×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат ва қазои ҳожатда тутган йўллари қандай бўлганлиги қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

Пайғамбаримизнинг таҳорат ва қазои ҳожатда тутган йўллари

«Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

هدي النبي صلى الله عليه وسلم في الطهارة وقضاء الحاجة
مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

د. أحمد بن عثمان المزيد

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

 Муқаддима

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Оллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга, унинг оиласи ва асҳобига салавоту саломлар бўлсин.

Сўнг...

Оллоҳнинг бизга берган неъматларининг энг улуғи Ислом неъматидир. У фитратга мос ва ўрта-мўътадил диндир. Комил ва кенг қамровли шомил диндир. Илм ва ахлоқ динидир. Ҳар бир замон ва маконга тўғри келадиган диндир. Қулай ва раҳмат динидир. Унда барча муаммоларнинг ечими бўлган диндир.

Бутун оламга Ислом динининг равшан ҳақиқатини кўрсатиб бериш учун бу диннинг хусусиятларини ва гўзалликларини баён қилишга, айниқса, бу асрда янада муҳтожмиз!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари бу диннинг амалий тадбиқидир. Ислом динини қабул ва татбиқ қилинишини осон ҳолатга келтирган бу хусусиятларнинг ҳаммаси у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида мужассамдир. Чунки Суннат ҳаётнинг барча томонларини: ибодат, амал, ахлоқ, моддий ва маънавий жиҳатларини ўз ичига олгандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати ҳақида ёзилган китобларнинг энг афзалларидан ҳисобланган Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳнинг “Зодул Маод фи ҳадйи хойрил ибод” китобидан саралаб олинган ушбу китоб, у зотни ўрнак қилиб, кўрсатган йўлларидан юришимиз учун ҳаётнинг барча жиҳатларидаги суннатларини баён қилмоқдадир.

Оллоҳдан ихлосни ва бу амалимизни қабул қилишини ҳамда бу китобга барака беришини сўраймиз...

Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳорат
ва қазои ҳожатдаги суннатлари
[1]

А) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қазои ҳожатда тутган йўллари:

1- Ҳожатхонага киришларидан олдин ушбу дуони айтардилар:

 اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْخُبْثِ وَالْخَبائِث

Маъноси: “Эй Оллоҳ! Мен Сендан эркагу аёл жинлардан паноҳ беришингни сўрайман” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳожатхонадан чиққанда эса, шундай дер эдилар:

 غُفْرَانَكَ

Маъноси: “Эй Оллоҳ, мағфират этишингни сўрайман” (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти).

2- Аксарият пайт ўтирган ҳолатда бавл қилар эдилар.

3- Гоҳида сув билан истинжо[2] қилсалар, гоҳида тошлар билан тозаланар эдилар. Баъзан эса тош ва сув қўлланар эдилар.

4- Қазои ҳожатдан кейин тозаланишда ва истинжода чап қўлларини ишлатар эдилар.

5- Сув билан истинжо қилиб тозаланганларидан сўнг, қўлларини ерга ишқаб ташлар эдилар.

6- Сафарда бўлган пайтлари ҳожатга бормоқчи бўлсалар, асҳобларининг назари тушмайдиган даражада узоқроқ жойга кетар эдилар.

7- Қазои ҳожатга борганларида гоҳида бир тепаликни, гоҳида хурмо дарахтини, гоҳида эса водийдаги дарахтларни тўсиқ қилиб қўлланар эдилар.

8- Бавл қилмоқчи бўлсалар (сийдик сачрашидан сақланмоқ учун) юмшоқ тупроқли жой ахтарар эдилар.

9- Қазои ҳожат учун ўтирсалар, ерга яқинлашмагунларича кийимларини кўтармас эдилар.

10- Бордию, бавл қилаётганларида орқадан кимдир салом берса, алик олмас эдилар.

Б) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратдаги суннатлари:

1- Кўпинча ҳар намоз учун таҳорат олардилар. Баъзан битта таҳорат билан бир нечта намозни ўқиган пайтлари ҳам бўлардилар.

2- Баъзан бир муд[3] сувга, баъзан бир муддан сал озроқ, баъзан сал кўпроқ сувга таҳорат олардилар.

3- У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида таҳоратда оз сув ишлатувчиси эдилар. Шунингдек, умматларини сувни ишлатишда исрофга йўл қўйишдан огоҳлантирар эдилар.

4- Таҳорат қилганларида таҳорат аъзоларини бир мартадан, икки мартадан ва уч мартадан ювган пайтлари бўларди. Баъзан баъзи аъзоларни икки мартадан, баъзиларини уч мартадан ювардилар. Бироқ ҳеч қачон уч мартадан ошириб юбормаганлар.

5- Оғиз ва бурунларини гоҳо бир ҳовуч, гоҳо икки, гоҳо уч ҳовуч сув олиб, чайқардилар. Бир ҳовуч сувни ҳам оғизга, ҳам бурунга бирданига олардилар.

6- Бурунга ўнг қўллари билан сув олиб, чап қўллари билан қоқардилар.

7- Ҳар таҳорат олганда, албатта оғиз ва бурунларига сув олиб, чайқардилар.

8- Бошларининг ҳаммасига масҳ тортар, баъзан маҳс тортиб бошларининг орқасига юргизган қўлларини пешонага томон такрор орқага қайтарар эдилар.

9- Бошларида салла бўлган дамлар, бошларининг пешона қисмига ва саллаларига масҳ тортар эдилар.

10- Бош билан бирга қулоқларининг ҳам ташқи, ҳам ички қисмига масҳ тортардилар.

11- Оёқларида маҳси ҳам, пайпоқ ҳам бўлмаган пайтлар, оёқларини ювардилар.

12- Таҳорат аъзоларини тартиб билан кетма-кет ювардилар. Бир марта бўлса ҳам бу тартибни бузмаганлар.

13- Таҳорат олишни басмала (бисмиллаҳ) билан бошлар ва охирида қуйидаги дуони ўқирдилар:

 "أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَحْدَهُ لاَ شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ ، اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ التَّوَّابِينَ وَاجْعَلْنِي مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ"

Маъноси: “Гувоҳлик бераманки, ёлғиз Оллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир. Эй Оллоҳ! Мени кўп тавба қилгувчи ва таҳоратли-покиза кишилардан қилгин” (Термизий ривояти).

 سُبْحانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ، أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتوبُ إِلَيْكَ

Маъноси: “Эй Оллоҳ! Сен покдирсан, Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Сенга истиғфор айтиб, тавба қиламан”.

14- Таҳорат олишдан олдин “Бетаҳоратликни кетказиш ва намоз ўқишни мубоҳ қилиши учун таҳорат олишга ният қилдим”, демаганлар. На у зот ва на саҳобалари ҳеч қачон бу тарзда тил билан ният қилмаганлар.

15- Қўлларни ювишда тирсакдан, оёқларни тўпиқдан юқорисига ўтмаганлар.

16- Таҳоратдан кейин сочиққа артишга ҳам одатланмаган эдилар.

17- Баъзан соқоллари орасига бармоқларини киритиб, хилол қилардилар, аммо буни ҳар доим ҳам қилмасдилар.

18- Баъзан бармоқлари орасига иккинчи қўлининг бармоқларини китириб, хилол қилардилар, бироқ буни ҳар доим ҳам қилмасдилар.

19- Ҳар таҳорат қилганларида кимнингдир сув қуйиб туриши, у зотнинг одатлари эмасди. Баъзида ўзлари сув қуйсалар, баъзан эҳтиёж туғилганда бирортаси сув қуйиб турарди.

В) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳси[4]га масҳ тортишда тутган йўллари:[5]

1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарда ҳам, муқим ўринда оёқ кийимга масҳ тортганлари, масҳ тортиш учун муқим кишига бир кеча-кундуз, мусофир учун эса уч кеча-кундуз вақт белгилаганлари саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлган.

2- Ёпиқ оёқ кийимларининг уст томонига ҳамда пайпоқларига масҳ тортар эдилар. Шунингдек, пешона кокиллари билан бирга саллаларига ҳам масҳ тортар эдилар.

3- Оёқларидаги ҳолатнинг зиддини қилишга уринмасдилар, балки ёпиқ оёқ кийим кийган бўлсалар, масҳ тортар, акси ҳолда оёқларини ювар эдилар.

Г) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таяммум қилишдаги суннатлари:[6]

1- Намоз ўқийдиган ер хоҳ тупроқ, хоҳ шўрхок ер, хоҳ қум бўлсин, таяммум қилаверар эдилар. Айтардиларки: “Намоз вақти кирганда умматмимдан бири қаерда бўлса, ўша ер унинг намоз ўқийдиган ва покланадиган жойидир” (Ҳоким ривояти).

2- Узоқ сафарда ўзлари билан тупроқ олиб юрмас ва бундай қилишга буюрмас эдилар.

3- Ҳар намоз учун таяммум қилганликлари ва шундай қилишга буюрганликлари саҳиҳ ривоятларда келмаган. Балки таяммумни бирор шартларга боғламасдан таҳорат ўрнига қўйганлар.

4- Қўлларни ерга бир марта уриб, юзлари ва кафтларига суртиш билан таяммум қилганлар.

* * *

[1] Зодул Маод (1/163).

[2] Ҳожатдан кейин нажосатни сув билан тозалашни истинжо, бирор жисм билан тозалашни эса истижмор, дейилади.

[3] Муд: ўртача тўла бир ҳовуч миқдоридаги ўлчов бирлигидир. Тақрибан 600-750мл.

[4] Оёқ тўпиқларини ёпиб турадиган ва унинг устидан бошқа оёқ кийим кийишга эҳтиёж бўлмаган ҳар қандай ёпиқ оёқ кийимдир. Бизнинг диёримизда маҳси деганда устидан калиш кийиладиган махсус оёқ кийим тушунилгани учун изоҳлаб ўтишни мақсадга мувофиқ кўрдим. Шу сабабдан матнда келган “хуфф” калимасини ёпиқ оёқ кийим, деб кетдим. (Таржимон)

[5] Зодул Маод (1/192).

[6] Зодул Маод (1/192).