Таҳорат китоби: Мазий ва бошқа нажосатлар ҳукми ҳақидаги боб
Категориялар
Full Description
- Таҳорат китоби: Мазий ва бошқа нажосатлар ҳукми ҳақидаги
боб
- Йигирма учинчи ҳадис
- Шарҳ:
- Уламолар ихтилофи:
- Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Йигирма тўртинчи ҳадис
- Шарҳ:
- Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Йигирма бешинчи ҳадис
- Шарҳ:
- Уламолар ихтилофи:
- Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Фойда:
- Йигирма олтинчи ҳадис
- Шарҳ:
- Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Йигирма еттинчи ҳадис
- Шарҳ:
- Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Уламолар ихтилофи:
- Фойда:
Таҳорат китоби: Мазий ва бошқа нажосатлар ҳукми ҳақидаги боб
Мазий — эркак ва аёлнинг жинсий аъзосидан шаҳват қўзғалганда чиқадиган (шаффоф) суюқлик бўлиб, у жинсий аъзодан отилиб ва лаззат билан чиқмайди ҳамда ундан сўнг инсонда бўшашишлик содир бўлмайди. Баъзан одам унинг чиққанини сезмаслиги ҳам мумкин.
Шифокорларнинг айтишича, мазий шаҳват қўзғалган пайтда сийдик йўли безларидан чиқадиган суюқлик.
Бу бобда мазийнинг нажосат экани ва унинг таҳоратни бузиши ҳақида сўз юритилади, шунингдек, таҳоратни бузишга ва нажосатларни кетказишга тааллуқли бир қанча ҳадислар зикр қилинади.
Йигирма учинчи ҳадис
عَنْ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ – رضي الله عنه – قَالَ: كُنْتُ رَجُلاً مَذَّاءً فَاسْتَحْيَيْتُ أَنْ أَسْأَلَ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – لِمَكَانِ ابْنَتِهِ مِنِّي فَأَمَرْتُ الْمِقْدَادَ بْنَ الأَسْوَدِ فَسَأَلَهُ فَقَالَ: ((يَغْسِلُ ذَكَرَهُ وَيَتَوَضَّأُ)) .
وَلِلْبُخَارِيِّ ((اغْسِلْ ذَكَرَكَ وَتَوَضَّأْ)). وَلِمُسْلِمٍ ((تَوَضَّأْ وَانْضَحْ فَرْجَكَ)) .
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилина-ди: “Мен сермазий киши эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари менинг хотиним бўлгани (яъни, у зот қайнатам бўлгани) учун бу ҳақда Пайғам-баримиздан сўрашга уялдим ва Миқдод ибн Асвадни сўраб беришга буюрдим. У зот: “Олатини ювиб, таҳорат олади”, дедилар” [Бухорий: 269 ва Муслим: 303].
Бухорий келтирган ривоятда: “Олатингни ювиб, таҳорат ол”, дейилган бўлса, Муслим ривоятида: “Таҳо-рат ол ва олатингга сув сеп”, дейилган.
Шарҳ:
Муслим ривоятидаги “олатингга сув сеп”, деган сўздан олатни ювиш назарда тутилган.
Али розияллоҳу анҳу айтади: “Сермазий киши эдим. Мен мазий билан манийнинг ҳукми бир, қай бири чиқса ҳам ғусл қилиш фарз деб ўйлар, шу боис ҳар қачон мазий чиқса ғусл қилардим. Ҳатто бора-бора бу менга машаққат туғдирди. Мазий ҳақидаги бу тушунчамни тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаштириб олиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрамоқчи бўлдим. Бироқ бу масала уятли масалардан бўлгани ва Пайғамбаримиз-нинг қизлари менинг хотиним бўлгани учун у зотдан бу ҳақда сўрашга уялдим ва Миқдод ибн Асвадни сўраб беришга буюрдим.
Миқдод у зотдан бориб сўраганида: “Агар мазий чиқса, шаҳват ҳарорати туфайли чиқувчи суюқлик, яъни мазий камайиши учун олатини ювсин ва у олд авратдан чиққани учун таҳорат қилсин. Зеро, олд ва орқа авратдан бирон нарса чиқиши таҳоратни синдиради”, деган мазмунда жавоб бердилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу жавоблари билан ҳам шаръий, ҳам тиббий йўлланма бердилар.
Уламолар ихтилофи:
Ҳанбалий мазҳаби ва айрим моликий мазҳаби уламо-лари мазкур ҳадисни далил қилиб, мазий чиқса олатнинг барча ерини ювиш фарз, дейишган. Негаки, ҳадисда олат сўзи мутлақ келган бўлиб, унинг баъзи қисмини ювиш айтилмаган. Қолаверса, олат деганда олатнинг барчаси назарда тутилади.
Жумҳур уламоларнинг фикрича, фақат мазий теккан ерни ювиш фарз. Чунки мазий чиқиши сабабли олатни ювиш фарз бўлди. Демак, у теккан ернинг ўзинигина ювиш кифоя. Аммо биринчи фикр — ҳанбалий ва моликий уламоларининг фикри бир қанча далилларга кўра тўғрироқ.
Биринчидан, ҳадисда зикр қилинган “олат” сўзидан бу сўзнинг асл маъноси, яъни унинг барчаси назарда тутилган. Мажозий маънода олат сўзидан унинг баъзи қисми назарда тутилиши мумкин. Бироқ бир сўзнинг асл маъносини ташлаб, унинг мажозий маъносига ўтиш учун кучли далил керак.
Иккинчидан, мазий чиқиш сабаби, ранги ва бошқа жиҳатлардан манийга ўхшайди. Шу боис уни кичик жанобат дейиш мумкин. Бинобарин, катта жанобатда бутун тана ювилганидек, кичик жанобатда ҳам олатнинг барча-сини ювиш мақсадга мувофиқ.
Учинчидан, мазий шаҳват ҳарорати сабабли чиқади. Олатнинг барчасини ювиш мазийнинг чиқишини тўхтатиш ва шаҳват ҳароратини сўндириш учун муносибдир.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Мазий нажосат бўлиб, уни ювиш фарз. Баъзи уламолар айтишича, мазий нажосат бўлсада, бироқ машаққат бўлмаслиги учун оз миқдорда чиққан мазийнинг зарари йўқ.
2 – Мазий жинсий аъзодан чиққани боис таҳоратни синдиради.
3 – Мазий чиққандан сўнг жинсий аъзони ювиш фарз. Баъзи ҳадисларда: “Олат ва моякларини ювиб, таҳорат қилсин”, дейилган[1].
4 – Мазий чиқиши жанобат каби ғуслни фарз қилмайди. Бунга уламолар ижмо қилишган.
5 – Мазийдан покланишда пешоб каби уни кесак (ёки қоғоз) каби нарсалар билан артиш кифоя қилмайди. Балки уни сув билан ювиш лозим.
Йигирма тўртинчи ҳадис
عَنْ عَبَّادِ بْنِ تَمِيمٍ عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ زَيْدٍ بْنِ عَاصِمٍ الْمَازِنِيِّ – رضي الله عنه – قَالَ: ((شُكِيَ إلَى النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – الرَّجُلُ يُخَيَّلُ إلَيْهِ أَنَّهُ يَجِدُ الشَّيْءَ فِي الصَّلاةِ فَقَالَ: لا يَنْصَرِفُ حَتَّى يَسْمَعَ صَوْتاً أَوْ يَجِدَ رِيحاً)) .
Аббод ибн Тамим Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Осим Мозиний розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозда ел чиқариб қўйгандек туюлаверадиган киши ҳақида сўралди. Шунда у зот: “То ел товушини эшитиб ёки ҳидини сезмагунича намоздан чиқмасин”, дедилар” [Бухорий: 137 ва Муслим: 361].
Шарҳ:
Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, ушбу ҳадис ислом динидаги умумий қоидалардан бири ва талай муҳим ҳукмлар асоси саналади. У шундай қоидаки, унга кўра аниқ маълум бўлган нарсалар то бирон ўзгартирувчи келмагунга қадар эски асл ҳукмида қолаверади. Аниқлик даражасига етмаган қуруқ шак-шубҳа ва гумонлар нақадар кучли ёки заиф бўлмасин бу асл ҳукмга таъсир ўтказмайди. Шариатимизда бу қоидага мисоллар жуда кўп. Мазкур ҳадис ҳам шулар жумласидан.
Киши таҳорат олганига ишончи комил бўлса, бироқ таҳорати бузилганига шак қилса, бундай ҳолатда таҳорати борлиги аниқ бўлгани, таҳорати бузилгани қуруқ шак бўлгани боис, таҳорати бор деб эътибор қилинади. Бунинг акси ўлароқ, ким таҳорат синдирганини аниқ билса-ю, бироқ таҳорат олган ёки олмаганини эслолмаса, аниқ бўлмиш асл ҳолатига биноан таҳорати йўқ деб эътиборга олинади.
Кийим-кечак ва жойлар борасидаги асл ҳукм — то нажосат теккани аниқ бўлмагунга қадар уларнинг пок эканидир.
Юқоридаги қоидани намоз ракаатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Масалан, киши уч ракаат намоз ўқиганини аниқ билса-ю, бироқ тўртинчи ракаатни ўқиганлигида шак қилса, уч ракаат ўқидим деб эътибор қилади. Негаки, уч ракаат ўқигани аниқ, тўртинчи ракаатни ўқигани ёки ўқимаганида шак бор.
Шунингдек, киши аёлини талоқ қилган-қилмаганини аниқ билмай қолса, асл, яъни шу пайтгача аниқ бўлган ҳукмга биноан эр-хотин ўртасидаги никоҳ бузилмаган деб эътибор қилинади. Мазкур қоидани қўллаш орқали кўпгина масалаларни ҳал қилиш мумкин.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Умумий қоида: аниқ маълум бўлган нарсалар то бирон ўзгартирувчи келмагунга қадар эски асл ҳукмида қолаверади.
2 – Таҳорат бузилгани ҳақидаги шак таҳоратга ҳам, намозга ҳам таъсир қилмайди.
3 – Бирон сабабсиз намоздан чиқиш ҳаром.
4 – Орқа авратдан чиққан ел, хоҳ товушли, хоҳ товушсиз бўлсин таҳоратни бузади.
5 – Ҳадисдаги “То ел товушини эшитиб ёки ҳидини сезмагунича” деган сўз ел чиққанини аниқ билмаган киши-га тааллуқли. Аммо ким ел товушини эшитмасада ёки ҳидини сезмасада, бироқ ел чиққанини аниқ билса, таҳорати бузилган саналади.
Йигирма бешинчи ҳадис
عَنْ أُمِّ قَيْسِ بِنْتِ مِحْصَنٍ الأَسَدِيَّةِ ((أَنَّهَا أَتَتْ بِابْنٍ لَهَا صَغِيرٍ لَمْ يَأْكُلِ الطَّعَامَ إلَى رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – فَأَجْلَسَهُ فِي حِجْرِهِ فَبَالَ عَلَى ثَوْبِهِ فَدَعَا بِمَاءٍ فَنَضَحَهُ عَلَى ثَوْبِهِ وَلَمْ يَغْسِلْهُ)) .
وَعَنْ عَائِشَةَ أُمِّ الْمُؤْمِنِينَ رضي الله عنها ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – أُتِيَ بِصَبِيٍّ فَبَالَ عَلَى ثَوْبِهِ فَدَعَا بِمَاءٍ فَأَتْبَعَهُ إيَّاهُ)) وَلِمُسْلِمٍ: ((فَأَتْبَعَهُ بَوْلَهُ وَلَمْ يَغْسِلْهُ)) .
Умму Қайс бинти Меҳсан Асадия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “У ҳали овқатга ўтмаган (эмизикли) боласини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келди. Пайғамбаримиз ҳалиги болани қўйинларига ўтқизган эдилар, кийимларга сийиб юборди. У зот сув келтиришга буюрдилар ва уни кийимларига сепди-лар, уни ювиб ўтирмадилар” [Бухорий: 223 ва Муслим: 287].
Уммулмўминийн Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир гўдак келтирилганди, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кийимларига сийиб қўйди. У зот сув келтиришга буюриб, сувни сийдик ортидан қуйдилар”, деб айтилган бўлса, Муслим ривоятида: “Сийдик ортидан сув қуйдилар ва уни ювиб ўтирмадилар”, дейилган. [Муслим: 286].
Шарҳ:
Саҳобалар (Аллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баракотларига эришиш ва муборак дуоларини олиш мақсадида у зотнинг ёнларига ёш болаларини олиб келишарди.
Пайғамбаримиз хушмуомала ва олийжаноб киши бўлиб, саҳобаларни Аллоҳ у зотга ато этган ўзгармас хислатлар, яъни бағрикенглик ва очиқ юз билан кутиб олар эдилар. Кунларнинг бирида Умму Қайс розияллоҳу анҳо ҳали овқат ейдиган ёшга етмаган эмизикли боласини Набий соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келади. Пайғамбаримиз меҳрибонликларидан гўдакни муборак қучоқларига оладилар. Гўдак у зотнинг кийимларига сийиб қўяди. Шунда Пайғамбаримиз сув чақирадилар ва кийимларининг сийдик теккан жойига сувни сепадилар, уни ювиб ўтирмайдилар.
Уламолар ихтилофи:
Бир гуруҳ уламолар ўғил ва қиз боланинг сийдиги бирдек, ҳар иккиси устидан сув сепса кифоя, ювиш шарт эмас, дейишган. Улар қиз бола сийдигининг ҳукмини ҳадисда келган ўғил боланинг сийдигига қиёс қилишган. Бошқа бир гуруҳ уламолар аксинча, ҳар иккисининг сийдиги теккан жойни ювиш шарт, дейишган. Бироқ ҳар икала гуруҳ бирон мўътабар далилга суянмаганлар.
Саҳиҳ ва очиқ-ойдин ҳадислар далолат қиладиган тўғри фикр шуки, ҳали овқат ейишга ўтмаган ўғил боланинг сийдиги теккан кийим устидан сув сепиш кифоя. Аммо ҳали овқат ейишга ўтмаган қизалоқнинг сийдиги теккан кийимни эса ювиш лозим. Бу имом Шофеий, имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳуя, Авзоий, Ибн Ҳазм, Ибн Таймия, Ибн Қаййим ва шайхимиз Ибн Саъдий, шунингдек, кўпчилик муҳаққиқ уламоларнинг фикри.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Ҳали овқат ейишга ўтмаган ўғил боланинг сийдиги енгил нажосат ҳисобланади.
2 – Ёш боланинг сийдиги теккан кийимни тозалашда устидан сув сепиб қўйиш кифоя, сув оқизиб ўтириш шарт эмас.
3 – Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал хулқли ва ўта тавозели зот бўлганлар.
Фойда:
Уламолар нима сабабдан ўғил боланинг сийдиги қиз боланикидан фарқли бўлгани борасида ихтилоф қилишган. Уламоларнинг ҳар бири бунинг ҳикматини баён қилишга уринган. Уларнинг орасидаги энг яхши изоҳ қуйидаги иккисидир:
Биринчиси: ўғил боланинг танасида ортиқча табиий ҳарорат бор бўлиб, у ейилган овқатни куйдириб, чиқадиган ахлатни енгиллаштириб беради. Қолаверса, боланинг ейдиган овқати сут бўлиб, у ҳам енгил саналади. Қиз болада эса бундай куйдириб юборадиган ҳарорат йўқ. Юқоридаги ҳадисда боланинг сийдиги устига сув сепиш билан тоза бўлиши учун у сутдан бошқа овқат емагани шарт қилиниши мазкур изоҳни қувватлайди.
Иккинчиси: одатда ўғил бола қиз болага қараганда инсонларга суюклироқ бўлади ва қўлда кўп кўтариб юрилади. Унинг сийдигидан сақланиш эса машаққат туғдиради. Шу боис унинг сийдиги енгил нажосат деб эътиборга олинди. Шариатимиздаги бағрикенглик ва енгиллик қоидалари ҳам шуни кўрсатади. Бу умумий қоидага кўра, машаққат бор жойда енгиллик бўлади. Шунга қарамай баъзи уламолар бу иш сабаби аниқ бўлмаган ибодат қабилидан бўлиб, ҳикматини ақл билан идрок қилиб бўлмайди, деб санашган, валлоҳу аълам.
Йигирма олтинчи ҳадис
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ – رضي الله عنه – قَالَ: ((جَاءَ أَعْرَابِيٌّ فَبَالَ فِي طَائِفَةِ الْمَسْجِدِ فَزَجَرَهُ النَّاسُ فَنَهَاهُمُ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – فَلَمَّا قَضَى بَوْلَهُ أَمَرَ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – بِذَنُوبٍ مِنْ مَاءٍ فَأُهْرِيقَ عَلَيْهِ)) .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий келиб, масжиднинг бир четига пешоб қила бошлади. (Буни кўрган саҳобалар) унга дашном бера бошладилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни бундан қайтардилар. Ҳалиги аъробий пешоб қилиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир челак сув келтиришга ва уни сийдик устидан қуйишга буюрдилар” [Бухорий: 221 ва Муслим: 285].
Шарҳ:
Аъробий деб саҳроларда яшовчи инсонларга айтилади. Аъробийлар Аллоҳнинг дини таълимотидан йироқ бўлган-лари боис, одатда жоҳил ва қўрс-қўпол кишилар бўлишган.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан масжидларида ўтирган эдилар. Бир аъробий келиб: “масжид ҳам худди саҳро каби оддий бир ер бўлса керак”, деган ўйда масжиднинг бир четига сия бошлади. Саҳобалар масжидлар Аллоҳнинг уйи ва муқаддас жой деб билганлари учун аъробийнинг бу ишидан дарғазаб бўлиб, уни пешоб қилиб турган жойида уриша кетдилар. Гўзал хулқ соҳиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса аъробийларнинг табиатини яхши билганлари ва у шошганидан қочиб, масжиднинг бошқа жойларига ҳам бавлини сачратмаслиги учун саҳобларни уни уришмас-ликка, балки пешоб қилган ерига бир челак сув қуйиб юборишга буюрдилар. Зеро, у зот динни осонлаштирувчи ва хушхабар берувчи қилиб юборилаганлар. Қолаверса, аъробий пешоб қилаётган пайтида дарҳол пешобини тўхтатса, соғлигига зарар етиши мумкин эди. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тутган бу йўллари насиҳат самаралироқ бўлиши ва аъробий у зотнинг таълимотини сидқидилдан қабул қилишга улкан ҳисса қўшди.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Ерга теккан сийдикни тозалашда бир челак сув қуйиш кифоя қилади. Сийдик теккан ернинг тупроғини олиб ташлаш шарт эмас.
2 – Масжидларни эҳтиром қилиш ва уларни покиза тутиш лозим.
3 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечиримли зот эдилар. Аъробий масжидга сийганига қарамай, унга бу хатосини юмшоқлик ва хушмуомалалик билан тушунтирдилар. Натижада аъробий: “Ё Аллоҳ, мени ва Муҳаммадни раҳм қилгин, қолган бирон кишини раҳм қилмагин”, деб дуо қилди. [Аъробийнинг ушбу сўзлари “Саҳиҳи Бухорий”да (6010) ривоят қилинган].
4 – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқни кўра биладиган, инсонлар табиати ва хулқ-атворини яхши билувчи зот эдилар.
5 – Бир неча зарарлар қаршисида қолинганда енгилроғи олинади. Зеро, Пайғамбаримиз аъробийнинг пешобини тўхтатиши ортидан соғлигига етадиган зарар масжидга бавл қилиши зараридан каттароқ бўлгани учун унга то пешобини тугатгунича индамасликка буюрдилар.
6 – Одамлар ва шаҳарлардан узоқда яшаш маданият-сизлик ва қўрсликка олиб боради.
7 – Жоҳил одамга юмшоқлик билан таълим бермоқ лозим.
Йигирма еттинчи ҳадис
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَقُولُ: ((الْفِطْرَةُ خَمْسٌ: الْخِتَانُ وَالاسْتِحْدَادُ وَقَصُّ الشَّارِبِ وَتَقْلِيمُ الأَظْفَار وَنَتْفُ الإِبِطِ)) .
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай даганларини эшитганман: “Беш нарса фитратдан: хатна қилиш, авратдаги тукларни қириш, мўйловни қисқартириш, тирноқларни калталаш ва қўлтиқ ости тукларини юлиш” [Бухорий: 5889 ва Муслим: 257] .
Шарҳ:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллал-лоҳу алайҳи ва салламнинг беш хислат Аллоҳ таоло инсонлар фитратига жо қилган ислом динидан бўлиб, кимда бу беш хислат бўлса, соф диндаги буюк хислатларга эришган бўлади, деганларини эшитганини зикр қилмоқда. Ҳадисда зикр қилинган ушбу беш хислат ислом дини келтирган озодалик турларидан саналади.
Биринчиси: хатна қилиш. Яъни олат бошидаги ортиқча терини олиб ташлаш. Агар бу тери олинмай ўз ҳолича қолдирилса, нажосат ва кирлар йиғилишига, оқибатда турли касаллик ва жароҳатлар келиб чиқишига сабаб бўлади.
Иккинчиси: олд ва орқа аврат атрофида ўсадиган тукларни қириб олиш. Ушбу туклар вақтида олинмаса, ўша жойларда нажосатлар қолиб кетиши, натижада таҳоратга путур етиши мумкин.
Учинчиси: мўйловни қисқартириш. Узун мўйлов инсоннинг табиий хилқатни бузиб кўрсатади. Шунингдек, узун мўйловли киши бирон идишдан сув ичса, унинг ортидан бошқа биров ўша идишдан сув ичишдан жирка-ниши мумкин. Қолаверса, узун мўйлов қўйиш мажусийлар одатидир.
Тўртинчиси: тирноқларни қисқартириш. Тирноқлар орасида кир тез йиғилади. Овқат еганда бу кирлар таомга аралашиб, касаллик келтириб чиқаради. Қолаверса, тирноқ узун бўлса таҳоратда ювиш лозим бўлган ерни ёпиб тургани боис, комил таҳорат олишга монелик қилиши мумкин.
Бешинчиси: Қўлтиқ ости тукларини юлиш. Зеро, қўлтиқ остидаги туклар бадбўй ҳид таралишига сабаб бўлади.
Умуман олганда мазкур тозаликларига риоя қилиш ислом динининг фазилатларидан саналади. Ислом дини мусулмон киши энг яхши ҳолатда ва энг гўзал кўринишда бўлиши учун озодаликка, покликка ва одоб-ахлоққа буюрган. Зеро, озодалик иймондан.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1 – Аллоҳ таолонинг бандаларда яратган соф фитрати барча яхши ишларга чорлайди ва барча ёмон ишлардан узоқлаштиради.
2 – Мазкур олий беш хислат Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва унга амал қилишга буюрган фитратлардан саналиб, уларни соғлом фитрат эгалари табиатига жо қилган ва уларнинг зиддидан қайтаргандир.
3 – Ислом дини озодалик, гўзаллик ва баркамолликка чорлайди.
4 – Мазкур ишларни ўз вақтида қилиш лозим бўлиб, унга асло бепарво бўлмаслик керак.
5 – Шариатимиз тарғиб қилган олий хислатлар сони бештага чекланиб қолмаган. Негаки, имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ўрин учун ўзига муносиб хислат турларини зикр қилишлари айтилган.
6 – Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу беш хислатда диний ва дунёвий фойдалар бор. Жумладан, ташқи кўринишни гўзаллаштириш, баданни тозалаш, таҳорат бекаму-кўст бўлишига эътибор қаратиш, кофирлар кўринишига зид иш тутиш ва шариат буйруғига бўйсу-ниш”.
7 – Ҳозирги кунимизда ёш йигит ва қизлар тирноқ-ларини, баъзи кишилар эса мўйловларини ўстириб юрадилар. Ҳолбуки, бу шариатимизда таъқиқланган ҳамда ақл ва фитрат нуқтаи назаридан ҳам хунук-қабиҳ иш саналади. Албатта, ислом дини фақат гўзал ишларга буюриб, барча қабиҳ ишлардан қайтаради. Лекин европа-ликларга кўр-кўрона тақлид қилиш ҳақиқат мезонини ўзгартириб юборди. Қабиҳ ишларни гўзал қилиб, фитрат, ақл ва шариат томонидан гўзал саналган ишларни эса қабиҳ қилиб қўйди.
Уламолар ихтилофи:
Уламолар ушбу ҳадисда зикр қилинган хатнадан бошқа ишларнинг барчаси мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган. Бироқ хатна қилдириш фарз ёки мустаҳаб эканида ихтилоф қилишган. Агар вожиб бўлса, неча ёшда вожиб бўлади, шунингдек, хатна қилдириш эркак-аёлга бирдек фарзми ёки фақат эркакларгами? Бу масалалар борасида турли фикрлар билдиришган.
Уламолар фикрларининг тўрироғи, хатна фақат эркак-ларга фарз бўлиб, фарзлик вақти балоғат ёшидир.
Фойда:
Шариатимизда буюрилган хатна жинсий олатнинг бошини қоплаб турувчи терини кесиб ташлашдир. Баъзи жоҳил ва ваҳший ўлкаларда — Аллоҳ ўзи сақласин — жинсий олат терисининг ҳаммасини шилиб олишар ва шариатимизда буюрилган хатна шу деб даъво қилишар экан. Шубҳасиз, бу инсонни азоблаш ва майиб қилишдан бошқа нарса эмас. Қолаверса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига хилоф ва ҳаром ишдир. Бундай ишга қўл урган одам гуноҳкор бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг пок шариатига эргашишга муваффақ қилсин.
Манба: Ихлос веб саҳифаси