×
Одам боласининг рўзадан ташқари барча амали ўзи учундир. Рўза эса Мен учундир. Ва унинг мукофотини Ўзим берурман

    Рўза ҳақида

    ] Ўзбек [

    الصيام

    [اللغة الأوزبكية ]

    Мунтасир Абдулғаффор

    منتصر عبد الغفار

    Тайёрлаган

    Манбаъ

    Дорул Ислом веб саҳифаси

    المكتب التعاوني للدعوة وتوعية الجاليات بالربوة بمدينة الرياض

    1428 – 2007

    Рўза ҳақида

    Улуғ рўза ибодати ҳижратнинг иккинчи йили фарз қилиниб, фарзлиги Қуръон, суннат ва ижмо билан собит бўлган. Рўзанинг фарзлиги ушбу:{Эй мўминлар тақволи кишилар бўлишларингиз учун сизлардан илгари ўтган қавмларга фарз қилингани каби, сизларга саноқли кунлар рўзасини тутиш фарз қилинди} ояти каримаси билан фарз қилингандир: (Бақара 183).

    Рўзанинг фарзлиги бобида имом Бухорий ҳазратлари ушбу Абу Ҳурайра t ривоятини келтирганлар. У киши дейдилар: бир аъробий жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ ҳузурига келиб: эй Муҳаммад, менга жаннатга киргизадиган бир амални кўрсатингиз! – деди. Шунда Росулуллоҳ ﷺ‬ у кишига: "Аллоҳга бирон нарсани шерик қилмасдан ибодат қилинг, фарз (қилинган) намозни тўкис адо этинг, фарз (қилинган) закотни ато қилинг ва Рамазон рўзасини тутинг!" –дедилар. Аъробий киши: жоним қўлида бўлган зотга қасамки, мана шулардан ортиқ ибодат қилмасман, деб ортига бурилиб кетди, шунда жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Кимни аҳли жаннатдан бир кишига қараш қувонтирса, мана шу кишига қарасин!", дедилар. (Бухорий 1397).

    Муборак Рамозон ойи Ислом дини асосларидан бири бўлмиш рўза тутиш фарз қилинган ойдир. Бу ойда тутиладиган рўза илгири қавмларга ҳам фарз қилинган бўлиб, бу муборак ой мислсиз тоат – ибодатларни ўз ичига олган ойдир. Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ ривоятида Салмон ал-Форисий шундай деганлар; Шаъбон ойи охирлаб Рамозон яқинлашгач жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ хутба қилиб шундай деган эдилар: " Эй инсонлар, муборак, улуғ ой кириб келмоқда. Бу ойда минг ойдан-да яхшироқ кеча бордир. Аллоҳ таоло бу ой рўзасини фарз қилиб, тундаги намозини суннат қилгандир. Энди ким бу ойда эзгулик хислати ила Аллоҳга тақарруб қилса, бошқа ойларда бир фарз амални адо этгандек бўлади. Ва кимда ким бу ойда бир фарз ибодатни адо этадиган бўлса, бошқа ойларда етмиш фарзни адо қилгандек бўлади. Зеро бу сабр ойидир. Сабр савоби эса жаннатдир. Бу ой ўзаро ёрдам ва кумак ойидир. Бу ойда мўминнинг ризқи зиёда қилинади. Кимда ким Рамозонда бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳлари мағфират қилиниб, гарданини дўзах ўтидан озод қилган бўлур. Ва рўзадор ажридан барор нарса камаймасдан у ҳам рўзадор ажридек, ажри савобга эга бўлади". (саҳиҳи Ибн Хузайма 1887).

    Муборак Рамозон ойи - тақво ойидир. Бу ой ўзига хос олий фазилатларга эгадир. Бу ой ўзаро ёрдам ва кўмак ойидир. Бу ой одоб-ахлоқ ва ибодат ойидир. Айнан рўза тутиб, У зотга тақарруб бажо қилган зотларни тақводорлар деб номлашининг боиси: рўзанинг махфий ибодат эканлигидандир. Шу боис, ҳадисул қудусийда Аллоҳ таоло Рўза ибодати савобини Ўзи бериши ҳақида қўйидагича хабар берди: "Одам боласининг рўзадан ташқари барча амали ўзи учундир. Рўза эса Мен учундир. Ва унинг мукофотини Ўзим берурман". Жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ айтдилар: "Бирларингиз рўза тутган кунида ёмон-ножуя гапирмасин, бақириб-чақирмасин, мабодо у билан бирон киши жанжаллашса ёки уни ҳақоратласа, икки бор: мен рўзадорман, деб жавоб берсин! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадор оғзида ўзгарган ҳид Аллоҳ ҳузурида миски анбардан-да хушбўйроқдир. Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор, бири: ифторлик қилган вақтида, яна бири: Парвардигорига рўбарў бўлганда". (Бухорий 1904).

    Яна бир ривоятда Аллоҳ таоло рўза ибодатининг мукофотини Ўзи беришининг боиси неданлиги баён қилинган. Пайғамбар ﷺ‬ айтдилар: "Рўза қурғондир. Бас, (рўзадор) ножуя сўзламасин, нодонлик қилмасин! Агар бирор киши у билан жанжаллашса ёки уни ҳақоратласа, икки бор: мен рўзадорман, десин! Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадор оғзида ўзгарган ҳид Аллоҳ наздида миски анбар ҳидиданда хушбўйроқдир. (Аллоҳ таоло дейди): рўзадор таомини, шаробини ва шаҳватини Мен учун тарк этади. Зотан, рўза Мен учундир, бинобарин рўза мукофотини ҳам Ўзим берурман. Ҳасанотлар эса ўн баробарида бўлур". (Бухорий 1894).

    * * *

    Рўза фазилатлари

    Аллоҳ таолога энг суюкли, айни вақтда серфазилат, улуғ ибодатлардан бири рўзадир.

    1- Бу ибодатнинг рўзадордан сабрни ҳамда сабр эвазига бериладиган ажри-савоб умидида Аллоҳдан қўрқишни талаб этмоғидир.

    Тақво ва ажр-савоб умидида тутилган рўзани жаноб Пайғамбаримиз рўзадорни барча гуноҳ ва хатолардан сақловчи қурғонга ўхшатганлар. Пайғамбар ﷺ‬ дейдилар: "Рўза қурғондир. Бас, (рўзадор) ножуя сўзламасин, нодонлик қилмасин! Агар биронта у билан жанжаллашса ёки уни ҳақоратласа, икки бор: мен рўзадорман, десин! Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадор оғзида ўзгарган ҳид Аллоҳ наздида миски анбар ҳидиданда хушбўйроқдир. (Аллоҳ таоло дейди): рўзадор таомини, шаробини ва шаҳватини Мен учун тарк этади. Зотан, рўза Мен учундир, бинобарин рўза мукофотини ҳам Ўзим берурман. Ҳасанотлар эса ўн баробарида бўлур". (Бухорий 1894).

    2- Рўзадорлар қиёмат куни жаннатга "Райён" номли эшикдан чақирилишлари.

    Абу Ҳурайра t ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ шундай деганлар: "Кимда ким Аллоҳ йўлида жуфт нарса инфоқ қилса (яъни жуфт от, жуфт туя ва шўнга ўхшаш) жаннат эшикларидан; эй абдуллоҳ, бу яхши амалдир – деб нидо қилинади.

    Намозхонлар (жаннатнинг) намоз номли эшигидан чақирилади. Жиҳод аҳли жиҳод номли эшигидан чақирилади. Энди ким рўза аҳлидан бўлса, у (жаннатнинг) Райён номли эшигидан чақирилади. Ва ким садақа аҳлидан бўлса, бас, у садақа эшигидан чақирилур. Шунда Абу Бакр ас-сиддиқ t: ота онам фидойингиз бўлсин, эй Росулуллоҳ! Мазкур эшикларнинг барчасидан чақирилиш учун нима амаллар қилиш керак? Ўзи бирон киши ўша эшикларнинг барчасидан чақириладими? – дедилар. Жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Албатта, сизнинг ҳам ўшалар орасида бўлишингизни умид қиламан", деб жавоб бердилар. (Бухорий 1897).

    3- Рамазон рўзасини имон ва ажри-савоб умидида тутган кишининг рўзаси ўтган гуноҳларини ювади.

    Улуғ рўза ибодати ҳам бошқа ибодатлар сингари ният ва холисликни тақозо қилади. Рўзани хўжа кўрсин учун эмас, балки Аллоҳ ризосини талаб этган ҳолда имон билан тутадиган кишиларнинг ўтган гуноҳлари рўза сабабли мағфират этилиши ҳақида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ шундай марҳамат қилганлар: "Кимда ким Рамозон (рўзасини) имон-эътиқод ва ажри-савоб умидида тутса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур". (Бухорий 1899).

    4- бу улуғ ибодатнинг жамият бирдамлигини сақловчи омил эканлиги.

    Рамозон ойида рўза тутишга қодир бўлмаган касал, кекса, жинни ва шунга ўхшаш баъзи бир рўза тутишдан истисно қилинган шахслардан ташқари барча мусулмонлар рўза тутмоқликлари фарзи айндир.

    Рўза таърифида уламоларимиз бундай деганлар: Рўза тонг вақтидан то кун ботгунчага ейиш-ечиш, ножуя сўзлар ва шаҳвоний ишлардан тийилишдир.

    Аммо шуни унутмаслик керакки, рўза ният ва ажри-савоб умид қилиш билан шаръий рўза ҳисобланади.

    Бу муборак Рамозон ойида рўза тутган ҳар бир мусулмон очлик ва ташналик маъносини англайди. Ҳаётида кўп ҳам очлик ва чанқоқлик нималигини билмаган бой-бадавлатлар Аллоҳ таолонинг уларга ато этган катта неъматларига шукр айтадилар. Айни чоқда очлик ва чанқоқликни боши кечирган рўзадор бой бадавлат қалбида фақир камбағал бечора мусулмон диндошларига нисбатан раҳм шафқат уйғонади. Натижада бой ва камбағаллар ўртасида бирдамлик юзага келади. Ўзига тўқ ҳар бир мусулмон рўзадор биродарларига ифторлик беришга шошилади. Бу муборак ойда тарқоқлик ўрнини бирдамлик, нафрат ўрнини муҳаббат эгаллайди. Бу нарса кейинги Рамозонгача ҳам давом этади.

    5- Муборак Рамозон ойининг одоб-ахлоқ ойи эканлиги.

    Рамозон рўзасини тутган ҳар бир мусулмондан, рўзаси Аллоҳ даргоҳида тўкис мақбул бўлишлиги учун бир неча шартлар талаб қилинади. Ана шундай муҳим шартлардан бири: рўзадор ёлғон гапириш ва унга амал қилишдан тийилиши лозимлигидир.

    Рўза тутиб ёлғон гапиришдан тийилмаган ёки ўзини муборак тарбия ойида йўлга солиб ололмаган киши рўза савобидан маҳрумдир. Шу боис, умматига мушфиқ Росул Акрам ﷺ‬ умматини билиб билмай рўза ойида ёлғон сўзлашдан огоҳлантирганлар. Абу Ҳурайра t ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ рўза тута туриб, ёлғон сўзлаш – ёлғон гувоҳлик бериш ва туҳматдан ўзини тиймаган киши рўзасида Аллоҳ таолога ҳеч бир ҳожат йўқлиги ҳақида шундай деганлар: "Кимдаки ёлғон сўзлаш, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк этмас экан, бас, унинг таоми ва шаробини тарк этишининг (яъни рўза тутмоғининг) Аллоҳга кераги йўқдир". (Бухорий 6057).

    Бу каби олий тарбия оғушида рўза тутган ҳар бир инсонни, бир сўз билан ҳақиқий бахтли инсон десак муболаға қилган бўлмаймиз. Зеро бу тарбиялар ҳаводан сўзламайдиган Пайғамбар сўзлари-ваҳийнинг бир қисмидир.