×
Мен мусулмонман

Мен мусулмонман

Д. Муҳаммад ибн Иброҳим Алҳамд қаламига мансуб

Мен мусулмонман, яъни менинг диним исломдир. Ислом – бу улуғ ва муқаддас бўлган сўз, пайғамбарларнинг биринчисидан то охиргисигача мерос бўлиб қолиб келаётган сўздир. Бу сўз муқаддас маъноларни ва қадриятларни ўз ичига олгандир. Бу сўз – Яратувчига таслим бўлиш, итоат қилиш ва бўйсуниш маъноларини ўз ичига олади. Ва яна тинчлик, саломатлилик, хотиржамлик, барча учун бахт маъноларини англатади. Шунинг учун «Салом ва Ислом» сўзлари ислом шариатидаги энг кўп ворид бўладиган сўзлардир. Ас-Салаам- Аллоҳнинг исмларидан бир исми. Ва мусулмонлар учрашганда ҳам «Салом» сўзи билан саломлашадилар. Жаннат аҳлининг саломи ҳам «Салом» сўзи биландир. ҳақиқий мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омон бўлган кишидир. Ислом – Барча инсонлар учун яхшилик дини бўлиб унга барча кира олади ва ислом дунёю охиратда бахт йўлидир. Шунинг учун бу дин - динларнинг охиргиси, барча нарсани ўз ичига олган, кенг, очиқ-ойдин, ҳамма учун очиқ бўлиб келди. Ислом инсонларни ирқларга, оқу қорага бўлмайди, балки барчага бирдай қарайди. Исломда ҳеч ким ажралиб турмайди, фақат илмига қараб қадрланади. Шунинг учун ҳам ҳамма тоза нафс эгалари исломни қабул қилади. Чунки у инсон фитратига мувофиқдир. Барча инсоннинг фитрати яхшиликка, адолатга, ҳурриятга, Роббисини яхши кўришга, у зотгагина сиғинишга лойиқ ва ундан бошқа маъбуд йўқлигига мойил бўлиб туғилади. Агар-да инсоннинг фитратини бошқа бир нарса бузиб юбормаса, ҳеч қачон бу нарсалардан бурилиб кетмайди. Инсонларнинг яратувчиси, Роббиси, маъбудлари бўлган Аллоҳ исломни танлади ва шу динни ушлаганлардангина рози бўлади.

Менинг ислом диним менга бу дунёда яшашимни ва ўлганимдан кейин охират диёрига ўтишимни ўргатди. У диёр боқийлик диёридир. У диёрда инсонларнинг борар жойи ёки жаннат ёки дўзах бўлади.

Ислом диним мени баъзи нарсаларга буюриб, баъзи нарсалардан қайтаради. Агар мен диним буйруқларини бажарсам, қайтарган нарсаларидан қайтсам, дунё ва охиратда бахтли бўламан Агар мен унга эътиборсиз бўлсам, дунё ва охиратда қанчалик эътиборсизлигим ва камчилигимга қараб бахтсиз бўламан. Ислом буюрган нарсаларининг ичида энг улуғи Аллоҳни яккалашдир. Мен гувоҳлик бераман, бутун вужудим билан эътиқод қиламанки, албатта, Аллоҳ яратувчим ва маъбудимдир. Аллоҳни яхши кўрганимдан, унинг жазосидан қўрққанимдан, савобига бўлган умидимдан ва унга бўлган таваккулимдан келиб чиққан ҳолда, у зотдан бошқага ибодат қилмайман. Тавҳид – Аллоҳни ягона илоҳ деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб гувоҳлик беришдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг охиргисидирлар, Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборди, у зот билан пайғамбарлар келишини ниҳоясига етказди ва пайғамбаримиздан кейин бошқа пайғамбар йўқдир. У киши олиб келган дин, ҳар бир замонга, маконга ва умматга мос бўлган диндир.

Диним фаришталарга, барча пайғамбарларга қаттиқ ишонишга буюради. Пайғамбарларнинг бошида Нуҳ, Иброҳим, Мусо Ийсо ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳнинг уларга саломи бўлсин.

Ва яна самовий китобларга иймон келтиришга, уларнинг охиргиси, ҳотами ва энг улуғи Қуръони Каримга эргашишга буюради.

Ва яна диним барча инсонлар қилган амалларига кўра мукофот ёки жазо оладиган кунга - Қиёмат кунига иймон келтиришга буюради. Ва яна Қадарга иймон келтиришга, менга унда нима битилган бўлса, хоҳ яхшилик, хоҳ ёмонлик бўлсин, рози бўлишга ва нажот топиш йўлларини тутишга буюргандир. Қадарга иймон келтириш менга роҳат, хотиржамлик ва бўлган ишга ачинмасликни бахш этади. Шуни (аниқ) биламан-ки, мен(инг ёним)дан хато қилиб ўтиб кетган нарса (аслида) тегиши керак эмас эди! Қандай мусибатга учраган бўлсам, у мендан адашиши (тегмасдан ўтиб кетиши) мумкин эмас эди! Ҳамма нарса тақдиримга Аллоҳ томонидан битилган. Мендан фақатгина сабабларни ушлаб, ундан кейин нима бўлса ҳам, шунга рози бўлиш талаб қилингандир.

Ислом – Руҳимни тозалайдиган яхши амалларга ва Роббим рози бўладиган улуғ ахлоқларга, буюради. Ва яна у амаллар нафсимни тозалаб, кўкрагимни кенг қилиб, қалбимга бахт олиб киради. Ва яна йўлимни нурлантириб, халқ орасида манфаатли киши қилиб мени кучга тўлдиради.

Бу амалларнинг энг улуғи – Аллоҳни яккалаш, куну тунда беш вақт намозни ўз ўрнида ўқиш, закотни адо этиш, бир йилда бир ой Рамазон ойида рўза тутиш ва кимки қодир бўлса, Аллоҳнинг муқаддас уйига ҳажга боришдир.

Ва менинг диним кўкракни кенг қиладиган нарсаларнинг энг яхшиси, Аллоҳнинг каломи Қуръонни ўқишликка йўл кўрсатди. У Аллоҳнинг сўзи, сўзларнинг энг тўғриси, энг чиройлиси ва энг улуғидир. У китоб олдингию охиргиларнинг илмини ўз ичига олгандир. Агар Қуръонни эшитаётган ёки ўқиётган одам араб тилини яхши тушунмаса-да, уни ўқишлик, эшитишлик қалбга хурсандчилик, роҳат ва бахт ато этади. Ва қалбни кенг қиладиган нарсаларнинг энг яхшиларидан Аллоҳга кўп дуо-илтижо қилиш ва у зотдан кичигу катта нарсаларни сўрашдир. Аллоҳ дуо қилганларнинг дуосини ва холис ибодатларини қабул қилади.

Ва яна қалбга хотиржамлик берувчи нарсалардан бири Аллоҳ таолони кўп зикр қилиб эслашликдир.

Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени Аллоҳ таолони зикр қилиш йўлларига ва зикрларнинг энг афзалларига йўллаб қўйдилар. У зикрлар: Қуръондан кейинги энг афзал тўрт сўз: (Субханаллоҳ, валҳамдулиллаҳ, валаа илааҳа илла Аллоҳ ва Аллоҳу акбар)

Ва яна: Астағфируллоҳ ва Лаа хавла ва лаа қуввата илла биллаҳ.

Бу сўзларнинг қалб хотиржам бўлиб таскин топишида ва кўкрак кенг бўлишида ажиб бир таъсири бордир.

Ислом дини менга қадримни баланд тутишни буюради ва инсонийлигимга ва обрў-эътиборимга тўғри келмайдиган ишлардан қайтаради. Ва яна ақлимни, аъзоларимни нима учун яратилган бўлсам, шу нарсага ва дунёю динимга манфаат олиб келадиган нарсаларга ишлатишни буюради.

Ислом мени раҳмдилликка, яхши хулқларга, чиройли муомалага ва махлуқотларга қўлдан келганча сўз ва феъл билан яхшилик қилишга буюради.

Инсонлар ичида ҳақларини бажаришим керак бўлган инсонларнинг энг улуғи ота-онам ҳақларидир. Диним мени уларга энг чиройли турда яхшилик қилишга, уларга яхшиликни раво кўришга, уларни бахтли қилишга қаттиқ ҳарис бўлишга ва уларга манфаатли нарсаларни тақдим қилишга, хусусан ёшлари бир жойга етганда кўпроқ эътибор беришга буюради. Шунинг учун ҳам мусулмон халқларга эътибор берсангиз, уларнинг ота-оналарининг қадри баланд, ҳар доим болалари уларни ҳурмат қилиб, уларга хизмат қилаётганларини кўрасиз. Ота-оналарининг ёши қанча катта бўлса ёки бирор касалликка учрасалар ёки қанча ожизликлари зиёда бўлса, болаларининг уларга бўлган яхшиликлари унданда зиёда бўлади. Ва менинг диним аёл кишининг қадри улуғ эканини унинг улуғ ҳақ-ҳуқуқлари бор эканини ўргатади. Аёллар исломда эркакларнинг тенгдошлари ва инсонларнинг энг яхшиси ўз оиласига энг яхшисидир. Муслима аёл чақалоқлик даврида уни эмизишлик, парваришлаш, ғамхўрлик қилиш, яхши тарбия қилиш ҳақ-ҳуқуқлари бордир. У чақалоқлик даврида кўзнинг қувончи ва ота-она, ака-каларининг қалб чечаклари. Агар у катта бўлса, азиз ва қадри баланддир. Валийси уни бошқалардан рашк қилади ва уни парваришлайди, ғамхўрлик қилади. Ҳеч кимнинг қўли ёмонлик ила унга етишига ёки тили ила озор беришига ёки хиёнат кўзи ила қарашга йўл қўймайди. Агар у билан оила қурадиган бўлса, Аллоҳнинг сўзи билан ва унинг қасами билан бўлади. Ва у умр йўлдошининг уйида азиз бўлади. Умр йўлдошининг унга ҳурмат ила яхшилик қилиши ва унга зиён бермаслиги вожиб бўлади.

Агарда у она бўлса, унга яхшилик қилиш Аллоҳнинг ҳақлари билан боғланади. Ва унга оқ бўлиш, ёмонлик қилиш Аллоҳ таолога ширк келтириш ва ер юзида фасод қилиш билан боғланади.

Агар у сингил бўлса, унга сийлаи раҳм қилиши, уни ҳурмат қилиши ва рашк қилиши вожиб бўлади. Қачонки, аёл хола бўладиган бўлса, она каби яхшилик қилиниши керак бўлади.

Агар аёл момо, буви бўлса, ёши катта бўлса, унинг болалари, невалари ва барча яқинлари олдида қадри зиёда бўлади. Унинг талаби рад қилинмайди ва ҳеч кимнинг раъйи уникидан устун турмайди.

Агарда аёл кишининг яқини бўлмаса, ҳеч қандай қариндошлик ёки қўшничилик ришталари бўлмаса, унинг исломда бошқа ҳақ ҳуқуқлари бор. Масалан, унга озор бермаслик ва ундан кўзни тийиш каби.

Мусулмон халқлар, бу ҳақ-ҳуқуқларга ҳалигача риоя қилишмоқда, ва бу нарса мусулмонлардан бошқа халқлардан фарқли ўлароқ, аёл кишининг қадр-қийматини баланд қилиб туради.

Сўнгра аёл кишининг исломда бир нарсага эгалик қилиш, ижарага олиш, сотиб олиш ва сотиш каби шунга ўхшаш кўп ҳуқуқлари ҳам бордир. Ва яна аёлнинг ўрганиш, ўргатиш ва шариатга тўғри келадиган жойларда ишлаш ҳуқуқлари ҳам бор. Балки илмлар ичида шундай илмлар борки, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл уни ўрганишлиги фарз, ўрганмаганлар эса гуноҳкор бўлади.

Эркакларда қандай ҳуқуқлари бўлса аёлларда хам шундай фақатгина баъзи аёлларга мос аҳкомлар бор. Бу хос нарсалар ўз ўринларида бошқа жойларда зикр қилингандир

Ва яна менинг диним ака-укаларимни, амакилариму аммаларимни, тоғаю холаларимни ва барча қариндошларимни яхши кўришга буюради. Ва яна аёлимни, болаларимни ва қўшнилармни ҳаққини адо қилишга буюради.

Диним илм олишга, ақлимни, фикрлашимни такомиллаштирадиган, тана аъзоларимни ўстирадиган нарсаларга буюради.

Ва яна у мени ҳаёга, ҳалимлиликка, сахийликка, шижоатга, ҳикматга, оғир-босиқ бўлишга, сабрга, омонатдорликка, тавозеъликка, иффатга, виждонли бўлишга, вафодор бўлишга, инсонларга яхшиликни раво кўришга, ҳалол ризқ топишга, мискинларга юмшоқ бўлишга, касалларни зиёрат қилишга, чиройли сўзлашишга, инсонлар билан табассум ила гаплашишга ва уларни қўлдан келгунча бахтли қилишга ҳаракат қилишга буюради.

Ва шунинг муқобилида жаҳолатдан, куфр келтиришдан, худосизликдан, осийликдан, фаҳш ишлардан, зинодан, ғайритабий ишлардан, кибрдан, хасаддан, адоватдан, ёмон гумондан, келажакка ишончсизлик билан қарашдан, қайғуришдан, ёлғондан, умидсизликдан, бахилликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, ғазабдан, енгилтакликдан, ахмоқона ишлардан, одамларга ёмонлик қилишдан, фойдасиз кўп гапиришдан, инсонларнинг сирларини фош қилишдан, хиёнатдан, ваъдага бевафоликдан, ота-онага оқ бўлишдан, қариндош-уруғчиликни узишдан, болаларга эътиборсиз бўлишдан, қўшниларга ва бошқаларга азият беришдан қайтаргандир.

Ва яна ислом мени маст қилувчи ичимликларни ичишдан, наркотик моддаларни истеъмол қилишдан, қимор ўйнашдан, ўғирликдан, алдаб хиёнат қилишдан, ҳийла-найранг қилишдан, одамларга дўқ қилишдан, жосуслик қилишдан, авратларини кузатишдан қайтарган.

Ва яна ислом диним инсонларнинг молини сақлайди. Албатта, бу нарсада тинчлик ва омонат бордир. Шунинг учун ҳам омонатдорликка чақирди ва омонат аҳлини мақтади, уларга чиройли ҳаёт ва жаннатни ваъда қилди. Ислом ўғирликни ҳаром қилди ва ўғирлик қилган кишига дунё-охиратда қаттиқ жазо бор экани ҳақида хабар берди.

Ва яна менинг диним инсонларни сақлайди. Шунинг учун ҳам ноҳақ қотилликни ва бошқаларга тажовуз қилишни ҳаром қилди, агарда тажовузкорлик тил билан бўлса ҳам ҳаромдир

Ҳаттоки, инсон ўз нафсига тажовуз қилишини ҳам ҳаром қилди. Инсон ўз ақлига ва соғлиғига зарар беришдан ҳамда ўзини ўлдиришдан қайтарди.

Ислом диним инсонларнинг озодлигини ўз кафиллигига олди ва тартибга солди. Инсон исломда ўз фикрларида, олди-сотдисида, тижоратида, кўчишликда озоддир. Ва ҳаёт лаззатларидан роҳатланишда, ейишда, ичишда, кийишда ва эшитишда озоддир. Ўзига ё бошқага зарар берадиган ҳаром иш қилмаса бўлди.

Диним озодликни тартибга солди деганимдаг мақсад: Бировга тажовуз қилишдан қайтарди. Молига, инсонийлигига ва бахтига зиён берадиган лаззатларни чеклаб қўйди.

Ўзларига озодлик дея эрк берган ва шаҳватларига кўр-кўрона, ақл юритмасдан, диний нарсаларга қулоқ тутмай юрганларнинг ҳаётига назар соладиган бўлсанг, уларни бахтсизлик, танглик ўраб олганини кўрасан. Баъзилари ўз ғамларидан қутула олмай, жонига қасд қилаётганини кўрасан.

Ва яна диним ейишда, ичишда, ухлашда ва инсонлар билан сўзлашганда энг яхши одобларни ўргатади.

Ва яна олиб-сотишда, ҳақларни талаб қилишда очиқкўнгиллик бўлишга ўргатади. Диним менинг динимга хилоф бўлганларга ҳам очиқкўнгил бўлишга, уларга зулм қилмасликка, уларга ёмонлик қилмасликка, балки яхшилик қилишга ва уларга ҳам яхшилик етишига умид қилишга буюради. Ва мусулмонларнинг тарихи уларнинг қанчалик ўз душманларига очиқкўнгил эканликларига гувоҳлик беради. Улардан олдин ҳеч қайси уммат бундай очиқкўнгил бўлмаган. Мусулмонлар ҳар хил дин эгалари бўлиб, битта султон остида кўп яшашган. Ва мусулмонлар барча инсонлар билан энг яхши муомалада бўлишган. Ва яна бахтим давом этиши, ҳаётим чиройли ўтиши учун нафис одоблар, чиройли муомалаларни ва улуғ хулқларни ўргатди. Ва ҳаётимни булғайдиган, ижтимоий тинчлигимга, нафсимга, ақлимга, молимга, шарафимга ва обрўйимга зарар берадиган нарсалардан қайтарди. Шу таълимларни оладиган бўлсам, у менинг бахтли бўлишимга етади. У таълимларга эътиборсизлигим ва камчилигимга қараб бахтим озаяди.

Бу дегани мен бехато ва мен беайб камчилигим йўқ дегани эмас. Шунинг учун ҳам диним менинг табиатимни, баъзи пайтлардаги заифлигимни эътиборга олди. Мен хато қиламан, камчилик ва эътиборсизлик қиламан, шунинг учун менга тавба, истиғфор ва Аллоҳга қайтиш эшикларини очиб қўйди. Тавба менинг гуноҳларимни ўчиради ва Роббим олдидаги қадримни баланд қилади.

Ақида, ахлоқ, одоб ва муомала каби дин таълимларининг барчаси Қуръони каримдан ва Суннати мутоҳҳарадан олингандир.

Сўзимнинг охирида қатъий турда айтаманки: «Агар қайсики инсон оламнинг қайси бир жойидан бўлса ҳам, ислом динига адолат кўзи билан қарайдиган бўлса, динни ҳеч ўйламасдан қабул қилган бўлар эди. Лекин ёлғон, тўқима тухматлар остида қолиб кетгани ва исломни даъво қилгувчиларнинг баъзи исломдан бўлмаган ишлари ислом учун катта мусибат бўлиб қолган.

Агар бир инсон исломнинг аслига ва унга амал қилувчиларнинг аҳволига чин юракдан назар солганда, уни қабул қилишга ва унга киришга иккиланмаган бўларди. Ва унга ислом инсонларни бахтли бўлишга даъват қилаётгани, тинчликка, омонликка, яхшиликка ва омонликка чақираётгани аён бўлади. Аммо ўзини ислом динига мансуб қилган айрим инсонларнинг баъзи адашувлари дин ҳисобидан бўлмаслиги керак. Балки, ислом у ишлардан тозадир. Диндан бурилиб кетганларнинг бурилишлари ўзларигагина тегишли. Чунки ислом бу нарсага буюрмагандир. Балки у ишлардан ва диндан оғиб кетишдан қайтарган ва қаттиқ тўсгандир. Сўнгра адолат бу - ҳақиқатда унга амал қиладиганларга, буйруқларини ва аҳкомларини бажарадиганларга боқиш билан бўлади. Ва шу нарса инсон қалбида исломга ва унинг аҳлига бўлган ҳурмат ва улуғлаш туйғусини уйғотади. Ислом қандай бир кичик ёки катта яхши иш бўлмасин ҳаммасига йўл кўрсатди. Қандай бир ёмон ва бузуқ иш бўлмасин, ундан ва унга олиб борувчи йўлдан қайтарди.

Шунинг учун ҳам уни ва унинг шиорларини улуғловчилар энг бахтли инсонлар бўлишди. Ва ана ўша инсонлар нафсни тарбиялашда, унга яхши одат ва ахлоқларни ўргатишда энг чўққисида бўлишган. Бу сўзимиз рост эканлигига яхши ҳам ёмон ҳам, дўст ҳам душман ҳам гувоҳлик беради.

Аммо ўз динларига эътиборсиз қараб унинг тўғри йўлидан оғган мусулмонларгагина қарашлик бу адолатдан эмасдир. Балки бу очиқ-ойдин зулмдир.

Ва яна сўзимнинг якунида айтаманки, ҳар бир мусулмон эмас инсон исломни ўрганишга ва унга киришликка ҳарис бўлиши керак.

Энди ким динга кирмоқчи бўлса, фақатгина Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг элчиси деб гувоҳлик беришгина талаб қилинади. Ва диндан Аллоҳ таоло унга вожиб қилган нарсаларнигина ўрганса бўлди. Исломни қанча кўп ўрганса, қанча кўп амал қилса, шунча Роббисининг олдида даражаси олийлашиб янада бахтлироқ бўлади.