×
Ушбу мақолада рўзадор киши риоя қилиш фойдадан холи бўлмаган рўзанинг суннатлари ҳақида сўз юритилади.

Рўзанинг суннатлари

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

سنن الصيام
مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

> Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

محمد بن إبراهيم التويجري

—™

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

Рўзанинг суннатлари

1. Рўзадор кишининг саҳарлик қилиши суннатдир, чунки саҳарликда барака бор. Шунингдек, саҳарликни бомдод намозининг азонидан бироз олдингача кечиктириш ҳам суннат амалдир. Хурмо мўминнинг энг яхши саҳарлигидир.

Саҳарлик қилишнинг баракаларидан бири, Оллоҳга тоат ва ибодат қилишга куч-қувват бағишлашидир. Шунингдек, саҳарлик қилиш, истиғфор ва дуо қилиш вақти бўлган саҳар вақтида уйқудан туришга, бомдод намозини жамоат билан ўқишга ҳамда аҳли китобларга хилоф қилишга сабаб бўлади.

2. Ифторни тезлаштириш ва шом намозини ўқишдан олдин хурмо билан оғиз очиш суннатдир. Агар хурмо топилмаса, сув билан, сув ҳам топилмаса, топган овқати ёки бирор ҳалол ичимлик билан ифтор қилади. Бордию ҳеч нарса тополмаса, унда қалбида оғзини очишга ният қилади.

Хурмо билан оғиз очиш ибодат бўлиб, у озуқа, ширинлик, мева ва даводир.

Рўзадор кун давомида жисмидаги захира шакарни йўқотади. Организмдаги шакарнинг миқдорини одатдагидан ортиқча тушиши сабабли рўзадор ўзида мадорсизлик ва ялқовликни ҳис этади ҳамда кўзи тиниб бошлайди. Хурмо ейиш эса, Оллоҳнинг изни ила, организмдан йўқотилган шакарни, фаоллик ва тетикликни қисқа вақтда тиклайди.

3. Имкони борлар рўзадорларга ифторлик бериши суннатдир. Бу бир томондан фақирларга эҳсон бўлса, бошқа жиҳатдан ажру савоб олиб беради. Кимда ким бир рўзадор кишига ифторлик берса, рўзадорнинг савобичалик савоб олади. Бунда рўзадорнинг савобидан ҳеч нарса камаймайди.

4. Рўзадор кишининг зикр, дуо ва Қуръон тиловатини кўпайтириши суннатдир. Ва оғзини очиб бўлгандан кейин, шундай дейиши ҳам суннатдир: “Заҳабаззомаъу, вабталлатил ъуруқ, ва сабатал ажру иншаа Аллоҳ" (Абу Довуд ривояти).

Дуонинг маъноси: “Чанқоқлик кетди, томирлар намланди ва иншаоллоҳ савоб ҳосил бўлди".

5. Рўзадорнинг ҳам, (рамазондан бошқа пайтлар) рўзадор бўлмаганнинг ҳам ҳар доим, эртаю кеч мисвок ишлатиши суннатдир.

6. Бирортаси койиса ёки уришса, рўзадор кишининг: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман", дейиши суннатдир.

7. Рўзадор киши зикр, Қуръон тиловати, амримаъруф, мункардан қайтариш, эҳсон, садақа қилиши, фақир ва муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, истиғфор айтиш, тавба қилиш, таҳажжуд намозини ўқиш, қариндошлик ришталарини мустаҳкамлаш, бетобларни кўргани бориш ва бошқа яхши амалларни кўпайтириши суннатдир.

8. Рамазон ойи давомида хуфтон намозидан кейин таровиҳ намозини ўқиш суннатдир. 11 ракаат ёки 13 ракаат ўқиш суннатдир, энди кимда ким бундан кўпайтирса, зарари йўқ. Ким (масжидда) имом билан охиригача, яъни имом намозни тугатгунича у билан бирга ўқиса, унга кечани намоз билан қоим қилганлик савоби ёзилади.

9. Рўзадор киши (Рамазон ойидан бошқа пайтлар) кундузи таомга таклиф қилинса, “Мен рўзадорман", дейиши суннатдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

“Сизлардан бирингиз рўзадор пайтида таомга чақирилса, “Мен рўзадорман", десин" (Муслим ривояти).

10. Рўзадор ҳам, рўзадор бўлмаган киши ҳам бирортанинг уйида овқатланса, “Афтаро индакуссоимун, ва акала тоамакумул аброр, ва соллат алайкумул малоика" (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти), дейиши суннатдир.

Дуонинг маъноси: “Ҳузурингиз (хонадонингиз)да рўзадорлар ифтор қилсин, таомингизни яхшилар есин ва фаришталар сизларга саловот айтсин".

11. Рамазонда умра қилиш суннатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

“Рамазонда умра қилиш ҳажга ёки мен билан бирга қилинган ҳажга баробардир" (Муттафақун алайҳи).

Ким Рамазоннинг охирида умра учун эҳромга кирсаю, бироқ умра амалларини Рамазон ҳайитигача қилишга улгурмаса ҳам бу умра Рамазонда қилинган умра ҳисобланади. Чунки эҳромга кириш эътибор қилинади.

12. Рамазоннинг охириги ўн кунлигида барча ибодат турларида тиришқоқ бўлиш, кечаларни ибодат билан бедор ўтказиш, аҳли оилани ибодатга уйғотиш, тоқ кечаларда Қадр кечасини ахтариш суннатдир.

* * *