)».[111]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «(Шумланиш йўқ,) яхшиси фаълдир[112], у мусулмонни ортга қайтармайди. Агар бировингиз ўзи ёмон кўрган нарсани кўрса: «Эй Аллоҳим, яхшиликларни фақат Сенгина ато этасан, ёмонликларни фақат Сенгина даф қиласан, ўзгариш ва куч-қудрат фақат Сен тарафингдандир» десин».[113]

186-савол: Кўз тегишининг ҳукми нима?

Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кўз (тегиши) ҳақдир».[114]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жориянинг юзида доғ кўриб: «Унга руқя қилдиринглар (дам солдиринглар), кўз тегибди», дедилар.[115]

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўздан руқя қилдиришга буюрдилар.[116]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Руқя (шаръий дам солиш) кўз теккан ёки нишдан (заҳарланганлар учун) дир».[117]

Бундан ташқари ҳам саҳиҳ ҳадислар кўп. Кўз фақат Аллоҳнинг изни билангина таъсир қилади. Аллоҳ таолонинг: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар» (Қалам: 51) оятини кўп салафлар розияллоҳу анҳум кўз тегиши, деб тафсир қилганлар.

187-савол: Гуноҳлар неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Сағира – ёмонликларга ва кабира – ҳалок қилувчи гуноҳларга бўлинади.

188-савол: Ёмонликлар нима билан ювилади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирамиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритамиз» (Нисо: 31).

«Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказади» (Ҳуд: 114).

Аллоҳ таоло саййиот – кичик гуноҳларнинг каффорати катта гуноҳлардан сақланиш билан ва яхши амаллар қилиш билан бўлишини хабар берди. Шунингдек, ҳадисда ҳам келганки: «Ёмонлик ортидан яхшилик қил, уни ўчириб юборади».[118]

Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисларда қийинчилик пайтларда (яъни ёзда совуқ сув топилмаганда, қишда иссиқ сув топилмаганда) таҳоратни мукаммал қилиш, масжидлар сари қадамни кўпайтириш, беш вақт намоз, жумъа келгуси жумъагача, Рамазон келгуси Рамазонгача, таровеҳ ва қадр кечасининг қиёми, Ошуро кунидаги рўза ва бошқа тоатлар хато ва кичик гуноҳларни ювиб юбориши айтилган.

Бу ҳадисларнинг кўпларида мазкур ишлар гуноҳи кабиралардан сақланишга боғлиқ қилинган. Демак, гуноҳи кабиралардан тийилинса, гуноҳи сағиралар ҳасанотлар билан ҳам уларсиз ҳам ювилаверади.

189-савол: Гуноҳи кабиралар қандай гуноҳлар?

Жавоб: Бу хусусда саҳобалар, тобеийнлар ва бошқалар томонидан турли сўзлар айтилган. Баъзилар: Ҳад (шаръий жазо) лозим бўладиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. Баъзилар: Ортидан лаънат ё ғазаб ё дўзах ёки азоб келадиган ҳар бир гуноҳ гуноҳи кабирадир, деганлар. У қилувчисининг динга бепарволиги ва Аллоҳдан қўрқуви камлигини сездирадиган гуноҳдир, ҳам дейилган. Бундан бошқа сўзлар ҳам айтилган. Саҳиҳ ҳадисларда турли даражадаги кўп гуноҳларни “кабиралар” деб аталган. Улар ичида Аллоҳга ширк келтириш ва сеҳр каби катта куфрлар ҳам, куфрдан пастроқ бўлган – ноҳақ одам ўлдириш, жанг пайти ортга қочиш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, ёлғон сўзлаш, покиза мўмина аёллар шаънига бўҳтон қилиш, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ва бошқа гуноҳлар ҳам бор.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Улар еттитадан кўра етмиштага яқинроқ», деганлар.[119]

Кабиралар деб аталган гуноҳларни текширган одам уларнинг етмишдан ортиқ эканини топади. Энди Китобу Суннатда лаънат, ғазаб, азоб ёки уруш каби қаттиқ ваъидлар билан тилга олинган гуноҳларни текширган одам уларнинг анча кўп эканини топади.

190- савол: Сағираю кабира, барча гуноҳларга каффорат борми?

Жавоб: Барчасининг каффорати – чин дилдан қилинган холис тавбадир. Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга холис тавба қилинглар, шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур» (“Шоядки” сўзи Аллоҳ ҳақида ишлатилса, муқаррарликни тақозо этади) (Таҳрим: 8).

«Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб яхши амаллар қилса, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр» (Фурқон: 70).

«(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар» (Оли Имрон: 135, 136).

Ва бошқа оятлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Тавба ўзидан олдинги (гуноҳлар)ни ўчириб юборади», деганлар.

Яна айтганлар: «Бандасининг тавба қилиши билан Аллоҳ таолонинг қувониши бир одамнинг хурсандчилигидан ҳам ортиқроқ бўладики, у одам (саҳрода боратуриб) ҳалокат хатари бор бўлган бир жойга тушган, ёнида устига емак-ичмаги ортилган туяси ҳам бўлган. Шунда ерга бошини қўйиб, ухлаб қолган. Бир вақт уйғониб қараса, туяси ғойиб бўлган. (Туясини излай-излай чарчагач,) иссиқ ва ташналикдан қаттиқ қийналиб кетиб: «Жойимга қайтаман», деган ва қайтиб келиб, ухлаб қолган. Уйғониб қараса, туяси ёнида турган экан».[120]

191-савол: Холис тавба қандай бўлади?

Жавоб: У ўз ичига учта нарсани жамлаган чин тавбадир: гуноҳдан тийилиш, қилган гуноҳига пушаймон бўлиш ва энди унга асло қайтмасликка азму қарор қилиш. Агар зиммасида бирон мусулмонга нисбатан зулм бўлса, имкони борича ундан қутулиб олади, бугун қутулиб олмаса, қиёмат куни албатта ундан сўралади ва иложсиз қасос олинади. Қолверса у Аллоҳ эътиборсиз ташлаб қўймайдиган зулмлар туридандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимнинг зиммасида бир биродарига нисбатан зулм бўлса, динор ва дирҳам бўлмайдиган кун келмасдан туриб бугун ундан қутулиб олсин. (У куни) ҳасаноти бўлса ҳасанотидан олинади, бўлмаса биродарининг гуноҳларидан олиниб унинг устига ташланади».[121]

192-савол: Одамлар учун тавба вақти қачон ўтган ҳисобланади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Албатта Аллоҳнинг тавбаларни қабул қилиши фақат биронта гуноҳни жаҳолат билан қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қилган кишилар учундир. Аллоҳ ана шундай кишиларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Нисо: 17).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоби киромлари иттифоқ қилган фикр шуки, Аллоҳга осий бўлинган ҳар бир иш хоҳ қасддан бўлсин, хоҳ беқасд, у жаҳолат билан қилингандир ва ўлимдан олдин қилинган ҳар бир иш (яъни тавба) тезда қилинган ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда модомики, жони бўғзига келмасдан туриб тавба қиларкан, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади».[122]

Ушбу маъно кўп ҳадисларда собит бўлган. Аммо жон олғувчи фариштани кўргач ва жон ҳалқумга келгач, энди у пайтда тавба мақбул бўлмайди, қочиб қутулишнинг иложи ҳам қолмайди: «(аммо бу вақт азобдан) қочиб қутулиш вақти эмас эди» (Сод: 3).

«На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки, бировларига ўлим келганида «энди тавба қилдим» дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас» (Нисо: 18).

193-савол: Охирзамон бўлганда қачон тавба вақти ўтган бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорингизнинг айрим оятлари келадиган кунда эса илгари иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бирон жонга (энди келтирган) иймони фойда бермас» (Анъом: 158).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ботиш томонидан чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. Кунботишдан чиққач ва одамлар уни кўришгач, ҳаммалари иймон келтиришади. Бу эса кишига (келтирган) иймони фойда бермайдиган пайтдир», дедилар, сўнг мазкур (Анъом: 158) оятни ўқидилар.[123]

Шу маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан асҳоблари тарафидан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳадис тўпламларида келган. Савфон ибн Ассол розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таоло мағриб томонда эни етмиш йиллик масофа бўлган бир эшикни тавба учун очиб қўйгандир, у то кун ўша томондан чимагунича бекитилмайди».[124]

194-савол: Тавҳид аҳлидан бўлган бир киши гуноҳи кабирада бардавом ҳолда ўлса, унинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Биз қиёмат куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё: 47).

«(Амалларни) тўғри тортиш ўша Куни бўлур. Бас, кимнинг тортилган (яхши амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топувчилардир. Ким­нинг тортилган (яхши амаллари) енгил бўлса, бас, улар (Бизнинг оятларимизни инкор қилиш билан) зулм қилиб ўтганлари сабабли ўзларига зиён қилган кимсалардир» (Аъроф: 8, 9).

«Ҳар бир жон ўз қилган яхши амалларини ҳозиру нозир ҳолда кўрадиган, ёмон амалларининг эса олис-олисларда қолиб кетишини истайдиган КУНни (эсланглар)(Оли Имрон: 30).

«Ҳар бир жон фақат ўзини ўйлаб — ҳимоя қилиб қоладиган ва ҳар бир жон қилган амалининг (мукофотини) тўла оладиган ҳамда уларга зулм қилинмайдиган Кунни (эсланг)» (Наҳл: 111).

«Ва (барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жонга қилган амали учун тўла жазо (ёки мукофот) берилади ва ҳеч кимга зулм қилинмайди» (Бақара: 281).

«Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган амаллари)нинг жазо ёки мукофотлари кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 6-8).

Ва бошқа оятлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо сўрадилар: «Аллоҳ таоло: «Бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 8) демаганми?!»

— «Бу (амалларининг бир қатор) кўндаланг қилиб эслатилишидир холос. Лекин ким тўла ҳисобга тортилса албатта азобга дучор бўлади» дедилар.[125]

Юқорида қайта тирилиш, қиёмат майдонидаги аҳволлар, амалларнинг тортилиши, амал саҳифаларининг тарқатилиши, ҳисоб-китобга рўпара бўлиш, сирот, шафоатлар ва бошқа ҳолатлар ҳақида биз олиб келган оят ва ҳадислардан маълум бўладики, одамларнинг охиратдаги мартабалари ва ҳолатларининг фарқли бўлиши уларнинг дунё ҳаётида Раббиларига тоат ёки тоатсизликда фарқли бўлишларига биноан бўлади.

Қуръон оятлари ва суннати набавийя мазмунларидан маълум бўлишича, шунингдек саҳобалар ва уларга яхшилик билан эргашган тафсир, ҳадис ва суннат уламоларидан бўлган салафи солиҳлар сўзларига кўра, тавҳид аҳлидан бўлган осийлар уч табақага бўлинади:

Биринчи: Яхшиликлари ёмонликларидан оғир келган кишилар. Улар жаннатга дохил бўладилар ва дўзах ўти уларга асло етмайди;

Иккинчи: Яхшиликлари билан ёмонликлари тенг келиб қолган, ёмонликлари жаннатга киришларига йўл қўймаган, яхшиликлари эса дўзахдан тўсган кишилар. Улар жаннат билан дўзах оралиғида Аллоҳ хоҳлаганча турадиган, сўнг уларга жаннатга киришга изн бериладиган “Аъроф эгалари”дир. Аллоҳ таоло жаннат аҳли жаннатга, дўзах аҳли дўзахга киришлари хабарини бергач, шундай дейди:

«Уларнинг (жаннат эгалари билан дўзах эгаларининг) ўрталарида тўсиқ бўлиб, у деворлар устида ҳаммани (яъни жаннатиларни ҳам, дўзахиларни ҳам) сиймоларидан таниб оладиган кишилар бўлур. Улар жаннат эгаларига: «Сизларга тинчлик бўлгай, дейдилар. Ўзлари эса тамаъ қилган —истаган ҳолларида, унга (жаннатга) кира олмагандирлар. Қачон кўзлари дўзах эга­лари тарафга бурилиб қолса: «Парвардигоро, бизларни бу золим қавм билан бирга қилиб қўймагайсан», дейдилар. Аъроф эгалари (яъни қилган яхши амаллари билан ёмон амаллари ба­робар келиб, жаннати ҳам, дўзахи ҳам бўлмай ўртада аъроф — деворлар устида турган кишилар) сиймоларидан таниб олган кишиларига (яъни дўзахиларга) нидо қилиб дедилар: «Тўплаган молу дунёйингиз ва қилган кибру ҳавойингиз сизларга асқотмабди-ку. Сизлар: «Аллоҳ уларга бирон раҳмат-марҳамат етказмайди, деб қасам ичган кишилар ана у (ҳаёти дунёдан камбағал бечоралик билан ўтган мўмин-мусулмон)ларми» (Ахир уларга) «Сизлар учун ҳеч қандай хавф-хатар йўқ ва сизлар ҳеч ғамгин бўлмайсизлар» (дейилди-ку)?!» (Аъроф: 46-49).

Учинчи: Аллоҳ таолога гуноҳи кабиралар устида давом этган ҳолларида йўлиққан, бироқ тавҳид ва иймоннинг асли сақланиб қолган, ёмонликлари яхшиликларидан устун келган кишилар. Улар гуноҳлари миқдорича дўзахга тушадилар. Дўзах ўти айримларининг тўпиғигача етади, айримларининг ярим болдиригача етади, айримларининг тиззаларигача етади, ҳатто Аллоҳ таоло айримларининг фақат сажда ўринларинигина дўзахга ҳаром қилади. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа пайғамбарлар, авлиёлар, малоикалар ва Ўзи мукаррам қилган зотларга мана шу тоифа аҳлини шафоат қилишга изн беради. Уларнинг шафоатлари сабабли қалбида динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида ярим динор вазнича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида буғдой дони миқдорича яхшилик бўлган кишилар, сўнгра қалбида зарра миқдорича яхшилик бўлган кишилар дўзахдан чиқадилар. Тавҳид устида вафот этган кишилардан бирортаси, қандай амаллар қилган бўлмасин, дўзахда абадий қолмайди. Лекин, улар ичидан иймони кучлироқ ва гуноҳи камроқ бўлганлари дўзахда ҳам азоби енгилроқ, унда қолиши озроқ ва ундан чиқиши тезроқ бўлади. Гуноҳи каттароқ ва иймони заифроқ бўлганлари бунинг аксича бўлади. Бу хусусда сон-саноқсиз ҳадислар келган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари ҳам шунга ишора қилади: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, аввалда қандай кўргиликларга дучор бўлмасин, бир кун келиб унга албатта нафи тегади».[126]

Бу – кўпчиликнинг тушунчалари хатога кетган, қадамлари тойилган, кўплаб ихтилофларга сабаб бўлган мавзулардандирки: «Сўнгра Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни улар ихтилоф қилган ҳақ йўлга йўллади. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларни тўғри йўлга ҳидоят қилади» (Бақара: 213).

195-савол: Ҳадлар (шаръий жазолар) жазо қўлланган кишиларнинг гуноҳларига каффорат бўладими?

Жавоб: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларида бир жамоа саҳобалар бўлган ҳолда айтдилар: «Аллоҳга ширк келтирмасликка, ўғирлик қилмасликка, зино қилмасликка, фарзандларингизни ўлдирмасликка, ўз тарафингиздан тўқиб оладиган бўҳтонларни келтирмасликка, бирон яхши ишда итоатсиз бўлмасликка менга байъат беринглар. Ким бунга вафо қилса, унинг ажри Аллоҳнинг зиммасида. Ким шу ишлардан биронтасини қилиб қўйса, сўнг шу дунёда жазосини олса, бу у учун каффоратдир. Ким шу ишлардан биронтасини қилса-ю, сўнг Аллоҳ уни яширса, у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди».[127]

196-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур ҳадисдаги: «у Аллоҳга ҳавола, истаса кечиради, истаса азоблайди» деган сўзлари билан юқорида айтилган: «кимнинг ёмонликлари яхшиликларидан устун келса, дўзахга киради» деган сўз ўртасини қандай жамлаш мумкин?

Жавоб: Бу икки сўз ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки Аллоҳ кимни афв қилишни истаса, уни енгил ҳисоб билан ҳисоб қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳисоб пайтида амалларнинг бир қатор эслатиб ўтилишини қуйидаги сўзлари билан изоҳлаб айтганлар: «Сизлардан – яъни, мўминлардан – бирингиз Раббига яқин келади, ҳатто У зот унинг устига пардасини ташлайди, сўнг: «Шундай-шундай (гуноҳларни) қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Яна: «Шундай-шундай (гуноҳларни) ҳам қилганмисан?», дейди. У: «Ҳа», дейди. Иқрор қилдиргач: «Мен дунёда бу ишларингни яширган эдим, энди бугун уларни мағфират қиламан», дейди».[128]

Аммо гуноҳлари сабабли дўзахга кирадиган кишилар – тўла ҳисоб-китоб қилинадиган кишилардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир чеккадан ҳисоб-китоб қилинса, албатта азобга тортилади», деганлар.[129]

197-савол: Аллоҳ таоло бизни фақат унда юришга буюрган ва ундан бошқасига эргашишдан қайтарган тўғри йўл қайси?

Жавоб: У Ислом динидирки, Аллоҳ у билан пайғамбарларини юборди, китобларини нозил қилди, ундан бошқа динни ҳеч кимдан қабул қилмайди, шу йўлда юрганлардан бошқа ҳеч ким нажот топмайди, ким ундан юрмаса, чалкаш йўлларга кириб кетиб қолади.

Аллоҳ таоло деди: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чизиқ чиздилар-да, сўнг: «Бу Аллоҳнинг тўғри йўли», дедилар. Унинг ўнг ва чап тарафига бир неча чизиқлар тортиб: «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шайтон унга чорлаб туради», дедилар. Сўнг қуйидаги оятни ўқидилар: «Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг йўлидан узиб қўяр» (Анъом: 153).[130]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло шундай бир мисол келтирди: Бир  тўғри йўл бор, унинг икки тарафида деворлар, уларда очиқ эшиклар бор, эшикларга парда тортилган. Йўлга кираверишда бир жарчи: «Эй одамлар, ҳаммангиз тўғри йўлга кирингиз, бўлиниб кетмангиз!» деб жар солмоқда. Йўл устида яна бир жарчи жар солиб турибди. Бирон киши ҳалиги эшиклардан бирини очиб киришни истаса у: «Очма, ҳолингга вой бўлгур! Агар очсанг, кириб кетасан», дейди. Йўл – Ислом, деворлар – Аллоҳ белгилаб қўйган чегаралар, очиқ эшиклар – Аллоҳ ҳаром қилган ишлар, йўл бошидаги жарчи – Аллоҳнинг Китоби, йўл устидаги жарчи – ҳар бир муслимнинг қалбидаги Аллоҳнинг панд-насиҳатчисидир».[131]

198-савол: Қандай қилиб ушбу йўлга кириш ва унинг устида адашмай, саломат юриш мумкин?

Жавоб: Бунга фақат Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш, у иккиси чизиб берган йўлда юриш ва у иккиси белгилаб берган чегараларда туриш билангина эришиш мумкин. Аллоҳга тавҳидни холис қилиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга холис эргашиш шу билангина ҳосил бўлади: «Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар, содиқлар, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган “солиҳ” лар билан бирга бўладилар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир» (Нисо: 69).

Бу ерда Аллоҳнинг инъомига сазовор бўлган, деб зикр қилинган у зотлар Фотиҳа сурасида тўғри йўл уларга инъом этилган кишилардир: «Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш — Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6, 7).

Банда учун мана шу тўғри йўлга йўлланишдан ва адаштирувчи йўллардан сақланишдан кўра катта неъмат йўқдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ана шу йўл устида қолдириб кетганлар: «Мен сизларни туни кундуздек равшан бўлган оқ-ёруғ йўл устида қолдирдим, мендан сўнг бу йўлдан фақат ҳалок бўлувчи кишигина адашади».[132]

199-савол: Суннатнинг зидди нима?

Жавоб: Унинг зидди – кейин пайдо қилинган бидъатлар бўлиб, улар – Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида кўзда тутган нарса ҳам шудир: «Ким бизнинг бу (дин) ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад (қилинган)дир».[133]

«Менинг суннатимни ва мендан кейинги тўғри йўлдаги, ҳидоятланган халифаларнинг суннатларини лозим тутингиз! Уни маҳкам ушлангиз ва озиқ тишларингиз билан ёпишингиз! (Динда) кейин пайдо қилинган ишлардан сақланингиз! Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш залолатдир».[134]

Шундай ишларнинг содир бўлишига ишора қилиб: «Умматим 73 фирқага бўлиниб кетади. Барчаси дўзахда, фақат биттаси бундан мустасно» дедилар ва бу тоифани кимлигини шундай баён қилдилар: «Улар мен ва асҳобларим тутган йўл устидаги кишилардир».[135]

Аллоҳ таоло у зотни бидъат аҳлидан пок эканларини баён қилиб, деди: «Динларини бўлиб, ўзлари ҳам гуруҳларга бўлиниб олган кимсалар тўғрисидан бирон нарсада (масъул) эмассиз. Уларнинг ишлари фақат Аллоҳнинг ўзига ҳавола» (Анъом: 159).

200-савол: Бидъат динга халал етказиши эътибори билан неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Икки қисмга: Диндан чиқариб, кофирга айлантирувчи бидъатга ва ундан пастроқ бўлган бидъатга бўлинади.

201-савол: Кофирга айлантирувчи бидъатлар қандай бўлади?

Жавоб: Улар кўп. Ким ижмоъ қилинган, шариатдан экани мутавотир бўлган ва диндан экани (оммага ҳам) маълум бўлган бирон ишни инкор қилса айни бидъатни қилган бўлади. Чунки, бу Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санаш демакдир. Жаҳмийяларнинг Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини инкор қилиши, Қуръонни ёки Аллоҳнинг сифатларидан биронтасини махлуқ дейиш, Аллоҳ Иброҳимни халил қилганини, Мусога сўзлаганини ва бошқа нарсаларни инкор қилиш бидъати, қадарийяларнинг Аллоҳ таолонинг илмини, феълларини, қазо ва қадарини инкор қилиш бидъати, Аллоҳ таолони махлуқотига ўхшатувчи мушаббиҳаларники каби бидъатлар мазкур турга киради. Лекин улар ичида баъзилар борки, мақсади дин асосларини емириш, диндорларни шубҳага тушириш бўлади, бундай кимсалар қатъан кофир ва Исломдан унинг энг ашаддий душманларидан кўра ҳам бегонароқлар. Яна баъзилар борки, алданган ва чалғиган бўлади, бундай кишиларга устларидан ҳужжат барпо қилиниб, ҳаққа бўйсунишга мажбур қилингандан кейин ҳам ўз фикрларида қаттиқ туриб олишсагина куфрга ҳукм қилинади.

202-савол: Кофирга айлантирмайдиган бидъат қандай бўлади?

Жавоб: Улар юқорида айтилгандан бошқа, Қуръонни ва Аллоҳнинг динини ёлғон санашни лозим қилмайдиган бидъатлардир. Марвонийларнинг бидъатлари бунга мисол бўлади. Улардан содир бўлган бидъатлар: баъзи намозларни охирги вақтигача кечиктириб ўқиш, ҳайит намозидан олдин хутба қилиш, жумадаги ва бошқа хутбалар асносида ўтириш, минбар устида туриб айрим катта саҳобаларни сўкиш ва шу каби шаръий жиҳатдан эътиқод қилиб эмас, балки нотўғри тушунча, нафс хоҳишлари ва дунёвий ғаразлар сабабли юзага чиққан бидъатлардир. Улуғ саҳобалар уларга мазкур бидъатларини инкор қилишган, лекин уларни бу ишлардан биронтаси сабабли кофирга чиқаришмаган ва уларга байъат беришдан қўлларини тортишмаган.

203-савол: Бидъатлар содир бўлиш ўрнига кўра неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Иккига бўлинади: ибодатлардаги ва муомалалардаги бидъатлар.

204-савол: Ибодатлардаги бидъатлар неча қисмга бўлинади?

Жавоб: Икки қисмга бўлинади:

Биринчи: Аллоҳ изн бермаган нарсалар билан ибодат қилиш. Жоҳил сўфийларнинг мусиқа асбоблари, рақс, қарсак, куй-қўшиқ ва бошқа шу каби нарсалар билан ибодат қилишлари каби. Улар бу ишлари билан Аллоҳ таоло Қуръонда айтган кишиларга ўхшаб кетадилар: «Уларнинг Байтуллоҳ олдида қилган «ибодат»лари фақат ҳуштак ва чапак чалиш бўлди» (Анфол: 35).

Иккинчи: Шариатда асли бўлган, бироқ ўз ўрнидан бошқа жойда қилинган ибодат. Масалан, эҳромда бошни очиб юриш шариатда бор ибодат. Бироқ, эҳромда бўлмаган киши намоз, рўза ё бошқа ибодатларини бажариш асносида ибодат нияти билан[136] бошини очиб олса, у ҳаром бўлган бидъатни қилган бўлади. Шунингдек, шариатда асли бўлган бошқа ибодатларни муайян қайтарилган вақтларда бажариш. Масалан, нафл намозларни ман қилинган вақтларда ўқиш, шак куни рўза тутиш, икки ҳайит кунлари рўза тутиш каби.

205-савол: Ибодатлардаги бидъатлар ибодатга қандай таъсир кўрсатади?

Жавоб: Уларнинг иккита ҳолати бор:

Биринчи: Ибодатни умуман бекор қилади. Масалан, бомдод намозига учинчи ракъатни ёки шом намозига тўртинчи ракъатни ёки тўрт ракъатли намозга бешинчи ракъатни қасддан зиёда қилган одамнинг намози бекор бўлади. Шунингдек ракъатлар сонини қасддан камайтирган одамнинг намози ҳам ботил бўлади.

Иккинчи ҳолат: Бидъатнинг ўзи ботиллигича қолиб, бидъат содир қилинган амал бузилмай қолади. Мисол учун, таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювиш. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай таҳоратнинг ботил бўлмаслигини айтганлар, балки: «Ким бундан (яъни, 3 мартадан) зиёда қилса, ёмон иш қилган, тажовуз қилган ва зулм қилган бўлади», деганлар.[137]

206-савол: Муомалалардаги бидъат қандай бўлади?

Жавоб: У Аллоҳнинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларида бўлмаган нарсани шарт қилишдир. Озод қилинган қулнинг валийлигини озод қилувчидан бошқага бўлишини шарт қилиш каби. Барийранинг озод қилиниши воқеасида шундай бўлган эди. Оиша розияллоҳу анҳо уни озод қилмоқчи бўлганларида Бариранинг эгалари валийликни ўзларига бўлишини шарт қилишган, шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб, Аллоҳга ҳамду сано айтгандан сўнг айтган эдилар: «Аммо баъд, одамларга нима бўлдики, Аллоҳнинг китобида бўлмаган шартларни шарт қилмоқдалар. Аллоҳнинг китобида бўлмаган ҳар қандай шарт ботилдир, агарда юзта шарт бўлса ҳам, бас, Аллоҳнинг ҳукми хақлироқ ва Аллоҳнинг шарти ишончлироқдир. Ичларингиздаги айрим кишиларга нима бўлганки, улардан бири: «Эй фалончи, сен озод қил, валийлиги менга бўлади» дейди. Валийлик фақат озод қилган кишига тегишлидир».[138]

Ҳаромни ҳалол қиладиган ва ҳалолни ҳаром қиладиган ҳар қандай шарт шу жумладандир.

207-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва аҳли байтлари хусусида қандай муносабатда бўлишимиз лозим?

Жавоб: Дилимизда ҳам, тилимизда ҳам уларни доим фақат яхшилик билан зикр қилишимиз, уларнинг фазилатларини кўп гапиришимиз, хатоларидан ва ўзаро ўрталарида бўлиб ўтган ихтилофлардан тилларимизни тийишимиз, Аллоҳ таоло Таврот, Инжил ва Қуръонда уларни қандай мақтов билан тилга олган бўлса ва саҳиҳ ҳадисларда уларнинг фазилатлари хусусида қандай мақтовли сўзлар келган бўлса, худди шундай мақтовлар билан тилга олишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло деди:

«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ, сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) белги-аломатлари бордир. Мана шу (яъни кофирларга қаҳрли бўлиш, мўминларга меҳрибонлик ва кўп намоз ўқиб, рукуъ-сажда қилиш) уларнинг Тавротдаги мисолларидир. (Яъни Тавротда ҳам Аллоҳ таоло мўминларни мана шундай сифатлар билан сифатлагандир). Уларнинг Инжилдаги мисоллари эса худди бир шохлар чиқариб, қувватга киргач, йўғонлашиб, ўз танасида тик турган, деҳқонларни лол қолдирадиган ўсимликка ўхшайди. (Мўминларнинг аввал-бошда заиф-озчилик бўлишиб, кейин аста-секин кўпайиб, кучга тўлиб кетишлари Инжилда юқорида зикр қилинганидек ўсимликка ўхшатилиши) улар сабабли кофирларни хафа қилиш учундир. Аллоҳ (мўминлардан) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга мағфират ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилгандир» (Фатҳ: 29).

«Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар — ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир» (Анфол: 74).

«Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар — Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк бахтдир» (Тавба: 100).

«Ҳақиқатан Аллоҳ пайғамбарнинг, муҳожирлар ва ансорларнинг тавбаларини қабул қилди. Улардан бир гуруҳнинг диллари (ғазотдаги машаққат ва ташналик сабабли) тойилаёзганидан кейин оғир соатда унга (яъни, пайғамбарга) эргашган эдилар. Сўнг уларнинг тавбаларини (Аллоҳ) қабул қилди. Албатта, У зот мўминларга марҳаматли, меҳрибондир» (Тавба: 117).

«(У ўлжалар яна) ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган зотлар — камбағал муҳожирларникидирки, улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир. Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суядилар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса-ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймайдилар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қиладилар» (Ҳашр: 8, 9).

Булардан бошқа кўп оятлар мавжуд.

Биламиз ва эътиқод қиламизки, Аллоҳ таоло Бадр аҳлига қарата: «Хоҳлаган ишингизни қилаверинглар, Мен сизларни кечирдим» деб айтган.[139] Улар уч юз ўндан ортиқ эдилар.

Ишонамизки, «Дарахт остида байъат қилган кишилардан биронтаси дўзахга тушмайди».[140]

Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар, улар бир минг тўрт юз ёки бир минг беш юз чоғли эдилар.

Аллоҳ таоло деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), дарҳақиқат Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди» (Фатҳ: 18).

Гувоҳлик берамизки, улар энг афзал уммат бўлмиш ушбу умматнинг энг афзал кишиларидир, улардан кейин яшаганлар Уҳуд тоғича олтин сарф қилсалар ҳам уларнинг бир ҳовуч балки ярим ҳовуч қилган озиқ-овқатдан иборат садақаларининг фазилатига ҳам етиша олмайди. Бироқ, шуни ҳам унутмаймизки, улар ҳам маъсум-бегуноҳ эмаслар, улар ҳам хато қиладилар. Лекин улар мужтаҳидлардир, ижтиҳодларида тўғри бўлсалар иккита ажрга, хато қилган бўлсалар битта ажрга эга бўладилар, хатолари эса кечирилган. Уларнинг фазилатлари, улар қилган солиҳ амаллар улардан содир бўлган гуноҳларни – агар содир бўлган бўлса – ювиб кетади, зотан озгина нажосат денгиз сувини булғата олармиди, Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни ҳам рози қилсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза аёллари ва аҳли байтлари ҳақида ҳам гап шу.

Биз дилида ёки тилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, аҳли байтлари ёки улардан биронтаси ҳақларида ёмон фикр-сўз бўлган кимсалардан хориж эканимизни эълон қиламиз, саҳобалар ва аҳли байтларга бўлган муҳаббатимизга, уларни дўст тутишимизга ва имкон қадар уларни ҳимоя қилишимизга Аллоҳни гувоҳ қиламиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам васиятларида айтганлар:

«Саҳобаларимни сўкманглар!».[141]

«Саҳобаларим хусусида Аллоҳдан қўрқинглар!»[142]

«Мен сизларга икки оғир нарсани қўйиб кетаяпман, биринчиси Аллоҳнинг Китобидир, Аллоҳнинг Китобига амал қилинглар ва уни маҳкам тутинглар» дедилар, сўнг: «ва аҳли байтим, мен сизларга аҳли байтим хусусида Аллоҳ(дан қўрқишларингиз лозимлиги)ни эслатаман», дедилар. (Ҳадис «Саҳиҳайн»да ва бошқаларда келган).

208-савол: Умумий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар?

Жавоб: Уларнинг энг афзали – аввал муҳожирлардан, сўнг эса ансорлардан энг биринчи Исломни қабул қилганлар, сўнг Бадр ғазотида иштирок этганлар, улардан сўнг Уҳуд ғазотида иштирок этганлар, сўнг Ризвон байъати эгалари, улардан сўнг: «Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин ин­фоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат — жаннат) ваъда қилгандир» (Ҳадид: 10).

209-савол: Тафсилий суратда саҳобаларнинг энг афзали кимлар?

Жавоб: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтганлар: «Биз Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳеч кимни Абу Бакр билан, сўнг Умар билан, сўнг Усмон билан тенг кўрмасдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа асҳобларини бир-бирларидан афзал санамаган ҳолда қолдирардик».[143]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат сафари узра ғорда танг аҳволда эканларида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Учинчи ҳамроҳлари Аллоҳ бўлган икки кишига нима гумондасиз?!» деганлар.[144]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Агар бирон кишини халил қилсам, Абу Бакрни халил қилган бўлардим. Лекин у биродарим ва дўстимдир».[145]

«Аллоҳ мени сизларга пайғамбар қилиб юборди, шунда сизлар: «Ёлғон айтасан» дедингиз, Абу Бакр эса: «Рост айтасиз», деди ва менга моли ва жони билан ёрдам кўрсатди. Энди менинг биродаримни тинч қўясизларими, йўқми, ахир?!»[146]

«Эй Ибн Хаттоб! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар шайтон сизга бирон йўл устида йўлиқиб қолса, албатта бошқа йўлга бурилиб кетади».[147]

«Сизлардан илгариги умматлар ичида муҳаддас[148]лар бўлган. Агар умматим ичида бирон киши шундай бўлса, у Умар бўларди».[149]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўри билан сигирнинг сўзлашгани ҳақида гапира туриб: «Албатта, бунга мен, Абу Бакр ва Умар ишонамиз», дедилар[150], ўшанда бу икковлари ҳозир эмас эдилар.

Ризвон байъатида Усмон розияллоҳу анҳу Маккага кетганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўлларини кўрсатиб: «Бу Усмоннинг қўли», дедилар, сўнг у билан иккинчи қўлларига уриб: «Бу Усмон учун», дедилар.[151]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Рума қудуғини қазиб (сув чиқарса) унга жаннат бўлади», дедилар, шунда Усмон уни қаздирдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қийинчилик (ҳолати устидаги) лашкарни (қурол-аслаҳа ва от-улов билан) жангга ҳозирласа, унга жаннат бўлади», дедилар, Усмон уни ҳозирладилар.[152]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида: «Малоикалар ҳам ундан уяладиган кишидан мен қандай уялмай?!», деганлар.[153]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳуга: «Сиз мендан, мен эса сизданман», деганлар.[154]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий розияллоҳу анҳу ҳақларида сўзлаб, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўришини хабар берганлар.

Яна айтганлар: «Мен кимнинг мавлоси (дўсти) бўлсам, Алий ҳам унинг мавлосидир».[155]

Алийга қарата: «Менга нисбатан Ҳоруннинг Мусога нисбатан тутган ўрнида бўлишга рози эмасмисиз?! Бироқ, мендан сўнг пайғамбарлик йўқдир», деганлар.[156]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ўн киши жаннатда: Набий жаннатда, Абу Бакр жаннатда, Умар жаннатда, Усмон жаннатда, Алий жаннатда, Талҳа жаннатда, Зубайр ибн Аввом жаннатда, Саъд ибн Молик жаннатда, Абдурраҳмон ибн Авф жаннатда». Ҳадис ровийси Саид ибн Зайд ўзини кўзда тутиб: «Истасам ўнинчисини ҳам айтган бўлардим», деди, розияллоҳу анҳум ажмаъийн.[157]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Умматим ичида умматимга энг раҳмлиси Абу Бакрдир, Аллоҳнинг дини хусусида энг қаттиғи Умардир, ҳаёси кучлироғи Усмондир, ҳалол-ҳаромни билувчироғи Муоз ибн Жабалдир, Аллоҳнинг Китобини билувчироғи Убайдир, фароиз (мерос илми)ни билувчироғи Зайд ибн Собитдир, ҳар бир умматнинг амини (омонатдор кишиси) бор, бу умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳдир».[158]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн икковлари жаннат аҳли йигитларининг саййидлари[159] ва ўзларининг райҳонлари эканларини[160] хабар берганлар.

Айтганларки: «Эй Аллоҳим, мен буларни яхши кўраман, Сен ҳам уларни яхши кўргин».[161]

Ҳасан ҳақида: «Менинг бу ўғлим саййиддир ва Аллоҳ у билан мусулмонларнинг катта икки гуруҳи ўртасини ислоҳ қилади» деганлар[162] ва айтганларидек бўлди.

Уларнинг оналари хусусида: «У жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир» деганлар.[163]

Бошқа кўплаб саҳобаларнинг ҳам умумий ва хусусий суратда фазилатларининг баёни саноқсиз равишда келган. Улардан битталарининг бир соҳада бошқаларидан афзал эканлиги ҳамма соҳада афзал эканини англатмайди, фақат тўрт халифа бундан мустасно. Аввалги учталари юқорида Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадис маъносига кўра бўлса, Алий розияллоҳу анҳу аҳли суннанинг ижмоъига кўра учовларидан кейин ер юзи аҳлининг энг яхши кишисидирлар.

210-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин халифалик муддати қанча?

Жавоб: Абу Довуд ва бошқалар Сафинадан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарлик хилофати ўттиз йил, сўнг Аллоҳ мулк (подшоҳлик)ни Ўзи истаган кишига беради», деганлар.[164]

Бу муддат Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг халифалик муддатларидир. Абу Бакр 2 йил-у 3 ой, Умар 10 йил-у, 6 ой, Усмон 12 йил, Алий 4 йил-у 9 ой халифалик қилдилар. Ҳасан ибн Алийга байъат берилган 6 ой билан 30 йил мукаммал бўлади.

Ислом подшоҳларининг биринчиси Муовия розияллоҳу анҳудир, у уларнинг энг яхшиси ва афзалидир. Ундан сўнг то Умар ибн Абдулазизгача зўравон шоҳлар даври бўлди, хулафои рошидийн йўлини тутгани учун Умар ибн Абдулазизни аҳли сунна бешинчи халифа деб атаган.

 211-савол: Мазкур 4 халифанинг халифа бўлишларига умумий далиллар борми?

Жавоб: Бунга жуда кўп далиллар бор. Жумладан, халифалик муддати 30 йил дейилгани ва бу уларнинг даврларини ўз ичига олгани, юқорида айтилганидек, улар бошқалардан афзал саналганлари, бир-бирларидан хилофат тартиби бўйича афзал эканлари, шунингдек Абу Довуд Самура ибн Жундабдан ривоят қилган ҳадисда айтилганидек, бир киши деди: «Ё Расулуллоҳ, тушимда кўрдимки, осмондан бир челак тушиб келди. Шунда Абу Бакр келиб, унинг икки дастасидан ушлаб, озгина ичди. Сўнг Умар келиб, унинг дасталаридан ушлаб, қониб ичди. Сўнг Усмон келиб, унинг дасталаридан тутиб, қониб ичди. Сўнг Алий келиб, унинг дасталаридан тутди, шунда челак бир силкинди ва ундан Алийнинг устига бир оз сув тўкилди».[165]

Бундан ҳам кучлироқ далил – ижмоълари мақбул бўлган зотлар тарафидан бу тўртовларининг халифаликларига бўлган ижмоъдир, улардан биронталарининг халифалигини фақатгина адашган ва бидъатчи кимсаларгина инкор қилишлари мумкин.

 212-савол: Учовларининг халифаликларига умумий далиллар борми?

Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни: «Бугун қай бирингиз туш кўрди?» деб сўрадилар. Бир киши: «Мен тушимда кўрдимки, осмондан бир тарози тушди. Шунда сиз билан Абу Бакр икковингиз тортилдингиз, сиз Абу Бакрдан оғир келдингиз. Умар билан Абу Бакр тортилдилар, Абу Бакр оғир келди. Умар билан Усмон тортилдилар, Умар оғир келди. Сўнг тарози осмонга чиқиб кетди», деди.[166]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бугун бир солиҳ кишининг тушида кўрилдики, Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғланган, Умар Абу Бакрга боғланган, Усмон Умарга боғланган экан».[167]

 213-савол: Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халифаликларига умумий далиллар нима?

Жавоб: Бунга кўп далиллар бор. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тушимда кўрдимки, бир қудуқ устида турибман. Унинг устида бир челак бор экан. Ундан Аллоҳ хоҳлаганича сув тортиб олдим. Сўнг челакни Ибн Аби Қуҳофа олди-да, ундан бир ёки икки челак сув тортиб олди, унинг тортишида заифлик бор эди, Аллоҳ унинг заифлигини мағфират қилсин. Сўнг у катта челакка айланиб қолди. Шунда Ибн Хаттоб уни олди. Мен Умарнинг сув тортишидек тортадиган биронта паҳлавонни кўрмаганман, ҳатто одамлар туяларини ҳам суғориб олишди».[168]

 214-савол: Абу Бакрнинг халифалигига ва унинг биринчи халифа бўлишига далил борми?

Жавоб: Бунга сон-саноқсиз далиллар бор, улардан баъзилари юқорида ўтди. Бундан ташқари, саҳиҳ ҳадисда айтилишича, бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида у зот уни кейин яна қайтиб келишга буюрдилар. У: «Агар келганимда сизни топа олмасам-чи? (яъни вафот этган бўлсангиз-чи?)», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар мени топмасанг, Абу Бакрга бор», дедилар.[169]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: «Менга отанг ва акангни чақир, бир хат ёзиб берай. Чунки, бирон тамагир тамаъ қилиб қолишидан ва бирон даъвогар: «Мен лойиқроқман» деб қолишидан қўрқаман. Аллоҳ ҳам, мўминлар ҳам Абу Бакрдан бошқасига кўнмайдилар».[170]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган касалликларида Абу Бакрни намозга имом қилишларида ҳам шундай сўзларни айтганлар.[171]

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг байъатларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча саҳобалари, муҳожирлару ансорлар ва улардан кейингилар ҳаммаси иттифоқ қилганлар.

 215-савол: Абу Бакрдан кейин Умарнинг халифа қилинишига далил борми?

Жавоб: Бунга ҳам кўп далиллар бор, айримлари юқорида ўтди. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларнинг ораларингизда қанча муддат қолишимни билмайман. Бас, мендан кейингиларга эргашинглар!» деб Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумога ишора қилганлар.[172]

Денгиз тўлқинларидек тўлқинланувчи фитналар ҳақидаги ҳадисда келганидек, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Сиз билан у фитналар орасида тамбаланган эшик бор» деди. Умар: «У эшик очиладими, синдириладими?» деб сўради. «Синдирилади», деди. «Ундай бўлса, қайта беркилмас экан» деди. Эшикдан мурод Умар эди.[173] Эшикнинг синдирилиши унинг ўлдирилиши эди. Умардан сўнг уммат ўртасидан қилич кўтарилмади.

Уммат Умар розияллоҳу анҳуни Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кейин халифа қилишга иттифоқ қилган эди.

 216-савол: Улардан сўнг Усмоннинг халифа қилинишига далил борми?

Жавоб: Кўп далиллар бор. Баъзилари юқорида ўтди. Каъб ибн Ужра ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитна ҳақида гапириб, унинг яқин орада бўлишини айтдилар. Шу пайт бошини ўраб олган бир киши ўтиб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шу одам ўша кунда тўғри йўлда бўлади», дедилар. Сакраб туриб бориб, Усмоннинг билакларидан тутдим сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: «Шуми?» дедим. «Шу», дедилар.[174]

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Усмон, агар бир кун келиб Аллоҳ сени шу ишга волий қилса-ю, мунофиқлар Аллоҳ кийдирган кўйлагингни ечиб олишни истасалар, сен уни ечмагин», деб уч бор такрорладилар.[175]

Усмонга байъат қилишга Шуро аҳли, сўнг бошқа саҳобалар иттифоқ қилганлар, Абдурраҳмон ибн Авфдан сўнг биринчи бўлиб Алий розияллоҳу анҳу, кейин бошқа одамлар байъат қилганлар.

 217-савол: Алийнинг улардан сўнг халифа бўлишига ва унинг ҳаққа яқинроқ эканига далил борми?

Жавоб: Бунга кўплаб далиллар бор, баъзилари юқорида ўтди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Аммор розияллоҳу анҳу ҳақида айтган гаплари ҳам далилки: «Бечора Аммор, уни золим гуруҳ ўлдиради. Бу уларни жаннатга чорлайди, улар эса уни дўзахга чақиришади», деганлар.[176] Аммор Алийнинг — розияллоҳу анҳумо — қўшинида эканида уни Шом аҳли ўлдирди, у уларни суннат ва жамоатга ҳамда ҳақ имом бўлмиш Алий розияллоҳу анҳуга итоат қилишга чорлаган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Одамлар бўлинган пайтда бир гуруҳ ажралиб чиқади, ҳақ устида бўлган бир тоифа уларни ўлдиради».[177] Хаворижлар ажралиб чиқишди, Наҳравон куни Алий розияллоҳу анҳу уларни ўлдирдилар. У зот барча аҳли суннанинг иттифоқига кўра ҳақиқат узра бўлишга лойиқроқ киши эдилар.

 218-савол: Улул-амр (мусулмон ҳоким, бошлиқ)ларга нисбатан зиммамиздаги вазифалар қандай?

Жавоб: Ҳақ устида уларга бўйсуниш ва итоат қилиш, уларга холис насиҳат қилиш, юмшоқлик билан ҳаққа чорлаш ва ҳақни эслатиш, орқаларида намоз ўқиш, улар билан бирга жиҳод қилиш, закот-садақотларни уларга топшириш, жавр қилсалар-да сабр қилиш, модомики очиқ куфрни изҳор қилишмас экан, уларга қилич кўтариб чиқмаслик, уларни ёлғон мақтовлар билан ғурурлантирмаслик ва улар ҳаққига салоҳият ва тавфиқ сўраб дуо қилиш.

 219-савол: Бунга қандай далил бор?

Жавоб: Бунга далиллар кўп. Жумладан, Аллоҳ таоло айтади:

«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!» (Нисо: 59).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

«Сизларга бир қул амир қилиб тайинланган бўлса-да, унга қулоқ тутинг ва итоат этинг!».[178]

«Ким амири тарафидан ўзи ёқтирмаган бир ишни кўрса, унга сабр қилсин. Чунки, ким жамоатдан бир қарич ажралиб ўлса, жоҳилият ўлимини топган бўлади».[179]

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни чақирдилар, биз у зотга байъат бердик. Биздан байъат олган ишлар ичида тетиклик пайтимизда ҳам, ғайратсиз пайтимиз ҳам, қийинчилик пайтларда ҳам, енгилчилик пайтларда ҳам, ҳақ-ҳуқуқларимизни ман қилганида ҳам (амирларга) қулоқ солиб, итоат қилиш, иш эгалари (амирлар) билан ҳокимият талашмаслик бор эди, «Фақат сизларда Аллоҳ тарафидан далил-ҳужжат бўлган очиқ куфрни кўрсангизлар (уларга итоат қилмаслик мумкин)», дедилар (Муттафақун алайҳ).

«Агар сизларга (қулоқ-бурни) кесилган қоп-қора қул амир қилинса, сизларни Аллоҳнинг Китоби билан бошқарар экан, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар!».[180]

«Мусулмон киши ўзи яхши кўрган ишларда ҳам, ёмон кўрган ишларда ҳам (амирга) қулоқ солиши ва итоат қилиши лозим, фақат маъсиятга буюрилганда (итоат қилмайди), маъсиятга буюрилса қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқдир».[181]

«Итоат фақат маъруф - яхши ишлардадир».[182]

«Агарчи орқангга урса ва молингни олса ҳам қулоқ сол ва итоат қил!».[183]

«Ким итоатдан қўл тортса, қиёмат куни Аллоҳга бирон ҳужжатсиз рўпара бўлади. Ким бўйнида байъат бўлмаган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлими билан ўлибди».[184]

«Бу умматнинг иши жамланган ҳолида ким уни бўлиб ташлашни истаса, ким бўлишидан қатъий назар уни қилич билан уринглар!».[185]

«Шундай амирлар бўладики, уларнинг (ишларини) маъруф ва мункар деб кўрасизлар. Шунда ким ёмон кўрса (гуноҳдан) хориж бўлади, ким инкор қилса (азобдан) саломат бўлади, аммо ким рози бўлса ва эргашса (гуноҳкор бўлади)». Саҳобалар: «Уларга қарши урушсак бўладими?» деб сўрашди. «Йўқ, модомики намоз ўқисалар», деб жавоб бердилар.[186]

Ва бошқа ҳадислар.

 220-савол: Амри маъруф ва наҳий мункар кимнинг зиммасига вожиб, унинг даражалари борми?

Жавоб: Аллоҳ таоло деди:

«Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (унинг ёмонлигини баён қилсин), бунга ҳам қодир бўлмаса дили билан (ёмон кўрсин). Бу иймоннинг энг заифидир».[187]

Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар мавжудки, улар маъносига кўра амри маъруф ва наҳий мункар ҳар бир мўмин зиммасига вожиб бўлиб, ҳар ким ўз имконияти ва иқтидори даражасига қараб уни адо этиши лозим бўлади, иқтидори юксакроқ ва илми кўпроқ кишилар учун унинг вожиблиги ҳам қаттиқроқ бўлади. Гуноҳкор қавмларга азоб тушган пайтда фақат наҳий мункар қилганларгина саломат қолганлар. Биз бу мавзуда алоҳида китоб ёзганмиз, ҳақни излаган одам уни ўқиб фойдалансин.

 221-савол: Авлиёларнинг кароматлари ҳақида нима дейсиз?

Жавоб: Авлиёларнинг кароматлари ҳақдир. Каромат – уларнинг қўлларида уларнинг ҳунаридан бўлмаган ғайри оддий ишларнинг зоҳир бўлишидир, бу ишларни улар гарчи билмасалар-да, Аллоҳ уларнинг қўлларида жорий қилади. Асҳобул каҳф, ғор оғзини тўсган харсанг эгалари, роҳиб Журайж қиссалари каби. Ислом умматида ҳам кароматлар кўплаб содир бўлган, муртадларга қарши уруш кунларида Абу Бакрдан содир бўлган ишлар, Умар минбар устида туриб Шомдаги Сорияга қилган нидосининг эшитилгани, Мисрдаги тўхтаб қолган Нилга хат ёзганида унинг оққани, Румликларга қарши жангида Алоъ ибн Хазрамий оти  билан денгиздан юриб ўтгани, Абу Муслим Хавалонийнинг Асвад ал-Ансий унга ёққан гулхан ичида намоз ўқигани каби воқеалар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам, саҳобалар ва тобеинлар даврида ҳам, улардан кейин ҳозирда ҳам ва то қиёматгача бундан бошқа ҳам кароматлар содир бўлди ва бўлаверади. Аслида бу кароматлар барчаси пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари бўлиб, у зотлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳақиқий эргашиш билан уларга эришганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашмаган бирон кимса қўлида ғайри оддий иш содир бўлса, у фитна ва кўзбўямачиликдир, каромат эмасдир.

 222-савол: Авлиёуллоҳлар (Аллоҳнинг дўстлари) кимлар?

Жавоб: Улар Аллоҳга иймон келтирган, Ундан тақво қилган, Унинг розилигига интилган, Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилардир.

Аллоҳ таоло деди:

«Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар» (Юнус: 62).

Сўнг уларнинг кимлигини баён қилиб, деди: «Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун» (Юнус: 63).

«Аллоҳ мўминларнинг дўстидир. Уларни қоронғу зулматлардан ёруғлик — нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар кофирларни ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар» (Бақара: 257).

«Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ, унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир. Кимки Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутса (нажот топгай), зеро фақат Аллоҳнинг ҳизби-гуруҳигина ғолиб бўлувчидир» (Моида: 55, 56).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фалончи-пистончининг оиласи менинг дўстларим эмас, балки менинг дўстларим тақводорлардир».[188]

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ деди: «Бир қавм Аллоҳнинг муҳаббатини даъво қилган эди, Аллоҳ уларни мана бу оят билан имтиҳон қилди: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31)».

Шофеий раҳимаҳуллоҳ деди: «Агар бир кишининг сув устида юриб кетаётганини ёки ҳавода учаётганини кўрсаларингиз, то унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишини билмагунингизча тасдиқламангиз ва алданиб қолмангиз!»

 223-савол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан бир тоифа ҳақ устида ғолиб бўлиб давом этади, то Аллоҳ таборака ва таолонинг иши (қиёмат) келгунича уларга қарши чиққанлар уларга зарар етказа олмайди»[189] деган сўзлари билан қайси тоифани кўзда тутганлар?

Жавоб: Бу тоифа – етмиш уч фирқа ичидан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам истисно қилган нажот топувчи фирқадир: «Барчаси дўзахда, фақат биттаси, у - жамоатдир», бир ривоятда: «Улар бугун мен ва асҳобларим юрган йўл устида юрувчи кишилардир»[190] деганлар.

Аллоҳ таолодан бизларни ҳам ўша тоифадан қилишини, бизларни Ўзи ҳидоят қилганидан сўнг қалбларимизни ҳақ йўлдан оғдирмаслигини, бизларга Ўзи томонидан раҳмат ато этишини сўраймиз, зеро Угина Ваҳҳоб-берувчидир.

«Қудрат эгаси бўлмиш Парвардигорингиз уларнинг сифатларидан (яъни ҳар қандай айбу нуқсондан) покдир. (Барча) пайғамбарларга Аллоҳ томонидан салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори — Аллоҳ учундир!» (Вас-соффат: 180-182).

Муаллифдан: Ушбу сатрларни 1365- ҳижрий, Шаъбон ойининг биринчиси, душанба куни ёзиб битирдим, мазкур ойнинг ўн тўртинчиси, якшанба куни уларни оққа кўчирдим. Аллоҳ барча саъй-ҳаракатимизни холис Ўзининг ризоси учун бўлишига муваффақ қилсин. Омин.

Ўзбекчага таржимаси 19- сафар 1428- ҳижрий, жума куни ниҳоясига етди.



[1] “Юзини” сўзидан Аллоҳ таолога хос биз унинг жузъий маносини тушунадиган комил маъноси ва кайфиятини била олмайдиган ҳақиқий юзни тушинилади. Уни розилиги ёки савоби деб таъвил қилинмайди, чунки Аллоҳнинг юзи билан розилиги бошқа-бошқадир. (ИНТ)

[2] Табароний «Кабир»да (11/12061) Ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  Жибрил алайҳиссаломдан: «Микоил нимага (вакил қилинган)? деб сўраганларида «Наботот ва ёмғирга» деб жавоб берди.

[3] Термизий ва Аҳмад Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мен қандай роҳатланай, ҳолбуки сур соҳиби сурни оғзига олиб турган ва унга изн берилишини кутиб турган бўлса». (Албоний, «Саҳиҳ»: 1079).

[4] Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), айтинг: Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Парвардигорингизга қайтарилурсизлар» (Сажда: 11). Бу хусусда Бароъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадис, Мусо алайҳиссалом ўлим фариштасининг кўзини чиқаргани ҳақидаги ҳадис (муттафақун алайҳ) ва бошқа кўплаб ҳадислар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида уни Азроил деб номлаш келган эмас, валлоҳу аълам.

[5] Аллоҳ таоло айтади: «Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб турувчи улуғ (фаришта)лар бордир. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» (Инфитор: 10-12), «Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилувчи (ёзиб турувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 17, 18). Бу бобда кўплаб ҳадислар бор. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла деди: «Банда агар бир ёмонликни ният қилса, унга (гуноҳ) ёзманглар! Агар ўша (ёмонлик)ни қилса, унга битта ёмонлик (гуноҳини) ёзинглар! Агар бир яхшиликни ният қилса-ю, уни қилмаса, унга бир яхшилик (савобини) ёзинглар! Агар ўша (яхшилик)ни қилса, унга ўнта яхшилик (савобини) ёзинглар!» (Муттафақун алайҳ).

[6] Аллоҳ таоло айтади: «У бандалари устида ғолиб бўлган зотдир. Устингизга (қилган амалларингизни) ёдлаб олувчи фаришталарни элчи қилиб юборур» (Анъом: 61), «Унинг (яъни ҳар инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб қилувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни сақлаб-муҳофаза қилиб турурлар» (Раъд: 11).

[7] Бу бобда Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган (Саҳиҳул Бухорий: 12:438) ҳадисда дўзах посбони Моликнинг зикри келган.

[8] Термизий (1071), Ибн Ҳиббон (Ар-рисала 3117), Ожуррий «Шариат»да (365 бет), Ибн Аби Осим «Сунна»да (864), Байҳақий «Исбату азабил-қабр»да (56) келтирганлар, Албоний иснодини ҳасан санаган.

[9] Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг устида Парвардигорингизнинг аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур» (Ал-ҳа-аққо: 17). Абу Довуд Жобир розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган (4727) ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аршни кўтариб турувчи Аллоҳнинг фаришталаридан бир фаришта ҳақида сўзлашимга изн берилди, унинг қулоғининг юмшоғидан елкасигача бўлган масофа 700 йиллик йўлдир».

[10] Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дарҳақиқат, ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун ичида «нутфа» (томчи сув) ҳолида жамланади, сўнгра худди шунча муддат ичида «алақа» (лахта қон) ҳолида бўлади, сўнгра худди шунча муддат ичида «музға» (бир парча гўшт) ҳолида бўлади. Сўнгра унга бир фаришта юборилади ва унга шу инсон аҳволи-тақдирига тааллуқли бўлган тўрт нарсани: ризқи, ажали, амали ҳамда бахтсиз ёки бахтли эканини ёзиш фармон қилинади, сўнг унга жон пуркалади» (Муттафақун алайҳ).

[11] Бухорий (3207), Муслим (162) ривоятлари.

[12] Бухорий (6408), Муслим (6289) ривоятлари.

[13] Муслим ривояти, Китобул-фазоил: (2408).

[14] Термизий ривояти: (2906).

[15] Ибн Абу Шайба (7/190) ва Байҳақий (2220) ривоятлари.

[16]  Муслим (2889), Аҳмад (5/278), Абу Довуд (4252) ва Термизий (2219) Савбон ривояти билан келтирганлар.

[17] Бухорий (4416) ва Муслим (2404) ривоятлари.

[18] Термизий (2219), Абу Довуд (4252), Ибн Ҳиббон (7238), Аҳмад (5/278) ривоятлари.

[19] Муслим (2278), Бухорий (3340) ривоятлари.

[20] Бухорий (335, 438), Муслим (521) ривоятлари.

[21] Муслим (153) ривояти.

[22] Таҳаддий – Қани, кимнинг қўлидан келса шу ишни қилсин-чи, деганга ўхшаш талаб ва чақириқ.

[23] Бухорий (4981, 7274) ва Муслим (152) ривояти.

[24] Имом Муслим Ҳузайфа ибн Асийд ал-Ғифорий ривояти билан қуйидаги (2901) ҳадисни келтиради: «Биз сўзлашиб ўтирган эдик, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб қолдилар ва: «Нима ҳақида сўзлашаяпсизлар?» деб сўрадилар. Биз: «Қиёмат ҳақида» дедик. У зот: «Аввал 10та аломатини кўрмагунларингизча қиёмат қойим бўлмайди» деб, тутунни, Дажжолни, доббани, куннинг мағрибдан чиқишини, Ийсо алайҳиссаломнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта – биттаси машриқда, биттаси мағрибда, биттаси Араб жазирасида ер ютишини ва охирида Ямандан чиқиб одамларни маҳшар сари ҳайдаб борадиган ўтни зикр қилдилар».

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти билан келтиради: «Аллоҳ таоло Ямандан ипакдан ҳам мулойим бир шабадани чиқаради,  у қалбида бир зара мисқолича иймони бор одамни қолдирмасдан, қабзи руҳ қилади».

[25] Бухорий (1374) ва Муслим (2870) ривояти.

[26] Бухорий (1379) ва Муслим (2866) ривояти.

[27] Бухорий (216) ва Муслим (292) ривояти.

[28] Бухорий (1375) ва Муслим (2869) ривояти.

[29] Бухорий (1373) ривояти.

[30] Бухорий (1372) ва Муслим (586) ривояти.

[31] Бухорий (1050) ва Муслим (932) ривояти.

[32] Бухорий (4974) ривояти.

[33] Муслим (2940) ривояти.

[34] Табароний, «Кабир»: (25/36ҳ, 266с).

[35] Бухорий (6522) ва Муслим (2861) ривоятлари.

[36] Бухорий (4760, 6523) ва Муслим (2806) ривоятлари.

[37] Бухорий (3349) ва Муслим (2860) Ибн Аббосдан ривоят қилганлар.

[38] Муслим (2859) ривояти.

[39] Бухорий (4938) ва Муслим (2862) ривоятлари.

[40] Бухорий (6532) ва Муслим (2863) ривоятлари.

[41] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.

[42] Бухорий (3334) ва Муслим (2805) ривоятлари.

[43] Бухорий (1413) ва Муслим (1016) ривоятлари.

[44] Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари.

[45] Аҳмад (2/213), Термизий  (2639), Ибн Можа (4300) ва бошқалар ривояти.

[46] Аҳмад (1/114), Абу Яъло (1/539) ривоятлари.

[47] Бухорий (4729) ва Муслим (2785) ривоятлари.

[48] Бухорий (7434) ва Муслим (182) ривоятлари.

[49] Бухорий (6532) ва Муслим (1678) ривоятлари.

[50] Бухорий (2449) ривояти.

[51] Бухорий (2440) ривояти.

[52] Бухорий (6575) ва Муслим (2297) ривоятлари.

[53] Бухорий (6590) ва Муслим (2296) ривоятлари.

[54] Бухорий (6579) ва Муслим (2292) ривоятлари.

[55] Бухорий (6581) ривояти.

[56] Муслим (181) ривояти.

[57] Муслим (2653) ривояти).

[58] Абу Довуд Таёлисий (577), Термизий (3319), Аҳмад (5/317) ва Абу Довуд (4700) ривоятлари.

[59] Бухорий (5076) ривояти.

[60] Молик (2/898, 899), Абу Довуд (4703), Термизий (3075), Аҳмад (1/44) ва бошқалар ривояти.

[61] Термизий (2141), Аҳмад (2/167), Ибн Абу Осим (348) ривоятлари.

[62] Бухорий (6594) ва Муслим (2643) ривоятлари.

[63] Ибн Жарир ат-Табарий, мазкур оят тафсири.

[64] Ҳоким (2/519) ва Ибн Жарир (27/35) ривоят қилганлар.

[65] Муслим (2665) ривояти.

[66] Аҳмад (3/421), Термизий (2065) ва Ибн Можа (3437) ривоятлари.

[67] Муслим (2654) ривояти.

[68] Бухорий (7471) ва Муслим (681) ривоятлари.

[69] Бухорий (6027) ва Муслим (2628) ривоятлари.

[70] Бухорий (71, 3116) ва Муслим (1037) ривоятлари.

[71] Муслим (2288) ривояти.

[72] Муслим (2772) ривояти.

[73] Муслим (771) Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[74] Бухорий (6605) ва Муслим (2647) ривоятлари.

[75] Бухорий (9) ва Муслим (35) ривоятлари.

[76] Муслим (1955) ривояти.

[77] Бухорий (2549) ва Муслим (1667) ривоятлари.

[78] Муслим ривояти.

[79] Бухорий (121) ва Муслим (65) ривоятлари.

[80] Бухорий (48) ва Муслим (64) ривоятлари.

[81] Бухорий (2475) ва Муслим (57) ривоятлари.

[82] Бухорий (237) ва Муслим (94) ривоятлари.

[83] Бухорий (33) ва Муслим (59) ривоятлари.

[84] Бухорий (34) ва Муслим (58) ривоятлари.

[85] Термизий (1161), Ҳоким (4/360), Табароний (1665, 1666) ва бошқалар ривоятлари.

[86] Муслим (2186) ривояти.

[87] Бухорий (5743) ва Муслим (2191) ривоятлари.

[88] Муслим (2200) ривояти.

[89] Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари.

[90] Бухорий (2276) ва Муслим (2201) ривоятлари.

[91] Аҳмад (4/311), Ибн Абу Шайба (5/427), Ҳоким (4/216), Байҳақий (9/351) ривоятлари.

[92] Бухорий (3005) ва Муслим (2115) ривоятлари.

[93] Аҳмад (1/381), Абу Довуд (3883), Ибн Можа (3530) ва бошқалар ривояти.

[94] Аҳмад (4/154), Ибн Ҳиббон (6086)

[95] Аҳмад (4/256)) ва Ҳоким (4/319) ривоятлари.

[96] Аҳмад (4/445) ва Ҳоким (4/216) ривояти.

[97] Ибн Абу Ҳотам (12039) ривояти.

[98] Ибн Абу Шайба (5/428) ривояти.

[99] Бухорий ривояти.

[100] Абу Довуд (3904), Насоий (Кубро: 5/323), Термизий (135) ва Ибн Можа (639) ривоятлари.

[101] Муслим (2230) ривояти.

[102] Абу Довуд (3905), Ибн Можа (3726), Аҳмад (1/227) ривоятлари.

[103] Абу Яъло (7/4135) ривояти.

[104] Абдурраззоқ (11/26), Ибн Абу Шайба (6/129) ривоятлари.

[105] Ибн Жарир (8/91) ривояти.

[106] Муслим (934) ривояти.

[107] Бухорий (846) ва Муслим (1038) ривоятлари.

[108] Бухорий (5757) ва Муслим (2220) ривоятлари.

[109] Абу Довуд (3910), Термизий (1614), Ибн Можа (3538) ривоятлари.

[110] Аҳмад (1/213) ривояти.

[111] Аҳмад (2/220) ривояти.

[112] Фаъл (фол) – Эшитган бирон яхши сўзни яхшилик белгиси деб қабул қилиш. Масалан: касал ётган одам кимнингдир «саломат» деган сўзини эшитиб, бу саломат бўп кетишимга аломат, деб қабул қилиши.

[113] Абу Довуд (3919) ривояти.

[114] Бухорий (5740) ва Муслим (2187) ривоятлари.

[115] Бухорий (5739) ва Муслим (2197) ривоятлари.

[116] Бухорий (5738) ва Муслим (2195) ривоятлари.

[117] Аҳмад (4/436), Абу Довуд (3884) ва Термизий (2057) ривоятлари.

[118] Аҳмад (5/153, 158, 177), Термизий (1987) ривояти.

[119] Ибн Жарир (8/241) ривоят қилган.

[120] Бухорий (6308) ва Муслим (2744) ривоятлари.

[121] Бухорий (2449) ривояти.

[122] Термизий (3537), Ибн Можа (4253), Аҳмад (2/132, 153) ривоятлари.

[123] Бухорий (6506) ва Муслим (157) ривоятлари.

[124] Термизий (3536), Насоий (1/83), Ибн Можа (4070) ва бошқалар ривояти.

[125] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.

[126] Абу Нуайм «Ҳиля»да (5/46), Байҳақий «Шуаб»да (97) ривоят қилганлар.

[127] Бухорий (18) ва Муслим (1709) ривояти.

[128] Бухорий (6070) ва Муслим (2768) ривоятлари.

[129] Бухорий (4939) ва Муслим (2876) ривоятлари.

[130] Аҳмад (1/435, 465), Таёлисий (244), Ибн Ҳиббон (6, 7) ва Ҳоким (2/318) ривоятлари.

[131] Аҳмад (4/182), Термизий (2859), Ибн Жарир (1/75) ва бошқалар ривояти.

[132] Ибн Можа (5) ривояти, Албоний иснодини ҳасан деган.

[133] Бухорий (2697) ва Муслим (8/17) ривоятлари.

[134] Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можа (42) ривоятлари.

[135] Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари.

[136] Яъни, шу ибодат асносида бошимни очиб олсам савоб бўлади, чунки бош кийим киймаслик ҳам гоҳи ўринларда ибодат ҳисобланади, деб бошини очиб олса.

[137] Насоий (1/88), Абу Довуд (135), Ибн Можа (422) ва Ибн Хузайма (174) ривоятлари.

[138] Бухорий (456) ва Муслим (1504) ривоятлари.

[139] Бухорий (3007) ва Муслим (2494) ривоятлари.

[140] Муслим (2496) ривояти.

[141] Бухорий (3673) ва Муслим (2540) ривоятлари.

[142] Термизий (3862), Аҳмад (4/87), Ибн Абу Осим (992), Абу Нуъайм «Ҳиля»да (8/287) ривоятлари.

[143] Бухорий (2655) ривояти.

[144] Бухорий (3653) ва Муслим (2381) ривоятлари.

[145] Бухорий (466) ва Муслим (2382) ривоятлари.

[146] Бухорий (3661) ривояти.

[147] Бухорий (3683) ва Муслим (2396) ривоятлари.

[148] Муҳаддас - Аллоҳ тарафидан дилига тўғри фикр ва тўғри сўз илҳом қилинувчи одам.

[149] Бухорий (3689) ва Муслим (2398) ривоятлари.

[150] Бухорий (3690) ва Муслим (2388) ривоятлари.

[151] Бухорий (3699) ривояти.

[152] Бухорий (2778) ривояти.

[153] Муслим (2401) ривояти.

[154] Бухорий ривояти.

[155] Термизий (3713), Аҳмад (4/370), Насоий ва бошқалар ривоятлари.

[156] Бухорий (44160) ва Муслим (2404) ривоятлари.

[157] Термизий (3748, 3757), Аҳмад (1/188), Насоий (5/55, 56), Абу Довуд (3648) ва бошқалар ривоятлари.

[158] Термизий (3791), Ибн Можа (154) Аҳмад (3/184) ва бошқалар ривоятлари.

[159] Термизий (3768), Аҳмад (3/3, 62, 64), Ибн Ҳиббон (6959) ва бошқалар ривоятлари.

[160] Бухорий (3753) ривояти.

[161] Бухорий (3735) ва Муслим (2421) ривоятлари.

[162] Бухорий (3746) ривояти.

[163] Бухорий (6224) ва Муслим (2450) ривоятлари.

[164] Термизий (2226), Насоий «Кубро»да: (5/47), Абу Довуд (4646, 4647), Аҳмад (5/22, 221) ва бошқалар ривоятлари.

[165] Абу Довуд (4637), Аҳмад (5/ 21) ривоятлари.

[166] Абу Довуд (4634, 4635), Термизий (2287), Ҳоким (3/70, 71) ривоятлари.

[167] Абу Довуд (4636), Ҳоким (3/71), Аҳмад (3/355) ривоятлари.

[168] Бухорий (3664) ва Муслим (2392) ривоятлари.

[169] Бухорий (3659) ва Муслим (2386) ривоятлари.

[170] Бухорий (2387) ривояти.

[171] Бухорий (716) ва Муслим (418) ривоятлари.

[172] Термизий (3663), Ибн Можа (97), Аҳмад (5/399) ва бошқалар ривоятлари.

[173] Бухорий (525) ривояти.

[174] Термизий (3704), Аҳмад (5/35), Ибн Можа (111) ривоятлари.

[175] Термизий (3705), Аҳмад (6/86), Ибн Можа (112), Ибн Ҳиббон (6915) ривоятлари.

[176] Бухорий (2812) ва Муслим (2915) ривоятлари.

[177] Муслим (1065) ривояти.

[178] Бухорий (7142) ривояти.

[179] Бухорий (7054) ва Муслим (1849) ривоятлари.

[180] Муслим (1838) ривояти.

[181] Муслим (1839) ривояти.

[182] Бухорий (7257) ва Муслим (1840) ривоятлари.

[183] Муслим (1847) ривояти.

[184] Муслим (1851) ривояти.

[185] Муслим (1852) ривояти.

[186] Муслим (1854) ривояти.

[187] Муслим (49) ривояти.

[188] Бухорий (5990) ривояти.

[189] Бухорий (7311) ва Муслим (1921) ривоятлари.

[190] Абу Довуд (4596), Термизий (2642), Ибн Можа (3991) ривоятлари.