Нафл рўза
Бу материал ... таржима қилинган
Категориялар
Full Description
Нафл рўза
«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос
صوم التطوع
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي
> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <
Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий
محمد بن إبراهيم التويجري
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
ترجمة: أبو عبد الله الشاشي
Нафл рўза
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзаларининг сифати:
1. Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазондан бошқа бирор ойда ҳечам тўлиқ рўза тутмадилар. Ул зотнинг узлуксиз рўза тутганларини кўрган киши, “Оллоҳга қасамки, рўза тутишни тўхтатмасалар керак”, дерди. Рўза тутмай юрганларини кўрган киши эса, “Оллоҳга қасамки, энди рўза тутмасалар керак”, дерди” (Муттафақун алайҳи).
2. Ҳумайд Анасдан эшитганини шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ойда ҳеч рўза тутмаганларидан бу ойда рўза тутмасалар керак, деб ўйлардик. Баъзан эса, узлуксиз рўза тутганларидан бу ойда рўза тутмаган кунлари қолмаса керак, деб ўйлардик. Ул зотни кечаси намоз ўқиган ҳолатда кўраман деган киши ҳам, ухлаётган ҳолатда кўраман деган ҳам мутлақо кўрарди” (Бухорий ривояти).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл рўза тутишдаги йўллари:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл рўзалари уч турлидир:
Биринчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тутишга тарғиб қилган ва ўзлари ҳам доимий тутган рўза тури. Бунга ҳар ойда уч кун ва Муҳаррам ойининг илк ўн кунидаги рўзалар мисол бўлади.
Иккинчи: Тутишга тарғиб қилган ва ўзлари ҳам кўп рўза тутган рўза тури. Бунга Шаъбон ойидаги рўза мисол бўлади.
Учинчи: Тутишга тарғиб қилган, бироқ баъзи сабабларга биноан ўзларининг тутганлари нақл қилинмаган рўза тури. Бунга Шаввол ойида олти кун, душанба куни, бир кун тутиб, бир кун тутмай юриш, Муҳаррам ойи рўзаси мисол бўлади.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга сўзлари, амаллари ва ахлоқларида чиройли суратда эргашиш ва итоат қилиш бизга вожибдир.
“(Эй мўминлар), сизлар учун — Оллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Оллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Оллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир” (Аҳзоб сураси, 21).
Рўзанинг қисмлари:
Шаръий рўзанинг икки тури мавжуд:
Фарз рўза: Рамазон ойи рўзаси, назр рўза, қасамни бузган, хатога йўл қўйиб қатл қилиб қўйган, зиҳор қилган, Рамазон кундузларида хотини билан қўшилиб қўйган киши зиммасидаги каффорат рўзаси.
Нафл рўза: Нафл рўза ўз навбатида иккига бўлинади: Мутлақ ва тайин қилинган. Уларнинг айримлари бошқаларига қараганда таъкидлироқдир.
Нафл рўза тутишликда буюк савоб, зиёда ажр-мукофот, фарз рўзада йўл қўйилган камчилик ва хатоларни ўрнини тўлдиришлик, қалб ва бадан учун манфаат, ифтор маҳали ва қиёмат куни савобини олаётганидаги хурсандчилик, аъзоларининг муҳофаза қилиниши бордир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Оллоҳ таоло деди: “Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно, у Мен учундир ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман”. Рўза қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, беадаб сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар биров у билан уришса, ё ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман”, десин.
Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Оллоҳ наздида мушк-анбардан кўра яхшироқдир. Рўзадорни хурсанд қиладиган икки қувончи бор: бири ифтор қилганда, иккинчиси Парвардигорига йўлиққанида рўзаси билан хурсанд бўлади” (Муттафақун алайҳи).
Нафл рўзанинг турлари:
Шариятимизда рўзанинг тўрт тури бор:
1. Кун сайин такрорланиб турадиган рўза. Бир кун рўза тутиб, бир кун тутмаслик каби.
2. Ҳафта сайин такрорланиб турадиган рўза. Душанба куни рўзаси каби.
3. Ой сайин такрорланиб турадиган рўза. Ҳар ой уч кун рўза тутиш каби.
4. Йил сайин такрорланиб турадиган рўза. Арафа куни рўзаси, Муҳаррамнинг ўнинчи куни рўзаси, Шаввол ойида олти кун, Зулҳижжа ойида ўн кун, Муҳаррам ва Шаъбон ойларида тутиладиган рўзалар каби.
Нафл рўзанинг қисмлари:
Нафл рўза саккиз қисмга бўлинади, улар қуйидагилардир:
1- Энг афзал нафл рўза Довуд алайҳиссаломнинг рўзаси бўлиб, бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасликдир.
2- Рамазон ойидан кейин энг афзал рўза Муҳаррам ойи рўзаси бўлиб, унинг ҳам ўнинчи, сўнгра тўққизинчи куни таъкидлангандир. Муҳаррамнинг ўнинчи куни тутилган рўза ўтган йилги гуноҳларга каффоратдир. Яҳудийларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи ва ўнинчи кунида рўза тутиш суннатдир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Рамазондан сўнг афзал рўза Оллоҳнинг Муҳаррам ойида тутилган рўза, фарз намоздан сўнг афзал намоз кеча намозидир” (Муслим ривояти).
3- Шаввол ойида олти кун рўза тутиш.
Абу Айюб разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким Рамазонда рўза тутса, сўнгра унинг кетидан Шавволдан олти кунни эргаштирса, гўёинки бир йил рўза тутгандек бўлибди” (Муслим ривояти).
Ҳайитдан кейинги кундан бошлаб, узлуксиз тутиш афзалдир. Бу кунларнинг орасини бўлиб тутиш ҳам жоиздир.
4- Ҳар ойда уч кун рўза тутиш. Бу билан бир ой рўза тутгандек бўлади. Кечалари ойдин кунларда, яъни қамарий ойнинг ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунлари рўза тутиш суннатдир. Шунингдек, истаса ойнинг бошида, ёки охирида уч кун тутиши мумкин.
Муоза Адавийя Оиша разиялоҳу анҳодан “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ойда уч кун рўза тутар эдиларми?”, деб сўради. “Ҳа”, деди Оиша разияллоҳу анҳо. “Ойнинг қайси кунлари тутар эдилар?”, деб сўради. “Ойнинг қайси кунлари эканига эътибор бермасдан тутаверар эдилар”, деди Оиша разияллоҳу анҳо” (Муслим ривояти).
5- Зулҳижжа ойининг дастлабки тўққиз куни рўзаси. Бу кунларнинг ҳам афзали тўққизинчи куни, яъни Арафа куни рўза тутишликдир. Ҳажда бўлганлар хориж. Арафа кунининг рўзаси ўтган ва келажак йилдаги, яъни икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
6- Оллоҳ йўлида рўза тутиш.
Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитганман дейди: “Ким Оллоҳ йўлида бир кун рўза тутса, Оллоҳ унинг юзини дўзахдан етмиш йил узоқ қилади” (Муттафақун алайҳи).
7- Шаъбон ойининг бошида рўза тутишни кўпайтириш суннатдир.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан рўза тутар эдилар, биз рўза тутишни тўхтатмасалар керак, дердик. Ул зот баъзан рўза тутмас эдилар, биз энди рўза тутмасалар керак, дердик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ойлар ичида Рамазоннигина тўлиқ тутганларини ҳамда Шаъбоннинг аксарият қисмида рўза тутганларини кўрганман” (Муттафақун алайҳи).
8- Ҳар ҳафта душанба куни рўза тутиш.
Абу Қатода Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларидан ҳамда бир кун рўза тутиб, бир кун тутмаслик ҳақида сўралдилар: “Бу биродарим Довуд алайҳиссаломнинг рўзасидир”, дедилар.
Кейин душанба куни рўзаси ҳақида сўралдилар. “У кунда дунёга келганман, у кунда пайғамбар бўлдим (ёки менга ваҳий келди)”, дедилар.
Кейин Арафа куни рўзаси ҳақида сўралдилар. “Ўтган ва келажак йил(даги гуноҳлар)га каффорат бўлади”, дедилар.
Кейин Ошуро куни рўзаси ҳақида сўралдилар. “Ўтган йил(даги гуноҳлар)га каффорат бўлади”, дедилар (Муслим ривояти).
Арафа ва Ошуро кунининг рўзасини бошқа вақтда тутиб беролмагани учун мусофир киши ҳам тутиши суннатдир. Токи уларнинг савобидан баҳраманд бўлсин. Ҳожилар Арафа кунининг рўзасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда тутмайди. Бундан кўзланган мақсад, ҳаж ибодатини адо қилишда бақувват бўлишдир.
Шанба ва Якшанба кунлари рўза тутишнинг ҳукми:
Шанба ва якшанба кунлари мушрикларнинг байрамидир. Бу кунларда рўза тутиш уларга хилоф қилиш бўлгани учун мустаҳабдир.
Рўза тутиш ҳаром бўлган кунлар:
1. - Рамазон ва қурбон ҳайит кунлари;
- Шак куни, яъни Рамазон бўлиши мумкин деган эҳтимол билан эҳтиётан Шаъбоннинг ўттизинчи куни;
- Ташриқ кунлари (фақат мутъа ва қирон шаклида ҳажга ният қилиб, қурбонлик тополмаган бўлса, уч кун ҳаж пайтида ва етти кун ҳаждан қайтгандан кейин рўза тутади. Бу ҳолатга тушган киши ташриқ кунларида рўза тутиши жоиз)
- Доимий рўза тутиш ҳаромдир.
2. - Фақат Ражаб ойида тўлиқ рўза тутиш ҳаромдир, чунки бу жоҳилият одатларидандир. Агар Ражабга бошқа ойни қўшиб тутса, жоиздир.
- Жумъа куни мусулмонларнинг байрами бўлгани учун фақат жумъа куни рўза тутиш макруҳдир. Агар жумъа кунига бошқа кунни қўшиб тутса, жоиздир.
3. Аёл киши эри ёнида бўлганда эридан беизн нафл рўза тутиши мумкин эмас. Рамазон рўзасини ҳамда Рамазон рўзаси қазосини вақти оз қолган бўлса, эридан изн олмасдан рўзасини тутаверади.
Қазодан олдин Шавволнинг олти кунини тутишнинг ҳукми:
Кимнинг Рамазондан қолган қазоси бўлсаю, қазодан олдин Шавволнинг олти куни рўзасини тутса, (юқорида ҳадисда айтилган) мазкур савобга эга бўлмайди. Фарз рўзани нафлдан олдин қўйиш керак ва дастлаб Рамазон рўзасини тўлдириб, ундан кейин ортидан Шавволнинг олти кунини эргаштириш керак. Ана ўшанда айтилган савобга эга бўлинади.
Нафл рўзани бузишнинг ҳукми:
Ким нафл рўза тутган бўлса, кейин рўзани очишга тўғри келиб қолса, очиши мумкин. Қазосини тутиш шарт эмас. Фақат рўзани бекордан бекорга эмас, ўринли сабаб билангина очиши мумкин. Яна нафл рўзани кундузи бошлаш ҳам жоиздир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда келадики: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдимга кириб: “(Ейиш учун) бирор нарса борми?”, дедилар. “Йўқ”, дедим. “Ундай бўлса, мен(бугун) рўзадорман”, дедилар.
Кейин бошқа бир куни яна олдимга кириб келдилар. Менга ҳайс (хурмо, ёғ, пишлоқ (сузма) аралаштирилиб тайёрланган таом) ҳадя қилинган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайсни яхши кўрганлари учун озгинасини олиб қўйган эдим. Шунда мен: “Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайс ҳадя қилинган эди. Шундан сизга ҳам олиб қўйган эдим”, дедим. “Қани, кўрсат-чи, бугун кунни рўза билан бошлаган эдим”, дедилар. Кейин ундан едилар” (Муслим ривояти).
* * *