×
Ушбу мақолада Шайх ибодатнинг маъносини ва унинг аҳамиятини ҳамда бандаларни мана шу ибодат учун яратилганини баён қилиб берадилар.

    Ибодат.

    "Мухтасар ал-фиқҳ ал-исломий" китобидан иқтибос

    ﴿العبادة﴾

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    ] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [

    Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

    Таржимон: Шамсуддин Ҳакимзода

    Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

    2009 - 1430

    ﴿العبادة﴾

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    « باللغة الأوزبكية »

    محمد بن إبراهيم بن عبد الله التويجري

    ترجمة: شمس الدين حكيم زادة

    تحرير: شمس الدين درغامي

    2009 - 1430

    Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

    Ибодат

    ● Ибодатнинг маъноси:

    Ибодат фақат Аллоҳ таологагина лойиқдир. Ибодатнинг икки маъноси бор:

    1) Тааббуд яъни, ибодат қилиш. Бу ибодат Аллоҳни севароқ ва Унга бўйин эгароқ буюрган нарсаларини адо этиш ва қайтарган нарсаларидан қайтиш билан ифодаланади.

    2) Ибодат. Бўйин эгилган яъни адо этилган нарсалар. Бу эса Аллоҳ севган ва рози бўлган барча сўзлар ва дуо, зикр, намоз, муҳаббат ва шу каби бошқа зоҳирий-ботиний амалларни ўз ичига олади. Масалан, намоз ибодат ва уни адо этиш тааббуддир. Биз Аллоҳ таолога ҳокисорлик билан, Уни севиб, улуғлаб, бўйин эгиб ибодат қиламиз. Шунингдек, барча ибодатларимизни Унинг Ўзи кўрсатиб (шариат қилиб) берган тарзда адо этамиз.

    ● Аллоҳ инсонлар ва жинларни нима учун яратди?

    Бу коинотдаги икки салмоқли жонзотлар: инсонлар ва жинларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло беҳудага ва фақат еб-ичиб, ўйнаб- кулиб кетгани эмас балки, муайян бир мақсад билан яъни, Аллоҳ азза ва жалланинг ёлғиз Ўзига, ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қилишлари, Уни улуғлашлари, Унинг буйруқ ва таъқиқларига итоат қилишлари, ҳадларини раоя қилишлари учун яратди. Аллоҳ таоло деди:

    (Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим.) Зариёт 56 оят.

    ● Аллоҳга қай тариқа ибодат қилинади?

    Аллоҳга ибодат қилиш икки асосий негиз устига қурилган бўлиб, улар:

    1) Аллоҳ азза ва жаллани комил сувратда севиш

    2) Унга том маънода бўйин суниш

    Ўз навбатида бу икки негиз ҳам бошқа икки буюк пойдевор устига қуриладики, улар:

    1) Аллоҳнинг миннат-фазли ва эҳсон-марҳаматини мушоҳада қилиш. (Чунки худди мана шу ҳиссиёт натижасида вужубий сувратда Аллоҳга севги келиб чиқади)

    2) Ҳар бир нафс ўз айбини кўра билиши ва (шунинг натижасида) Аллоҳга ҳокисорликни пайдо қиладиган амал.

    Ҳа. Банда ўз Роббисига борадиган энг яқин эшик – бу Роббига ҳокисорлик эшигидир. Бас у (банда Робби ҳузурида) ўз нафсини ҳар нарсадан мосуво сезсин ва ҳар бир ҳолатида, ҳар қайси мақомида ўзини Робби таолога том маънода муҳтожлигини, агар бир лаҳза ўз ҳолига ташлаб қўйилса ҳалок ва бебахт бўлишини ҳис қилсин! Аллоҳ таоло деди:

    Сизларга берилган барча ноз-неъматлар ёлғиз Оллоҳдандир. Шунингдек, қачон сизларга (бирон) бало-мусибат етса ҳам фақат Унгагина илтижо қилурсизлар. Сўнг, У зот сизлардан балони аритганида эса, баногоҳ сизларнинг орангиздан бир тўда чиқиб, Биз уларга ато этган нарсаларга куфрони неъмат қилишиб, Парвардигорларига ширк келтирурлар. Бас, (эй мушриклар, тўрт кунлик дунёда Биз берган неъматлардан) фойдаланиб қолинглар. Яқинда, (яъни, Қиёмат Кунида бу ширкларингизнинг оқибатини) билурсизлар. Наҳл сураси 53-55 оятлар.

    ● Ибодати комил одамлар

    Одамлар орасидаги энг ибодати комил бўлганлари Аллоҳнинг пайғамбарларидар. Чунки, улар Аллоҳни энг яхши таниб-билган ва энг кўп улуғлаган одамлар эди. Аллоҳ уларни элчи қилиб юбориш билан фазилатларини зиёда қилди[1]. Кейин уларнинг хос убудият фазилатларининг устига элчилик фазилати ҳам қўшилди. Пайғамбарлардан кейинги ибодати комил одамлар пайғамбарларни мукаммал сувратда тасдиқлаган, уларнинг буйруқларини қиёмига еткизиб адо қилган сиддиқийнлар, улардан кейин шаҳидлар, улардан кейин эса солиҳинлардир. Аллоҳ таоло деди:

    Кимда-ким Оллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар Оллоҳ инъомларига сазовор бўлган зотлар — пайғамбарлар ҳақ-рост иймон эгалари, шаҳидлар ва фақат яхши амаллар билан ўтган кишилар билан бирга бўлурлар. Улар эса энг яхши ҳамроҳлардир. нисо сураси 69-оят

    ● Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи

    Осмонлар-у ердаги барча махлуқотлар устида Аллоҳнинг ҳаққи бор бўлиб, у тубандагилардан иборатдир:

    1) ҳеч нарсани шерик қилмасдан Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилиш.

    2) Унга доим итоатда бўлиш, осий бўлмаслик.

    3) Уни доим зикр қилиб (ёдда тутиб) унутмай юришлик.

    4) Доим Унга шукр қилиб, куфр қилмаслик.

    Энди, мана шу ҳуқуқларга хилоф қилиш банданинг ё ожизлиги, ё жоҳиллиги ё дангасалиги ва ялқовлиги натижасида бўлгани сабабли, агар Аллоҳ уни азобласа – бу зулм эмас, адолат ва агар раҳм қилса – бу бандалар учун уларнинг амалларидан яхшироқдир.

    Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “мен пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Афийр” номли эшагига мингашиб келаётган эдим, айтдилар: “эй, Муоз! Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳаққи нима эканлигини биласанми?”. Мен: “Аллоҳ ва расули билувчироқ” - деган эдим, айтдилар: “Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи, улар Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қўшмай ибодат қилишлиги ва бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалла зиммасидаги ҳаққи эса, Ўзига шерик қўшмай ибодат қилган бандаларини азобламаслигидир”. (Муоз давом этиб) айтдиларки, “шунда мен: ё, расулуллоҳ! Мен (бу) хушхабарни одамларга айтаверайинми?” – дедим. (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “уларга айтма, (ширк қилмасам бас деб, ўша ишларига) суяниб қоладилар”. (Бухорий: 2856. Муслим: 30)

    ● Камоли убудият. (мукаммал бандалик)

    1) Ҳар бир банда борки, кез-кези билан тубандаги уч ҳолат орасида бўлиб туради:

    а) Аллоҳнинг пайдар-пай неъматларига ғарқ ҳолати. Бу ҳолда унинг вожиби Аллоҳга ҳамд ва шукр айтмоқликдан иборатдир.

    б) Гуноҳларга ботган осий ҳолати. Бу ҳолда унга вожиб бўлган нарса, гуноҳлардан истиғфор қилишлигидир.

    в) Аллоҳнинг мусибат-синовларига мубтало вақтлари. Бу вақтларда унга сабр қилишлик вожиб бўлади. Қайси банда мана шу уч ҳолатдаги вожибини адо қилса, демак у дунё-охиратда саодатманддир!

    2) Агар Аллоҳ азза ва жалла (мўмин) бандаларига бало-мусибатлар юборса, бунинг сабаби уларни ҳалок қилиш учун эмас, балки уларнинг бандаликларини ва сабрларини синаш учундир. Бандаларнинг зиммасидаги бандалик-убудият оғирлик-енгилликда ҳам, ғамгинлик-шодонликда ҳам ва ўзига ёққан-ёқмаган ҳолатларда ҳам бир хил адо этилмоғи вожиб. Аммо, баъзи одамлар фароғатли, қулай вақтларида ибодатларни адо қиладиларда.., бир оз жон койитадиган вақтларда тарк қиладилар. Ваҳоланки, муздекгина сув билан кун иссиқ вақтларда таҳорат қилиш ҳам, қаҳратон совуқда таҳорат қилиш ҳам бандалик-убудийятдир. Ҳар икки ҳолатда ҳам банданинг ибодатга муносабати бир хил бўлиши вожиб. Худди ана шундай бандалар ҳақида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “уларга ҳеч қандай хавф йўқ ва улар ҳеч маҳзун бўлмагайлар” деган. Шунингдек, ундай бандаларни душманларидан Аллоҳ ҳимоя қилади. Аммо, у ғафлат, шаҳват ва ғазабдан эҳтиёт бўлмаса, Шайтонга мағлуб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Чунки Шайтон бандага мана шу уч йўл орқали келади. Яна Аллоҳ таоло бандага нафсини, ҳавосини ва шайтонини устивор қилиб қўйганки, бу билан бандасини синайди: қани, Аллоҳга бўйин сунадими ёки мана бу уч зўравонга итоат қиладими... Чунки, уни Аллоҳ бир ишга буюрса, нафси-ҳавоси унинг аксига буюради. Аллоҳ бандасидан иймони комил, амаллари солиҳ бўлишини ҳоҳлайди, нафси эса, аксинча мол-дунёси ва шаҳватлари комил бўлишини ҳоҳлайди. Аллоҳ биздан охират учун амал қилишимизни ҳоҳлайди. Нафсимиз эса, дунё учун амал қилишимизни ҳоҳлайди. Мана шундай зиддиятли муҳораба ва синов майдонида бизга ҳақни ноҳақдан, оқни қорада ва нурни зулматдан ажратиб, йўлимизни ёритиб турадиган нарса – бу иймондир! Зеро Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтганки:

    (Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! 3. Ҳолбуки Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас (шу имтиҳон воситасида) албатта Оллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур). Анкабут сураси 2-3 оятлар

    (Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс — агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир) Юсуф сураси53-оят.

    Энди агар улар сизга жавоб бера олмасалар, бас, билингки улар фақат ҳавойи нафсларигагина эргашурлар. Ол­лоҳ томонидан ҳидоятланмаган ҳолда ўз ҳавоий нафсига эргашган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Албатта Оллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас. Қасас 50 оят

    2 Бу ерда муаллиф Аллоҳ баъзи пайғамбарларни аввал набий қилиб, пайғамбар бўлганлигининг хабарини билдириб, ундан кейин элчи (расул) қилганлигига ишора қилмоқда.