×
Ушбу рисола «Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан таржима қилинган бўлиб, унда нафл намозлар, машруъ қилиниш ҳикмати, нафл намозларининг айримлари ва аҳкомлари баён қилинади.

    Нафл намозлар

    «Рисалатун фил фиқҳил муяссар» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Солиҳ ибн Ғоним Садлон

    —™


    Мутаржим: Абу Жаъфар Бухорий

    Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

    صلاة التطوع

    مقتبس من كتاب "رسالة في الفقه الميسر"

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. صالح بن غانم السدلان

    —™

    ترجمة: أبو جعفر البخاري

    مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

    Нафл намозлар

    А) Нафл намозларнинг машруъ қилиниш ҳикмати

    Бандаларига инсоний табиатларига муносиб ва Ўзи хоҳлаган тўғри услубда амалларни амалга ошириш учун ибодатларни тайёрлаб қўйиши, Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан ҳисобланади. Зеро, одамзот мудом хато ва камчиликларни қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу хато ва камчиликларни тўлдирадиган ва улардан бадал бўладиган нарсаларни жорий қилди. Шулардан бири нафл намозлардир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нафл намозлари фарз намозларни, гарчи намозхон уларни ўқимаган бўлса ҳам, баркамол қилиши собит бўлган.

    Б) Нафл ибодатларнинг энг афзали

    Нафл ибодатларнинг энг афзали Аллоҳ йўлидаги жиҳод, сўнгра шаръий билимларни ўрганиш ва ўргатишдир. Аллоҳ таоло айтди:

    ﴿ يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ﴾

    «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур» (Мужодала: 11).

    Ундан кейинги нафл ибодат эса намоз бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларига кўра, бадан ибодатларининг энг афзалидир: «Сабот билан туринглар ва тоқатдан ортиқчасига ҳаракат қилманглар! Билингларки, амалларингизнинг энг яхшиси — намоздир» (Ибн Можа «Таҳорат ва унинг суннатлари» (277), Имом Аҳмад (5/282), Доримий «Таҳорат» (655)).

    Нафл намозларининг айримлари:

    А) Тунги намоз (таҳажжуд)

    Таҳажжуд — кундузги намоздан афзал бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги қавлларига кўра, кечанинг иккинчи ярмида ўқилиши афзалдир: «Роббимиз азза ва жалла ҳар кеча туннинг ярми ўтгач қуйи осмонга тушади» [Имом Бухорий «Жумъа» (1094), Имом Муслим «Мусофирнинг намози ва уни қаср қилиш» (758), Термизий «Намоз» (446), Абу Довуд «Намоз» (1315), Ибн Можа «Намозни тўкис адо этиш ва намоздаги суннат» (1366), Имом Аҳмад (2/267), Имом Молик «Намозга чақириқ» (496), Доримий «Намоз» (1478)].

    Таҳажжуд — уйқудан (уйғонгандан) сўнгра ўқилган намоздир. Оиша разияллоҳу анҳо: «Таҳажжуд — уйқудан кейин уйғонишдир», дедилар.

    Б) Чошгоҳ намози

    (Ҳар куни эмас), баъзи кунларда чошгоҳ намозини ўқиш суннатдир. Бу ҳақда Абу Саид разияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти бордир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини ўқир ва биз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тарк қилмайдилар, дердик. (Баъзида) уни ўқимас эдилар ва биз: Уни ҳеч ўқимайдилар, деб айтар эдик» [Имом Аҳмад ривояти (3/36). Термизий бу ҳадисни «ҳасан ғариб» деди (477)].

    Чошгоҳ намозининг энг ози икки ракаат бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тўрт, олти ва саккиз ракаат ҳам ўқиганлар. Уни мудом ўқиш шарт қилинмайди.

    В) Таҳийятул масжид намози

    Таҳийятул масжид намозини ўқиш, Абу Қатода разиял-лоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ушбу ҳадисга кўра суннатдир: «Бировингиз масжидга кирса, икки ракаат намоз ўқимагунча ўтирмасин!» [Имом Бухорий «Жумъа» (1114), Имом Муслим «Мусофирнинг намози ва уни қаср қилиш» (714), Термизий «Намоз» (316), Насоий «Масжидлар» (730), Абу Довуд «Намоз» (467), Ибн Можа «Намозни тўкис адо этиш ва намоздаги суннат» (1013), Имом Аҳмад (5/311), Доримий «Намоз» (1398)].

    Г) Тиловат саждаси

    Тиловат саждасини қилиш тиловат қилганга ҳам, тинглаганга ҳам суннатдир. (Тиловат қилган одам) саждадан илгари такбир айтади ва саждадан бошни кўтаргач салом беради. Саждада: «Субҳаана Роббиял аълаа» (Олий Роббимни (нолойиқ исм ва сифатлардан) поклайман), дейди ёки бу мавзуда нақл қилинган зикрларни айтади.

    Д) Шукр саждаси

    Неъматлар янгиланган ва интиқомлар даф бўлган пайтларда шукр саждасини қилиш суннатдир. Бунинг далили Абу Бакра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга севинчли хабар етса, саждага йиқилар эдилар» [Термизий «Сияр» (1578), Абу Довуд «Жиҳод» (2774), Ибн Можа «Намозни тўкис адо этиш ва намоздаги суннат» (1394)].

    Алий разияллоҳу анҳу (қатл қилинган) хаворижлар ичида Зус-судайя[1] (Хурқус ибн Зуҳайр Бажалий)ни кўргач саждага йиқилди (Иммо Аҳмад ривояти).

    Каъб ибн Молик разияллоҳу анҳу тавбасини Аллоҳ қабул қилгани ҳақидаги муждани эшитгач саждага йиқилди (Муттафақун алайҳ).

    Шукр саждасининг ҳукми тиловат саждасининг аҳкомлари кабидир.

    Е) Таровиҳ намози

    Таровиҳ — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилган суннати муаккада бўлиб, Рамазон ойида хуфтон намозидан сўнгра масжидда жамоат билан адо этилади.

    Бу намозни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннат қилган бўлса, уни Умар разияллоҳу анҳу ўз халифалиги даврида жонлантирган.

    Таровиҳ намозини ўн бир ракаат ўқиш авло бўлсада, ундан кўра кўпроқ ўқилса ҳам зарари йўқдир. Уни кўпайтириб, Рамазоннинг охирги даҳасида тунни ибодат, зикр ва дуолар билан ўтказишга ҳаракат қилиш керак.

    Ё) Витр намози

    Витр — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўқиган ва ўқишга буюрган суннати муаккада бўлиб, унинг энг ози бир ракаат ва мукаммали уч ракаат бўлиб, энг кўпи ўн бир ракаатдир.

    Витр намозининг вақти

    Витр намозининг вақти хуфтон намози билан субҳи содиқ оралиғидир. Унда рукудан кейин Қунут дуосини ўқиш мустаҳабдир.

    Витр намозининг ўқилиш шакли

    Биринчи шакл: намозхон намозни пайдар-пай ўқиб, ташаҳҳудга охирги ракаатдагина ўтириши.

    Иккинчи шакл: намозхон ўтириб охирги ракаат учун ташаҳҳуд ўқиб, сўнгра салом бермай туради-да, (яна) бир ракаат ўқиб ташаҳҳудга ўтириб, салом беради.

    Учинчи шакл: ҳар икки ракаатда салом бериб, (мустақил) бир ракаат билан тугаллайди: ташаҳҳудга ўтиради ва салом беради. Бундай қилиш энг афзалидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мудом шундай қилганлар.

    Ж) Равотиб (фарз намозларидан олдин ёки кейин ўқиладиган) суннат намозлар

    Суннат намозларнинг энг афзали бомдод намозининг суннатидир. Оиша разияллоҳу анҳо марфуъан шундай ривоят қилдилар: «Бомдод намозининг икки ракаати дунёдан ва дунёдаги барча нарсадан кўра яхшироқдир» [Имом Муслим «Мусофирнинг намози ва уни қаср қилиш» (725), Термизий бу ҳадисни саҳиҳ деди: «Намоз» (416), Насоий «Тунни ибодат билан ўтказиш ва кундузнинг нафллари» (1759), Имом Аҳмад (6/265)].

    Равотиб суннатлар ўн икки ракаатдир: пешин намозидан илгари тўрт, кейин эса икки, шом намозидан кейин икки, хуфтон ва бомдод намозларидан кейин икки ракаатдир.

    Равотиб суннатларни ўқилмаган бўлса, қазосини ўқиш суннатдир. Витр намозининг қазоси жуфт ракаат қилиб ўқилади (яъни, одатда 3 ракаат ўқийдиган киши, 4 ракаат қилиб ўқийди). Борди-ю, суннат намозлар (шу жумладан витр ҳам) фарз намози билан бирга қазо қилинган ва улар кўп бўлса, машаққат туғдиргани боис, уларнинг қазоси ўқилмаса ҳам бўлади. Бомдод намозининг суннатини эса муаккад суннат бўлгани туфайли, албатта ўқиш керак.

    Нафл намозларнинг барчасини фарз ва жамоат билан ўқиш машруъ бўлган намозлардан фарқли ўлароқ, масжидда эмас уйларда ўқиш авлодир.

    [1] Зус-судайя — қўли аёлларнинг кўкрагига ўхшаган киши демакдир. У қора танли, бадбўй ҳидли киши бўлиб, бир қўлининг тирсагидан пастки қисми тўғма йўқ бўлиб, худди хотинларнинг кўкрагига ўхшаб кетарди. Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом хавориж фирқасининг ичида мазкур сифатга эга бўлган киши бўлишини хабар бергандилар. Алий разияллоҳу анҳу Наҳравон деган жойда хаворижларни қириб ташлаганда, мана шу сифатдаги одамни қидиртиради ва уни топганда, хатога йўл қўймагани ва тўғри қарор билан бу фирқани қириб ташлагани учун шукр саждасини қилади. (Муҳаррир)